Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16734 O’zbekiston Respublikasi Sog'liqni saqlash vazirligi 11/04/2020 26/04/2020 11
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
Самарқанд давлат тиббиёт институтида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида
ID-16734

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ

 

Самарқанд давлат тиббиёт институтида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасининг турли ижтимоий – иқтисодий соҳалари учун юқори малакали ҳамда рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясида назарда тутилган “Университет 3.0” ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Шу мақсадда, олий таълим тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудларда илмий – тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида бир қатор тизимли чора – тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тиббиёт соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуд аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати ва кўламини ошириш, тиббий амалиётнинг таълим ва илм – фан билан ўзаро мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, соҳадаги илғор ютуқ ва инновацияларни даволаш – ташхис жараёнига жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Самарқанд давлат тиббиёт институти негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш;

Самарқанд давлат тиббиёт институти биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Университет клиникасини ташкил этиш;

Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Университет Самарқанд давлат тиббиёт институтининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисоблансин.

3. Қуйидагилар Университет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

узлуксиз тиббий – касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув – услубий материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базаси фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор – ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини ривожлантириш;

фундаментал, амалий ва инновацион илмий – тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма – босқич жорий этиш;

таълим муассасаси ва Универстет клиникалари илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор – ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;

республика тиббиёт тизими муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида мунтазам равишда илмий тадқиқотлар олиб бориш, тизимни ривожлантириш юзасидан лойиҳа ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли вазирликларга таклиф сифатида киритиб бориш;

республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий – тадқиқот муассасалари, қадрлар буюртмачилари ва ҳомий ташкилотлари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий – амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш;

талабаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш учун шарт – шароитлар яратиш, ёшларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ёт ғоя ва мафкураларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш;

моддий – техник базани модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий – тадқиқот лабораторияларини  ташкил этиш ва  замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозлаш.

4. Белгилансинки:

Университет клиникаси, Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти  муассиси Университет ҳисобланади ва уларнинг фаолияти Университет томонидан мувофиқлаштирилади;

Университет ва унинг таркибий тузилмаларига киритилган таълим ва илмий тадқиқот муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасалари ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисоб варақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади;

Университет клиникаси бош шифокори, Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти директори Университет илмий кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Университет ректори Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни амалга ошириш ҳуқуқига эга:

таълим жараёнини самарали ташкил этиш, даволаш ишларига замонавий инновацион усулларни татбиқ этиш, илм-фан ривожи учун хизмат килаетган профессор-укитувчиларни рагбатлантириш,

 ҳамда талабалар ва профессор – ўқитувчиларга қўшимча шароитлар яратиш мақсадида Университет клиникаси ва ўқув базаларидаги ўқув хоналарини таъмирлаш, жиҳозлаш ва моддий – техник базасини мустаҳкамлаш;

Университет клиникасида юқори технологияли ташхис қўйиш ва даволаш усулларини жорий этиш ҳамда Университетга қўшимча маблағлар тушириш мақсадида Университет клиникаси билан ўзаро шартномалар асосида ҳамкорликда пуллик асосда тиббий хизматлар кўрсатиш бўлинмаларини ташкил этиш.

6. Қуйидагилар:

а) Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларнинг тўлов – контракт асосида таълим олишидан, шартномалар асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) Университет клиникаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

амалга оширилган ва кўрсатилган тиббий хизматлардан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари Институт клиникасига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳақиқатда имтиёзли даволанган беморлар бўйича Институт клиникаси тақдим этган чораклик ҳисоботлардан келиб чиққан ҳолда ажратилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис қўйиш (диагностика) ва даволаш стандартларига риоя қилган ҳолда имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва Давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш, шунингдек, аҳолига пуллик асосда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш;

шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларни шифохонага жойлаштириш;

республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари даромадларини шакллантиришнинг асосий манбалари ва улар фаолиятини молиялаштириш бўйича норматив – ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидалар асосида ташкил этилади.

8. Белгилаб қўйилсинки, Университет клиникалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига бириктирилган давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва уни бошқариш бўйича ишларни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш;

Университет билан келишилган ҳолда лавозимлар рўйхати ва сонини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини бажариладиган ишларнинг мураккаблик даражаси, сифати ва ҳажмига нисбатан табақалаштирилган тарзда белгилаш.

9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

бир ой муддатда Университет, университет клиникаси ва реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти тузилмаси,  уставларини тасдиқлаш, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин;

икки ой муддатда Университет, Университет клиникаси ва Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий тадқиқот институти фаолиятини  самарали ташкил қилиш бўйича Комплекс дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, ҳамда унинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминласин.

Самарканд давлат тиббиёт институти барча талабалари Университетнинг мос таълим йўналиши ва мутахассисликларига ўтказилиши ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда Университет дипломи берилишини таьминласин.

10. Узбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда республикадаги тиббиёт олий таълим муассасалари ва бошқа хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари томонидан уларнинг юқори малакали профессор – ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Университетда масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш, шунингдек, Университет клиникасида телемедицина имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт амалиётларини олиб бориш учун зарур шарт – шароитлар яратиш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб – китобларга биноан, 2021 йил ва кейинги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа – смета ҳужжатларига мувофиқ, Университетининг “Талабалар турар жойлари” “Реабилитология ва спорт тиббиёти” илмий тадқиқот институти ва факультетларнинг бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин;

Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчасида Самарқанд давлат тиббиёт институти учун қурилаётган 800 ўринли ўқув биносини қуриб битказилиши юзасидан, бино лойиҳасининг ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда, молиялаштирилиши таъминлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлигига:

Университет, унинг ўқув бинолари, клиникалари ва симуляцион марказларининг моддий – техник базаларини такомиллаштириш учун, хорижий давлатларда ишлаб чиқариладиган ўқув жиҳозлар, тиббий асбоб – ускуналар ва қурилмалар, илмий – лаборатория жиҳозлари ва бошқа моддий – техника ресурслари келтиришида божхона тўловларидан ҳамда барча турдаги солиқлардан ва мажбурий ажратмалардан 2025 йилнинг 1 январигача озод этилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

15.  Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

               Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                                                                           Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси

                                                                                      Президентининг  .... йил ........ қарорига
ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 майдаги «Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4310-сон қарори 5-иловасининг «Тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва клиникалари» блоки қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«1. Тошкент тиббиёт академияси

2. Тошкент педиатрия тиббиёт институти

3. Тошкент фармацевтика институти

4. Тошкент давлат стоматология институти

5. Андижон давлат тиббиёт институти

6. Самарқанд давлат тиббиёт университети

7. Бухоро давлат тиббиёт институти

8. Қорақалпоғистон тиббиёт институти

9. Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали

10. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали

11. Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали».

Umumiy takliflar: 11

1978