Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16710 O’zbekiston Respublikasi Oliy va o'rta maxsus ta'lim vazirligi 10/04/2020 25/04/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг " Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори
ID-16710

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИ ЎРТАСИДА ЎТКАЗИЛАДИГАН РЕСПУБЛИКА ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил
24 май куни Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви мажлиси ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар 21-сонли баёнининг 59-бандига мувофиқ, олий таълим муассасалари талабалари  ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш
ва нуфузини ошириш ҳамда республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, халқ манфаати йўлида бор салоҳиятини сафарбар қиладиган, шижоатли ёш кадр қилиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартибини самарали механизмини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом
иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

а) республика фан олимпиадаларини ташкил қилиш харажатлари:

олимпиада ўтказилаётган олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ҳамда техник кўмаклашиш маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан;

б) талабаларнинг олимпиадалардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ, шу жумладан кунлик, яшаш ва транспорт харажатлари олимпиадага юбораётган олий таълим муассасасининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида;

в) республика олимпиада ғолиблари ҳамда уларнинг илмий раҳбарларига тўланадиган бир марталик пул мукофотлари билан боғлиқ харажатлар талаба ўқиётган олий таълим муассасасининг ҳамда илмий раҳбарининг асосий иш жойининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У.Маджидов зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

___ _________ ___ сон қарорига

ИЛОВА

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 24 май куни Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви мажлиси ҳамда Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи давомида берилган топшириқлар 21-сонли баёнининг 59-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасаларида (бундан буён матнда ОТМ деб юритилади) таҳсил олаётган талабалар давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув режасида назарда тутилган тегишли фанлар бўйича ўз билим ва табиий қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, ўзларининг ноёб истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) томонидан ҳар йили ўтказиладиган талабалар республика фан олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Талабалар республика фан олимпиадаси – талабаларнинг ОТМларида фанлар ва касбий тайёргарлик бўйича олган билимларини ижодий қўллаш, ўз иқтидорларини намоён этишга қаратилган гуманитар
ва табиий илмий, умумкасбий ҳамда ихтисослик
фанларидан анъанавий равишда ўтказиладиган интеллектуал танлов;

олимпиада таркибига киритилган фанлар − вазирлик томонидан талабалар фан олимпиадаси ўтказилиши белгиланган фанлар туркуми;

олий таълимнинг давлат таълим стандарти – муайян таълим соҳасида қўйиладиган малака талаблари, таълим мазмуни, битирувчилар умумий тайёргарлигининг зарурий ва етарли даражасини, кадрлар тайёрлаш сифатини баҳолаш даражаларини белгилайдиган эталон даражаси.

ўқув фани дастури – таълим мазмуни, уларнинг талабалар томонидан ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган норматив ҳужжат;

таълим йўналишининг малака талаблари − узлуксиз таълим тегишли босқичи битирувчиларининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар.

ижодий иш топшириқлари − ижодий иш олимпиада ўтказилаётган муайян гуманитар, табиий-илмий, умумкасбий ва ихтисослик фанлар доирасидаги мавзу юзасидан бажариладиган ҳамда талабалар ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган топшириқлар мажмуаси;

ёзма иш ёки амалий топшириқлар – фан дастурида белгиланган талабалар билимини баҳолашнинг таянч қонуниятларига асосланган, ўтилган фанларга нисбатан ижодий ёндашиш, мустақил фикрлаш, ўз билимини доимий равишда ошириш, адабиётлардан кенг фойдаланиш, ўз фикрларини ёзма равишда аниқ ва лўнда ифодалаб бериш ҳамда тақдим этиш хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган топшириқлар мажмуаси;

лаборатория топшириқлари – талабалар ўзлаштирган назарий билимларни амалда қўллашга қаратилган топшириқлар мажмуаси;

тест топшириқлари – талабалар ақлий ривожланишини аниқлаш мақсадида ишлатиладиган, муқобил ечимлари кўрсатилган, тезкор аниқлашга қаратилган стандарт топшириқлар мажмуаси;

оғзаки топшириқлар − ўзаро диалог орқали талабанинг қобилиятини аниқлашга қаратилган оғзаки топшириқлар мажмуаси;

олимпиада топшириқларини баҳолаш мезонлари – талабалар республика фан олимпиадасида ғолибларни аниқлаш учун берилган топшириқларга жавобларнинг қийматини белгиловчи баҳо, ўлчов ёки даража;

2. Республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча ОТМлари (давлат ва нодавлат, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари, хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, факультетлари) талабалари (курсантлари) орасида мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида вазирлик томонидан тасдиқланган фанлар бўйича “ОТМ талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси” (кейинги ўринларда Олимпиада деб юритилади) ҳар йили ўтказилади. Ушбу Низом олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

3. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда, икки ҳафта муддатда, олимпиада рўйхатини тасдиқлайди.

4. Олимпиадани холис ва адолатли ўтказилишини назорат қилиш ҳамда натижаларини таҳлил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига юклатилади.

 

2-боб. Олимпиаданинг мақсад ва вазифалари

 

5. Олимпиаданинг мақсади- талабаларнинг ўқув-билиш, ўқув-тадқиқотчилик фаолиятини рағбатлантириш; ёшларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш; иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш учун зарурий шароитларни яратиш; ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат.

6. Қуйидагилар олимпиаданинг асосий вазифалари ҳисобланади:

истеъдодли талабаларни аниқлаш, улар фаолиятини илмий
ва услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб бориш, соҳада илғор тажрибаларни оммалаштиришда республика ва халқаро тажрибаларни инобатга олиш;

иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, интеллектуал ўсиши учун шароит яратиш;

талабаларда ўқув фаолиятига ва бўлажак касбига қизиқишни ошириш;

талабалар учун ўқув машғулотларини ташкиллаштиришда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда интерфаол усулларни татбиқ этилишини таъминлаш;

 

3-боб. Олимпиада ўтказиладиган фанлар

 

7. Олимпиада гуманитар, табиий илмий фанлар ҳамда умумкасбий, ихтисослик фанлари бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. “Гуманитар
ва табиий-илмий фанлар” блоги бўйича ўтказиладиган олимпиадада бакалавриатнинг кундузги бўлим 2-курс талабалари, “Умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлари” бўйича 3-, 4-ва ундан юқори курс талабалари иштирок этади.

 

 

4-боб. Олимпиадани ўтказиш босқичлари ва тартиби

 

8. Олимпиадани ташкил этиш ва ўтказиш икки босқичда:

а) биринчи босқичи ўқув йилининг март-апрель ойларида барча ОТМларда;

б) иккинчи босқичи вазирликнинг буйруғи билан белгиланган муддатда тегишли фанлардан олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишга масъул этиб белгиланган ОТМларда ўтказилади.

9. Олимпиаданинг юқори савияда ўтказилишига шахсан ОТМ ректори (филиал директори, ҳарбий ОТМ бошлиғи) масъул ҳисобланади.

10. Олимпиаданинг 1- ва 2-босқичларини ўтказиш учун ОТМда жамоатчилик асосида Ташкилий қўмита тузилади. Таркиби ректор буйруғи билан тасдиқланади ва қуйидаги шахслардан иборат бўлади:

Ректор (Раис);

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор (Раис ўринбосари);

Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи (Масъул котиб).

Аъзолари:

Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор;

Ўқув ишлари бўйича проректор;

ОТМ “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти вакили;

Факультет деканлари, ОТМнинг етакчи олимлари ва мутахассислари.

11. Олимпиада ўтказиладиган гуманитар ва табиий-илмий, умумкасбий ҳамда ихтисослик фанлар бўйича биринчи босқич топшириқлари фан дастурига мос ҳолда, тегишли кафедралар томонидан кўп вариантли қилиб тузилади ва ОТМ Ташкилий қўмитасига топширилади. Мазкур қўмита мавжуд вариантлар асосида янги вариантларни тузади. Вариантлар махфийлигини таъминлаган ҳолда олимпиаданинг тегишли тури бошланиш вақтига қадар махсус сейфда сақланади ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширади.

12. Олимпиаданинг иккинчи босқичида синов ўтказилаётган фанлар бўйича топшириқлар фан дастурига мос ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази томонидан тақдим этилган вариантлар асосида ва олимпиаданинг тегишли тури бошланишидан олдин Ҳакамлар ҳайъатига топширилади.

13. Олимпиаданинг биринчи ва иккинчи босқичларида олимпиада қатнашчиларининг билимлари 1-иловада келтирилган мезон талаблари асосида баҳоланади.

14. Олимпиаданинг 1 ва 2 - босқичлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ижодий иш тайёрлаш;

ёзма иш ёки амалий, лаборатория, тест ва оғзаки топшириқларни бажариш (ёки матн таржима қилиш).

Ижодий ишни тайёрлаш тартиби ва муддатлари ОТМ томонидан белгиланади.

Олимпиада икки кун давомида тўртта турда ўтказилиши режалаштирилади:

1-кун 2 турдан иборат: ижодий ёки лаборатория ишлари ҳамда ёзма иш;

2-кун 2 турдан иборат: тест синовлари ва оғзаки суҳбат.

Ҳар бир тур вазифаларини бажаришга икки соат вақт берилади.

Ҳар бир тур 100 баллик тизимда Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан баҳоланади ва тўпланган баҳолар ўртача қиймати ҳисобланиб, талабанинг шу турдан олган бали аниқланади. Талабанинг 4 та тур бўйича натижаси асосида эгаллаган ўрни белгиланади.

Ҳакамлар ҳайъати 280 ва ундан юқори балл тўплаган талабалар орасидан баллар кетма-кетлиги бўйича I, II, III-ўринларни аниқлайди
ва қайдномани расмийлаштиради. Кейинги ўринлар баллар кетма-кетлигида юқоридан пастга қараб аниқланади.

Агар барча талабаларнинг тўплаган баллари максимал баллнинг
70 фоизидан (280 балл) кам бўлса, ушбу фан бўйича ғолиб аниқланмади деб ҳисобланади.

15. Олимпиаданинг биринчи босқичи натижалари ОТМнинг Кенгашида муҳокама этилади. Фақат биринчи ўринни эгаллаган ғолиблар олимпиаданинг иккинчи босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади
ва кенгашнинг қарори қабул қилинади.

16. Олдинги ўқув йилларида иккинчи босқич олимпиадасида қатнашиб, тўртинчи-олтинчи ўринларни эгаллаган иқтидорли талабаларга ушбу фан бўйича олимпиадада қайта қатнашиш ҳуқуқи берилади.

17. Олимпиаданинг шаффофлигини таъминлаш масъулияти ОТМ ректорлари зиммасида бўлади. Олимпиадани ўтказилишини мувофиқлаштириш учун вазирлик буйруғи билан “Ташкилий қўмита”
ва жойларда умумий назоратни амалга ошириш учун “масъул вакиллар” рўйхати тасдиқланади.

18. Олимпиаданинг иккинчи босқичини ўтказувчи ОТМ Ташкилий қўмитасининг вазифалари қуйидагилар:

-олимпиаданинг иккинчи босқичини мазкур Низом талаблари асосида ташкил этиш, уни ўтказиш жараёнини назорат қилиш ва олимпиада ғолиблари ва уларнинг олган натижалари тўғрисида вазирликка ҳисобот бериш;

олимпиада иштирокчиларини кутиб олиш, турар жой билан таъминлаш, овқатлантиришни ташкил этиш, зарур ҳолларда тиббий хизмат кўрсатиш ва кузатиш;

иштирокчилар ва жамоа раҳбарларини олимпиада Низоми, ўтказиш тартиби билан таништириш;

олимпиаданинг илмий-услубий жиҳатдан юқори савияда, адолат
ва ошкоралик мезонлари асосида ўтказилишини таъминлаш;

олимпиада жараёнида рўй бериши мумкин бўлган техник носозликлар ва англашилмовчиликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

олимпиадада қатнашувчи талабалар иштирокида тадбирларни ташкил этиш, кафедра ва деканатларда “Билимлар куни” рукнида маданий тадбирларни ўтказиш;

тарихий-маданий ёдгорликлар, муассасалар ва музейларга саёҳатлар ташкил этиш;

олимпиада ғолиблари ва уларнинг раҳбарларини рағбатлантириш.

19. Олимпиада ўтказиладиган жойга иштирокчиларни олиб келиш
ва олиб кетиш, уларнинг йўллардаги ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ОТМ ректорлари зиммасига юклатилади.

20. Олимпиада иккинчи босқичининг ўтказилиши юзасидан қатнашувчи талабалардан, жамоа раҳбарларидан натижа эълон қилингандан сўнг 4 соат ичида тушган ёзма шикоят ва аризалар Ташкилий қўмита ҳамда Ҳакамлар ҳайъати томонидан олимпиада жараёнида бевосита жойида ҳал этилади.

21. Олимпиадани ўтказиш жараёнида тартиб бузган талаба ёки илмий раҳбар Ҳакамлар ҳайъати далолатномаси асосида олимпиададан четлаштирилади. Далолатнома Ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари ҳамда тартибга амал қилмаган талаба ёки раҳбар томонидан имзоланади.

22. Олимпиада ўтказиладиган аудиторияда синовлар жараёнини тўлиқ назорат қилиш ҳамда ғолибларни аниқлашда шаффофликни таъминлаш мақсадида видеокузатув тизими ўрнатилиши ва аудитория зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши шарт.

23. Олимпиаданинг икки босқичида ҳам синов ўтказиладиган аудиторияга кириш жойидаги назорат постида микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, турли кўринишдаги телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилган ёки улардан синовлар давомида фойдаланган талабалар олимпиададан далолатнома тузиш орқали четлаштирилади.

24. Он-лайн тизимида видеокузатув маълумотлари CD дискка ёки флешкага ёзилади ва олимпиаданинг иккинчи босқичи натижалари ҳамда ҳисоботлари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари
ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказига тақдим этилади.

25. Олимпиаданинг биринчи босқичида биринчи ўринни эгаллаган талаба иккинчи босқичда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

26. Олимпиаданинг биринчи босқичида биринчи ўринни эгаллаган талабалар ҳақидаги маълумот, оғзаки суҳбат саволлари ва ижодий иш ёки лаборатория ишлари мавзулари намуналари олимпиаданинг иккинчи босқичи бошланишидан камида 10 кун олдин иккинчи босқич олимпиадасини ўтказадиган ОТМларга юборилади.

Тақдим этилган топшириқларнинг мазмуни, фан дастури талабларига мос келишига материалларни тақдим қилган ОТМ масъулдир.

27. Олимпиада қатнашчилари сони тўққиз нафар ва ундан кам бўлган тақдирда, II-тур ушбу фан бўйича ўтказилмайди ва бу ҳолда ҳужжат юборган ОТМларга хабар берилади. (Айрим фанлар бундан мустасно, масалан: қорақалпоқ, тожик, араб, форс, корейс ва япон тиллари. Ушбу фанларга олимпиаданинг биринчи босқичида 1 ва 2-ўринни эгаллаган талабалар мустасно тариқасида унинг 2-босқичида рақобатни кучайтириш, яъни иштиркчилар сонини 9 нафардан ошириш мақсадида иштирок этиш ҳуқуқи берилиши мумкин).

 28. Олимпиаданинг иккинчи босқичи Олий таълим муассасалари томонидан тавсия қилинган ва вазирлик буйруғи иловасига киритилган фанлар ва ОТМлар рўйхати асосида ўтказилади. Уларни самарали ўтказиш мақсадида масъул ОТМ ректори раҳбарлигида Ташкилий қўмита тузилади.

29. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан тегишли фанлардан тайёрланган ёзма иш саволлари мажмуалари ва тест материалларидан иборат вариантлар (камида 3 та) тузилади ҳамда конвертларга солиниб муҳрланади. Конвертлар олимпиада бошланиши олдидан олимпиадани ўтказаётган ОТМга тақдим этилади. Конвертлардан биттаси талабалар кўз ўнгида қуръа ташлаш йўли билан танланади.

30. Олимпиаданинг иккинчи босқичида олдинги йиллар имтиёзли ўринни эгаллаган талабаларнинг қайта иштирок этишига йўл қўйилмайди.

31. Барча йўналишларда олимпиада давлат тилида ўтказилади. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган йўналишлар учун олимпиада алоҳида ўтказилади. Ёзма иш махсус тайёрланган бланкларга лотин ёзувида ёзилади. Ортиқча варақлар қўшиш, турли белгилар қўшишга йўл қўйилмайди.

32. Олимпиада қатнашчиси таҳсил олаётган ОТМ раҳбарининг йўлланмаси, паспорти (асл нусхаси), баҳолаш дафтарчасисиз (асл нусхаси) ташриф буюрган талабанинг олимпиадада иштирок этишига йўл қўйилмайди.

 

33. Ташкилий қўмитага олимпиада ўтказилаётган ОТМ ректори раислик қилади ва аъзолари таркибига қуйидаги ташкилотлардан вакиллар киритилади:

Вазирлик ҳамда вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказининг масъул ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва жамоат ҳамда иш берувчи ташкилотлар вакиллари.

34. Вазирлик ташкилий қўмитаси қуйидаги ишларни амалга оширади:

Олимпиада босқичлари ўтказиладиган жойларни ва муддатини белгилаш;

Олимпиада босқичларини жойларда ташкил этилиши, ўтказилишини мувофиқлаштириш, бошқариш ва назорат қилиш;

Олимпиаданинг ўтказилишини оммавий ахборот воситаларида ёритишни ташкил қилиш.

35. Олимпиадани ўтказиш жараёни ва натижалари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси

оммавий ахборот воситаларида ҳамда Вазирлик, ОТМ расмий веб-сайтларида ёритилади.

 

 

5-боб.Ҳакамлар ҳайъати, адолат ва мандат комиссияларининг вазифалари

 

36. Олимпиадани ўтказиш бўйича Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги таркибда тузилади:

олимпиаданинг иккинчи босқичида ҳар бир фан бўйича малакали профессор-ўқитувчилар, тажрибали мутахассислар ҳамда олимпиадага қатнашиш учун келган талабалар илмий раҳбарларидан иборат 5-7 кишилик Ҳакамлар ҳайъати яширин овоз бериш йўли билан аниқланади ҳамда унинг таркиби олимпиада ўтказилаётган ОТМ Ташкилий қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Олимпиада иштирокчилари сони ўттиз нафар ва ундан ортиқ бўлганда Ҳакамлар ҳайъати аъзолари сонини тўққиз ёки ўн бирнафаргача қилиб белгилаш мумкин.

37. Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги вазифаларни бажаради:       

олимпиада иккинчи босқичининг дастлабки икки тури бўйича олимпиада ўтказилишига бир кун қолганда ОТМлардан тақдим қилинган оғзаки суҳбат саволлари ва ижодий иш ёки лаборатория ишлари мавзулари намуналари ташкилотчи ОТМ Ҳакамлар ҳайъати томонидан тўпланиши, сараланиши ва конвертларга солиб, муҳрланган ҳолатда тайёрланиб сейфда сақланиши;

олимпиада иштирокчилари бажарган ижодий иш, ёзма иш ёки амалий, лаборатория (ёки матн таржима қилиш), тест ва оғзаки топшириқларни текшириш ҳамда баҳолаш;

ғолибларни аниқлаш мақсадида уларнинг эгаллаган ўринларини белгилаш;

олимпиада якунлари юзасидан белгиланган тартибда Ҳакамлар ҳайъатининг қарори лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиққа тақдим этиш;

олимпиада натижаларини қатнашчилар ва жамоа раҳбарлари иштирокида эълон қилиш;

ўтказилган олимпиада натижалари ҳақида Ташкилий қўмитага батафсил ҳисобот бериш, зарур ҳужжатларни тақдим этиш.

38. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорларида олимпиадада қатнашувчи талабаларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шахсий паспорти асосида тўлиқ ва аниқ ёзилиши шарт.

39. Ҳакамлар ҳайъати таркибига кирмаган малакали профессор-ўқитувчилар, тажрибали мутахассислар ҳамда олимпиадага қатнашиш учун келган талабалар илмий раҳбарларидан 3-5 кишидан иборат бўлган Адолат комиссияси қуръа ташлаш йўли билан аниқланади ҳамда Ташкилий қўмитанинг раиси бевосита апелляция комиссияси раиси ҳисобланади.

40. Адолат комиссияси:

олимпиада иштирокчиларининг шикоятларини олимпиаданинг ҳар бир тури якунидан кейин, навбатдаги тур бошлангунга қадар ҳамда олимпиада якунида ғолибларни эълон қилишдан аввал кўриб чиқиш;

фан олимпиадалари қатнашчиларининг аризаларини талабанинг илмий раҳбари ва Ҳакамлар ҳайъати аъзолари иштирокида кўриб чиқиш;

қабул қилинган қарор юзасидан тегишли баённома тузиш ва Ҳакамлар ҳайъати ҳамда Мандат комиссиясига қарор қабул қилиниши учун тақдим этиш;

зарур ҳолларда Ҳакамлар ҳайъати қарорини бекор қилиш
ва ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

 

41. Ҳакамлар ҳайъати ва Адолат комиссияси таркибига кирмаган профессор-ўқитувчи, тажрибали мутахассислар ҳамда олимпиадага қатнашиш учун келган талабалар илмий раҳбарларидан 3 кишидан иборат бўлган Мандат комиссияси яширин овоз бериш йўли билан аниқланади ҳамда унинг таркиби олимпиада ўтказилаётган ОТМ Ташкилий қўмитаси томонидан тасдиқланади.

42. Мандат комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

олимпиада иштирокчиларининг паспорти (асл нусхаси), баҳолаш дафтарчаси (асл нусхаси) ва ОТМ раҳбариятининг йўлланмасини текшириш;

тегишли ҳужжатлари (паспорт, рейтинг дафтарчаси) мос келмаса, мандат комиссияси ёзма равишда вазирлик томонидан белгиланган масъул вакил ва олимпиаданинг II босқичини ўтказувчи ОТМ Ташкилий қўмитасига мурожаат этади. Ташкилий қўмита тегишли тартибда қарор қабул қилади
ва баённома тузади;

талабаларнинг илмий раҳбарларини ўтказилаётган фандан бериладиган топшириқлар фан дастурига мос эканлиги билан таништириш;

тест, ёзма иш, амалий ишларни шифрлаб текшириш учун Ҳакамлар ҳайъатига топширади;

ҳакамлар томонидан текширилган ишларни шифр бўйича рўйхатини тузади ва ғолибларни аниқлаш учун ҳайъатга тақдим этади.

 

 

6-боб. Олимпиада ғолибларини аниқлаш тартиби

 

43. Олимпиада ғолибларини аниқлаш ва тақдирлаш:

биринчи босқичда ОТМ ташкилий қўмитаси қарори натижаларига асосан;

иккинчи босқичда мутасадди ОТМ Ташкилий қўмитаси қарорига кўра амалга оширилади.

Олимпиаданинг I ёки II босқичида талабаларнинг эришган натижалари тенг келиб қолса, совриндорни аниқлаш учун уларга қўшимча тест топшириқлари берилади ва бу ҳолат ғолиб аниқлангунга қадар давом эттирилади. Аниқланган натижа Ҳакамлар ҳайъати томонидан баённома тузилиб, ҳар икки талабанинг имзоси қўйилган ҳолда расмийлаштирилади.

44. Олимпиаданинг иккинчи босқичи ғолибларининг сони ҳар бир фан бўйича қуйидагича белгиланади:

биринчи ўрин – бир нафар;

иккинчи ўрин – бир нафар;

учинчи ўрин – бир нафар.

 

7-боб. Олимпиада ғолиблари ва уларнинг илмий раҳбарларини рағбатлантириш тартиби

 

45. Талабалар фан олимпиадаларида қатнашиб, унинг иккинчи босқичида мутахассислик фанларидан биринчи ўринни эгаллаган битирувчи курс талабаларига, тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага кириш синовларисиз давлат гранти асосида қабул қилиш ҳуқуқини берувчи
ва бир йил муддат давомида амал қилувчи гувоҳнома (2-илова) тақдим қилинади ҳамда ғолиб талабаларнинг барчасига вазирликнинг
1, 2, 3-даражали дипломлари берилади.

Олимпиада ғолиблари халқаро фан олимпиадаларида иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатига киритилади.

Халқаро олимпиада ғолиблари кейинчалик таянч докторантурага ҳам кириш синовларисиз давлат гранти асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда магистратурага қабул қилинган олимпиада ғолибларига “Устоз-шогирд” тизими асосида тегишли соҳада юқори натижаларга эришган фан докторлари ва малакали мутахассислардан иборат илмий раҳбарлар бириктирилади.

46. Олимпиаданинг иккинчи босқичи ғолиблари, уларнинг илмий раҳбарларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

1-ўрин учун – 5 баробар, илмий раҳбарга – 5 баробаргача,

2-ўрин учун – 3 баробар, илмий раҳбарга – 3 баробаргача,

3-ўрин учун – 2 баробар, илмий раҳбарга – 2 баробаргача.

47. Тасарруфида ОТМлари бўлган вазирликлар ва идоралар ОТМларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан олимпиадада ғолиб бўлган талабалар, уларнинг илмий раҳбарлари ҳамда олимпиадани ташкил этиш ва ўтказишда фаол қатнашган ходимларни моддий рағбатлантиришга ҳақлидир.

 

                               

      

9-боб. Олимпиадани якунлаш тартиби

 

 

48. Олимпиада иккинчи босқичини ўтказувчи ОТМнинг Ташкилий қўмитаси томонидан бажарган ишлари бўйича дастлабки маълумотнома (Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаси, мутасадди ОТМ қарори ва ҳ.к.) расмийлаштирилган ҳолда Вазирликнинг масъул вакилига олимпиада тугаган куни топширилади.

49. Вазирликнинг масъул вакили олимпиада натижаларини Вазирлик ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказига тақдим этади. У олимпиада натижаларини умумлаштиради ҳамда якуний маълумотни Вазирликнинг ташкилий қўмитасига тақдим этади.

50. Жойларда қабул қилинган Ташкилий қўмиталарининг қарорлари асосида Вазирликнинг “Олий таълим муассасаларида жорий йилда ўтказилган талабалар республика фан олимпиадасининг якуни тўғрисида”ги буйруғи чиқарилади.

 

10-боб. Якуний қоида

 

 

51. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

 

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга

1-ИЛОВА

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадалари натижаларини баҳолаш мезонлари

 

Олимпиада фани бўйича малака синовларини (тест, ёзма, ижодий иш (лаборатория иши), оғзаки топшириқлар (суҳбат)) баҳолаш мезонлари*

(Олимпиадада қатнашувчи барча бакалавриат таълим йўналишлари талабалари учун)

I

Тест синовлари бўйича:

100 балл

 

тест топшириқлари 50 та саволдан иборат бўлади, ҳар бир саволга тўғри жавоб берилганлиги баҳоланади (Гуманитар соҳа, Ижтимоий соҳа, иқтисод ва ҳуқуқ, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, хизматлар соҳаси фанлари бўйича);

 

тест топшириқлари 25 та саволдан иборат бўлади (ишлаб чиқариш ва техник соҳа, математик ва табиий-илмий фанлари бўйича).

Тест топшириқларини бажаришга 2 академик соат вақт берилади.

ҳар бир тўғри жавоб учун

2 балл

 

 

ҳар бир тўғри

жавоб учун

4 балл

II

Ёзма ишлар бўйича:

100 балл

 

ёзма иш 5 та топшириқдан (саволдан) иборат бўлади, ҳар бир саволга ёзилган жавобдан келиб чиқиб баҳоланади.

Ёзма ишларни бажаришга 3 академик соат вақт берилади.

ҳар бир жавоб

20 баллгача баҳоланади

III

Ижодий иш (лаборатория иши) бўйича:

100 балл

 

ижодий иш (лаборатория иши) 4 та топшириқдан иборат бўлади, ҳар бир топшириқнинг белгиланган вақтда, тўлиқ, тўғри ва сифатли бажарилганлиги баҳоланади.

Ижодий иш (лаборатория иши)ларни бажаришга 2 академик соат вақт берилади.

ҳар бир иш
25 баллгача баҳоланади

IV

Оғзаки топшириқлар (суҳбат) бўйича:

100 балл

 

Оғзаки топшириқлар кўп вариантли 3 та саволли билетлардан иборат бўлиб, талаба улардан битасини олади ва 15 минут тайёргарлик кўргандан сўнг ҳакамлар ҳайъати аъзоларига жавоб беради. Ҳар бир савол жавобига Ҳайъат аъзолари қўйган баҳоларнинг ўртачаси олинади.

Оғзаки топшириқлар (суҳбат) ларнинг барчасини ўтказишга 3 академик соат берилади, айрим ҳолларда Ҳакамлар ҳайъати қарори билан қўшимча вақт ажратилиши  мумкин.

ҳар бир савол жавоби учун 33,3 баллгача баҳоланади

 

Талабанинг 4 та тур бўйича натижаси асосида унинг ўртача бали ва эгаллаган ўрни белгиланади.

(I+II+III+IV)/4

 

*Малака синовларини 2 кун давомида ўтказиш  тавсия қилинади:

1-кун ёзма ва ижодий ишлар (лаборатория ишлари);

2-кун тест топшириқлари ва оғзаки топшириқлар (суҳбат).

 

Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга

2-ИЛОВА

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома намунаси
 ва унинг тавсифи

 

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI

OLIY VA O‘RTA MAXSUS TA’LIM VAZIRLIGI

OLIY TA’LIM MUASSASALARI TALABALARI O‘RTASIDA O‘TKAZILGAN RESPUBLIKA FAN OLIMPIADASI G‘OLIBI TO‘G‘RISIDA

 

GUVOHNOMA

 

   №  0000000

 

 

 

Shaxsni tasdiqlovchi xujjatning asli bilan birgalikda taqdim etilganda qonuniy kuchga ega bo‘ladi

_____________________________________________________________ga

(familiyasi, ismi, otasining ismi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(olimpiada o‘tkazgan oliy ta’lim muassasasi nomi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(talaba o‘qiyotgan oliy ta’lim muassasasi nomi)

 

___________________________________________________________________________________________________

(shaxsni tasdiqlovchi xujjatning seriyasi va raqami, qachon, kim tomonidan berilgan)

 

 

Ushbu guvohnoma oliy ta’lim muassasalari talabalari o‘rtasida 20____yil “____” _________da o‘tkazilgan Respublika fan olimpiadasining ikkinchi bosqichida “__________ _____________” fanidan g‘olib bo‘lib, 1- o‘ringa sazovor bo‘lganligi uchun 1 (bir) yil davomida magistraturaga kirish sinovlarisiz davlat granti asosida o’qishga qabul qilinish huquqini beradi

 

 

 

     Vazir   ____________       _________________________                                            QR KOD joyi

                                    (imzo, muhr o‘rni)                                                   ( F.I.O.)

 

 

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳноманинг тавсифи

 

Фан олимпиадаси ғолибларига бериладиган гувоҳнома тўғри тўртбурчак шаклдаги, ўлчамлари 297 x 210 мм бўлган, зичлиги бир квадрат метрга 130+/-5 граммли ялтироқ силлиқ қоғоздан тайёрланади. Гувоҳнома номери еттита рақамдан иборат бўлади.

Лотин алифбоси ҳарфларидаги Ўзбек тили қўлланган.

“Гувоҳнома”нинг олд томонида республика, вазирлик ва олимпиада номлари ўзбек тилида ёзилган, Ўзбекистон Республикаси герби туширилган. Ундан пастки қаторда гувоҳнома эгасини тасдиқловчи ҳужжат номи келтирилган.

Кейинги қаторларда: талаба фамилияси, исми, отасининг исми, олимпиада ўтган олий таълим муассасаси номи, талаба ўқиётган олий таълим муассасаси номи, талаба шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, тартиб рақами, ҳужжатнинг қачон ва ким томонидан берилганлиги кўрсатилади.

Мазкур гувоҳнома QR-код тизими билан ҳимояланади.

Umumiy takliflar: 0

990