Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16672 Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 09/04/2020 24/04/2020 7
Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni
Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида
ID-16672

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА

 

I-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ҳунармандчилик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳунармандчилик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикаси ҳунармандчилик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

 Агар Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоида белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг мазкур халқаро шартномаси қоидаси қўлланилади.

3-модда. Ҳунармандчилик фаолияти тушунчаси

Ҳунармандчилик фаолияти – халқнинг тарихан қарор топган, махсус билимлар, кўникмалар, сир-асрорлар, услубларга асосланиб, қўл меҳнати, асбоб-ускуналар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланиб, анъанавий ҳамда замон талабларидан келиб чиққан ҳолда  маиший, уй-рўзғор, бадиий буюмлар ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш), тайёрлаш бўйича ижодий ёки профессионал фаолият.

4-модда. Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган ҳунарманд ва ҳунарманднинг шогирдидир.

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс, бу ҳунарманд сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган жисмоний шахсдир.

Ҳунарманд, бу Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда ҳунарманд мақомига эга бўлиб, ҳунармандчилик фаолиятини мустақил равишда ёки шогирдлари билан бирга амалга ошираётган жисмоний шахсдир.

Шогирд (ҳунарманднинг шогирди), ҳунарманддан ҳунармандчилик маҳсулотлари (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш фаолиятини ўрганаётган жисмоний шахсдир.

5-модда. “Уста-шогирд” мактаби

“Уста-шогирд” мактаби ҳунарманд томонидан шогирдга ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрлашни ўргатишга йўналтирилган муносабатлар йиғиндисидир.

6-модда. Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини рўйхатдан ўтказиш, қайта ўтказиш ва фаолиятини тугатиш

Ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахс амалдаги қонун ҳужжатларида ҳунармандга нисбатан ўрнатилган қоидаларига мувофиқ давлат рўйхатидан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти тугатилади.

Ҳунарманд Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг Уставида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтади, қайта ўтказилади ва унинг фаолияти Уюшманинг қарорига асосан тугатилиши мумкин. Ҳунарманд Уюшмада рўйхатдан ўтганлиги ва қайта ўтказилганлиги тўғрисида Уюшма томонидан белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда мазкур шахснинг хунарманд мақоми ва шуғулланадиган ҳунармандчилик фаолияти йўналиши кўрсатилади.

Ҳунарманднинг фаолияти қуйидаги сабабларга кўра тугатилиши мумкин:

агарда ҳунарманднинг фаолияти Бадиий кенгаш томонидан ушбу Қонуннинг 8-моддасида кўрсатилган йўналишларга мос эмас деб топилса;

агарда ҳунарманд Уюшмага аъзолик бадалини тўламаса;

ҳунарманд бир пайтнинг ўзида якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳам давлат рўйхатидан ўтиши мумкин.

7-модда. Ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари

Ҳунармандчилик фаолияти ҳунарманд томонидан ушбу Қонуннинг 8-моддасида кўрсатилган йўналишлар бўйича амалга оширилади, бу давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада акс эттирилади.

Ҳунарманд ўз маҳсулот ва товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш ва сотишда бир вақтнинг ўзида кўпи билан ўн нафар шогирдни жалб этишга ҳақли.

Биноларни қуриш, қайта тиклаш, таъмирлаш ишларида устунлик ва имтиёзлар миллий услубдаги безак, тасвир, наққошлик усулларидан фойдаланувчи  ёғоч ўймакори, кошинкор ва ганч ўймакорларига берилади.

8-модда. Ҳунармандчилик фаолияти йўналишлари

Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчилик фаолияти йўналишларига қуйидагилар киради:

Ганч ўймакорлиги – қандиллар, девор шамдонлари, кўзгу, нақшлар, сталактитлар, муқарнас (фриз), карнизлар, устунлар элементлари, панжаралар, ҳайкаллар, ёдгорликлар, панно; интерьер, шифт, девор безаклари ва асослари; қолиплардан, қориштириш, қуритиш ускуналаридан, кесиш ва ўйиш асбобларидан фойдаланилган ҳолда ганчдан ясалган архитектура ва қурилиш элементлари; интерьер ва фасадлар ҳамда бошқа амалий безак маҳсулотлари;

Гиламчилик – гиламчилик дастгоҳи, кесувчи, қирувчи, таровчи ва ип йигирувчи асбоб-ускуналар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда ипак, пахта, жун ҳамда бошқа иплардан қўлда гилам тўқиш технологияси асосида тайёрланган маҳсулотлар - гилам, палос, шолча, хуржун, жойнамоз, ўтов учун қурлар;

Газламачилик – ип йигириш мосламаси (аппарати), газлама тўқиш дастгоҳи (станоги), кесувчи, таровчи, текисловчи асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда табиий ипак, пахта, жун ва бошқа иплардан мато тўқиш техникаси асосида тўқилган атлас, адрас, беқасам, олача, жанда, шойи, бахмал ва бошқа миллий матолар;

Тош ўймакорлиги – тош кесувчи ва ўювчи, чизувчи барча турдаги кичик механизация воситалари ва асбоб-анжомлари ёрдамида тошдан тайёрланган эсдалик буюмлари, майда пластика, қутича, ёзув анжомлари, шамдон, турли ҳажмдаги панно, рельеф ва контррельеф, барельеф, герольдика ва рамзлар, тошни пардозлаш йўли билан тайёрланган безак буюмлари, ёдгорликлар, архитектура ва қурилиш элементлари, уй-рўзғор буюмлари;

Миниатюра, тасвирий санъат, наққошлик, хаттотлик ва абру баҳор – лок миниатюраси техникасида тайёрланган буюмлар: қутича, лаган, панно, мебель, суратлар; девор, қоғоз, мато, тери, папье-маше, ёғоч, қовоқ, картон, суяк ва эмалга ишланган нақшлар, тасвирий санъат, наққошлик ва миниатюра асарлари; батик, безак буюмлари, тақинчоқлар, ғилофлар; абру баҳор санъати усулида ишланган асарлар; хаттотлик услубида тайёрланган қўлёзмалар, китоблар, миниатюра ва тасвирий санъат асарлари, рисолалар ва бошқа ҳунармандчилик буюмлари; саҳҳофлик (китобот), китоб ва ҳужжатларнинг муқоваларини тайёрлаш ва таъмирлаш, қоғоз варақларини муқовалаш ва тикиш, анъанавий усулда табиий қоғоз ишлаб чиқариш;

Кандакорлик – кесувчи, қирувчи, қиздирувчи-эритувчи, эгувчи, пайвандловчи ускуналар ва ўйиш-чизиш асбоб-анжомлари ёрдамида мис, латун, алюминийдан ясалган буюмлар (чойнак, қумғон, лаган, гулдон), шунингдек, безаш ва амалий мақсадлар учун мўлжаллаган бошқа буюмлар, уй-рўзғор буюмлари, ошхона анжомлари, хўжалик моллари, архитектура элементларини тайёрлаш;

Темирчилик – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланиб турли металлардан ясалган буюмлар: эшик, дарвоза, панжара, дераза ва эшик тутқичлари, илгак, қўнғироқ, занжир, шамдон, кетмон, теша, болта, хаскаш, паншаха, уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, омоч, барча турдаги миллий қилич, ханжар ва пичоқлар, оммавий ишлаб чиқарилмайдиган металл буюмлар, калит, бадиий безак буюмлари, печка ва каминлар, шу жумладан улар учун ҳаво сўриш қурилмалари ясаш;

Тунукасозлик – қўлда ва кичик механизация воситаларидан гулдор ва жимжимадор тарнов ва қувурлар, ошхона анжомлари (ошпичоқ, капкир, чўмич, човли, элак, мантиқасқон ва бошқалар), уй-рўзғор буюмлари (кийим ва парда илгичлар, қўл ювгич, тутқич, соябонлар) ва бошқа қўлда ясалган тунука буюмлари;

Косибчилик – қўл меҳнати ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда чарм ва бошқа материаллардан миллий пойабзал,  махси ва ковушлар, этиклар, сандаллар, шиппаклар, туфлилар тайёрлаш;

Миллий либослар тайёрлаш – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда тўн, яктак, нимча, болалар, аёллар ва эркаклар тўй, маросим миллий либослари ҳамда бошқа миллий кийимлар тайёрлаш;

Бош кийимлар тайёрлаш – қўлда ва кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда турли материаллар (тери, мўйна, қоракўл, табиий ва сунъий матолар)дан аёллар, эркаклар, болалар бош кийимлари тайёрлаш ва тикиш, телпакдўзлик;

Ёғоч ўймакорлиги – ёғоч ўймакорлиги услубида бажарилган барча амалий санъат асарлари, интерьер ва архитектура безаклари, эшик, дераза, ром, уй-рўзғор буюмлари, сувенирлар;

Тикувчилик – қўлда ва механизация воситаларидан фойдаланиб турли хил матолардан тайёрланган буюмлар: миллий кўрпа ва кўрпачалар, ёстиқ, белбоғ, жияк, сумка, тасма, аёллар, эркаклар ва болалар кийимлари, уй-рўзғор буюмлари, парда, дастурхон ва бошқа чокли ҳунармандчилик маҳсулотлари, қуроқдўзлик маҳсулотлари;

Каштадўзлик – қўлда ёки машинкада игна ва бигиз билан - кесувчи ва қирқувчи асбоб-анжомлар ёрдамида тайёрланган миллий каштачилик буюмлари, либослар, паннолар, уй-рўзғор маҳсулотлари ва декоратив безак буюмлари;

Зардўзлик – қўлда ёки машинкада игна, кесувчи ва қирқувчи асбоб-анжомлар ёрдамида  турли хил матоларга металл иплардан фойдаланган ҳолда зардўзлик услубида (уй-рўзғор, хўжалик буюмлари, интерьер безаклари, оёқ ва бош кийимлар ва турли хил либослар, панно, портрет, парда, тумор, ғилоф каби) тайёрланган барча ҳунармандчилик маҳсулотлари;

Мусиқа асбоблари – қўл меҳнати ва кичик механизация воситалари ёрдамида яратилган барча турдаги (доира, дутор, танбур, тор, рубоб, ноғора, най, ғижжак, сато, чанг, карнай, сурнай, уд ва бошқа) миллий мусиқа асбоблари;

Кулоллик – лойдан сопол буюмлар (уй-рўзғор буюмлари, сувенир ва эсдалик буюмлар, тандирлар) тайёрлаш, интерьер дизайни учун чироқ, қандил ва бошқа шунга ўхшаш буюмлар тайёрлаш, кошинчилик, девор ва шифт мозаикалари, табиий ва сунъий материаллардан мозаика паннолари тайёрлаш, ландшафт дизайни ва аквариумлар учун турли безакли сопол буюмлар, архитектура-безак элементлари тайёрлаш; сопол буюмларни нақш ва трафарет билан безаш:

Чиннисозлик – чинни-фаянс буюмлари (уй-рўзғор буюмлари, сувенир ва эсдалик буюмлари) тайёрлаш, интерьер дизайни учун чироқлар, қандиллар ва бошқа буюмлар тайёрлаш, кошинчилик, девор ва шифт мозаикалари, табиий ва сунъий материаллардан мозаика паннолари тайёрлаш, ландшафт дизайни ва аквариумлар учун турли безак буюмлар, архитектура-безак элементлари тайёрлаш; чинни-фаянс буюмларни нақш ва трафарет билан безаш;

Қимматбаҳо металлардан ясалган заргарлик буюмлари – қонунчиликка мувофиқ тамғаланиши шарт бўлган пробали олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳидаги металлардан ижодий, муаллифлик ва миллий услубда ясалган буюмлар;

Ўйинчоқлар – қўлда ёки кичик механизация воситаларидан ёғоч, металл, гипс, мато, сопол ва бошқа материаллардан ишлаб чиқаришдан ташқари шароитда ясалган ўйинчоқлар, қўғирчоқлар;

Майда ҳайкалтарошлик буюмлари – табиий ва сунъий материаллар (гипс, шамот, мис, бронза, алюминий, суяк, ёғоч, тош, сопол, чинни, фаянс, ва бошқалар)дан ясалган барча турдаги ҳайкалтарошлик буюмлари;

Чармсозлик – анъанавий усулда терини ошлаш, қайта ишлаш; қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда табиий ва сунъий чарм, қоракўл тери ва бошқа табиий  мўйналардан либослар тайёрлаш, эгар-жабдуқ ва от анжомлари, арқон, белбоғ, қайиш, сумка, ҳамёнлар;

Муаллифлик мебеллари – қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда турли маҳсулотлардан тайёрланган мебель, сандиқ, стол-стул, хонтахта, сўри (кровать), амалий-безак санъати предметларига кирадиган мебель тўпламлари ва алоҳида қисмлари;

Дурадгорлик – ёғочдан тайёрланган халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари, қўлда ёки кичик механизация воситаларидан фойдаланган ҳолда ошхона анжомлари (ўқлов, туздон, нон қути, жува, кели, оштахта, нонпар (чакич)), ёғоч, фанер ва ламинатдан тайёрланган турли ҳунармандчилик маҳсулотлари, беланчак, болалар аравачаси, бешик ва унинг анжомлари, хонтахта, сандиқ, жавон, эшик, ром, безакли рейкалар, сурат учун ромлар (багет), дурадгорлик ускунасида тайёрланган ҳар хил шаклли ҳунармандчилик маҳсулотлари, ёғочли шахмат тахтаси ва донаси, панно, бошқа буюмлар;

Новдалардан буюмлар тўқиш, саватсозлик – кесувчи, қирқувчи иш анжомлари ёрдамида қўлда турли хил иплар ва ёпиштириш анжомлари (клейлар) ёрдамида ўсимлик (қамиш, тол, похол, ток ва бошқа ҳар хил дарахтлар, буталар, ўсимликлар) новдалари, турли металл ва елим иплардан тўқилган буюмлар, уй-рўзғор буюмлари ҳамда хўжалик моллари, сувенир маҳсулотлари, мебел, сават, супургилар;

Шишасозлик – шишага бадиий ишлов бериш, безак ва сувенир маҳсулотлари тайёрлаш, шиша пуфлаш ишлари, бадиий пуфлаш асосида ишланган бра, майда пластиклар, эсдалик буюмлари, тақинчоқлар, уй-рўзғор буюмлари, кўзгу ва кўзгу сиртлари тайёрлаш, шиша, смальта ва бошқа материаллардан тайёрланган витражлар;

Ҳажмли ва шаклли қолипларда қуйилган буюмлар – табиий ва сунъий материаллардан қуйма услубда ишланган буюмлар, шунингдек, мис, бронза, чўян, алюминийдан қўлда қуйма услубда ишланган маҳсулотлар);

Соатсозлик – деворга осиладиган эксклюзив, полда турадиган, камин ва қўл соатлари тайёрлаш, соат механизмларини таъмирлаш;

Эмаллаш ишлари – эмал қопламали буюмларни тайёрлаш, эмал қопламаларини таъмирлаш ва тиклаш;

Эсдалик буюмлари – турли табиий ва сунъий материаллардан ҳар хил ҳажмда ва рангда тайёрланган эсдалик ва совға буюмлари; камар, нишон, тасбеҳ, гулдаста, флористика, икебана, турли материаллардан гулдасталар тайёрлаш; суякдан ясалган эсдалик совғабоп буюмлари, майда ҳайкалчалар, нэцкэ, қутича, пичоқ, қилич, ханжар соплари, безак берган ҳолда тайёрланган бошқа амалий безак маҳсулотлари;

Оддий металлардан миллий услубда тайёрланган тақинчоқлар  – оддий металлардан миллий услубда тайёрланган барча тақинчоқлар, тумор, зирак, зебигардон, билагузук, узук, тиллақош, соч безаклари, тўғноғичлар ва бошқалар.

Матога гул босиш – читгарлик, турли матоларга ўйма ёғоч қолип ёрдамида гул босиш, газламалар ва кийим-бош предметларини қўлда бўяш, андоза (трафарет, шелкография) ёрдамида гул, нақш ва тасвир босиш;

Кигиз босиш – турли табиий жунлардан анъанавий технологиялар асосида қўл меҳнати ёрдамида кигиз босиш, турли матолар ва ипак ёрдамида кигиз маҳсулотларига безак бериш, либослар, оёқ кийимлар, бош кийимлар, уй-рўзғор ва интерьер буюмлари, гилам, панно, ўйинчоқлар тайёрлаш.

Мазкур модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ҳунармандчиликнинг асосий йўналишлари бўйича маҳсулотларни таьмирлаш ва хизмат кўрсатиш ишлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

II-боб. Ҳунармандларнинг республика жамоат бирлашмаси

9-модда. Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси (кейинги ўринларда  Уюшма деб юритилади) ҳунармандчилик фаолияти субъектларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Уюшма Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг уюшган аъзосидир.

Давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг Уюшма фаолиятига аралашишига, шунингдек, Уюшманинг давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

10-модда. Уюшманинг тизими

Уюшманинг тизимига қуйидагилар киради:

Уюшманинг Бошқарув органлари;

Уюшманинг аппарати;

Уюшманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарлардаги ҳудудий тузилмалари;

Уюшма  қошида тузиладиган Бадиий кенгашлар киради.

11-модда. Уюшмага аъзолик

Ўзбекистон ҳудудида ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс ва чет эл фуқароси Уюшма аъзоси бўлиши мумкин. 

Уюшма аъзолигига қабул қилиш ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахснинг ёзма аризасига мувофиқ, Уюшма Уставида белгиланган тартибда, Бадиий кенгаш қарорига асосан амалга оширилади.

Ҳунармандчилик фаолиятига оид илмий-тарихий ва амалий кўникмаларни ривожлантириш доирасида илмий изланиш олиб борувчи ва таълим берувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳам Уюшма аъзоси бўлиши мумкин. Уюшманинг ушбу аъзоларига нисбатан мазкур Қонуннинг 20-моддасида санаб ўтилган имтиёзлар ва преференциялар қўлланилмайди.

12-модда. Уюшманинг Устави

Уюшма ўз фаолиятини Уставига асосан амалга оширади.

Уюшманинг Устави Уюшма аъзоларининг Конференцияси томонидан тасдиқланади ва ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлигида рўйхатга олинади.

Уюшма Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар Уюшма аъзоларининг Конференцияси қарорига мувофиқ киритилади.

13-модда. Уюшманинг бошқарув органлари

Уюшманинг бошқарув органлари қўйидагилардан иборат:

Уюшма аъзолари Конференцияси;

Уюшманинг Бошқарув кенгаши.

Уюшма раиси Бошқарув кенгашига раислик қилади.

Уюшма раиси Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари ҳисобланади.

14-модда. Уюшманинг ҳуқуқлари

Уюшма, ўз Уставига кўра:

ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланадиган шахсга ҳунарманд мақомини бериш;

ҳунармандни Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталогига киритиш;

ҳунармандни Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар Реестрига киритиш;

ҳунармандчилик маҳсулотларини узоқдаги туманлар (шаҳарлар)дан сотиб олиш ва келгусида йирик шаҳарларда сотиш ҳамда экспорт қилиш учун Уюшма ҳузурида савдо-харид қилиш корхоналари ташкил этиш;

Уюшма ҳунармандчилик маҳсулотлари (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш функциясига эга бўлган таркибий бўлинмалар ташкил этиш, шунингдек, пудратчи корхоналар сифатида, айниқса, республиканинг қишлоқ ва узоқ туманларида ҳунармандлар билан ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

15-модда. Уюшма фаолиятининг устувор вазифалари ва йўналишлари

Уюшма фаолиятининг устувор вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ҳунармандчилик фаолиятини янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъатнинг анъанавий турларини сақлаш ва қайта тиклаш, ҳунармандчилик маҳсулотларининг рақобатдошлигини ва сифатини ошириш бўйича тизимли ва мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳолини ҳунармандчилик фаолиятига кенг жалб этиш, ҳунармандчилик фаолияти соҳасида бандликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳунармандларни рўйхатга олишда кўмаклашиш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ягона реестрини юритиш;

ҳунармандчилик фаолияти соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳунармандларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш, шу жумладан нодавлат-нотижорат ташкилотлар (уюшмалар) билан ҳамкорликда давлат органларида ҳунармандларнинг манфаатларини ифодалаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш ва такомиллаштириш, шунингдек, сайёҳлар учун жозибадор бўлган ҳунармандчилик объектларини яратишда кўмаклашиш;

ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг жамоатчилик орасида оммалаштириш, ҳунармандчилик маҳсулотларини истеъмолчиларга сотиш, жумладан, уларни экспорт қилишни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит ва зарур инфратузилмани яратишда кўмаклашиш;

ҳунармандчилик соҳасида авлодлар ворислигини таъминлаш, ёшларни меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда фаол иштирок этган ҳунармандларни рағбатлантириш, «Уста-шогирд» мактабларини фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш;

ҳунармандчилик фаолияти субъектларига методик ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, мазкур соҳада махсус адабиёт ва ўқув қўлланмаларни тайёрлаш;

Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги ва Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар Реестрини юритиш.

16-модда. Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталоги

Уюшма томонидан Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталоги (кейинги ўринларда – Миллий каталог) тузилади ва юритилади.

Миллий каталогга – “Халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталогига киритиладиган номзодларни танлаш бўйича Кенгаш” қарори асосида қуйидаги ҳунармандлар киритилади: 

нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танлов каби тадбирларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилганлар;

тегишли соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига эгалар;

“Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эгалар.

Ҳунармандларни Миллий каталогга киритиш тартиби “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Маданият вазирлиги ва Бадиий академия билан келишилган ҳолда белгиланади.

Миллий каталогга киритилган ҳунармандларга:

шогирдлар сонига ўрнатилган чеклов амал қилмайди;

кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш қилиш ва сотиш учун жойлар, фаолиятини кенгайтириш учун ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларида ер участкалари ажратилишида устуворлик қўлланилади;

маркетинг соҳасида доимий амалий ёрдам кўрсатилади ва уларнинг маҳсулотларини электрон тижорат (E-commerce) йўналишида кенг қўлланиладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғи веб-сайтлари орқали сотилишида зарур ташкилий ишларни йўлга қўйиш чоралари кўрилади;

ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда қатнашишда йўл чипталарига имтиёзлар қўлланилади. Хорижий давлатларда анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;     хорижий давлатларда анъанавий тарзда ўтказиладиган ҳунармандчилик соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва кўргазмаларда ҳунармандлар иштирок этишлари учун зарурий ташкилий кўмак кўрсатилади.

17-модда. Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар Реестри

Уюшма томонидан Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар Реестри юритилади ва унга қуйидаги ҳунармандлар аъзо сифатида киритилади:

туристик маршрутдаги манзил бўйича ўз устахонасида ёки ижара асосида фаолият юритувчилар;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереялар, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконлари, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўяётганлар;

Миллий каталогга киритилганлар;

Уюшманинг Бадиий кенгаши томонидан тавсия этилганлар.

18-модда. Бадиий кенгашлар

Уюшма ва унинг худудий тузилмалари қошида Бадиий кенгашлар тузилади.

Уюшманинг Бадиий кенгаши;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларининг Бадиий кенгаши.

Бадиий кенгашлар Уюшма аъзолари Конференциясида тасдиқланган Низомга асосан фаолият юритадилар.

III-боб. Ҳунармандчилик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш

19-модда. Ҳунармандчилик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари

Ўзбекистон Республикасида ҳунармандчилик фаолияти қуйидаги асосий йўналишлари бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватланади:

«Уста-шогирд» мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш;

ҳунармандчилик фаолияти субъектларига давлат рўйхатидан ўтишда кўмаклашиш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш, уларни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, хомашё ва материаллар билан узлуксиз таъминлаш, имтиёзли кредитлар бериш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш;

халқ ҳунармандчилиги ва ижодий анъаналари кенг ривожланган шаҳар ва туманларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ташкил этиш, ҳунармандчиликнинг ноёб турларини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш, истеъмолчиларга ҳунармандчилик маҳсулотлари етказиб бериш учун бозор инфратузилмасини шакллантириш;

ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини тақдимот қилишга кўмаклашиш.

Мазкур модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган йўналишлардаги чора-тадбирларни қўллашда давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳунармандчилик фаолияти турларининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ҳунармандларнинг манфаатларини инобатга олишлари шарт.

20-модда. Уюшма аъзоси бўлган ҳунармандга бериладиган имтиёз ва преференциялар

Уюшма аъзоси бўлган ҳунарманд қуйидаги имтиёз ва преференцияларга эга:

ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилади;

ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этиладилар;

шаҳар ва қишлоқ жойларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган ягона ижтимоий тўловнинг 50 фоизини тўлайдилар;

Уюшма аъзосига Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, "уста-шогирд" мактабларини ташкил этиш, уй-музейи ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларни тўлдириш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади. Бунда, Уюшма аъзосига тадбиркорлик лойиҳаларига тижорат банклари томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаларининг тўртдан бир қисми Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этади, шу жумладан, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олади;

хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмаркалар давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномалари тузмасдан амалга ошириши мумкин (бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди);

доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланишни, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилишни ихтиёрий тартибда амалга оширади;

давлат мулки объектлари учун ижара тўловини белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида ("ноль" харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш хоҳишини билдирган тақдирда, ушбу объект унга баҳоланган қийматида (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади). Бир неча ҳунарманд бир объектни ("ноль" харид қийматида) олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект белгиланган тартибда очиқ савдога (танловга) қўйилади ва унда фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этадилар. Модданинг ушбу  қисмида кўрсатилган шартлар асосида ҳунармандга берилган объектдан 5 йилдан кам бўлмаган вақт давомида ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фойдаланилиши лозим.

Мазкур Қонуннинг 8 – моддасида санаб ўтилган ҳунармандчилик фаолиятининг йўналишлари бўйича ҳунарманд томонидан янгидан давлат рўйхатидан ўтишдаги давлат божи ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш учун амалда белгиланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўланади.

Ҳунарманд белгиланган тартибда фуқароларни меҳнат шартномаси бўйича ишга қабул қилишга ҳақли.

Ҳунарманд ўз фаолиятини амалга ошираётганда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли, уларнинг матнлари мазкур шахс ҳунарманд эканлигидан далолат бериши лозим.

Мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилишга, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга ҳақли.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари учун бериладиган бошқа имтиёз ва преференциялар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Маҳсулоти халқ орасида ва халқаро майдонда эътирофга сазовор бўлган уста-ҳунарманд “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳунарманди” фахрий унвони билан тақдирланиши мумкин. “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳунарманди” фахрий унвони қонун билан таъсис этилади.

21-модда. Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини кредитлаш ва суғурта қилиш

Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини кредитлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳунармандчилик фаолияти субъектига кредитлар берилаётганда банклар, бошқа кредит ёки суғурта ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин. Тўловга қобилиятли юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўлиши мумкин.

22-модда. Давлат бошқаруви органларининг ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ваколатлари

Давлат бошқаруви органлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва тижорат банклари билан биргаликда (кейинги ўринларда – давлат бошқаруви органлари) ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши прогнозлари асосида қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболда ҳунармандчилик фаолияти ривожланишининг асосий молиявий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа кўрсаткичларини белгилайди;

ҳунармандларни маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё (шу жумладан мис, қора металл, ипак ва ёғоч) билан таъминлашнинг қулай тизимини жорий этади ҳамда қайта тикланадиган хомашё (тутзорлар, қаттиқ турдаги дарахтлар) базасини яратади;

устахоналар учун хоналарни ижарага бериш, махсус жойларни ажратишни йўлга қўяди, ҳунармандчилик буюмлари ва товарларини намойиш қилиш ва сотишга ихтисослаштирилган дўкон ва шаҳобчаларни ташкил этади;

ҳунармандчилик субъектларини маҳаллий хомашё, материаллар, асбоб-ускуна ва кичик механизация воситалари билан таъминлашда, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини ўтказишда, ёшларни ҳунармандчилик кўникмаларига ўқитиш учун зарур шарт-шароитлар яратишда амалий ёрдам кўрсатади;

ҳунармандчиликни ўрганаётган шогирдларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда "Уста-шогирд" стипендияси тўланади;

ҳунармандчилик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли микрокредитлар ажратади;

ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий комиссияларни тузади;

ҳунармандчилик билан шуғулланувчи шахслар учун ташқи реклама воситасини жойлаштирганлик учун маҳаллий бюджетга тўловнинг амалдаги ставканинг 50 фоизидан ошмайдиган имтиёзли тартибини жорий этади;

ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини қуришни ва фойдаланишга топширишни ташкил этади;

йирик савдо марказлари ва деҳқон бозорларида, туристик, меъморий-маданий объектлар ҳудудларида, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини сотиш учун барча зарурий шарт-шароитларга эга бўлган савдо расталари ташкил этилишини таъминлайди, мазкур савдо расталарида “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларини доимий жойлаштириш чораларини кўради;

миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий "Ҳунармандлар бозори" ва ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларини ташкил этади;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереяларини ташкил этадилар.

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудлари ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади ва уларга ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотиш учун кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари бириктирилади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари "Ҳунарманд" уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мурожаатига асосан ўзига бириктирилган ҳудудлардан бошқа ҳудудларда фаолият юритувчи ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатади.

IV-боб. Ҳунармандлар  ва шогирд

23-модда. Ҳунарманд ва шогирд ўртасидаги муносабатлар

Ҳунарманд ва шогирдлар ўртасидаги муносабатлар ўзаро аҳдлашув, ихтиёрийлик, меҳнатга мажбур қилишга йўл қўймаслик ва ижтимоий адолат, иш муомаласи одатларига, шунингдек, маҳаллий одатларга ва анъаналарга риоя қилиш асосида қурилади.

24-модда. Ҳунарманд томонидан шогирдларни жалб этиш тартиби

Ҳунармандчилик кўникмаларини эгалламоқчи бўлган шахсни ҳунарманд томонидан касбга ўргатишга жалб этиш “Уста-шогирд” мактаби асосида амалга оширилади.

Ҳунармандчилик фаолиятига ўргатиш ёзма равишда тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Ҳунарманд ва унинг шогирди шартноманинг тарафлари ҳисобланади.

Шартномада қуйидагилар баён қилиниши лозим:

тарафларнинг фамилия, исм-шарифи (шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг серияси, рақами, қаерда ва ким томонидан берилганлиги, доимий яшаш манзили);

шартноманинг тузилган жойи ва вақти; 

шартноманинг предмети;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартноманинг амал қилиш муддати ва уни бекор қилиш тартиби;

шартнома шартларини бузганлик учун жавобгарлик;

15 ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги.

Тарафларнинг келишувига мувофиқ, шартномада бошқа қўшимча шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Шартнома ҳунармандчилик фаолиятини ўргатиш муддатига тузилади.

Ҳунармандчилик фаолиятига ўргатиш муддати икки йилдан ошмаслиги лозим.

Шогирдларига иш ҳақи тўлаш миқдори ҳунарманд томонидан ўзаро келишув бўйича, уларнинг маҳсулот ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишдаги меҳнат улушидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ҳунарманднинг шогирди томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки товарлар (ишлар, хизматлар) сифатини назорат қилиш ҳунарманд томонидан амалга оширилади.

Ҳунарманд ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий жавобгар бўлади.

25-модда. Ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг ҳунармандчилик фаолиятида қатнашиши хусусиятлари

Шахс ўн олти ёшга тўлганда маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш учун ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин.

Ўн беш ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин.

Ўн саккиз ёшгача бўлган шахс ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашга уни умумтаълим мактаби ёки касб-ҳунар ўқув юртида албатта ўқиши шарти билан қўйилади.

Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан оилавий тадбиркорликда ёки ҳунармандчилик фаолиятида уларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда фойдаланиш таъқиқланади. Кўрсатиб ўтилган ишларда ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг тегишли нормалардан ортиқча оғирликдаги юкларни кўтаришига ва ташишига йўл қўйилмайди.

Ҳунармандчилик фаолиятида қатнашаётган ўн беш ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун эса – бир ҳафтада йигирма тўрт соатдан, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар учун иш вақти бир ҳафтада ўттиз олти соатдан ошмаслиги лозим.

26-модда. Ҳунармандларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳунармандлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижтимоий суғурта қилиниш ва иш даврларини меҳнат стажига ҳисоблаш;

амалга оширилаётган фаолият турига мувофиқ бўлган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш, шунингдек, уларни мустақил равишда ёки бошқача тарзда сотиш;

ҳунарманд фаолияти натижасида яратган ўз маҳсулотига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига эга бўлиш;

ўз тамғасига эга бўлиш;

амалга оширилаётган фаолиятдан олинган даромадни барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин тасарруф этиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки товарлар (хизматлар, ишлар)га мустақил равишда нарх белгилаш;

ишлаб чиқарилган махсулот ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда идентификациялаш, шу жумладан ўзи ишлаб чиқарган ва сотган маҳсулотини хорижга олиб чиқиш учун рухсатномани бериш;

Уюшма аъзолигига эга бўлганлар томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш.

Ҳунармандлар қуйидагиларга мажбур:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки товарлар (ишлар, хизматлар)нинг лозим даражада сифатлилигини таъминлаш;

махсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда бевосита қатнашиш;

хавфсизлик техникасини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини, шунингдек, ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар иш фаолиятини  тартибга солувчи меҳнат қонунчилиги нормаларини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан суғурта бадалларини тўлаш.

27-модда. Ҳунармандларнинг ҳуқуқлари устуворлиги

Ҳунармандлар ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шунингдек, банклар билан ўзаро муносабатларида ҳунармандларнинг ҳуқуқлари устуворлиги принципи амал қилиб, унга мувофиқ қонун ҳужжатларида ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар ҳунармандлар фойдасига талқин этилади.

28-модда. Ҳунарманд шогирдининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳунарманднинг шогирди қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўқитиш уста-шогирд анъаналари асосида амалга оширилган тақдирда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан стипендия олиш;

Ҳунарманднинг шогирди қуйидагиларга мажбур:

ҳунармандчиликни ўрганиш давомида ҳунарманднинг кўрсатмаларини бажариш;

хавфсизлик техникаси ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларига риоя этиш.

IV-боб. Якуний қоидалар

29-модда.  Ҳунармандчилик музейлари

Ҳунармандчиликнинг энг қимматбаҳо буюмларини асраш ва намойиш этиш, шунингдек, ҳунармандчилик фаолиятининг энг машҳур усталари меросини асраб-авайлаш, уларнинг ижодиёти билан яқиндан танишиш мақсадида Бадиий кенгаш томонидан маъқулланган Уюшма тақдимномасига асосан, Вазирлар Маҳкамаси ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органининг қарорига мувофиқ устахона-музей, уй-музейи ташкил қилиниши мумкин.

Устахона-музейлар ва уй-музейлари қошида “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этилиши мумкин. 

30-модда. «Уста-шогирд» мактабларида профессионал ўқитиш

Ҳунармандчилик фаолияти соҳасида банд бўлмаган фуқароларни профессионал ўқитиш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ҳунармандчилик кўникмаларига ўқитиш «Уста-шогирд» мактабларида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги ўқув юртларида ўқитувчи ва касбий таълим устаси сифатида уюшмага аъзо ҳунармандларни кенг жалб қилган ҳолда ҳунармандчиликнинг талаб юқори бўлган турлари бўйича “Уста-шогирд” йўналишида ўқитилади.

Ҳунармандчиликнинг айрим йўналишлари бўйича олий таълим муассасалари ва кадрларни қайта тайёрлаш тизимларида махсус ихтисосликлар ташкил этилиши мумкин.

"Уста-шогирд" мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.

31-модда. Ҳунармандчилик соҳасида илмий изланишлар

Ўзбекистон халқининг тарихий, маданий ва маънавий бойлигини ташкил этадиган ҳунармандчилик йўналишларини қайта тиклаш ва ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар давлат томонидан рағбатлантирилади.

Ҳунармандчилик соҳасида илмий тадқиқотларни рағбатлантириш илмий экспедицияларни молиялаштириш ва давлат грантлари ажратиш йўли билан амалга оширилади.

32-модда.   Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

33-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

               Ўзбекистон Республикаси

             Президенти                                                                                                Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон  Республикасининг “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида” ги Қонуни лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ   ХАТИ

I. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш учун асос

            Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5841-сонли Фармони 9-банди ижросини таьминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.

II. Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурияти

          Фармоннинг мазкур банди ижросини таьминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ҳунармандчилик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи,  ҳунармандчилик соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш мақсадида тажрибали ҳунармандларни жалб этган ҳолда, хорижий тажрибани, ҳамда  ҳунармандчилик фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан бошқарувнинг ҳозирги даврдаги умумий ҳолатини  ўрганиб чиқиб, унга ҳуқуқий баҳо бериш, унинг таҳририй баёнини тузиш, соҳага оид қўлланилаётган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни ўзида мужассамлаштирган ва ҳунармандчилик фаолияти субъектларига тўғридан-тўғри фойдаланиш имконини берувчи Ўзбекистон Республикасининг “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, меьёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вазифаси белгиланган.

III. Қонун лойиҳасининг мазмуни

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5841-сонли Фармони 9-банди ижросини таьминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Ҳунармандчилик фаолияти тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишни назарда тутади.

IV. Кутилган натижалар

Ушбу лойиҳани қабул қилиниши мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимиз, миллий ўзлигимиз, бетакрор қадрият ва анъаналаримиз тимсоли бўлган халқ амалий санъатини ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти  соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳунармандларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таьминлаш, ҳунармандчилик фаолиятини янада ривожлантириш, халқ ҳунармандчилиги ва амалий саньатнинг аньанавий турларини ривожлантириш, ҳунармандларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, миллий ҳунармандларнинг ном қозонган  маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш, миллий брендни тарғиб қилиш орқали Ўзбекистоннинг халқаро имиджини кўтариш ва мазкур соҳанинг чет эл инвестиция салоҳиятини яхшилашга хизмат қилади ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишни янада соддалаштирилишига олиб келади.

V. Молиявий харажатлар

Қонун лойиҳасини қабул қилиш давлат бюджетидан қўшимча молиявий харажатларни келтириб чиқармайди.

 

 

                 Раис                                                                                                                         А. Икрамов

         

            

 

 

 

Umumiy takliflar: 0

1188