Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16650 "O'zbekbaliqsanoat" Uyushmasi 08/04/2020 23/04/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Балиқчилик тармоғига интенсив технологияларни кенг жорий этиш ва тармоқ самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-16650

 

Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш, балиқчилик ва балиқ овловчи хўжаликларни самарадорлигини ошириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида балиқчилик тармоғига интенсив технологияларни кенг жорий этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, "Ипотека-банк"АТИБ ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси таклифларига розилик берилсин:

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ҳузурида “Балиқчилик тармоғини лойиҳавий молиялаштириш маркази” (кейинги ўринларда – Марказ) ни ташкил этиш, ходимларининг умумий чекланган сони 11 нафар;

 “Ипотека банк” АТИБ томонидан тақсимланмаган фойда ҳисобидан “Балиқчилик тармоғини лойиҳавий молиялаштириш маркази”га 100 миллиард сўм устав фонди (капитал) маблағларни даъво қилиш ҳуқуқисиз равишда ажратилишини таъминлаш;

Бир ой муддатда "Ипотека банк" АТИБ томонидан маблағларни "Марказ" устав капиталига ўтказилишини таъминлаш ва белгиланган тартибда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасига қабул қилиш-ўтказиш ишларини амалга ошириш.

"Марказ" ижро этувчи аппарати фаолиятини жорий таъминлаш ва молиялаштириш лойиҳаларни амалга ошириш натижасида олинган фойда ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

2. Қуйидагилар “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ҳузуридаги “Балиқчилик тармоғини лойиҳавий молиялаштириш маркази”нинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

- Интенсив усулда совуқ сувда яшовчи балиқ турлари (форел, лосос, осётр ва бошқалар)ни етиштириш учун янги балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш. Шунингдек, мавжуд балиқчилик хўжаликларини балиқ етиштиришнинг интенсив усулларига босқичма-босқич ўтказиш;

- Молиялаштириш ва биргаликда молиялаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ балиқчилик тармоғидаги лойиҳалар учун лизинг хизматларини кўрсатиш (молиявий ижара);

- Ёпиқ сув айланма тизимидан фойдаланган ҳолда балиқ чавоқларини етиштириш ва кўпайтириш бўйича замонавий наслчилик корхоналарини ташкил этиш;

- Балиқларни қайта ишлаш, тайёр ва ярим тайёр балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда жаҳон аналоглари асосида оқсилга бой балиқ озуқаларини ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш;

-Балиқ маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича балиқ логистика марказларини (фиш хаб) яратиш, тайёр ва ярим тайёр балиқ маҳсулотлари сотиш бўйича замонавий савдо ташкилотларини ташкил этиш;

- Янгидан ташкил этиладиган интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни лойиҳа-смета ҳужжатларини, техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқишда хорижий экспертлар тажрибасини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш;

- Интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа объектларини қуриш учун пудратчи ташкилотларни жалб этиш;

- Интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалини ишга тушириш;

- Тайёр маҳсулотни сотиш, шу жумладан экспорт қилиш учун лойиҳаларни прогноз параметрларига эришиш бўйича ишларни ташкил қилиш (лойиҳани бошқариш). Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш ва стандартлаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

- Салоҳиятли хорижий ва маҳаллий инвесторларни излаш ва тайёр лойиҳаларни амалга ошириш (улушнинг бир қисми ёки 100 фоизи) бўйича ишларни ташкил этиш;

- Аквакултура тармоғига ихтисослашган илғор хорижий мамлакатларнинг таълим ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда малакали профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни ўқув жараёни ва малака ошириш ўқув курсларига жалб этиш.

3. "Балиқчилик тармоғини лойиҳавий молиялаштириш маркази" ижро этувчи аппарати ташкилий тузилмаси №1-сон иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисига зарурат бўлганда “Марказ” бошқарув аппарати ходимларининг штатдаги чекланган умумий сони доирасида ижро этувчи аппарат тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Бир ой муддатда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси “Балиқчилик тармоғини лойиҳавий молиялаштириш маркази” фаолияти тўғрисидаги низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят хокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси талабномаси асосида интенсив усулда балиқ етиштириш, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва оқсилга бой озуқа ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа объектларини яратиш учун нол қийматда ер ажратилиши таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда сув ресурсларидан фойдаланилганда балиқчилик хўжаликлари учун сувдан махсус фойдаланиш тамойилига асосланган солиқ ставкаларини қўллаш бўйича таклифларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги №ПҚ-4005-сон қарорига №2-сон иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси билан биргаликда балиқчилик тармоғидаги амалга оширилаётган ислоҳотларни оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ў.И.Барноев ва Ж.А.Қўчқоровлар зиммасига юклатилсин.

Umumiy takliflar: 0

477