ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
1665 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 29/12/2018 13/01/2019 28

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом
ID-1665

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 21-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги Қонунининг

6 ва 25-моддаларига мувофиқ идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус, мактабдан ташқари таълим, касб-ҳунар таълими, олий, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш давлат ва нодавлат таълим муассасалари ҳамда таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларни (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари деб юритилади) таълим фаолиятини давлат аккредитациясидан (кейинги ўринларда — аккредитация деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Таълим ташкилотлари аккредитацияси Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ҳамда мазкур низомда белгиланган талаблар асосида ўтказилади.

3. Асосий тушунчалар

давлат аккредитацияси – давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларига, шунингдек, ўқув дастурларига жавоб беришининг давлат томонидан эътироф этилиши ҳамда унинг битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни топшириш ҳуқуқини беришдан иборат жараён;

давлат таълим муассасаси – фаолияти давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқариладиган, таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талаблари асосида таълим-тарбия беришни кафолатлайдиган муассаса;

давлат таълим стандартлари – давлат томонидан таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган мажбурий талаблар мажмуи;

давлат таълим талаблари – таълим мазмуни ва уни амалга ошириш шарт-шароитларига ҳамда таълим олувчиларнинг жисмоний, шахсий, интеллектуал, илмий, касбий сифатларига қўйиладиган меъёрлар ва талаблар мажмуи;

касб-ҳунар таълими – таълим олувчиларнинг мутахассисликлар (касблар)га доир касбий компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилган узлуксиз таълим тури;

кредит тизими – таълим олувчиларнинг билимини баҳолашда ўқув юкламаси ҳажмини шартли бирликларга ўтказиш ва жамлаш орқали амалга ошириладиган ўқитиш тизими;

мактабгача таълим – мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, одоб-ахлоқ жиҳатдан, эстетик ва жисмоний ривожлантириш, таълим-тарбия бериш ва мактабга тайёрлашга йўнатирилган узлуксиз таълим тури;

мактабдан ташқари таълим – ўқувчиларнинг қизиқишлари ва қобилиятларини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича таълим-тарбия фаолиятига йўналтирилган таълим тури;

малака талаблари – узлуксиз таълим тегишли босқичи битирувчисининг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар;

масофавий таълим – таълим олишнинг усулларидан бири бўлиб, дарс машғулотларининг Интернет ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда масофадан туриб амалга оширилиши;

нодавлат таълим муассасаси – таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ва ўқув дастурлари асосида таълим-тарбия беришни кафолатлайдиган нотижорат ташкилот;

таълим босқичи – таълим турларининг тегишли таълим дастурини якунланганлигини белгиловчи босқич;

таълим дастури –  таълимнинг асосий хусусиятларини (таълим ҳажми ва мазмуни, ундан кутилаётган натижалар), битирувчилар умумий тайёргарлигининг зарурий ва етарли даражасини, кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилишни ҳамда баҳолаш даражаларини белгилайдиган меъёрлар (ўқув режаси, тақвим режа, ўқув фан дастури, модуллар ва бошқа меъёрлар) ва талаблар мажмуи;

таълим сифати – таълим олувчилар тайёргарлигининг давлат таълим стандартлари ва давлат таълим талабларида белгилаб қўйилган меъёрларга мувофиқлик даражаси;

таълим фаолияти – таълим дастурларида назарда тутилган натижаларга эришиш учун таълим ташкилотчилари, педагог ходимлар, ишлаб чиқариш усталари ҳамда таълим ташкилотларининг бошқа ходимлари томонидан кетма-кет амалга ошириладиган ҳаракатлар мажмуи;

таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар – асосий ёки асосий фаолияти билан бир қаторда қўшимча фаолият сифатида лицензия асосида, таълим хизматларини амалга оширувчи тижорат ташкилотлари;

ўқитишнинг меъёрий муддатлари – таълим олувчилар томонидан ўқув режалари ва ўқув фани дастурлари ўзлаштирилиши учун белгиланган муддатлар;

ўқув дастури – ўқитиш тизими доирасида муайян ўқув фанларини мажбурий ўзлаштиришни назарда тутадиган, олинадиган билимлар, кўникмалар ва малакаларнинг мазмуни ва ҳажмини ҳамда уларнинг мавзулар, бўлимлар ва даврлар бўйича тақсимланишини белгилайдиган ҳужжат.

ўқув режаси – таълим фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги ва соатлардаги ҳажмини белгилайдиган норматив ҳужжат;

ўқув фани дастури – муайян фан бўйича таълим мазмуни, унинг таълим олувчилар томонидан ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган норматив ҳужжат;

ички баҳолаш (ўзини ўзи баҳолаш) – таълим ташкилотлари томонидан таълим фаолиятини аккредитация кўрсаткичлари ва мезонлари асосида ўзини ўзи баҳолаш жараёни бўлиб, унинг натижаси асосида ички баҳолаш ҳисоботи тузилади;

ташқи баҳолаш - аккредитация жараёнининг умумтан олинган ва ажралмас қисми ҳисобланиб, экспертлар комиссияси томонидан амалга оширилади. Экспертлар комиссияси таълим ташкилотининг ички баҳолаш ҳисоботида келтирилган маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ҳамда таълим ташкилотида таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқлиги ва кўрсатилаётган таълим хизматлари сифати ва самарадорлигини баҳолаш, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш ва таълим сифатини баҳолаш билан боғлиқ бошқа вазифаларни амалга оширади. Ўрганиш натижалари асосида ташқи баҳолаш хулосаси тайёрланади;

аккредитация экспертизаси – ички ва ташқи баҳолаш натижаларига асосан таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлигини аниқлашдан иборат;

экспертлар комиссияси – таълим ташкилотларида ташқи баҳолашни амалга ошириш учун Давлат инспекцияси томонидан экспертлар реестридан шакллантирилган гуруҳ;

таълим дастури аккредитацияси – таълим ташкилоти томонидан амалга оширалаётган таълим йўналишлари, мутахассисликлари, ихтисосликлари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари, касб ва мутахассисликларида таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқлигини эътироф этилиши.

4. Аккредитациянинг асосий принциплари:

аккредитация тизимини ташкил этилишининг мустақил ва объектив характердалиги;

тўла ошкоралик;

шаффофлик;

даврийлик, яъни таълим ташкилоти (таълим дастурлари) учун аккредитацияланганлик мақоми муддатининг чекланганлиги.

5. Таълим ташкилотларини аккредитациялаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Давлат инспекцияси деб юритилади) томонидан аккредитация экспертизаси натижаларига асосан амалга оширилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ташкил этилган таълим муассасалари 5 йилга қадар аккредитацияланган деб ҳисобланади.

Янги ташкил этилган таълим ташкилотларини аккредитация экспертизасидан ўтказиш битирув якунларига кўра таълим олувчилар тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.

7. Лицензияга эга бўлган, аккредитациядан ўтмаган нодавлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда – нодавлат таълим ташкилотлари деб юритилади) битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган намунадаги маълумот тўғрисидаги ҳужжат аккредитация қилинган таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари бўйича имтиҳонлар топширгандан кейин берилади.

8. Таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш Давлат инспекцияси томонидан ташкил этилади.

9. Таълим ташкилотлари (таълим дастурлари) 5 йилда бир марта аккредитация экспертизасидан ўтказилади.

Олий таълим муассасаси таркибида филиаллар ва олий ўқув юртидан кейинги таълим тури мавжуд бўлса, уларнинг аккредитация экспертизаси олий таълим муассасасининг асосий таълим фаолиятини аккредитация экспертизаси билан бир вақтда ўтказилади.

10. Таълим ташкилотларини аккредитациялаш қуйидаги босқичлардан иборат:

аккредитация жараёнига тайёргарлик кўриш;

таълим ташкилоти томонидан ўтказилган ички баҳолаш натижаларини таҳлил қилиш;

экспертлар комиссияси томонидан таълим ташкилотини ташқи баҳолаш;

аккредитация комиссияси томонидан таълим ташкилотини аккредитациялаш бўйича қарор қабул қилиш;

аккредитациялаш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва таълим ташкилотини ривожлантириш бўйича ўрнатилган тартибда йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда ижрога йўналтириш;

йўл харитаси ижроси назоратини олиб бориш.

11. Олий таълим муассасаси таркибидаги таълим сифатини назорат қилиш бўлими ушбу олий таълим муассасасида ички баҳолашни амалга оширади.

Бошқа таълим ташкилотларида ички баҳолаш таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан ўтказилади.

12. Таълим ташкилотининг ички баҳолаш комиссияси ушбу Низомда белгиланган кўрсаткичлар асосида ўзини ўзи икки ой олдин баҳолайди ва натижаларини ташқи баҳолаш бошланишидан камида бир ой олдин таълим муассасаси раҳбарининг электрон имзоси билан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этади.

13. Таълим ташкилотини ички баҳолашнинг асосий мақсади:

таълим ташкилоти (таълим дастурлари)нинг фаолиятини аккредициялаш кўрсаткичлари ва мезонлари асосида баҳолаш;

таълим ташкилотида таълим сифати ва мазмунининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

ички баҳолаш натижалари бўйича мавжуд муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

таълим ташкилотида ташқи баҳолашни ўтказишга замин яратиш.

II. Ташқи баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби

14. Экспертлар базасини шакллантириш учун тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳудудлар кесимида малакали мутахассислар рўйхати Давлат инспекцияси сўровига мувофиқ тақдим этилади.

Давлат инспекцияси томонидан экспертлар реестри шакллантирилади. Таълим ташкилотлари (таълим дастурлари)ни ташқи баҳолаш учун таълим турига мос равишда экспертлар реестрдан танлаб олинади. Хорижий экспертлар аккредитациялаш жараёнига жалб қилиниши мумкин.

Экспертларга қўйиладиган талаблар, уларни танлаш, ўқитиш, реестрини юритиш тартиби Давлат инспекцияси томонидан ўрнатилади.

Ташқи баҳолаш экспертлар комиссияси томонидан таълим ташкилотларига чиқмасдан ҳам амалга оширилиши мумкин. Экспертлар комиссиясининг ишлаш тартиби Давлат инспекцияси томонидан белгиланади.

Эксперт комиссияси томонидан ташқи баҳолаш якунлари бўйича хулосалар умумлаштирилади. Агар ташқи баҳолаш жараёнида таълим ташкилоти фаолияти давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мос келмаслик ҳолатлари аниқланса, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи қўшимча маълумотлар олинади.

Масофавий таълим технологиялари асосида таълим олиб борилаётган таълим ташкилотлари (таълим дастурлари)да ташқи баҳолашни ўтказиш жараёнида экспертлар комиссиясига таълим олувчиларнинг эришган натижалари, улар томонидан фан дастурларининг ўзлаштирилиш ҳолати ва таълим олувчиларнинг таълим фаолияти билан боғлиқ бошқа маълумотларини таҳлил қилиш учун электрон-ахборот базага киришга рухсат берилади.

15. Экспертлар комиссияси таълим ташкилотларини қуйидаги муддатларда ташқи баҳолашдан ўтказади:

мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва мактабдан ташқари таълим муассасалари – 3 иш кунигача;

касб-ҳунар таълими муассасалари – 6 иш кунигача;

олий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари – 12 иш кунигача;

кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари – 10 иш кунигача.

16. Аккредитация экспертизаси жараёнида таълим турлари бўйича таълим ташкилотларининг охирги икки йиллик фаолиятини комплекс таҳлил этиш асосида қуйидагиларга алоҳида эътибор берилади:

а) мактабгача таълим ташкилотларида:

таълим-тарбия жараёнининг давлат талабларига мувофиқ ташкил этилганлиги;

тарбияланувчиларнинг ривожланиш даражаси;

раҳбар, тарбиячи-педагог кадрлар салоҳияти;

моддий-техник базаси ҳолати, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материаллар, ўйин ва ўйинчоқлар ва бадиий адабиётлар билан таъминланганлиги, муассаса ҳудуди ҳамда биносининг белгиланган санитария-гигиеник ва эстетик талабларга мослиги.

б) умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида:

таълим жараёнига давлат таълим стандартларининг жорий этилганлиги;

ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим стандартларига мувофиқлиги;

ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг дарслик ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси;

педагог кадрлар салоҳияти;

таълим жараёнига замонавий ўқитиш услублари ва ахборот технологияларининг жорий этилганлиги;

моддий-техник таъминоти;

маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилиш сифати;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг сифати ва уларга касбий таълим бериш ҳолати;

рейтинг баҳолаш тизимининг қўлланилиш сифати;

битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ҳолати;

мактаб фаолияти юзасидан ўтказилган ижтимоий сўров натижалари;

в) касб-ҳунар таълими муассасаларида:

ўқув-тарбиявий жараённинг давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этилганлиги;

таълим муассасаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг таълим-тарбия жараёнига жорий этилганлик ҳолати;

ўқувчиларнинг ўқув режасидаги фанларни ўзлаштириш даражаси (билими);

педагог, муҳандис-педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва уларнинг сифат таркиби;

ўқув режасидаги фанлар бўйича зарур ўқув адабиётлари (дарслик, ўқув қўлланма, маърузалар тўплами, услубий қўлланма, электрон дарсликлар)нинг мавжудлиги ва Ахборот-ресурс маркази (кутубхона) фондининг улар билан тўлдирилганлиги;

Ахборот-ресурс маркази (кутубхона)нинг ўқитиш тилига мос ҳолда ўқув, услубий, сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий ва бадиий адабиётлар билан бойитилиши;

моддий-техник таъминоти ва улардан ўқув жараёнида фойдаланиш ҳолати;

замонавий педагогик, ахборот коммуникация ва инновацион технологияларини қўлланилиши;

халқаро ва республика касбий кўрик-танловлар ғолиблари салмоғи;

таълимнинг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси, таълим муассасаларида васийлик кенгашларининг ташкил этилганлиги ҳамда улар фаолиятининг самараси;

касбга йўналтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлиги, таълим муассасасига ўқувчилар қабул қилиш жараёнининг ташкил этилиши ва амалга оширилиши;

битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга кириш ҳамда ишга жойлашиш даражаси;

маънавий-маърифий ишларнинг ташкил этилганлиги

ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳамда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳолати;

г) олий таълим ташкилотларида:

бошқарув фаолияти;

давлат таълим стандартларининг ўқув жараёнига жорий этилиши;

талабаларнинг фан дастурларини ўзлаштириш даражаси (билими);

профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳияти ва уларнинг мутахассисликларини дарс бераётган фанларига мувофиқлиги;

талабаларнинг фан дастурларида берилган дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланганлик даражаси, электрон кутубхона тизимининг мавжудлиги, фойдаланиш самарадорлиги ва мустақил таълимда ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятининг яратилганлиги;

электрон таълимнинг жорий этилганлиги, замонавий педагогик, ахборот коммуникация ва инновацион технологияларини қўлланилиши;

маънавий-маърифий фаолият ва ижтимоий муҳит;

илмий-тадқиқот фаолияти;

иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш ҳолати;

битирувчилар томонидан битирув малакавий ишлари ва магистрлик диссертацияларининг бажарилиш ҳолати (сифати), якуний давлат аттестацияси фаолияти ва натижалари;

маҳаллий ва хорижий ҳамкорлик (таълимнинг ишлаб чиқариш ва илм-фан билан интеграцияси, бириктирилган таълим муассасаси билан ҳамкорлик, жамият олдидаги масъулият)

моддий-техник таъминоти, компьютерлаштириш салмоғи ҳамда улардан фойдаланиш ҳолати, ўқув-лабораторияларининг замонавий асбоб-ускуналар билан ҳамда фойдали ўқув-лаборатория майдони билан таъминланганлик даражаси;

битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларига ўқишга ёки ишга жойлашиши;

Иш берувчиларнинг тайёрланган олий маълумотли мутахассис кадрлар сифатидан қониқиш ҳолати.

г1) олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида:

давлат талабларининг таълим жараёнига жорий этилиши;

фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) диссертациялари мавзулари ва бажарилаётган илмий-тадқиқот ишларнинг республика илмий-техник ҳамда технологик ривожланиш ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларига мослиги;

илмий маслаҳатчилар таркибининг сифат кўрсаткичлари ҳамда уларнинг илмий-ташкилий фаолияти натижалари;

кадрлар тайёрлаш бўйича истиқбол режанинг устувор йўналишларга мослиги;

таълимни амалга ошириш жараёнига жалб этилган педагог ва илмий ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси эътироф этган журналларда, шунингдек хорижий нашрларда илмий мақолаларни чоп этиш фаолияти;

илмий-экспериментал, моддий-техник базанинг ҳолати;

таянч докторант ва докторантларга ижтимоий, илмий, ижодий ҳамда лойиҳалаш ишларини олиб боришлари учун яратилган шарт-шароитлар;

таянч докторант ва докторантларнинг шахсий иш режаларининг бажарилиши, ҳисоботларининг олий таълим муассасаларининг кенгаши ёки илмий тадқиқот муассасаларининг илмий (илмий-техникавий) кенгашлари, тегишли бўлим, лаборатория ва бошқаларда муҳокама қилинганлиги ҳамда тасдиқланган режага мос деб топилганлиги;

таянч докторант ва докторантлар фаолияти самарадорлиги мониторингини олиб борилиши ҳолати;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институтини битирган таянч докторантларнинг фалсафа доктори (PhD) ва докторантларнинг фан доктори (Doctor of Science) диссертацияларини ҳимоя қилиш ҳолати;

фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Doctor of Science) диссертациялари доирасида олинган илмий натижаларнинг амалиётга жорий этиш ҳолати ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлиги.

д) кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаларида:

тузилма ва бошқарув;

давлат талабларининг ўқув жараёнига жорий этилиши;

моддий-техник таъминот;

педагог ходимларнинг илмий-педагогик салоҳияти;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот коммуникация технологияларининг жорий этилиши;

таълимнинг ишлаб чиқариш билан интеграцияси ҳамда халқаро ҳамкорлик фаолияти.

битириш имтиҳонлари, малака ва битирув ишларини бажарилиши;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш якуни бўйича дипломлар, гувоҳномалар, сертификатларни берилиши ва расмийлаштирилиши.

е) мактабдан ташқари таълим муассасаларида:

1). Баркамол авлод маркази:

тўгарак аъзоларининг билим даражаларининг давлат талабларига мувофиқлиги;

маданий-оммавий тадбирларнинг самарадорлиги;

тўгарак хоналарининг жиҳозланиш ва улардан фойдаланиш даражаси.

педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва педагог кадрлар салоҳияти;

2). Болалар мусиқа ва санъат мактаби:

таълим жараёнига давлат таълим талабларининг жорий этилганлиги;

ўқувчилар билим даражаларининг давлат таълим талабларига мувофиқлиги;

ўқув-услубий ишларнинг олиб борилиши ва ўқувчиларнинг чолғулар, ноталар ҳамда услубий қўлланмалар билан таъминланганлик даражаси;

маданий-оммавий тадбирларнинг ташкил этилиш ҳолати;

педагог кадрлар билан таъминланганлик даражаси ва педагог кадрлар салоҳияти;

моддий-техник таъминоти ва унинг таълим йўналишларига мослиги;

3). Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби:

спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машғулотларининг ўқув дастурларига мослиги;

спорт мусобақаларини ўтказиш календарь режасининг тузилиши ва унинг бажарилиш ҳолати;

кадрлар билан таъминланганлик даражаси;

спорт турлари бўйича спорт базасининг мавжудлиги;

спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланганлик даражаси;

республика ва ҳудудий терма жамоалар бўйича асосий ва ўринбосар таркибига номзодларни тайёрлаш даражаси;

спорт таълим муассасаси терма жамоасининг халқаро, республика ва ҳудудий спорт мусобақаларида эришган натижалари;

спорт таълим муассасасида ташкил этилган спорт тадбирлари таҳлили;

спорт турлари бўйича ўқув-услубий адабиётлар билан таъминланганлик даражаси;

ўқувчи-спортчиларни спорт тайёрлов гуруҳнинг кейинги босқичларида сақланиб қолиш мониторинги;

ўқувчи-ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилиш ҳолати.

17. Экспертлар комиссияси таълим ташкилотининг ички баҳолаш бўйича тақдим этган маълумотларини ҳаққонийлигини ўрганади, кўрсаткичларга шубҳа туғилган ҳолларда улар экспертлар комиссияси томонидан қайтадан ўрганилади.

18. Нодавлат таълим ташкилотларини аккредитаци экспертизасидан ўтказганлик учун йиғим миқдори:

мактабгача, умумий ўрта ва ўрта-махсус ҳамда мактабдан ташқари таълим ташкилотлари учун - энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;

касб-хунар таълими ташкилотлари учун – энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида;

олий таълим ташкилотларининг аккредитацияга жалб этиладиган таълим йўналишлари ва мутахасисликларининг ҳар бири учун - энг кам иш ҳақининг 7 баробари миқдорида;

олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг ҳар бир ихтисослиги учун - энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим ташкилотларининг ҳар бир курслари учун - энг кам иш ҳаққининг 1 баробари миқдорида;

Ташқи баҳолашдан ўтказганлик учун йиғим Давлат инспекциясининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

19. Давлат инспекцияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда тасарруфида таълим муассасалари бўлган бошқа вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда таълим ташкилотларини аккредитация экспертизасидан ўтказиш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда аккредитация экспертизаси улар асосида ўтказилади.

20. Таълим ташкилотлари томонидан аккредитация ўтказиш тўғрисидаги ариза ва унга илова этиладиган ҳужжатлар давлат инспекциясига қуйидаги шакллардан бирида тақдим этилади:

а) қоғоз шаклида – ўрнатилган тартибда, таълим муассасасининг ишончли вакили, почта алоқа хизмати орқали;

б) электрон шаклида – Давлат инспекциясининг веб-сайтида жойлашган махсус портали орқали электрон имзоланган ҳолатда.

Давлат инспекцияси тақдим этилган ариза ва унга илова этилган ҳужжатларни 2 иш куни ичида рўйхатдан ўтказади ва 10 иш куни давомида ўрганади.

Ариза ва унга илова этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, таълим ташкилотига камчиликларни тузатиб 10 иш куни ичида қайта тақдим этиш учун хабарнома киритилади. Белгиланган муддатда ҳужжатларни қайта киритилмаслиги ёки қайта тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликларнинг бартараф этилмаганлиги аккредитациянинг ўтказилмасликка асос бўлади.

21. Таълим ташкилотлари томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига аккредитация муддати тугашидан олдинги йилнинг 1 октябрига қадар аккредитациядан ўтказиш тўғрисида ариза тақдим этилиши зарур (янги ташкил этилган таълим ташкилотлари биринчи битирувчини чиқарган ва 2 йил фаолият юритгандан сўнг ташқи баҳолашдан ўтказилади).

22. Тасарруфида таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар ва нодавлат таълим ташкилотлари аккредитация экспертизасидан ўтиш жадвалини ҳамда текширувга оид ҳужжатларни ташқи баҳолаш бошланишидан 2 ой олдин Давлат инспекциясидан оладилар.

23. Таълим ташкилоти аккредитациядан ўтиш тўғрисидаги аризани унга қуйидаги ҳужжатларни илова этган ҳолда Давлат инспекциясига тақдим этади:

юридик шахс сифатда давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини;

таълим фаолиятини юритишга рухсат берувчи лицензия нусхасини (нодавлат таълим ташкилотлари учун);

ички баҳолашга оид материалларни;

таълим ташкилотининг тўлиқ ва қисқартирилган номини, жойлашган жойини, контакт телефон рақамларини ва электрон почтаси манзилини, “Интернет” тармоғидаги расмий сайтини (агарда филиали мавжуд бўлса, унда худди ушбу маълумотларни филиал бўйича ҳам тақдим этади);

солиқ тўловчининг идентификация рақамини;

аккредитациядан ўтказиш учун йиғим тўлаганлигини тасдиқловчи хужжат нусхасини (нодавлат таълим ташкилотлари учун);

аккредитациядан ўтказиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлари, курслари, ихтисосликлари, тайёрлов йўналишлари ва касблар рўйхатини. 

24. Давлат инспекциясида аккредитация экспертизасидан ўтувчи таълим ташкилотлари учун аккредитация экспертизасини ўтказиш ва унинг натижалари билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар йиғмажилди жамланади. Уларга қуйидагилар киради:

Экспертлар комиссияси тузиш ҳақидаги буйруқ (қарор);

аккредитация экспертизаси натижалари бўйича экспертлар комиссияси хулосаси;

аккредитация бўйича Давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи.

Ҳужжатлар йиғмажилди навбатдаги аккредитация экспертизаси ўтказилгунга қадар Давлат инспекциясида сақланади.

III. Экспертлар комиссияларини ташкил этиш ва уларнинг таркиби

25. Мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини ташқи баҳолаш учун Давлат инспекцияси, тегишлилиги бўйича Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт, Соғлиқни сақлаш ва бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилади. Экспертлар комиссиялари юқоридаги ташкилотларнинг ҳудудий бўлим ва бошқармаларининг қўшма қарори билан тузилади ва таркибига Давлат инспекцияси, тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) мактабгача, халқ таълими, маданият ишлари, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўлими ва Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари, ота-оналар қўмитаси (кузатув кенгаши) вакиллари ҳамда тажрибали мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари жалб этилади.

Экспертлар комиссияси таркибига хорижий экспертлар ҳам киритилиши мумкин.

Давлат инспекцияси (ҳудудий бўлими) вакили экспертлар комиссияси таркибига раис ўринбосари сифатида киритилади ҳамда таълим муассасалари фаолиятини ташқи баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади.

26. Бевосита вазирлик ва идораларга бўйсунувчи Республика умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари учун эксперт комиссиялари таркибига ушбу вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг вилоятлардаги бошқармалари мутахассислари, таълим муассасалари педагоглари жалб этилади. Экспертлар комиссияси Давлат инспекцияси томонидан тузилиб, унга Давлат инспекцияси ходими раҳбарлик қилади.

27. Касб-ҳунар таълими муассасалари, олий таълим муассасалари, олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим ташкилотлари учун экспертлар комиссиялари таркибига мос равишда таълим муассасаларининг педагог ва раҳбар ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ва тармоқ илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, таълимни бошқарув бўйича ваколатли давлат органларининг масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ва тегишли ишлаб чиқариш корхоналарининг юқори малакали мутахассислари жалб этилиши мумкин, улар аккредитация экспертизаси ўтказилаётган таълим муассасаларига алоқадор бўлмаслиги лозим.

Экспертлар комиссияси Давлат инспекцияси томонидан тузилиб, унга Давлат инспекцияси ходими раҳбарлик қилади.

Экспертлар комиссияси таркибига хорижий экспертлар ҳам киритилиши мумкин.

28. Комиссия аъзоларининг хизмат сафарлари билан боғлиқ бўлган харажатлар уларнинг асосий иш жойи маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бунда тегишли бюджет ташкилотларидан жалб қилинган экспертлар комиссияси аъзоларининг хизмат сафари билан боғлиқ бўлган харажатлари ушбу бюджет ташкилотларининг тасдиқланган харажатлар сметасида хизмат сафари учун кўзда тутилган маблағлар доирасида амалга оширилади.

29. Комиссиялар таркиби ва иш муддати таълим муассасаларининг тури ҳамда таълим йўналишларига қараб белгиланади.

IV. Аккредитация экспертизаси якунлари

30. Таълим ташкилотининг аккредитация экспертизаси натижалари асосида комиссия томонидан кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатининг давлат таълим стандартлари ҳамда давлат талабларига мувофиқлиги ҳақида хулоса тайёрланади.

31. Экспертлар комиссияси ички баҳолаш ҳисоботи ва бошқа тақдим этилган хужжатларда хаққоний бўлмаган маълумотлар мавжудлиги аниқланиши таълим ташкилоти (таълим дастури)нинг аккредитациядан ўтказилишини рад этилишига асос бўлади ва “аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади ҳамда давлат намунасидаги таълим тўғрисидаги хужжатни бериш хуқуқидан маҳрум этилади. Ушбу таълим ташкилотига бир йилдан сўнг қайта аккредитациядан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилиш имконияти берилади.

32. Комиссия таълим ташкилотлари раҳбарияти билан биргаликда таълим муассасаси фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқади.

Давлат инспекцияси аккредитация экспертизаси жараёнида аниқланган камчиликлар ва нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назоратни ташкил қилади.

Таълим ташкилотлари “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чорак якунида Давлат инспекцияси сайтидаги электрон платформага киритиб боради ва бу орқали навбатдаги аккредитацияга сифатли тайёрланиш имконига эга бўлади.

Йўл харитасининг ижроси таъминланмаган тақдирда Давлат инспекцияси томонидан тегишли вазирлик ва идораларга ўрнатилган тартибда тақдимнома киритилади ва аккредитация сертификатининг амал қилиши вақтинча тўхтатилади.

33. Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини аккредитация экспертизаси бўйича экспертлар томонидан таълим муассасаси Уставида, нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг Низомида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан таълим ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

Ривожланиш даражаси кузатилган тарбияланувчиларнинг 55 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим ташкилоти мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда “Аккредитацияланган”;

Ривожланиш даражаси кузатилган тарбияланувчиларнинг 45 фоизи ва ундан кўпи «қониқарсиз» баҳоланиб, таълим ташкилоти мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан паст баҳоланганда “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади.

34. Мактабгача таълим ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилганда:

давлат таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича ваколатли органларга тақдимнома киритиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат таълим ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат таълим ташкилотлари учун) масаласи қўйилади.

35. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари фаолиятини аккредитация экспертизаси бўйича сўнгги икки йилда уларнинг битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва экспертлар томонидан ўтказилган назорат ишлари натижалари, таълим ташкилотлари томонидан давлат таълим стандартлари ҳамда Устав ва Низомларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиш даражаси асосида таълим ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 55 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда “Аккредитацияланган”;

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 45 фоизи ва ундан кўпи «қониқарсиз» баҳоланиб, таълим ташкилоти мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади.

36. Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилcа:

давлат таълим муассасаси раҳбариятининг малакаси етарли эмас деб топилади ҳамда (муассаса раҳбариятининг мазкур таълим муассасасидаги фаолияти 1 йилдан кам бўлмаган тақдирда) иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Акс ҳолда муассаса раҳбари мажбурий равишда навбатдан ташқари малака оширишга жалб этилади ва таълим муассасаси бир йилдан кейин қайта баҳолашдан ўтказилади;

лицензиянинг амал қилиши тугатилади (нодавлат таълим ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби берилади (нодавлат таълим ташкилотлари учун);

нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини бошқа таълим муассасаси битирувчилари билан қўшиб ўтказилади.

“Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган нодавлат таълим ташкилотларининг ўқувчиларини бошқа умумий ўрта таълим муассасаларига кўчириш масаласи туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга оширилади.

37. Мактабдан ташқари таълим ташкилотлари фаолиятини ташқи баҳолаш бўйича экспертлар томонидан ўтказилган назорат ишлари натижалари, таълим ташкилотлари томонидан давлат талаблари ҳамда Устав ва Низомларида белгиланган вазифаларнинг бажарилиш даражаси асосида таълим ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 55 фоизи ва ундан кўпи ижобий баҳоланиб, таълим муассасаси мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизи ва ундан кўпини тўплаганда “Аккредитацияланган”;

назорат ишларида қатнашган ўқувчиларнинг 45 фоизи ва ундан кўпи «қониқарсиз» баҳоланиб, таълим ташкилоти мезонда белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан кам балл тўплаганда “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади.

Мактабдан ташқари таълим ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилcа:

давлат таълим ташкилоти раҳбариятининг малакаси етарли эмас деб топилади ҳамда (муассаса раҳбарининг мазкур таълим муассасасидаги фаолияти 1 йилдан кам бўлмаган тақдирда) иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади. Акс ҳолда муассаса раҳбари мажбурий равишда навбатдан ташқари малака оширишга жалб этилади;

давлат таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича ваколатли органларга тақдимнома киритилади;

лицензиянинг амал қилиши тугатилади (нодавлат ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби берилади (нодавлат таълим ташкилотлари учун).

38. Касб-ҳунар таълими ташкилотларидаги мавжуд касб ва мутахассисликларнинг 55 ва ундан кўп фоизи аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари “Аккредитацияланган”, 55 дан кам фоизи аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади.

39. “Аккредитацияланган” деб эътироф этилган касб-ҳунар таълими ташкилотининг аккредитациядан ўтмаган касб ва мутахассисликларига қабул тўхтатилади.

“Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган касб-ҳунар таълими ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

давлат таълим муассасаси фаолиятини қайта ташкил этиш ёки тугатиш бўйича таълимни бошқарув давлат органларига таклиф киритиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавобини бериш (нодавлат таълим ташкилотлари учун).

“Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган нодавлат таълим ташкилотларининг ўқувчиларини бошқа касб-ҳунар таълим муассасаларига кўчириш масаласи касб-ҳунар таълимининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

41. Олий таълим ташкилотида мавжуд таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг умумий сонига нисбатан 67 ва ундан кўп фоизи “Аккредитацияланган” деб хулоса қилинса, таълим ташкилоти “Аккредитацияланган”, 67 дан кам фоизида “Акредитацияланмаган” деб эътироф этилади.

42. “Аккредитацияланган” деб эътироф этилган олий таълим ташкилотининг аккредитацияланмаган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул тўхтатилади.

43. Олий таълим ташкилотларининг аккредитациядан ўтмаган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари битирувчиларини якуний давлат аттестацияси ушбу олий таълим муассасасининг юқори турувчи вазирлик (идора) томонидан ташкил этилган махсус давлат аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.

44. “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган олий таълим ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

давлат таълим муассасасини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида таълимни бошқариш бўйича ваколатли органга тақдимнома киритиш;

давлат таълим муассасасининг мақомини ўзгартириш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат олий таълим ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим ташкилотлариучун).

45. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларда камида битта ихтисослик аккредитациядан ўтган тақдирда, улар ушбу таълим тури бўйича “Аккредитацияланган” деб эътироф этилади.

46. Олий ўқув юртидан кейинги таълим ихтисосликларини охирги 3 йилда битирган докторант ва изланувчилар диссертацияларининг илмий даража берувчи илмий кенгаш томонидан ҳимояга қабул қилинганлари сони 10 фоиздан кам бўлса, ихтисосликка нисбатан “Аккредитацияланмаган” деган қарор қабул қилинади.

47. “Аккредитацияланган” деб эътироф этилган олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларининг аккредитацияланмаган ихтисосликлари бир йилдан кейин қайта баҳолашдан ўтказилади.

48. Қайта баҳолаш натижаларига кўра “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган ихтисосликларга қабул тўхтатилади. Қайта баҳолаш натижалари қабулни тўхтатиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига юборилади.

49. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилганда:

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича қабул тўхтатилади;

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензиянинг амал қилиши тугатилади (нодавлат олий таълим ташкилотлари учун);

олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби берилади (нодавлат олий таълим ташкилотлари учун);

таълим олаётганлар илмий ишларини давом эттириши учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бошқа турдош таълим ташкилотларига ўтказилади.

50. Олий ўқув юртидан кейинги таълимни амалга оширувчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари (нодавлат таълим хизматларилари кўрсатувчи юридик шахслар)ни ташқи баҳолашдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг мониторинги натижалари ҳамда олий ёки илмий-тадқиқот таълим муассасалари (нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар) томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида жойларга чиқмаган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин.

51. Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотлари бўйича:

Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотларининг тузилма ва бошқаруви, давлат талаблари ва уларнинг Устав ва Низомида белгиланган вазифалари, ўқув жараёнининг ташкил этилиши, илмий-педагог кадрларнинг салоҳияти ва илмий-тадқиқот ва услубий фаолияти самарадорлиги, моддий-техник таъминоти, ишлаб чиқариш билан интеграция ва халқаро ҳамкорлик бўйича фаолияти Давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилган мезонлар билан баҳоланади. Мезонлар асосида Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотларида мавжуд курсларнинг 67 ва ундан кўп фоизи аккредитацияланганда, Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ташкилотлари “Акредитацияланган”, 67 дан кам фоизи аккредитацияланганда, Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотлари “Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилади;

“Аккредитацияланмаган” деб эътироф этилган Кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ташкилотлари тўғрисида қуйидаги хулосалардан бири қабул қилинади:

давлат таълим муассасасини қайта ташкил этиш тўғрисида таълимни бошқариш бўйича ваколатли органга тақдимнома киритиш;

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (нодавлат олий таълим ташкилотлари учун);

лицензия муддатини узайтиришга рад жавоби бериш (нодавлат олий таълим ташкилотлари учун).

52. Қабул тўхтатилган касблар, мутахассисликлар, таълим йўналишлари, ихтисосликлар, курсларни қайта очиш масаласи таълим ташкилотлари фаолиятида кўрсатилган камчиликлар тўла тугатилганидан сўнг, камида 1 йилдан сўнг тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар таклифлари асосида Давлат инспекцияси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

53. Аккредитациялашга тавсия этилган таълим ташкилотини аккредитациялаш учун зарур ҳужжатлар Давлат инспекциясига тақдим этилади.

V. Аккредитацияни ўтказиш тартиби

54. Таълим ташкилотларини аккредитациялаш учун Давлат инспекцияси қошида доимий фаолият кўрсатувчи Аккредитация комиссияси тузилади. Комиссия таркиби Давлат инспекцияси буйруғи билан тасдиқланади. Ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи таълим ташкилотларини аккредитациядан ўтказишда Аккредитация комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими жалб этилади. Давлат инспекцияси бошлиғи Аккредитация комиссиясининг раиси ҳисобланади.

55. Аккредитация таълим ташкилотининг аккредитация экспертизаси хулосасига кўра амалга оширилади. Аккредитация комиссияси таълим ташкилотини фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат талаблари мезони ҳамда талабларига жавоб беришини эътироф этиш билан биргаликда унинг мақомини ҳам белгилайди.

56. Таълим ташкилотини аккредитациялаш учун Экспертлар комиссияси томонидан таълим ташкилотининг аккредитация экспертизаси хулосаси Аккредитация комиссиясига тақдим этилади.

57. Таълим ташкилотини аккредитациядан ўтказиш ҳақидаги қарор аккредитация комиссиясига ҳужжатлар топширилгандан кейин бир ой муддатда қабул қилинади.

Таълим ташкилотларини аккредитациялаш юзасидан ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, таълим ташкилотларига 2 ҳафта давомида аккредитация ҳақида ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган шаклдаги сертификат берилади.

Сертификатда таълим ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, тури, мақоми ва сертификатнинг амал қилиш муддати қайд этилади.

Сертификатга таълим ташкилотларининг таълим турлари бўйича таълим дастурлари йўналиш ва мутахассисликлари рўйхати илова қилинади, мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари бундан мустасно (2-илова).

Сертификат 5 йил муддатга берилади.

Сертификат бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Сертификат бланкалари намуналари Давлат инспекцияси томонидан ишлаб чиқилади ва унинг буюртмасига кўра «Давлат белгиси» давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида тайёрланади.

Давлат инспекцияси бошлиғи сертификат бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

58. Таълим ташкилотлари қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда аккредитация ҳақидаги сертификат ўз кучини йўқотади.

59. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари (таълим дастурлари) доимий равишда таълим сифатини таъминлашлари шарт ва ушбу талабнинг бажарилиши Давлат инспекцияси томонидан даврий равишда назорат қилиб борилади. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари (таълим дастурлари) томонидан таълимга оид қонунлар бузилганлиги ёки амалга оширилаётган таълим хизматлари Давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мос келмаслиги ёки сертификатда белгиланган кўрсаткичлар доирасидан четга чиқиш ҳолатлари аниқланган тақдирда Давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда аккредитация ҳақидаги сертификат бекор қилинади.

60. Аккредитациядан ўтган таълим ташкилотлари Давлат инспекциясида ҳисобга олинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Таълим ташкилотлари янги ташкил этилганда, қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан, нодавлат таълим ташкилотлари тугатилганда уларнинг таъсисчилари томонидан тегишли қарор нусхаси бир ҳафта муддатда Давлат инспекциясига тақдим этилиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг ва хорижий давлатлар билан биргаликда ташкил этилган таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар таълим муассасалари филиаллари ўша давлатда тан олинган аккредитациядан ўтказувчи ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтганлиги тўғрисидаги ёки унга тенглаштирилган ҳужжатни асосий таълим муассасасидан олгандан сўнг, унинг нусхасини икки ҳафта муддатда Давлат инспекциясига тақдим этиши шарт.

Давлат инспекцияси ушбу ҳужжатлар асосида аккредитациядан ўтган таълим муассасалари реестрига тегишли ўзгартиришларни киритади.

61. Аккредитация экспертизаси ва аккредитация натижаларидан норози бўлган таълим ташкилотлари раҳбарлари ёки уларнинг таъсисчилари белгиланган тартибда судга мурожаат қилишлари мумкин.

Umumiy takliflar

1697