Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16634 O‘zbekiston Respublikasi Mahalla va oilani qo‘llab-quvvatlash vazirligi 08/04/2020 23/04/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида
ID-16634

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги
ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ташкил этилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 18 февралдаги
ПФ-5938-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлари ишлари бўйича ўринбосарлари Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари раислари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ масалалар бўйича давлат органлари, хўжалик бирлашмалари
ва жамоат ташкилотларидаги Фахрийлар кенгашларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва тегишлича Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари аъзолигига, қоида тариқасида, давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларида намунали хизмат кўрсатаётган меҳнат фахрийлари, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли ва ташаббускор кекса авлод вакиллари, Фахрийлар кенгашларининг фаол раислари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари – нуроний ходимлари, намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари қабул қилинади;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда нуроний онахонларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ижтимоий фаолликларини ошириш масалаларига устувор аҳамият қаратади;

ўз фаолиятида ижобий натижаларга эришган Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг фаол ва ташаббускор аъзолари, фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилиб борилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўн кун муддатда белгиланган тартибда:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳар ва туманларда Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом асосида Нуронийларнинг жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомларни;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари таркибини;

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари зиммасига юклатилган асосий вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг чораклик иш режалари тасдиқланишини таъминласин.

6. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар)лардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлари ишлари бўйича ўринбосарлари Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.

7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорда белгиланган вазифалар амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Маматов, Вазирлар Маҳкамасининг Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири                                                                                                    А.Арипов

 

Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лардаги Нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда – Нуронийлар кенгашлари) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини
ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Нуронийлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

3. Нуронийлар кенгашларининг таркиби тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар)лардаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари (кейинги ўринларда – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари) бошлиқларининг қарорлари билан ташкил этилади.

4. Нуронийлар кенгашларининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.

5. Нуронийлар кенгашлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг меъёрий ҳужжатларига, мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

6. Нуронийлар кенгашлари тўғрисидаги низом ва унга киритиладиган ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.

7. Нуронийлар кенгашлари қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.

 

2-БОБ. НУРОНИЙЛАР КЕНГАШЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ, ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

8. Қуйидагилар Нуронийлар кенгашларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;

қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кекса авлод вакилларининг манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда нуронийларнинг манфаатларига дахлдор вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

нуронийларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кекса авлод вакилларининг фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича уларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш юзасидан мутасадди ташкилотларга таклифлар киритиш;

маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш.

9. Нуронийлар кенгашлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:

кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади, ушбу масалада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига кўмаклашади;

қариялар, ногиронлиги бўлган нуронийлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кенгайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, ҳаракат-таянч тизими касалликларини ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш даражасини ўрганади ва уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлайди;

муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган нуронийларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

б) қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кекса авлод вакилларининг манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда нуронийларнинг манфаатларига дахлдор вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида:

тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирлар режаларини, шу жумладан кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлашга оид бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди,
қабул қилинган қарорлар ва дастурларни амалга оширишда ваколатлари доирасида иштирок этади, бажарилган ишларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, шунингдек, йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ижтимоий, маънавий-маърифий соҳадаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни маҳаллаларда амалга оширишда кекса ёшдагиларни фаол жалб этишга кўмаклашади;

меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда ва оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш ишларига ёрдамлашади;

нуронийларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни, шу жумладан “Оила – муқаддас” деган эзгу ғоя тарғиботидаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

аҳоли ўртасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оилаларда фарзандларни маънавий-аҳлоқий тарбиялаш ва жамият олдидаги маъсулият ҳиссини оширишда нуроний отахон ва онахонларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланишга қаратилган тарғибот тадбирларини уюштиришга кўмаклашади;

маҳаллаларда ва оилаларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, кексаю-ёшнинг пиёда юришларини ташкил этиш, оммавий спортни ривожлантириш ишларини “умуммиллий ҳаракат”га айлантиришда нуронийларнинг ташаббускор бўлишларини тарғиб қилади;

маҳаллаларда тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилишини таъминлашда нуронийларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаб боради;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принципларига риоя этилишини таъминлашда фаол иштирок этади;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари зиммасига юкланган ҳамда нуронийларнинг манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

в) нуронийларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кекса авлод вакилларининг фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш соҳасида:

соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кекса авлод вакилларига доимий равишда тушунтириб боради;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан кекса авлод вакилларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўради;

нуронийларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик, шу жумладан кекса авлод вакилларининг фикрини тизимли мониторинг ва ва ҳар томонлама таҳлил қилиб қилиб боради;

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида кекса авлод вакиллари, шу жумладан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларни мамлакатимиздаги тарихий жойлар билан таништириш учун сайёҳлик сафарларини, зиёрат туризмларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритади;

г) ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича уларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш,
уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш юзасидан мутасадди ташкилотларга таклифлар киритиш соҳасида:

маҳаллаларда аҳоли, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси ­– маҳалла” принципи асосида ҳамкорлик тизимини самарали ташкил этишда фуқаролар йиғинларидаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари аъзоларини, ижтимоий фаол меҳнат фахрийларини кенг жалб этиш чораларини кўради;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг кекса авлод вакиллари, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар билан учрашувларини, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни ташкиллаштиришда, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг ўтказади;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг
уй-жой, ижтимоий-маиший шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда кўмаклашади;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда мутасадди ташкилотларга тақдим этади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларда тадбиркорлик руҳини уйғотиш ҳамда оилавий салоҳиятни рўёбга чиқаришда ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда оила аъзоларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашади;

д) маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш соҳасида:

ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳамда юксак маънавиятли ва садоқатли қилиб вояга етишларида кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, бу борада ҳарбий округлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўради;

меҳнат фахрийларини таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнига фаол жалб этади, уларнинг бой касбий ва ҳаётий тажрибасини ёшлар билан ишлашга йўналтиради;

нуронийларнинг ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, ёши катта инсонларни ҳурмат қилиш, мардлик, жасурлик, ҳалоллик, адолатлилик, эзгулик ва раҳмдиллик каби эзгу туйғуларни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этади;

ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар ўртасида лоқайдлик ва боқимандаликнинг олдини олиш, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик билан шуғулланишлари, томорқа маданиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш ва ножўя хатти-ҳаракатлардан қайтариш каби тадбирларда нуронийларнинг фаоллигини ошириш чораларини кўради;

кекса авлод вакилларини маҳаллалар, кўчалар, қабристонлар ва хонадонлар тозалиги ҳамда ободлигини таъминлашнинг аҳамиятини ёшларга ўргатиш, уларни ушбу ишларга сафарбар қилишдаги ташаббускорликка чорлайди;

кексалар ва фахрийларнинг (ёшини ҳисобга олган ҳолда) ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида “Нуронийлар масканлари”да ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

кекса авлод вакиллари ўртасида тўрт босқичли “Ёшлар мураббийси” кўрик-танловининг маҳаллалараро (саралаш), туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказишда масъуллар ҳамда иштирокчилар томонидан қонунийлик, шаффофлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик каби принципларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

10. Нуронийлар кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари йиғилишлари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор кекса авлод вакилларини “Маҳалла ифтихори” ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирлаш юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига Нуронийлар кенгашлари ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;

кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тақдим этадиган ахборотларига таклифлар киритиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган дастурлар ва режалар лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

кекса авлод вакилларининг мурожаатларига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;

фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари, “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар бериш;

зиммасига юклатилган вазифалар ижроси самарадорлигини ошириш мақсадида кекса авлод вакиллари ўртасида турли кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг розилиги билан уларнинг уй-жой ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари билан танишиш;

Нуронийлар кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, зарур ҳолларда уларга давлат органлари ва жамоат ташкилотлари масъул ходимларини ҳамда маҳалла фаолларини таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Нуронийлар кенгашлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам амалга ошириши мумкин.

11. Нуронийлар кенгашлари ўз фаолиятини амалга оширишда:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;

фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;

жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.

Нуронийлар кенгашларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

 

3-БОБ. НУРОНИЙЛАР КЕНГАШЛАРИНИНГ ТАРКИБИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

 

12. Нуронийлар кенгашларининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида Нуронийлар кенгашларига раислик қилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича мутахассислари бир вақтнинг ўзида Нуронийлар кенгашларининг котиблари ҳисобланади.

Нуронийлар кенгашлари раисларининг ўринбосарлари Нуронийлар кенгашлари аъзолари орасидан йиғилиш иштирокчиларининг учдан икки қисми овози билан сайлаб олинади.

13. Нуронийлар кенгашлари туман (шаҳар)ларда 15-25 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 30-40 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади.

Нуронийлар кенгашлари аъзолари, қоида тариқасида:

а) давлат органлари ва жамоат ташкилотларида, маҳаллаларда намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари;

б) давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларидаги Фахрийлар кенгашларининг фаол раислари;

в) жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли ва ташаббускор зиёлилар;

г) нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ­– нуроний ходимлари;

д) намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари ҳисобидан шакллантирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Нуронийлар кенгашлари таркибига ҳудуддаги туман (шаҳар)лар кенгашлари раислари киритилади.

14. Нуронийлар кенгашларининг таркиби Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.

15. Қуйидаги ҳолатларда Нуронийлар кенгашларининг раис ўринбосарлари ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан Нуронийлар кенгашлари таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

Нуронийлар кенгашларининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

Нуронийлар кенгашлари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш ишларида мунтазам қатнашмаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.

Нуронийлар кенгашларининг раиси ва котиби Маҳалла ва оилани
қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида эгаллаб турган лавозимидан озод этилганда Нуронийлар кенгашларидаги ваколатларини ҳам зиммасидан соқит қилади.

16. Нуронийлар кенгашларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартишлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

17. Нуронийлар кенгашларининг раиси:

Нуронийлар кенгашларининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Нуронийлар кенгашларининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;

Нуронийлар кенгашларининг мажлисларида раислик қилади;

Нуронийлар кенгашларининг иш режалари, мажлис баённомалари
ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

Нуронийлар кенгашлари қарорларининг ижросини назорат қилади;

Нуронийлар кенгашлари аъзоларини маҳаллаларга ҳамда зиммасига юклатилган вазифаларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб тегишли йўналишларга бириктиради;

Нуронийлар кенгашлари аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Нуронийлар кенгашларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари билан келишади;

Нуронийлар кенгашларининг қарорларини бажариш масалалари юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

Нуронийлар кенгашларининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

18. Нуронийлар кенгашларининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.

19. Нуронийлар кенгашлари раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида Нуронийлар кенгашларининг мажлисларида раислик қилади;

Нуронийлар кенгашлари қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Нуронийлар кенгашлари фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишларни ташкил этади;

Нуронийлар кенгашларининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

20. Нуронийлар кенгашларининг котиби:

Нуронийлар кенгашларининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Нуронийлар кенгашларининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ Нуронийлар кенгашларининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Нуронийлар кенгашлари ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Нуронийлар кенгашларининг раиси билан келишади;

Нуронийлар кенгашларининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Нуронийлар кенгашлари мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

Нуронийлар кенгашлари қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини Нуронийлар кенгашлари мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

Нуронийлар кенгашлари мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Нуронийлар кенгашлари аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;

Нуронийлар кенгашларининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.

21. Нуронийлар кенгашларининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Нуронийлар кенгашларининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, уларнинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Нуронийлар кенгашларининг аъзолари:

ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларида, фуқаролар йиғинларида ташкил этиладиган мажлисларда ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

Нуронийлар кенгашлари иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Нуронийлар кенгашларида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни Нуронийлар кенгашларига киритади;

Нуронийлар кенгашларининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Нуронийлар кенгашларининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Нуронийлар кенгашларининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

22. Нуронийлар кенгашлари фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Нуронийлар кенгашларининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Нуронийлар кенгашлари раисининг ташаббуси, шунингдек Нуронийлар кенгашлари аъзоларининг учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.

23. Нуронийлар кенгашларининг мажлисларига давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларидаги Фахрийлар кенгашларининг раислари, шунингдек бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари, маҳалла фаоллари таклиф этилиши мумкин.

24. Нуронийлар кенгашлари мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Нуронийлар кенгашлари аъзоларининг таклифлари ва Нуронийлар кенгашлари раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.

 

25. Нуронийлар кенгашларининг мажлисини унинг раиси олиб боради.

Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

Нуронийлар кенгашларининг мажлисида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.

26. Нуронийлар кенгашларининг мажлиси, агар унда Нуронийлар кенгашлари аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Нуронийлар кенгашларининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.

27. Нуронийлар кенгашларининг қарори мажлисда иштирок этаётган Нуронийлар кенгашлари аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

28. Нуронийлар кенгашларининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Нуронийлар кенгашлари мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.

29. Нуронийлар кенгашларининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади.

Нуронийлар кенгашлари мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, фуқаролар йиғинларига, Нуронийлар кенгашлари аъзоларига
ва манфаатдор шахсларга юборилади.

30. Нуронийлар кенгашларининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор Нуронийлар кенгашларининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари Нуронийлар кенгашларининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Нуронийлар кенгашларининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.

31. Нуронийлар кенгашларининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Нуронийлар кенгашлари қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Нуронийлар кенгашларининг раисига тегишли таклифлар киритади.

32. Нуронийлар кенгашларининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритиб борилади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиб борилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари ҳамда уларнинг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари Нуронийлар кенгашларининг фаолиятини маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритилишини ташкил этади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Матбуот хизмати Нуронийлар кенгашларининг фаолиятини марказий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритишни таъминлайди ва ушбу мақсадда Нуронийлар кенгашларининг котиблари билан тезкор маълумотлар алмашинувини амалга оширади.

33. Туман (шаҳар)лар Нуронийлар кенгашлари раислари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Нуронийлар кенгашларига мунтазам равишда ҳисобот тақдим этиб боради.

 Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Нуронийлар кенгашлари раислари Ўзбекистон Республикаси Маҳалла
ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги олдида ҳисобдордир.

34. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг кексалар ва фахрийлар ишлари ўринбосари мутасаддилик қилинадиган бошқарма ва бўлимлар томонидан Нуронийлар кенгашлари фаолиятини мунтазам мониторинг қилинади ҳамда уларга услубий ва амалий кўмаклашилади.

 

4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

 

35. Нуронийлар кенгашларининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

36. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари Нуронийлар кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланади.

37. Нуронийлар кенгашларининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан назорат қилинади.

38. Нуронийлар кенгашларининг ва Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг Нуронийлар кенгашлари фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

39. Нуронийлар кенгашларини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Umumiy takliflar: 0

408