Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16594 O’zbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi 07/04/2020 22/04/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
Қурилиш тармоғидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-16594

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИнинг ҚАРОРИ

 

 

 

Қурилиш тармоғидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш

тизимини янада кучайтириш ва такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги асосий тўртта ваколатларни амалга ошириш, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларига ўтказиб берилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат ва жамоат назорати кучайтилиши борасидаги барча амалга оширилаётган тадбирлар энг аввало корхона ва ташкилотларда, иш ўринларида меҳнат шароитларини яхшилашга, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишни олдини олишга қаратилган.

Ресбуплика миқёсида олиб борилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари йилдан йилга ошиши натижасида бугунги кунда қурилиш соҳасида фаолият юритаётган 32 мингга яқин ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига эътиборсизлик ва ходимларга хавфсиз меҳнат шароитлари яратилмаганлиги натижасида ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолдаги бахтсиз ҳодисалар сони кўпаётганлиги кузатилмоқда.

2019 йил давомида республикада содир бўлган ва қайд этилган 574 та бахтсиз ҳодисаларнинг 168 таси, яъни 29%ини қурилиш соҳасида содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ташкил этган. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 199 нафар ходим ҳалок бўлган, шундан 84 нафари (42%) қурилиш соҳасида меҳнат қилган ишчилардир.

Бахтсиз ҳодисалар сабаблари хилма-хил бўлишига қарамай, уларни содир бўлишининг умумий шароитлари бўлиб, бозор иқтисодиётига утиш даврида даромад орқасидан қувиш йўлида кўплаб қурилиш ташкилотлари иш берувчилари ва ходимлари қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларига амал қилмаслиги ҳисобланади.

Қурилиш тармоғида халқаро стандартларни ва илғор хориж тажрибаларини кенг жорий этиш, ходимларнинг, шу жумладан аёлларнинг ҳаёти ва соғлиғини шу билан бирга меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини ҳамда хавфсиз меҳнат шароитлари ташкил қилишни янада кучайтириш, ишлаб чиқаришдаги авариялар ва зарарларни бартараф этиш, шу жумладан касб касалликларини олдини олиш, учта
йўналишни-хавфсизлик, меҳнат гигиенаси ва ходимлар фаровонилигини бирлаштирувчи профилактик тадбирларни қурилиш ишларининг барча босқичларида ташкил этишнинг янгича ёндашувини яратиш мақсадида:

1. Марказлаштирилган манбалар ва бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган капитал қурилиш объектларида белгиланган тартибда қурилиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ишларни бажариш электрон рейтингларга киритилган ва тегишли мезонлар бўйича ижобий кўрсаткичларга эга бўлган қурилиш-пудрат ташкилотлар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг “Саноат ва савдодаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги
81-сон Конвенцияси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан махсус ваколатли органлар билан олдиндан келишувсиз тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик, шунингдек, текшириш предметига боғлик бўлмаган фаолиятига аралашмаган ҳолда меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар хавфсизлиги таъминланганлигини инспекция қилиш, шунингдек, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган гуруҳий, оқибати оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни зудлик билан текшириш ишлари махсус комиссия томонидан амалга оширилсин.

3. Барча қурилиш ташкилотлари ва капитал қурилиш объектларида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги ҳолатини мониторинг қилиш бўйича доимий фаолият юритувчи Республика идоралараро комиссияси (кейинги матнда Республика комиссияси - деб юритилади) 1-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

4. Республика комиссиясининг асосий вазифалари деб қуйидагилар белгилансин:

қурилиш майдонларида меҳнат муҳофазаси қоидалари ва меъёрларига риоя этилишини доимий мониторингини амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш
ва жорий этиш;

қурилиш ташкилотлари ва капитал қурилиш объектларида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги ҳолатини даврий равишда мониторинг қилиш;

меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва уларга риоя қилиш, қурилиш соҳасида норасмий бандликни легаллаштириш масалалари бўйича ходимлар ва иш берувчиларга, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига консультатив ва методологик ёрдам кўрсатиш, қурилишда жароҳатланишнинг олдини олиш юзасидан амалий чора-тадбирларни олиб бориш, шунингдек ушбу тадбирларга меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчиларини жалб қилиш;

ишлаб чиқаришдаги жарохатланиш ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича профилактик ишларни, шунингдек меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш;

қурилиш соҳасига оид ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларининг меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича тайёрланиши, қайта тайёрланиши, малакаси оширилиши ва билимлари текширилишини ташкил этиш;

миллий қурилиш ташкилотларини қурилиш соҳасида халқаро бозорга чиқишига кўмаклашиш мақсадида илғор хориж тажрибаларини ўрганиш
ва амалиётга тадбиқ қилиш;

меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича қурилиш ташкилотлари ходимлари ва иш берувчиларини хабардор қилиш ҳамда маслаҳат бериш борасида, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида илғор тажрибалар ва илмий ишланмаларни жорий этиш.

Мониторинг жараёнида Республика комиссияси томонидан тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашишларига йўл қўйилмайди.

5. Республика комиссиясига қуйидаги хуқуқ берилади:

мониторинг ўтказишда сутканинг исталган вақтида барча қурилиш майдончалари ва биноларига тўсқинликсиз кириш;

мониторинг жараёнида ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган ёки аварияга олиб келиши мумкин бўлган механизм, асбоб-ускуналар ва мосламалардан фойдаланишни тақиқлаш ҳамда лойиҳада белгиланган хавфсизлик талабларидан четга чиқиш ҳолатида иш жараёнини тўхтатиш;

белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олмаган ва хавфсизлик ҳимоя воситалари билан таъминланмаган шахсларни ишдан четлаштириш, шунингдек, ташкилотлар билан биргаликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб, амалга ошириш.

Аниқланган камчиликлар учун мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик белгиланмаган ҳолда камчиликларни бартараф этиш юзасидан ёзма кўрсатма
ва тавсиялар берилиши белгилаб қўйилсин.

6. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига:

икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигини такомиллаштиришни, жароҳатланиш
ва касб касаллиги даражасини камайтиришни, меҳнат муҳофазаси ва хавсизлиги бўйича иш берувчи ва ходимларни хабордорлигини оширишни назарда тутувчи  “Қурилиш майдонларида жароҳатланишга бархам бериш” йўл харитасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳалқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига қўшилиш юзасидан “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда меҳнат қилувчиларга товон тўлаш”
(ХМТ 17-Конвенцияси), “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси”
(ХМТ 167-Конвенцияси) ва “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар” (ҲМТ 187-Конценцияси) тўғрисидаги Конвенцияларини ратификация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг“Саноат ва савдодаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сон Конвенцияси талабига мувофиқ ҳамда  меҳнат
ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир туманда (шаҳарда) меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторларининг штат бирлигини жорий қилиш юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси тузилмасини ҳамда  меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси билан биргаликда “28 апрель - Ҳалқаро меҳнатни муҳофаза қилиш куни”да меҳнат муҳофазаси
ва хавфсизлиги мавзусида халқаро кўргазма ва семинар ўтказиш ҳамда молиявий рағбатлаш ва кўкрак нишонлари бериш билан “Меҳнат муҳофазасида фаол, илғор
ва аъло раҳбар” ва “Меҳнат муҳофазасида фаол, илғор ва аъло мутахассис” номинациялари бўйича кўрик танловлари ўтказиш амалиётини жорий этсин.

7.Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

икки ой муддатда қурилиш соҳасида жароҳатланиш ва касб касаллиги бўйича хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни бартараф этиш учун меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини амалиётга тадбиқ этиш;

қурилиш ташкилотларида ходимларга соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида “Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни муҳофаза қилиш менеджменти тизими” (ISO 45001-2018) халқаро стандарти талабларини жорий этиш чоралари амалга оширилсин.

8. Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Суғурта компаниялари уюшмаси билан биргаликда уч ой муддатда илғор хориж тажрибаларини ўрганган ҳолда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимини такомиллаштириш бунда, иш берувчи ва суғурта компаниялари манфаатдорлигини ошириш, имтиёзлар ҳамда  жароҳатланиш ва касб касалликларини олдини олиш бўйича огоҳлантириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Ўзбекистон Статистика Давлат қўмитаси:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари
ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда МДҲ давлатларининг  Парламентлараро Ассамблеясининг 2017 йил 27 мартдаги
46-13-сон қарорига мувофиқ ташкилотлардаги меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш жойлардаги меҳнат шароитлари, ишлаб чиқришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларига оид маълумотларни мулкчилик шаклидан қаътий назар барча ташкилотлар электрон топшириш тизимини жорий этилишини;

барча таҳлилий статистик маълумотлар (статистик бюллетень) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига доимий равишда юборилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Республика комиссияси раисининг талабномалари бўйича, хақ ўндирмасдан, уларни ижтимоий реклама ва видеороликларга тенглаштирган ҳолда, мониторинг натижалари бўйича материалларни доимий равишда ёритиб борсин
ва чоп этсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодиёт ва саноат вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов
ва  Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

           Президенти                                                                        Ш. Мирзиёев

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

“Қурилиш тармоғидаги ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада кучайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарор лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

 

I. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосланиши

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 7 январдаги қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

 

II. Қарор лойиҳасини қабул қилиш зарурати

 

Лойиҳани қабул қилиш зарурати қуйидаги омиллар билан асосланади:

Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида иш берувчилар томонидан, айниқса қурилиш соҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига эътиборсизлик ҳолатлари ва қурилиш майдончаларда ходимларга хавфсиз шароитлар яратилмаганлиги кузатилмоқда. Хусусан:

биринчидан,  қурилиш соҳасида иш берувчилар томонидан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш борасида чоралар кўрилмаслиги ва назоратнинг йўқлиги натижасида, технологик жараёнлар такомиллашмаганлиги, лойиҳа ҳужжатларига амал қилинмаслиги, қурилиш конструкциялари ва технологик ускуналар хатардан ҳоли эмаслиги, ускуналар ва асбобларнинг носозлиги, сақловчи мосламалар ва тўсиқлар мавжуд эмаслиги, шунингдек иш жараёнида шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилмаганлиги, иш ўринларида меҳнат шароитлари баҳоланмаганлиги ва ходимлар учун санитария-маиший шароитлар яратилмаганлиги сабабли бахтсиз ҳодисалар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

2019 йил давомида республикада содир бўлган ва қайд этилган 574 та
(2017 йилда 456 та)  бахтсиз ҳодисалардан 168 таси (2017 йилда 52 таси), яъни 29% қурилиш соҳасида содир бўлган. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида 199 нафар (2017 йилда 162 нафар) ходим ҳалоқ бўлган, шунинг 84 нафари (42%) (2017 йилда 19 нафари) қурилиш соҳасида меҳнат қилган ишчилар. Бундан ташқари ушбу соҳада содир бўлган бахтсиз ҳодисалар оқибатида 113 нафари (2017 йилда 35 нафари) оғир тан жароҳати олган;

иккинчидан, қурилиш майдончаларда қурилиш ишларига жалб қилинган ходимларнинг қурилиш соҳасига оид билим ва малакалари етарли бўлмаганлиги, аксарият ишчилар норасмий ҳолда ишлаб келаётганлиги нафақат ходимларнинг хавфсизлиги балки улар томонидан оширилаётган ишларнинг сифати паст бўлаётганлигига ҳам сабаб бўлмоқда;

учунчидан, қурилиш соҳасида Давлат назоратини амалга ошириш, бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш, профилактика ишларини ташкил қилиш борасида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича Давлат меҳнат инспекторларнинг сони камлиги (Республика бўйича 434 минг фаолият юритаётган корхона ва ташкилотларга
90 нафар инспектор, ҳар бир инспекторга ўртача 4822 тадан тўғри келади), бундан ташқари ташкилотлар жойлашган масофаларининг узоқлиги сабабли олиб борилаётган профилактика ишларининг қамрови ва  самараси паст бўлмоқда;

тўртинчидан, меҳнатни муҳофаза қилишга, меҳнат шароитлари ҳамда иш жойларда жароҳатланиш ва касб касалликларига оид, хусусан қурилиш ташкилотлари томонидан статистик маълумотлар топширилиши йўлга қўйилмаганлиги сабабли, ушбу маълумотларни таҳлил қилиш имкони бўлмаяпти.

бешинчидан, Ўзбекистон Республикасининг “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси 17 та суғурта компаниялар томонидан амалга оширилади. 2019 йилда фаолият кўрсатган 434 минг ташкилотларнинг атиги 60,9 минг та ёки 13,4% мажбурий суғурта бўйича суғурта полисига эга, шу жумладан 30 мингга яқин қурилиш қорхоналарнинг атиги 2147 таси (7,1%) мажбурий суғуртани амалга оширган.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғуртаси билан қурилиш ташкилотларлари тўлиқ қамраб олинмаганлиги сабабли қурилиш ташкилотларида содир бўлган бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга иш берувчилар томонидан зарар пулларини белгиланган миқдор ва муддатларда тўлаб бериш бўйича муаммолар вужудга келмоқда.

 

III. Қорор лойиҳасининг мазмуни

 

Қарор лойиҳасига мувофиқ:

- меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича барча қурилиш ташкилотлари
ва капитал қурилиш объектларида мониторинг олиб бориш учун доимий фаолият юритувчи Республика комиссияси ташкил этилмоқда.

Республика доимий комиссиясига:

қурилиш ташкилотлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши, шу жумладан ноқулай ва ўзига хос меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар тўғри ва ўз вақтида берилиши юзасидан иш берувчи ва ходимларга тушунтиришлар бериш;

ишлаб чиқариш жараёнида жароҳат олиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир профилактика ишларини ўтказиш;

миллий қурилиш ташкилотларини қурилиш соҳасидаги халқаро бозорга чиқишига кўмаклашиш мақсадида қурилиш ташкилотларини меҳнат муҳофазаси
ва хавсизлиги соҳасида сертификатлаш бўйича илғор хориж тажрибаларини ўрганиш белгиланган.

Шу билан бирга Республика доимий комиссиясига барча қурилиш майдончалари ва хоналарига сутканинг исталган вақтида кириб мониторинг ўтказиш, мониторинг жараёнида ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган ёки аварияга олиб келиши мумкин бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бермайдиган машиналар, асбоб-ускуналар ва мосламалардан фойдаланишни тақиқлаш, иш жойларида ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиш ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқлар олмаган ва билимлари текширилмаган шахсларни ишга қўймаслик ҳуқуқлари белгилаб берилган;

Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг “Саноат ва савдодаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сон Конвенцияси талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекциясига махсус ваколатли органлар билан олдиндан келишувисиз ташкилотларда меҳнат шароитлари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ҳодимлар хавфсизлиги таъминланганлигини инспекция қилиш, шунингдек ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган гуруҳий, оқибати оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларни зудлик билан текшириш махсус комиссия томонидан амалга ошириш зарурлигига урғу берилмоқда. Ушбу талаб бевосита ҳорижий тажриба, шунингдек харқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ белгиланмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотининг “Саноат ва савдодаги меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги 81-сон Конвенцияси талабларига ҳамда меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назорати ходимлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида ҳар бир туманда (шаҳарда) меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат инспекторларининг штат бирлигини жорий қилиш юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси тузилмасини ҳамда  меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб бўйича вазифа белгиланмоқда;

меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилигини такомиллаштиришни, жароҳатланиш ва касб касаллиги даражасини камайтиришни, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича иш берувчи ва ходимларни хабордорлигини оширишни назарда тутувчи “Қурилиш майдонларида жароҳатланишга бархам бериш” йўл харитаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳалқаро стандартларни жорий этиш мақсадида Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига қўшилиш юзасидан “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда меҳнат қилувчиларга товон тўлаш”
(ХМТ 17-Конвенцияси), “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси”
(ХМТ 167-Конвенцияси) ва “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар” (ҲМТ 187-Конценцияси) тўғрисидаги Конвенцияларини ратификация қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланмоқда;

Қурилиш вазирлиги тизимида меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини жорий қилиш орқали қурилиш ташкилотларида ходимларга соғлом
ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этишда амалий ва услубий ёрдамлар кўрсатиш  ҳамда “Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни муҳофаза қилиш менеджменти тизими” (ISO 45001-2018) халқаро стандарти талабларини жорий этиш юзасидан топшириқлар белгиланмоқда;

МДҲ давлатларининг  Парламентлараро Ассамблеясининг
2017 йил 27 мартдаги 46-13-сон қарорига мувофиқ ташкилотлардаги меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш жойлардаги меҳнат шароитлари, ишлаб чиқришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларига оид маълумотларни мулкчилик шаклидан қаътий назар барча ташкилотлар электрон топшириш тизимини ишлаб чиқиш
ва жорий қилиш топшириғи Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасига юкланмоқда.

 

IV. Хорижий тажрибанинг қўлланилиши
ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганлиги

 

Ҳорижий мамлакатларда жорий этилган меҳнатни муҳофаза қилиш тизимлари ўрганилганда, аксарият ривожланган давлатларда меҳнатни муҳофаза қилиш тизими Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотнинг “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда меҳнат қилувчиларга товон тўлаш” (ҲМТ 17-сон Конвенцияси), “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” (ҲМТ 167-сон Конвенцияси) ва “Меҳнат хавфсизлиги
ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар” (ҲМТ 187-сон Конценцияси) тўғрисидаги Конвенцияларига мос бўлган ҳолда жорий этилганлиги, шунингдек Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотнинг тавсиялари асосида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда ёки касб касалликлар оқибатида жабрланганларга белгиланган миқдорларда ва муддатларда тўланмаган тўловлар бўйича жавобгарлик мавжудлиги ўрганилди.

Бундан ташқари меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати, яъни Давлат меҳнат инспекциясининг фаолияти, ходимларнинг сони ва таркиби ҳам ҲМТ Конвенцияларига мослаштириш зарурлиги ўрганилди.

Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона ва ташкилотлардаги меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш жойлардаги меҳнат шароитлари, ишлаб чиқришдаги жароҳатланиш ва касб касалликларига оид статистик маълумотлар тизимини жорий этиш масаласида МДҲ давлатларининг  Парламентлараро Ассамблеясининг 2017 йил 27 мартдаги 46-13-сон қарори ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги 328-сонли “Қонун хужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерактив давлат хизматлари портали (www.regulation.gov.uz)га жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш
ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш учун жойлаштирилган (ID – ____).

 

V. Кутилаётган натижалар

 

Қарор лойиҳаси қабул қилиниши натижасида:

биринчи, миллий қонунчилигимиз Ҳалқаро норма ва стандарарга жумладан, Ҳалқаро Меҳнат Ташкилотнинг “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса юз берганда меҳнат қилувчиларга товон тўлаш” (ХМТ 17-Конвенцияси), “Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси” (ХМТ 167-Конвенцияси) ва “Меҳнат хавфсизлиги
ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар” (ҲМТ 187-Конценцияси) тўғрисидаги Конвенцияларига мослаштирилиши;

иккинчи, ташкилотларда, айниқса қурилиш соҳасидаги ташкилотлар
ва қурилиш майдончаларда норасмий банд бўлган ишчиларни расмилайтирилиш тизими жорий қилиниб, ушбу ходимларнинг хавфсизлиги ва меҳнат дароматларини барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоянганлигини кучайтиришга эришилиши;

учинчи, қурилиш соҳасига оид меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, қайта кўриб чиқилиши ва бугунги кун талабларига ҳамда Ҳалқаро норма ва стандартларига мувофиқлаштирилиши;

тўртинчи, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратининг ваколатларини ва ходимларнинг сонини белгиланган ҳалқаро нормаларга мувофиқлаштириш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича профилактик тадбирлар қамровини ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошиши, ташкилотларда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари олдини олиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш ва натижада корхоналарнинг иқтисодий салоҳияти ошиши кутилмоқда.

 

VI. Молиявий харажатлар ва Давлат бюджети йўқотишлари

 

Қарор лойиҳаси қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан туман ва шаҳарларда жорий қилинадиган давлат меҳнат инспекторларининг меҳнатига ҳақ тўлаш учун қўшимча маблағлар талаб қилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

      Бандлик ва меҳнат

    муносабатлари вазири                                                                      Н. Хусанов

 

Umumiy takliflar: 0

198