Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16556 O’zbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi 03/04/2020 18/04/2020 9
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
“ЛАЗГИ” ХАЛҚАРО РАҚС ФЕСТИВАЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
ID-16556

“Хоразм лазги рақси” инсониятнинг номоддий маданий мерос объектлари репрезентив рўйхатига киритилганлиги ҳамда ўзбек миллий рақс санъатининг ноёб  намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида миллий рақс санъатига ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарни мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда кенгайтириш  мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба  сентябрь ойининг иккинчи ярмида “Лазги” халқаро рақс фестивалини ўтказиш тўғрисидаги  таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

“Лазги” халқаро рақс фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага;

“Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ташкилий қўмита бир ой муддатда фестивалга тайёргарлик кўриш  ва уни юксак савияда ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси:

2022 йилнинг 1 мартига қадар халқаро фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ва бадиий дастурларини тайёрлаш;

2022 йилнинг 1 июнига қадар “Лазги” халқаро рақс фестивали доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияда хорижий давлатлардан иштирок этадиган мусиқашунос ва рақс санъати усталари, олимлар, етук мутахассислар  ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириш, уларни тақдирлаш сценарийсини ишлаб чиқсин;

2022 йилнинг 1 августига қадар фестиваль доирасида “Рақс санъати тарихий - назарий аспектлари: “Лазги”нинг умумбашарият маънавий -эстетик тараққиётидаги ўрни” мавзусида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги фестивални ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш масаласини белгиланган тартибда ҳал этсин.

6. Хоразм вилояти ҳокимлиги 2022 йилнинг 20 августига қадар Хива шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг виза талабномаларига биноан Ўзбекистон Республикасига кириш визалари белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

фестиваль доирасида Хива шаҳридаги “Ичан-қала” мажмуаси майдони ҳудудида рақс санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари,  тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотуви ташкил этилиши;

фестиваль дастурини ишлаб чиқиш ва унинг фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилиши, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштиришини таъминласин.

9. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жой ажратсин;

Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти ҳокимликлари билан биргаликда ижодий гуруҳ ва бадиий дастур иштирокчиларига ҳамда хорижий меҳмонларга Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятидаги меҳмонхона ва овқатланиш хизматларини ташкил этсин.

10. Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

70 фоизи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг заҳира  жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

30 фоизи Хоразм вилоятининг маҳаллий бюджети, ҳомийлик хайрия маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

11. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

 

Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил        -сонли  қарорига
1-ИЛОВА

 

“Лазги” хақларо рақс фестивалига тайёргарлик

 кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби

 

A. Арипов

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ташкилий қўмита раиси

А.Абдувахитов

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси

Ф.Эрманов

Хоразм виоляти ҳокими,Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

О.Назарбеков

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

A. Камилов

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири

И. Мажидов

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазири

Б. Зокиров

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири

Т. Ишметов

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири

Лавозимига кўра

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари

Б. Юлдашев

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти

A. Хаджаев

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.

А.Аккулов

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

Ф.Абдухаликов

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори

A. Кўчимов

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори

Р. Абдуллаев

Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси

С.Сайидов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

М.Хожиматов

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

Ж. Артикходжаев

Тошкент шаҳар ҳокими

Э. Якубов

Хива шаҳар ҳокими

Б.Ахмедов

Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти мудири

Изоҳ: Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил    _____ – сон қарорига
2-ИЛОВА

 

“Лазги” халқаро рақс фестивалини ташкил этиш

ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

Низом

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Лазги” халқаро рақс фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

ўзбек рақс санъатининг энг нодир дурдоналаридан бири бўлмиш ­­- “Лазги” анъаналарини сақлаш, тарғиб этиш, уни соф ҳолда келгуси авлодга етказиш, ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш;

ўсиб келаётган ёш авлод қалбида “Лазги” рақс санъатига бўлган қизиқишларини ошириш, уни ўрганиш ва ўзлаштириш, шунингдек, унинг бадиий мазмунини кенг тарғиб этиш;

халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш,  ижодий ҳамкорлик ва алоқаларни кенгайтириш.

3. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида ўтказилади.

Фестивалнинг аниқ ўтказилиш санаси ва муддати “Лазги” халқаро рақс фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) томонидан белгиланади.

4. Фестиваль Маданият вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда (кейинги ўринларда Ташкилотчилар деб аталади) ташкил этилади ва ўтказилади.

2-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари

5. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

Фестиваль доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференция (кейинги ўринларда Конференция деб аталади);

Жаҳон ва ўзбек рақс санъатининг маҳоратли ижрочилари ҳамда таниқли раққос ва раққосаларнинг яккахон концерт дастурлари;

“Лазги” рақс санъати кўрик-танлови (кейинги ўринларда танлов деб аталади);

сайиллар, ўзбек миллий рақс санъатининг дунёга машҳур санъаткорлари ҳаёти ва ижодий фаолияти акс этган замонавий усулда саҳналаштирилган дастурлар;

рақс санъати, жумладан, “Лазги” рақс санъати тарихига оид кўргазма, ўзбек, рус, инглиз тилларидаги китоб фотоальбомлар намойиши ва тақдимотлари.

6. Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган Ҳайъат аъзолари ва иштирокчи сифатида ҳар бир мамлакатдан 12 нафаргача ижодий делегация таклиф этилади ва уларнинг яшаши, овқатланиши ва йўл (авиа, темирйўл, транспорт) соғлиқни сақлаш каби харажатлар Ташкилотчилар томонидан қопланади.

Фестиваль ўз ҳисобидан иштирок этишни истагини билдирган (ижодий делегациянинг 12 нафаргача аъзоларидан ташқари) рақс санъати усталари, ижодкорлар, соҳа мутахассислари, санъатшунос олимлар, ижодий жамоалар ва фахрий меҳмонлар Ташкилотчилар таклифи асосида қатнашиши мумкин.

7. Ушбу фестивалда иштирок этишни истаган ижодкорлар фестиваль ўтказилиши режалаштирилган йилнинг 1 май кунига қадар Ташкилий қўмитага ўз материаллари ва ижро дастуриларини тақдим этишлари лозим.

Бунда фестиваль иштирокчиларига қуйидаги талаблар қўйилади:

илмий-амалий конференция иштирокчилари маърузасининг тўлиқ матни    4-5 бетдан ва тезислар 300 сўздан кам бўлмаслиги;

кўрик-танлов иштирокчилари 30 дақиқадан ошмаган ҳолда ўз ижро дастурларини аудио, видео, диск, электрон шаклда Ташкилий қўмитага етказишлари лозим.

Кўрик-танлов иштирокчилари “Лазги” рақси ҳамда ўз тайёрлаб келган дастурини ижро этиши шарт.

8. Илмий-амалий концеренцияда иштирок этувчиларнинг рўйхати Ташкилий қўмита томонидан аниқланиб, Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 июнь кунига қадар иштирокчиларга маълум қилинади.

9. Ўзбек, инглиз ва рус тиллари Фестивалнинг ишчи тили деб белгиланади.

10. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

70 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг заҳира жамғармаси маблағлири ҳисобидан;

30 фоизи – Хоразм вилоятининг маҳаллий бюджети, ҳомийлик хайрия маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

3-боб. Халқаро ҳайъат фаолиятини ташкил этиш

11. Кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш учун Ташкилий қўмита томонидан 7 кишидан кам бўлмаган таркибда Халқаро ҳайъат тузилади.

Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали хорижий ва маҳаллий мусиқашунос олимлар, рақс санъатининг ёрқин намояндалари, хорижий давлатлардаги халқаро санъат фестиваллари ташкилотларининг вакиллари ва бошқалар таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари Халқаро ҳайъат раисини сайлайди.

Халқаро ҳайъат раисига ­– 2000 АҚШ доллари, ҳайъат аъзоларининг ҳар бирига ­– 1000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.

12. Баҳолаш жараёнида:

“Лазги” рақс санъатининг асл миллий хусусиятлари;

бадиий эстетик маъно мазмуни;

ижрочиларнининг ижро маҳорати, кийиниш ва саҳна маданияти асосий мезон ҳисобланади.

13. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация (“Энг яхши рақс жамоаси”, “Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” ва “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”) бўйича баҳоланади.

4-боб. Мукофотлаш тартиби

14. Фестиваль доирасида ўтказиладиган кўрик-танлов ғолиблари Ташкилий қўмита томонидан диплом, статуэтка ва қуйидаги миқдорда пул мукофотлари ҳамда қиммат баҳо совғалар билан тақдирланади:

Гран-При  — 7 000 АҚШ доллари.

1-ўрин  қуйидаги номинация бўйича:

“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” – 5 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши рақс жамоаси” – 5 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс” – 5 000 АҚШ доллари.

2-ўрин  қуйидаги номинация бўйича:

“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” – 3 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши рақс жамоаси”– 3 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс” – 3 000 АҚШ доллари.

3- ўрин, қуйидаги номинация бўйича:

“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси” – 2 000 АҚШ доллари;

“Энг яхши рақс жамоаси” – 2 000  АҚШ доллари;

“Энг яхши саҳналаштирилган рақс” – 2 000 АҚШ доллари.

15. Фестиваль доирасида фаол ижрочиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган “Энг яхши рақс”, “Энг яхши хореограф”, “Энг яхши ёш раққоса (раққос)” каби номинациялар бўйича иштирокчилар рағбатлантирувчи совға ва мукофотлар билан тақдирланади.

Шунингдек, ташкилотчилар, ижодий уюшмалар, жамғарма ва ҳомий ташкилотлар ҳайъат аъзолари ва мухлислар эътирофига сазовор бўлган ижрочилар, хореографлар, олимлар ва санъатшуносларни тақдирлаши мумкин.

Ташкилотчилар томонидан ҳар бир номинация учун 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари ажратилади.

Фестивалнинг ҳар бир иштирокчисига “Лазги” халқаро рақс фестивали иштирокчиси сертификати тақдим этилади.

5-боб. Ташкилотчи ҳуқуқлари

16. Ташкилотчи:

Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга транслация қилиши учун руҳсатнома бериш;

Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги аудио, видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ташкилий қўмитага юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланиш;

Фестивалга жахондаги етакчи продюсер ва менеджерларни таклиф этиш ҳуқуқига эгадир.

6-боб. Якуний қоидалар

17. Танловда Халқаро ҳайъатнинг қарори қатъий ҳисобланади ва қайта кўриб чиқилмайди.

18. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ Халқаро ҳайъат аъзоларига бериладиган гонорар ва маданият ҳамда кўрик-танлов ғолибларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиққа солиш объекти ҳисобланмайди.

19. Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.

20. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бошқармаси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларини тўғри ишлатилиши ва тўғри  тўланишини назорат қилади.

Umumiy takliflar: 0

827