Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16533 O‘zbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligi 09/04/2020 24/04/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти ва реабилитацияси илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-16533

 

 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5924-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази жойлашган бино ва иншоотларни оператив бошқарув ҳуқуқи билан ҳамда унга харид қилинган тиббиёт, ихтисослаштирилган лаборатория асбоб-ускуналари, инвентарларини ва бошқа мулкларини Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти ва реабилитацияси илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда Спорт тиббиёти маркази деб юритилади) балансига бепул ўтказиб бериш тўғрисидаги ижроия қўмитаси қарори маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги давлат бюджетидан молиялаштириладиган Спорт тиббиёти маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Қуйидагилар Спорт тиббиёти марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

спорт тиббиёти соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, спорт турининг хусусиятини, йўл қўйиладиган жисмоний юкламани, спорт патологиясини даволаш ва олдини олишнинг илғор услубларини, мусобақаларга тайёргарлик кўришда спортчиларнинг тиббий назоратини ҳисобга олган ҳолда спортчиларнинг функционал ҳолатини диагностика ва коррекция қилиш стандартларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

иқтидорли ёш ва истиқболли спортчиларни, уларнинг индивидуал генетик ва фенотипик имкониятларини ҳисобга олган ҳолда танлашнинг замонавий тиббий-биологик услубларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

спортчиларни спорт турлари бўйича тайёрлашнинг якка тартибдаги дастурларини ишлаб чиққан ҳолда мусобақаларга тайёрлашнинг турли даврларида дори воситаларининг, овқатланиш тартиби ва рационининг спортчилар физиологик ҳолатига таъсирини аниқлаш;

мусобақа ва машғулотларни режалаштиришни ҳисобга олган ҳолда спортчининг индивидуал спорт жисмоний юкламасини текшириш ва мақбуллаштириш;

спортчи организмининг жисмоний тайёргарлиги ўсишига ва масъулиятли халқаро мусобақаларга энг юқори функционал тайёргарлигини таъминлашга қаратилган улар саломатлиги даражасининг муттасил ўсишини назорат ва коррекция қилиш;

спортчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишга психологик тайёргарлигини, шунингдек зарур психологик коррекцияни ўтказишни таъминлаш;

мамлакатда спорт тиббиёти ва антидопинг назорат соҳасидаги илғор методика ва технологиялардан фойдаланган ҳолда тажриба алмашиш ва амалиётга жорий қилиш учун бу соҳадаги етакчи хорижий муассасалар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;

спорт федерациялари (уюшмалари), клублари ва жамоалари тиббий ходимларига илмий-услубий, ташкилий, маслаҳат-диагностика, даволаш-профилактика ва реабилитация ишлари масаласида услубий ёрдам кўрсатиш.

4. Қуйидагилар Спорт тиббиёти марказининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

аҳолини барча қатламларига пуллик ҳизматлар орқали маслаҳат-диагностика, стационар, умумий даволаш, даволаш-профилактика ва реабилитация, шунингдек хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

халқаро ва хорижий молия институтлари, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

Спорт тиббиёти марказининг вақтинча бўш маблағларини депозитга жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Спорт тиббиёти марказига:

бириктирилган контингент билан бир қаторда спортчилар ва спорт жамоаларига, шунингдек республика аҳолисига ва хорижий фуқароларга белгиланган тарифларга мувофиқ пулли асосда диагностика ва даволаш сифатининг тасдиқланган стандартларига риоя қилиш шарти билан тиббий ёрдамнинг барча турларини, шу жумладан диагностик ва лаборатория тадқиқотлари ўтказиш хизматларини кўрсатиш;

Спорт тиббиёти марказининг тиббиёт, фармацевтика ходимлари ва бошқа ходимларининг иш ҳақи ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорларини бюджет ва бюджетдан ташқари тиббий хизматлар кўрсатишдан тушган даромадлар доирасида мустақил белгилаш;

илмий-амалий ва тадқиқот ишлари учун хорижий мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

6. Белгилансинки:

Спорт тиббиёти маркази тиббиёт ходимлари меҳнатига қўшимча тўлов, устамалар ва рағбатлантирувчи хусусиятга эга бўлган бошқа тўловлар Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон “Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади;

Спорт тиббиёти маркази ходимларига аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш орқали бюджетдан ташқари топилган маблағлари ҳисобидан уч юз фоизгача устама ҳақ тўланади;

Спорт тиббиёти марказида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча штат бирликлари ташкил этишга рухсат берилади;

Спорт тиббиёти маркази учун бюджет маблағлари 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган параметрлари доирасида, 2021 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.

7. Спорт тиббиёти маркази бошқарув ходимлари чекланган сони 208 нафар бўлган тузилмаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазирига, зарур ҳолларда, Спорт тиббиёти маркази тузилмасига белгиланган сон ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Олмазор кўчаси, 6-уй манзилида жойлашган Спорт тиббиёти маркази бино иншоотини оператив бошқарув ҳуқуқи билан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги балансига белгиланган тартибда ўтказиб берилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги:

бир ой муддатда Спорт тиббиёти маркази уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Спорт тиббиёти марказини малакали кадрлар билан тўлдириш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни уч ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев зиммасига юклансин.

 

 

               Ўзбекистон Республикасининг

                            Бош вазири                                                                           А. Арипов

Umumiy takliflar: 0

294