Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16492 O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi 01/04/2020 16/04/2020 2

Muhokama yakunlandi

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини аниқлаш ҳақида
ID-16492

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

 

Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини
аниқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил
27 февралдаги ПҚ-4623-сон қарорига мувофиқ педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини аниқлаш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги:

педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш учун зарур шароитларни яратсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ва Мактабгача таълим вазири А.В. Шин зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                    Бош вазири                                            А. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
____ _________ даги _____-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини аниқлаш

ТАРТИБИ

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Тартиб педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш тартибини белгилайди.

2. Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини аниқлаш 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб 5 июндан 5 июлга қадар Халқ таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги (кейинги ўринларда – вазирликлар)нинг қарорлари (буйруқлари) билан ҳудудлар ҳамда олий таълим муассасаларида тузиладиган Махсус комиссиялар томонидан амалга оширилади.

3.  Махсус комиссиялар таркибига Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, педагогика таълим соҳаси бўйича кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда - ҳудудий бўлинмалар) малакали мутахассислари эксперт сифатида жалб этилади.

4. Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқатини аниқлаш жараёнини суҳбат асосида адолатли ва холисона ўтказишга Махсус комиссиялар масъул ҳисобланади.

5. Вазирликлар педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш учун суҳбат саволлари базасини шакллантириш дастури ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ҳамда ушбу жараённи ўтказиш учун ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда зарур шароитлар яратади.

 

2-боб. Абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш жараёнини ўтказиш

6. Махсус комиссия фаолиятига тегишлилиги бўйича вазирликлар томонидан тайинланган раис бошчилик қилади.

7. Махсус комиссиялар қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш жараёнида абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш учун экспертлар таркибини тасдиқлаш;

абитуриентларнинг педагоглик касбига лаёқати даражасини аниқлаш учун саволлар базасини шакллантириш;

педагогик лаёқатни баҳолаш бўйича тасдиқланган саволлар базаси асосида вариантланган саволлар тўплами(билетлар)ни тасдиқлаш;

абитуриентларнинг суҳбатга жалб этиш жадвалини тасдиқлаш ва эълон қилиш.

8. Суҳбатни ўтказиш тартиби Махсус комиссиялар томонидан ишлаб чиқилади ва ҳудудий бўлинмалар расмий веб-сайтида, шунингдек, ахборот стендларида суҳбатни ўтказиш муддатидан камида ўн кун аввал жойлаштирилади.

Суҳбат саволларини ишлаб чиқиш учун малакали мутахассислар жалб этилади.

9. Суҳбатни ташкил этиш ва ўтказиш Махсус комиссиянинг камида икки нафар вакили томонидан амалга оширилади. Махсус комиссиянинг баён шаклида тасдиқланадиган қарори асосида Махсус комиссия аъзолари гуруҳларга ажратилади. Суҳбат ўтказилаётган аудиторияда Махсус комиссия аъзолари ва абитуриентлардан бошқа шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди.

10. Абитуриент аудиторияга Махсус комиссиянинг масъул шахси томонидан таклиф этилади. Бунда абитуриент ўз паспортини (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани) тақдим этиши шарт.

11. Абитуриентларнинг суҳбат ўтказиладиган аудиторияга қоғоз
ёки электрон манбадаги ўқув адабиёти, луғатлар, маълумотномалар, жадваллар ва бошқа адабиётни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, конспектлар, ёзув дафтарлари, қоғоз ёки электрон шаклдаги шпаргалкалар, алоқа воситалари (жумладан, мобил алоқа воситаси), аудио, фото ва видео ёзиш қурилмаларини олиб кириши ҳамда улардан фойдаланиши қатъиян ман этилади. Абитуриентларнинг суҳбат ўтказилаётган вақтда аудиториядан чиқиши тақиқланади, саломатлиги ёмонлашганда Махсус комиссия вакили ҳамроҳлигида чиқиши бундан мустасно. Бунда билет ва унга тайёрланган материаллар Махсус комиссиясига топширилиши шарт.

12. Имконияти чекланган абитуриентларга суҳбат умумий тартибда, уларга аудиторияга тўсиқсиз кириши учун тегишли техник шароитлар яратилган ҳолда ўтказилади.

13. Суҳбат натижалари Махсус комиссия томонидан тузиладиган, ушбу комиссиянинг раиси ва аъзолари имзолайдиган баён билан расмийлаштирилади.

14. Суҳбат жараёнида абитуриент алоҳида вариантланган саволлар тўпламидан билет олиб, унга 15-20 дақиқа давомида тайёргарлик кўради.

15. Суҳбат учун ажратилган вақт, шу жумладан тайёргарлик билан биргаликда ҳар бир абитуриент учун 30 дақиқадан ошмаслиги лозим.

16. Оғзаки нутқни баҳолашда Махсус комиссиялар тегишли даражадаги грамматик тузилишдан ҳамда луғат захирасидан фойдаланган ҳолда, абитуриентнинг муаммоли вазиятларга ечим топа олиш ва ўз нуқтаи назарини асослаш маҳоратини текширади.

17. Махсус комиссия абитуриентнинг саволларга берган жавоблари учун қўйилган баллар асосида унинг педагоглик касбига лаёқати бўйича хулоса беради.

18. Суҳбат учун максимал балл миқдори 100 баллни ташкил этади. Абитуриент кириш тест синовларига рухсат берилиши учун билетдаги барча саволлар бўйича умумий баллар миқдорининг камида 50 фоизини тўплаши зарур.

19. Суҳбат натижалари тўғрисидаги маълумот, суҳбат сўнгида абитуриентга эълон қилинади ҳамда Махсус комиссиянинг ахборот стендларида ва ҳудудий бўлинмаларнинг расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилгандан кейинги кун ичида жойлаштирилади.

20. Суҳбат натижалари эълон қилинганидан сўнг бир иш кунидан кечикмаган ҳолда уларни қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилиниши мумкин.

Фуқароларнинг ушбу масала бўйича мурожаатлари Махсус комиссияси томонидан абитуриент суҳбат натижаларини қайта кўриб чиқиш учун мурожаат қилган кунидан кейинги бир иш куни ичида кўриб чиқилади.

21. Суҳбатда иштирок этган абитуриент суҳбатга қайта қўйилмайди.

22. Махсус комиссия хулосасига кўра педагоглик касбига лаёқатли деб топилган абитуриент тўғрисидаги маълумотлар Махсус комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтиш бўйича махсус дастурига киритилади.

23. Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилиниш имтиёзига эга бўлганлар, фан олимпиадалари ғолиблари ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий тест тизими сертификатига эга бўлганлар, хорижий фуқаролар педагоглик касбига лаёқатли деб ҳисобланади ва қўшимча синовларсиз белгиланган тартибда олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтадилар.

24. Суҳбат натижаларини сунъий равишда оширган ёки камайтирган экспертлар маълумотларни сохталаштирган деб ҳисобланиб, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

25. Абитуриентларнинг суҳбатда тўплаган баллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига қўшилмайди.

26. Махсус комиссия фаолияти тўлиқ видео тасвирга олинади.

 

3-боб. Якунловчи қоидалар

27. Ушбу Тартибни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

28. Мазкур Тартиб талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

Umumiy takliflar: 2

739