Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16456 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 24/04/2020 09/05/2020 2

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Тижорат банклари томонидан ташкил этиладиган инкассация хизматига қўйиладиган талаблари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-16456

Лойиҳа

 

 

 

Тижорат банклари томонидан ташкил этиладиган

инкассация хизматига қўйиладиган талаблари тўғрисидаги

низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги ПФ–5564-сонли “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Тижорат банклари томонидан ташкил этиладиган инкассация хизматига қўйиладиган талаблари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

         Марказий банки раиси      

 

  М.Б. Нурмуратов

 

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
 2020 йил  “___” “_________” даги _____-сон қарорига
ИЛОВА

 

 

Тижорат банклари томонидан ташкил этиладиган
инкассация хизматига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ

 

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом тижорат банклари томонидан инкассация хизматини ташкил этишга қўйиладиган талабларни белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

зирҳли автотранспорт – нақд пул ва бошқа қимматликларни ташишда қатнашаётган инкассация хизмати ходимлари ҳаёти ва соғлиғини ҳимоялаш ҳамда қимматликларни дахлсизлигини таъминлаш мақсадида махсус ҳимоя (брон)ланган автотранспорт воситаси;

инкассация хизмати – хўжалик юритувчи субъектлар, шунингдек банклар, банкларнинг филиаллари ва алоҳида бўлинмаларига тегишли бўлган нақд пул ва бошқа қимматликларини инкассация қилиш, ташиш ҳамда кузатиб бориш хизмати;

ихтисослашган хизмат кийими – форма атрибутларидан фойдаланган ҳолда инкассация хизмати ходимлари томонидан кийиб юришга мўлжалланган хизмат кийимлари;

махсус автотранспорт – нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш ва ташиш учун мўлжалланган тегишли рангли график схемага эга бўлган, махсус кўк рангли маёқча (мигалка) ва товушли сигнал (сирена), радиоалоқа ва бошқа воситалар билан жиҳозланган, банк  логотипи туширилган, автотранспорт воситаси;

махсус ҳимоя воситалари – инсон танасини ўқотар қуроллар, шунингдек, портлашда металл парчалари (осколка)дан сақлаш мақсадида фойдаланиладиган махсус зирҳли нимча, қуролни олиб юриш учун кабура, энли камар ҳамда қуролни ҳимоя тасмаси;

нақд пуллар – Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан турли номиналлардаги банкнот ва тангалар кўринишида муомалага чиқарилган пуллар;

рангли график схема (декоратив) чизиқ – махсус автотранспорт воситасининг ташқи қисмининг асосий рангига нисбатан ёрқинроқ бўлган ён қисмларига горизонтал транспортлар оқимида ажралиб турадиган бир лаҳзада аниқлаш имкониятини таъминловчи чизиқ;

радиоалоқа воситаси – навбатчи инкассатор ва инкассаторлар гуруҳлари ўртасида тезкор алоқани таъминлаш ва хавфдан огоҳ этишда фойдаланиш воситаси.

қимматликлар – банк касса тармоғига сақлаш учун ёки гаров таъминоти сифатида топширилган ва ўз қийматига эга бўлган барча қимматликлар (қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган буюмлар, сақлаш учун топширилган қимматли қоғозлар, мулклар ва мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар, тўлов-ҳисоб ва қатъий ҳисобда турувчи бланклар ва ҳоказолар).

2-боб. Инкассация хизматини ташкил этиш

3. Тижорат банкларининг инкассация хизмати (бундан буён матнда инкассация хизмати деб юритилади) фаолиятининг асосий мақсади хўжалик юритувчи субъектлар, банклар, банкларнинг филиаллари ва алоҳида бўлинмаларига тегишли бўлган нақд пул ва бошқа қимматликларини шартнома асосида дахлсизлиги (бутлиги)ни таъминлаган ҳолда инкассация қилиш, ташиш ҳамда кузатиб боришдан иборат.

4. Инкассация хизмати нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ҳамда кузатиб боришни ва унинг дахлсизлигини таъминлаш мақсадида хизмат қуролидан фойдаланган ҳолда, шунингдек ихтисослашган хизмат кийимида ва махсус автотранспорт воситалари орқали инкассация бригадаси томонидан амалга оширади.

5. Инкассация хизмати ходимларини хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дорилари билан таъминлаш, уларни сақлаш, фойдаланиш ҳамда ҳисобини юритиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

6. Нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб бориш билан боғлиқ ишларга жалб этиладиган ходимларни хизмат вазифасини бажариш вақтида кийиб юришлари учун ихтисослашган хизмат кийими, махсус ҳимоя воситалари, хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дорилари тижорат банки томонидан таъминланади.

7. Инкассаторлар хўжалик юритувчи субъектлардан пул тушумларини йиғиш йўналишларини ва уларнинг ташриф вақти жадваллари инкассация хизмати томонидан тузилади. Мазкур қатнов жадваллари ҳар йилнинг бошига янгиланиши мумкин.

Инкассация йўналишлари инкассаторлар гуруҳини паналаб ҳимоялаш режаси жойлардаги ички ишлар органлари билан келишилади ҳамда заруратга қараб, янгилаб борилади.

8. Тижорат банклари инкассация хизматини ташкил этишда хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дориларини сотиб олиш, сақлаш, фойдаланиш ҳуқуқига ҳамда имкониятига эга бўлмаган ҳолларда, хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик ва идораларга қарашли корхона ва ташкилотларнинг ходимларини шартнома асосида нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб боришга жалб этишга рухсат этилади.

9. Тижорат банкларининг инкассация хизмати ушбу тижорат банкининг алоҳида таркибий бўлинмаси ёки тижорат банки томонидан мутлақ эгалигида алоҳида юридик шахс сифатида ташкил этилиши мумкин ва мазкур инкассация хизмати банк кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида фаолият юритади.

Инкассация хизмати томонидан ҳудудий инкассация бўлимлари ташкил этилиши мумкин. Бунда, инкассация бўлимларини ташкил этиш мазкур низом талабларига мос ҳолда амалга оширилади.

10. Инкассация хизмати махсус автотранспорт ва радиоалоқа воситалари ҳамда бошқа зарур бўлган моддий-техник базани замонавий инновацион воситалари билан шакллантириб бориш чораларини кўради.

11. Инкассация хизмати томонидан махсус автотранспорт воситалари ҳамда ташиладиган нақд пул ва бошқа қимматликлар суғурта қилинади.

12. Банк кенгаши инкассация хизматининг хизмат вазифалари ва функциялари белгиланган ички меъёрий ҳужжатларини қонунчилик ҳужжатлари талаблари асосида тасдиқлайди.

3-боб. Инкассация хизмати ходимларига қўйиладиган талаблар

13. Инкассация хизматига қабул қилинаётган ҳар бир ходим турар жойи бўйича тиббий муассасадан, шунингдек, руҳий ва наркологик диспансерлар текширувидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади.

Янги ишга қабул қилинган ҳар бир ходимнинг инкассация ишига доир меъёрий ҳужжатларни ўзлаштирганлиги, ўқотар қуролларнинг материал қисми, техник-тактик ҳусусиятлари ва улардан фойдаланиш тартибини билиши, шунингдек, уларнинг жисмоний тайёргарлиги синалганидан сўнг инкассация хизмати раҳбари томонидан ишлашларига рухсат берилади.

14. Ишга қабул қилинган ҳар бир ходимнинг шахсий йиғма жилдида қонунчиликда белгиланган ҳужжатлар билан биргаликда:

тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома;

хизмат сири, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб бориш бўйича маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат бўлиши лозим.

15. Тижорат банки томонидан инкассация хизматининг хизмат қуроли бириктирилган ҳар бир ходимининг ҳаёти ва соғлиги суғурта қилинади.

16. Инкассация хизматининг штатлар жадвали-инкассация хизмати кўрсатиш бўйича иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда тижорат банклари бошқарувлари томонидан белгиланади.

17. Инкассация хизмати раҳбари лавозимига олий маълумотга ва иқтисодий соҳада иш тажрибасига эга бўлган, шунингдек, иш фаолияти давомида коррупцион ҳуқуқбузарликлар ва иқтисодиёт соҳасида жиноятга йўл қўймаган ҳамда суд қарори билан мазкур лавозимда ишлаш ҳуқуқи чекланмаган мутахассис бўлиши керак.

18. Хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари бириктирилган инкассация хизмати ходимлари мажбурий равишда йилига бир марта тижорат банк томонидан тиббий муассасалар билан тузилган шартнома асосида тиббий текширувидан ўтказилиши шарт.

19. Инкассация хизматига, агар иш бевосита нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб бориш билан боғлиқ бўлса, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, соғлом, ўқотар қуроллар бўйича билим ва кўникмага эга бўлган ҳамда тегишли назорат органлари текширувидан ўтган шахслар қабул қилинади.

Инкассация хизматининг хизмат қуроли ва унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини, қабул қилиш ва топширилишини, ҳисобга олинишини ҳамда улардан фойдаланишни таъминлаш мажбурияти зиммасига юклатилган ходими, шунингдек хизмат қуроли ва унинг ўқ-дорилари бириктирилган ходимлари шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти базасида хизмат қуроли ва махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланишга рухсат берилган ташкилотлар ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтиши ва тегишли сертификатга эга бўлиши шарт.

20. Инкассация хизмати меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида мунтазам равишда нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб бориш ишларига жалб этилган ходимларнинг касбий, жисмоний ҳамда жанговор маҳоратини ошириб бориш учун бир йилда икки маротаба бириктирилган хизмат қуролларидан ходимлар билан амалий ўқ отиш машғулотларини ўтказиш, шунингдек, бир йилда бир маротаба ходимларнинг жисмоний тайёргарлигини синаш бўйича зарур чораларни кўриб бориши лозим.

4-боб. Инкассация хизматининг махсус автотранспорт
воситаларига талаблар

21. Нақд пул ва бошқа қимматликлар инкассация хизматининг ёпиқ кузовли махсус автотранспорт воситасида ташилиши шарт.

22. Инкассация йўналишлари давомида нақд пул ва бошқа қимматликларнинг дахлсизлигини ва бутлигини таъминлаш мақсадида ёпиқ кузовли махсус автотранспорт воситалари:

нақд пул ва бошқа қимматликларни жойлаштириш учун қутилар билан жиҳозланиши ва ушбу қутилар махсус автотранспорт воситасининг ички салонига ҳайдовчининг автомобилни бошқариш вақтида манёвр қилишга халақит бермайдиган ўлчамда ва жойда маҳкамланган бўлиши (ёки ушбу қутилар махсус автотранспорт воситасининг юк хонасига жиҳозланиши мумкин);

ҳайдовчининг бошқариши тарафидан эшикларни блокировка қилиниши, ўриндиқлари икки қатор, йўловчи бўлинмаси тўртта эшиклик бўлиши;

ўриндиқлар сони ҳайдовчи билан бирга 5 тадан кам бўлмаслиги, олди ва орқа томондан зарбалардан ҳимояланган бўлиши лозим.

23. Нақд пул ва бошқа қимматликлар ҳажми ва муҳимлигидан келиб чиқиб, зирҳли (бронли) автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши ва ушбу автотранспорт воситаси:

кузови юк фургон бўлиши;

кабина ва ойналари зирҳланган;

кабинада “ҳайдовчи-кўча” ва “ҳайдовчи-юкхона” мулоқот ускунаси;

юкхонанинг ички панжарали эшиги илгак ва осма қулф билан қулфланиши;

ичкаридан қулфланувчи ўқ отиш туйнуклари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Шунингдек, махсус ва зирҳли (бронли) автотраспорт воситалари нақд пул ва бошқа қимматликларни дахлсизлиги (бутлиги)ни, шунингдек бригада аъзоларини хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бошқа қурилма ва воситалар билан жиҳозланиши мумкин.

24. Инкассация хизмати махсус ва зирҳли (бронли) автотранспорт воситаларини қўшимча равишда видеорегистратор ва навигация мониторинг тизимлари билан жиҳозланиши мумкин.

25. Инкассация хизмати нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб боришда фойдаланиладиган махсус автотранспорт воситалари Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси билан келишилган ҳолда махсус кўк рангли чироқли маёқча (мигалка), товушли сигналлар (сирена), ҳимояланган радио каналини ташкиллаштириш ҳусусиятига эга рақамли радиоалоқа воситалари билан жиҳозланган, тижорат банки логотипи туширилган ва ташқи қисмлари рангли-график схема асосида бўялган Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларида махсус автомобиль сифатида рўйхатга қўйилади.

26. Махсус автотранспорт воситаси инкассация хизматида фойдаланишдан  тўхтатилганда махсус кўк рангли маёқча (мигалка), товушли сигнал (сирена), тезкор радиоалоқа воситалари ва ташқи қисмларидаги рангли-график схемалар демонтаж қилиниши шарт.

Бу ҳақда тузилган далолатнома нусхаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хизматларига махсус автомобилларни рўйхатдан чиқариш учун тақдим этилади.

27. Инкассация хизмати махсус автотранспорт воситаларига бошқа автотранспорт воситаларидан ажралиб турувчи ахборот ёзувларининг (логотип, эмблема ва бошқалар) мазмуни инкассация хизмати томонидан мустақил равишда белгиланади.

28. Махсус автотранспорт воситалари инкассаторлар гуруҳи, нақд пул ва бошқа қимматликларнинг сони ва ҳажмларини тўлиқ жойлаштирилишини ҳамда ташишда дахлсизлигини таъминлаш каби талабларга тўлиқ жавоб бериши лозим.

29. Инкассация хизматининг махсус автотранспорт воситаларида нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб бориш ишларида бригада ходимларидан ташқари (кузатувни амалга ошириш ишлар бундан мустасно) бошқа ходимлари бўлишига, шунингдек ушбу махсус автотранспорт воситалардан инкассация қилиш ва ташиш ишларидан ташқари бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

5-боб. Инкассация хизматининг бино ва иншоотларига
қўйиладиган талаблар

30. Инкассация хизмати ўз фаолиятини амалга ошириши учун қуйидагилар билан жиҳозланган бино (иншоот)ларга эга бўлиши лозим:

инкассация хизмати ходимлари йўналишга чиқишда тайёргарлик кўриш ва йўл-йўриқларни ўтказиш учун хона;

махсус автотранспорт воситаларини сақлаш учун жой (гараж);

муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамланган, сигнализация воситалари ва ёнғиндан автоматик хабарлаш қурилмалари билан жиҳозланган хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дориларини сақлаш учун хона;

хизмат қуролини ўқлаш ва ўқсизлантириш учун ўқ ушлаб қолувчи мослама ўрнатилган хона;

инкассаторлар гуруҳи фаолиятини тезкор назорат қилиниши учун турғун (стационар) радиоалоқа ўрнатилган ҳамда инкассация ишига оид ҳужжатларни сақлаш учун сейф (темир шкаф)лар билан жиҳозланган навбатчи инкассатор хонаси; 

инкассация хизмати ходимлари ечиниб кийинишлари ва шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш учун хона.

31. Бино (иншоот)лар амалдаги ёнғин хавфсизлиги меъёри талабларига мос келиши ва доимий ишчи ҳолатда бўлиши лозим. Бунда фавқулодда вазиятларда инсонларни, хизмат қуроллари ва унинг ўқ дориларини, моддий бойликларни инкассация биносидан хавфсиз эвакуация қилиш учун шароит яратилган бўлиши керак.

32. Инкассация хизмати бино (иншоот)ларидаги хизмат қуроллари ва унинг ўқ-дорилари сақланадиган хоналари муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамланган, қўриқлаш сигнализация воситалари ва ёнғиндан автоматик хабарлаш қурилмалари билан жиҳозланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш хизматининг техник маркази (пункт)га уланган бўлиши ва қўриқлаш саф бўлинмалари билан қўриқланиши шарт.

33. Инкассация хизматининг хизмат қуроли ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳамда навбатчи хоналари видео кузатув воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

6-боб. Инкассация хизматини ташкил этиш бўйича

қўйилган талабларга мувофиқлигини назорат қилиш

34. Инкассация хизмати мазкур низом талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда фаолиятини бошлайди.

Тижорат банклар томонидан инкассация хизмати тўлиқ ташкил этилган кундан бошлаб 2 кун муддат ичида Марказий банкка инкассация хизмати ташкил этганлиги тўғрисида маълумотнома ва банк кенгаши қарори нусхаси ёзма равишда ёки электрон шаклда юборилади.

35. Марказий банкнинг ишчи гуруҳи томонидан инкассация хизмати ташкил этилганлиги юзасидан ўрганиш ўтказилади ва далолатнома расмийлаштирилади. Ўрганиш натижаларида камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланса, далолатномада қайд этилади ва Марказий банк томонидан тижорат банкига муддати белгиланган ҳолда камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма хат юборилади.

36. Тижорат банк томонидан камчиликлар бартараф этилмаган ҳолларда Марказий банк тижорат банкига нисбатан банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ инкассация хизмати фаолиятига тегишли чораларни кўради.

Инкассация хизмати вақтинча тўхтатилган ҳолларда, бу ҳақдаги маълумотлар Марказий банкнинг ва тегишли тижорат банкининг расмий веб-сайтларида ва телеграмм каналларида эълон қилинади.

7-боб. Якуний қоидалар

37. Инкассация хизматини ташкил этиш, сифатли инкассация хизматини кўрсатиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилиш, ташиш ва кузатиб боришда ҳамда уларнинг даҳлсизлигини таъминлашда қонун ҳужжатларига мувофиқ тижорат банки ва инкассация хизмати раҳбарлари жавобгар ҳисобланадилар.

38. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган.

 

      

Ички ишлар вазири                                                                      П. Бобожонов

2020 йил “___” ___________

 

Миллий гвардия қўмондони                                                       Р. Джураев                                      

2020 йил “___” ___________

 

Фавқулодда вазиятлар вазири в.б.                                          Т. Худайбергенов

 

2020 йил “___” _________

 

 

Umumiy takliflar: 2

1388