ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
1640 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 28/12/2018 12/01/2019 0

Muhokama yakunlandi

Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг Тошкент филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-1640

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология
ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг Тошкент филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 6 апрелдаги ПҚ-3657-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3997-сон қарорлари ижросини таъминлаш, шунингдек республикада балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, балиқчилик соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва Астрахан давлат техника университетининг (Россия Федерацияси) Қибрай шаҳрида (Тошкент вилояти) Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб юритилади) таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

балиқчилик тармоғи эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқариш
ва энг муҳим илмий-тадқиқот вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

аквакультурани ривожлантириш, табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланиш, балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, шунингдек, балиқ етиштиришнинг илмий асосланган усуллари ва интенсив технологияларини жорий этиш, балиқларни парваришлаш, инкубациялаш, озиқлантириш, товар балиқ етиштириш, хориж технологияси асосида совуқ сувда яшовчи балиқларни иқлим шароитимизга мослаштиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш
ва такомиллаштириш;

Россия Федерацияси Астрахан давлат техника университетининг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошириш;

инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан қафас (садок) усулида, ёпиқ сув таъминоти қурилмаларида балиқ етиштириш, сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш;

ўқув режаси ва фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар бўйича билимларни акс эттириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

замонавий технологияларга оид янги билим ва кўникмаларни чуқурлаштиришни ҳисобга олган ҳолда талабаларни ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда ҳамкорликни ривожлантириш;

фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал олий таълим муассасаси - юридик шахс мақомига эга бўлган нотижорат ташкилот шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;

Филиал Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг (Россия Федерацияси) (кейинги ўринларда бош муассаса деб юритилади) алоҳида бўлинмаси сифатида кадрларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда, бош муассаса билан келишилган ўқитишнинг асосий йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди, қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади, шу жумладан, илмий-педагог кадрлар тайёрлайди;

Филиалнинг таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

Филиалга қабул квотаси манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси, бош муассаса билан келишилган ҳолда тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг асослантирилган таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;

Филиалда ўқитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда бош муассаса томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлар бўйича амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларининг аттестацияси бош муассаса томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

4. Қуйидагилар:

Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг филиалида мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлашнинг асосий йўналишлари 1-иловага мувофиқ;

Астрахан давлат техника университети (Балиқ хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш институти) нинг филиали Васийлик кенгашининг (кейинги ўринларда Васийлик кенгаши деб юритилади) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий
ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

Тошкент вилояти Қибрай тумани, Қорамурт кўчаси 1-уйда жойлашган Қибрай Молия-иқтисод касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудудлари билан бирга Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш;

Филиал бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ишлари тугаллангунга қадар, уни вақтинча Тошкент давлат аграр университетининг Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй манзилидаги ўқув биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Тошкент давлат аграр университети Филиалга ўқув-услубий таъминоти ва ўқув жараёнини ташкил этишда ҳамда ўқув-лаборатория ва дала амалиётларини ўтказишда вақтинчалик ўзининг мавжуд базасидан бепул фойдаланишига амалий ёрдам беради.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

бир ой муддатда ўрнатилган тартибда Филиал таъсис ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши, келишилиши ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

икки ой муддатда Филиалнинг ташкилий тузилмаси тасдиқланишини;

2019 йил 1 августга қадар муддатда Филиални малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан танлов асосида тўлдирилишини таъминласин.

7. Бош муассаса:

ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этишга;

мутахассисларнинг малакасини оширишга ва Филиалнинг профессор-ўқитувчилари таркибини қайта тайёрлашга;

Филиалнинг кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан шакллантириш ва тўлдиришга кўмаклашиши маълумот учун қабул қилинсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Филиал фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига талабаларни, лекин Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 40 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда, давлат гранти асосида ўқитишга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадалларидан Васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари;

халқаро молия институтлари грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига биноан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиалнинг бино
ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

10. Филиалнинг ўқув жараёнига хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан жалб қилинган олим, профессор-ўқитувчи ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги
ПҚ-2909-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртмаларига биноан хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирилмасдан кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини ҳамда уларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Филиалнинг буюртмаларига биноан Филиални ташкил этишда ва унинг фаолиятида иштирок этувчи хорижий малакали мутахассисларни республикага жалб қилишга белгиланган тартибда рухсатномалар беришни (узайтиришни), шунингдек, хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига тасдиқнома беришни (узайтиришни) таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. Маджидов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Б. Юсупов ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси О. Мусаев зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

А. Арипов

 

 

Umumiy takliflar

418