ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
164 Министерство физической культуры и спорта Республики Узбекистан 09/08/2018 24/08/2018 0

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-164

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ
ВА СПОРТ ВАЗИРИ
НИНГ

БУЙРУҒИ

 

 

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган

мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаcининг 2018 йил 2 июндаги 410-сон “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган
мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Вазир                                                                                                Д. Набиев

 

 

      Тошкент ш.,

2018 йил ___ ___________,

________-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Жисмоний тарбия ва

спорт вазирининг

2018 йил “____ _________даги
_______-сон буйруғига

ИЛОВА

 

Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган

мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги
ва “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги
410-сон “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига (бундан буён матнда мактаб-интернат деб юритилади) ўқувчиларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мактаб-интернатга ҳар йили умумтаълим мактабининг 4-синфини тамомлаганлиги тўғрисида баҳолар (ўзлаштириш) табелига эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, спортга қобилияти энг иқтидорли, олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан спортнинг ўйин турлари (спортнинг футбол туридан ташқари) бўйича (бундан буён матнда спорт турлари деб юритилади) синов имтиҳонларидан (бундан буён матнда танлов деб юритилади) муваффақиятли ўтган номзодлар (бундан буён матнда ўқувчилар деб юритилади) танлов натижалари асосида қабул қилинади.

2. Мактаб-интернатда ўқиш муддати 7 йил ва ўқувчилар умумий контингенти
350 нафар бўлиб, спортга қобилияти энг иқтидорли 25-30 нафар (25 нафардан кам бўлмаслиги лозим) ўқувчилар танлов натижалари асосида ҳар йили 5-синфга (ўқувчиларнинг 50 фоизи спортнинг олимпия ва миллий турларига кирадиган яккама-якка кураш турлари бўйича, қолган 50 фоизи спортнинг олимпия турларига кирадиган ўйин турлари бўйича (спортнинг футбол туридан ташқари)) қабул қилинади.

3. Мактаб-интернатга қабул Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланган квотага мувофиқ амалга оширилади.

4. Мактаб-интернат ўқувчилари контингентини сифатли ва мақсадли бутлаш учун умумий жисмоний тайёргарлик ва махсус жисмоний тайёргарликни ўз ичига оладиган танлов ўтказилади.

5. Ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш тенг ҳуқуқлилик ва одиллик принциплари асосида, ушбу низомга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

 

2-боб. Мактаб-интернатга танлаб олиш ва қабул

қилишни ташкил этиш

 

6. Ўқувчиларни мактаб-интернатга танлаб олишни сифатли ташкил этиш мақсадида ҳужжатлар қабул қилиниши бошланишидан икки ой олдин мактаб-интернат томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ушбу
мактаб-интернатга ҳужжатларни қабул қилиш, танлов асосида танлаб олиш ва қабул қилиш шартлари, шунингдек уни ўтказишнинг муддатлари, тартиби тўғрисида эълон берилади.

7. Ўқувчиларнинг спорт турлари бўйича бошланғич кўникмаларини аниқлаш, шунингдек мактаб-интернатга ўқувчиларни танлаб олиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида мактаб-интернат директорининг буйруғига асосан мактаб-интернат ҳудудида танловдан олдинги 24 иш кунигача давом этадиган ўқув-машқ йиғинлари ташкил этилади.

8. Мактаб-интернатга ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва танловда иштирок этувчи ўқувчилар рўйхатини шакллантириш учун мактаб-интернатда қабул комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузилади.

9. Комиссия таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири, вилоятлар  ва Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқарма деб юритилади) бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

10. Комиссия таркибига ҳудудий бошқармадан бир нафардан вакил, спорт турлари бўйича федерация (уюшмалар)лар вакиллари, мактаб-интернат психологи ва тиббиёт ходими киритилади. Мактаб-интернат директори комиссия раиси ҳисобланади.

11. Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (бундан буён матнда ота-оналар деб юритилади) ҳамда жамоатчилик ўртасида
мактаб-интернатга қабул қилиш тартиби тўғрисида тушунтириш, маслаҳатлар бериш ишларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва расмийлаштириш, танловни юқори даражада уюшқоқлик билан ташкил этиш ҳамда холисона ва адолатли ўтишини таъминлаш, ўқувчиларга уларнинг танлов жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ
ва мажбуриятларини тушунтириш, танлов натижалари бўйича ўқувчилар ва уларнинг
ота-оналарига тўлиқ маълумотлар бериш, танлов натижалари юзасидан берилган мурожаатларни кўриб чиқиш, шунингдек танлов якунларини умумлаштириш (комиссия баённомалари, мактаб-интернатга ўқишга қабул қилиш учун ўқувчилар рўйхати, танлов натижалари бўйича умумий рўйхат ва Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига тақдим этиш) комиссиянинг асосий вазифалари бўлиб ҳисобланади.

Комиссияга юклатилган барча вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш ҳамда ўқувчиларнинг ҳужжатларини сақлаш учун жавобгарлик комиссия раиси ва масъул котиби зиммасига юклатилади.

12. Ота-оналар томонидан комиссияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ўқувчининг ота-онаси номидан мактаб-интернат директори номига ушбу
мактаб-интернатга ўқувчини қабул қилиш ҳақидаги ариза;

б) ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (ҳужжатни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);

в) ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси (ҳужжатларни топшириш унинг асл нусхаси кўрсатилади);

г) 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома ҳамда ўқувчининг умуртқаси рентген тасвири;

д) ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса;

е) ўқувчининг 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;

ж) ўқувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида унинг асл нусхаси кўрсатилади);

з) ўқувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома;

и) ўқувчининг психологик-педагогик диагностика дафтари (умумтаълим муассасаси психологи ёки директор ва синф раҳбари томонидан берилган тавсифнома).

13. Комиссия томонидан мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

14. Ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 8 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

15. Ҳужжат топширган ўқувчилар ҳақидаги маълумотлар мактаб-интернат томонидан 10 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига юборилади.

 

3-боб. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш

 

16. Мактаб-интернат ҳудудида танловдан олдинги ўқув-машқ йиғинларида иштирок этган ўқувчилар орасидан спортга қобилияти энг иқтидорли, спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарликка эга ўқувчиларни аниқлаш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.

17. Танловни ўтказиш учун комиссия раиси томонидан 5 кишидан иборат таркибда Танловни ўтказиш ҳайъати (бундан буён матнда ҳайъат деб юритилади) ташкил этилади.

18. Ўқувчилар мактаб-интернатга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонларини (синовларини) топширади.

19. Ўқувчиларни танлов асосида танлаб олиш ва мактаб-интернатга қабул қилиш мақсадида спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик талаблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

20. Ўқувчиларни танлов асосида танлаб олиш ва қабул қилиш мазкур Низомнинг 16-бандига мувофиқ тасдиқланган спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик талаблари асосида ўтказилади.

Танлаб олиш ва қабул қилиш 100 баллик тизимда (умумий жисмоний тайёргарлик 30 балл, махсус жисмоний тайёргарлик 70 балл) баҳоланади.

21. Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар ҳар йили
9 – 10 август кунлари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий комиссия таркибига

мактаб-интернатнинг спорт турлари бўйича 1 нафар тренери ҳам киритилади.

22. Тиббий кўрикдан ўтказишда ўқувчининг антропометрик кўрсаткичлари (тана вазни, бўйининг узунлиги ва кўкрак қафаси айланаси), функционал имкониятлари
ва соғлиғидаги мавжуд нуқсонлари аниқланади.

23. Тиббий кўрик натижаларига кўра соғлом деб топилган ўқувчилар ихтисослик имтиҳонларини топширишга қўйилади.

24. Ихтисослик имтиҳонлари ҳар йили 11 августдан 16 августгача (шу кун ҳам) ўтказилади ва ҳар бир танлов натижалари ўтказилган куннинг эртасидан кечиктирмай ўқувчиларга эълон қилинади.

25. Ўқувчиларнинг ихтисослик имтиҳонлари натижалари дарҳол қайдномага киритилади ва ўқувчиларга эълон қилинади ҳамда ҳайъат аъзолари томонидан имзоланади.

26. Ихтисослик имтиҳонлари бўйича умумий балл умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик учун қўйилган баллар йиғиндисига кўра аниқланади.

27. Ихтисослик имтиҳонлари натижалари улар ўтказилгандан сўнг 3 кун ичида эълон қилинади. Ихтисослик имтиҳонлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган 25-30 нафар (25 нафардан кам бўлмаган) ўқувчи мактаб-интернатга ўқишга қабул қилинади.

28. Ихтисослик имтиҳонлари натижаларига кўра ўқувчиларнинг ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларнинг вилоят босқичида эришган натижалари юқори бўлган ўқувчилар мактаб-интернатга имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлади.

29. Танлов натижаларига асосан комиссия ўқишга кирган ўқувчилар рўйхатини тузади ҳамда ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги баённомани расмийлаштиради. Мазкур ҳужжатлар комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда мактаб-интернат муҳри билан тасдиқланади.

30. Комиссия баённомаси ўқувчиларни мактаб-интернатнинг ўқувчилари сафига қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаришга асос бўлади.

 

4-боб. Танлов натижалари юзасидан берилган

мурожаатларни кўриб чиқиш

 

31. Танлов натижаларига кўра, ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналари норозилик аризасини бериш ҳуқуқига эгалар.

32. Танлов натижалари бўйича берилган мурожаатларни кўриб чиқиш учун
ҳар йили 10 августга қадар ҳудудий бошқарма бошлиғининг буйруғи билан
мактаб-интернатда апелляция комиссияси ташкил этилади ва 3 кишидан иборат таркибда тасдиқланади.

33. Апелляция комиссияси комиссия ва ҳайъат таркибида бўлмаган соҳа мутахассисларидан шакллантирилади.

34. Танлов натижаси бўйича мурожаатлар ўқувчининг ота-оналари ёки улардан бири томонидан танлов натижаси эълон қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида апелляция комиссиясига берилади.

35. Мурожаатлар улар келиб тушган пайтдан бошлаб 24 соат ичида апелляция комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади ва қарор қабул қилинган куннинг ўзида қабул қилинган қарор натижаси бўйича мурожаат қилган шахсга апелляция комиссияси томонидан ёзма равишда маълум қилинади.

36. Мурожаатни кўриб чиқиш вақтида мурожаат қилган шахс апелляция комиссияси ишида ўзининг илтимосига асосан иштирок этиши мумкин.

37. Апелляция комиссияси мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра танлов натижасини бекор қилиши ёки унга тегишли ўзгартириш киритиши мумкин.

38. Апелляция комиссиясининг мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

 

5-боб. Ўқувчининг жисмоний ва махсус тайёргарлигини ўрганиш
ва бўш қолган ўринларга ўқувчиларни қабул қилиш

 

39. Ўқувчиларнинг жисмоний ва махсус тайёргарлигини ўрганиш ўқув йили давомида бир марта, ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида ўзлаштира олмаётган ўқувчиларни аниқлаш мақсадида ўтказилади.

40. Ўқувчиларнинг жисмоний ва махсус тайёргарлигини ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг буйруғи билан тасдиқланган махсус ҳайъат аъзолари томонидан амалга оширилади.

41. Махсус ҳайъат ўқувчиларнинг жисмоний ва махсус тайёргарлигини ўрганишда ўқувчиларнинг жисмоний ва махсус тайёргарлик меъёрларини бажара олишларига эътибор қаратади.

42. Махсус ҳайъат томонидан ўрганиш натижасига кўра баённома расмийлаштирилади, ушбу баённома жисмоний ва махсус тайёргарлик меъёрларини ўзлаштира олмаган деб топилган ўқувчиларни мактаб-интернатнинг педагогика кенгаши қарори асосида четлаштирилишига ва аввал ўқиган мактабига қайтариб юборилишига (ўқувчининг яшаш жойи ўзгарган шароитда тегишли ҳудуддаги бошқа мактабга) асос бўлади. Бунда, истисно тариқасида, 5-синф ўқувчилари четлатилмайди.

43. Бўшаб қолган ўринларга ўқувчиларни қабул қилиш мазкур Низомда белгиланган тартибда ўқув йилининг биринчи ярим йиллигидагина амалга оширилади.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

44. Мазкур Низомда белгиланган масалалар бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

45. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва  Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан келишилган.

 

 

 

Молия вазири

 

2018 йил “___”_________

 

 

 

 

Д.Кучкаров

Соғлиқни сақлаш вазири

 

2018 йил “___”_________

 

 

 

 

А.Шадманов

Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Президенти

 

2018 йил “_____”___________

 

 

А.Раматов

 

Umumiy takliflar

1107