ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
1635 Министерство культуры Республики Узбекистан 28/12/2018 12/01/2019 7

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-1635

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги
Маданий мерос департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

        

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ–4068-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти тўғрисидаги низом
1-иловага;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ташкилий тузилмаси
2-иловага;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти марказий аппарати тузилмаси 3-иловага;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари намунавий тузилмаси 4-иловага;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгаш таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти (кейинги ўринларда Департамент деб юритилади) марказий аппаратининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бошқарув ходимлари чекланган сони 48 нафар этиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарур бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Департамент ва унинг бошқармаларининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорида назарда тутилган мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳамда ушбу қарорга 3-иловада белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади;

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармаларини сақлаш харажатлари тегишлича Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига белгиланган тартибда қопланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Департамент марказий аппаратини сақлаш харажатлари учун зарур бўлган бюджет маблағларини 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида маданият соҳасига назарга тутилган маблағлар доирасида ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ой муддатда Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини давлат мулки ҳисобланган биноларга текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин;

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини моддий-техник базасини тубдан яхшилаш, хусусан, транспорт воситаси билан таъминлаш, ҳудуддаги моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда уларга муҳофаза белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатлар учун зарур бўлган маблағларни 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида маданият соҳасига назарга тутилган маблағлар доирасида ажратсин;

Департаментнинг ҳудудий бошқармаларини сақлаш харажатларини 2019 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида назарда тутсин.

7. Департамент Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчаси, 1-уй манзилдаги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

 


А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил ____ _________даги ____-сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги
Маданий мерос департаменти тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг (кейинги ўринларда Департамент деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, масъулиятини ва фаолиятини ташкил қилиш тартибини белгилайди.

2. Департамент Ўзбекистон Республикасида моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.

3. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармалари (кейинги ўринларда ҳудудий бошқармалар деб аталади) ўз фаолиятида бевосита Департаментга бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар.

5. Департаментнинг ўз ваколатлари доирасида моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

6. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида ғазна ҳисобрақамларига ва банк ҳисобрақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.

7. Департаментнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти;

қисқартирилгани — Маданий мерос департаменти;

б) инглиз тилида:

тўлиқ — Department of cultural heritage under Ministry of Culture of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилгани — Department of cultural heritage;

в) рус тилида:

тўлиқ — Департамент культурного наследия при Министерстве культуры Республики Узбекистан;

қисқартирилгани — Департамент культурного наследия.

2-боб. Департаментнинг асосий вазифалари ва функциялари

8. Қуйидагилар Департаментнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

моддий маданий мерос, шу жумладан, археология мероси объектлари, музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда маданий бойликларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, улардан фойдаланиш ва археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари ва бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қатнашиш;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

тарихий-маданий ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизасини, моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб бориш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштириш;

археология ашёлари давлат каталогини юритиш, археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилиш ҳамда уларни фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктириш, шунингдек археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилиш, экспертизадан ўтказиш ва архивини йиғиш, археология ёдгорлигини концервациялаш ҳамда музейлаштириш;

миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш, музей ашёлари ва коллекцияларини музей фонди тасарруфидан чиқариш ёки бошқа музей фондига ўтказиш, маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар бериш, шунингдек давлат томонидан муҳофаза рўйхатлари ва реестрларига киритилган маданий бойликлар, жумладан, музей ашёлари ва коллекциялари, қадимий ёзма манбаларнинг бут сақланишини ва ҳисоби юритилишини текшириш, миллий архив фонди бундан мустасно;

олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш;

моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, соҳага давлат-хусусий шериклик механизмларини, инновацион ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш.

Департамент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

9. Департамент ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

археология мероси объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга оширади;

археология тадқиқотларини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя қилиниши, археология ашёларининг ўз вақтида ҳисобга олиниши ва давлатга топширилишини назорат қилади;

Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

 

б) тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш соҳасида:

моддий маданий мерос объектларининг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши ва тарғиб қилинишини таъминлайди;

моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этади ва амалга оширади;

тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштиради ва давлат ҳисобига олади;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритади;

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг давлат миллий рўйхатини юритади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифаларини белгилайди;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари қўриқланадиган теграларини тасдиқлайди;

тарихий-маданий қимматига кўра Моддий маданий мерос объектларининг Давлат кадастрига киритиш ва ундан чиқариш бўйича таклифларни тайёрлайди;

в) моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга ошириш соҳасида:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказади;

моддий маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни бажариш учун рухсатнома беради;

моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни олиб боради ва бу борада ҳудудий бошқарма ва пудрат ташкилоти ўртасида шартнома тузилишини ташкил қилади;

моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий қиммати ва ноёблигига асрашга доир ишларни путур етказмаган ҳолда амалга оширилиши бўйича узлуксиз илмий-техник назоратни ҳудудий бошқарма ва пудрат ташкилоти ўртасида тузилган шартнома асосида олиб борилишини назорат қилади;

Маданият вазирлиги моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг асрашга доир ишларини бажариш учун республика бюджетидан ажратилган маблағлар бўйича буюртмачи бўлади.

г) алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини мувофиқлаштириш соҳасида:

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларнинг қўриқланадиган теграларини тасдиқлайди;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларни (объектлар) қўриқланадиган ва муҳофаза теграларини тасдиқлайди;

ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларнинг бошқариш режаларини тасдиқлайди ва уларни амалга оширилишини назорат қилади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар бўйича паспорт ишлаб чиқилишини ташкил қилади ва унинг бажарилишини назорат қилади;

аҳоли пунктларини бош режалари лойиҳасини кўриб чиқади ва уларни маъқуллайди ёки асослантирган ҳолда маъқуллашни рад этади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ва жаҳон маданий мероси объектлари жумласига киритилган ҳудудларда шаҳарсозлик ва бошқа хўжалик фаолиятларини уларнинг тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолган ҳолда олиб борилишини мувофиқлаштиради.

д) археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, археология тадқиқотлари соҳасида:

Археология ашёлари давлат каталогини юритади;

археология ашёларини Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказади;

Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган археология ашёларини тасарруфдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

археология ёдгорликларнинг электрон базасини яратади ва уни мунтазам янгилаб боради;

археология ашёларини фан, маданият ва таълим муассасаларига бириктиради;

фан, маданият ва таълим муассасаларида амалга ошириладиган археология тадқиқотларини мувофиқлаштиради;

археология тадқиқотлари бўйича илмий ҳисоботларни қабул қилади, экспертизадан ўтказади ва архивини йиғади, уларнинг идоравий архивда сақланишини таъминлайди;

археология ёдгорлигини консервация қилади ҳамда музейлаштиради;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга ошириш учун рухсатнома беради;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш учун махсус рухсатнома беради;

археологнинг профессионал даражасини тасдиқлаш учун очиқ варақ беради;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилинишини назорат қилади.

е) музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда бошқа маданий бойликларни муҳофаза қилиш соҳасида:

Миллий музей фондининг давлат каталогини юритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда Миллий музей фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига таклиф киритади;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси маданият вазирга таклиф киритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текширади;

нодавлат музейларига бириктириб қўйилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори олдига уларни сақлаш жойини ўзгартириш ёки уларни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги масалани қўяди;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллаш ҳамда ахборот олади;

маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар беради.

ё) моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини самарали татбиқ этиш соҳасида:

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан оқилона фойдаланилишини таъминлайди;

бўш турган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини физик ва техник ҳолатларини инобатга олиб, тегишли тартибда ижарага берилиши бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

баланс сақловчи (текин фойдаланувчи) томонидан ишлаб чиқиладиган моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш концепциясини туризм соҳаларида ваколатли давлат органлари билан келишишни ташкил қилади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар базасини янгилаб боради.

ж) моддий маданий мерос объектларини кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, ахборот-коммуникация технологияларини самарали татбиқ этиш, электрон хизматларни ривожлантириш соҳасида:

тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзодномаларни тайёрлайди ва тақдим этади;

интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда махсус саҳифалар ташкил этади ва унга инновацион тарғибот материалларни жойлаштириб боради.

интернет сайтлар, ижтимоий тармоқларда эълон қилинган соҳага оид маълумотларни таҳлил қилади ва зарур ҳолларда тегишли муносабат билдиради;

з) экспертлар, реставратор-усталар ва бошқа мутахассислар ҳамда жамоат инспекторлари билан ҳамкорлик соҳасида:

олимлар, халқ усталари, реставраторлар, экспертлар билан яқин ҳамкорлик қилади;

экспертларнинг рўйхатини тузади ва тасдиқлайди;

халқ усталари, реставраторлар, экспертларнинг малакасини ошириши учун кўмаклашади;

таъмиршуносликдаги ўзига хос услуб, анъана ва мактабларини ривожлантиришни, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди;

и) халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида:

халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиради;

молиявий институтларнинг грантлари, кредитлари ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

соҳага оид халқаро тажрибаларни ўрганади ва уларни жорий қилиш бўйича таклиф тайёрлайди.

3-боб. Департаментнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги

10. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

моддий маданий мерос объектлари ҳуқуқ эгалари (баланс сақловчилар, ижарага олувчилар, текин фойдаланувчилар, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фойдаланувчилари)дан моддий маданий мерос объектлари муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолати ҳақида ахборот сўраш ҳамда олиш;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлардан Департамент ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ҳужжатлар, статистика маълумотлари, таҳлилий материаллар, хулосалар ҳамда бошқа ахборотни сўраш ҳамда олиш;

моддий маданий мерос кўчмас мулк объектлари ҳуқуқ эгалари (баланс сақловчилар, ижарага олувчилар, текин фойдаланувчилар, оператив бошқариш ҳуқуқи асосида фойдаланувчилари)дан моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан (ижарага бериш, намойиш қилиш, экскурсиялар, унинг ҳудудида турли тадбирлар ташкил қилиш, хайр-эҳсонлар тўплаш ва бошқалар) топилган маблағлар, ушбу маблағларни сарфланиши, объектларга ташриф буюрувчилари ҳақидаги ахборотни белгиланган тартибда олиш, Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича текширувлар ўтказиш;

Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун киритиш;

Департамент мутахассислари, маслаҳатчилари ва экспертларини хорижий давлатларга белгиланган тартибда юбориш;

назорат объектларининг электрон маълумотлар базаси ва ахборот ресурсларидан фойдаланиш;

бошқа давлат назорат органлари, вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашиш;

давлат назоратини амалга оширишда махсус касбий билимларни талаб этадиган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мутахассисларини эксперт сифатида жалб этиш;

назорат объектининг мансабдор ва бошқа масъул шахслардан давлат назорат тадбири жараёнида пайдо бўладиган масалалар бўйича тушунтиришлар беришни талаб қилиш;

назорат объекти мансабдор ва бошқа масъул шахсларининг тушунтиришлар бериш ва назорат тадбири натижалари бўйича расмийлаштириладиган ҳужжатларни имзолашдан бош тортганликлари тўғрисидаги далолатномани тузиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мерос объектлари соҳасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритади;

зарур ҳолларда, моддий маданий мерос объектлари ва улар жойлашган бино ва иншоотларни муҳрлаш, қалбакилаштириш, сохталаштириш ва бошқа суистеъмолликлар аломатлари аниқланган тақдирда эса назорат объекти тегишли ҳужжатларини олиб қўйиш;

моддий маданий мерос объектлари соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида Департаментда ишлаш учун белгиланган тартибда жалб қилиш;

халқаро, хорижий, консалтинг ва аудиторлик ташкилотлар, компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, музокаралар ўтказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш учун шартномалар тузиш;

моддий маданий мерос объектлари соҳасига грантлар, инвестициялар жалб қилиш мақсадида халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар ва банклар билан ҳамкорлик ўрнатиш.

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари қуйидагиларга мажбур:

ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;

моддий маданий мерос объектлари муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш;

давлат назорати натижаларига доир ҳужжатларда баён этилган маълумотларнинг ишончлилиги, холислиги ва тўлиқлигини таъминлаш;

давлат сирларининг ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ҳудудий бошқармалар томонидан аниқланган характерли ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Департамент раҳбариятини хабардор қилиш.

4-боб. Департамент фаолиятини ташкил этиш

12. Департаментга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари раҳбарлик қилади.

Бошлиқнинг Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган икки нафар ўринбосари – бош меъмор ва бош инспектор бўлади.

13. Бошлиқ Департамент ишларини ташкил этишни ва фаолиятига умумий раҳбарликни таъминлайди, шунингдек, унинг фаолияти сифати ва якуний натижаси учун масъул ҳисобланади.

14. Департаментнинг ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Департамент бошлиғининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ҳудудий бошқармаларнинг бошқарув ходимлари Департамент бошлиғи билан келишилган ҳолда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

15. Ҳудудий бошқармалар ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида амалга оширадилар.

16. Департамент моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалаларида ўзининг вазифа ва функцияларини амалга ошириш доирасида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа ташкилотлар, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

17. Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига (кейинги ўринларда Департамент ходимлари деб аталади) Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида” 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон қарорида назарда тутилган мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ҳамда ушбу қарорга 3-иловада белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари қўлланилади.

18. Заруриятга кўра, Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари балансида бўлган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг муҳофаза қилишни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари штатлари жадвалига ушбу объектларнинг қоровуллари штатлари киритилиши мумкин.

5-боб. Департамент раҳбариятининг асосий функционал
мажбуриятлари

19. Қуйидагилар Департамент бошлиғининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

Департамент фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатларида Департаментга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Департамент фаолиятига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилишини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ва унинг ўринбосарларининг топшириқларини бажариш;

Департамент фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан Департамент мансабдор шахсларининг ваколатларини аниқлаш ва уларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

Департамент фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Департамент ва мансабдор шахсларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши юзасидан назоратни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни ташкил этишнинг амалий тизимини яратиш ва мониторингини юритиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ Департамент фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Департаментнинг қонун лойиҳалари бўйича фаолиятини ташкил этиш;

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти деб аталади) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 14 февралдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (кейинги ўринларда Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти деб аталади) талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият кўрсатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш ва уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

Департаментга тақдим этилган таклифларнинг ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларнинг моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа хил экспертизадан пухта ўтказилишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламентида ва Вазирлар Маҳкамаси Регламентида белгиланган муддатларда келишилишини (визаланишини) таъминлаш;

Департамент ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;

Департаментга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Департамент кадрлар захирасини шакллантириш;

Департамент ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш;

Департамент фаолиятига ишларни ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда Департамент раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Департамент ходимлари томонидан Департамент ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Департамент тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш, электрон ҳужжат айланиш тизимини кенг жорий қилиш ва ундан самарали фойдаланиш, юридик ва жисмоний шахслардан тушадиган мурожаатларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ишларининг назоратини ҳамда мувофиқлаштирилишини ташкил қилиш;

Департамент фаолиятига тааллуқли шартномаларни ва Ўзбекистон Республикасининг вакили сифатида Департамент ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро хусусиятга эга шартномаларни белгиланган тартибда тузиш ҳамда имзолаш;

Департамент ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар қабул қилиш ва кўрсатмалар бериш;

Департамент ходимларини, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб бораётган шахсларни кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотлаш тўғрисидаги масалаларни белгиланган тартибда ҳал этиш, Департаментнинг алоҳида намуна кўрсатган ходимларини, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб бораётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонлари ва давлат мукофотлари билан тақдирлашга тавсия этиш;

Департамент ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этиш, шу жумладан уларнинг бундан буён эгаллаб турган лавозимида қолишининг мақсадга мувофиқлиги, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли масалаларни кўриб чиқиш;

Департамент мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш.

20. Қуйидагилар Департамент бошлиғи ўринбосарларининг, таркибий ва ҳудудий бошқармалари, бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига Департамент таркибий ва ҳудудий бошқармалари, бўлинмалари ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларини бажаришни таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек, ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарорига ва «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш;

Департамент қарорларининг, бошлиқ буйруқлари, фармойишлари ва топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифа ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларга юкланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмалар фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Департамент раҳбариятига киритиш;

Департамент таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларига кадрларни танлаш ва тайинлаш жараёнида Департамент бошлиғига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий иш тажрибаси, юқори ишчанлик даражаси ва маънавий-ахлоқий сифатлари кафолатланганлигини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий ва ҳудудий бошқарма, бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

таркибий бўлинмаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, кейинчалик кўриб чиқиш учун Департамент таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва уларга виза қўйиш, уларни Департамент раҳбарияти томонидан имзолаш (виза қўйиш), уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Регламенти ва Вазирлар Маҳкамаси Регламенти талабларига қатъий равишда ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш;

Департаментга тақдим этилган таклифларни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўз ваколати доирасида тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича, молиявий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Мансабдор шахсларнинг хориж мамлакатларига хизмат сафарлари самараси учун шахсий масъулиятларини янада ошириш ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини ташкил этиш чоралари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорларига тўлиқ мувофиқ ҳолда хизмат сафарларини ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, хизмат сафарлари харажатларига ажратилган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланилишини таъминлаш;

Департамент ходимларининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини йиғилишларда эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

Департамент ходимлари томонидан ходимларнинг ахлоқ-одоб қоидалари талабларига риоя этиш;

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Департамент тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

7-боб. Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаш фаолиятини
ташкил этиш

1-§. Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаш
таркиби

21. Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаш (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) таркибига  тарих, меъморчилик, моддий маданий мерос соҳасида илмий, амалий тажрибага эга бўлган 11 нафар олим ва юқори малакали мутахассислар киритилади.

Кенгаш таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, масъул котиби ва Кенгаш аъзолари киради.

Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Кенгаш раиси, унинг ўринбосари ва Кенгаш аъзолари Кенгаш фаолиятини амалга оширишда жамоатчилик асосида иштирок этадилар.

Кенгаш масъул котиби ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради.

Кенгаш масъул котиби Кенгаш фаолияти ва унинг мажлислари кун тартибига тааллуқли материалларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш ва Кенгашга киритилишини ташкил қилади, шунингдек, Кенгаш фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа топшириқларни бажаради.

22. Кенгаш аъзолари унинг мажлисларида алмашув ҳуқуқисиз иштирок этадилар.

Лавозимларига кўра Департамент бошлиғи Кенгаш раиси, Департамент бошлиғининг ўринбосари – бош меъмор Кенгаш раисининг ўринбосари, Департаментнинг Асрашга доир ишларга рухсатнома бериш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини давлат экспертизасидан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Кенгаш масъул котиби ҳисобланади. Улар бошқа ишга ўтган тақдирда, Кенгашнинг ушбу аъзоларининг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларини бажариш юклатилган шахслар киритилади.

23. Кенгаш аъзоларига ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 3 баробари миқдорида ҳақ тўланади, Кенгаш таркибига киритилган Департамент бошлиғи, унинг ўринбосари – бош меъмор, Кенгаш масъул котиби бундан мустасно.

Кенгаш мажлисларида 6 ой давомида сабабсиз 3 мартга иштирок этмаган Кенгаш аъзоларига бир ойлик ҳақ тўланмайди.

24. Кенгаш аъзоларига давлат суд экспертлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар татбиқ этилади.

2-§. Кенгаш вазифалари ва функциялари

25. Кенгаш вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, нодавлат ташкилотларнинг моддий маданий мерос объектлари масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришни янада такомиллаштириш бўйича илмий-амалий таклифлар тайёрлаш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини амалга ошириш юзасидан илмий-амалий таклифлар тайёрлаш;

моддий маданий мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш жараёнида пайдо бўладиган масалаларни илмий жиҳатдан кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича илмий-амалий таклифлар тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этиш;

юридик ва жисмоний шахсларга моддий маданий мерос объектларини  муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш фаолиятида моддий маданий мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишда кўмаклашиш;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар (ҳудудлар)ни ишончли муҳофаза қилиш, ушбу ҳудудларда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини умумбашарий бемисл қимматга салбий таъсир этмаган ҳолда олиб бориш бўйича илмий хулосалар бериш.

26. Кенгаш ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ:

моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини тарихий-маданий экспертиза хулосаларини маъқуллайди;

моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларнинг лойиҳаларини маъқуллайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан моддий маданий мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши амалиётини кўриб чиқишда иштирок этади;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқади;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларни келишилади;

алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар, тарихий-маданий қимматига кўра ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объект (ҳудуд)ларда қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва тарихий-маданий қимматга эга бўлмаган бино ва иншоотларни бузиш ишларининг, ердан фойдаланиш лойиҳалари келишилади;

27. Кенгаш хулосалари Департамент учун мажбурий ҳисобланади.

3-§. Кенгаш ишини ташкил этиш

28. Кенгаш мажлисларини Кенгаш раиси олиб боради, Кенгаш раиси қатнашмаган ҳолларда унинг топшириғига кўра йиғилишни раис ўринбосари олиб боради.

29. Кенгаш мажлислари ҳар ойда камида бир марта чақирилади. Зудлик билан ҳал қилиниши зарур бўлган масалалар Кенгаш мажлисларининг сўров шаклида ўтказилади.

30. Кенгаш мажлисларнинг кун тартиби, шунингдек, уларни ўтказиш жойи ва вақти Кенгаш раиси ёки унинг топшириғига кўра раис ўринбосаридан бири томонидан белгиланади.

31. Мажлислар Кенгаш аъзоларининг умумий сонидан камида ярми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

32. Кенгаш қарорлари мажлисда қатнашаётган Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Кенгаш аъзолари овоз бериш жараёнида бетараф қолишга ҳақли эмас. Кенгаш қарорига рози бўлмаган Кенгаш аъзолари ўзининг алоҳида фикрини баён қилишга ҳақлидир.

33. Кенгаш қарорлари баённома билан расмийлаштирилади, уни Кенгаш раиси ёки мажлисга раислик қилган унинг ўринбосари ва Кенгаш масъул котиби имзолайди.

34. Кенгаш мажлиси қарорларининг мазмуни (шарҳи) оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиб борилиши мумкин.

35. Фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ахборотларни ўзида мужассам этган материаллар Кенгашнинг ёпиқ мажлисларида Кенгашнинг ваколатли аъзолари иштирокида кўриб чиқилади. Ушбу мажлисларда қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмайди.

36. Кенгаш юридик шахс ҳисобланмайди ва Кенгаш номидан Департамент бошлиғи фаолият олиб боради.

37. Кенгашнинг фаолияти Маданий мерос жамғармаси ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

38. Кенгаш ўз фаолияти тўғрисида Департаментга ахборот беради.

8-боб. Департаментнинг Маданий мерос жамғармаси
фаолиятини ташкил этиш

1-§. Департаментнинг Маданий мерос жамғармаси
маблағларини шакллантириш ва уни сарфлаш

39. Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Департаментнинг махсус бюджетдан ташқари ҳисоб рақамида тўплашни таъминлаш мақсадида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади.

40. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

Департамент, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат музей қўриқхоналарига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 90 фоиз миқдори, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 50 фоиз миқдори;

Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларининг тарихий-маданий экспертизасини ўтказишдан, шунингдек, асрашга доир ишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси ва илмий-техник назоратини амалга оширишдан тушган маблағлар;

моддий маданий мерос объектида асрашга доир ишларни амалга ошириш ва маданий бойликларни реализация қилиш учун рухсатномалар беришга тўланган йиғимлар;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги учун тўланадиган жарималар;

давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш бўйича маблағлар;

Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ва давлат музей қўриқхоналарига тегишли моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларига ташриф буюриш ва уларга экскурсиялар ташкил этишдан тушган маблағнинг 50 фоиз миқдори;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

41. Жамғарма маблағлари:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга доир ишларни амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини, археология ашёлари ва миллий музей фондининг давлат каталогларини юритиш;

моддий маданий мерос объектларини илмий ва илмий-техник тадқиқ қилиш, археология объектларида қазишма ишларини олиб бориш, уларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш;

Департамент ва ҳудудий бошқармаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, электрон хизматларни ривожлантириш;

экспертларни, жумладан, хорижий мутахассисларни жалб этиш, Илмий-эксперт кенгаш аъзолари, Департамент ходимларини моддий рағбатлантириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган Департамент фаолияти билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш учун сарфланади.

2-§. Жамғармани бошқариш

42. Жамғармани бошқариш Департаментнинг умумий йиғилиши қарори билан тузиладиган 11 кишидан иборат Жамғарма кенгаши томонидан амалга оширилади.

43. Қуйидагилар Жамғарма Кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарманинг кейинги йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини ҳар йили 25 декабрга қадар тасдиқлаш;

чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларининг тушуми ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

Жамғармани қўллаб-қувватлаш ва унга хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш;

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

44. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш Департаментнинг Бухгалтерия, иқтисодий таҳлил ва молия бўлими (кейинги ўринларда бўлим деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Бўлим Жамғарма маблағлари шаклланиши ва сарфланишини мониторингини юритади.

45. Қуйидагилар бўлимнинг вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлаш;

Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

сўровларни умумлаштириш ҳамда уларни Жамғарма кенгашида кўриб чиқиш учун киритиш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланишни жорий назорат қилиш, ҳисобини юритиш ва мониторингини олиб бориш;

Жамғарманинг ажратилган маблағларидан мақсадли фойдаланилишини жойларда ўрганиш;

Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари амалга ошириш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар чоракда камида бир марта Жамғарма кенгашига тақдим этиш.

46. Ушбу Низомнинг 40-бандида кўрсатилган манбалардан Жамғармага ажратмалар тегишли ташкилотлар томонидан ҳисобот ойи учун кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай ўтказилади.

Жамғармага ажратмалар ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши учун масъулият тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари зиммасига юкланади.

47. Жамғарманинг ўтган йилда ишлатилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва жорий йилда ушбу Низомда кўрсатилган мақсадлар учун сарфланади.

48. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда (йил чораклари, манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича) тузилади ҳамда Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.

3-§. Ҳисоб, ҳисобот ва назорат

49. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботи Департаментнинг бюджетдан ташқари маблағларидан бўлак ҳолда алоҳида юритилади.

50. Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Департаментнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартгача Жамғарма кенгаши томонидан тасдиқланади.

51. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Назорат-тафтиш бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.

7-боб. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар фаолиятини ташкил этиш

1-§. Умумий қоидалар

52. Фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспекторлар (кейинги ўринларда жамоатчи инспектор аталади) этиб тасдиқланади.

53. Жамоатчи инспектор бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашига (кейинги ўринларда МФЙ деб аталади) қуйидагиларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:

паспорти нусхаси;

3х4 ўлчамда 2 та рангли фотосуръат;

маълумотини тасдиқловчи ҳужжат (диплом) нусхаси.

Жамоатчи инспектор бўлиш истагини билдирган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг аризаси МФЙ йиғилишида ўн беш кун муддатда кўриб чиқилади.

МФЙ йиғилиши баёнининг қарори билан жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади ёки рад этилади.

МФЙ йиғилиши баёнининг қарорида жамоатчи инспектор фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ҳудудидаги аниқ бир моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига бириктирилади.

Бир нафар жамоатчи инспекторни иккидан ортиқ моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига бириктирилишига йўл қўйилмайди, битта моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига 3 нафаргача жамоатчи инспектор бириктирилиши мумкин.

54. МФЙ раиси тегишли йўналтирувчи хат билан беш кун муддатда МФЙ йиғилишининг баёнидан кўчирма, жамоатчи инспекторнинг аризаси нусхаси, паспорти нусхаси, 3х4 ўламда 2 та рангли фотосуръати ва маълумотини тасдиқловчи ҳужжат (диплом) нусхаси Департаментнинг ҳудудий бошқармасига юборади.

Департаментнинг ҳудудий бошқармаси унга ҳужжатлар келиб тушган кундан эътиборан 10 кун муддатда жамоатчи инспекторга уни ваколатини тасдиқловчи гувоҳнома тақдим қилади.

Жамоатчи инспектор гувоҳномаси бир йил муддатга берилади, унинг шакли ва тавсифи, ҳисобга олиниши Департамент томонидан белгиланади.

55. Жамоатчи инспектор томонидан жиноят, моддий маданий мерос объектлари соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилиши, унинг муомалага лаёқатсиз деб топилиши, шунингдек, жамоатчи инспекторининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги уни жамоатчи инспектор мақомидан маҳрум қилишга асос бўлади.

56. Жамоатчи инспектор жамоатчи инспектор этиб тасдиқланган МФЙга ўзига берилган ваколатларнинг ўзидан соқит қилиниши тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга.

57. Жамоатчи инспектор гувоҳномаси ушбу низомнинг 55 ва 56-бандларида назарда тутилган ҳолатларда, шунингдек, унинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг, Департаментнинг ҳудудий бошқармаларига қайтариб берилиши керак.

58. Жамоатчи инспектор гувоҳномасининг риоя этиш муддати тугагандан сўнг ушбу муддат жамоатчи инспектор томонидан берилган аризага мувофиқ МФЙ йиғилишига асосан бир йилга узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолда жамоатчи инспекторга янги гувоҳнома берилади.

59. Жамоатчи инспекторлар фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш Департамент томонидан амалга оширилади.

60. Жамоатчи инспектор ўз фаолиятини ихтиёрий равишда юритади ва қонун ҳужжатларига амал қилади.

2-§. Жамоатчи инспекторнинг асосий вазифалари

61. Қуйидагилар жамоатчи инспекторнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бўйича маълумот ва бошқа материалларни тўплаш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш ҳамда уларни Департаментнинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳолатини кузатиб бориш, муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни ҳамда уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиш ва нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлашда қатнашиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати ҳамда уларни муҳофаза қилиш, сақлаш ва фойдаланилиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларни хабардор қилиш.

3-§. Жамоатчи инспекторнинг ҳуқуқлари

62. Жамоатчи инспектор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини кузатиб боришни амалга ошириш;

моддий маданий мерос объектлари соҳасида давлат назоратини амалга оширишда кузатувчи сифатида иштирок этиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан аниқланган ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот олиш учун тегишли давлат органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг мурожаатини тайёрлашда иштирок этиш;

юридик ва жисмоний шахслардан жамоатчилик назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва ахборотни олиш;

моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганишда иштирок этиш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларига доир ахбороти ҳамда ҳисоботларини эшитишда иштирок этиш;

аҳолининг моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш таълим ва тарбияни ривожлантиришга доир ишларда иштирок этиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва яхшилаш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритиш;

муҳим жамоат тадбирларидаги фаол иштироки ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга оид талаблар бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишдаги ва айбдорларни жавобгарликка тортишдаги кўмаги учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан ёки Департамент, унинг ҳудудий бошқармаларидан рағбатлар олиш;

фуқаролар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш қонунчилиги бузилишига доир ва ташкилотлар фаолиятини ташқи кузатиб боришда аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда маълумотномалар ва ахборотлар тузиш;

жамоат назоратини амалга ошириш давомида ўлчов ўтказиш, намуналар олиш, схема ва чизмаларни чизиш, фото, видео тасвирга тушириш.

Жамоатчи инспектор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

3-§. Жамоатчи инспекторнинг мажбуриятлари

63. Жамоатчи инспектор қуйидагиларни бажариши шарт:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги унга маълум бўлиб қолганда бу ҳақда Департамент, унинг ҳудудий бошқармаларини хабардор қилиш;

жамоатчилик назоратини амалга оширишда моддий маданий мерос объектлари бўйича давлат назоратининг бошқа субъектларига кўмаклашиш;

моддий маданий мерос объектлари бўйича давлат назоратнинг субъектлари вазифаларини уларнинг ўрнига бажармаслик.

Жамоатчи инспекторнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.

4-§. Жамоатчи инспекторнинг жамоатчилик назоратдаги
иштирокини расмийлаштириш

64. Жамоатчи инспектор моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан кузатиш олиб борганда ва ушбу қонун ҳужжатларининг бузилиши аниқланганда маълумотнома ёки ахборот тузади, шахсий имзоси ва муҳри билан тасдиқлайди ҳамда аниқланган ҳолатни бартараф этиш учун тегишли давлат органларига, қоида тариқасида, Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармаларига киритилади.

65. Жамоатчи инспектор жамоат назоратини амалга ошириш давомида ўлчов ўтказган, намуналар олган, схема ва чизмаларни чизган, фото, видео тасвирга туширган бўлса бу бўйича барча материалларни мурожаатига илова қилган ҳолда тақдим этади.

66. Жамоатчи инспекторнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, такрорий мурожаатлар бундан мустасно.

67. Жамоатчи инспектор жамоат назоратини амалга ошириш натижалари бўйича йўллаган мурожаатлари (ахборотлари) Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан алоҳида ҳисобга олиб борилади.

68. Жамоатчи инспектор мурожаати (ахбороти)га асосан давлат назорати шаклида текширилганда соҳага оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса, жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда пул мукофоти билан тақдирланади:

маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ёки суд ҳужжатига асосан – энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;

жиноят аниқланса қонунга мувофиқ жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорга асосан – энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида.

69. Жамоатчи инспекторни пул мукофоти билан тақдирлаш Департамент бошлиғининг буйруғи асосан амалга оширилади.

8-боб. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва
натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва амалий кўрсаткичлари

70. Департамент фаолияти унинг самарадорлиги ва натижадорлиги бўйича мунтазам баҳоланади.

71. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги Ўзбекистон Республикасининг маданият вазири тасдиқлайдиган Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва амалий кўрсаткичлари асосида баҳоланади.

72. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунларига кўра қуйидаги чоралар кўрилади:

Департамент раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жавобгарликнинг тегишли чораларини кўриш;

аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва Департамент фаолиятини янада такомиллаштириш.

73. Департамент фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

9-боб. Департаментни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш

74. Қуйидагилар Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, халқаро ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари, молия институтлари ҳамда бошқа донорларнинг грантлари ва кредитлари (қарзлари);

Жамғарма маблағлари;

юридик ва жисмоний шахслар — Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг хайрия маблағлари;

шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

75. Департамент ходимларининг иш ҳақи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, устама ва қўшимча ҳақдан иборат бўлади.

76. Департамент ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ моддий рағбатлантирилади.

77. Департаментнинг жалб этилган хорижий ходимлари, экспертлари ва маслаҳатчилари Ўзбекистон Республикаси норезидентлари хизматларига тузилган контрактларга мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий валютада ҳақ тўланади.

78. Департаментга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун контракт асосида жалб қилинган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори умумэътироф этилган халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан белгиланади.

79. Департамент ходимларига маданият соҳасидаги уч йиллик хизматлари учун ҳар йили бир марталик мукофот тўланади.

80. Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Департамент ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъий назар, эгаллаб турган асосий лавозими бўйича Департаментнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳисобидан лавозим маошларига (тариф ставкаларига) устамалар ҳамда рағбатлантирувчи бошқа тўловлар белгилаши мумкин.

Департаментнинг айрим ташаббускор ва юқори малакали ходимларининг лавозим маошига (тариф ставкасига) белгиланган тартибда шахсий устамалар белгиланиши мумкин.

81. Департамент ходимларининг асосланган аризасига асосан Департамент бошлиғининг буйруғи билан меҳнатга ҳақ тўлаш фондига ажратилган маблағлар доирасида қуйидаги ҳолларда қўшимча тарзда моддий ёрдам кўрсатилиши мумкин:

яқин қариндошлари вафот этганда — ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасига асосан;

алоҳида эҳтиёж туғилганда (бахтсиз ҳодиса, тўй ва бошқа маросимлар муносабати билан, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклаш учун, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол сабабли ва бошқа ҳолатлар);

овқатланиш харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдордаги ойлик тўловлар;

йўлкира харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдордаги ойлик тўловлар, хизмат автотранспорти бириктирилган ходимлар бундан мустасно.

82. Департамент ходимлари харажатларини қоплаш, моддий ёрдам миқдори ва унинг тўланиши ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилганлигига боғлиқ бўлмайди.

83. Департамент ходимларига қўшимча тарзда моддий ёрдам кўрсатиш уларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан уй-жой ёки автотранспорт воситасини сотиб олиш фоизсиз қарз (кейинги ўринларда Қарз деб аталади) бериш шаклида ҳам амалга оширилиши мумкин.

84. Департамент ходими қарз олиш учун Департамент бошлиғига ариза билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

фуқаролик паспорти нусхаси;

уй-жой ёки автотранспорт воситасини сотиб олиш юзасидан тузилган шартнома нусхаси;

кафилнинг паспорти нусхаси ва даромадлари тўғрисидаги маълумотнома.

85. Жамғарма кенгаши Департамент ходимининг аризасини кўриб чиқади. Жамғарма кенгаши аризани қаноатлантириш ёки қаноатлантирмасдан қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жамғарма кенгаши аризани кўриб чиқишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратади:

ходимнинг уй-жой ва автотранспорт воситасига бўлган эҳтиёжи;

ходимнинг уй-жой шароитларини яхшилашга ва автотранспорт воситасини янгилашга бўлган эҳтиёжи;

ходимнинг кўп йиллик хизмати;

хизмат вазифаларини виждонан ва намунали бажариши, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишга муносиб ҳисса қўшганлиги.

86. Жамғарма кенгаши Департамент ходимини қарз олишга оид аризасини қаноатлантириш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, икки кун муддатда ходимга қарз беришга тўғрисида Департамент бошлиғи буйруқ қабул қилади.

Буйруқда иш берувчининг номи, ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими, сотиб олинадиган уй-жойнинг манзили ёки автотранспорт воситасининг русуми кўрсатилади.

87. Қарз миқдори сотиб олинадиган уй-жой ва автотранспорт воситаси қийматининг 25 фоизидан ошмаслиги лозим.

88. Қарз шартномаси Департамент ва ходим ўртасида тузилади.

89. Қарз шартномаси, қоида тариқасида, автотранспорт воситаси бўйича 5 йил ва уй-жой бўйича 10 йил муддатга тузилади.

90. Департамент бошлиғининг буйруғига кўра қарз шартномаси кредитни қайтариш муддатидан кам бўлмаган бошқа муддатга тузилиши мумкин.

91. Қарз ходимнинг тижорат банкида очилган махсус депозит ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

92. Жамғарма қарз шартномаси тузилган кундан бошлаб 10 кун муддатда маблағларни ходимнинг депозит ҳисоб рақамига ўтказади.

93. Қарз фақат ходимга уй-жой ва автотранспорт воситасини сотиб олиш юзасидан расмийлаштирилган кредитнинг дастлабки бадалини киритиш учун берилади.

94. Қарз учинчи шахс кафиллиги тақдим этилган ҳолда берилади.

Кафиллик шартномаси Департамент ва кафил ўртасида оддий ёзма шаклда тузилади. Кафиллик шартномасини нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.

95. Департамент ходимининг эҳтиёжини инобатга олиб, муайян кредит тури (уй-жой ёки автотранспорт воситаси) учун қарз берилган вақтдан 3 йил ўтгач ва қарз тўлиқ қайтарилган тақдирда айни шу кредит тури бўйича такроран қарз берилиши мумкин.

96. Жамғарма қарзлар ва уларнинг қайтарилиши бўйича тушумларнинг ҳисобини алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида юритади.

97. Департамент ходими қарз суммасини қарз шартномасида белгиланган муддатлар ва миқдорда қайтаради.

Департамент ходими қарз шартномасида белгиланган тўловларни белгиланган муддатдан олдин амалга ошириш ҳуқуқига эга.

98. Қарзни қайтариш Жамғарманинг ғазначиликдаги шахсий ғазна ҳисобварағига иш ҳақи, пенсия, омонат ва бошқа даромадлар ҳисобидан нақд пулсиз маблағ ўтказиш ҳамда нақд пул топшириш йўли билан амалга оширилади.

99. Департамент ходими билан иш берувчи ўртасида меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим қарзни 6 ой ичида бирйўла тўлиқ қайтаради.

100. Департамент қарздан фойдаланишнинг бутун даври давомида берилган маблағларни қайтариш муддатларига риоя қилиниши юзасидан биргаликда доимий мониторинг олиб боради.

101. Қарз бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда ёки тўлиқ қайтарилмаслик хавфи юзага келганда, Департамент қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарзни ундириш чораларини кўради.

102. Қарз бўйича тўловлар кечиктирилиши шартномада белгиланган тартибда ва миқдорда пеня ундириш учун асос ҳисобланади.

103. Департамент ходими қарзни, қарз шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши мумкин эмас.

104. Қарзни қайтариш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

11-боб. Якунловчи қоида

105. Департамент қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.

106. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Umumiy takliflar

1350