ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
1625 Министерство культуры Республики Узбекистан 27/12/2018 11/01/2019 1

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
“Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловини ўтказиш тўғрисида
ID-1625

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

 ҚАРОРИ

 “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар”

республика танловини ўтказиш тўғрисида

        

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мақом санъатини янада ривожлантириш ва замонавий бастакорлик ижодиёти анъаналарига сингдириш, мақом намуналари асосида замонавий асарлар яратиш, мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорларни кашф этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбек миллий мақом санъати марказининг “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловини (кейинги ўринларда республика танлови деб юритилади) 2018 йилдан бошлаб ҳар йили бир маротаба ўтказилиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловининг Ташкилий қўмитаси 1-иловага;

“Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловининг Низоми 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси (Абдуллаев)га:

республика танловини ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

республика танлови ғолибларини аниқлаш мақсадида мақом санъати усталари (бастакор, мусиқашунос, шоир, хонанда ва созандалар)дан иборат республика коммиссиясини тузиш ва тасдиқлаш;

республика танлови совриндорларига бериладиган диплом, сертификат ва статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

республика танловини юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, мақом усталари, бастакорлар, малакали мутахасассисларни жалб этиш вазифалари юклатилсин.

4. Белгилаб қуйилсинки:

республика танловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар, шунингдек, ғолибларни пул мукофотлари билан тақдирлаш Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кучимов) республика танловини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, реклама ролигини эфирга узатиш, босма нашрларда мақолалар чоп этиш, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                                     А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
201__ йил ________даги 

 ____-сонли қарорига

2-илова

 

“Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар

республика танловининг

НИЗОМИ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391-сон қарорига мувофиқ, мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорларнинг “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танловини (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

Умумий қоидалар

1. Танлов мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорлар, мақом санъати ижодкорлари томонидан яратилган янги асарларни излаб топиш, мақом ижрочилари учун кенг имконият яратиш, мақом санъатини янада оммалаштириш ва тарғиб этиш мақсадида Республика миқёсида ўтказилади.

2. Танловда мақом йўлларида яратилган энг яхши асар (куй, ашула) муаллифлари иштирок этади.   

3. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий ишлар Маданият вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари

4. Мақом санъатини миллий анъаналар асосида янада ривожлантириш, мақом ижодиётини мақом ижрочилиги намояндалари ижро ва ижод анъаналари асосида қайта шакллантириш,  замонавий бастакорлик ижодиёти анъаналарига сингдириш ва мақомларининг замонавий намуналарини яратиш, мақом йўналишида ижод қилиб келаётган бастакорларни кашф этиш.

Шунингдек:

мақом йўналишлари бўйича ижод қилиб келаётган бастакорлар учун ижодий муҳит яратиш;

мақом санъати бўйича янги асарлар яратиш жараёнларига санъаткорлар ва соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш;

мақом ижро услубида яратилган асарлар кўламини янада кенгайтириш;

ёш мақом санъати ижодкорларини излаб топиш;

мақом йўлларида ижод этаётган санъаткор ва бастакорларни рағбатлантириш.

Танловни ўтказиш тартиби

5. Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан ҳамкорликда мақом йўлларида ижод қилиб келаётган бастакорлар ўртасида ҳар йили бир маротаба Республика миқёсида ўтказилади.

6. Танловда мақом йўлларида ижод этаётган бастакорлар ҳамда мусиқа санъати ижодкорлари (созанда, хонанда ва бошқа мусиқа ижрочилиги мутахассислари) мақом йўлларида яратган асарлари (куй, ашула) билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

7. Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар томонидан танлов ўтадиган йилнинг 30 ноябрига қадар Ўзбек миллий мақом санъати марказига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

- яратган асари (асар матни ва нота материали) икки нусхада;

- асарнинг ижро этилган (магнит тасмаси ёки мини,  CD дискка ёзилган) намунаси;

- номзоднинг 10 х 15 ўлчовдаги учта рангли фотосурати;

- номзоднинг танловда иштирок этиши бўйича аризаси

- номзоднинг паспорт нусхаси;

- номзоднинг маълумотномаси.

8. Белгиланган муддатдан кечиккан ҳолларда ҳужжатлар қабул қилинмайди.

9. Ҳужжатлар электрон шаклда ҳам қабул қилинади.

10. Ҳудудлардан келган танлов иштирокчиларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ барча харажатлар (йўл, меҳмонхона, овқатланиш, транспорт) ўз ҳисобидан қопланади.

11. Танловда иштирок этиш учун таклиф этилган асарлар мақом санъати усталари (бастакор, мусиқашунос, шоир, хонанда ва созандалар)дан тузилган Республика комиссияси томонидан ўрганилади ва ғолиб асарлар аниқланади.

12. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими танлов бўлиб ўтган йил декабрь ойининг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Танлов шартлари

13. Танловда иштирок этиш учун мақом йўлларида яратилган янги асарлар (мусиқа, ашула) қабул қилинади.

14. Танловга тақдим этиладиган асарлар мақом йўлларига хос бўлиши, шу билан бирга миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, халқимизнинг маънавий дунёсини акс эттиришга қаратилиши лозим.

15. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган асар, ҳужжат ва бошқа материаллар муаллифга қайтариб берилмайди.

16. Танловга тақдим этилган асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи кафолатланади.

17. Танловда ғолиб деб топилган асарларнинг кейинги танловларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

18. Танловда ғолиб деб топилган асарлар учун белгиланган мукофотлар асар муаллифига топширилади.

Республика комиссиясининг ваколатлари

19. Асарнинг асллиги, мақом йўлларига хослиги, ижро учун мукаммаллиги, халқчиллиги матн ва мусиқанинг мутаносиблиги баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.

20. Танлов шартларига тўлиқ жавоб берадиган асарлар тақдим этилмаган ҳолларда Комиссия томонидан танловда белгиланган ўринлар берилмаслиги ёки баллар тенг келиб қолганда ўринлар ғолиб асарлар ўртасида бўлиниши мумкин.

21. Иштирокчиларни баҳолашда Комиссия мустақилдир.

22. Танловнинг якуний натижалари Комиссиянинг қарори билан расмийлаштирилади.

Танловни молиялаштириш ва иштирокчиларни ғолибларни тақдирлаш

23. Қуйидаги харажатлар:

ғолиб асарлар учун пул мукофотлари;

диплом, статуэтка, логотип, сертификат, фахрий ёрлиқ ва гулдасталар;

нашриёт ва реклама маҳсулотларини тайёрлаш, танловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар, шунингдек, ғолибларни пул мукофотлари билан тақдирлаш Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

24. Танлов ғолиблари (асарлар) иккита йўналиш (ашула ва мусиқа) бўйича аниқланади ҳамда асарлар (муаллифлар) махсус диплом, статуэтка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.

25. Танлов ғолиблари қуйидагича рағбатлантирилади:

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул маблағлари,  танловнинг I  даражали дипломи ҳамда статуэтка;

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда II даражали дипломи;

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда III даражали дипломи билан тақдирланади.

26. Танлов иштирокчиларига Комиссия тавсиясига кўра “Мақом йўлларида яратилган энг яхши асар” республика танлови сертификати ёки фахрий ёрлиқлар берилади. 

27. Танлов ғолибларига мукофотлар тақдирлаш маросимида топширилади:

28. Танловда ғолиб бўлган асарлар мақомларнинг янги авлодини яратиш, мавжуд туркумларни тўлдириш, замонавий шаклга келтиришга хизмат қилади ҳамда овоз ёзиш студиясида ёзиб олиниб, телеканаллар орқали намойиш этилади.

29. Танловни молиялаштириш учун қонун билан тақиқланмаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳам жалб этилиши мумкин.

7-боб. Якуний қоида

30. Танлов Комиссиясининг қарори қатъий ҳисобланади ва қайта кўриб чиқилмайди.

31. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Umumiy takliflar

886