ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
16223 Хокимият Самаркандской области 24/03/2020 08/04/2020 0
Распоряжение Кабинета Министров
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ФАРМОЙИШИ
ID-16223

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ФАРМОЙИШИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4539-сон, Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 30 сентябрдаги 828-сон қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш, ҳудудга хорижий ва маҳаллий туристларни кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳудудда бўлиш давомийлигини узайтириш учун қўшимча шароитлар яратиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, халқ ижодини сақлаш, оммалаштириш, сўзана маҳсулоти ва бошқа сувенир маҳсулотларини илгари суришга кўмаклашиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо саноат палатаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси, Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Самарқанд вилоятининг Ургут туманида “Сўзана миллий маркази”ни (кейинги ўринларда - Марказ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин, бунда:

буюртмачи этиб – Самарқанд вилояти ҳокимлиги;

бош лойиҳачи этиб – “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК;

бош пудратчи этиб – энг яхши салоҳиятга эга бўлган муқобил пудрат ташкилотлари орасидан танлов асосида саралаб олиниши;

Марказни ташкил этиш ишларини жорий йил якунига қадар тугатиш ва фойдаланишга топширилиши белгилаб қўйилсин.

2. “Сўзана миллий маркази”ни ташкил этиш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция деб юритилади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Самарқанд вилояти ҳокимлиги “Ўздавергеодезкадастр” қўмитаси билан биргаликда Марказ қурилиши учун ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда ер участкаси ажратилишини таъминласин.

4. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Марказнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилиши ва ваколатли органлар томонидан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилишини  таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан ўрнатилган тартибда назоратни ўрнатсин.

5. Белгилансинки, Марказ қурилиши ва ташкил этилиши билан боғлиқ харажатлар ташаббускор-инвесторлар маблағлари, хайрия маблағлари, халқаро ташкилотлар грантлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

6. Маданият вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда бир ой муддатда миллий маданий меросимиз ҳисобланган сўзана маҳсулоти ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида видеороликларни тайёрлаш, шунингдек қисқаметражли фильм сценарийсини ишлаб чиқиш ва суратга олиш;

Республика “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда “Сўзана тикиш санъати”ни ЮНЕСКОнинг Номоддий-маданий мероси рўйхатига киритилишини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўрсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси концепцияда белгиланган талаблар асосида ҳунармандларни жалб этилишини таъминласин.

8. Ушбу фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов зиммасига юклатилсин.

 

       Ўзбекистон Республикасининг

          Бош вазири                                                                 А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил  “___ _______  ___-сон фармойишига

илова

 

“Сўзана миллий маркази”ни ташкил этиш

КОНЦЕПЦИЯСИ

I. Кириш.

Кўп мамлакатларнинг тажрибаси ҳунармандчилик миллий иқтисодиётнинг зарур сектори эканлигини кўрсатмоқда. Ҳунармандчилик кичик тадбиркорликнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, бугунги кунда уни тиклаш, иқтисодий вазифалар билан бир қаторда, кўплаб ижтимоий вазифаларни ҳам ҳал қилади.

Каштачилик - Ўзбекистон амалий санъат турлари орасида ўзининг қадимий анъаналарига эга бўлган санъат тури ҳисобланиб, Ўрта Осиёнинг йирик савдо ҳунармандчилик марказлари ва қишлоқларида кенг тарқалган. Сўзана тикиш билан асосан аёллар шуғулланган. Ушбу санъат тури ҳозирги вақтгача ҳалқ орасида қадрланиб, ўз моҳиятини йўқотгани йўқ. Сўзана буюмлари маҳаллий халқнинг байрамлари, тўй маросимларининг ва келин сепининг зарурий ва ажралмас қисми ҳисобланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-4861-сонли Фармони, 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4539-сонли қарори халқимизнинг қадимий ва ноёб маданиятини янада ривожлантириш, миллий ҳунармандлик маҳсулотларини кенг тарғиб этиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда кўплаб ҳунармандлар тадбиркорлик билан шуғулланиб, турли миллий маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда. 

Моварауннаҳр ва Хуросонда Темурийлар ҳукмронлиги даврида марказий ҳокимиятнинг маълум даражада барқарорлиги, шубҳасиз, мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида муҳим ўрин тутган ҳунармандчилик муносабатларининг ривожланиши учун кенг йўл очиб берган.

Амир Темур ва Темурийлар етакчилигида, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий фаровонликни оширишда ҳунармандчиликка давлат сиёсати даражасида эътибор берилган. “Темур тузуклари”да таъкидланишича: “Салтанатимни ўн икки тоифадаги кишилар билан мустаҳкамладим. Ўн биринчи тоифа – касбу ҳунар эгаларидир, буларнинг ҳар тоифа ва синфидан бўлганларини давлатхонамга олиб келиб, ўз ўрдамдан ўрин белгиладимки, сафарда ва турғунликда сипоҳимга керак яроқлар ва бошқа жиҳозларни ҳозирладилар”.

Бу даврда ҳунармандчиликнинг турли тармоқлари ривож топиб, истеъмол молларини ишлаб чиқариш кўпая бошлаган. Натижада, ички чакана савдо ва пул муносабатлари кенгайиб, у шаҳар ва унинг атрофидаги аҳоли, айниқса омилкор табақаларнинг алоҳида эътиборини тортган.

Қўлда тикилган маҳсулотларга қизиқишнинг ўсиши сўзаначиликнинг тикланишига, ушбу йўналишда тадбиркорликнинг ривожланишига олиб келган ва ҳар доимгидек мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солиш билан боғлиқ бир қатор масалаларни ўртага қўйган.

Шаҳарларда ҳунармандларнинг алоҳидалашуви билан боғлиқ бўлган янги-янги гузарлар, кўчалар, бозор расталари, тим ва тоқлар (усти гумбазли бозор) – чорсулар вужудга келган. Хусусан, юқорида таъкидланган шаҳарларда заргарон (заргарлик), мисгарон (мисгарлик), сўзангарон (игнасозлик), совутсозон (совутсозлик), сангтарашон (тоштаровчи), шишагарон, чармгарон (кончилик), камонгарон, пичоқсозлик, эгарчилик каби ҳунармандчилик мавзелари мавжуд бўлган.

Ҳунармандчилик соҳасида тўқимачилик, кулолчилик, чилангарлик (металл буюмлар ясаш), темирчилик ва бинокорлик етакчи ўринни эгаллаган. Мазкур даврда шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, даштларда яшовчи ярим кўчманчи ва кўчманчи чорвадорлар ўртасида тўқимачилик маҳсулотларига талаб ғоят катта бўлган.

Шаҳарларда ип, ипак, жун, зиғир ва каноп толасидан турли хилдаги рангдор, гулдор ҳамда нафис ва дағал газмоллар кўплаб тўқиб чиқарилган. Масалан, оқ, яшил, малла, зангори, бинафша ва сурранг ип калаваларидан бўз, гулдор чит, оқ сурп, нафис зарлар берилган майин дока, жундан олачалар, каноп толасидан қатон каби турли хил газламалар тўқилган. Бу матолар нисбатан арзон бўлиб, ундан ички кийимлар, устки либосларнинг астарлари, кўрпа-тўшаклар тикилган.

Шаҳар ва қишлоқларнинг меҳнаткаш аҳолиси ҳамда даштлик чорвадорлар буткул карбосдан (пахта толасидан тўқилган мато) кийинган. Мамлакат аҳолиси ўртасида гулдор чит ҳамда “Самарқанд ва Бухоро олачаси” каби газмоллар алоҳида қадрланган. Ҳунармандчилик мазкур ҳудуд аҳолисининг қадимий касб-корлари ҳисобланиб, унинг ривожи учун қулай ижтимоий-иқтисодий шароит мавжуд бўлган.

II. Сўзана миллий маркази”ни ташкил қилиш мақсадлари.

Қадим Моварауннаҳрнинг Самарқанд, Бухоро, Андижон, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши, Тошкент ва бошқа кўпгина шаҳарлари ўзининг топографик қиёфаси, аҳолисининг касб-кори, ички ва ташқи алоқалари билан ўрта аср Шарқининг ҳунармандчилик ривож топган аҳоли гавжум савдо марказларига айланган.

Юқорида номлари келтирилган шаҳарлар қаторида бугунги Ургут туманида ҳам каштачиликнинг кўп турлари ривож топиб, аҳоли бандлигини, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланиб келган.

Ургут хотин-қизлари учун ягона тасвирлаш воситаси бўлган каштачилик, улар ички дунёсини, руҳий ҳолатини акс эттирувчи бирдан – бир восита ҳисобланган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 26 январдаги “Самарқанд вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 38-сонли қарори билан тасдиқланган дастурнинг 2 бўлими, 14 бандида, Ургут туманида халқимизнинг қадимий урф–одатлари ва анъаналари, ҳунармандчиликнинг йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаб, хорижий сайёҳларга намойиш этишни йўлга қўйиш вазифаси белгиланган.

Ургут туманида “Сўзана миллий маркази”ни ташкил қилиш учун аввало маҳаллий ҳунармандчиликнинг тарихий жойлашувидан келиб чиқиб, марказ барпо этиладиган кўча аниқланади.

Марказни миллий тусда замонавий инфратузилма объектларини (савдо расталари, устахоналар, дам олиш ва маҳорат дарслари ўтказиш нуқталари, маълумотлар бюроси, санитария-гигиена шахобчалари ва хавфсиз туризмни таъминлаш юзасидан “Tourist Police” пункти), шунингдек миллий марказ биносида “Ўзбек миллий сўзаначилик санъати”га бағишланган миллий услубдаги музей, бино ичида ҳужжатли фильм намойиш этишга мўлжалланган жой барпо этган ҳолда ишга туширилади.

Сўзана миллий маркази” туристик маршрутларга киритилади ҳамда сайёҳлик ташкилотлари билан биргаликда ушбу объектларга сайёҳларни жалб қилиш чоралари кўрилади.

Сўзана сайёҳларнинг кўз олдида  тайёрланиб сотилади, савдо расталари, музей шарқона архитектура қоидаларига қатъий риоя қилиниб қурилади.

III. Амалга ошириш механизмлари, барпо этиладиган объектлар ва ташкил этиладиган хизматлар.

Ургут туманида сўзана миллий марказини қуриш бўйича Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан марказ биносининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бунда:

а) Марказда савдо ва ҳунармандчилик расталари, умумий овқатланиш шаҳобчаси, фаввора, сувенир дўконлари, устахоналар, китоб дўкони, мусиқа асбоблари дўкони, дам олиш ва маҳорат дарслари ўтиш нуқталари, маълумотлар бюроси, санитария-гигиена шаҳобчалари жойлаштирилади.

б) Ургут туманига ташриф буюрган сайёҳлар учун қадимий ҳунарманчилик макони бўлган туманнинг ўзига хос ҳунармандчилик турлари, шу билан бирга қўшни Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари, Фарғона водийси шаҳар ва туманларида тайёрланган темирчилик, заргарлик, мисгарлик, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик буюмлари, турли матолар кўргазмалари ташкил қилинади.

Марказда:

туқимачилик буюмларидан пахта, ипак ва жун хомашёсини ишлатиб тайёрланган иплардан шойи, атлас, адрас, беқасам, банорас каби қиммат ва буз, дока каби арзон матолар;

тикувчилар томонидан ўзлари тиккан чопон, куйлак, нимча, дўппи, белбоғ каби кийим кечаклар, зарчопон, нимча, зардуппилар, кашта ва сўзаналар таклиф қилинади.

V. Реклама-ахборот тизимини йўлга қўйиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш.

Ургут туманида барпо этилган “Сўзана миллий маркази”ни маҳаллий ва чет эл оммаси орасида тарғиботини амалга ошириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилади:

а) “Сўзана миллий маркази” тўғрисидаги маълумотларни соҳага оид ва бошқа давлат ва нодавлат веб-сайтларига жойлаштириб бориш;

б) маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини, шу жумладан блогерларни жалб этган ҳолда реклама роликлари, хужжатли фильмлар, дастурларни яратиш ва кенг оммага намойишини ташкил этиш;

в) маҳаллий ва чет эл туристик компаниялари иштирокида танишув ташрифлари (инфотурлар) ташкил этиш;

г) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали бир ойда бир маротаба марказ фаолиятига алоқадор маълумотларни чоп этиб бориш;

д) Марказда ҳар йили миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ҳамда сўзанадан фойдаланиб яратилган миллий ва замонавий либослар кўргазмасини ўтказиш.

VI. Кутилаётган натижалар.

а) Миллий каштачилик энг аввало ўзи шаклланган ушбу ҳудудда ривожланиб боради, айнан шу ерга хос белгилари билан Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари, Риштон, Чуст туманлари амалиётидан фарқ қиладиган, асрлар бўйи йиғилиб, авлоддан-авлодга авайлаб асраб келинган анъаналар доирасидаги бу поёнсиз бойлик, ундаги чексиз хилма-хиллик, бу ўзига хос халқ санъатининг бебахо хусусияти бўлиб қолади.

б) Йуқолиб бораётган касб ва ҳунарлар қайта тикланади, юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сони ошиб, ёшларимиз иш билан таъминланади, ёшларда маданиятимизга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳи ўйғонади, Ургут туманига ташриф буюрган маҳаллий ва чет эл сайёҳлари учун янги туристик йўналиш барпо этилади, меҳмонлар учун ажойиб сайр килинадиган ва эсдалик учун совғалар ҳарид қилинадиган маскан яратилади.

в) Ўзбекистон халқ ҳунармандчилиги соҳаси доирасида ташкил этиладиган тадбирлар, конференциялар иштирокчилари ва мутахассисларини қадимий Ургут тумани азалий каштачилиги билан яқиндан таништириш учун ташриф буюрадиган объект сифатида хизмат қилади. Шу соҳада уй шароитида ва касаначилик асосида меҳнат қилиб келаётган тадбиркорларга қўшимча даромад манбаи яратилади.

г) Самарқандга ташриф буюрувчи хорижий сайёҳларнинг вилоятмизда қолиш даврини узайтириш ҳамда чекка ҳудудларга туристлар ташрифини таъминлашга эришилади.

д) Ҳунармандчилик йўналиши бўйича таҳсил олаётган ўрта махсус, касб-ҳунар коллежлари талаба ва ўқувчиларининг амалиёт ўташ маскани вужудга келади ва келгусида уларнинг бандлигини таъминлашнинг самарали шакли йўлга қўйилади.

е) Келгусида ушбу музей-марказда жаҳон мода дизайнерлари, санъат намояндалари иштирокида халқаро каштачилик фестивалини ўтказиш имконияти яратилади.

Umumiy takliflar

93