ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
15808 Министерство культуры Республики Узбекистан 12/03/2020 27/03/2020 0
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
“Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалини ташкил этиш тўғрисида
ID-15808

     Мустақиллик йилларида халқимиз тарихи, аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган номоддий маданий меросга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, халқимизнинг бебаҳо номоддий маданий мероси намуналарини тўплаш, ўрганиш ва қайта тиклаш жараёни изчил давом этмоқда.

     Ўзбек миллий халқ ўйинлари давлатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширувчи, миллатнинг кўрки, қиёфасини ўзида акс эттирувчи соҳалар сирасига киради.

       Бугунги кунда маънавий жиҳатдан бой ва жисмоний баркамол шахсларни вояга етказиш, уларда миллий қадриятларимизга чинакам муҳаббат туйғусини шакллантириш, ёш авлод тарбияси шаклланишида миллий спорт ва халқ ўйинларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

      1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Жиззах вилояти ҳокимлигининг “Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта октябрь ойида анъанавий тарзда Жиззах вилояти Зомин туманида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

     2. “Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалини ўтказиш бўйича Республика ташкилий қўмитаси таркиби (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

       3. Ташкилий қўмитага:

     манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ҳомийлик хайрияларини жалб этиш бўйича чоралар кўриш;

       Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш вазифалари юклансин.

      4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Жиззах вилояти ҳокимлиги:

     “Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида Низомни ишлаб чиқиб тасдиқласин;

     фестиваль дастурини ишлаб чиқиш ва уни фестивалдан камида уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштиришни таъминласин;

      Фестиваль совриндорларига топшириладиган диплом, сертификат ва ҳайкалча намуналарини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

      5. Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги белгилансин.

      6. Жиззах вилояти ҳокимлиги Зомин туманида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишни, Фестиваль ўтказадиган саҳна майдонлари ва жойларни талаб даражасида тайёрлашни таъминласин.

      7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг талабномалари асосида Фестивал иштирокчиларининг кириш визаларини чет элдаги дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасаларида, зарур ҳолларда И. Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида консуллик ва бошқа йиғимларни ундирмасдан расмийлаштиришни таъминласин.

  8. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Жиззах вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

      Фестивалга бағишланган эсдалик буюмлари ишлаб чиқишни, турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотувини ташкил этишни;

      Фестиваль тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш ва уни уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этиш, Интернет жаҳон ахборот тармоғида, жумладан ижтимоий тармоқларда жойлаштиришни таъминласин.

    9. Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

    30 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларини ўтказиш учун ҳар йил назарда тутиладиган бюджет маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

    30 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг харажатлар сметасида спорт тадбирларни ўтказиш учун ҳар йил назарда тутиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан;

     40 фоизи – Жиззах вилояти маҳаллий бюджети, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

     10. Фестивалга хориждан ташриф буюрадиган ҳайъат аъзолари ва делегацияларнинг яшаш, овқатланиш ва ички транспорт харажатлари Фестивални ташкил этиш ва уни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

    11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тадбирларнинг тантанали очилиш маросимини ташкилий ва бадиий жиҳатдан пухта тайёрлаш учун юқори малака ва тажрибага эга бўлган сценарий муаллифлари, режиссёрлар, миллий халқ ўйинлари ва спорт усталари, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш санъаткорларни кенг жалб этишни таъминласин.

      12. Ўзбеккино миллий агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда фестивални тарғиб қиладиган қисқа ва тўлиқ метражли ҳужжатли фильмларни ишлаб чиқсин ва уларнинг намойиш этилишини ташкил қилсин.

      13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб бориш тавсия этилсин.

         14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири О. Назарбеков, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д. Набиев ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Э. Салиев ҳамда Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибяти зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

 

А.Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
___” апрелдаги ___-сон қарорига
илова

 

“Миллий халқ ўйинлари” халқаро фестивалини ўтказиш
бўйича Республика ташкилий
қўмитаси

ТАРКИБИ

 

О. Назарбеков

-

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ташкилий қўмита ҳамраиси

Э. Салиев

-

Жиззах вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита ҳамраиси

Д. Набиев

-

Жисмоний тарбия ва спорт вазири, Ташкилий қўмита ҳамраиси

Лавозимга кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари

А. Абдувахидов

-

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари

И. Махкамов

-

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари

А. Аккулов

-

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

А. Нуриддинов

-

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.

А. Кўчимов

-

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

Н. Жўраев

-

Ўзбекистон Улоқ-кўпкари федерацияси раиси

М. Хожиматов

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси

С. Саидов

-

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

Ф. Абдухаликов

-

“Ўзбеккино” миллий агентлиги раиси

У. Абдуллаев

-

Ҳунарманд” уюшмаси раиси

А. Сафиуллин

-

“Uzbekistan Airways” АЖ раисининг биринчи ўринбосари

Х. Хасилов

-

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси

А. Ҳайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази директори, Ташкилий қўмита котиби

 

Изоҳ: Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.

Umumiy takliflar

175