Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
15792 O’zbekiston Respublikasi Davlat soliq qo'mitasi 11/03/2020 26/03/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан cолиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-15792

ЛОЙИҲА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан cолиқларни

тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

            Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 99-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

         1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни  тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида Низом 1 – иловага мувофиқ тасдиқлансин;

           2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2 – иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

             3. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

             4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва саноат вазири Ж.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

 

                      Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “____” ________даги

_____-сон қарорига 

1-ИЛОВА

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни

тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1. Мазкур Низом Солиқ кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартибини белгилайди.

1 - боб. Умумий қоидалар

2. Ушбу Низомда қўлланиладиган асосий тушунчалар:

солиқ қарзи – Солиқ кодекси талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек ушбу кодексда белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар;

келгусида юзага келадиган қарз суммаси – келгуси солиқ даври учун тақдим этиладиган солиқ ҳисоботлари натижасида юзага келиши кутилаётган қарздорлик;

солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш – солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти;

солиқларни тўлашни кечиктириш – солиқ қарзини бир йўла тўлашни назарда тутган ҳолда тўлаш муддатини ўзгартириш;

солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш – солиқларни тенг улушларда босқичма-босқич тўлашни назарда тутган ҳолда тўлаш муддатини ўзгартириш;

ваколатли орган – солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

манфаатдор шахс – солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш учун белгиланган тартибда ваколатли органига мурожаат қилган солиқ тўловчи;

3. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш уни тўлашни кечиктириш ёки тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилади.

4. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ваколатли органнинг қарори қабул қилинган санада мавжуд солиқ қарзи суммасига ёки келгусида юзага келадиган солиқларни тўлаш мажбуриятига нисбатан берилади.

5. Солиқларни тўлаш муддатларининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва янги мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, айланмадан олинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўлов муддатларини йигирма тўрт ойгача бўлган муддатга ўзгартириш ваколатига эга.

2 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш асослари

7. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидаги асослардан лоақал биттаси бўлганда берилиши мумкин:

манфаатдор шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганда;

манфаатдор шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганда;

манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг ночорлиги (банкротлиги) аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганда;

жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этганда;

манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ мавсумий хусусиятга эга бўлганда;

манфаатдор шахсга солиқларни тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, белгиланган тўлаш муддатига қадар тўлиқ тўлаш учун асослари ва мазкур Низомда белгиланган таъминлаш усуллари мавжуд бўлган ҳолларда берилади;

Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида келтирилган асослар бўйича берилганда фоизлар ҳисобланмайди, тўртинчи – еттинчи хатбошиларда келтирилган асослар бўйича берилганда фоизлар ҳисобланади.

8. Тўлаш муддати кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган солиқ суммасига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда фоизлар ҳисобланади.

3 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича

ариза бериш тартиби

9. Манфаатдор шахс солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ариза билан солиқ мажбурияти юзага келган (келадиган) ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органига мурожаат қилади.

Ариза ушбу Низом билан белгиланган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинган ҳолда қабул қилинади. Бунда, ушбу Низомда келтирилган ҳужжатлар тўлиқ илова қилинмасдан берилган аризалар белгиланган тартибда манфаатдор шахсга қайтарилади.

Манфаатдор шахс ушбу Низомда белгиланган ҳужжатларни тўлиқ илова қилган ҳолда қайта ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

10. Манфаатдор шахснинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши шарт:

cолиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даври учун Бизнес-Режа ва солиқларни тўлаш графиги;

манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;

ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг мазкур шахсга банкларда очилган барча ҳисобварақлар рўйхати кўрсатилган маълумотномаси;

ушбу шахснинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича ариза берилишидан олдинги олти ой давомида ҳар ойлик пул маблағлари айланиши тўғрисида, шунингдек унинг ҳақи тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг тегишли картотекасига жойлаштирилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари мавжудлиги тўғрисида ёхуд ушбу картотекада уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида банклар маълумотномалари;

ушбу шахснинг банклардаги барча ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларининг қолдиқлари тўғрисида банк маълумотномалари;

мулкчилик шакли масъулияти чекланган жамияти ёки акциядорлик жамияти бўлган манфаатдор шахсларнинг таъсисчилари розилиги тўғрисида йиғилиш баённомаси;

мулкчилик шакли давлат унитар корхона бўлган манфаатдор шахслар бўйича Давлат активлари агентлигининг розилик хати;

ушбу Низомнинг 7 – банди иккинчи хатбошида кўрсатилган асос бўйича бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар вужудга келганлиги факти тўғрисидаги хулоса ҳамда кўрсатилган ҳолатлар натижасида ушбу шахсга етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси, (хулоса ва далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши органлари томонидан тузилади);

ушбу Низомнинг 7 – банди учинчи хатбошига мувофиқ манфаатдор шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги тўғрисида Молия органининг маълумотномаси, (маълумотномада бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ҳисобига ушбу шахсга келиб тушмаган суммани ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмасининг, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақи тўланмаганлигини акс эттирилиши лозим);

ушбу Низомнинг 7 – банди тўртинчи хатбошига мувофиқ манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш натижалари бўйича давлат солиқ инспекциясининг мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ хулосаси, (Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг “Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш услубияти” асосида амалга оширилади);

ушбу Низомнинг 7 – банди бешинчи хатбошига мувофиқ жисмоний шахснинг кўчар ва кўчмас мулки (бундан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк мустасно) тўғрисида маълумот;

ушбу Низомнинг 7 – банди олтинчи хатбошига мувофиқ мавсумий даромади улуши умумий даромадида камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат;

банк кафолат хати, гаров учун мулк ҳужжати ёки учинчи шахснинг кафиллик хати.

Бунда, гаровга олинадиган мулкларда “акциялар, облигациялар, векселлар, депозит сертификатлари, депозитар тилхатлар, опционлар, фьючерс ва форвард контрактлари, шунингдек қонун ҳужжатларига ёки чет давлатнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар деб эътироф этиладиган бошқа қимматли қоғозлар” мустасно.

11. Манфаатдор шахс аризасига илова қилинган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги солиқ органида мавжуд ташқи манба маълумотлари ёки ваколатли идора ва ташкилотлардан сўров асосида олинган маълумотлар асосида текшириб кўрилади. Бунда, аризага илова қилинган ҳужжатлардаги маълумотлар тасдиғини топмаса хулосада бу ҳақда қайд этилади.

12. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасида қарз суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаш мажбуриятини (тадбиркорлик субъектининг мажбурияти ҳисобланади) ўз зиммасига олганлиги акс эттирилиши лозим. Бундан ушбу Низомнинг 7-банди иккинчи ва учинчи хатбошилари мустасно.

4 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши

истисно этиладиган ҳолатлар

13. Қуйидаги ҳолларда ваколатли орган томонидан солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиниши рад этилади:

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса;

ушбу ўзгартиришдан солиқ солиниши лозим бўлган пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яшириш учун фойдаланишини ёки ушбу шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса;

солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ариза берилган кундан олдинги уч йил мобайнида ваколатли орган томонидан солиқ тўлаш муддатини тегишли ўзгартириш шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;

банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса;

манфаатдор шахс, шунингдек мулк гаров ёки кафиллик тақдим этган тадбиркорлик субъекти солиқ мажбуриятини бажариши бўйича юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган бўлса, бунда субъектнинг ушбу тоифага кириши солиқ органининг “Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги хавфларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастури орқали аниқланади.

14. Ваколатли органлар томонидан қарор қабул қилингандан сўнг ушбу бобнинг 13 – бандида келтирилган ҳолатлар маълум бўлган (аниқланган) тақдирда муқаддам қабул қилинган қарор ушбу Низом талабларига мувофиқ бекор қилинади.

15. Ваколатли орган илгари қабул қилинган қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан маълумот учун манфаатдор шахсга ва ижро учун у ҳисобда турган жойдаги давлат солиқ инспекциясига юборади.

Манфаатдор шахс бундай қарор устидан Солиқ кодексида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

5 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш

тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби

16. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари манфаатдор шахснинг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқишда қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

гаровга қўйилган мулкка қонунчиликда белгиланган тартибда тақиқ қўйилмаганлиги;

кафиллик берувчи шахснинг тўлов қобилияти ва таъминлаш учун мулки мавжудлиги ҳамда солиқлардан қарзи мавжуд эмаслиги;

манфаатдор шахс, мулк гарови ёки кафиллик тақдим этган субъект “Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги хавфларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастурида юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчилар рўйхатига тушмаганлиги;

солиқ органига топширган солиқ ҳисоботлари бўйича тўлов қобилияти таҳлил натижасига кўра охирги йилни даромад билан якунлаганлиги;

асосий воситаларининг мавжудлиги.

17. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар уч нусхада тақдим этилади.

18. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ қарор ваколатли орган томонидан манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қабул қилинади.

19. Қарор халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгаши раиси ёки ўринбосари томонидан имзоланади.

20. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ваколатли органнинг қарорида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қарз суммаси;

кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ номи;

солиқ қарзи суммаси ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари;

гаров предмети бўлган мулк тўғрисидаги ҳужжатлар, кафиллик хати ёки банк кафолати.

21. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда унинг қонуний кучга кириш санаси аниқ кўрсатилади.

Бунда, солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз суммасига киритилади.

22. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти учинчи шахс кафиллиги ёки мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, ваколатли орган қарори Ўзбекистон Республикасининг “Гаров тўғрисида”ги қонунида назарда тутилган тартибда мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейин кучга киради.

23. Ваколатли орган қарорининг нусхаси ижро учун қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда манфаатдор шахс давлат рўйхатидан ўтган ёки ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади.

24. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёки рад этиш тўғрисидаги ваколатли органнинг қарорига мувофиқ солиқ органи томонидан қарор олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида манфаатдор шахснинг шахсий карточкасига ёзув киритилади ва икки томонлама далолатнома тузилади.

25. Қарор билан муддати кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган солиқ қарзи миқдорида манфаатдор шахснинг хизмат кўрсатувчи банкида ижрода бўлган инкассо (тўлов) топшириқномалари солиқ органи ёки Мажбурий ижро бюроси томонидан чақиртириб олинади.

26. Кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган солиқ қарзи миқдоридаги Мажбурий ижро бюроси иш юритувда бўлган суд ҳужжатлари ижроси Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ тўхтатиб турилиши шарт.

6 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисидаги қарорнинг амал қилишини тугатиш тартиби

27. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши қарорда белгиланган муддат ўтганидан кейин ёки солиқ ва унга тегишли фоизлар ваколатли орган қарорида белгиланган муддатдан олдин тўлиқ тўланган тақдирда муддатидан олдин тугатилади.

28. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда ваколатли органнинг қарори асосида муддатидан олдин тугатилиши мумкин:

солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари манфаатдор шахс томонидан бузилганда;

ваколатли орган қарори қабул қилингандан кейин ҳисобланган жорий тўловлар бўйича қарздорликка йўл қўйилганда;

манфаатдор шахс ёки мулк гаров ёхуд кафиллик тақдим этган тадбиркорлик субъекти солиқ органининг “Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги хавфларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастурида юқори ва ўрта даражадаги таваккалчилик тоифасига мансуб солиқ тўловчилар рўйхатида турган бўлса;

манфаатдор шахсга нисбатан банкротлик иши қўзғатилганда;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилганда.

29. Давлат солиқ инспекцияси ушбу Низомнинг 28 - бандда келтирилган ҳолатларни аниқлаганда уч иш куни ичида асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ваколатли органга мурожаат қилади.

Ваколатли орган тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб қабул қилинган қарорнинг амал қилишни тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилади ва уч иш куни ичида ижро учун давлат солиқ инспекциясига юборади.

Ваколатли орган томонидан келтирилган ҳолатлар асоссиз деб топилганда қарор ўз кучида қолади ва бу ҳақида ёзма равишда уч иш куни ичида давлат солиқ инспекциясини ёзма равишда хабардор қилади.

Давлат солиқ инспекцияси солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарорнинг муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги ваколатли орган қарори ижроси тўғрисида уч иш куни ичида манфаатдор шахсни хабардор қилади.

30. Манфаатдор шахс томонидан ваколатли органнинг солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари бузилганлиги натижасида унинг амал қилишини муддатидан олдин тугатиш ҳақидаги қарорни олгандан сўнг, бир ой ичида солиқ қарзи тўланмаганда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб ҳар бир календарь куни учун пеня ҳисобланади.

31. Солиқ органи томонидан ушбу солиқ қарзи ва ҳисобланган пеняни тўлаб бериш юзасидан уч кун муддатда манфаатдор шахсга талабнома юборади. Талабнома талаби бажарилмаган тақдирда, белгиланган тартибда мажбурий ундирув чоралари кўрилади.

32. Манфаатдор шахс солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини муддатидан олдиндан тугатиш ҳақидаги ваколатли орган қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

7 - боб. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартиришни

таъминлаш усуллари

33. Юридик шахсларга солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти уларнинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага нисбатан берилади.

Бунда, манфаатдор шахс солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини олиш учун таъминлаш чораси сифатида учинчи шахс кафиллиги, мулк гарови ёки банк кафолатидан фойдаланиши мумкин.

34. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартиришни таъминлаш қуйидаги усуллар орқали амалга оширилади:

манфаатдор шахс ва учинчи шахснинг мулки гарови;

учинчи шахс кафиллиги;

банк кафолати.

35. Ваколатли органнинг солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарори давлат солиқ инспекциясига келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни ичида таъминлаш усулларини қўллаш бўйича қуйидаги ишларни амалга оширади:

манфаатдор шахс (учинчи шахс) билан “Гаров” шартномаси тузилади ва рўйхатга олинади.

манфаатдор шахс ёки учинчи шахснинг гаровдаги мулклари мавжудлиги ва ҳолати ўрганиб чиқилади.

Ўрганиш натижаси бўйича манфаатдор шахс томонидан тақдим этилган маълумотлар тасдиғини топмаган тақдирда қарорни бекор қилиш юзасидан уч иш кунида ваколатли органга мурожаат қилади. Бунда, ваколатли органнинг қарори асосида солиқларни тўлаш муддатлари ўзгартирилмайди.

36. Солиқ органи ушбу мулкларга тақиқ қўйиш юзасидан қарор қабул қилади ва ижро учун уч иш куни ичида шахсан, почта хизмати орқали ёки электрон тарзда мулкларни рўйхатга олувчи қуйидаги органларга юборади:

Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига;

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри корхонаси;

Давлат нотариал идораларига;

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ташкилотига.

37. Мулкларни рўйхатга олувчи органлар солиқ органи қарори келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан марказлашган ҳолда электрон тартибда манфаатдор шахснинг гаровга олинган мулкларига тақиқ қўйиб, бу ҳақда солиқ органини ёзма хабардор қилади.

Бунда, ушбу мулк гаровда бўлса ҳисобга олинмайди ва гаров учун бошқа мулк талаб қилинади.

38. Жисмоний шахсга солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти унинг мулки қийматидан ошмайдиган суммага нисбатан берилади. Бундан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мулк мустасно.

39. Гаровга қуйилган мулклар йўқолганда ёки уларга шикаст етказилганда манфаатдор шахс ёки учинчи шахс қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

40. Мулк гарови сифатида фойдаланилаётган бино-иншоот, транспорт воситаси кейинчалик сотувга чиқариш учун харидорлик даражаси юқори бўлган бошқа мулкларга алмаштирилиши мумкин.

41. Мулк гарови билан таъминланган тўлаш муддати узайтирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган солиқлар ваколатли орган қарорида белгиланган тўлаш муддатида тўланмаган (тўлиқ тўланмаган) тақдирда, солиқ органи муддат бузилган кундан бошлаб беш иш кун ичида солиқ суммасини гаровга қўйилган мулкка қаратиш юзасидан белгиланган тартибда судга мурожаат қилади.

42. Кафиллик билан таъминланган тўлаш муддати узайтирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган солиқлар ваколатли орган қарорида белгиланган тўлаш муддатида тўланмаган (тўлиқ тўланмаган) тақдирда солиқ органи муддат бузилган кундан бошлаб беш иш кун ичида кафиллик берган шахсга қарздорликни тўлаб бериш тўғрисида талабнома юборади ва Солиқ кодексида белгиланган мажбурий ундирув чораларини ушбу шахсга нисбатан қўллайди.

43. Банк кафолати билан таъминланган тўлаш муддати узайтирилган ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилган солиқлар ваколатли орган қарорида белгиланган тўлаш муддатида тўланмаган (тўлиқ тўланмаган) тақдирда солиқ органи муддат бузилган кундан бошлаб беш иш кун мобайнида кафолат олган тижорат банкига қарздорликни тўлаб бериш тўғрисида талабнома юборади ва ушбу банкка нисбатан Солиқ кодексида белгиланган мажбурий ундирув чораларини кўради.

44. Манфаатдор шахс (юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор)га солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти, солиқ органининг “Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги хавфларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастурида:

солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги таваккалчиликнинг юқори ёки ўрта даражадаги тоифасига тушмаган бўлса таъминлаш чораларисиз;

солиқ мажбуриятлари бажарилишидаги таваккалчиликнинг ўрта даражадаги тоифасига тушган бўлса, таъминлаш чоралари (мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати) асосида берилади.

8 - боб. Якунловчи қоидалар

45. Ваколатли органлар, Манфаатдор шахс ва солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш учун таъминлаш усулларини тақдим этган субъектлар мазкур Низом талабларига тўлиқ риоя қилиниши учун жавобгардир.

46. Солиқ органи томонидан солиқларни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ваколатли органлар қарорининг ҳисоби дастурда юритилади ва асос бўлган ҳужжатлар электрон кўринишида сақланади.

47. Солиқни тўлаш муддати ўзгартирилиши муносабати билан солиқлар суммаси ўз вақтида тўланишини назорат қилиш манфаатдор шахс давлат рўйхатидан ўтган ёки солиқ тўловчи сифатида ҳисобда турган давлат солиқ инспекцияси томонидан амалга оширилади.

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан
солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомга

1 - ИЛОВА

 

 

Мавсумий хусусиятга эга фаолият турлари

 

1. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти.

2. Қишлоқ хўжаликлари маҳсулотлари қайта ишлаш фаолияти.

3. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш фаолияти.

 

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан
солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомга

2 - ИЛОВА

 

______________________га

(ваколатли органнинг тўлиқ номи ёзилади)

 

Х У Л О С А

 

20___ йил “___”________              _____-сон                              _________ туман (шаҳар)

______________________вилоят ______________ туман (шаҳар) _____________ манзилида жойлашган __________ (СТИР ХХХХХХХХХ)нинг 20___ йил “___”_________даги солиқларни тўлов муддатларини ўзгартириш тўғрисидаги ____ - сонли мурожаати ва унга илова қилинган ҳужжатлар малакали мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаси бўйича қуйидагилар аниқланди:

1. Солиқ тўловчининг мурожаати белгиланган намуна шаклда расмийлаштирилган (расмийлаштирилмаган);

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг _____-сонли қарорининг
4-бобида келтирилган истисно этадиган ҳолатлар мавжуд эмас (мавжуд);

3. Мурожаатда Солиқ кодексининг 99-моддаси бўйича ________туман Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ваколатидаги (ваколатига кирмайдиган) солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш сўралган;

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг _____-сонли қарорининг
2-бобида белгиланган __________________ асоси мавжуд (мавжуд эмас);

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг _____-сонли қарорининг
3-боб 10-банди бўйича:

а) рўйхати келтирилган ҳужжатлар тўлиқ равишда мурожаатга илова қилинган (қилинмаган);

б) фоизларни тўлаш мажбуриятини олганлиги тўғрисида жамият раҳбарининг тилхати мавжуд (эмас);

в) тўлаш муддати ўзгартирилаётган солиқ мажбуриятини бажарилишини таъминлаш бўйича асослантирувчи ҳужжат тақдим этилган (этилмаган).

Мурожаатга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, ______________нинг _______ сўм солиқларини тўлаш муддатларини ўзгартириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

__________________       ____________                  _________________________       

               (ташкилот номи)                                (имзоси)                            (раҳбари (ўринбосари) Ф.И.Ш)

 (муҳр ўрни)

__________________              ____________         _________________________       

               (Бўлим номи)                                     (имзоси)                            (Бўлим бошлиғи Ф.И.Ш)

                                                        ___________              __________________________

                                                            (имзоси)                           (юридик бўлими (юрист) Ф.И.Ш)

 

 

 

 

 

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан
солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида низомга

3 - ИЛОВА

 

 

          (ваколатли органнинг тўлиқ номи)

 

20___yil. ____”___________                  ____- son                                 Тошкент шаҳри

 

Солиқ тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш) тўғрисида

Қ А Р О Р

___________ тумани (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20____ йил “___”__________даги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан cолиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ___-сонли қарорига мувофиқ ____________________ (СТИР ХХХХХХХХХ)нинг 20___ йил ___ ________даги ____ - сонли мурожаати ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагилар

А Н И Қ Л А Д И:

________________ (СТИР ХХХХХХХХХ) ____ сўм солиқ тўловини тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш) тўғрисида мурожаат қилган.

Солиқ номи

Солиқ суммаси

Бошланиш муддати

Тугаш муддати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мурожаат ________ маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан ўрганиб чиқилиб, мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг ___-сонли қарори талабларига мувофиқ тақдим этилганлиги (этилмаганлиги) қайд этилган, жумладан:

1. Вазирлар Маҳкамасининг ___-сонли қарорининг 4-бобида келтирилган солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни истисно этадиган ҳолатлар мавжуд, яъни _________________________________________________________________;

2. Вазирлар Маҳкамасининг ___-сонли қарорнинг 2-бобида талабларида келтирилган асосларнинг биронтаси ҳам мавжуд эмас;

3. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича таъминлаш чоралари тақдим этилмаган;

4. Бизнес режа ва тўлаш графиги илова қилинмаган.

___________ тумани (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгаши мурожаат ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20___ йил “___”____________даги ____-сонли қарорига асосланиб,

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И

1. _______________нинг ХХХ сўм солиқларни тўлаш муддати 20___ йил ____ _______дан 2020 йил “____” _________гача бўлган (ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилсин) муддатга кечиктирилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг _____-сонли қарори талабларига, тўлов графикларига ҳамда жорий тўловларни ўз вақтида тўлаб бориш шартларига амал қилмаган тақдирда ушбу қарор муддатидан олдин бекор қилиниши тўғрисида солиқ тўловчи огоҳлантирилсин.

3. Ушбу қарор 20__ йил ___ ________ дан кучга киради ва 20__ йил ___ ________ гача амал қилади.

4. Қарор нусхаси уч кун муддатда қарздор ҳисобда турган ёки мулки жойлашган жойдаги солиқ органига ва қарздорга юборилсин.

5. Мазкур қарордан норози томон 30 кун муддат ичида юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

 

 

Халқ депутатлари _________ тумани

кенгаши раиси (ўринбосари)                                                                 ___________

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил “____” ___________даги

_______-сон қарорига
2 - ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари рўйхати

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ер солиғи ва ягона ер солиғи бўйича тўлаш муддатини узайтириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2019 йил 25 ноябрдаги 951-сон қарори.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умидсиз солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2012 йил 24 октябрдаги 307-сон қарори.

Umumiy takliflar: 0

549