Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
15537 Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси 12/03/2020 27/03/2020 1
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-15537

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунини реализация қилиш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан истеъмолчиларга таъсирини баҳолашдан ўтказилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида мазкур қарорнинг мақсадлари, мазмуни ва амалий аҳамиятини кенг ёритиш тадбирларини ташкил этсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси доимий равишда мазкур қарорнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши ва сифати бўйича мувофиқлаштиришни ҳамда мониторинг олиб боришни таъминласин.

5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодиёт ва саноат вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Ш.Шарипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири

 

А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил ___ мартдаги _____-сон қарорига илова

 

Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида НИЗОМ

 

Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни, “Реклама тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларининг (бундан буён матнда лойиҳалар деб юритилади), шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларининг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ваколатли орган – Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат – “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ қабул қилинган, бевосита истеъмолчига (фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро – жисмоний шахсга) нисбатан ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ва қарорлари;

ишлаб чиқувчилар – норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ёки амалдаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиққан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари;

истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқлигини, шунингдек, товар сотиб олиш ёки иш, хизматдан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли рўёбга чиқарилиши таъминланганлигини аниқлаш усули.

2. Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатларининг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш товар сотиб олишда ёки иш, хизматдан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари бузилишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳолатларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқлигини аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда тегишли чоралар кўриш мақсадида амалга оширилади.

3. Қуйидагилар истеъмолчиларга таъсирни баҳолашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатларининг ҳуқуқий оқибатларини истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари бузилишига тааллуқли қисми бўйича баҳолаш;

қонун ҳужжатларини қўллаш жараёнида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши хавфини аниқлаш;

ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ёки камситиши мумкин бўлган шартлар мавжудлигини ўрганиш;

товарлар (ишлар, хизматлар) сотишда барча истеъмолчиларга тенг шароитлар яратиб берилганлиги ва улардан монеликсиз фойдаланиш имконияти таъминланганлигини таҳлил қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари бузилишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган лойиҳаларни ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар киритиш.

4. Мазкур Низом истеъмолчиларнинг муайян доирасига мўлжалланган (қаратилган), шунингдек, фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

5. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш ваколатли орган томонидан қуйидаги йўллар орқали амалга оширилади:

“ex-ante” – лойиҳаларнинг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш;

“ex-post” – амалдаги қонун ҳужжатларининг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш.

2-боб. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолашнинг асосий мезонлари

6. Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатларининг истеъмолчиларга таъсири қуйидаги ҳолларда салбий деб баҳоланади:

товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, унинг ишлаб чиқарувчиси (ижрочиси, сотувчиси) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш имконини чекласа;

товарни (иш, хизматни) эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишига тўсқинлик қилса;

товарнинг (иш, хизматнинг) хавфсиз бўлишига тўсқинлик қилса;

ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфли нуқсони бўлган товар (иш, хизмат), шунингдек, ишлаб чиқарувчининг (ижрочи, сотувчининг) ғайриқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган моддий зиён, маънавий зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишига қаршилик қилса;

бузилган ҳуқуқлари ёки қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб судга, бошқа ваколатли давлат органларига мурожаат этиш имкониятини чекласа;

товарни (ишни, хизматни) истеъмолчидан қайтариб олишни ёки товарни (ишни, хизматни) муомаладан чиқаришни истисно этса;

истеъмолчининг ҳаётига, соғлиғига ёхуд мол-мулкига зарар етказилишига сабаб бўлса;

истеъмолчининг савдо ва бошқа хизмат кўрсатиш турлари соҳасида шартнома тузиш ҳамда сотиб олинаётган товар (иш, хизмат) сифатини текшириш ҳуқуқидан маҳрум этса;

товарлар (иш, хизматлар) учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартибини белгилашда истеъмолчиларга тенг шароитлар яратмасликка олиб келса;

ишлаб чиқарувчининг (сотувчининг, ижрочининг) қонун ҳужжатларида белгиланган кафиллик мажбуриятларини ўз зиммасига олишига тўсқинлик қилса;

истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ёки камситиши мумкин бўлган шартлар мавжуд бўлса;

товарлар (ишлар, хизматлар) сотишда барча истеъмолчиларга тенг шароитлар яратиб бериш ва улардан монеликсиз фойдаланиш имкониятини чекласа;

нотўғри рекламага сабаб бўлса;

истеъмолчиларга товар (иш, хизмат) сотиб олишдаги эркинлигини ва мустақил танлаш имкониятларини чегараласа;

табиий монополия субъектларининг товарларидан фойдаланишда қўшимча шартларни тиқиштиришга шароит яратса;

истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қистаса;

истеъмолчилардан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга олиб келса;

айрим товарларни (ишларни, хизматларни) бошқа товарларни (ишларни, хизматларни) мажбурий сотиб олиш йўли билан сотиб олишни шартлини белгиласа;

истеъмолчи учун товар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олишда зарур бўлган ахборотнинг асл моҳиятини ўзгартириб, натижада уларнинг адашишига олиб келса.

3-боб. “Ex-ante” усули бўйича истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш

7. Қуйидагиларни назарда тутувчи лойиҳалар ваколатли орган билан мажбурий тарзда келишилади:

а) истеъмолчиларнинг товарни (ишни, хизматни) эркин танлаш ва сотиб олиш ҳуқуқларини чекловчи шартларни киритиш;

б) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни енгиллаштириш ёки истисно этиш;

в) ҳуқуқий оқибатлари истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатлари бузилишига олиб келиш;

г) истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ёки камситиши мумкин бўлган шартларни белгилаш;

д) товарлар (ишлар, хизматлар) сотишда барча истеъмолчиларга тенг шароитлар яратиб беришни ва улардан монеликсиз фойдаланиш имкониятини таъминланлашни чегаралаш;

е) истеъмолчиларнинг товар (иш, хизмат) сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини қисқартириш ёки истеъмолчилар учун янги мажбуриятларни белгилаш;

ж) истеъмолчиларнинг мажбуриятларини кенгайтириш;

з) истеъмолчиларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлар тоифасига киритилган айрим гуруҳлари учун қонун ҳужжатлари билан савдо, маиший хизмат ва хизмат кўрсатишнинг бошқа турлари бўйича белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бекор қилиш ёки камайтириш.

8. Ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган ҳолатлар ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида мавжуд бўлган тақдирда, лойиҳани ишлаб чиқувчи томонидан тегишли масалага тааллуқли қуйидаги маълумотлар тақдим этилади:

а) лойиҳани қабул қилинишидан барча манфаатдор бўлган томонлар, шу жумладан истеъмолчилар учун ижобий ва салбий оқибатлари;

б) лойиҳанинг қабул қилиниши юзасидан манфаатларига таъсир кўрсатадиган муайян истеъмолчилар сони;

в) лойиҳа билан тартибга солинадиган товар (иш, хизмат)га эҳтиёжнинг даражаси;

г) лойиҳанинг долзарблиги, уни тайёрлашга асос бўлган ҳужжатлар ва таҳлилий маълумотлар.

Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот тақдим қилган ҳисоб-китоблар ва маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавоб беради.

9. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари (бундан буён матнда юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатлар деб юритилади) лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 августдаги ПФ-5519-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Администрацияси Регламенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 22 мартдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентида (бундан буён матнда Регламент деб юритилади), шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 апрелдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини жорий этишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги 284-сонли қарорида белгиланган тартибда мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органга киритилади.

10. Ваколатли орган томонидан юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш Регламентда белгиланган тартибда амалга оширилади.

11. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари (бундан буён матнда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари деб юритилади) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида (рўйхат рақами 2565, 2014 йил 28 февраль) белгиланган тартибда мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган тегишли ҳужжатлар билан бирга ваколатли органга киритилади.

Ваколатли орган томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш мазкур банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган қоидаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.

12. Ваколатли орган Регламентда белгиланган муддатларга мувофиқ истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган лойиҳа юзасидан хулоса тайёрлайди.

13. Лойиҳа юзасидан истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш натижалари ва ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа ишлаб чиқувчи томонидан мажбурий тартибда кўриб чиқилиши лозим.

14. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот томонидан Регламентга асосан ваколатли органнинг хулосаси лойиҳа билан бирга ҳуқуқий экспертизадан ўтказиши учун Адлия вазирлигига тақдим этилади.

15. Лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилганда унга ваколатли органнинг хулосаси мажбурий тартибда илова қилинади.

4-боб. “Ex-post” усули бўйича истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш

16. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолашнинг “ex-post” усули бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатлари йилига бир маротаба хатловдан ўтказилади.

17. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг истеъмолчиларга таъсирини баҳолаш учун қуйидагилар асос бўлади:

ваколатли органнинг иш режаси;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;

жамоат назорати субъектларининг таклиф ва мулоҳазалари;

оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган нашрлар ва бошқа материалларни ўрганиш натижалари.

18. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш “ex-post” усули бўйича амалга оширилганда ваколатли орган амалдаги қонун ҳужжатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича хатлов ўтказади.

19. Ваколатли орган амалдаги қонун ҳужжатининг тегишли қисмларини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид деб топган тақдирда:

юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатлар юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тегишли тартибда таклифлар киритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари юзасидан – истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши ҳолатини белгиланган муддатда бартараф этиш тўғрисида қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдимнома киритади.

5-боб. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш учун ахборот манбалари

20. Истеъмолчиларга таъсирни баҳолашни ўтказишда расмий ва норасмий ахборотлардан фойдаланилади.

21. Расмий ахборотларга қуйидагилар киради:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

халқаро шартномалар;

расмий эълонлар, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғининг расмий ресурслари;

ваколатли давлат органларининг статистик маълумотлари ва ҳисоботлари;

суд амалиёти;

ваколатли органга жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, нодавлат ташкилотлар томонидан киритилган мурожаатлар.

22. Норасмий маълумотларга қуйидагилар киради:

Интернет жаҳон ахборот тармоғининг норасмий ресурслари;

тижорат маълумотлари;

жамоатчилик орасида ўтказиладиган сўровномалар;

23. Ваколатли орган қуйидагиларга ҳақли:

истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжат предметига тааллуқли бўлган маълумотлар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда танишиб чиқишга;

истеъмолчиларга таъсирни баҳолаш ўтказилаётган ҳужжатларнинг нормаларига аниқлик киритишга ва улар бўйича тегишли тушунтиришлар олишга;

лойиҳа бўйича манфаатларига алоқадор томонларнинг, шунингдек, мустақил экспертлар ва бошқа малакали мутахассисларнинг фикрларини ўрганишга.

24. Ваколатли орган қуйидагиларга мажбур:

истеъмолчиларга таъсирни баҳолашни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун қонун ҳужжатлари билан ўрнатилган талабларга риоя қилишга;

истеъмолчиларга таъсирни баҳолашни ўтказиш муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмасликка;

тақдим этилган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлашга.

6-боб. Якуний қоидалар

25. Ваколатли органнинг лойиҳалар бўйича берган хулосаси ушбу ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.

26. Мазкур Низомда қайд этилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Umumiy takliflar: 1

216