Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
15516 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 09/03/2020 24/03/2020 13

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Банк карталарини эмиссия қилиш ва уларни муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-15516

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Банк карталарини эмиссия қилиш ва уларни муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Банк карталарини эмиссия қилиш ва уларни муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Марказий банки раиси

М. Нурмуратов

 

Тошкент шаҳри,

2020 йил ___ март,

__/___ – сон

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2020 йил ___ мартдаги

__/___ – сонли қарорига

ИЛОВА

 

Банк карталарини эмиссия қилиш ва уларни муомалада бўлиши
тартиби тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Банк сири тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ–3945-сон “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ банклар томонидан банк карталарини эмиссия қилиш, уларнинг ёрдамида хизмат кўрсатиш ва ўтказилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

банк картаси – уни сақловчига электрон терминаллар, алоқа каналлари орқали тўловларни амалга ошириш ёки нақд пул маблағларини олиш ёхуд валюта айирбошлашни амалга ошириш ва банк картасининг эмитенти томонидан белгиланган бошқа операцияларни бажариш имконини берувчи ахборотни ўз ичига олади.

тўлов тизими – тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида хамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуидир.

тўлов тизимининг оператори – Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов тизимининг ишлашини таъминлаш бўйича фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс;

тўлов тизими иштирокчиси – тўлов тизими оператори билан ҳисоб-китобларни амалга оширувчи ва тўлов тизимида иштирок этиш тўғрисида шартнома тузган банклар тўлов тизимининг иштирокчилари ҳисобланади.

тўлов хизмати -  тўлов хизматини етказиб беручининг тўлов хизматларидан фойдаланувчига кўрсатадиган хизмати;

тўлов хизматлари бозори – тўлов хизматларини кўрсатиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек тўлов воситаларини чиқариш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар мажмуи;

тўлов хизматларидан фойдаланувчи – тўлов хизматларини етказиб берувчининг тўлов хизматларидан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахс;

банк карталари эмиссияси – банк карталарини муомалага чиқариш
ва фойдаланишга тақдим этиш бўйича фаолият;

процессинг — тўлов тизими иштирокчилари ўртасида ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва тарқатиш, шунингдек, тўлов ташкилоти аъзолари томонидан амалга ошириладиган эмиссия ва (ёки) эквайрингга техник хизмат кўрсатишни таъминлаш;

эмитент – банк картаси эмиссиясини амалга оширувчи, ўзи эмиссия қилган банк карталарига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган ва уларнинг эгалари ва эквайерлари томонидан банк карталаридан фойдаланилган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқлари бўйича ўз номидан мажбуриятларни зиммасига олган банк;

эквайринг – банк карталари орқали товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчилари билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, банк картаси сақловчисига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш;

эквайер – эквайрингни амалга оширувчи банк;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси – эквайер билан тузилган шартномага асосан банк карталари орқали товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчи хўжалик (юридик ва/ёки юридик мақомга эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс) субъекти;

банк картаси сақловчиси — эмитент ёки банк карталарини тарқатувчи банк билан мижоз ўртасидаги шартномага асосан банк картасидан фойдаланувчи мижоз ёки мижоз томонидан вакил этиб тайинланган шахс;

карта ҳисобварағи – банк картаси орқали пул маблағларини тасарруф этиш мумкин бўлган банк ҳисобварағи;

тўлов – пул мажбуриятини нақд пул маблағлари билан бажариш ёхуд пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

тўлов операцияси – банк картаси орқали товар (иш, хизмат ва бошқалар) тўлови;

терминал – банк картаси фойдаланувчисига тўлов операцияларини амалга ошириш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича (қоғоз ёки электрон шаклдаги) слипларни шакллантирувчи мослама ёки дастурий таъминот;

банкомат – банк картаси фойдаланувчисига ўз-ўзига хизмат кўрсатиш тартибида нақд пул олиш ва банк картаси билан бошқа тўлов амалиётларини амалга ошириш имконини берувчи ҳамда бажарилган операциялар бўйича слип шакллантирувчи қурилма;

товарлар (иш, хизмат) сотувчиси — эквайер билан тузилган шартномага асосан банк карталари орқали товарлар (ишлар, хизматлар) сотувчи хўжалик (юридик ва (ёки) юридик мақомга эга бўлмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс) субъекти;

слип – банк картаси орқали амалга оширилган операцияларни тасдиқловчи, операциянинг миқдори, тури, амалга оширилган санаси тўғрисидаги маълумотларни
ва ушбу слипни шакллантирган банк картаси ҳамда терминал ёки банкоматни тўғри аниқлай билиш имкониятини берувчи ахборотни ўзида мужассамлаштирган терминал ёки банкомат квитанцияси;

авторизация — тўлов оператори томонидан кўзда тутилган қоидаларга асосан телефон, электрон ёки алоқанинг бошқа турлари бўйича банк картаси билан операцияларни амалга ошириш учун банк картаси эмитентининг рухсатини олиш жараёни;

ПИН код – банк картаси сақловчисининг шахсий идентификация рақами бўлиб,
у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг сақловчиси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди;

виртуал карта – интернет тармоғи орқали тўловларни амалга ошириш учун мўлжалланган электрон шаклдаги карта. Виртуал карта асосий картага ёки ҳисобвараққа боғланган бўлиб, тўловларни амалга оширишда зарур бўлган банк картаси реквизитларига (карта сақловчиси исми шарифи, карта рақами, муддати ва бошқалар) эга.

CVV (CVC) код — банк картасининг махфий рақами бўлиб, интернет орқали тўловларни амалга оширишда ишлатилади;

антифрод-тизим – кредит карталар ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларини олдини олишга қаратилган жараёнлар йиғиндиси;

масофавий хизмат кўрсатиш тизими – электрон хизматлардан фойдаланиш учун тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва ушбу хизматларни етказиб берувчи ўртасидаги алоқани таъминлайдиган телекоммуникация воситалари, рақамли ва ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва ускуналар мажмуи;

2. Банк картаси сақловчисининг рухсатисиз бошқа шахс банк картасидан фойдаланиши мумкин эмас.

Банк картаси қалбакилаштиришдан ва ундан ноқонуний фойдаланишнинг бошқа турларидан ҳимоя қилиниши зарур.

Банк картасининг амал қилиш муддати тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланади.

2-боб. Банк карталардан фойдаланишнинг ҳуқуқий тартибга солиниши

3. Банклари томонидан банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, шунингдек тўлов тизими қоидалари ҳамда тўлов тизими иштирокчилари ўртасида тузилган шартномаларга асосан амалга оширилади.

4. Тўлов тизими иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари мазкур Низом, қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари ҳамда уларга асосан тузилган шартномалар
ва ўрнатилган қоидаларга биноан бошқарилади.

Ўзбекистон Республикаси резидент банклари маҳаллий, халқаро ва хорижий тўлов тизимлари иштирокчилари бўлиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси резидент банклари — тўлов тизими иштирокчилари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида бошқаси ўрнатилмаган бўлса, банк карталари эмиссияси, уларга хизмат кўрсатиш ва операцияларни амалга оширишда тегишли тўлов тизими томонидан қабул қилинган стандартлардан фойдаланади.

3-боб. Тўлов тизими иштирокчиларининг мажбуриятлари

5. Тўлов тизими иштирокчилари қуйидагиларга амал қилишлари шарт:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк картасини эмиссия қилиш, хизмат кўрсатиш, улар орқали ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишнинг ўрнатилган тартиб ва қоидасига риоя қилиш;

банк карталаридан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш учун хавфсизлик чора-тадбирларини таъминлаш;

улар ихтиёрида мавжуд бўлган ва муомаладаги банк карталари, тўлов тизими иштирокчилари, фойдаланиладиган технология ва дастурий-техник воситалар, тўлов оператори томонидан ўрнатилган иш тартиби ва қоидалари тўғрисидаги тижорат
ва банк сири ҳисобланган маълумотларни ошкор қилмасликни таъминлаш;

банк картаси сақловчилари ҳамда улар томонидан банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни сир сақлаш.

4-боб. Банк карталарининг турлари

6. Банк карталари карта ҳисобварағи эгаси, амал қилиш тартиби ва маълум бир тўлов тизимига тегишлилигига қараб ҳар хил турларга бўлинади.

7. Карта ҳисобварағининг эгасига қараб банк карталари: шахсий
ва корпоративларга банк карталарига бўлинади:

шахсий банк картаси ўз сақловчисига жисмоний (якка тартибдаги тадбиркордан ташқари) шахснинг карта ҳисобварағида (карта ҳисобварақларида)ги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Шахсий банк карталари, банк картаси сақловчисининг рухсати билан бошқа шахслар (оила аъзолари ва бошқалар) томонидан фойдаланилиши мумкин;

корпоратив банк картаси ўз сақловчисига – яъни юридик шахснинг ваколатига эга ходими ёки якка тартибдаги тадбиркорга, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш имкониятини беради. Корпоратив банк картаси фақат нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган бўлиб, иш ҳақини ва бошқа ижтимоий тусдаги тўловлар ҳамда нақд пул маблағларини тўлаш учун ишлатилиши мумкин эмас.

8. Банк карталари амал қилиш тартибига кўра дебет ва кредит банк карталарига бўлинади:

дебет банк картаси ўз сақловчисига у ва банк картаси эмитенти ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан, тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғи доирасида товар (иш, хизмат ва бошқалар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карталар бундан мустасно) олиш учун тасарруф этиш имконини беради;

кредит банк картаси ўз сақловчисига, банк картанинг эмитенти ва сақловчиси ўртасида тузилган шартнома шартларига биноан товар (иш, хизмат ва бошқалар)га ҳақ тўлаш ва (ёки) нақд пул маблағларини (корпоратив банк карталар бундан мустасно) олиш учун тегишли карта ҳисобварағидаги пул маблағлари қолдиғидан ортиқ операцияларни амалга ошириш имконини беради.

9. Иккита ва ундан ортиқ тўлов тизимларида ишлайдиган ва уларнинг логотипларини ўзида акс эттирган банк карталари кобейджинг карталари деб хисобланади.

5-боб. Банк карталарини эмиссия қилиш

10. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади.

11. Бирон бир тўлов тизимига тегишли бўлган банк карталарини эмиссия қилиш, сертификатланган дастурий-техник воситалардан фойдаланган ҳолда, тегишли тўлов оператори томонидан ўрнатилган қоидаларга асосан эмитент томонидан амалга оширилади.

12. Қўшимча банк карталарини эмиссия қилиш карта ҳисобварағи эгасининг ёзма ёки электрон аризаси асосида амалга оширилади. Виртуал карталар эмиссияси банкнинг ёки тўлов тизимининг мобиль иловаси, веб сайтидаги “шахсий кабинети” орқали оферта асосида амалга оширилади.

13. Банк карталарининг мажбурий реквизитлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

банк картаси сақловчисининг фамилияси ва исми (шахсий банк карталари учун);

карта ҳисобварағи эгаси бўлган юридик шахснинг ўз фирмаси (расмий) номланиши ва (ёки) унинг тўлов тизимидаги шартли рақами (корпоратив банк карталари учун);

банк картаси эмитентининг расмий номи;

банк картасининг рақамлари ва амал қилиш муддати.

14. Мажбурий реквизитлар банк картасига давлат тилида киритилади.

15. Тўлов тизими доирасида чиқариладиган банк карталарида, идентификация белгилари ва банк карталарининг белгилари бўлган бошқа мажбурий реквизитлар мазкур тизим қоидалари бўйича ўрнатилиши мумкин.

6-боб. Банк картасини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома

16. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш, банк карталарини эмиссия қилувчи тижорат банки ҳамда унинг мижозлари ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади. Шартномалар бевосита мижоз иштирокида ёзма шаклда ёҳуд масофадан хизмат кўрсатиш тизимларида жойлаштирилган офертани қабул қилиш йўли билан тузилиши мумкин. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома шартлари тўлов тизимлари қоидаларига мос келиши зарур.

17. Банк картаси сақловчиси томонидан картадан фойдаланган ҳолда амалга ошириши мумкин бўлган операцияларнинг турлари ҳамда уларни амалга ошириш қоидалари, банк картасини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома билан белгиланган бўлиши зарур.

18. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома қуйидагиларни мажбурий равишда ўз ичига олиши зарур:

кўрсатиладиган тўлов хизматларининг турлари ва умумий хусусияти;

тўлов хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддати;

ундириладиган йиғимларнинг ва воситачилик ҳақларининг миқдорлари;

тўлов хизматлари ҳақидаги ахборотни тақдим этиш тартиби;

рухсат этилмаган тўловлардан ҳимояланиш ҳаракатларининг тартиби;

тўлов хизматларини етказиб берувчининг тўлов хизматлари кўрсатишни рад этиш ҳуқуқига эга бўлиш шартлари;

рухсат этилмаган тўловлар бўйича масалаларни ҳал этиш тартиби;

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг шартномани бекор қилиш ҳуқуқи;

эътирозлар билдириш ва низоларни ҳал этиш тартиби;

тўлов хизматларидан фойдаланувчининг фармойишларини бажаришни асоссиз равишда рад этганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича тўловларнинг миқдори.

19. Тўлов хизматлари кўрсатишга доир шартномада тўлов хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин.

20. Тўлов хизматларини етказиб берувчи ўзи ва тўлов хизматларидан фойдаланувчи ўртасида шартнома тузилган санада белгиланган кўрсатиладиган тўлов хизматлари бўйича воситачилик ҳақи миқдорларини бир томонлама тартибда ошириш томонга ўзгартиришга ҳақли эмас. Бундан халқаро тўловларни амалга ошириш чоғида ундириладиган воситачилик ҳақлари мустасно бўлиб, бу ҳақларнинг ўзгарганлиги тўғрисида тўлов хизматларини етказиб берувчи тўлов хизматларидан фойдаланувчини шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда хабардор қилади.

21. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномада, карта ҳисобварағидаги пул маблағларини, имзо, ПИН-код ва бошқа воситалардан фойдаланган ҳолда тасарруф этиш ҳуқуқи, айнан ваколатли шахс томонидан берилганлигига ишонч ҳосил қилиш тартиби кўзда тутилган бўлиши керак.

22. Банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартнома, агар унинг шартларида мижознинг кредит мажбуриятларини пайдо бўлиши кўзда тутилмаган бўлса, оммавий шартнома бўлиб ҳисобланади.

23. Банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартнома, мижознинг кредит мажбуриятлари вужудга келган ҳолатда, банк карталарининг эмиссия қилувчи тижорат банкнинг ички кредит сиёсати қоидаларига асосан тузилади.

24. Кредит банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартнома, яъни  мижознинг кредит мажбуриятлари вужудга келган ҳолатда, банк карталарининг эмиссия қилувчи тижорат банкнинг ички кредит сиёсати қоидаларига асосан тузилади.

 

7-боб. Эмитентнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.

25. Банк картаси эмитенти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг аризалари асосида улар билан тузиладиган шартномаларга ёхуд офертани қабул қилиш йўли билан “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари”га (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ мижозни идентификациялаган ҳолда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш;

агарда тўлов тизими қоидаларида бошқаси кўзда тутилмаган бўлса, банк картаси орқали амалга оширилган дебет айланмалари учун воситачилик хақини ундириш.

26. Банк картасининг эмитенти қуйидагиларга амал қилишлари шарт:

банк картасини олиш тўғрисида эмитентга мурожаат қилган шахснинг аризасини кўриб чиқиш;

банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаш;

банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчи билан шартнома тузилгунига қадар банк картасини сақловчини банк картасидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик шартлари ва чоралари, эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида хабардор қилиш;

банк картасининг эмитенти ўз расмий веб-сайтида банк карталарининг турлари ва уларни бериш шартлари, банк карталаридан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик чоралари тўғрисидаги ахборотни жойлаштиш;

банк картаси эмитенти ва сақловчиси ўртасида тузилган шартномада ўрнатилган тартибга асосан банк картасини бериш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича эмитент тарифларининг ўзгарганлиги ҳамда банк картасини амал қилиш муддатидан аввал тўхтатиш тўғрисида банк картаси эгаларини хабардор қилиш;

карта ҳисобварағи ёпилганда, қонунчиликда белгиланган муддатдан кечиктирмаган ҳолда карта ҳисобварағида мавжуд бўлган пул маблағларини қайтариш;

банк карталари орқали операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва унинг тўғрилигини таъминлаш;

банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчига банк картасига хизмат кўрсатиш бўйича ундириладиган воситачилик ҳақининг миқдори ва уни ундириш тартиби тўғрисида, воситачилик ҳақи тўланмаган тақдирда қарзни ҳисоблаш тўғрисида хабардор қилади, шунингдек банк картасини сақловчига унинг банк картасига улар ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган тартибда хизмат кўрсатганлик учун банк картасини сақловчи томонидан воситачилик ҳақи тўланганлиги фактининг тасдиқномаси тақдим этилишини таъминлаш.

8-боб. Банк картаси сақловчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

27. Банк картаси сақловчисини қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тўлов тизими қоидалари ва эмитент билан тузилган шартномада кўзда тутилган шароит ва тартибга асосан банк картаси орқали операцияларни амалга ошириш;

банк картаси эмитентидан банк картасидан фойдаланиш қоидалари ҳамда улар орқали операцияларни амалга ошириш бўйича банк карта сақловчиси ва эмитентнинг жавобгарлик чегараси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни олиш;

банк картаси эмитентидан амалга оширилган операциялар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш;

ўз розилигига кўра, унинг карта ҳисобварағини тасарруф этиш имкониятини берувчи қўшимча банк карталарини чиқариш ва расмийлаштиришни банк картаси эмитентидан сўраш;

карта ҳисобварағини келгусида ёпиш шарти билан банк карталаридан фойдаланишни рад этиш.

28. Банк карта сақловчиси бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур Низомнинг 31-бандида ўрнатилган ҳуқуқлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга ҳам эга:

шартномалар, хизмат сафарлари, хўжалик ва бошқа харажатларининг тўловлари учун пул маблағларини карта ҳисобварағида жойлаштириш ва кўрсатилган харажатларни карта ҳисобварағидан нақд пулсиз тартибда тўлаш;

банк картаси эмитенти билан тузилган шартномада кўрсатилган ва тегишли карта ҳисобварағидан ўтказиш учун рухсат этилган бошқа операцияларни амалга ошириш.

29. Банк карта сақловчиси қуйидагиларга амал қилиши шарт:

шартнома шартларини, банк картасидан фойдаланиш қоида ва йўриқномаларини бажариш;

тўлов тизими томонидан ўрнатилган, банк картасидан фойдаланиш қоида
ва тартибларини бажариш;

банк картаси йўқолганлиги ва банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида маълум бўлган барча ҳодисалар ҳақида банк картаси эмитентига қисқа муддат ичида хабар бериш.

9-боб.Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби

30. Карта ҳисобварағини тўлдириш карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўлов топшириқномасига асосан унинг асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидан амалга оширилади.

31. Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби.

Юридик шахслар фаолият юритиш, шу жумладан давлат божи ва йиғимларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни миллий валютадаги корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари мумкин. Юридик шахслар корпоратив банк картасига унинг сақловчига тўланадиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ва дивидендларни ўтказишга, шунингдек, корпоратив банк карталари воситасида нақд пул берилиши ва (ёки) чет эл валютасини сотиб олишга йўл қўйилмайди.

Корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда тўлаш учун сарф қилинаётган пул маблағлари корпоратив банк картасининг сақловчисига ҳисобдорлик шарти билан бериладиган, қатъий тарзда белгиланган мақсадларга ишлатиладиган маблағлар бўлиб ҳисобланади.

Корпоратив банк картасининг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда корпоратив банк карталари воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида юридик шахснинг бухгалтериясига ҳисобот тақдим этиши шарт.

Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун корпоратив банк картасидан фойдаланганда, корпоратив банк картасининг сақловчиси хизмат сафаридан қайтганидан кейин қонунда белгиланган муддатда корпоратив банк картаси воситасида сарфланган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт.

Бунда, олинган тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, электрон тижорат битимларидаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тегишли реквизитларга эга бўлган бошқа ҳужжатлар юридик шахс бухгалтерияси учун ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.

32. Якка тартибдаги тадбиркор банк карталаридан ишлаб чиқариш, савдо, хизмат кўрсатиш, ишларни бажариш фаолияти билан боғлиқ бўлган, шунингдек бошқа ҳар қандай харажатлар учун тўловларни амалга ошириши мумкин.

33. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор банк карталари орқали амалга оширилган тўловлар бўйича ҳисобот ҳужжатлари сифатида тўлов терминали квитанцияларининг асл нусхалари, уларга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарнинг “тўланди” муҳри қўйилган тўлов ҳужжатлари, шунингдек, электрон тижорат битимларидаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар, инвойс (ҳисоб-фактура) ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади.

34. Карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағларни асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш тўлов топшириқномаси асосида амалга оширилади.

Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатилганда унинг карта ҳисобварағидаги сарфланмай қолган маблағлар асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказилади.

35. Корпоратив карта орқали амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги учун жавобгарлик карта ҳисобварағини очган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор зиммасида бўлади.

 

10-боб.Банк карталари билан ҳисоб-китоблар

36. Тўлов тизими иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китоблар тўлов ташкилоти ёки тўлов ташкилоти аъзосининг топшириғи бўйича вакиллик ҳисобварағи орқали ўтказилади.

37. Банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китоблар қоғозда (слип, электрон терминал квитанцияси) ёки электрон шаклда (банкомат ёки терминалнинг электрон ҳужжати) ёки бошқа маълумотномалар билан тасдиқланади. Бунда мазкур маълумотномалар ҳисоб-китобларни амалга оширишда иштирок этувчи томонларга етарли нусхаларда шакллантирилади. Маълумотномалар банк карталари орқали амалга оширилган операциялар тўғрисидаги барча маълумотларни ўз ичига олиши керак.

38. Маълумотномаларда банк картаси ва унинг сақловчиларнинг банкдаги ҳисобварақлари реквизитлари, шунингдек ташкилотлар, нақд пул бериш пунктлари ва банкоматларнинг ҳисобварақлари реквизитлари бўлиши шарт.

39. Электрон маълумотномалар банк-эквайерга, банк-эмитентга ёки шартномада назарда тутилган тўлов тизими операторига юборилади.

40. Банк карталар  бўйича банклар ўртасидаги ҳисоб-китоблар:

электрон тўловлар тизими орқали умумий асосда амалга оширилади;

амалиёт куни давомида ўзаро мажбуриятларни якуний ҳисоб-китоби ва якуний ҳисоб-китоблар суммасини банкларнинг вакиллик ҳисобварақлари орқали ҳисобга ўтказиш асосида ҳисоб-китоб иштирокчилари томонидан ташкил қилинган процессинг маркази орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш.

41. Амалга оширилган операциялар бўйича умумий ҳисоб-китоблар электрон тўловлар тизими орқали қуйидагича амалга оширилади:

банк-эмитент томонидан авторизация қилинмаган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларда:

банк томонидан хизмат кўрсатилаётган ташкилотдан олинган электрон ҳужжатлар асосида банк-эквайер унинг ҳисобварағига тегишли маблағларни ўтказади, бунда автоматик равишда дебет электрон мемориал ордер шаклланади ва электрон тўловлар тизими орқали банк-эмитентга юборилади;

мижознинг банк карта ҳисобварағидаги маблағлар банк-эмитент томонидан дебет электрон мемориал ордер асосида дастурий равишда ҳисобдан чиқарилади. Дебет электрон мемориал ордер рўйхат кўринишида чоп этилиб, банкнинг кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади;

 банк-эмитент томонидан авторизация қилинган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларда:

банк томонидан хизмат кўрсатилаётган ташкилотдан олинган электрон ҳужжатлар асосида банк-эквайерда автоматик равишда электрон хабарнома шаклланади ҳамда ўтказмаларни авторизация қилиш ва амалга ошириш учун электрон тўловлар тизими орқали банк-эмитентга юборилади;

банк-эмитент электрон хабарнома асосида транзакцияни авторизация қилиб, маблағларни электрон тўловлар тизими орқали тегишли ташкилотлар ҳисобварағига ўтказиш учун банк-эквайерга юборади ҳамда маблағларни банк карта ҳисобварағидан ҳисобдан чиқариш учун электрон мемориал ордерни дастурий равишда шакллантиради;

маблағлар банк-эквайер томонидан банк-эмитентдан олинган электрон мемориал ордер асосида тегишли ташкилотларнинг ҳисобварағига ўтказилади ва мемориал ордер рўйхат кўринишида чоп этилиб, банкнинг кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади.

42. Тўлов тизими оператори орқали ҳисоб-китоблар қуйидагича амалга оширилади:

амалиёт куни давомида банк карталар бўйича тўлов тизими оператори орқали амалга оширилган барча операциялар ҳисоб-китоб иштирокчилари учун очилган алоҳида шахсий ҳисобварақларда юритилади;

якуний суммалар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисоб-китоб марказида очилган банкларнинг вакиллик ҳисобварақлари орқали шартномада назарда тутилган муддатда ўтказилади;

банклар томонидан тўлов тизими операторидан олинган маълумотлар асосида мижознинг банк карта ҳисобварағига маблағлар ўтказилади ёки ҳисобдан чиқарилади.

11-боб. Банк картасидан фойдаланилган ҳолдаги тўловлар

43. Товарлар ва хизматларни чакана реализация қилишни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар тўловларнинг банк карталаридан фойдаланган ҳолда қабул қилинишини таъминлаши шарт.

44. Тўлов иштирокчисининг банк карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган тўлов якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан юзага келади.

45. Тўловлар банк картасидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда якка тартибдаги тадбиркорда ёки юридик шахсда у билан банк карталарига хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузган банкка нисбатан якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс томонидан қабул қилинган тўлов суммасида пул талаб қилиш ҳуқуқи, банкда эса якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг пулга доир талабини бажариш мажбурияти юзага келади.

46. Банк картасининг эмитенти банк картасидан фойдаланиб амалга оширилган операциялар ҳақида банк картасини сақловчини улар ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабардор қилади. Бундай хабарномани юбориш тартиби ва унинг даврийлиги, шунингдек банк картасини сақловчини банк карталаридан фойдаланилган ҳолдаги операциялар тўғрисида хабардор қилганлиги учун банк картасининг эмитенти томонидан воситачилик ҳақини ундириш миқдори ва тартиби банк картаси эмитенти ва банк картасини сақловчи ўртасидаги шартномада белгиланади.

47. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчининг талабига биноан унинг банк картасидан фойдаланиш билан боғлиқ тегишли ҳужжатларни ва ахборотни шартномада белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.

48. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчига юборилган ва ундан олинган хабарномаларнинг ушбу хабарномалар юборилган ва олинган кундан эътиборан уч йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида сақланишини таъминлайди.

49. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчининг аризасини ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида кўриб чиқади. Аризани кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда аризани кўриб чиқиш муддати кўпи билан ўттиз кунга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда банк картасини сақловчига хабар берилади. Банк картасидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилган тақдирда банк картасини сақловчининг аризаси ариза келиб тушган кундан эътиборан қирқ беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Банк картасини сақловчига аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда ахборот юборилади.

50. Банк картасидан фойдаланиш банк картасини сақловчидан олинган хабарномага асосан банк картасининг эмитенти томонидан ёки банк картасини сақловчи банк картасидан шартномага мувофиқ фойдаланиш тартибини бузган тақдирда банк картаси эмитентининг ташаббусига кўра тўхтатиб турилади ёки тугатилади.

51. Банк картасини сақловчининг банк картасидан фойдаланишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш банк картасини сақловчининг ва банк картаси эмитентининг ушбу картадан фойдаланишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш пайтига қадар юзага келган мажбуриятларини тугатмайди.

12-боб. Банк картасидан рухсатсиз фойдаланиш

52. Банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали фойдаланилганлиги факти аниқланганда банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентини бу ҳақда хабардор қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабардор қилинмаган тақдирда барча таваккалчиликлар банк картасини сақловчининг зиммасида бўлади.

53. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасини дарҳол блокировка қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасидан рухсатсиз фойдаланганлик учун жавобгар бўлади.

54. Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш.

 Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилган тақдирда банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентига банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчининг аризасини ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун мобайнида кўриб чиқади. Аризани кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чоралар кўриш зарур бўлган ҳолларда аризани кўриб чиқиш муддати кўпи билан ўттиз кунга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда банк картасини сақловчига хабар берилад.

Банк картасидан Ўзбекистон Республикасидан ташқарида фойдаланилган тақдирда банк картасини сақловчининг аризаси ариза келиб тушган кундан эътиборан қирқ беш кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади. Банк картасини сақловчига аризани кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма ёки электрон шаклда ахборот юборилади;

Банк картасини сақловчининг аризасини кўриб чиқиш якунлари бўйича банк картасининг эмитенти банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш ҳақида ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк картасининг эмитенти пул маблағларини банк картасини сақловчига қарор қабул қилинганидан кейин бир кундан кечиктирмай ўтказади.

Банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммаларининг ўрнини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини қабул қилинган қарор ҳақида рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилади. Банк картасини сақловчига банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги натижасида йўқотилган пул маблағлари суммасининг ўрнини қоплашни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

банк картасини сақловчи томонидан банк картасидан фойдаланишнинг шартномада назарда тутилган хавфсизлик чораларига риоя этилмаганлиги;

банк картасини сақловчининг ўз банк картасидан фойдаланган ҳолда жиноятлар содир этишда иштирок этганлиги факти аниқланганлиги.

13-боб. Банк картаси билан операцияларни амалга оширишни тўхтатиш
ва банк картасини муомаладан чиқариш

55. Банк карта сақловчисидан банк картасининг йўқолганлиги ёки ўғирланганлиги тўғрисида ариза олинганда, эмитент банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиши ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш чораларини кўриши зарур.

Бунда банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани тун кун қабул қилади

56. Тўлов оператори, тўлов тизими қоидаларига мувофиқ айрим эмитентлар томонидан эмиссия қилинган банк карталари орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга ҳақлидир.

57. Эмитент қуйидаги ҳолатларда банк картаси орқали операциялар ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин:

банк картаси ёки унинг реквизитларидан ноқонуний фойдаланишни тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлигида;

банк картасини фойдаланиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан ишлатилганда;

банк карталарини тақдим этиш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган бошқа ҳолатларда.

Юқорида кўрсатилган ҳолатлар юзага келганда, банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ёки банк картасини муомаладан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби тўлов тизими қоидаларига асосан ўрнатилади.

58. Банк картаси орқали операцияларни ўтказишни вақтинча тўхтатиб қўйиш ҳамда банк картасини муомаладан чиқариш ва бу ҳақда мижозга хабар бериш тартиби тўлов тизими қоидаларига ҳамда банк карталарини фойдаланишга тақдим этиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилади.

14-боб. Товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиларининг мажбуриятлари

59. Товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси қуйидагиларга амал қилиши шарт:

ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун товар (иш, хизмат ва бошқалар) нархлари асоссиз равишда ошмайдиган нарх бўйича банк карта фойдаланувчисига хизмат кўрсатиш;

шартнома муносабатлари билан боғлиқ бўлган тўлов тизими номи ва (ёки) логотипи кўрсатган ҳолда, банк картасига хизмат кўрсатиш тўғрисида мижозларни хабардор қилиш;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси ва эквайер ўртасида тузилган шартномада кўзда тутилган шартларга асосан ушбу тўлов тизимига тегишли бўлган барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;

бажарилаётган операциялар суммаси эквайер билан тузилган шартномада ўрнатилган суммадан ортиқ бўлган барча ҳолатларда банк картаси бўйича авторизация ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва унинг эквайер билан тузган шартномаларига мувофиқ банк картаси орқали амалга оширилган операциялар бўйича ахборот тақдим этиш;

банк карта эгалари тўғрисида маълумотни учинчи шахсдан сир сақлаш;

банк картаси фойдаланувчисига битим шартларида белгиланган муддатда, тўловлари банк картаси орқали амалга оширилган, товарларни бериш, хизматларни кўрсатиш ёки ишларни бажариш.

15-боб. Банк картаси фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

60. Корпоратив банк картаси эмитенти бўлган банк, карта ҳисобварағи эгасига банк картасидан фойдаланмаган ҳолда, карта ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш имкониятини таъминлаши зарур.

61. Эквайер, банк картаси фойдаланувчисидан банкоматдан фойдаланганлиги учун тўлов ташкилотининг қоидаларида ўрнатилгандан юқори бўлган қўшимча тўлов олишга ҳақли эмас.

62. Банк карта эгалари уларнинг банк карталари орқали амалга оширилган операциялари ҳамда банк карталарининг ўзи ҳақидаги маълумот - банк сири бўлиб ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида ўрнатилган тартибда тақдим этилади.

16-боб. Эквайернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

63. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эквайринг Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган банклар томонидан амалга оширилади.

64. Эквайер қуйидаги ҳуқуқларга эга:

“Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари”га (рўйхат рақами 2886, 2017 йил 23 май) мувофиқ банк картаси фойдаланувчисидан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишини талаб қилиш;

нақд пул бериш операциясини амалга оширишда банк карта ҳисобварағидан банк хизмат ҳақини ундириш;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчилари билан ҳисоб-китоб операцияларини ўтказиш учун шартномада кўзда тутилган фоизларни бевосита келиб тушадиган сумма ҳисобидан ушлаб қолиш.

65. Эквайер қуйидагиларга амал қилиши шарт:

нақд пул бериш операциясини амалга оширишда эквайер тарифларини ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни банк карта эгаларига етказиш;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиларига банк карталари орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китоблар бажарилишини ва унинг тўғрилигини таъминлаш.

ўзи аъзо бўлган тўлов ташкилотининг барча банк карталарига хизмат кўрсатиш;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчисини, улар ўртасида тузилган шартномада белгиланган шароитлар асосида банк карталари эгаларига хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган материал ва ускуналар билан таъминлаш;

банк карталари орқали операциялар бўйича товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчилари билан ўзаро ҳисоб-китобларни вақтида ва тўғри амалга оширилишини таъминлаш.

17-боб. Эквайернинг товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси олдидаги жавобгарлик чегараси

66. Эквайер товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси олдида банк картаси орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш бўйича қуйидаги ҳолларда жавобгарликни
ўз зиммасига олмайди:

агар товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси, банк карталари орқали операцияларни амалга оширишда тузилган шартномаларда ўрнатилган қоида ва тартибни бузганда;

агар товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ўтказилган тўлов операцияси тўғрисида ҳужжат ёки ахборотлар йўқлигида;

товар (иш, хизмат ва бошқалар) сотувчиси томонидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганда.

18-боб. Тўлов тизими операторининг ҳуқуқ, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

67. Тўлов тизими оператори қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тўлов тизими иштирокчилари учун банк карталари орқали операцияларни амалга ошириш ва бунга рухсат бериш;

тўлов тизими иштирокчиларидан ўтказилган амалиётлар ва кўрсатилган хизматлар учун хизмат ҳақи ундириш;

тўлов тизими оператори билан эмитент ўртасида тузилган шартноманинг ҳамда тўлов тизимининг бошқа иштирокчилари ўртасида тузилган шартнома шартларини эмитент томонидан бажармаслик ҳолларида, эмитентнинг банк карталари бўйича операцияларини тўхтатиш;

68. Тўлов тизими оператори қуйидагиларга амал қилиши шарт:

тўлов тизими иштирокчилари томонидан чиқарилган банк карталари орқали операцияларини амалга ошириш имкониятлари билан таъминлаш;

банк карталари ёрдамида тўловларни амалга оширишда фирибгарлик операцияларини олдини олишга қаратилган антифрод тизимига эга булиши;

банк картасига хизмат кўрсатишни тақиқлаш тўғрисидаги эмитентнинг ёзма қарори олингандан сўнг, банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш (алоҳида турдаги операцияларни тўхтатиш);

эмитент банкнинг банк операцияларини амалга ошириш лицензияси чақириб олингандан сўнг, унинг банк карталари бўйича операцияларни тўхтатиш;

тўлов тизимини узлуксиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаш;

тўлов тизими иштирокчиларининг операциялари тўғрисидаги банк сирини ташкил этувчи маълумотларни сир сақланишини таъминлаш.

69. Эмитент томонидан банк карталарига хизмат кўрсатишни таъқиқлаш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳамда эмитент томонидан банк карталари орқали амалга оширилиши таъқиқланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган айрим операцияларни бажариш бўйича тўлиқ жавобгарликни тўлов тизими оператори ўз зиммасига олади.

70. Тижорат банки банк карталари эмиссиясини ва (ёки) эквайрингини амалга ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тўлов тизими операторига белгиланган тартибда хабар беради. Хабарномада банк карталари эмиссияси, кўлами ва улар орқали амалга оширилиши режалаштирилаётган операцияларнинг тури тўғрисида маълумотлар кўрсатилади.

71. Тўлов тизими иштирокчилари бўлган банклар фаолияти устидан назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва тўлов тизими қоидаларига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.

72. Тўлов тизими оператори банк карталари эмитентларининг реестрини олиб боради.

73. Банк карталари эмитентларининг реестридаги ахборот очиқ бўлиб, доимий равишда чоп этилиши лозим.

19-боб. Банк карталари орқали ҳисоб-китобларни амалга оширишда фойдаланиладиган ахборотларни ҳимоя қилиш

74. Эмитентлар, эквайерлар, тўлов тизими оператори, товар (иш, хизмат)лар сотувчилари, банк картаси сақловчиси ахборотларни ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш бўйича қоидаларга риоя қилишлари шарт.

75. Ахборотларни, банк карталарини ва бунда фойдаланиладиган дастурий-техник воситаларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ҳамда тўлов ташкилотининг қоида ва йўриқномаларига асосан ўрнатилади.

 

20-боб. Якуний қоидалар

76. Банк карталарини эмиссия қилиш, улар орқали амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китобларни ўтказиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.

77. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарини эмиссия қилиш тартибини ҳамда банк карталари орқали хизмат кўрсатиш ва операциялар бўйича          ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

Umumiy takliflar: 10

804