ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
1491 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 13/12/2018 28/12/2018 0

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тўқимачилик ва матбаа технологиялар” факультетини ташкил этиш тўғрисида
ID-1491

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАХКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тўқимачилик ва матбаа технологиялар” факультетини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва реал сектори тармоқлари учун юқори малакали, ҳалқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) таркибида Россия Федерациясининг А.Н. Косигин номидаги Россия давлат университети, Иваново давлат политехника университети, Кострома давлат университети (кейинги ўринларда ҳамкор хориж университетлар деб юритилади) билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон-Россия қўшма “Тўқимачилик ва матбаа технологиялар” факультетини (кейинги ўринларда факультет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

республика иқтисодиётининг реал сектори тармоқлари учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган тўқимачилик, енгил саноат, чарм-мўйна ва матбаа соҳаларига оид муҳандислик технологияси, компьютер илмлари, технологиялар менеджменти, экотехнология, инноватика ва смарттехнологияси бўйича бакалавр ва магистр даражасидаги малакали кадрларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

тўқимачилик, енгил саноат, чарм-мўйна ва матбаа соҳаларига оид муҳандислик технологияси, компьютер илмлари, технологиялар менеджменти, экотехнология, инноватика ва смарттехнологияси ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;

малакали ва илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

Институт талабалари, магистрантлари, докторантлари ва профессор-ўқитувчилари билан интеграциялашган дастурлар асосида ўзаро алмашувларни йўлга қўйиш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда ҳамкор хориж университетларнинг етакчи олимларини, профессор-ўқитувчиларини факультетнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига мунтазам равишда жалб этиш;

манфаатли йўналишлар бўйича илмий соҳада ҳамкорлик ишларига кўмаклашиш;

магистрантлар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини юксалтиришни ҳамкор хориж университетлар базасида илмий стажировка ва малака ошириш механизмлари орқали амалга ошириш;

олий таълимнинг ўзаро манфаатдор йўналишлари бўйича академик мобилликни ва параллел таълим олишни йўлга қўйишга кўмаклашиш;

ҳамкорликда илмий-амалий симпозиум, семинар, конференцияларни ташкил этиш, илмий грант лойиҳалари ва таълим дастурларини ташкил этиш;

Институт ва ҳамкор хориж университетларнинг профессор-ўқитувчиларининг илмий раҳбарликларида магистрлик ва докторлик диссертация ишларини тайёрлаш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий йўналиш (мутахассислик)лари бўйича бакалавр ва магистрлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олинган ҳолда ҳамкор хориж университетларда қабул қилинган таълим стандартлари, интеграллашган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси ҳамкор хориж университетларда белгиланган тартиб, талаб ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

факультетда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Институт ва ҳамкор хориж университетлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади;

факультетда ўқиш учун тўлов-контракт суммаси базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда Институт ва ҳамкор хориж университетлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультетнинг бакалавриат ва магистратура талабалари, мос равишда таълимнинг камида 4 та ёки 2 та семестрини ҳамкор хориж университетларида ўқийди ҳамда мазкур даврда ўқиш билан боғлиқ харажатлар талабалар томонидан ўқитиш жойида тўланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Россия Федерациясида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган Институт ва ҳамкор хориж университетлар дипломи берилади;

факультет фаолиятини молиялаштириш талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

факультетда таълим оладиган талабалар томонидан ўқишни мазкур ва республиканинг бошқа олий таълим муассасалари таълим йўналишлари ва мутахассисликларига кўчирилишига ҳамда тикланишига йўл қўйилмайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига бир ой муддатда:

факультетга Институт ҳудудидаги бинодан жой ажратиш;

факультетга юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда унинг фаолиятини ташкил этишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш;

факультетда фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар таркибини юқори малакали маҳаллий ва хорижий илмий-педагог кадрлар ҳисобидан тўлдириш;

таълим йўналишлари ва мутахассисликлари учун  интеграллашган ўқув режалари ва фан дастурларини жорий этиш;

факультетнинг таълим жараёнига тегишли бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш вазифалари юклатилсин.

5. Факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бинодаги хоналар ва ўқув жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари учун Институтнинг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланилсин.

6. Ҳамкор хориж университетларидан қўшма факультетнинг ўқув жараёнига жалб қилинган профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

7. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Институт буюртмаларига биноан факультетни ташкил қилишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган малакали хорижий мутахассисларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири  И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

                                                                                 Ўзбекистон Республикасининг
                                                                                              Бош вазири                                                    А. Арипов

Umumiy takliflar

1150