ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13977 Министерство по чрезвычайным ситуациям Республики Узбекистан 20/02/2020 06/03/2020 0
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини сўзсиз бажариш юзасидан масъулиятини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-13977

Сўнгги йилларда республиканинг маҳалла ва қишлоқларида аҳоли хонадонларини электр ва табиий газ таъминоти тизимлари янгиланиб, суюлтирилган газ ҳамда кўмир ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаб бориш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, коммунал соҳа хизматларининг фаолиятидаги тизимли камчиликлар мавжудлиги натижасида аҳоли хонадонларида ёнғин келиб чиқиши, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ёки ис газидан заҳарланиш ҳолатлари рўй бериб, аксарият ҳолларда ўлим билан тугайдиган бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, 2020 йилнинг 3 январь куни Нукус шаҳри Жамбул кўчасидаги яшаш уйда носоз иситиш печидан фойдаланиш оқибатида 2 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб  ҳалок бўлган.

17 февраль куни Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги яшаш уйда ёнғин содир бўлиб, натижада 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Аҳоли хонадонларини иситиш, аҳолининг маиший эҳтиёжлари учун табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ёқилғисидан фойдаланишда бахтсиз ҳодисалар келиб чиқишининг олдини олиш ҳамда хавфсиз фойдаланиш қоидаларини аҳолига кенг миқёсда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, шунингдек уй-жой фондини хавфсизлик талабларига мувофиқ ҳолга келтириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича Республика комиссиясининг (кейинги матнда – Республика комиссияси) янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Аҳоли турар жойларидаги иситиш қозонлари ва печларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва носозликларнинг бартараф этилишини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссияларнинг (кейинги матнда – худдудий комиссиялар) янгиланган намунавий таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Республика комиссияси:

икки ой муддатда аҳоли турар жойларида маиший иситиш ва электр тизимларидан хавфсиз фойдаланиш соҳасида чет эл мамлакатларининг тажрибасини чуқур ва синчковлик билан ўрганиш асосида аҳоли турар жойларидаги иситиш ва электр тизимларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, уларга ҳар йили мажбурий техник хизмат кўрсатиш ва профилактика қилиш тартибини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин;

ҳар йили иситиш мавсуми бошланишидан олдин ва мавсум даврида коммунал хизматлар вакилларини жалб қилган ҳолда аҳоли турар жойларидаги иситиш ва электр тизимларини комплекс ўрганиш, улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича чоралар кўриш, аҳоли орасида тарғибот ва тушунтириш ишларини амалга ошириш орқали ҳудудий комиссиялар фаолиятини ташкил этсин.

4. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ўрганиш асосида шахсий яшаш уйларни ва кўп қаватли уйлардаги хонадонларни босқичма босқич мажбурий ёнғинга қарши суғурталашни жорий этиш масаласини ўрганиб чиқиб, Вазирлар Махкамасига таклиф киритсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари:

аҳоли турар жойларидаги иситиш қозонлари ва печларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва носозликларнинг бартараф этилишини таъминлаш бўйича ҳудудий комиссияларнинг фаолияти жадаллаштирилсин;

йирик савдо комплексларида, айниқса иҳтисослаштирилган, қурилиш моллари, кийим ва буюм бозорларида сутка мобайнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, ёнғин ўчириш техникасига эга бўлган идоравий ёнғиндан сақлаш хизматини ташкил этиш, шунингдек қолган йирик одамлар оммавий бўладиган объектларда ёнғин хавфсизлиги мухандиси лавозимини киритишни тавсия этсинлар;

даҳлдор идоралар билан ҳамкорликда аҳоли пунктларидаги ёнғинга қарши сув таъминоти манбалари (гидрант ва ҳовузлар) соз ҳолатга келтириш ва зарур ҳолатларда янгиларини яратиш чораларини кўрсинлар.

6. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари:

ўн беш кунлик муддатда ўзларига тегишли бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши ҳолатини тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқсинлар ва уларни ёнғинга хавфсиз ҳолатга келтириш чора-тадбирларини кўрсинлар;

объектлардаги ёнғинга қарши ҳимоя тизими ва воситаларини, ёнғинга қарши сув таъминоти манбаларини (гидрантлар, резервуарлар, сув ҳавзалари, ички ёнғин ўчириш жўмракларини) соз ҳолатга келтириш ва доимо соз ҳолда ушлаш ҳамда ёнғин-техник маҳсулотлар харид қилиш учун ҳаражатлар сметаларида зарурий маблағлар ажратилишини кўзда тутсинлар ва ажратилган маблағлардан қатъий равишда мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатилишини таъминласинлар.

7. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ (Б.Эшмуратов):

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидалари талабларига қатъий амал қилинсин;

икки ой муддатда аҳоли турар жойларидаги газ ускуналари ўрнатилган хоналарга газосигнализаторларни босқичма босқич ўрнатиш тартибини белгилаш  юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилсин;

икки ой муддатда газ таъминоти ташкилоти томонидан истеъмолчиларнинг газдан фойдаланиш ускуналари ва газ тармоқларига техник хизмат кўрсатиш
ва уларни тафтишдан ўтказиш ишларини бажаришнинг аниқ механизмини ишлаб чиқсин ҳамда амалга оширсин;

уч ой муддатда маиший газбаллонлардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилсин;

аҳоли хонадонларида газдан фойдаланиш оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида истеъмолчиларга имзо қўйдириш орқали йўл-йўриқ ва тушунтиришлар бериш, хонада ўрнатилган газ приборларидан хавфсиз фойдаланиш масалалари бўйича эслатмалар топшириш ишларини йўлга қўйсин;

аҳоли хонадонларида аниқланган ноқонуний ва ностандарт газ тармоқларини ўтказиш ва жихозлардан фойдаланиш холатлари юзасидан, белгиланган тартибда, газ таъминотини узиб қўйиш каби кескин чоралар кўрилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (Б.Ғуломов) аҳоли хонадонларига тарқатилаётган маиший газбаллонлари техник созлиги ва яроқлилиги ҳамда ўрнатилган тартибда синовдан ўтказилиши, шунингдек “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан истеъмолчиларга йўл-йўриқ бериш, газ хўжалиги, асбоб-ускуналарига техник ва профилактик хизмат кўрсатиш бўйича амалга ошириладиган ишлар устидан назорат ўрнатсин.  

9. “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ (У.Мустафоев): 

электр энергиясини истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш ҳамда ўз электр тармоғи хўжалиги объектларида электр энергияси сифат кўрсаткичларини давлат стандартларида белгиланган даражада сақлаб туришни таъминласин;

электр тармоғи хўжалиги объектларининг режали таъмирланиши туфайли электр энергияси билан таъминлашдаги мумкин бўлган узилишлар тўғрисида истеъмолчиларни камида 3 кун олдин огоҳлантирсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги ва Ўзбекистон истъемолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан биргаликда қўлбола ясалган, мувофиқлик сертификати ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган ностандарт иситиш мосламаларини, газ жиҳозлари ва маиший газбаллонларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг бозорлар ва турли савдо шохобчаларида сотилишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликлари “Хаёт фаолияти хавфсизлиги асослари” дастури асосида мактаб, лицей ва коллежларда ўқувчиларни фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилишга ўқитишни ташкил этсин.

12. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан махсус мавзули видеороликларни тайёрлаб, уларни мунтазам равишда барча телеканаллар орқали намойиш этиб борилишини таъминласинлар.

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги (Ш.Садиков) аҳоли ва ҳудудларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун зарурур бўлган ишончли аудиовизуал маълумотлар билан таъминлаш мақсадида, “Хавфсиз шаҳар” аппарат комплекс дастури доирасидаги видеокузатув тизимидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тузилмаларига фойдаланиш имконияти яратилсин.  

14. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:

корхона, муассаса ва ташкилотларда ўрнатилган тартибда текшириш ва ёнғин профилактика-кўрикларини ўтказиш жараёнида ишчи-хизматчилар, ўқувчилар
ва тадбиркорлик субъектларига ёнғинга қарши тарғибот ўтказиш ва уларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш мақсадида учрашув-йиғилишлар, семинарлар ва “давра суҳбат”лари ўтказилишини таъминласин;

ёнғинлар ва уларнинг келиб чиқиши сабаблари таҳлилидан келиб чиқиб уй-жой сектори объектларини текширишда асосий эътибор маҳалладаги ёлғиз яшовчи, ногирон ва боқувчисини йўқотган фуқароларнинг хонадонларига қаратилиб, ўрганилган ҳар бир хонадон эгаларига ёнғин хавфсизлиги талаблари бўйича
йўл-йўриқ беришни ташкил этсин;

аҳоли турар жойларида аниқланган салбий ҳолатлар маҳалла фаоллари ва аҳолиси орасида муҳокама қилинсин ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларини кенг оммага етказиш мақсадида аҳоли ўртасида электр ва газ таъминоти корхоналари вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этсин.

15. Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 1 ноябрдаги 901-сон қарорига 1 ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Фавкулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари А.Х. Қўлдошев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                                  А. Арипов

 

              Тошкент ш.,

2020 йил «___» __________,

               ____-сон

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил ___________даги

____-сон қарорига 1-илова

 

Аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи

маҳсулотларидан фойдаланишда хавфсизлик талабларига

риоя этилишини ўрганиш ва бахтсиз ҳодисаларнинг

олдини олишга доир таклифлар тайёрлаш бўйича

Республика комиссияси

ТАРКИБИ

   

1.

А.Ж. Раматов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Республика комиссияси раҳбари

2.

А.С. Султанов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатни базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси – Энергетика вазири, Республика комиссияси раҳбарининг ўринбосари

3.

 

Бош прокурор ўринбосари, Республика комиссияси раҳбарининг ўринбосари (келишув асосида)

4.

Р.Т.Маматов

Маҳалла ва оилани қўллаб қуватлаш вазири

5.

Б.В. Гулямов

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси 

6.

А.Х. Қўлдошев

Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари

7.

Ш.С. Хидоятов

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари

8.

Н.Т. Назиров

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари

9.

Б.Б.Эшмуратов

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси

10.

У.М.Мустафоев

“Ҳудуд электр тармоқлари” АЖ бошқарув раиси

11.

М.Б. Жуманиёзов

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти мудирининг ўринбосари

12.

лавозими бўйича

Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти бош мутахассиси, Республика комиссияси котиби

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил ___________даги

____-сон қарорига 2-илова

 

Аҳоли турар жойларидаги иситиш қозонлари ва

печларидан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя

этилиши ҳолатини тизимли ўрганиш ҳамда мавжуд

муаммо ва носозликларнинг бартараф этилишини

таъминлаш бўйича ҳудудий комиссияларнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

 

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, ҳудудий комиссия раҳбари

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорларининг ўринбосарлари, ҳудудий комиссия раҳбарининг ўринбосари

3. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳудудий бошқармаси бошлиғи

4. “Ҳудудэлектртармоқлари” АЖ  ҳудудий бошқармаси бошлиғи

5. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи

6. Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи

7. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг худудий бўлинмалари раҳбарлари

8. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Қурилиш бош бошқармалари раҳбарлари

9. Ҳудудий Маҳалла ва оилани қўллаб қуватлаш бошқармаси бошлиғи

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ҳукукни мухофаза килиш органлари фаолияти, ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари гуруҳ раҳбари, ҳудудий комиссия котиби.

 

Umumiy takliflar

107