Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13818 Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 21/02/2020 07/03/2020 1

Muhokama yakunlandi

Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомини тасдиқлаш ҳақида
ID-13818

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги
низомини тасдиқлаш
ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низом” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Раиси

 

  М.Б. Нурмуратов

 

 

                                                                                                                                

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2020 йил   “___” __________даги
___-сон қарорига
ИЛОВА

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини
тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги

 

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини (бундан буён матнда эсдалик пул белгилари деб юритилади) тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартибини белгилайди.

2. Эсдалик пул белгилари муомаладаги банкнотлар ва тангалар каби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номинал қийматга эга нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси, шунингдек номинал қийматидан юқори баҳоланувчи нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкин.

3. Эсдалик пул белгиларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш нархлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Марказий банкнинг ўз расмий веб-сайтида эълон қилинади.

4. Марказий банкнинг ўз расмий веб-сайтида муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгилари нархи, уларнинг сотиш ва қайтариб харид қилиб оладиган Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари (бундан буён матнда бош бошқармалар
деб юритилади
) ва тижорат банк филиаллари (бундан буён матнда банклар деб юритилади) тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиниб борилади.

Шунингдек, қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгиларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш нархларини шакллантиришда қўлланиладиган қимматбаҳо металл нархини Марказий банк ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ ҳар ҳафтада камида бир марта, миллий валютада белгилайди ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

2-боб. Эсдалик пул белгиларини тайёрлаш

5. Эсдалик пул белгиларининг намуналари, шунингдек уларнинг дизайни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланади.

6. Марказий банк томонидан банкнот ва тангалар кўринишидаги, турли хил
хом-ашёлардан, жумладан, қимматбаҳо ва бошқа металлардан тайёрланган, аҳамиятга молик турли мавзуларга бағишланган, чекланган миқдорда эсдалик пул белгилари муомалага чиқарилади.

7. Муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгиларини тайёрлашда инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган хом-ашёлардан фойдаланиш лозим.

8. Эсдалик пул белгилари дизайнида қуйидаги элементлар акс эттирилиши мумкин:

муқаддас қадамжолар ва тарихий обидалар, замонавий меъморчилик объектлари тасвирлари;

буюк сиймолар ижоди ва фаолиятига бағишланган тасвирлар, портретлари
ва ҳайкаллари суръатлари;

миллий анъаналар ва қадриятларга доир тасвирлар;

замонавий даврнинг муҳим воқеаларини, жаҳон тарихи, умумжаҳон маданияти
ва қадриятларини ифода этувчи тасвирлар.

9. Эсдалик пул белгиларининг мавзуси, тиражи, номинали, техник хусусиятлари, хом-ашёси, метали ва қотишмалари тури, уларнинг асиллик даражаси, зарб этиш сифати, муомалага чиқариш санаси Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади. 

3-боб. Эсдалик пул белгиларини сотиш

10. Эсдалик пул белгиларини сотиш жисмоний шахсларга нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида, юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда нақд пулда ва пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

11. Эсдалик пул белгилари бош бошқармалар ва/ёки банклар томонидан бевосита юридик ва жисмоний шахсларга сотилади.

Эсдалик пул белгиларини сотиш ва уларни етказиб бериш ишлари буюртмачилар билан тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

12. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини сотиш нархи ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта қимматбаҳо металл нархи ва Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган маржага асосан белгиланади.

13. Норезидентлар томонидан республика ҳудудига ташриф буюрмасдан эсдалик пул белгиларини, шу жумладан қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини, сотиб олишга талаб мавжуд бўлганда, уларнинг мурожаатларига асосан бош бошқармалар ва банклар томонидан ҳисоб-фактура (инвойс) юборилади.

Ҳисоб-фактурада эсдалик пул белгиларининг сотиш нархи тўлов амалга ошириладиган кундаги Марказий банк томонидан етказиб бериш (почта) харажатларини ҳисобга олган ҳолда хорижий валютанинг сўмга нисбатан курсига мувофиқ АҚШ доллари эквивалентида кўрсатилади.

Норезидентлар томонидан бош бошқармалар ва банкларнинг тегишли ҳисобварағига маблағлар келиб тушгандан сўнг, эсдалик пул белгилари почта ўтказмалари орқали юборилади.

4-боб. Эсдалик пул белгиларини қайтариб харид қилиб олиш

14. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олиш нархи мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ топширилган кундаги қимматбаҳо металл нархи ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланган чегирмага асосан Марказий банк томонидан белгиланади.

15. Бош бошқармалар ва банклар томонидан қайтариб харид қилиб олинган қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангалари уларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси (бундан буён матнда Асиллик палатаси деб юритилади) томонидан техник экспертизадан ўтказилади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини асиллик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган техник экспертиза учун тўлов уларнинг эгаларидан ундирилмайди.

16. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олишда жисмоний шахс ёки юридик шахс вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ қайтариб харид қилиб олиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.

Бунда, юридик шахснинг вакили қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини тасарруф этиш ҳуқуқи борлиги тўғрисидаги ишончномани тақдим этиши керак.

17. Далолатнома уч нусхада тузилади ва улардан бир нусхаси бош бошқармада ёки банкларда, иккинчи нусхаси қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаси эгасида ҳамда учинчи нусхаси техник экспертиза ўтказилиши учун қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаси билан бирга Асиллик палатасига тақдим этилади.

18. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангалари бош бошқармалар ёки банклар томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказиш учун Асиллик палатасига юборилиши керак.

19. Асиллик палатаси томонидан етти иш кунидан ошмаган муддатда техник экспертиза ўтказилиб, унинг натижалари ҳақида тузилган далолатнома Марказий банкка тақдим этилади.

20. Марказий банк Асиллик палатасининг техник экспертиза ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномасини олганидан сўнг, қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олган бош бошқармалар ва/ёки банклар орқали унинг эгаси билан ҳисоб-китобларни етти иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширади.

21. Қайтариб харид қилиб олинган қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангалари, Асиллик палатаси томонидан ўтказилган техник экспертиза натижаларини инобатга олган ҳолда, яна қайта сотувга қўйилиши (муомалага чиқарилиши) мумкин.

5-боб. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик
пул белгиларининг асиллик сертификати

22. Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгилари унинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилиши мумкин.

23. Асиллик сертификати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда эсдалик пул белгиси эгаси банк бошқармаси ёки филиалига тўлов асосида янги асиллик сертификатини олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Эсдалик пул белгиси сертификатининг янгисини берилиши йигирма иш кунидан ошмаган муддатда топширилган эсдалик пул белгисини Асиллик палатасида техник экспертизасидан ўтказиш орқали амалга оширилади.

6-боб. Якуний қоидалар

 

24. Юридик ва жисмоний шахслар ўртасида эсдалик пул белгиларини харид қилиш ва сотиш муносабатлари ўзаро келишилган ҳолда амалга оширилади.

25. Эсдалик пул белгиларини қалбакилаштирган ва қонунга хилоф равишда тайёрлаган хамда мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

26. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси билан келишилган.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини

белгилаш палатаси директори                                                    Р.Э. Умаров

 

 

2020 йил “___” _________

 

Umumiy takliflar: 1

761