ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13745 Инспекция по контролю в сфере эксплуатации многоквартирного жилищного фонда 14/02/2020 29/02/2020 2
Idoralarning buyruq yoki qarori
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари фаолиятини ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
ID-13745

 

Ўзбекистон Республикасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги ПФ-5017-сон "Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2900-сон "Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ БУЮРАМАН:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари фаолиятини ташкил этиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.  

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

   Вазир                                                                                    М.Салиев

Ўзбекистон Республикаси

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг

2020 йил “__” февралдаги ___- сонли буйруғига

илова

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш қоидалари

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш қоидалари (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Ер кодекси, Шаҳарсозлик кодекси, Жиноят кодекси, Хўжалик процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Жиноят процессуал кодекси,“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2900-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда “Коммунхизмат” агентлиги тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 340-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

 

I-бўлим. Умумий қоидалар

 

1-боб. Инспекция фаолиятини  ташкил этиш, ташкил этилишининг  мақсади, вазифалари, функциялари ва ҳуқуқлари

         1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

инспекция – Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари;

шахс – уй-жой фонди ва ундан фойдаланувчилар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бирлашмалари, бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ҳамда коммунал хизматларни амалга оширувчи бошқа корхоналар;

назорат тадбирлари –инспекция томонидан амалга ошириладиган тафтиш, текшириш, муқобил текшириш, мониторинг ва назорат тартибида текшириш ишлари;

текшириш ўтказиладиган объектлар – кўп хонадонли уй-жой фондлари, унга туташ ҳудудлар, умумий мулк объектлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бирлашмалар, бошқарув компаниялар, таъмирлаш ташкилотлари ҳамда коммунал хизматларни амалга оширувчи бошқа корхоналар;

текшириш - кўп хонадонли уй-жой фондлари, унга туташ ҳудудлар, умумий мулк объектлари, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бирлашмалар, бошқарув компаниялар, таъмирлаш ташкилотлари ҳамда коммунал хизматларни амалга оширувчи  бошқа корхоналар  нисбатан амалга ошириладиган назорат тадбири;

муқобил текшириш - ўзаро боғлиқ бўлган бир турдаги операциялар бўйича турли ташкилотлардаги ҳужжатларга нисбатан ўтказиладиган назорат тадбири;

назорат тартибида текшириш - олдинги назорат тадбирида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этилганлик ҳолатларини ўрганиш юзасидан ўтказиладиган назорат тадбири;

уй-жой фонди - инсон яшаши учун яроқли бўлган турар-жойлар, шу жумладан, уйлар, квартиралар, хизмат турар-жойлари, махсус уйлардан (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун инернат-уйлар, шунингдек, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлардан) иборат бўлган  фонд;

коммунал соҳага оид ҳуқуқбузарлик тушунчаси - шахснинг қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидада жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади.

         2. Инспекция ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидаларда назарда тутилган тартиб ва тамойиллар асосида ташкил этади ва олиб борилади.

3. Инспекцияни ташкил этишдан мақсад – иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларнинг уй-жой коммунал соҳасида ҳамда шу соҳа билан боғлиқ тармоқларда бузилган ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш, шу жумладан, иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳисобланади ва қуйидагилардан иборат бўлади:

         Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, кўп хонадонли уйларда жойлашган хонадонлардаги муҳандислик-коммуникация тизими ва умумий тарзда фойдаланиладиган инфратузилмаларни ўз вақтида ва сифатли таъмирлаш, шунингдек, кўп хонадонли уй-жой фондига туташ ҳудудларни ободонлаштириш, у ерларда болалар ва спорт майдончаларини барпо этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уй-жой коммунал ҳўжалигини бошқаришнинг таъсирчан вертикал тизимини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, уй-жой коммунал соҳа ташкилотлари, хусусан, таъмирлаш-тиклаш хизматларининг моддий-техник базасини яратиш;

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун уй-жой мулкдорлари ширкатлари маблағлари, банклар кредитлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари кредитлари ва бошқа маблағлардан тўғри, сифатли ва оқилона фойдаланишни назорат қилиш ва бу борада юқорида кўрсатилган корхона ва ташкилотларга амалий ёрдам кўрсатиш.

4. Инспекция қуйидаги функцияларга эга:

кўп хонадонли уй-жой мулкдорлари ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, қонунчиликда белгиланган шакл ва усуллардаги назоратларни амалга ошириш;

сифат стандартларига мос келмайдиган уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишда фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш;

кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш, жумладан муҳандислик тармоқлари, кўп хонадонли уйлар ускуналаридан сифатли фойдаланишни тизимли текшириш юзасидан назорат қилиш;

турар–жой бинолари мулкдорлари ва бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ва коммунал хизматларни амалга оширувчи корхоналар ўртасидаги шартномалар бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш;

ҳисоботлар, статистика маълумотлари, объектлардаги назорат текширув натижаларини ва бошқа ахборот материалларини таҳлил қилиш;

ҳудудий инспекциялар ишини яхшилаш, уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда мулкдорлар умумий мулкини бошқариш, уларни сақлаш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш, таъминлаш ва таъмирлаш ишларини бажаришда аҳоли иштирокини рағбатлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

инспекция ходимларини танлаш, касбга қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини амалга ошириш;

уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйларда бинолар мулкдорлари умумий мулкидан фойдаланиш, таъмирлаш ва сақлаш масалаларини тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш, кўп хонадонли уйлар бинолари мулкдорлари ва коммунал фойдаланиш ташкилотларининг кўп хонадонли уйлардан фойдаланиш, коммунал хизматлар ва энергия манбалари сифати бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш;

кўп хонадонли уйлардаги бинолар (квартиралар) мулкдорларининг мурожаатлари юзасидан қабул қилинган чоралар натижалари бўйича ҳисоботлар мавжудлигини текшириш;

ҳудудий инспекцияларнинг кўп хонадонли уй-жой фонди ва кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулкидан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш ва таъмирлашни назорат қилиш ишларини мувофиқлаштириш ва ташкил қилиш;

кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни техник жихатдан текширишни ташкил қилиш;

кўп хонадонли уйлардаги умумий мулкни мукаммал ва жорий таъмирлашнинг алоҳида турларини ўтказиш рўйхати, даврлари ва навбатини белгилаш;

қурилиши тугалланган кўп хонадонли уйларни, шунингдек, кўп хонадонли уй - жой фонди муҳандислик ускуналарининг техник жихатдан тартибга солиш соҳасига оид меъёрий – ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар талабларига мослаштириш бўйича реконструкция қилинган тизимларини фойдаланишга қабул қилувчи ишчи ва давлат комиссиялари фаолиятида иштирок этиш;

кўп хонадонли уй-жой фондида муҳандислик ускуналаридан хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этилишини назорат қилиш.

5. Ҳудудий инспекциялар қуйидаги функцияларга эга:

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан фойдаланиш;

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унинг муҳандислик ускуналарининг техник ҳолатини, уларни амалдаги нормативлар, техник ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ сақлаш ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида бажариш;

         кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудлардан мавсумий фойдаланишга тайёрлаш тадбирларини ўтказиш;

кўп хонадонли уй-жой фонди, кўп хонадонли уйлардаги бинолар мулкдорларининг умумий мулки ва унга туташ ҳудудларда ёқилғи – энергетика ресурслари ҳамда сувдан оқилона фойдаланиш;

аҳолини коммунал хизматлар (иситиш, электр, сув, газ таъминоти ва бошқалар) билан таъминлашнинг меъёрий даражаси ва тартибига риоя этиш;

турар-жой бинолари ва кўп ҳонадонли уйларга туташ ҳудудлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этиш;

турар-жойлар ва биноларни доимий яшаш учун яроқсиз деб эътироф этиш, уларни нотурар жой тоифасига ўтказиш тартиби ва қоидаларига риоя этиш;

давлат ёки муниципал уй-жой коммунал хўжалиги объектлари мулкдорлари, хизматлар,  ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчилар ўртасида шартномалар мавжудлиги ва уларнинг шартларига риоя этиш;

кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш танловларини ўтказиш;

аҳоли буюртмаларига биноан уй-жой коммунал хизматларини бажариш;

кўп хонадонли уйларда энергия ва сув ресурслари сарфини бошқариш, назорат қилиш ва ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлиши.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялар кейинги ўринларда Инспекция деб юритилади.

6. Инспекция фаолиятини ташкил этишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва бошқа органлардан, ташкилотлардан ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, шу жумладан фуқаролардан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;

давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

уй-жой мулкдорлари ва ундан  фойдаланувчилар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бирлашмалари, бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ҳамда коммунал хизматларни амалга оширувчи бошқа корхоналарда текширишларни ўтказиш;

текширишларда иштирок этаётган шахсларга муайян ҳаракатлар (ҳаракатсизликлар) ни амалга ошириш масалалари юзасидан топшириқлар бериш;

уй-жой фондидан фойдаланувчилар, уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва бирлашмалари, бошқарув компаниялари, таъмирлаш ташкилотлари ҳамда коммунал хизматларни амалга оширувчи  бошқа корхоналар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлганда эса, бошқа шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва шу жумладан, турар жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда жойлар ҳамда омборларни қонунда белгиланган тартибда мажбуран очиш ва холислар иштирокида кўздан кечириш;

 текширишлар амалга оширилаётганда асос бўлган ҳужжатдаги талабларда ноаниқлик бўлган тақдирда, ҳужжатни берган суд ёки бошқа органга уни тушунтириб беришни сўраб мурожаат этиш;

текширувда иштирок этувчи шахсларни чақириш ва ишга жалб этиш;

текшириш жараёнида аниқланган зарарлар, ортиқча тўловлар, камомад, пеня ва шу каби тўловларни ундириш чораларини кўриш;

кўп хонадонли уй-жой фондларида ва унга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда қурилган деб эътироф этилган объектларни, шу объектларни ўзбошимчалик билан қурган шахслар ҳисобидан бузиш чораларини кўриш;

текшириладиган объектга  белгиланган тартибда бориш;

одамлар ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган носоз техник қурилмалардан улардаги носозликлар бартараф этилмагунига қадар тақиқлаш, ишлаб чиқаришни тўхтатишга олиб келадиган ҳолатлар бундан мустасно;

уй-жойлар мулкдорлари ширкатларига ва кўчмасмулк эгаларига – кўп хонадонли уйлар, кўп хонадонли уйлар умумий мулкини сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари, технологик лойиҳалаштириш нормаларининг бузулиши ҳолатларини, фойдаланишда хавфсизликни пасайтирадиган ускуналарни тайёрлаш ва монтаж қилишдаги камчиликларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сохаси ташкилотларига - тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солишга оид норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш бўйича кўрсатмалар бериш;

ўтказилган текшириш натижасида аниқланган қонунбузарликларни бартараф этишга доир кўрсатмалар талаблари бажарилмаган ҳолларда ушбу талабларни мажбурий бажариш тўғрисида ёки жисмоний ёҳуд юридик шахс фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатиш ёҳуд таъқиқлаш даъво аризаси тайёрлаб тақдим этиш;

 маъмурий хуқуқбузарликлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича протоколлар тузиш;

текшириш жараёнида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш;

текшириш жараёнларида аниқланган тартиббузарликлар бўйича айбдор мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳақидаги тақдимномаларни мутассадди корхона ( идора, ташкилотларга) киритиш;

судларда даъвогар ва жавобгар бўлиш;

қонунчиликда кўзда тутилган бошқа ҳуқуқлар.

 

2-боб. Инспекциянинг давлат бошқарув ва маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини - ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда бошқа корхона ва ташкилотлар билан

ўзаро ҳамкорлиги

 

7. Инспекция иқтисодиёт, шу жумладан уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишда давлат бошқарув ва маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини - ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда бошқа корхона ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда ишларни олиб боради.

Юридик ва жисмоний шахслар инспекциянинг қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш  йўли билан қонун устиворлигини  таъминлашга  қаратилган талабларини бажаришдан асоссиз равишда бош тортиш ёки рад этилишига йўл қўйилмайди.

8. Инспекция қонун бузилишини бартараф этиш, олдини олиш ва қонун устиворлигини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан буйруқ, қарор, тақдимномаларни қабул қилади.

Инспекциянинг буйруқ, қарор ва тақдимномалари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини – ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий хисобланади.

Инспекция қабул қилган қарорларни бажармаслик қонунларда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга асос бўлади.

 

3-боб. Инспекцияда иш юритиш

 

 9. Инспекцияда иш юритиш қонунийлик, холислик, тенглик ва ошкоралик тамойиллари асосида амалга оширилади.

10. Инспекцияда ишлар ошкора тарзда олиб борилади.

         Давлат сирини ёки тижорат сирини сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ кўринишда олиб борилишига йўл қўйилади.

11. Инспекцияда ишлар ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.     

         Ишлар олиб борилаётганда тилни билмайдиган иштирокчиларнинг таржимон ёрдамида ишга тааллуқли материаллар билан танишиш, ишларда иштирок этиш ва ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

12. Инспекцияда ишлар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлиги, кимга бўйсунишидан қатъий назар, фуқароларнинг эса – жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъий назар қонун олдида тенглиги асосида амалга оширилади.

13. Инспекция ходимлари ўзига берилган ваколатлардан келиб чиққан ҳолда ишларни амалга оширишда фақат Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига бўйсунадилар.

         Инспекция ходимларининг зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон бир ноқонуний тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

14. Инспекция ходимларининг шахси дахлсиз Инспекция ходимларнинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.

Инспекция ходимларнинг дахлсизлиги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бошқа давлат-назорат органларининг ҳуқуқий мақоми билан белгиланади.

         15. Инспекция ходимлари фаолиятини юритишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидалар талабларига қатъий риоя қиладилар.

         Инспекция ходимларини Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузиш ёки уни четлаб ўтиш ёҳуд шу каби ҳуқуқбузарликларни содир этилишига сабаб бўладиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) ларни амалга оширишга йўл қўйилмайди.

Бундай ҳолатларга йўл қўйган инспекциянинг ходимлари қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

4-боб. Назорат тадбирларини амалга  оширилишининг

мақсади ва вазифалари.

 

16. Назорат тадбирларининг мақсади - уй-жойфонди, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини, унга барча турдаги ҳизматларни кўрсатувчи субъектлар назоратини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси  “Уй-жой кодекси”, “Ер кодекси”, “Шаҳарсозлик кодекси” ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилинганлиги устидан назоратни амалга ошириш йўли билан коммунал соҳасига оид қонунларни устиворлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборатдир.

17. Назорат тадбирларини ўтказишнинг асосий вазифалари:

уй-жой фонди, унга туташ ҳудудларни сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, кўчмас мулк эгаларининг биноларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришига йўл қўймаслигини назорат қилиш;

умумий фойдаланиладиган жойлар, фасадлар, уйларнинг ички муҳандислик коммуникацияларини таъмирлаш-тиклаш ишларини тизимли ўтказиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

уй - жой коммунал хизмат кўрсатиш сохаси ташкилотлари томонидан тегишли коммунал хизматлар кўрсатишда техник тартибга солиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

кўп хонадонли уйларда кўчмас мулк эгаларининг мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун ажратиладиган маблағларни яъни, банк  кредитлари, ҳомийларнинг маблағлари ва мажбурий коммунал тўловларини мақсадли фойдаланишни назорат қилишдан иборат.

 

II-бўлим. Асосий қоидалар

 

5-боб. Назорат тадбирларини ташкил этиш тартиби

 

18. Назорат тадбирлари қуйидаги турларга бўлинади:

режали ўтказиладиган назорат тадбирлари;

режадан ташқари ўтказиладиган назорат тадбирлари;

муқобил тарзда ўтказиладиган назорат тадбирлари;

назорат тартибида ўтказиладиган тадбирлар.

19. Шахсларнинг коммунал соҳасидаги фаолиятини режали тартибда ўтказиладиган назорат тадбирлари - текширувларни амалга оширишнинг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган мувофиқлаштириш режаси асосида ўтказиладиган  текширишдир.

20. Шахсларнинг коммунал соҳасига оид фаолиятини режадан ташқари назорат тадбирлари қуйидаги ҳолатларда ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг  қарорларидан келиб чиқувчи текшириш ўтказиш зарур бўлганида;

инспекцияга коммунал соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилаётганлигига доирариза ва шикоятлар келиб тушганида;

муқобил текширишларни амалга ошириш зарурияти туғилганида;

қонунларда белгиланган бошқа ҳолларда.

21. Муқобил текширув учинчи шахсларга нисбатан, агар назорат  тадбирлари ўтказилаётганда Инспекцияда мазкур шахслар билан боғлиқ бўлган, фонд ва ташкилот ўтказган операциялар бўйича ҳисобга олишда тўғри акс этгани ҳақида қўшимча маълумот олиш зарурияти келиб чиқса ўтказилади.

 

6-боб. Инспекция томонидан  тегишли ахборотларни талаб

қилиб олиш тартиби

 

22. Шахсларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлар ҳамда уларнинг мажбуриятлари:

ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар  инспекцияга ушбу юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан качиктирмай тегишли ташкилотларнинг давлат реестридан кўчирма топшириши шарт. Мазкур органлар инспекцияга тегишли ташкилотга тааллуқли давлат реестрига киритилган ҳар қандай ўзгаришлар тўғрисида ҳам бундай ўзгаришлар киритилган кундан бошлаб, ўн кундан кечиктирмай лицензия ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатлар берадиган органлар бундай ҳужжатлар берилган ташкилотлар жойлашган инспекцияга шундай ҳужжатлар берилганлиги ҳақида маълум қилиши шунингдек, мазкур ҳужжатда бекор қилинганлиги ва амал қилиши тўҳтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги ҳақидаги маълумотни бериши шарт;

ички ишлар органлари ўзлари жойлашган ердаги инспекцияга уй-жой фонди эгалари ва ундан фойдаланувчиларга шахсни тасдиқловчи паспортлар берилган, шу жумладан йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ўрнига паспортлар берилганлиги фактлари ҳақида, бекор қилинган паспортлар тўғрисида ва шу жумладан, уй-жой фонди эгалари ва ундан фойдаланувчилар Ўзбекистон Республикаси бошқа ҳудудларга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқиб кетганлиги ҳақидаги ахборотларни ҳар ойда маълум қилиши шарт;

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ўзлари жойлашган ердаги Инспекцияга тегишли ҳудудда жойлашган кўчмас мулк ва унинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида мазкур кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан маълум қилиши шарт;

сув ресурсларини ҳисобга олувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги Инспекция томонидан талаб қилинган кундан бошлаб, беш кундан кечиктирмасдан ҳисоблагичларсиз фойдаланган сув ҳажмлари тўғрисида маълумот беришлари шарт;

сув ресурсларини ҳисобга олувчи органлар Инспекцияга ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар ҳисоблагичларсиз фойдаланилаётган уй-жой фондлари тўғрисидаги маълумот бериб боришлари шарт;

давлат нотариат идоралари тегишинча кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори шунингдек, мерос қилиб олиш ёки ҳадя тарзида фуқароларнинг мулки ўтаётган мол-мулк тўғрисида кўрсатилган нотариал ҳаракатлар амалга оширилган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўзлари жойлашган ердаги Инспекцияга маълум қилиши шарт;

ер ресурсларини ҳисобга олувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар ер участкасига нисбатан ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) фонд ва ташкилотларни кўратган ҳолда ер участкасига нисбатан ҳуқуқ берилганлиги (тугатилганлиги) тўғрисида ер участка жойлашган ердаги Инспекцияга ўн кун муддат ичида маълум қилиши шарт;

фойдаланишга берилган ер қаъри участкаларининг давлат ҳисобини юритилишини амалга оширувчи ва (ёки) ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар ўзлари жойлашган ердаги Инспекцияга ер каъри участкаси жойлашган ер ҳамда мазкур ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахс тўғрисидаги ахборотни ер каъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилган (ҳисобга олинган) кундан эътиборан ўн кун муддат ичида маълум қилиши шарт;

қимматли қоғозлар марказий депозитарияси Инспекцияга депозиратияларда рўйхатга олинган ташкилот акцияларига доир маълумотларни ўн кун ичида битимлар тўғрисидаги ахборотни битим тузилган кундан бошлаб, ўн кун муддат ичида маълум қилиши шарт;

ҳудудий давлат солиқ инспекциялар шахсларнинг ер солиғи, мол-мулк солиғи ва шунингдек коммунал соҳага оид тўланиши лозим мажбурий тўловлар ҳақидаги маълумотларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг ўн санасига қадар давлат солиқ инспекцияси жойлашган ердаги Инспекцияга тақдим этиши шарт;

уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳудудий бошқармалари ўзлари жойлашган ердаги Инспекцияга уй-жой коммунал хизмат кўрсатишга оид шу жумладан, ҳудуддаги кўп хонадонли уй-жой фондлари хизмат кўрсатиш ташкилотлар ҳамда уларнинг тўлиқ фаолиятини акс эттирувчи барча ҳужжатларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар тақдим этишлари шарт;

ҳудудий архитектура ва қурилиш ташкилоти ўзлари жойлашган ердаги Инспекцияга архитектура ва қурилиш соҳасига оид шу жумладан, қурилиши тугалланган (тугалланмаган), белгиланган меъёрлар бузган ҳолда қурилиш ишлари амалга оширилган, ўзбошимчалик билан қурилган шаҳарсозлик қоидаларини бузган ҳолда қурилиши амалга оширилган кўп хонадонли уйлар ва унга туташ нотурар жойлар ҳақидаги маълумотларни ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг ўнинчи кунига қадар тақдим этишлари шарт.

 

7-боб. Назорат тадбири иштирокчилари

 

23. Инспекция ходимлари ва шахслар назорат тадбирларининг иштирокчиларидир.

Назорат тадбирларида шахслар томонидан берилган ишончномага асосан бошқа шахслар ҳам назорат тадбирлари иштирокчилари бўлишлари мумкин.

24. Назорат тадбирларини ўтказиш жараёнида алоҳида билимга эга бўлган шахслар жалб этилиши зарурияти туғилганда, Инспекциянинг буйруғи билан шу ҳудудда жойлашган тегишли мутасадди ташкилотларнинг эскпертлари ва мутахассислари ҳам назорат тадбирларига жалб қилиниши мумкин.

 

8-боб. Назорат тадбирлари ўтказиш тартиби

 

25. Режали назорат тадбирларини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

текширувларни амалга оширишни мувофиқлашириш режасидан олинган, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган кўчирма.

Бунда кўчирма, аслига тўғри эканлиги кўрсатилган ҳолда тегишли имзо ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим;

текширишларни амалга оширишни мувофиқлаштириш режаси асосида Инспекциянинг назорат тадбирининг мақсадлари, текширувчи шахсларнинг таркиби, текшириладиган давр ва текширув ўтказиш муддати кўрсатилган буйруқ.

26.Режадан ташқари назорат тадбирларини ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг шу мазмундаги қарорлари;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қарор ва тақдимномалари;

юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган ва назорат тадбирларини ўтказиш учун асос бўлган ариза ва шикоятлар;

фавқулотда ҳолатларни юзага келтирган омиллар. Бунда, ҳақиқатда фавқулотда ҳолатлар юзага келганлигини тасдиқловчи ваколатли идоранинг ҳужжати бўлиши шарт.

27. Муқобил назорат тадбирларини амалга ошириш учун қуйидагилар асос бўлади:

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг текшириладиган объектнинг номи, текширув ўтказиш мақсадлари, муддатлари, шунингдек ўзаро муносабатларининг текширилиши лозим бўлган предмети кўрсатилган ҳолда муқобил назорат тадбирларини ўтказиш ҳақидаги қарори;

Инспекция бошлиғининг назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган қарори асосида чиқарган текшириш ўтказиш мақсади, муддатлари, текширувчиларнинг таркиби кўрсатилган ҳолдаги буйруғи.

28. Назорат тартибида тадбирларни ўтказилиши учун қуйидагилар асос бўлади:

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг назорат тартибида текшириладиган объектнинг номи, текширув ўтказиш мақсадлари ва муддатлари кўрсатилган ҳолда назорат тадбири ўтказиш ҳақидаги қарори;

Инспекция бошлиғининг Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган қарори асосида чиқарган назорат тартибида текширувини ўтказиш мақсади, муддатлари, текширувчиларнинг  таркиби кўрсатилган ҳолдаги буйруғи;

назорат тартибида текширилаётган Шахсларнинг фаолияти бўйича муқаддам ўтказилган текширувлар юзасидан далолатнома ва белгиланган
чора-тадбирлар режаси.

29. Назорат тадбирлари ўтказиш муддати ўттиз календарь кунидан ошмаслиги керак. Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори билан узайтирилиши мумкин, бунда ушбу талаб қоиданинг 26-бандида белгиланган тартибларга тадбиқ этилмайди.

30. Назорат тадбирлари муддатларини узайтириш ҳолатлари Инспекция бошлиғининг қўшимча буйруғи билан расмийлаштирилиб, унда олдинги буйруқнинг рўйхатдан ўтказиш рақами ҳамда санаси, текшириш ўтказишга илгари жалб этилган шахслар фамилияси, исми ва отасиниг исми кўрсатилади.

31. Шахсларнинг коммунал соҳага доир фаолиятини режали текширувлари бир йилда кўпи билан бир марта, белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўлиқ хажмда риоя этган ҳолда амалга оширилади.

32. Назорат тадбирлари амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидада кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирдагина ўтказилишига йўл қўйилади.

33. Инспекция режали назорат тадбирининг ўтказишнинг бошланиши ҳақида тадбир ўтказиш бошланишидан камида ўттиз кун олдин Шахсларни текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

34. Назорат тадбирларининг ўтказилиши Шахсларнинг фаолиятини тўхтатиб қўймаслиги керак, қонун ва қонуности ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

35. Назорат тадбири Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланган назорат тадбирини ўтказиш Дастурига мувофиқ амалга оширилади.

36. Назорат тадбирини ўтказиш Дастурида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

назорат тадбирлари ўтказилаётганда ўрганиладиган масала ёки масалалар доираси;

назорат тадбири коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ қайси қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўрганиш учун ўтказиладиган бўлса, шу қонун ҳужжатлари рўйхати:

назорат тадбири туридан келиб чиққан ҳолда бошқа маълумотлар.

37. Назорат тадбирини ўтказиш дастурини тузиш қоидалари назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли орган ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой комммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишган ҳолда республика Инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланади.

38. Муқобил назорат тадбирларини ўтказиш Шахс билан фақат ўзаро муносабатларга тааллуқли қисми юзасидан амалга оширилиши лозим.

Муқобил назорат тадбирлари ўтказилаётганда текширувчилар муқобил текширилаётган корхона (ташкилотларга) кириш, улардан текширув предметига тааллуқли бўлмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олиши қатъиян тақиқланади.

39. Назорат тадбири Шахснинг текширув ўтказилаётган йилдан бевосита олдинги кўпи билан уч календарь йилдаги фаолиятини қамраб олиши мумкин.

40. Назорат тадбирлари ўтказилаётганда Инспекция қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидаларда белгиланган тартибда Шахснинг ҳудуди ва жойларини текширишга, мол-мулкини инвентаризация қилишга, ҳужжатларни талаб қилиб олишга, ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйишга, Шахс раҳбари ёки моддий жавобгар шахслардан тушунтиришлар олишга, банкдаги ҳисоб-рақамлари бўйича операцияларини вақтинчалик тўхтатиб қўйишга, текшириш ишлари билан боғлиқ банк операциялари бухгалтерия-молия маълумотларини олиш, ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилишлар аниқланганда, объектларда амалга оширилаётган қурилиш ишларини тўҳтатиб туриш чораларини кўришга, эксперт, мутахассис ва таржимонларни жалб этишга, экспертиза тайинлашга, коммунал ва бошқа соҳа қонун ҳужжатларининг бузилиши бўйича аниқланган ноқонуний ҳолатларнинг бартараф этилишини талаб қилишга, амалдаги қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳамда мазкур қоидада назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга ҳақлидирлар.

41. Назорат тадбирлар ўтказилаётган даврда текшираётган даврнинг хисобот ва маълумотларига Шахслар томонидан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

42. Назорат тадбири ўтказилиши бошлашдан олдин Инспекция ходими:

шахсни назорат тадбирининг мақсади билан таништириши;

ўз хизмат гувохномасини, шунингдек, текширувларни ўтказишга рухсат берилганлиги ҳақидаги махсус гувохномасини кўрсатиши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишларни қайд этиш дафтарини тўлдириши;

Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг режали, муқобил ва назорат тартибида текширишга оид қароридан кўчирма нусхасини, текшириш ўтказиш дастури нусхасини, инспекциянинг бу ҳақидаги буйруғи нусхасини топшириб, тилхат олиш шарт.

Ушбу бандда қайд этилган ҳужжатлар Шахсга топширилган пайт назорат тадбири ўтказиш бошланган пайт деб ҳисобланади.

43. Шахс раҳбари ёки ваколатли шахс қоиданинг 42-бандида қайд этилган ҳужжатларни олишдан бош тортганлиги назорат тадбирини ўтказишни бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Шахснинг раҳбари ёки ваколатли шахси ушбу қоиданинг 42- бандида назарда тутилган ҳужжатларни олишдан бош тортган тақдирда, тадбир ўтказаётган Инспекция ходими унинг ўзи ва Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси имзолайдиган далолатномани тузади.

Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси ушбу далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақида далолатномага тегишли ёзув киритилади. Бундай ҳолларда, далолатнома имзоланган пайт назорат тадбирини ўтказишнинг бошланиши ҳисобланади.

44. Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси назорат тадбири ўтказаётган Инспекция ходимининг тегиши тадбирни ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўйиши шарт, қонунлар ва қонуности ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

45. Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси назорат тадбири ўтказаётган Инспекция ходимини қуйидаги ҳолларда тегишли текширувни ўтказиш учун ҳудудга ва жойларга қўймасликка ҳақли, агар:

ушбу қоиданинг 42-бандида назарда тутилган ҳужжатлар топширилмаган ёки белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, Шахс раҳбари ва ваколатли шахси уларни олишдан бош тортган ҳоллар бундан мустасно;

Инспекция ходими назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган, ўз хизмат гувоҳномасини ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномасини кўрсатмаган бўлса;

назорат тадбирини ўтказишнинг буйруқда кўрсатилган муддатлари бошланмаган ёки ўтиб кетган бўлса;

назорат тадбирини ўтказадиган Инспекция ходими текширувларни қайд этиш дафтарини тўлдиришдан бош торган бўлса.

46. Назорат тадбирини ўтказадиган Инспекция ходимига тадбирни ўтказиш учун ҳуддудга ва жойларга киришига тўсқинлик қилинганда, унинг ўзи ва Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси томонидан имзоланадиган далолатнома тузилади.

Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси мазкур далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномага тегишли ёзув киритилади.

47. Инспекциянинг назорат тадбирини ўтказаётган ходимига Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси ҳудудга ва жойига (турар-жой бинолари бундан мустасно) киришга асоссиз равишда тўсқинлик қилганлик давлат ходимининг ўз хизмат вазифасини бажаришга тўсқинлик қилганликнинг қонунларда белгиланган ҳуқуқий меъёрлари билан ва бу борада айбдор бўлган шахсларнинг белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

48. Инспекция ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликка тортилганлик ҳолатлари назорат тадбирларини ўтказилишини бекор қилиш учун асос бўлмайди.

49. Назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходимининг қонунда белгиланган ҳолларда ёки суд қарори асосида амалга ошириладиган ҳоллардан бошқа холларда турар-жойларга уларда яшовчи жисмоний шахсларнинг хоҳиш-иродасидан ташқари ёки унга қарши тарзда киришига йўл қўйилмайди.

50. Назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходими зарурият бўлганида назорат текширувларини ўтказишга боғлиқ бўлган кўчмас мулк биноларини унга туташ ҳудудлар ва умумий фойдаланишдаги объектларни кўздан кечиришга ҳақли. Кўздан кечириш ўтказилганда назорат тадбири қайси шахсга нисбатан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс ёки унинг вакили қатнашишга ҳақли. Кўздан кечириш ўтказилаётганда инспекция ходими назорат тадбири билан боғлиқ бўлган кўчмас мулк бинолар, унга туташ ҳудудлар ва умумий фойдаланишдаги объектлар ҳолати юзасидан фото ва киносуратларга олиши, видео ёзувга тушириши шу жумладан, ҳужжатлардан кўчирмалар олиши мумкин, бу ҳақида баённомада кўрсатилади. Кўздан кечириш натиажалари бўйича амалдаги қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидалар талабларига риоя этилган ҳолда баённома тузилади.

51. Назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходими текширув ўтказиш вақтида текшириш ишларига алоқадор бўлган мол-мулкларни инвентаризациядан ўтказишни “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ амалга оширади.

 

9-боб. Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш

 

52. Назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходими Шахс раҳбари ёки ваколатли шахсидан текшириш билан боғлиқ ва текширилаётган даврга тааллуқли бўлган ҳужжатларни талаб этиб олишга ҳақли.

Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси Инспекция ходими томонидан талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортган тақдирда, назорат тадбирини ўтказаётган Инспекция ходими қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидада назарда тутилган тартибда зарур ҳужжатларни олиб қўйишни амалга оширади.

53. Уй-жой коммунал соҳасига ва шу соҳа билан боғлиқ бухгалтерия ва молия ишларига доир қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари назорат тадбирини ўтказаётган Инспекция бошлиғининг асослантирилган қарори асосида олиб қўйилиши мумкин, ушбу банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган ҳужжатлар ва предметлар бундан мустасно.

Шахснинг қонуний фаолиятини тўҳтатиб қўйишга олиб келадиган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади.

Ҳужжатлар ва предметларни тунги вақтда соат 23.00 дан 6.00гача олиб қўйиш ман этилади.

Назорат тадбирига тааллуқли бўлмаган ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш таъқиқланади.

54. Назорат тадбирини ўтказаётган Инспекция ходими ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш бошлангунига қадар амалга ошираётган шахсга ҳужжатлар ва преметларни олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда иштирок этадиган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.

55. Назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходими ҳужжатлари ва предметлари олиб қўйилаётган шахсга уларни ихтиёрий равишда топширишни таклиф этади, у бош тортган тақдирда эса, мажбуран олиб қўйиш чораларини кўради.

56. Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш Шахснинг раҳбари ёки ваколатли шахси шахслар иштирокида амалга оширилади.

57. Ҳужжатлар ва предметларни мажбуран олиб қўйиш холислар ҳамда ҳужжатлар олиб қўйилаётган шахс иштирокида амалга оширилади.  Бунда, олиб қўйилаётган барча ҳужжатлар ва предметлар холисларга ҳамда олиб қўйишда иштирок этаётган шахсга кўрсатилади.

58. Ҳужжатлар асл нусхаси ёки Шахс раҳбари ёки ваколатли шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган кўчирма нусхалари кўринишида олиб қўйилади.

59. Шахс раҳбари ёки ваколатли шахс ҳужжатлари кўчирма нусхаларининг олиб қўйилиши назорат тадбирини амалга ошириш учун етарли бўлмаган ҳолларда ҳамда Инспекцияда ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, тузатилиши ёки алмаштирилишига етарли асослар бўлган холларда назорат тадбирини ўтказган инспекция ходими ҳужжатларнинг асл нусҳасини олиб қўйишга ҳақли.

60. Ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб қўйилаётганда, улардан кўчирма нусхалар тайёрланади, бу нусхалар текширув ўтказаётган инспекция ходими томонидан имзоланади ва кимдан олиб қўйилган бўлса, ўша шахсга берилади.

61. Ҳужжатларни олиб қўйиш билан бир вақтнинг ўзида улардан кўчирма нусха тайёрлаш ёки тайёрланган кўчирма нусхаларни бериш имконияти бўлмаган тақдирда, назорат тадбирларини ўтказаётган Инспекция уларни ҳужжатлари олиб қўйилган шахсга олиб қўйилган кундан эътиборан беш кун ичида беради.

Қолган ҳолларда Шахс раҳбари ёки ваколатли шахси имзоси, муҳри билан тасдиқланган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари олиб қўйилади.

62. Шахсдан ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш ушбу қоидада назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда баённомалар билан расмийлаштирилади.

Баённомада ва унга илова қилинган рўйхатларда ҳужжатлар ва предметларнинг номи, миқдори ҳамда алоҳида белгилари, имкон бўлганда эса, предметларнинг қиймати кўрсатилган ҳолда санаб ўтилиши ва тавсифланиши лозим.

63. Шахсдан ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома икки нусхада тузилади, улардан бири ҳужжатлар ва предметлар кимдан олиб қўйилган бўлса, ўша шахсга топширилиб, тилхат олинади.

64. Ҳужжатлари ва предметлари олиб қўйилган шахс Баённомани қабул қилишдан бош тортган тақдирда назорат тадбирини ўтказаётган инспекция ходими бу ҳақида баённомага тегишли ёзув киритади.

Бундай холда баённоманинг бир нусхаси ҳужжатлари ва предметлари олиб қўйилган шахсга почта орқали буюртма хат билан юборилади ҳамда у жўнатилган кундан эътиборан уч кун ўтганидан кейин топширилган ҳисобланади.

 

10-боб. Юридик шахснинг банклардаги ҳисоб варақалари

бўйича операцияларни тўхтатиб туриш

 

65. Юридик шахснинг банклардаги ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш фақат суд қарори асосида амалга оширилади, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш аниқланган холлар бундан мустасно.

66. Юридик шахснинг банклардаги ҳисобварақалари бўйича операциялари - юридик шахс кўрсатилган манзилда мавжуд бўлмаган тақдирда Инспекция бошлиғининг қарорлари асосида тўхтатиб турилади.

67. Назорат тадбирларини ўтказилишига юридик шахс томонидан тўсқинлик қилинган ёҳуд назорат тадбирларини ўтказаётган Инспекция ходимининг текширишга алоқадор бўлган ҳудудларни ва жойларни кўздан кечириш учун кириши рад этилган ҳолларда назорат тадбирини ўтказаётган инспекция юридик шахснинг банклардаги ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

11-боб. Экспертиза тайинлаш

 

68. Назорат тадбирларини ўтказаётган Инспекция ходими зарур холларда текширувларни ўтказишда иштирок этиш учун эксперт жалб этиши ва экспертиза тайёрлаши мумкин.

Юзага келган масалаларни тушунтириш учун фан, техника ва бошқа соҳалар бўйича махсус билим талаб этилган тақдирда экспертиза тайёрланади.

69. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор назорат тадбирини ўтказаётган Инспекция ходимининг илтимосномаси асосида Инспекция бошлиғи томонидан қабул қилинади.

Қарорда экспертиза тайинлаш учун асослар, экспертиза ўтказиш керак бўлган юридик шахс номи ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эксперт олдига қўйилган масалалар ва эксперт ихтиёрига берилган материаллар кўрсатилади.

70. Шахсни эксперт сифатида жалб этиш Инспекция ва эксперт ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

71. Эксперт, экпертиза предметига тааллуқли текширув материаллари билан танишишга, ўзига қўшимча материаллар тақдим этилиши тўғрисида илтимосномалар беришга хақли.

Эксперт, агар унга берилган материаллар етарли бўлмаса, хулоса беришни рад этиши мумкин.

72. Эксперт, хулосани ўз номидан ёзма шаклда беради. Эксперт хулосасида унинг ўзи ўтказган текширишлар, шу текширишлар натижасида қилинган хулосалар ҳамда ўртага қўйилган масалаларга асослантирилган жавоблар баён этилади.

73. Экспертнинг хулосаси ёки унинг хулоса бериш имкони йўқлиги тўғрисидаги хабари текширилаётган шахсга тақдим этилади, мазкур шахс ўз тушунтиришларини бериш ва эътирозлар билдириш, шунингдек экпертнинг олдига қўшимча масалалар қўйиш ва қўшимча ёки такрорий экспертиза тайинлашни сўраш ҳуқуқига эга.

74. Қўшимча экспертиза хулоса етарлича аниқ ёки тўлиқ бўлмаган тақдирда тайинланади ва ўша экспертнинг ўзига ёки бошқасига топширилади.

Такрорий экспертиза, экспертнинг хулосаси асосланмаган ёки унинг тўғрилигига шубҳа бўлган тақдирда тайинланади ва бошқа экспертга топширилади.

 Қўшимча ва такрорий экспертиза қонунлар ва қонуности хужжатлари ҳамда ушбу қоидада назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тайинланади.

 

 

12-боб. Мутахассисларни жалб этиш

 

75. Назорат тадбирлари ўтказишда тадбир иштирокчиларига далилларни текширишда фан, техника, архитектура, қурилиш, коммунал ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва малака талаб этиладиган ҳолларда Инспекция бошлиғи буйруғига асосан тадбирда иштирок этиши учун мутахассис таклиф этилиши мумкин.

Ушбу мазмунда қабул қилинган Инспекция буйруғида мутахассис жалб этиш билан боғлиқ барча меъёрий талаблар аниқ кўрсатилган бўлиши шарт.

76. Инспекция бошлиғининг мутахассисни чақириш ҳақидаги қарори мутахассис ишлаб турган юридик шахс раҳбари ёки ваколатли шахси учун мажбурийдир.

Бундай ҳолатда, назорат тадбирига жалб этилган мутахассислар Инспекция бошлиғи буйруғида кўрсатилган ҳудудга ўз вақтида келишлари, ўзларига боғлиқ бўлган ҳужжатлар билан тўлиқ танишишлари ва назорат тадбирларида шахсан иштирок этишлари шарт.

Инспекция бошлиғининг буйруғи билан ишчи гуруҳи тузилади, гуруҳ аъзолигига киритилган мутахассислар назорат тадбири муддати тугагунига қадар асосий иш жойидаги ўз вазифасини бажаришдан вақтинчалик озод этилади ва улар назорат тадбирига жалб этилган кундан бошлаб, унинг зиммасига юклатилган вазифа тугагунига қадар Инспекция ихтиёрида бўлади.

77. Инспекция бошлиғининг қарори билан мутахассис сифатида жалб этилган шахс назорат тадбири ўтказиладиган жойга келиши, улар билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиши, тадбир иштирокчилари томонгидан қўйилган саволларга асосли жавоблар бериши ва қонун талаблари билан унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши шарт.

78. Мутахассис сифатида жалб этилган шахс Инспекция бошлиғининг қарорида белгиланган вазифаларни бажармаслиги ёки мутахассисликка нисбатан қонунда белгиланган талабларни бузиши, уни тегишли равишда жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

79. Мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун талаблари билан белгиланади.

 

13-боб.Таржимон иштироки

 

80. Назорат тадбирини ўтказаётган Инспекция зарур ҳолларда текширувда иштирок этиш учун таржимон жалб этиши мумкин.

81. Ишнинг натижасидан манфаатдор бўлмаган, таржима қилиш учун зарур даражада тил биладиган ёҳуд кар ёки соқов жисмоний шахснинг имо-ишораларини тушунадиган шахс таржимон бўлиши мумкин.

82. Таржимон уни таржимонликка тайинлаган Инспекция бошлиғининг чақирувига биноан ҳозир бўлиши ва ўзига топширилган таржимани аниқ бажариши шарт.

Таржимонни жалб этиш назорат тадбирларини амалга ошираётган Инспекция ва таржимон ўртасида шартнома тузиш асосида амалга оширилади.

83. Таржимон, назорат тадбирлари билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тадбир иштирокчиларига нотўғри таржима қилиши ёки таржимонликка нисбатан белгиланган талабларни бузиши қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилишига асос бўлади.

 

14-боб. Холислар иштироки

 

84. Назорат тадбирларини амалга ошираётган Инспекция ходими текширув доирасидаги ҳаракатлар амалга ошираётганда қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоидада назарда тутилган ҳолларда холисларни жалб этади.

85. Назорат тадбирларининг натижасидан манфаатдор бўлмаган муомилага лаёқатли вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилиши мумкин.

Назорат тадбирларини амалга ошираётган инспекция ходими ва унга алоқадор бўлган шахслар шу жумладан, текширув натижасидан манфаатдор бўлган шахслар, вояга етмаган шахслар, муомалага лаёқатсиз шахслар холислар сифатида иштирок этилишига йўл қўйилмайди.

86. Назорат тадбирларида иштирок этаётган холислар ўз иштирокида амалга оширилган ҳаракатларнинг ҳолати, мазмуни ва натижаларини баённомада тасдиқлашлари шарт.

Улар содир этилган ҳаракатлар юзасидан ўз фикр-мулохазаларини баён этишга ҳақли, бу фикр-мулохаза баёномага киритилиб қўйилиши керак.

 

15-боб. Назорат тадбирлари баённомаси

 

87. Ушбу қоидада назарда тутилган холларда, назорат тадбирлари доирасида ҳаракатлар амалга оширилганда баённома тузилади.

Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

1) текширилаётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми, юридик шахснинг тўлиқ номи);

2) текширувнинг ўтказиш асослари, тури ва даври;

3) муайян ҳаракат бажарилган сана ва жойи;

4) ҳаракат бошланган ва тугалланган вақт;

5) баённома тузган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

6) ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ва (ёки) хозир бўлган хар бир шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, зарур холларда эса унинг манзили;

7) ҳаракатнинг мазмун-мохияти, уни ўтказиш изчиллиги;

8) назорат тадбирлари пайтида аниқланган фактлар ва ҳолатлар.

88. Ҳаракатларнинг амалга оширилишида иштирок этган ва (ёки) ҳозир бўлган барча шахслар баённомани ўқиб чиқадилар.

Мазкур шахслар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишга ҳақли ва бу фикр-мулоҳазалар баённомага киритилиши ёки назорат тадбирлари материалларига қўшиб қўйилиши лозим.

89. Баённома Инспекциянинг баённома тузган ходими, шунингдек ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этган ва (ёки) ҳозир бўлган шахслар томонидан имзоланади.

90. Баённомага фотосуратлар, негативлар, киноленталар, видеоёзувлар ҳамда ҳаракатлар амалга оширилганда бажарилган бошқа материаллар илова қилиниши мумкин.

 

16-боб. Назорат тадбирлари натижаларини расмийлаштириш

 

91. Инспекциянинг назорат тадбирини ўтказаётган ходими томонидан назорат тадбири натижалари бўйича қуйидагилар кўрсатилган ҳолда текширув далолатномаси тузилиши керак:

1) текширув ўтказилган жойи, далолатнома тузилган сана;

2) текширув ўтказиш учун асос;

3) текширув тури ва унинг ўтказиш даври;

4) Инспекциянинг назорат тадбирини ўтказган ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми;

5) текширув ўтказилаётган жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

6) текширув ўтказилаётган юридик шахснинг номи, манзили, текширув даврида юридик шахсга раҳбарлик қилаётган шахс ёки ваколатли шахс ёҳуд бухгалтирия-молия ҳисоби юритиш вазифаларини амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

7) текштирув ўтказилаётган Шахснинг жойи (почта манзили), юридик шахснинг банк реквизитлари, идентификация рақами;

8) илгари ўтказилган назорат тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар;

9) Шахснинг текширилаётган даври ва текширув ўтказиш учун Шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги умумий маълумотлар;

10) коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ хуқуқбузарликларнинг (мавжуд бўлганда) уй-жой коммунал соҳасига доир қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги муфассал тавсифи;

11) текширув натижалари бўйича фикр ва мулоҳазалар.

92. Назорат тадбири тугалланганида уй-жой коммунал соҳаси ва шу соха билан боғлиқ қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган бўлмаса, бу ҳақда назорат тадбирлари далолатномасида қайд этилади.

93. Назорат тадбирлари натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатнома камида икки нусхада тузилади.

Назорат тадбирлари далолатномасининг барча нусхалари текширувни ўтказган Инспекция ходими томонидан имзоланади, далолатноманинг бир нусхаси текширув ўтказилган шахсга топширилади.

Текширув ўтказилган шахс далолатномани олганда, далолатноманинг барча нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Далолатноманинг текширувни ўтказган Инспекцияда қолган нусхалари назорат тадбирлари материалларига қўшиб қўйилади.

94. Шахснинг  назорат тадбирлари далолатномасидаги имзоси унинг назорат тадбирлари натижаларидан рози эканлигини англатмайди.

95. Шахс назорат тадбирлари далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда, текширувни ўтказган Инспекция ходими бу ҳақида назорат тадбири далолатномасига тегишли ёзув киритади.

Мазкур ҳолда далолатноманинг бир нусхаси текширув ўтказилган Шахсга почта орқали буюртма хат орқали юборилади ва шу пайтдан эътиборан назорат тадбири тугалланган ҳисобланади.

96. Назорат тадбири далолатномаси текширув ўтказилган шахсга топширилган кун назорат тадбири тугалланган кун деб ҳисобланади, ушбу қоиданинг 95- бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

97. Назорат тадбирлари ўтказиш учун асос бўлган ушбу қоидада кўрсатилган ҳужжатларнинг нусхалари, назорат тадбири доирасида содир этилган ҳаракатлар, инвентаризация далолатномалари, эксперт ва мутахассисларнинг ҳулосаси, назорат тадбирлари ўтказилган пайтида олинган материаллар, шунингдек назорат тадбирлари доирасида ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар назорат тадбирлари далолатномасига қўшиб қўйилиши лозим.

98. Назорат тадбирлари материаллари республика Инспекцияси томонидан белгиланган тартибга биноан, текширилган шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ҳудудий инспекцияга назорат тадбирлари тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши лозим.

 

17-боб. Назорат тадбирлари материалларининг

инспекция томонидан кўриб чиқилиши

 

99. Назорат тадбирлари материаллари Инспекция раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан назорат тадбири тугаган кундан эътиборан ўн иш куни ўтгач, бироқ ўн беш иш кунидан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

100. Назорат тадбирлари материаллари кўриб чиқилаётганда, хисобланган ёки асоссиз равишда сарфланган ёҳуд зарар, камомадлар ва пеня тўловлари миқдори, уй-жой коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ қонун ҳужжатлари бузилганлиги аломатлари мавжудлиги, ундирилиши лозим бўлган маблағларнинг аниқ миқдори, бартараф этилиши лозим бўлган қурилиш, таъмирлаш-тиклаш ишларига доир масалалар, ўзбошимчалик билан қурилган объектлар тўғрисидаги маълумотлар, содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аломатлари, шунингдек назорат тадбирлари материаллари кўриб чиқиш учун аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳолатлар аниқланади.

101. Назорат тадбири материаллари кўриб чиқилаётганда баённома юритилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади:

1) назорат тадбири материалларини кўриб чиқиш санаси  ва жойи;

2) назорат тадбири материалларини кўриб чиқаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек лавозими;

3) назорат тадбири материалларини кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг хозир бўлганлигига оид маълумотлар;

4) кўриб чиқилаётган назорат тадбирлари материаллари;

5) назорат тадбири материалларини кўриб чиқишда иштирок этувчи  шахсларнинг тушунтиришлари, илтимосномалари ва уларни кўриб чиқиш  натижалари;

6) назорат тадбири материалларини кўриб чиқишда ўрганилган  ҳужжатлар;

7) назорат  тадбири  материалларини кўриб чиқиш  жараёни  ҳақидаги  бошқа маълумотлар.

102. Назорат тадбири материалларини кўриб чиқиш баённомаси назорат тадбири материалларини кўриб чиққан раҳбар ёки у ваколат берган шахс, шунингдек, уларни кўриб чиқишда иштирок этган  шахслар томонидан   имзоланади.

103. Шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс назорат тадбири далолатномаси бўйича ўзининг ёзма тушунтиришларини ёки эътирозларини назорат тадбири тугаган  кундан эътиборан ўн иш куни ичида тақдим этишга ҳақли.

Мазкур ҳолда назорат тадбири материаллари Шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс иштирокида  кўриб чиқилади.

Инспекция назорат тадбири материалларини кўриб чиқиш санаси,  вақти ва жойи тўғрисида Шахсни кўриб чиқишдан камида икки иш кунидан олдин хабардор қилади.

104. Агар Шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс текширув    материаллари кўриб чиқишга узрли сабабларга кўра кела олмаслиги  тўғрисида Инспекцияни хабардор қилган бўлса, Инспекция раҳбари ёки у ваколат берган шахс назорат тадбири материалларини  кўриб чиқишни уч иш кунидан кўп бўлмаган муддатга кечиктириш тўғрисида қарор қабул қилади, бу ҳақда Шахс хабардор қилинади.

Агар, Шахс такрорий хабарномага қарамасдан назорат тадбири материалларини кўриб чиқишга келмаса, мазкур материаллар, шу жумладан, Шахс томонидан тақдим этилган тушунтиришлар ва эътирозлар унинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

105. Назорат тадбири материаллари Шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс иштирокида кўриб чиқилганда баённома назорат тадбири материалини кўриб чиққан Инспекция раҳбари ёки у ваколат берган шахс, Шахс раҳбари ёки вакили, шунингдек, уларни кўриб чиқишда иштирок этган бошқа шахслар томонидан  имзоланади.

Текширилган шахс баённомани имзолашдан бош тортганда ёҳуд назорат тадбири материаллари унинг иштирокисиз кўриб чиқилганда, бу ҳақида баённомага тегишли  ёзувлар киритилади.

106. Назорат тадбири материаллари Шахс раҳбари ёки у ваколат берган шахс иштирокида кўриб  чиқилганда, баённома икки нусхада тузилади, улардан бир нусхаси текширув ўтказилган Шахсга берилади.

Текширув  ўтказилган Шахс баённомани олганда, баённоманинг барча нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт.

Текширув ўтказилган  Шахс баённомани олишдан бош тортган тақдирда, Инспекция раҳбари ёки у ваколат берган шахс бу ҳақда баённомага тегишли ёзув киритади.

Назорат тадбири материалларини кўриб чиқиш баённомасининг инспекцияда қолган барча нусхалари назорат тадбирлари материалларига қўшиб қўйилади.

 

18-боб. Назорат тадбири материалларини  кўриб

чиқиш  натижалари бўйича  инспекция қарори

 

 107. Инспекция раҳбари ёки у ваколат берган шахс назорат тадбири материалларини кўриб чиққанидан кейин беш иш кунидан кечиктирмасдан қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилади:

етказилган зарарларни, ортиқча тўловларни, камомадларни ва пеняларни ундириш;

ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотларни, ўзбошимчалик билан қурилган кўчмас мулкларни, умумий мулкка етказилган зарарларни, уйга туташ бўлган ҳудудларда барпо этилган ноқонуний объектларни;

иссиқ ва совуқ сув, чиқинди, канализация, газ ва электр узатгичларида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини;

текширилган Шахсни коммунал соҳасига ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортишни ёки буни рад этишни.

108. Инспекциянинг назорат тадбирлари материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) ҳисобланган ортиқча тўловлар, етказилган зарарлар, камомад, пеня, шунингдек ундирилиши лозим бўлган бошқа зарарлар суммаси;

2) кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни бузган ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни, шунингдек, унинг  шахс ҳисобидан буздириб ташлашни назарда тутувчи талаблар;

3) уй-жой мулкдорларининг умумий фойдаланишдаги
мол-мулкларига етказилган зарар ва талофатлар, шунингдек ушбу ҳолатларни бартараф этишга қаратилган талаблар;

4) уй-жой мулкдорлари фондидан фойдаланиш тартибини бузган ҳолда, давлат стандартларига ва шаҳарсозлик қоидаларига зид равишда, ноқонуний тартибда ўзгартирилган кўчмас мулк объектларини, шунингдек, ушбу ҳолатлари бартараф этиш юзасидан қўйилган талабларни;

5) иссиқ ва совуқ сув, чиқинди, канализация, электр ва газ узатгичларидан фойдаланишда содир этилган тартиббузарликка оид маълумотлар, бу борада етказилган зарарлар, камомадлар, пеняларни шунингдек, ушбу зарарлар миқдорларини;

6) ўтказилган текширишда аниқланган коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ҳолатлари, мазкур ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа маълумотлар;

7) текширилган шахснинг коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоиданинг муайян ҳуқуқбузарликни ва қўлланиладиган жавобгарлик чораларини назарда тутувчи моддалари кўрсатилган қарор;

8) ушбу қоидага мувофиқ коммунал соҳаси ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ҳамда хисобланган зарар, ортиқча тўлов, камомад, пеня ва шу каби маблағларни тўлаш, шунингдек, уй-жой фондидан фойдаланиш тартиблари бузилишлари ҳолатлари бартараф этиш муддати;

9) Шахс белгиланган муддатларда коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарликни бартараф этган ҳамда ҳисобланган зарар, ортиқча тўлов, камомад, пеня ва шу каби тўловларни тўлаган тақдирда, унинг жарима тўлашдан озод этиш ҳуқуқи;

10) Бошқа қўшимча ҳисобот, маълумот ва материаллар.

109. Инспекциянинг Шахсни коммунал соҳа ва шу билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қарори, қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоида нормаларига риоя этган ҳолда қабул қилиниши лозим.

110. Назорат тадбири материалларини кўриб чиқиши натижалари бўйича Инспекциянинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки иш кунидан ортмайдиган муддатда қарорнинг нусхаси тилҳат олиш орқали ёки Шахс томонидан олинган санани тасдиқловчи бошқа усул орқали текширилган шахсга топширилади.

Агар текширилган Шахсга қарор нусхасини топширишнинг имкони бўлмаса, у почта орқали буюртма хат билан жўнатилади ва жўнатилгандан эътиборан уч кун ўтгач, топширилган ҳисобланади.

 

19-боб. Текширилган шахс томонидан инспекция қарорини бажарилиши

 

111. Текширилган Шахс Инспекция қарорининг кўчирма нусхаси олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қарорда кўрсатилган коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этиши ҳамда ҳисобланган зарар, ортиқча тўлов, камомад, пеня ва шу каби тўловларни тўлаши шарт.

112. Ушбу қоиданинг 111-бандида белгиланган муддатда коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бартараф этилган ҳамда ҳисобланган тўловлар тўланган тақдирда, қарорнинг Шахсга нисбатан қўлланилган жарима қисми бекор қилинган ҳисобланади.

113. Ушбу қоиданинг 111-бандида белгиланган муддатда коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарликлар бартараф этилмаган ҳамда ҳисобланган тўловлар тўланмаган тақдирда, Инспекция Шахс томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш ҳамда ҳисобланган тўловларни ундириш чораларини кўради, шунингдек, Шахсга нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат этади.

114. Агар Инспекциянинг қарори бюджетга ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига тўловларнинг тушмаслигига олиб келмаган коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун Шахсга нисбатан жарима қўлланишини назарда тутса, Шахс қарор нусхасини олган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмасдан Инспекцияга мазкур ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганлиги ва ихтиёрий равишда жарима тўлаш тўғрисида ёки уни рад этиш тўғрисида ёзма билдиришнома тақдим этиши (юбориши) шарт.

115. Шахс коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этганликдаги айбини тан олган тақдирда, ушбу қоидада белгиланган муддатда Инспекцияга жаримани (аниқ муддатини кўрсатган холда) ихтиёрий равишда тўлаш учун зарур бўлган муддат бериш тўғрисида мурожаат қилади.

Жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилган Инспекциянинг раҳбари ёки у ваколат берган шахс аризани олган кундан эътиборан икки иш кунидан кечиктирмасдан Шахс томонидан сўралган муддатни бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Муддат жаримани ихтиёрий равишда тўлаш учун муддат бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмаслиги керак.

Мазкур қарорнинг нусхаси Шахсга тилхат олиш орқали ёки текширилган шахс қарор нусхасини олган санани тасдиқловчи бошқа усул орқали топширилади.

Агар текширилган шахсга қарорнинг нусхасини бундай усуллар орқали топширишни имкони бўлмаса, у почта орқали буюртма хат билан жўнатилади ва жўнатилгандан уч кун ўтгач топширилган ҳисобланади.

116. Шахс содир этилган коммунал соҳа ва шу билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганлиги ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисидаги ёки уни рад этиш тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаган ёҳуд рад этганлиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этган тақдирда, Инспекция Шахсга нисбатан жарима қўллаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилади.

117. Инспекция раҳбари ва у ваколат берган шахс томонидан ушбу  қоидаларига риоя этмаганлиги қарор Инспекциянинг юқори турувчи органи томонидан бекор қилиниши ёки мазкур қарорнинг суд томонидан хақиқий эмас деб топилиши мумкин.

118. Назорат тадбирлари жараёнида аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва маъмурий жазо чорасини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ амалга оширилади.

 

 

20-боб. Назорат тадбирини ўтказишда ғайриқонуний

ҳаракатлар орқали зарар етказишга йўл қўймаслик

 

119. Назорат тадбирини ўтказишда текширилаётган Шахсга ёҳуд унинг эгалигида, фойдаланишида ёки тасарруфида бўлган мол-мулкка, шу жумладан банк ҳисоб-рақамларидаги маблағларига ғайриқонуний ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўйилмайди.

120. Назорат тадбирини ўтказишда Инспекция ёки унинг раҳбар ва ходимларининг ғайриқонуний ҳаракатлари орқали етказилган зарарлар, шу жумладан, бой берилган фойданинг ўрни Инспекция томонидан суд қарорига мувофиқ тўлиқ хажмда қопланиши керак.

Суд қарорига биноан зарарни ўрнини қоплаш Инспекциянинг қайси раҳбари ёки ходимини айби билан зарар етказилган бўлса, зарарлар ушбу мансабдор шахс ёки ходимнинг зиммасига юкланиши мумкин.

Инспекция ва унинг мансабдор шахслари ёки ходимлари ғайриқонуний ҳаракатлар содир этганлиги натижасида Шахсга етказилган зарар учун қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.

121. Инспекция мансабдор шахслари ва ходимларининг қонуний ҳаракатлари орқали Шахсга етказилган зарарларнинг ўрни қопланмайди, қонунда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

 

21-боб. Коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқубузарлик

учун жавобгарликка тортишнинг умумий шартлари

 

122. Ҳеч ким коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик учун қонун ва қонуности ҳужжатларида ҳамда ушбу қоидада назарда тутилганидан бошқа асослар бўйича ва тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Ҳеч ким коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ содир этилган айнан битта ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

123. Юридик шахснинг коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқубузарлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда, унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ва бошқа жавобгарликдан озод этмайди.

124. Шахснинг коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликка тортилиши уни ҳисобланган зарарлар, ортиқча тўловлар, камомад, пеня ва шу каби тўловларни тўлаш, шу жумладан, ўзбошимчалик  билан қурилган объектларни  ўз ҳисобидан бузиб ташлаш мажбуриятидан озод этмайди.

125. Шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмаганига қадар у коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарликларни содир этишда айбдор ҳисобланмайди.

126. Агар коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жарима қўлланган шахс маъмурий жарима қўлланилган кундан эътиборан бир йил ичида худди шундай ҳуқуқбузарликни такроран содир этмаган бўлса, у маъмурий жаримага тортилмаган ҳисобланади.

127. Шахс, коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлиги учун қуйидаги ҳолатлардан лоқал биттаси мавжуд бўлган тақдирда, жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:

коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик содир этилганлик фактининг йўқлиги;

коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик содир этилишида шахснинг айби йўқлиги.

Шахс назорат тадбири ўтказилгунига қадар хатони ўзи тузатган тақдирда, жавобгарликдан озод этилади, пеня тўлаш бундан мустасно.

 

22-боб. Шахснинг ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини,

уни жавобгарликка тортишни истисно қиладиган ҳолатлар

 

128. Шахснинг коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини истисно қиладиган ҳолатлар деб қуйидагилар эътироф этилади:

коммунал соҳа ва шу соҳага оид ҳуқуқбузарлик табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар оқибатида содир этилганлиги (мазкур ҳолатлар хаммага маълум фактларнинг мавжудлиги, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган маълумотлар ва исботлаш учун махсус воситалар талаб этилмайдиган бошқа усуллар билан белгиланади);

коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган қилмиш бундай қилмиш содир этилган пайтда касаллик оқибатида ўз ҳаракатларини ўзи идора эта олмайдиган ёки бошқара олмайдиган ҳолатлар бўлган (мазкур ҳолатлар мазмуни, моҳияти ва санаси бўйича ҳуқуқбузарлик содир этилган ўша даврига тааллуқли бўлган ҳужжатларни тақдим этиш орқали исботланади) жисмоний шахс томонидан содир этилганда;

ваколатли органлар ёки улар мансабдор шахсларининг коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ қонун ҳужжатларнинг қўлланилиши масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида берилган ёзма тушунтиришлари Шахс томонидан бажарилганда (мазкур ҳолатлар ушбу органларнинг тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда белгиланади, ушбу ҳужжатлар маъноси ва мазмунига кўра, ҳужжатлар қабул қилинган санадан қатъий назар, ҳуқуқбузарлик даврига тааллуқли бўлиши лозим).

 

 

23-боб. Ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар

 

129. Шахснинг коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлиқ ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб  қуйидагилар  эътироф этилади:

оғир шахсий ва оилавий шароитлар кечиши оқибатида ҳуқуқбузарлик  содир этилганида;

тахдид ёки мажбурлаш таъсирида ёҳуд моддий, хизмат ёки бошқа  жиҳатдан  қарамлик  сабабли  ҳуқуқбузарлик содир этилганида.

130. Коммунал соҳа ва шу соҳа билан боғлик ҳуқуқбузарликнинг илгари худди  шундай  ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка  тортилган  шахс томонидан такроран содир этилганлиги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат деб эътироф этилади.

 

24-боб. Инспекциянинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш

 

131. Ҳар бир текширилаётган Шахс Инспекциянинг қарорлари, улар мансабдор шахларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят бериш учун Инспекциянинг юқори турувчи органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) ёки судга мурожат қилиш ҳуқуқига эга.

132. Инспекциянинг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан Инспекциянинг юқори турган органига (юқори турувчи мансабдор шахсига) шикоят қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Инспекциянинг юқори турувчи органига шикоят берилганлиги шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

133. Инспекциянинг юқори турувчи органига ёки судга шикоят бериш тегишинча шикоят бўйича Инспекциянинг юқори турувчи органи томонидан қарор қабул қилгунига ёки суд қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинаётган қарорни ёки ҳаракатни ижро этишни, шу жумладан ҳисобланган зарар, ортиқча тўлов, камомад, пеня ва шу каби тўловларни ундиришни, шунингдек ўзбошимчалик билан қурилган деб эътироф этилган объектларни бузилишини тўхтатиб туради.

 Шахс қайси Инспекциянинг қарори ёки мансабдор шахсининг ҳаракатлари устидан шикоят қилаётган бўлса, ўша Инспекциянинг юқори турувчи органига ёки судга шикоят берилганлиги тўғрисида тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда хабардор қилиши шарт.

134. Инспекциянинг қарори, унинг мансабдор шахсининг ҳаракатлари ёки ҳаракатизлиги устидан шикоят Инспекциянинг тегишли юқори турувчи органига ёзма шаклида берилади.

Инспекциянинг юқори турувчи органига шикоят Шахс ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан эътиборан ўттиз кун ичида берилади ва шикоятга уни асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.

135. Инспекциянинг қарори, унинг мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоят Инспекциянинг юқори турувчи органи томонидан шикоят олинган кундан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.

136. Инспекциянинг қарори, унинг мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунларига биноан Инспекциянинг юқори турувчи органи қуйидагиларга хақли:

шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш;

шикоятга сабаб бўлган Инспекция қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш.

137. Инспекциянинг юқори турувчи органи Инспекциянинг мансабдор шахсларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш якунига биноан мазмунан қарор чиқаришга ҳақли.

138. Инспекция юқори турувчи органининг шикоят юзасидан қарори ўттиз кун ичида қабул қилинади.

Шикоят берган шахсга қабул қилинган қарор тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида ёзма равишда маълум қилинади.

 

25-боб. Инспекциянинг мажбуриятлари

 

 139. Инспекция ўз фаолиятини ташкил этишда қонун ва қонуности ҳужжатлари ҳамда ушбу қоида талабларига тўла хажмда риоя этиши шарт, жумладан:

қонун устиворлигини таъминланишида Инспекция зиммасига юклатилган вазифаларни сўзсиз бажариш;

назорат тадбирлари ўтказилаётганда Шахсларнинг қонун билан қўриқланаётган ҳуқуқ ва манфаатларини паймол қилмаслик;

барча назорат тадбирлари ўтказилиши билан боғлиқ қонунда белгиланган меъёр ва тартибларни Шахсларга тўлиқ тушунтириш;

Шахслар фаолияти юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирларида қонун талабларига тўлиқ риоя этиб, ғайриқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизликларга йўл қўймаслик;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, улар юзасидан тайёрланган жавоб хатларини белгиланган муддатларда хат муаллифлари ва манфаатдор шахсларга юбориш;

текширилаётган объектда текширув ўтказилаётган даврдаги белгиланган иш тартибига тўсқинлик қилмаслик;

текширув натижасида олинган ҳужжатлар ва маълумотларнинг яхши сақланишини таъминлаш;

кўп хонадонли уйлар умумий мулкини сақлаш тартибини бузилиши, муҳандислик тармоқлари ва кўтариш иншоотларидан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ва техник регламентлари бузилиши хақида далолатнома тузиш;

банк ва тижорат сирларини сақланишига қатъий риоя этиш;

давлат аҳамиятига молик ёки банк ва тижорат сирларини ноқонуний  тарзда ошкора қилмаслик;

 ўзганинг мол-мулки ва қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик;

қонунларда белгиланган бошқа ҳолатлар.

140. Инспекция ўзига юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.

141. Инспекциянинг мансабдор шахслари ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки тегишли равишда бажармаганликлари учун белгиланган тартибда жавоб беради.

 

26-боб.Инспекция фаолиятини юритишда шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

142. Шахслар:

инспекция  фаолиятини  юритишда, назорат тадбирлари материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар, нусхалар олиш, қўшимча материаллар тақдим этиш, илтимосномалар бериш, текширув  ишларида иштирок этиш, назорат тадбирлари  жараёнида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, текширув давомида пайдо бўладиган масалалар юзасидан ўз важлари ва фикр-мулоҳазаларини билдириш, назорат тадбирларида иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важлари ва фикр-мулоҳазаларига қарши эътироз билдириш, рад қилиш, инспекция мансабдор  шахслари ва ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ҳамда инспекция қарори устидан шикоят қилиш  ва  қонунда  белгиланган  бошқа ҳуқуқларга эгадирлар.

143. Шахслар:

Назорат тадбирларини амалга ошираётганда қонун талабларини бажаришлари, текширув ишларига асоссиз равишда тўсқинлик қилмасликлари, ёлғон маълумот ва кўрсатмалар бермасликлари, назорат тадбирларини ўтказишга алоқадор бўлган ҳужжатлар ва материалларни йўқ қилиб юбормасликлари, уларга соҳта маълумот киритмасликлари, уй-жой фондининг умумий мулки бўлган мол-мулкларга шикаст етказмасликлари, ўзбошимчалик билан ноқонуний тарзда объектлар қурмасликлари, инспекция  ходимларининг қонуний талабаларини бажаришлари ва қонунларда зиммаларига юклатилган бошқа мажбуриятларни бажаришлари шарт.

144. Шахслар, ўз хатти харакати ёки харакатсизлиги юзасидан содир этган  тартиббузарликлар ёҳуд қонунбузиш ҳолатлари бўйича қонунда назарда  тутилган  тарзда   жавобгар  бўладилар.

 

Якуний қоидалар

145. Инспекция фаолиятини ташкил этадиган Қоидалар Ўзбекстон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси, Олий суди ва Савдо Саноат Палатаси билан келишилган.

Umumiy takliflar

109