Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13521 O’zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo'mitasi 18/02/2020 04/03/2020 3
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Farmoni
Ташқи савдо операцияларини халқаро стандартларга янада уйғунлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-13521

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишни енгиллаштириш ва субъектлар ҳуқуқларини тенглаштириш мақсадида соҳага оид қатор тартиботлар танқидий қайта кўриб чиқилиб, эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.

Хусусан, тадбиркорлик субъектларига товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини кафолатланган тўлов шартларисиз хорижий валютага экспорт қилиш ҳамда олдиндан тўлов шартида контракт тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

Шу билан бирга, товарлар улгуржи савдоси фаолиятини лицензиялаш ва экспортини якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширишдаги талаблар бекор қилинди.

Бугунги кунда ташқи савдо билан боғлиқ назорат тизими ва инфратузилмани яхшилаш, савдо операцияларини халқаро стандартларга янада уйғунлаштириш, мамлакатда рақамли иқтисодиёт кўламини кенгайтириш зарур ҳисобланади.

Шунингдек, республикадан товарлар олиб чиқилиши мониторингининг самарали механизми йўлга қўйилмаганлиги, айрим товарлар айланмаси бухгалтерлик ва божхона ҳужжатларида акс эттирилмаётганлиги, экспорт ҳажми бўйича статистик маълумотлар ўртасида тафовутларнинг мавжудлиги юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитига ҳамда халқаро божхона тартиботларига салбий таъсир этиб, ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.

Товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва электрон ҳисоботларни юритиш, тадбиркорлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш, валюта операцияларини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра умумий қиймати беш минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар:

а) якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият олиб борувчи жисмоний шахслар томонидан олдиндан тўлов ва бошқа кафолатланган тўлов шартларисиз, божхона декларацияси тақдим этмасдан инвойс маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (бундан буён матнда ТСОЯЭАТ деб юритилади) киритиш шарти билан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилади. Бунда, сотувчи шахслар томонидан товарлар олиб чиқилишида хорижий харидор аниқ бўлмаган ҳолларда харидор ҳақидаги маълумотларни инвойсда кўрсатилиши талаб этилмайди;

б) норезидент жисмоний шахслар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан олдиндан тўлов шарти билан сотувчи шахсларнинг ТСОЯЭАТга киритган инвойси асосида божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилади;

в) инвойс ҳужжати асосида олиб чиқилиши факти давлат божхона хизмати органлари томонидан ТСОЯЭАТда тасдиқланади ҳамда бундай операциялар божхона юк декларацияси расмийлаштирилган экспорт операцияларига ва қисқа божхона юк декларациясига тенглаштирилади.

2. Мазкур Фармоннинг 1-бандида белгиланган нормалар амалдаги қонунчиликда айрим чекловлар ўрнатилган товарларга нисбатан қўлланилмайди.

3. Ташкилий мақомидан қатъий назар барча тадбиркорлик субъектларига:

а) товарлар (ишлар, хизматлар) учун норезедент жисмоний шахслардан халқаро тўлов тизимлари орқали Ўзбекистон Республикаси банкларида очилган ҳисоб рақамларига тўловларни қабул қилишга;

б) товарлар экспортида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон шаклдаги инвойсдан фойдаланишга;

в) шартнома маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан хорижий давлатлардаги товарлар (ишлар, хизматлар)ни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва уларни сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан “халқаро савдо шартномаси” тузиш ва валюта операцияларини амалга ошириш, савдодан олинган тушумни бошқа юридик шахслар фойдасига трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллаш йўли билан қайта беришга рухсат этилсин.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш бўйича тузилган халқаро савдо шартномалари доирасида амалга ошириладиган хорижий валютадаги тўловлар миқдоридан кам бўлмаган маблағлар 180 календарь куни мобайнида ўзларининг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига тўлиқ келиб тушиши таъминланиши лозим. Ушбу белгиланган муддатда келиб тушмаган валюта маблағлари муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади ва тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик белгиланади.

4. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият олиб борувчи жисмоний шахслар шартнома ва инвойс маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари билан ташқи савдо битимларини тузиш ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга ошириши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

икки ой муддатда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари томонидан норезидентларга савдо қилинадиган ва экспортга чиқариладиган товарлар учун интернет тизимида қулай тартибда халқаро савдо қоидалари ҳамда солиқ, валюта ва божхона назорати минимал талаблари асосида тегишли маълумотлар орқали электрон инвойс ҳужжатини шакллантириш имкониятини, шунингдек бу бўйича мобил қурилма дастурларини яратсин ҳамда ТСОЯЭАТга интеграция қилсин;

четга олиб чиқиладиган тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарларга сотувчи шахслар томонидан харидорларга инвойс берилиши ва инвойс маълумотлари ТСОЯЭАТга киритилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олсин ҳамда савдо марказларида ва чегара божхона постларида тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмаклашсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда чегара божхона постларида жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб ўтиш мақсадларини аниқлаш тартиби бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқсин;

икки ой муддатда чегара божхона постларида жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб чиқилишида тақдим этиладиган инвойс ҳужжатидаги маълумотларини ТСОЯЭАТга киритилган электрон маълумотлар билан солиштириш ва ТСОЯЭАТ орқали тасдиқлаш амалиётини йўлга қўйсин;

чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларга инвойсда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа уйғонган таыдирда ёки улар нотўғри деб топилган ҳолатларда маълумотларни тўғрилаш имкониятини яратиш ва товарларни олиб чиқилишида кўмаклашиш ҳамда валюта маблағларини йўловчи божхона декларациясида тўлиқ қайд этилиши бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши (экспорт қилиниши) бўйича айрим чекловлар ўрнатилган товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасига мувофиқ рақамли кодлари белгиланган ягона реестрини шакллантирсин ва ТСОЯЭАТга интеграция қилсин ҳамда бундай товарлар тўғрисидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида янгилаб борсин;

ушбу Фармон билан киритилган нормаларнинг самарадорлиги ва ижросининг мониторинги доимий равишда олиб борилишини таъминласин ва зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин;

икки ой муддатда ушбу Фармондан келиб чиқиб қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Ушбу Фармон расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

10. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев ҳамда Марказий банки раиси М.Б Нурмуратов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

                        Президенти                                                                                                     Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил “___” ________ даги ПФ-_____-сон Фармонига илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 30 октябрдаги ПФ–5564-сон Фармонининг 2-бандида:

а) иккинчи хатбошидаги матнда “ахборот киритмасдан ҳамда” сўзлари “инвойс маълумотларини киритиш шарти билан,” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) тўртинчи хатбошиси “кўп бўлмаган” сўзларидан кейин “тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган” сўзлари билан тўлдирилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 февралдаги ПҚ–3512-сон қарори 1-бандида:

а) “в” кичик банди “физическим лицом товаров” сўзларидан кейин “, не предназначенных для предпринимательской деятельности” сўзлари билан тўлдирилсин;

б) “д” кичик бандининг:

учинчи хатбоши “ввозимые” сўзидан кейин “и вывозимые” сўзлари билан тўлдирилсин;

тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“при ввозе и вывозе физическими лицами товаров через таможенную границу для предпринимательской деятельности применяются общие правила таможенного оформления, установленные законодательством
в отношении всей суммы перемещаемых товаров”.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги
ПҚ–3351-сон қарорининг 2-бандида:

а) биринчи хатбошидаги “экспорт қилиш” сўзлари “экспортга божхона юк декларацияси расмийлаштириш” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

“Бунда божхона юк декларацияси расмийлаштирилмасдан инвойс асосида товарларни экспорт қилишга қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида талаблар белгиланади”.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги ПФ–837-сон Фармони билан тасдиқланган Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида низомда:

а) 4-банддаги “уч минг” сўзлари “беш минг” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) 9-банднинг иккинчи хатбошиси “тақиқланади” сўзидан кейин “халқаро савдо шартномалари асосида савдо воситачилик хизматларини экспорт қилувчилари бундан мустасно” сўзлари билан тўлдирилсин.

Umumiy takliflar: 1

731