Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13332 O’zbekiston Respublikasi Davlat bojxona qo'mitasi 04/02/2020 19/02/2020 0
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Qarori
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш тўғрисида
ID-13332

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш тўғрисида

 

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2016 йил 28 мартдаги 89-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 18 ноябрдаги 912-сон қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ҳудудида пуллик хизматларни ташкил этилишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида (бундан буён – ўтказиш пункти деб юритилади) кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

ўтказиш пунктларида алоҳида шахсларга хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

пуллик хизматлар ўтказиш пунктини нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолатдагина амалга оширилишига йўл қўйилади;

пуллик хизматларнинг кўрсатилиши учун ўтказиш пунктлари Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг жойлардаги ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, ўтказиш пунктини индивидуал кўрсаткичларини инобатга олиб белгиланади. Бунда, ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пуллик хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган ҳудуд майдони, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган пуллик хизматлар давлат мулкини ижарага бериш орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилади;

давлат мулки ижарасидан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони талабларига мувофиқ тақсимланади;

ўтказиш пунктида пуллик хизматларнинг кўрсатилишини вақтинча тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва тугатилиши, шунингдек уларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ижарага олувчи томонидан қопланиши белгиланган тартибда тузилган давлат мулкини ижарага бериш шартномасида кўрсатилади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган ҳар бир пуллик хизмат амалдаги қонунчилик билан белгилаб берилган тартибда амалга оширилади;

Давлат божхона қўмитасининг буюртмаси асосида, истисно тариқасида, ўтказиш пунктларида пуллик хизмат кўрсатилиши учун юридик шахслар ўртасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талабларига мувофиқ ўтказиладиган танловга, ўтказиш пунктларида янги бино ва (ёки) иншоот қурилиши ҳамда танлов ўтказилгандан сўнг ғолиб томонидан ушбу қурилган янги бино ва (ёки) иншоотни божхона органлари балансига оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз ўтказилиши бўйича қўшимча танлов талабини киритишга рухсат берилади.

Божхона органлари балансига беғараз ўтказиб берилган бино ва (ёки) иншоот уни қуриб берган юридик шахсга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида ижарага берилади.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари _____________ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг
                          Бош вазири                                                                            А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___”_________ ____-сон қарорига 1-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида  кўрсатиладиган пуллик хизматлар
РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган мобил алоқа операторлари хизматлари.

2. Овқатланиш ҳамда санитар – гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият.

3. Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси.

4. Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш.

5. Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати.

6. Ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларига биринчи техник (мураккаб таъмирлаш ишлари бундан мустасно) хизмат кўрсатиш ҳамда уларни фавқулодда эвакуация қилиш.

7. Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш (камера хранения).

8. Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш).

9. Таржимонлик хизмати.

10. Йўловчиларни ўтказиш пункти ичида алоҳида йўлаклар (VIP) орқали ҳаракатланишини ташкил этиш.

11. Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкини тўлдириб бериш, ксеронусха олиш, турли компьютер хизматлари, факс, интернет) хоналари (стол услуг).

12. Такси чақириб бериш хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___”_________ ____-сон қарорига 2-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида алоҳида шахсларга хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида алоҳида шахсларга махсус хизмат кўрсатиш йўлакларида (бундан буён матнда VIP йўлак деб юритилади) пуллик хизматлар кўрсатишни тартибга солади, шунингдек VIP йўлаклардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар рўйхатини белгилаб беради.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

VIP йўлак – юқори қулайликларга эга бўлган, ҳаракатланаётган шахсларни рўйхатга олиш, уларнинг ўзига ҳамда уларга тегишли бўлган юкларига чегара, божхона ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа турдаги назоратларни алоҳида ташкиллаштириш учун чегара ўтказиш пунктларида ташкил этиладиган махсус жой бўлиб, зал ёки йўлак кўринишида ташкил этилади;

VIP йўлаклардан фойдаланувчи шахслар – мазкур Низомга илова қилинган рўйхатга асосан VIP йўлаклардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ва дипломатик миссиялар ходимлари, шунингдек VIP йўлаклардан фойдаланиш учун белгиланган тўловларни тўлаган бошқа шахслар;

VIP залида хизмат кўрсатувчи юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида танлаб олинган юридик шахс.

3. VIP йўлакларда хизмат кўрсатувчи юридик шахснинг ташкилий тузилмаси ва штат бирлиги ўтказиш пунктининг хизмат кўрсатиш технологияси, ўтказувчанлик қобилияти, иш режими ва ҳажмидан келиб чиқиб, амалдаги қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланади.

4. Ўтказиш пунктидаги VIP йўлакларнинг иш фаолияти устидан назорат божхона ва чегара хизматлари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.

2-боб. VIP йўлакларининг жиҳозланиши, таъминоти ва ишлаш тартиби

5. VIP зали – уни кўрсатиб берувчи тегишли белги, алоҳида кириш ва чиқиш эшиклари, дам олиш жойи, овқатланиш хонаси, ҳожатхона, божсиз савдо дўконлари, чегара ва божхона назоратидан ўтказиш учун махсус пунктлар, телефон, факсимил
ва Интернет алоқа хизматлари билан жиҳозланади.

VIP залининг жиҳозланиши VIP залида хизмат кўрсатувчи юридик шахс ва (ёки) VIP залини ташкил этган шахслар томонидан амалга оширилади.

6. VIP йўлак – уни ташкил этган шахслар томонидан, ўтказиш пункти орқали умумий тартибда ҳаракатланаётган шахслар мазкур йўлакни бевосита кузатиб туришини истисно этадиган, тўсиқлар билан жиҳозланади.

7. VIP йўлаклардан фойдаланувчи шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳамда кўрикдан ўтказилишига, ўтказиш пункти имкониятларидан келиб чиқиб алоҳида йўлак ажратилади.

8. VIP йўлакларининг иш вақти ўтказиш пункти иш режимидан келиб чиқиб, ҳудудий божхона органи ва чегара қўшинлари раҳбарлари томонидан келишилган ҳолда белгиланади.

9. VIP йўлакларида қуйидагилар амалга оширилади:

паспорт назорати;

багаж ва қўл юкларининг божхона назорати ҳамда расмийлаштируви;

қонунчиликда кўрсатилган зарур ҳолларда назоратнинг бошқа турлари (санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати).

10. VIP йўлакларида хизмат кўрсатишни ташкил этишда, ушбу Низом иловасидаги Рўйхатга киритилган шахсларга, ушбу йўлакдан ҳаракатланаётган шахсларга нисбатан устуворлик берилади.

11. VIP йўлакларда хизмат кўрсатилиши, хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан танланган, бу борада махсус касбий тайёргарликдан ўтган ёки амалий тажрибага эга бўлган ходимлар томонидан амалга оширилади.

3-боб. VIP йўлаклардан фойдаланиш учун тўловлар

12. VIP йўлакларда ушбу Низомнинг иловасида кўрсатилган шахсларга хизмат кўрсатилиши бепул асосда, VIP йўлаклардан фойдаланиш истагини билдирган бошқа шахсларга ушбу Низом талабларига мувофиқ тасдиқланган тариф бўйича тўловлар тўланганда амалга оширилади.

13. VIP йўлаклардан фойдаланиш учун тариф Давлат божхона қўмитаси
ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган прейскурантлар асосида белгиланади.

VIP йўлаклардан фойдаланиш учун тариф бўйича тўловлар ўтказиш пунктидаги банк шаҳобчалари орқали амалга оширилади.

14. VIP йўлакларидан фойдаланиш учун олинган маблағлар Давлат божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳудудий таркибий тузилмаларини ривожлантириш жамғармаларига қуйидаги тартибда тақсимланган ҳолда ўтказилади:

80 фоизи – божхона органларига;

20 фоизи – чегара қўшинларига.

15. VIP залида кўрсатиладиган хизматлар учун нархлар VIP залида хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.

VIP залида кўрсатиладиган хизматлар учун тўловлар хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

16. VIP йўлакларидан фойдаланиш учун тариф ҳамда VIP залида кўрсатиладиган хизматлар учун нархлар тўғрисидаги маълумот ДБҚнинг расмий веб сайтига ҳамда ўтказиш пунктига кириш жойидаги пештахтада жойлаштирилади.

17. VIP йўлакларидан фойдаланиш учун белгиланган тўловлар нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

4-боб. Фавқулодда ҳолатларда хизмат кўрсатиш

18. Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, VIP йўлак ходимлари VIP йўлаклардан фойдаланувчи шахсларни бошқа жойга ўтказилиши тўғрисида огоҳлантиришлари ҳамда имкон қадар уларга амалий ёрдам кўрсатишлари лозим.

5-боб. VIP йўлаклардан фойдаланувчиларнинг ҳисобини юритиш

19. VIP йўлаклардан фойдаланувчи шахслар ҳисоби ва назорати Чегара қўшинларининг электрон базаси маълумотлари асосида юритилади.

6-боб. Якунловчи қоида

20. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль
ўтказиш пунктларида алоҳида тоифали йўловчиларга
хизмат кўрсатиш  йўлаклари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

 

Давлат чегараси орқали автомобиль пунктларидаги махсус заллардан (VIP) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ва дипломатик миссиялар ходимлари тоифаларининг

РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шуьба мудирлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аппарати раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аппарати раҳбари;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси раиси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва қўмиталари раислари;

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчилари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси ва унинг ўринбосарлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибиятларининг мудирлари.

5. Марказий идоралар

Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги Давлат хизмати раиси
ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори.

6. Вазирликлар ва идоралар, хокимиятлар

Ўзбекистон Республикаси вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимлари.

7. Дипломатик миссиялар

Чет эл дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «А» сериядаги карточкалар);

чет эл мамлакатлари ишларидаги ишончли вакиллар ва уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «Б» сериядаги карточкалар);

халқаро ташкилотлар ва ваколатхоналар раҳбарлари, уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «Б» сериядаги карточкалар);

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг ёзма талабномаси асосида Ўзбекистонда бўлган ёки транзит бўлиб турган хориж делегациялари.

8. Бошқа ташкилотлар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари - Митрополит.

Umumiy takliflar: 0

347