ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
13210 Министерство культуры Республики Узбекистан 31/01/2020 15/02/2020 2
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида давлат театрларини ташкил этиш тўғрисида
ID-13210

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2018 — 2022 йилларда давлат театрларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида” 2018 йил 5 январдаги 9-сон қарорига мувофиқ Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида театр санъатини янада ривожлантириш, вилоятлар аҳолиси хусусан, ёшларни мунтазам театрларга жалб этиш, ўзбек ва жаҳон маданиятининг энг сара дурдона асарларидан баҳраманд этиш орқали уларнинг маънавий-аҳлоқий, эстетик диди ва маданий даражасини янада юксалтириш, шунингдек маънавий етук, баркамол шахсларни тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, театр хизматларини кенгайтириш ҳамда бу йўналишдаги устувор вазифаларни тўлиқ амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳокимликларининг 2021 йилдан:

Навоий вилояти мусиқали драма театри;

Наманган вилояти қўғирчоқ театри;

Тошкент вилояти мусиқали драма театри давлат муассасалари шаклида (кейинги ўринларда давлат театрлари деб аталади) ташкил этиш;

2021-2022 йилларда давлат театрларига янгидан биноларни қуриш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

давлат театрларининг фаолиятини молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 18 апрелдаги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида давлат театрларининг биноларини қуриш ва жиҳозлаш бўйича:

буюртмачи этиб — Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” давлат муассасаси белгилансин;

бош лойиҳачи ва бош пудрат ташкилотлари белгиланган тартибда ўтказиладиган танлов (тендер) савдолари натижалари асосида белгилансин.

Бунда, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш жараёнида ташриф буюрувчилар, хусусан имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш, туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, замонавий архитектура-режалаштириш, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир театр биноси эскиз-лойиҳасининг театрнинг йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши шунингдек, театрларнинг бинолари эскиз-лойиҳасини тайёрлаш жараёнига театр соҳасидаги малакали мутахассисларни жалб қилиш назарда тутилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

давлат театрларнинг устави ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;

давлат театрларни доимий равишда малакали кадрлар билан таъминлаб бориш ҳамда самарали фаолият юритишини ташкил этишни;

республика давлат театрларининг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда театрларнинг ижодкорларига режиссура ва актёрлик маҳорати ҳамда саҳна ҳаракати ва саҳна нутқи бўйича махсус маҳорат дарслари ўтказилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидаги актёрлик санъати таълим йўналиши бўйича Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятлари учун мақсадли қабул квоталарини белгиласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб давлат театрлари учун белгиланган меъёрларга асосан зарур штат бирликлари ажратилишини таъминласин.

4. Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари:

янгидан қуриладиган давлат театрлари бинолари учун белгиланган тартибда шаҳар марказидан зарур ер майдонлари ажратилишини;

ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишининг маҳаллий бюджет маблағлари ва эксплуатация қилувчи ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишини;

давлат театрларига 1 тадан енгил хизмат автотранспорт, 1 тадан автобус ва 1 тадан юк ташувчи автотранспорт воситалари харид қилиш учун маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағ ажратилишини таъминласин.

5. Қуйидагилар давлат театрлари биноларини янгидан қуриш ва жиҳозлашни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастури доирасида марказлашган маблағлар;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

меценатлик кўмаги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Молия вазирлиги:

Маданият вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2021-2022 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда мазкур қарорда белгиланган давлат театрлари биноларини қуриш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсин.

Бунда, 2020 йилда давлат театрлари биноларини янгидан қуриш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур маблағлар ажратилади.

давлат театрларининг фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағлар 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда назарда тутилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Маданият вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Навоий, Наманган ва Тошкент вилояти ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин ҳамда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида” 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорига 1-илованинг “Навоий вилояти” бўлими ва “Навоий вилояти” бўлимига “Навоий вилояти мусиқали драма театри”, “Наманган вилояти” бўлимига “Наманган вилояти қўғирчоқ театри”, “Тошкент вилояти” бўлими ва “Тошкент вилояти” бўлимига “Тошкент вилояти мусиқали драма театри” сўзлари қўшилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков, Навоий вилояти ҳокими К.Б. Турсунов, Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров, Тошкент вилояти ҳокими Р.Қ. Холматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг
    Бош вазири

 


       А. Арипов

Umumiy takliflar

245