ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
12733 Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций Республики Узбекистан 22/01/2020 06/02/2020 0

Muhokama yakunlandi

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида
ID-12733

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 3 декабрдаги 965-сон қарорига мувофиқ ҳамда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада такомиллаштириш, ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқиш ва ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

           Бош вазири                                                                                            А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори билан тасдиқланган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ушбу Низом Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш, юридик шахсларни резидент сифатида рўйхатдан ўтказиш ва мақомдан маҳрум этиш, резидентлар учун солиқ ва божхона имтиёзларини, улар билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича ходимлар томонидан солиқ имтиёзларининг қўлланилишини, шунингдек, истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартибини белгилайди”.

2. 2-бандда:

а) тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда Технопарк деб аталади) – Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида, ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг максимал даражада қулай шароитларини яратиш учун республиканинг бутун ҳудудида Технопарк резидентларини жойлаштирган ҳолда  ишлайдиган ташкилий-ҳуқуқий шакл”;

б) қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

“веб-портал – Технопарк резиденти мақомини олиш учун юридик шахслардан ҳужжатлар қабул қилиш, Дирекция ва унинг резидентлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан улардан ҳисоботлар, хулосалар, бизнес-режалар ва бошқаларни қабул қилиш учун мўлжалланган Технопарк Дирекциясининг интернет тармоғидаги расмий веб-сайтидаги бўлими. Веб-порталнинг ишлаш тартиби Дирекция томонидан белгиланади;

Технопарк резидентлари учун фаолият турларининг махсус таснифлагичи (кейинги ўринларда махсус таснифлагич деб аталади) – Технопарк резидентлари амалга оширадиган фаолият турларининг Ўзбекистон республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган рўйхати;

Эксперт кенгаши – Технопарк Дирекцияси қошида резидент мақомини олиш учун ариза берган юридик шахслар ва резидентларнинг бизнез-режаларини таҳлил қилиш мақсадида вазирликлар ва идоралар, илмий муассасалар, олий ўқув юртлари малакали мутахассилари ва бошқа мутахассилардан ташкил этиладиган орган. Эксперт кенгашининг иш тартиби Технопарк Дирекцияси томонидан белгиланади”.

3. 5-бандда:

а) иккинчи хатбошидаги “ишлардан” сўзи “ишлардан (кўрсатилган хизматлардан)” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилсин:

“қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар”.

4. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“9. Юридик шахслар Технопарк резиденти мақомини олиш учун қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлишлари керак:

а) махсус таснифлагичга мувофиқ фаолият турини амалга ошириш;

б) махсус таснифлагич билан белгиланган фаолият турлари бўйича иқтисодий асосланган бизнес-режаларга эга бўлиш”.

5. 10-бандда:

а) биринчи хатбошидаги “Дирекцияга (шахсан ўзи келиб, почта алоқаси орқали, электрон почта ёки Дирекциянинг расмий веб-сайти орқали)” сўзлари “веб-портал орқали” сўзлари билан, “тақдим этади” сўзлари “беради” сўзи билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

“Тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавобгарлик ариза берувчига юклатилади. Ариза берувчининг тақдим этган ҳужжатларида мазкур Низом ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг талабларига номувофиқликлар аниқланган ҳолатларда Дирекция аризани кўриб чиқиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли.

Юридик шахснинг, барча зарур шаклларни веб-пордалда тўлдирганидан сўнг ариза бериши, Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартнома (кейинги ўринларда Шартнома деб аталади) тузилишига розилик бериши ҳисобланади”.

6. 11-банддаги “5” рақами “3” рақамига алмаштирилсин;

7. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Бизнес-режаларни Махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларига мувофиқлиги, лойиҳанинг амалга ошириш имкониятлари, ахборот технологиялари соҳасидни ривожлантиришда Технопарк резиденти сифатида юридик шахс томонидан жорий қилиниши таклиф этилаётган лойиҳанинг инновацион ва оммабоплиги бўйича экспетизадан ўтказиш мақсадида топширилган ариза ва ҳужжатлар 3 (уч) иш куни мобайнида Дирекция томонидан Эксперт кенгашига юборилади.

Эксперт кенгаши бизнес-режа тақдимотини ўтказиш учун ариза берувчини таклиф қилиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳуқуқига эга.

Эксперт кенгаши бизнес-режа экспертизасини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ўтказади.

Эксперт кенгаши экспертиза натижаларига кўра тақдим этилган бизнес-режанинг Махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларига мувофиқлиги ёки номувофиқлиги тўғрисида хулоса беради”.

8. 14-бандда:

а) иккинчи ва учинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“ҳужжатларда ноаниқ ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;

Эксперт кенгаши хулосаси билан тасдиқланган, фаолиятни маънавий эскирган, истиқболи йўқ ёки аҳамияти катта бўлмаган йўналишлар бўйича амалга ошириш”;

б) қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қўшилсин:

“амалга оширилиши учун таклиф этилган бизнес-режа Махсус таснифлагичда кўрсатилган фаолият йўналишларига мос келмаслиги ёки уни жорий қилиш белгиланланган фаолият йўналишлари ташқарисига чиқиб кетиши;

юридик шахс ёки у билан боғлиқ шахсларнинг Технопарк олдида Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги олдинги шартномалар бўйича бажарилмаган мажбуриятларининг мавжудлиги”.

в) тўртинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

9. 16-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Юридик шахсни Технопарк резиденти сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиниши юридик шахснинг Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага розилигини англатади.

Шартноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланади, Дирекциянинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ҳамда оммавий оферта шаклига мувофиқ бўлади”.

10. 17-бандда:

а) қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилсин:

“Технопарк резиденти асосий фаолиятидан тушган даромаддан ташқари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни умумий тартибда тўлаш шарти билан даромад олиш ҳуқуқига эга (роялти солиқлари бундан мустасно)”;

б) бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

11. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Технопарк резиденти:

фақат махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларини амалга ошириши;

Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага амал қилиши;

ўз фаолияти тўғрисида Дирекция томонидан тасдиқланадиган муддатларда ва шаклга кўра ахборот, жумладан статистик ва солиқ ҳисоботи нусхаларини веб-портал орқали тақдим этиши;

ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечикмай Дирекциянинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамига соф фойданинг бир фоизи, ҳисобот даврида фойда мавжуд бўлмаган тақдирда икки базавий ҳисоблаш миқдорида ажратма ўтказиши;

ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 июлигача молия-хўжалик фаолияти мажбурий аудитини ҳамда махсус савол аудитини ўтказиши ва аудиторлик ҳисоботининг ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини веб-портал орқали Дирекцияга юбориши шарт. Махсус савол аудитини ўтказишда юридик шахснинг ҳақиқатда амалга оширган фаолияти, махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларига мувофиқлиги масалалари ҳамда молиявий йил давомида амалга оширилган фаолият турлари ва уларни амалга ошириш натижасида олинган умумий тушумдаги улуши кўриб чиқилиши керак. Аудиторлик хулосасида олинган тушум ва юридик шахснинг ҳақиқатда амалга оширган фаолияти махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларига мувофиқлиги кўрсатилади;

ҳар йили 10 январга қадар жорий йилда амалга оширилиши таклиф этилаётган ҳамда махсус таснифлагичда белгиланган фаолият турларига мувофиқ бўлган бизнес-режани веб-портал орқал Дирекцияга тақдим қилиши шарт;

ўқув курслари ташкил этилган тақдирда ҳар йили Дирекцияга ахборот технологиялари бўйича ўтказилган ўқув курслари ҳақида маълумот бериши ҳамда ушбу курслар доирасида ўқув дастурини келишиши шарт.

Технопарк резиденти Дирекция билан тузилган Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин”.

12. 19-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Технопарк резиденти мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, Дирекция 3 иш куни мобайнида:”.

13. 20-банднинг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Юридик шахс қайта ташкил этилганда, Технопарк резиденти мақоми давлат рўйхатига олинган санадан бошлаб барча ҳуқуқлар ва илгари қабул қилинган мажбуриятлар сақланган ҳолда қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтади. Бунда, давлат рўйхатига олингандан сўнг ўн кун муддатда юридик шахс резидентларнинг ягона реестрига ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш киритиш учун ёзма равишда Дирекцияга мурожаат қилади. Бундай тартиб юридик шахснинг номи ўзгарганда ҳам қўлланилади”.

14. 21-бандда:

а) иккинчи хатбошидаги “ушбу Низомнинг 9-банди “а” кичик бандида кўрсатилган” сўзлари “махсус таснифлагичда белгиланган” сўзлари билан алмаштирилсин;

б) қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:

“ўз фаолияти, солиқ ва статистика ҳисоботлари, бизнес-режа, шунингдек аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси тўғрисидаги маълумотларни ўрнатилган муддатларда тақдим этилмаганлиги ёки уларда ишочсиз маълумотлар тақдим этилганлиги;

мазкур Низомнинг 18-банди бешинчи хатбошида белгиланган ажратмаларни тўланмаганлиги;

юридик шахсни қайта ташкил этилганлиги, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно”;

в) олтинчи хатбоши тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

15. 22-банддаги “Дирекция билан Технопарк резидентининг фаолияти шартлари тўғрисидаги шартнома қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилингандан кейин” сўзлари чиқариб ташлансин.

16. 24-бандда “қўмитасига” сўзи “қўмитаси ва юридик шахсга хизмат кўрсатувчи тижорат банкига” сўзлари билан алмаштирилсин.

17. 25-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари тармоғини ривожлантириш учун шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармонига мувофиқ:

а) Технопарк резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли фондларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуна, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот учун (божхона йиғимларидан ташқари) божхона тўловларини тўлашдан озод этиладилар.

б) ходимлар томонидан Технопарк резидентлари билан тузилган меҳнат шартномалари бўйича 2028 йил 1 январгача олинган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадларга:

қайд этилган 7,5 фоизли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ солинади;

ушбу даромадлар жисмоний шахсларнинг солиқ солиш мақсадларида белгиланадиган жами йиллик даромадлари ҳажмига киритилмайди.

Жисмоний шахсларнинг бюджетга тўланиши лозим бўлган, мазкур банднинг б) кичик банди иккинчи хатбошида кўрсатилган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган даромадларига солинадиган солиқ суммаси жисмоний шахсларнинг солиқ солиниши керак бўлган даромадларининг 1 фоизи миқдорида ҳисобланадиган, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига ўтказиладиган ҳар ойдаги мажбурий бадаллари суммасига камаяди”.

18. 50-бандда “Жамғарма маблағлари ҳисобига” сўзлари “Жамғарма маблағлари, Дирекциянинг ўз маблағлари” сўзлари билан алмаштирилсин.

19. 51-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Стартап-лойиҳаларни молиялаштириш Жамғарма томонидан пул маблағларини беғараз ажратиш йўли билан, шунингдек, мазкур низомнинг 53-бандига мувофиқ Дирекция томонидан ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилган ҳолда амалга оширилади”.

20. 53-банднинг биринчи хатбошида “Жамғарма” сўзи “Жамғарма (Жамғарма томонидан молиялаштириш амалга оширилаётган ҳолда)” сўзлари билан алмаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган
деб ҳисобланаётган айрим ҳужжатлари

РЎЙХАТИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 15 августдаги 631-сон қарори.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 204-ф-сонли фармойиши.

Umumiy takliflar

352