ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
12622 Хокимият Самаркандской области 18/01/2020 02/02/2020 0

Muhokama yakunlandi

Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Самарқанд вилоятида давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий меърос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб бериш тўғрисида
ID-12622

Самарқанд вилоятида давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш ҳамда тасвирий ва халқ амалий санъати йўналишларида “Усто-шогирд” мактаблари ишини давом эттириш, улар ишини янада ривожлантириш учун бадиий ижодкорлар уюшмаси галереялари ташкил этиш ва уларга ижодий устахоналар ажратилишини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Бадиий академияси, Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти, Қурилиш вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг: Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб берилган Самарқанд шаҳар, Регистон кўчаси, 3а-уй манзилида жойлашган “Усматбой мадрасаси” биносини картиналар галереяси ва “Усто-шогирд” мактаблари ишини давом эттиришда ижодий устахоналар фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимига; Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб берилган Самарқанд шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчаси, 35-уй манзилида жойлашган моддий маданий мерос объектининг бўш турган биносидан самарали фойдаланиш мақсадида Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Бадиий академияси, Қурилиш вазирлиги ва Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига мазкур қарорда белгиланган моддий маданий мерос объектларини ўрнатилган тартибда қабул қилиш ва топшириш ишларини амалга ошириш вазифаси юклатилсин.

3. Ўзбекистон Бадиий академияси, Қурилиш вазирлиги ва Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментига мазкур қарорнинг 2-бандига мувофиқ топширилаётган моддий маданий мерос объектларида режалаштириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4068-сонли қарорининг 10-бандига асосан Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилишини таъминласин.

4. “Давергеодезкадастр” қўмитаси моддий маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов зиммасига юклансин.

                   Ўзбекистон Республикаси

                             Бош вазири                                           А.Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб бериш тўғрисида”ги қарори лойиҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

I. Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосланиши.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 85-бандида барча вилоятлар марказларида тасвирий ва халқ амалий санъати йўналишларида “Усто-шогирд” мактаблари ишини давом эттириш, улар ишини янада ривожлантириш учун Бадиий ижодкорлар уюшмаси галереялари ташкил этиш ва уларга ижодий устахоналар ажратилишини таъминлаш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга вазифалар юклатилган.

Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасининг Самарқанд шаҳар Регистон майдони ҳудудида жойлашган “Усматбой мадрасаси” биносини картиналар галереяси ва “Усто-шогирд” мактаблари ишини давом эттиришда ижодий устахоналар фаолиятини йўлга қўйиш учун қулай ва мос бино бўлганлиги сабабли, ушбу биноларни Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимига ҳамда Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармасига қарашли Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчаси 35-манзилда жойлашган маданий мерос объектининг бўш турган биносини Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бириктириб берилиши юзасидан Ўзбекистон Бадиий академияси ва Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти билан келишилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4068-сонли қарорининг 10-бандида кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ёки текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бириктириш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилганлиги сабабли, Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланди.

II. Қарор лойиҳасини қабул қилишнинг мақсади ва унинг мазмуни.

Самарқанд вилоятида давлат кўчмас мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашни таъминлаш мақсадида.

III. Молиявий харажатлар ва давлат бюджети йўқотишлари.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши учун республика ва маҳаллий бюджетдан маблағ талаб этилмайди.

IV.Кутилаётган натижалар.

Давлат кўчмас мулки ҳисобланган бўш турган моддий маданий мерос объектларидан самарали фойдаланилади ҳамда вилоятда тасвирий ва халқ амалий санъати йўналишларида “Усто-шогирд” мактаблари ишини давом эттириш учун бадиий ижодкорлар уюшмаси галереялари ва ижодий устахоналар фаолияти йўлга қўйилади.

     Вилоят ҳокими                                       Э.Турдимов

Umumiy takliflar

181