ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
12551 Министерство сельского хозяйства Республики Узбекистан 17/01/2020 01/02/2020 8
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-12551

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5742-сон Фармонига мувофиқ ҳамда  қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳар йили экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ва сув билан таъминлаш имкониятлари ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириладиган майдонларни контурлар кесимидаги хариталари (электрон ва қоғоз)ни ва тупроқ балл бонитетлари тўғрисидаги маълумотларни мафаатдор вазирлик ва идораларга тақдим этилишини таъминласин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижаларига мувофиқ ҳудудлар (туманлар ва массивлар)ни ихтисослаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқсин ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йиллик аҳоли истеъмоли ва уларни қайта ишлаш қувватлари ҳамда ташқи бозорлар маркетинги натижаларига мувофиқ асосий улгуржи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо айланмаси ва ҳажмлари бўйича ишончли маълумотларни мафаатдор вазирлик ва идораларга тақдим этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ишларини ташкил этиш  ва  мувофиқлаштириш вазифаси юклатилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д.Вахабов зиммасига юклансин.

 

 

              Ўзбекистон Республикасининг
                               Бош вазири                                                   А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
20__ йил “____” _______даги ______-сон қарорига
ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

Ушбу низом суғориладиган ва лалми ерларда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар такларифлари, ички ва ташқи бозор талаблари ҳамда ҳудудларнинг табиий иқлим шароитлари ва сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар асос қилиб олинади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

алмашлаб экиш – қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосланган ҳолда муайян муддат давомида навбатлаб экиш ва далаларга жойлаштириш;

қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш – экин ерлар майдонларини контурлар ва ердан фойдаланувчилар кесимида қишлоқ хўжалиги экинларининг алоҳида турларини муайян ҳудуднинг табиий-иқлим шароитлари, моддий-техника таъминоти, меҳнат ва бошқа ресурслар, ташқи ва ички бозор талабларига мувофиқ жойлаштириш ва етиштириш (ишлаб чиқариш)ни ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;

қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчи – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (ишлаб чиқариш) учун ўрнатилган тартибда ер участкасини ижара асосида муайян муддатга фойдаланишга олган ташкилот, корхона, муассаса ва бирлашмалар;

қишлоқ хўжалиги экинлари – асосий майдонларга экиладиган ғўза, бошоқли дон, шоли, сабзавот, полиз, картошка, ем-хашакбоп илдиз мевали ўсимликлар, бир йиллик ўтлар, беда, маккажўхори, тамаки ҳамда такрорий майдонларга ва «тўқсонбосди» усулида экиладиган экинлар;

қишлоқ хўжалиги экин майдонлари – мунтазам равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида ёки чорва учун табиий ем-хашак манбаи сифатида фойдаланиладиган ерлар, уларнинг таркибига суғориладиган ва суғорилмайдиган ҳайдов ерлар, кўп йиллик дарахтлар (боғлар, токзорлар, тутзорлар, мевазорлар, резаворзорлар ва бошқа мевали дарахтлар), бўз ерлар, пичанзорлар ва яйловлар киради;

лалмикор ерлар – суғориш имконияти мавжуд бўлмаган ва суғориш тармоғига эга бўлмаган ерлар;

суғориладиган ерлар – қишлоқ хўжалигида фойдаланиш ва суғориш учун яроқли бўлган, сув ресурслари шу ерларни суғоришни таъминлай оладиган суғориш манбаи билан боғланган доимий ёки муваққат суғориш тармоғига эга бўлган ерлар;

сув билан таъминланганлик даражаси – муайян ҳудудда аниқ қишлоқ хўжалиги экин турини етиштириш бўйича вегетация давомида ушбу экин турининг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш учун талаб этиладиган илмий-асосланган миқдордаги сув ҳажми билан таъминланганлиги;

тупроқ балл-бонитети – қишлоқ хўжалиги экинлари агротехникаси ўртача даражада бўлганидаги тупроқ сифати ҳамда табиий унумдорлик қувватига бериладиган қиёсий баҳо;

тупроқ унумдорлиги – тупроқнинг ўсимликлар ўсиши ва ривожланиши учун зарурий шароитларни таъминлаш қобилияти;

ҳосилдорлик – бир гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинидан олинадиган ялпи ҳосил кўрсаткичи.

ҳудуларнинг табиий иқлим шароитлари – муайян ҳудуднинг географик жойлашувига мувофиқ об-ҳавонинг кўп йиллик статистик таҳлили бўйича иқлим тавсифлари;

экин майдони – қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдон.

3. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5742-сон Фармони билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси доирасида фойдаланишга киритаётган ер майдонларига, деҳқон хўжаликлари, илмий-тадқиқот институтлари, уларнинг филиаллари ер участкалари ва илмий тажриба станциялари ер майдонларига татбиқ этилмайди.

 

2-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тамойиллари ва мезонлари

5. Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришнинг асосий тамойиллари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йўқотилишини ва транспорт харажатларини камайтириш мақсадида хом-ашёларни қабул қилиш, қайта ишлаш корхонларига ва тайёр маҳсулотларни қабул қилиш пункт (истеъмолчиларга етказиб бериш майдон)ларига яқин ҳудудларга жойлаштириш;

маҳсулот бирлиги бўйича харажатларни камайтириш;

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун нисбатан қулай ҳудудни танлаш ва харажатларни баҳолаш ишларини ўтказиш;

агросаноат мажмуи тармоқларининг ўзаро муносабатларини мақбуллаштириш;

ҳудудда кам ривожланаётган соҳаларни кучайтириш учун қўшимча ишлаб чиқариш имкониятларини, зарурий инфратузилмаларни ёки савдо ташкилотларини яратиш;

ички ва ташқи бозорлардаги талаб ва таклиф нисбатини ҳисобга олиш;

талаб кўп бўлган экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларини етиштириш;

қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар, экспортёлар ва қайта ишловчи корхоналарнинг таклифлари асосида экинларни жойлаштириш;

ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобига ҳудуднинг истеъмол талабини қондириш;

қайта ишлаш корхоналарининг хом-ашё ресурсларига бўлган талабини ҳисобга олиш;

қишлоқ хўжалигининг истиқболдаги ривожланиш йўналишларини ҳисобга олиш.

5. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда қуйидаги мезонларга риоя этилиши таъминланиши керак:

ҳудуднинг табий-иқлим шароитлари: географик жойлашган ўрни, геоморфолик-литологик тузилиши, гидрогеологик ва иқлим шароитлари, тупроқ унумдорлиги (балл-бонитети) ва мелиоратив ҳолати, қишлоқ хўжалиги экинларининг ўсув даврининг давомийлиги, фойдали ҳарорат йиғиндиси, ёғингарчилик миқдори, гидромелиоратив тизимлари ва ер ости сувларининг ҳолати, совуқ ва қурғоқчилик даврининг бошланиш эҳтимоли, сув ва шамол эрозиясининг мавжудлиги ҳамда хўжалик ихтисослашуви;

ер ва сув ресурслари билан таъминланганлиги: талаб этиладиган ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (ишлаб чиқариш)ни таъминлайдиган ҳайдалма ер майдонларининг мавжудлиги ва уларни сув билан таъминланганлик даражаси;

сув танқис ҳудудларда сувсизликка чидамли ва сув тўплаш хусусиятига эга бўлган экинларни жойлаштириш.

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг даромадлилиги: ички ва ташқи бозорда маҳсулотга бўлган талаб келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштириладиган маҳсулотларни сотиш имкониятлари ҳисобга олиш.

аниқ ҳудудларда бир турдаги экинларни жойлаштириш ва алоҳида маҳсулот турларини етиштириш (ихтисослаштириш)нинг самарадорлигини баҳолаш;

 

3-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда
давлат бошқарув органларининг вазифалари

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштиришда  манфаатдор томонларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

қишлоқ хўжалиги экинларининг навлар бўйича жойлаштирилишини, контурлар бўйича экилиши, агротехник тадбирлар ўтказилишини, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа моддий-техника ресурсларининг маҳсулот етиштирувчи хўжаликларга белгиланган тартибда етказиб берилишини мониторингини ташкил этади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги экинларини ер ҳисоботи бўйича тўлиқ жойлаштирилганлигини таҳлил қилади ва таъминлайди;

қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштириладиган майдонларни контурлар кесимидаги хариталарини электрон ва ёзма шаклда ишлаб чиқади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тақдим этади;

экин майдонлари жойлашган контурлар бўйича тупроқ балл бонитетларининг тўғрилиги ва ишончлилигини таъминлайди.

8. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

ҳудудлар кесимида экин майдонларининг мелиоратив ҳолати ва сув билан таъминлаш имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тақдим этади;

шартли суғориладиган ерларни алоҳида ҳисоб-китобини юритади.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмларини башорат қилади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йиллик аҳоли истеъмоли ва уларни қайта ишлаш қувватлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун талаб этиладиган минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа моддий-техника ресурслар тўғрисидаги маълумотларни ишлаб чиқади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига тақдим этади.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

ташқи бозорлар бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ундан қайта ишланган тайёр маҳсулотлар маркетингини олиб боради;

маркетинг натижаларига мувофиқ асосий улгуржи бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо айланмаси ва ҳажмлари бўйича маълумотларни шакллантиради ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

ҳудудларида экинларни оқилона жойлаштириш ишларини ташкил этади;

ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт имкониятларини тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлайди;

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда қуйдаги вазифаларни амалга оширади:

ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганади ва натижаси бўйича маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига ҳамда манфаатдор вазирлик ва идораларга тақдим этиб боради;

агротехник тадбирларнинг сифатли бажарилиши устидан назорат олиб боради.

 

4-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби

13. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ушбу Низом иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

14.  Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги кейинги йил учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича аҳоли ва қайта ишлаш корхоналарининг истеъмол ҳажмлари тўғрисидаги ахборотларни, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хорижий давлатлар кесимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аниқ турлари экспорти талаблари тўғрисидаги таклифларни ҳар йили апрель ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этади.

15. Туман (Қувасай шаҳар) ҳокимликлари хар йили 5 майга қадар қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш бўйича қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини қабул қилади ва умумлаштиради.

16. Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар экинларни мустақил жойлаштиради ва бунда хўжаликнинг ихтисослашуви ва ер майдонининг контур яхлитлиги, тупроқнинг мелиоратив ҳолати, сув билан таъминланганлиги, охирги 3 йилда олинган ҳосилдорлик, ўтмишдош экин, тупроқ балл бонитетини ҳисобга олади.

17. Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда туман (шаҳар) ирригация бўлимларидан экин майдонларининг сув билан таъминланганлик даражаси тўғрисида хулоса олинади.

18. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экин майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари контурлар кесимида жойлаштирилиб, ҳудуд (массив)нинг 1:10000 миқёсдаги харитасига ҳар бир экин тури бўйича тегишли шартли белгилар асосида тушириб чиқилади.

19. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг экин майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари контурлар кесимида ҳудуд (массив)нинг 1:10000 миқёсдаги харитага туширилган экинларни жойлаштириш натижалари туман қишлоқ хўжалиги бўлими, ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда “Ўздаверлойиҳа” институтининг ҳудудий бўлинмаси масъул ходими томонидан имзоланади.

20. Туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими билан биргаликда 5 иш кунида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларнинг ҳосилдорлиги тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади. Лойиҳага қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларнинг ҳосилдорлиги прогноз ҳажмлари, шунингдек ҳудуднинг (массив) 1:10000 миқёсдаги харитасига экинларни жойлаштириш натижалари илова қилинади.

21. Туманда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида тасдиқлангандан кейин “Ўздаверлойиҳа” институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари 15 иш кунида ҳар бир қишлоқ хўжалиги корхоналарида контурлар кесимида жойлаштирилган экин турлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини яратади, шунингдек экинларнинг экилиши ва ҳолатини доимий мониторингини юритиш мақсадида “электрон харита”га туширади.

22. Туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими туман (шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишган ҳолда 3 иш кунида туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан тақдим этилган ер майдонларининг балл бонитети тўғрисидаги маълумотлар асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 августдаги 235-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган асосий қишлоқ хўжалиги экинлари, боғлар ва токзорларнинг тупроқлари бир бонитет баллига нисбатан норматив ҳосилдорлигидан келиб чиққан ҳолда жойлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини белгилайди.

23. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўн кун муддатда ҳудудлардаги мавжуд суғориладиган ва лалми майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ишларини қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширади:

қишлоқ хўжалиги экин тури жойлаштирилаётган майдон (контур)да ушбу экин турини етиштириш бўйича алмашлаб экиш талабларига риоя қилинишини ва агротехник тадбирларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлигини таҳлил қилади;

қишлоқ хўжалиги экинлари навбатланишининг энг яхши схемасини танлайди.

24. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар йили июнь ойига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш бўйича таклифларини қабул қилади.

Таклифларда қуйидагилар акс эттирилади:

асосий майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

асосий майдонларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;

асосий майдонларга сабзавот экинларини экиш муддатлари бўйича жойлаштириш кўрсаткичлари;

асосий майдонларга экиладиган сабзавотлардан етиштириладиган маҳсулотлар прогноз кўрсаткичлари;

эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

эртаки экинлардан ва ғалладан бўшайдиган майдонларда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари;

ёш боғ ва ток қатор ораларига қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

ёш боғ ва ток қатор ораларида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз ҳажмлари;

лалми майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичлари;

лалми майдонлардан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари прогноз кўрсаткичлари;

25. Заруратга кўра ғўзани навлар бўйича жойлаштириш ва пахта хом ашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ҳамда кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида алоҳида ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

26. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқади.

 

5-боб. Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш натижаларини мониторингини юритиш

27. Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари мониторинги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан олиб борилади.

 

6-боб. Якунловчи қоидалар

28. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

 

 

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ишларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

 

Босқичлар

 

Субъектлар

 

Тадбирлар

 

Бажариш муддатлари

             

1-босқич

 

Сув хўжалиги вазирлиги,
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги,
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги,
Давергеодезкадастр қўмитаси

 

Маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тақдим этиш.

 

Ҳар йили
1 майга қадар

     
             

2-босқич

 

Туманлар ҳокимликлари

 

Қишлоқ хўжалиги экинларини  жойлаштириш бўйича қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг таклифларини умумлаштириш.

 

Ҳар йили
5 майга қадар

 

             

3-босқич

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

 

Қишлоқ хўжалиги экинларини суғориладиган ва суғорилмайдиган экин майдонлари бўйича контурлар кесимида жойлаштириш.

 

Ҳар йили
15 майга қадар

     
             

4-босқич

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш бўйича таклифларини қабул қилиш.

 

Ҳар йили
16-31 май кунларида

     
             

5-босқич

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш бўйича таклифларига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш.

 

Ҳар йили
10 июнга қадар

     
             

 

6-босқич

 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси,
Давергеодезкадастр қўмитаси

 

Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш натижалари мониторингини олиб бориш.

 

Ҳар йили
экиш мавсуми давомида

 

 

 

 

Umumiy takliflar

412