ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
12405 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 14/01/2020 29/01/2020 3
Постановление Кабинета Министров Республики Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12405

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Сўнгги йилларда ҳудудлардаги ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ёшларни илмий фаолиятга жалб этиш, ёш истеъдод эгаларини тайёрлаб бориш ҳамда илм-фан ва илмий фаолият соҳасининг асосий йўналишларини янада ривожлантириш, илм - фанга интилиш ва унинг жозибадорлик муҳити зарурлигини инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб - қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4433-сон Қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси (бундан кейин – Ёшлар академияси) ташкил этилганлиги маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда республикамизнинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич юридик шахс мақомига эга масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ёшлар технопарки” дирекцияси (бундан кейин – Технопарк) ташкил этиш таклифига розилик берилсин.

Бунда, Технопарк “Яшнобод” инновация технопаркининг ҳудудий бўлинмаси деб ҳисоблансин ва “Яшнобод” инновация технопаркининг резидентларининг жойлашувини экстерриториаллик Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида амалга оширилсин.

3. Қуйидагилар Технопарк фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

ҳудудларда Ёшлар академиясининг фаолиятини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни илмий ва ижодий салоҳиятини ошириш;

ҳудудларда ёшларнинг аналитик фикрлаш, уларни илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур шароитлар яратиш;

ёшларнинг стартап-лойиҳаларни ривожлантириш ва уларни амалга ошириш учун ягона майдон ташкил этиш орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш;

замонавий талабларга жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ҳудудларни сифатли юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматлар билан таъминлаш мақсадида илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш;

иқтидорли ёшларни ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;

етакчи компаниялар вакиллари, малакали мутахассислар ва экспертлар иштирокида тренинглар ва мастер классларни, шунингдек, ёшларда амалий кўникмаларни шакллантириш ва ишлаб чиқарувчилар билан инновацион-корпоратив алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида илмий-техник конференция, семинар, ўқув курслари ва тренинглар ташкил этиш;

иқтидорли ёшлар томонидан таклиф этилган долзарб йўналишлар бўйича лойиҳаларни саралаш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мавзуга оид грантлар бериш юзасидан эълон қилиб бориладиган танловларга йўналтириш;

илмий - техник, инновацион ҳамда стартап - лойиҳаларни амалиётга жорий этиш мақсадида олий таълим муассасаларининг илмий ходимлари, ўқитувчи-профессор ва талабаларини шартнома асосида жалб қилиш.

4. Технопарк фаолиятини молиялаштириш манбаи сифатида қуйидагилар белгилансин:

хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар ва кредитлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бюджетдан ташқари маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб - қувватлаш Жамғармаси;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Белгилаб қўйилсинки:

Технопарклар бино ва иншоотларини ташкил этиш билан боғлиқ ҳамда уларни замонавий асбоб - ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб - қувватлаш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади;

Технопарк директори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида инновация технопаркини ташкил қилиш тўғрисида” 2017 йил 5 июндаги ПФ-5068-сон Фармонининг 10-бандида назарда тутилган имтиёзлар мазкур ташкил этилаётган Технопарклар резидентлари ва Дирекциясига ҳам татбиқ этилади.

6. 2020 — 2023 йиллар даврида республика ҳудудларида “Ёшлар” технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш жадвали (бундан кейин – Жадвал деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари тасдиқланаётган Жадвалда белгиланган муддатларда, Технопаркларни тўлиқ фойдаланишга топширишга шахсан масъул этиб белгилансин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари:

ташкил этиладиган Технопарклар ишларини ташкил қилишга доир талабларга жавоб берадиган мавжуд бинолар ва иншоотларни оператив бошқарув ҳуқуқи билан Технопаркларга берилишини ҳамда зарурат бўлганда, янги бинолар қуришга ер майдонлари ажратилишини;

Технопарклар ташкил этилганидан бошлаб, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш маҳаллий бюджетнинг йил бошидаги бўш қолдиқ маблағлари ҳисобига амалга оширилишини;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Технопаркларга уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун бериладиган объектлар бўйича қуриш ва реконструкция қилишга оид техник топшириқлар ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда оптимал лойиҳавий ва техник ечимлар қўлланишини таъминласинлар.

8. Ташкил этиладиган Технопарклар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Технопарк резидентларини рўйхатга олиш, истиқболли стартап-лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш тартиби, Дирекциянинг тузилмаси ва штатлар жадвали назарда тутилган ҳолда, икки ой муддатда Технопарклар фаолиятини ташкил этиш бўйича низомни тасдиқлаш ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган идоравий норматив -ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудларда илмий - тадқиқот ва изланишлар олиб бораётган, шунингдек иқтидорли ташаббускор ёшларни Технопаркларга жалб этиш ишларини ташкил этсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдураҳмонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси А.З.Саъдуллаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикасининг
                               Бош вазири                                                                                 А. Арипов

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил “___” __________ даги
_____-сон қарорига
ИЛОВА

 

2020 — 2023 йиллар даврида республика ҳудудларида
“Ёшлар технопарк”ларини босқичма - босқич ташкил этиш
ЖАДВАЛИ

Т/р

Ҳудуд номи

Жойлашиш

жойи

Амалга ошириш

муддати

1

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукус ш.

2020 йил

2

Тошкент вилояти

Оҳангарон ш.

3

Хоразм вилояти

Урганч ш.

4

Бухоро вилояти

Бухоро ш.

2021 йил

5

Жиззах вилояти

Жиззах ш.

6

Навоий вилояти

Навоий ш.

7

Самарқанд вилояти

Самарқанд ш.

8

Андижон вилояти

Андижон ш.

2022 йил

9

Наманган вилояти

Наманган ш.

10

Фарғона вилояти

Фарғона ш.

11

Қашқадарё вилояти

Қарши ш.

2023 йил

12

Сирдарё вилояти

Гулистон ш.

13

Сурхондарё вилояти

Термиз ш.

 

Umumiy takliflar

447