Davlat tilida bo'lmagan loyihalar portal ma'muriyati tomonidan loyiha muallifini ogohlantirmasdan o'chiriladi
ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
12138 O'zbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi 09/01/2020 24/01/2020 2
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Qarori
Корпоратив бошқарув соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-12138

Иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификация қилиш бўйича ўрта муддатли ва узоқ муддатли стратегик дастурларнинг самарали амалга оширилишини, мамлакат рақобатбардошлигини ва экспорт салоҳиятини оширишни, корпоратив бошқарувнинг халқаро тажрибасини ҳисобга олган ҳолда замонавий менежерлар тайёрлашни ташкил этиш ва сифатини оширишни таъминлайдиган профессионал бошқарув кадрлар тайёрлаш даражасини янада ошириш ва бизнес таълимини ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш ҳамда уни Бизнес ва корпоратив бошқарув олий мактаби сифатида қайта номлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бизнес ва корпоратив бошқарув олий мактабининг (кейинги ўринларда Олий мактаб деб аталади) асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

корпоратив бошқарув, лойиҳа бошқаруви, менежмент, хусусийлаштириш, баҳолаш фаолияти, давлат-хусусий шериклик, комлаенс ва аудит соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқарув органлари аъзолари, хусусан давлат иштирокидаги корхоналар, корпоратив бошқарув соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар, фонд бозори, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари, ички назорат, молиявий-иқтисодий фаолият таҳлили соҳаларида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишни амалга ошириш;

аҳолининг кенг қатлами учун уларнинг корпоратив бошқарув, миноритар акционерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фонд бозори соҳаларида ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган имтиёзли шартларда қисқа муддатли тренинг курсларни ташкил этиш;

кузатув кенгашларининг мустақил аъзолари ва корпоратив бошқарув бўйича мутахассисларнинг реестрини юритиш ва ушбу соҳада мақсадли курсларни ташкил этиш;

корпоратив бошқарувнинг замонавий услубларини жорий этишда услубий таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада раҳбар кадрларни халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ равишда тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, илғор мамлакатлар, шу жумладан Жанубий Корея, Сингапур, Германия тажрибасини жорий этиш;

Олий мактабни халқаро миқёсда тан олинган 200 та жаҳоннинг энг нуфузли бизнес мактаблари рейтингига киритиш чораларини кўриш;

бизнес ва корпоратив бошқарув соҳасидаги бизнес мактабларининг халқаро рейтингларини олиш учун етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

давлат-хусусий шериклик асосида “икки диплом” (double degree) қўшма дастурларини амалга ошириш ва IELTS, TOEIC, TOEFL ва GMAT талабларини ҳисобга олган ҳолда уларга номзодларни саралашни юқори даражада ташкил қилиш.

3. Олий мактабга Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) билан келишган ҳолда:

магистрларни тайёрлашнинг Давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ профессионал бошқарув кадрлари (менежерлари) учун халқаро миқёсда тан олинган бизнес-таълим дастурлари асосида ўқув режалари, дастурлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талабларини тасдиқлаш;

жаҳондаги таълим фаолиятига доир энг намунали амалиёт ва меҳнат бозорининг реал талабларини ҳисобга олган ҳолда норматив ва қисқартирилган муддатларда, ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган ҳолда магистратурада ўқишни ташкил этиш, шунингдек, Олий мактаб дастурлари бўйича ўқиш учун номзодларни танлаб олиш мезонларини белгилаш;

Олий мактаб профессор-ўқитувчилари фаолиятининг турлари бўйича вақт меъёрларини, шунингдек, улар учун чекланган ўқув юкламасини белгилаш;

Олий мактаб ва унинг филиаллари тузилмаси, штатлар жадвали, ходимлари ва жалб этиладиган консультантлар (экспертлар) меҳнатига, шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш миқдори ва тизимини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

4. Қуйидагилар:

ходимларининг умумий чекланган сони 70 кишидан иборат бўлган Олий мактабнинг тузилмаси 1-иловага;

Олий мактаб филиалларининг намунавий тузилмаси 2-иловага;

Олий мактаб филиалларнинг жойлашуви 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Олий мактаб директорига Агентлик билан келишилган ҳолда зарур ҳолларда Олий мактабнинг ташкилий тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ва республиканинг бошқа минтақаларида филиаллар очиш ҳуқуқи берилсин.

5. Агентлик тузилмасига Агентлик директорининг ўринбосари – Олий бизнес ва корпоратив бошқарув мактабининг директори лавозими киритилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Олий мактаб фаолиятини мавжуд молиялаштириш манбалари сақланиб қолган ҳолда давлат акциялари бўйича ундириладиган ва Агентликнинг ихтиёрида қолдирилган дивидендларнинг суммасининг 5 фоизи миқдоридан молиялаштирилади;

Олий мактабда ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиш даврида магистратура тингловчиларининг эгаллаб турган иш ўринлари (лавозимлари) ва иш ҳақи сақлаб қолинади;

Олий мактаб директори Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Олий мактаб директори ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан келишилган ҳолда Агентлик директорининг қарори билан тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

6. Агентлик бир ой муддатда:

Олий мактаб уставини;

Олий мактаб профессор-ўқитувчилар таркибини танлаб олиш тартибини;

Олий мактабга ўқишга кириш ва уни ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. Олий мактабга:

а) пулли асосда:

замонавий стандартлар ва корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, шунингдек семинар, тренинг ва форумларни, шу жумладан халқаро миқёсда ташкил этишни ўз ичига олган консалтинг хизматларини;

халқаро илғор тажрибаларни умумлаштириш асосида тегишли тавсиялар бериш билан ташкилотларда корпоратив бошқарув ва менежмент тизимлари диагностика қилиш бўйича хизматларини;

менежмент тизимини такомиллаштириш мақсадида қўлланмалар ва ички корпоратив ҳужжатлар намуналарини ишлаб чиқишга;

б) Олий мактаб профессор-ўқитувчилари таркибига хорижий етакчи олий ўқув юртларининг юқори малакали ўқитувчиларини жалб қилишга рухсат берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси:

Олий мактабнинг республика минтақаларидан иштирокчилар ва хорижий илмий-таълим муассасалари билан видеоконференциялар ва масофавий тренинглар ўтказиш учун «Электрон таълим» миллий тармоғига уланишини;

Олий мактабнинг Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий лицензион ахборот-кутубхона ресурслари фондларига доимий равишда электрон уланишини таъминласинлар.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, Агентлик, Тошкент шаҳри ҳокимлиги йиғимлар ва бошқа тўловлар ундирмасдан бир ҳафта муддатда:

тугатилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабининг Олий мактабга ўтаётган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида қайта рўйхатдан ўтказсинлар;

тугатилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабининг кўчмас мол-мулкига кадастр ҳужжатларини Олий мактабга қайта рўйхатдан ўтказсинлар.

11. Агентлик бир ҳафта муддатда Олий мактабнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

12. Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Хоразм, вилоятлари ҳокимликлари Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда Олий мактабни филиалларини жойлаштириш учун зарур бинолар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

13. Агентлик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда давлат-хусусий шериклик асосида Олий мактаб билан "икки диплом” (double degree)  таълимни ташкил этиш учун етакчи хорижий олий ўқув юртларини жалб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Агентлик тегишли вазирлик ва идоралар юидан биргаликда икки ойлик муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

15. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М.Ғаниев, А.А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори С.Х.Бекенов зиммаларига юклатилсин.

 

  Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                    Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

«__» __________ 2020 йилдаги ПҚ-___ сон қарорига

1-илова

Ходимларнинг чекланган сони (техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар ҳисобидан ташқари)

Жами -70 бирлик,

шу жумладан: бошқарув ходимлар – 48 бирлик;

профессор-ўқитувчилар таркиби – 22 бирлик. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

«__» __________ 2020 йилдаги ПҚ-___ сон қарорига

2-илова

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

«__» __________ 2020 йилдаги ПҚ-___ сон қарорига

3-илова

 

Umumiy takliflar: 2

962