ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
11972 Министерство культуры Республики Узбекистан 04/01/2020 19/01/2020 0
O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
“Бахши” журнали таҳририятини ташкил этиш тўғрисида
ID-11972

“Бахши” журнали таҳририятини ташкил этиш тўғрисида

Мамлакатимизда халқ оғзаки ижодининг қадимий анъаналарини тиклаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни янада ривожлантириш, асрлар мобайнида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ бадиий ижодиётининг бебаҳо дурдоналари ҳисобланган бахшичилик ва достончилик санъатининг энг юксак намуналарини сақлаб қолиш, асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро бахшичилик фестивалини ўтказиш тўғрисида” ҳамда “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари халқимиз, айниқса, ёшлар ва келажак авлод қалбида бахшичилик санъатига бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтириш, қадимий маънавий ёдгорликларни халқаро миқёсда тараннум этиш, унинг ёшлар тарбиясидаги беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, бахшичилик санъатининг дунё халқлари ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишга кенг йўл очиб бермоқда.

Бахшичилик санъатини мамлакатимизда ва уни дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб қилиш, миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган бахшичилик санъатининг кўҳна тарихини мукаммал ўрганиш, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш, экспедицялар ташкил этиш ва унинг натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш масаласи бугунги кунда жуда муҳим ва долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 22 июндаги “Мамлакатимизда мақом ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамкорлиги доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6-мажлис баёни 16-банди ижросини таъминлаш, инсоният маънавий меросининг дурдоналаридан бири бўлган бахшичилик санъатини ҳар томонлама ривожлантириш, кенг жамоатчиликни ушбу санъатнинг нодир намуналари билан мунтазам таништириб бориш ва халқаро миқёсда тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Бахши” журнали таҳририятини (кейинги ўринларда журнал деб аталади) ташкил этиш ҳақидаги таклифи мақуллансин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси юридик шахс мақомига эга бўлган журнал таҳририятини муассислари этиб белгилансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда журналнинг Низомини ишлаб чиқсин ва давлат рўйхатидан ўтказсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги:

журнал таҳририятида фаолият юритаётган ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разриядлар ва штатлар жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқланишини;

журналда чоп этиладиган мақолалар учун муаллифлик ҳақи тўлашни тартибга солувчи тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишини;

журнал таҳририяти фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.

5. Журнал таҳририяти бош муҳаррири Маданият вазири томонидан тайинланиши ва вазифасидан озод этилиши белгилаб қўйилсин.

6. Журнал таҳририяти Тошкент шаҳар, Шайхонтохур тумани, Навоий кўчаси, 30-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги биносида ижара тўлови ундирилмасдан жойлаштирилсин.

7. Журналининг пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилиши инобатга олинсин:

журнални сотишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;

бюджет маблағлари (субсидия);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.

8. Белгилаб қўйилсинки, бюджет маблағлари (субсидия) журналнинг ўз даромадлари билан қопланмаган сақлаш харажатларининг тегишли қисмини молиялаштириш учун ажратилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администракцияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги журнални мунтазам равишда имтиёзли нархларда чоп этиш бўйича чоралар кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги:

журнал тахририятини хизмат телефонлари, жумладан, шаҳар телефони, интернет ва бошқа алоқа воситалари билан таъминласин;

журнални мунтазам равишда обуначиларга имтиёзли нархларда етказилиши бўйича чоралар кўрсин;

журналнинг веб-сайтини яратишда кўмаклашсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

муассислар тақдим этган ҳисоб-китоб асосида 2020 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу журналга обунадан тушадиган маблағ билан нашр этишга сарфланадиган харажатлар тафовутини молиявий таъминлаш учун давлат бюджетидан тегишли маблағни ажратишни назарда тутсин;

журналга хорижий давлатлар даврий нашрларига обуна бўлиш, чет мамлакатларда чоп этилган адабиёт ва санъат асарларини сотиб олиш, хорижлик муаллифларга қалам ҳақи тўлаш, қоғоз ва бошқа матбаа ашёларини харид қилиш учун зарур бўлган маблағларни эркин алмаштириладиган валютага белгиланган тартибда айирбошлашни таъминласин.

журналининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича унинг ўз даромадлари билан қопланмаган харажатлар қисмини молиялаштириш учун маблағларни (субсидия) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг «Маданият» соҳаси учун кўзда тутилган маблағлар доирасида ажратсин;

журнал таҳририятига битта хизмат енгил автомобилини сақлаш учун лимит ажратсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки журнал таҳририятининг миллий ва чет эл валютасидаги ҳисоб-китоб счётларини очсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфларидаги муассасалар, олий ўқув ва илмий-текшириш институтлари имкониятларини сафарбар қилиш ва чет мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини боғлашда таҳририятга амалий ёрдам кўрсатсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда журнални мамлакатимиз фуқаролари орасида ҳамда чет давлатларда кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари, аэропортлар кутиш заллари ва самолётлар салонлари, вокзаллар ва поездлар, кутубхоналар ва меҳмонхоналар ҳамда юртимиз музейларида белгиланган тартибда тарғиб этишни амалга оширсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б. Сайфуллаев зиммасига юклансин.

 

              Ўзбекистон Республикасининг
                              Бош вазири                                                                                   А.Арипов

Umumiy takliflar

190