ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
11624 Государственный таможенный комитет Республики Узбекистан 24/12/2019 08/01/2020 2

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш тўғрисида
ID-11624

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида пуллик хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш тўғрисида

“Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2016 йил 28 мартдаги 89-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини ташкил этиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 18 ноябрдаги 912-сон қарорларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари ҳудудида пуллик хизматларни ташкил этилишини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида (бундан буён – ўтказиш пункти деб юритилади) кўрсатиладиган пуллик хизматлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;

автойўл ўтказиш пунктларида алоҳида тоифали йўловчиларга хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

пуллик хизматлар ўтказиш пунктини нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолатдагина амалга оширилишига йўл қўйилади;

пуллик хизматларнинг кўрсатилиши учун ўтказиш пунктлари Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг жойлардаги ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, ўтказиш пунктини индивидуал кўрсаткичларини инобатга олиб белгиланади. Бунда, ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пуллик хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган ҳудуд майдони, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган пуллик хизматлар давлат объектларини ижарага бериш орқали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилади;

ўтказиш пунктида пуллик хизматларнинг кўрсатилишини вақтинча тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши ва тугатилиши шунингдек, уларни кўрсатиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар ижарага олувчи томонидан қопланиши белгиланган тартибда тузилган давлат мулкини ижарага бериш шартномасида кўрсатилади;

ўтказиш пунктида кўрсатиладиган ҳар бир пуллик хизмат амалдаги қонунчилик билан белгилаб берилган тартибда амалга оширилади;

Давлат божхона қўмитасига, истисно тариқасида, ўтказиш пунктларида пуллик хизмат кўрсатилиши учун юридик шахслар ўртасида ўтказиладиган танловга, ўтказиш пунктларида янги бино ва (ёки) иншоот қурилиши бўйича, қўшимча танлов талабини киритишга ҳамда танлов ўтказилгандан сўнг ғолиб томонидан ушбу қурилган янги бино ва (ёки) иншоотни божхона органлари балансига оператив бошқарув ҳуқуқи билан беғараз ўтказилишига рухсат берилади.

Божхона органлари балансига беғараз ўтказиб берилган бино ва (ёки) иншоот уни қуриб берган юридик шахсга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида ижарага берилади.

3. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири                                                            А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил “___”_________ ____-сон қарорига 1 - илова

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пуллик хизматлар
РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган мобил алоқа операторлари хизматлари.

2. Овқатланиш ҳамда санитар – гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият.

3. Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси.

4. Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш.

5. Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати.

6. Автомобиль ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларига биринчи техник (мураккаб таъмирлаш ишлари бундан мустасно) хизматни кўрсатиш ҳамда уларни фавқулодда эвакуация қилиш.

7. Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш (камера хранения).

8. Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш).

9. Таржимонлик хизмати.

10. Йўловчиларни ўтказиш пункти ичида алоҳида йўлаклар (VIP) орқали ҳаракатланишини ташкил этиш.

11. Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкини тўлдириб бериш, ксеронусха олиш, турли компьютер хизматлари, факс, интернет) хоналари (стол услуг).

12. Такси чақириб бериш хизмати.

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан мазкур рўйхатда кўрсатиб ўтилмаган ҳамда қонун ҳужжатлар билан тақиқланмаган бошқа пуллик хизматларни амалга оширилишига рухсат берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил “___”_________ ____-сон қарорига 2-илова

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автойўл ўтказиш пунктларида алоҳида тоифали йўловчиларга

хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автойўл ўтказиш пунктларида алоҳида тоифали йўловчиларга махсус залларда (бундан буён матнда VIP зал деб юритилади) пуллик хизматлар кўрсатишни тартибга солади шунингдек, VIP заллардан йўловчи сифатида бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар рўйхатини белгилаб беради.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

VIP зал – юқори қулайликларга эга бўлган, йўловчиларни рўйхатга олиш, уларни ҳамда уларга тегишли бўлган юкларни чегара, божхона ва қонун ҳужжатларда белгиланган бошқа турдаги назоратлардан алоҳида ўтказиш учун чегара ўтказиш пунктларида ташкил этиладиган махсус жой;

VIP залларидан фойдаланувчи шахслар – мазкур Низомга илова қилинган рўйхатга асосан VIP заллардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ва дипломатик миссиялар ходимлари, шунингдек VIP заллардан фойдаланиш учун белгиланган тўловларни тўлаган бошқа йўловчилар;

VIP залида хизмат кўрсатувчи юридик шахс – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 102-сонли қарори талаблари асосида танлаб олинган юридик шахс.

3. VIP залида хизмат кўрсатувчи юридик шахснинг ташкилий тузилмаси ва штат бирлиги ўтказиш пунктининг хизмат кўрсатиш технологияси, ўтказувчанлик қобилияти, иш режими ва ҳажмидан келиб чиқиб белгиланади.

4. VIP зали фаолияти устидан назорат ўтказиш пунктидаги божхона ва чегара хизматлари бошлиқлари томонидан амалга оширилади.

2-боб. VIP залининг жиҳозланиши, таъминоти ва ишлаш тартиби

5. VIP зали кўрсатувчи тегишли белги, алоҳида кириш ва чиқиш эшиклари, дам олиш жойи, овқатланиш хонаси, ҳожатхона, божсиз савдо дўконлари, чегара ва божхона назоратидан ўтказиш учун махсус пунктлар, телефон, факсимил ва Интернет алоқа хизматлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

VIP залининг жиҳозланиши унда хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан амалга оширилади.

6. VIP залларидан фойдаланувчи шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши ҳамда кўрикдан ўтказилишига, ўтказиш пункти имкониятларидан келиб чиқиб алоҳида йўлак ажратилади.

7. VIP залларининг иш вақти ўтказиш пункти иш режимидан келиб чиқиб, ҳудудий божхона органи ва чегара қўшинлари раҳбарлари томонидан келишилган ҳолда белгиланади.

8. VIP залларида қуйидагилар амалга оширилади:

паспорт назорати;

багаж ва қўл юкларининг божхона назорати ҳамда расмийлаштируви;

қонунчиликда кўрсатилган назоратнинг бошқа турлари.

9. VIP залига хизмат кўрсатиладиган йўловчилар билан бирга уларни кузатиб борувчи ва кутиб олувчи шахсларнинг киришига ҳам рухсат берилади (фақат божхона назорати ҳудудигача).

10. VIP залида хизмат кўрсатишни ташкил этишда, шундай хизмат кўрсатилишида йўловчилар сони VIP залининг ўтказиш имкониятидан ортиб кетган ҳолларда, шунингдек, фақат чекланган доирадаги шахслар қатнаша оладиган, йўловчиларни кутиб олиш ва кузатиш бўйича алоҳида тадбирлар ўтказилаётган вақтда хизмат кўрсатиш имтиёзи ушбу Низом иловасидаги Рўйхатга киритилган шахсларга берилади.

Қолган шахслар имкониятдан келиб чиққан ҳолда, VIP зали ходими томонидан кузатиб бориш шарти билан умумий технологик ҳудудларда биринчи навбатда расмийлаштирилиши мумкин.

11. VIP залида хизмат кўрсатиш, хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан танланган, VIP залларида йўловчиларга хизмат қилишни ташкиллаштириш соҳасида махсус касбий тайёргарликдан ўтган шахслар томонидан амалга оширилади.

3-боб. VIP залларидан фойдаланиш учун тўловлар

12. VIP залларида ушбу Низомнинг иловасида кўрсатилган шахсларга хизмат кўрсатилиши бепул асосда, VIP залларидан фойдаланиш истагини билдирган бошқа шахсларга хизмат кўрсатиш белгиланган тартибда тасдиқланган тариф бўйича тўловлар асосида амалга оширилади.

13. VIP залларида кўрсатиладиган асосий ва қўшимча хизматлар учун тариф бўйича тўловлар Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бўйича бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинларининг жойлардаги ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда, хизмат кўрсатувчи юридик шахс томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг миқдори ва даражасига қараб белгиланади.

14. VIP залида кўрсатиладиган хизматлар учун тариф бўйича тўловлар тўғрисидаги маълумот ўтказиш пунктига кириш жойидаги пештахтада, ДБҚнинг расмий веб сайтига жойлаштирилиши, шунингдек, VIP зали бўйича навбатчининг иш столида бўлиши лозим ҳамда йўловчининг биринчи талабида тақдим қилиниши шарт.

15. VIP залига йўловчиларни киритиш ва уларга хизмат кўрсатиш, VIP залининг ваколатли ходими томонидан расмийлаштириладиган ҳисобга олинувчи ҳужжат асосида амалга оширилади.

16. Мажбурий ва қўшимча хизматлар учун тўловлар алоҳида намунавий ҳисоб-китоб ҳужжатига асосан расмийлаштирилади.

17. VIP залларидан фойдаланиш учун белгиланган тўловлар нақд пул кўринишида ёки пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

4-боб. Фавқулодда ҳолатларда хизмат кўрсатиш

18. Фавқулодда ҳолатлар юзага келганда, VIP залларида хизмат кўрсатувчи ходимлар VIP залларидан фойдаланувчи шахсларни бошқа жойга ўтказилиши тўғрисида огоҳлантиришлари шарт.

5-боб. VIP залларидан фойдаланувчиларнинг ҳисобини юритиш

19. VIP залларидан фойдаланувчиларнинг ҳисоботи (VIP залларидан фойдаланган йўловчилар сони, тоифалари, иш жойи, ундирилган тўловлар), “VIP залларида кўрсатилаётган хизматларни ҳисобга олиш китоби” асосида электрон тартибда юритилади.

20. Ушбу китобга йўловчининг VIP зали орқали ўтган санаси, ҳаракат йўналиши, фамилия, исм шарифи, иш жойи ва лавозими, тўланган тўловлар миқдори чеклар бўйича кўрсатилади.

21. Ҳисоботлар чегара бўлинмаси ва божхона пости раҳбарларининг талабига кўра тақдим қилиниши шарт.

22. Ҳисоботлар VIP залларида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан ҳар ойнинг 5-санасида ўтказиш пунктидаги божхона пости ва чегара бўлинмаси ходимларига топширилиб, ҳар чоракда ўзаро солиштирилиб чиқилади.

5-боб. Якунловчи қоида

23. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автойўл ўтказиш пунктларида алоҳида тоифали йўловчиларга хизмат кўрсатиш йўлаклари тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Давлат чегараси орқали автойўл ўтказиш пунктларидаги махсус заллардан (VIP) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ва дипломатик миссиялар ходимлари тоифаларининг РЎЙХАТИ

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати раҳбари;

Ўзбекистон Республикаси Администрацияси секторлари мудирлари.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аппарати раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аппарати раҳбари;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенеси раиси;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва қўмиталари раислари;

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси;

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири аппарати мудири, Ахборот-таҳлилий департаментлар мудирлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ижро аппарати бошқармалари бошлиқлари.

5. Марказий идоралар

Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти хавфсизлиги Давлат хизмати раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори.

6. Вазирликлар ва идоралар, хокимиятлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирликлари вазирлари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси Давлат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари;

Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳри ҳокимлари.

7. Дипломатик миссиялар

Чет эл дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «А» сериядаги карточкалар);

чет эл мамлакатлари ишларидаги ишончли вакиллар ва уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «Б» сериядаги карточкалар);

халқаро ташкилотлар ва ваколатхоналар раҳбарлари, уларнинг оила аъзолари (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигидан берилган «Б» сериядаги карточкалар);

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги раҳбариятининг ёзма талабномаси асосида Ўзбекистонда бўлган ёки транзит бўлиб турган хориж делегациялари.

8. Бошқа ташкилотлар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ва унинг ўринбосарлари;

Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари - Митрополит.

Umumiy takliflar

465