ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
10875 Министерство энергетики Республики Узбекистан 06/12/2019 20/12/2019 34

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига уланиш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-10875

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига уланиш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

 

 

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 20 ноябрдаги
ПҚ–4525-сон қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш ва электр ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш тартибини соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш ҳамда сарф-харажатларни оптималлаштириш  мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга ўрнатилган электр ҳисоблагичларни метрология хизматлари қиёсловидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгилансин ва қиёслов бўйича барча харажатларни электр таъминоти ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобига қопласин.

3. “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш Дирекцияси” масъулияти чекланган жамият “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг филиалига айлантириш йўли билан қайта ташкил этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ 2020 йил 1 июнга қадар электр таъминоти корхоналарида янги биллинг тизимини ҳамда ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими (ЕRP)ни жорий этиш бўйича ўрнатилган тартибда танловни якунлаб, пудратчи билан шартнома тузилишини таъминласин.

5. 2020-2021 йилларда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қошида филиал сифатида ташкил этиб, ишга тушириладиган темир-бетон таянчлари ишлаб чиқариш ва қурилиш цехларининг рўйҳати маъқуллансин.

6. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ фаолиятини ташкил этиш учун уларнинг таркибидаги ташкилотлар томонидан ажратилаётган ажратмалар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги инобатга олинсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш босқичларини ва қурилиш муддатларини камида 15 кунга камайтириш бўйича янги тартибни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича табақаланган муддатларни белгилаш, ўз вақтида қурилиш-монтаж ишларини бажармаган ташкилотларнинг мажбуриятларини аниқлаш ва қурилиш учун зарур бўлган электр қурилмалар ва материалларнинг нархлари бўйича он-лайн платформани яратиш назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.

9. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                                          А. Арипов

                                                                                                                   

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “    ”  декабрдаги

       - сон қарорига

1-илова

 

 

Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагични) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом истеъмолчиларнинг электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини (бундан буён матнда ҳисобга олиш асбоби деб юритилади) ечиш,  қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низом қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

электр энергияси истеъмолчиси (истеъмолчи) – электр таъминоти шартномасига мувофиқ ишлаб чиқариш ва (ёки) маиший эҳтиёжлар учун электр энергиясидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;

ҳудудий электр тармоқлари корхонаси – вилоят, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр таъминоти шартномаси асосида истеъмолчиларга электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;

электр таъминоти корхонаси – ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг туман, шаҳар, иқтисодий зона (саноат зонаси) доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишни амалга оширувчи бўлинмаси;

қиёслашдан ўтказиш ишлари – электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш, уни қиёслашдан ўтказиш, қиёслашдан ўтган ҳисобга олиш асбобини истеъмолчига етказиб бериш, ҳисобга олиш асбобини жойига ўрнатиш  бўйича бажариладиган ишлар (хизматлар) мажмуи;

истеъмолчи – ўз эҳтиёжи учун электр энергиясидан фойдаланувчи аҳоли ёки тадбиркорлик субъекти.

3. Электр энергиясини ҳисоблаш учун фақатгина Ўзбекистон Республикаси Ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган турлардаги ҳисобга олиш асбобидан фойдаланилиши шарт.

4. Давлат дастурлари асосида янгидан қурилаётган уй-жойларда фақат электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими учун тасдиқланган техник талабларга мос келадиган электр ҳисоблагичлар ўрнатилиши шарт.

5. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси истеъмолчилар томонидан фойдаланилаётган ҳисобга олиш асбобини қуйидаги ҳолларда қиёсловдан ўтказади:

даврий қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобини қиёслашлараро интервал муддати тугаганда;

навбатдан ташқари қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг қиёслашдан ўтказилганлигини тасдиқловчи пломбаси шикастланганда ёки қайта созлаш ишларини ўтказиш зарурати вужудга келганда;

эксперт қиёслашдан – ҳисобга олиш асбобининг созлиги ёки унинг қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда.

6. Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўн йилни ташкил қилади.

7. Электр таъминоти корхонаси ўзининг маълумотлар базаси орқали ҳар бир ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати ўтишини кузатиб боради ва даврий қиёслашдан ўз вақтида ўтказиш учун жавобгар ҳисобланади.

8. Истеъмолчи ўз ҳисоблаш асбобини метрология хизматларида мустақил қиёслов ўтказиш ҳуқуқига эга. Бунда электр таъминоти корхонаси истеъмолчининг талабига кўра электр энергиясини ҳисобга олиш асбобини бепул ечиш, ўрнатиш, пломбалаш ва рўйхатдан ўтказишга мажбур.

9. Ҳисобга олиш ускунаси истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда ёки қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олинганда электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига ҳисобга олиш асбоби вақтинча ўрнатилади.

10. Ҳисобга олиш асбоби эксперт текширувидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирув, тергов, прокуратура органлари ёхуд суднинг қарорига (ажримига) асосан ўтказилиши мумкин.

2-боб. Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш ишларини ташкил қилиш

11. Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан ташкил этилади. Бунда келгуси йил учун ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш ишлари бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилади ва ҳар йили 20 декабрга қадар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

12. Ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугашидан камида бир ой олдин электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчига хабарнома ёзма ёки электрон (электрон почта, месенжер, смс ва бошқалар) кўринишда тақдим этилади.

13. Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ҳисобга олиш асбобининг қиёслашлараро интервал муддати тугайдиган вақт;

ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси ходими борадиган кун;

хабарнома юбораётган электр таъминоти корхонасининг реквизитлари;

бошқа зарур маълумотлар.

14. Истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш, қиёслашдан ўтказиш, ҳисобга олиш асбобини жойига ўрнатиш  электр таъминоти корхонасининг ходими (бундан буён матнда ваколатли ходим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3-боб. Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш

15. “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси томонидан қиёслашдан ўтказиш учун белгиланган режа асосида ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш учун электр таъминоти корхонаси томонидан ваколатли ходим юборилади.

Ваколатли ходим соат 8.00 дан 17.00 гача истеъмолчининг ҳисобга олиш асбобини ечиб олиш ва ўрнатиш учун келиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли ходим ўз хизмат гувоҳномасини истеъмолчига кўрсатиши лозим.

16. Ҳисобга олиш асбобини ечиб олишда ваколатли ходим истеъмолчи иштирокида ҳисобга олиш асбоби ва ўрнатилган пломбаларнинг бутлигини текшириб, ҳисобга олиш асбоби ечиб олинганлиги ҳақида уч нусхада далолатнома тузади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси электр таъминоти корхонасида ҳамда учинчи нусхаси метрология хизмати органига тақдим этилади.

Далолатноманинг барча нусхалари ваколатли ходим ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатномада ҳисобга олиш асбобининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ечиб олинган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Истеъмолчи ваколатли ходим ўз вазифаларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиши шарт.

17. Истеъмолчининг ҳисобга олиш асбоби ечиб олингандан сўнг, унинг ўрнига электр таъминоти корхонаси томонидан бошқа ҳисобга олиш асбоби вақтинча ўрнатилади.

4-боб. Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш учун метрология хизмати органига топшириш

18. Ваколатли ходим ҳисобга олиш асбобини, у ечиб олингандан сўнг уч иш куни ичида метрология хизмати органига унинг ечиб олинганлиги ҳақидаги далолатнома билан биргаликда тақдим этади.

19. Ҳисобга олиш асбобида ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ҳисобга олиш асбобининг тури ва завод рақами аниқ бўлмаса ёки у шикастланган ҳолатда бўлса, метрология хизмати органи уни қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилишни рад этишга ҳақли.

20. Ҳисобга олиш асбобини қабул қилиб олган метрология хизмати органи ходими унинг қабул қилганлигини тегишли журналда қайд этади.

21. Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилиш рад этилган тақдирда, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва метрология хизмати органи ходими ҳамда ваколатли ходим томонидан имзоланади. Бунда далолатноманинг бир нусхаси ваколатли ходимга берилади, иккинчиси эса метрология хизмати органида қолади.

22. Ҳисобга олиш асбоби қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилинганда, электр таъминоти корхонаси билан метрология хизмати органи ўртасида ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

 

 

5-боб. Ҳисобга олиш асбобини даврий қиёслашдан ўтказиш

23. Метрология хизмати органи томонидан ҳисобга олиш асбоби уч иш куни ичида қиёслашдан ўтказилади.

Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқли деб топилади ва метрология хизмати томонидан ҳисобга олиш ускунасининг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштирилади.

24. Ҳисобга олиш асбобининг ҳисоблаш механизми ва созлаш элементига ўзгартириш киритишнинг олдини олиш мақсадида метрология хизмати томонидан тамғаланади.

25. Ҳисобга олиш асбобини қиёслашдан ўтказиш натижаси салбий бўлганда, ҳисобга олиш ускунаси фойдаланишга яроқсиз деб топилади ва бу ҳақда шу куннинг ўзида метрология хизмати масъул ходими томонидан ҳисобга олиш ускунасининг яроқсизлиги расмийлаштирилади. Бунда электр таъминоти корхонаси томонидан янги ҳисоблаш асбоби ўрнатилади.

26. “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”да назарда тутилган электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айби билан бузилган тақдирда (ток ва кучланишни ўлчаш трансформаторларининг ишдан чиқиши, шунингдек, иккиламчи коммутация, ҳисобга олиш асбобининг шикастланиши ва уларнинг йўқолиши) ҳисобга олиш назорат қилиш асбобини ва уларга тегишли асбоб-ускуналарни алмаштириш, таъмирлаш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш истеъмолчи томонидан улар қиймати ва кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланган ҳолда, электр таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилади.

27. Ҳисобга олиш асбобини эксперт қиёслашдан ўтказишда манфаатдор шахслар ёки уларнинг вакиллари бевосита иштирок этишлари мумкин.

28. Замонавий портатив приборлар ёрдамида ҳисоблаш асбоби қиёслашдан ўтказилганда, уни ўрнатилган жойидан ечиш талаб этилмайди.

6-боб. Қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш асбобини жойига ўрнатиш

29. Ваколатли ходим қиёслашдан ўтказилган ҳисобга олиш асбобини ўрнатиб, унинг клеммник қопқоғини (схемасини) пломбалайди ва истеъмолчига ҳисобга олиш асбобининг қиёслашдан ўтганлиги ҳақидаги сертификатнинг нусхасини беради.

30. Ҳисобга олиш асбоби ўрнатилгандан сўнг, бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади. Далолатномада ҳисобга олиш асбобининг тури, завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси ва унинг ўрнатилган вақтдаги кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар қайд этилади.

Далолатнома ваколатли ходим ҳамда истеъмолчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси истеъмолчига берилади, иккинчи нусхаси, электр таъминоти корхонасида сақланади.

7-боб. Якуний қоидалар

31. Қиёслашдан ўтказиш ишларини бажаришда юзага келган келишмовчиликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “    ”  декабрдаги

       - сон қарорига

2-илова

 

 

 

2020-2021 йилларда ҳудудий электр тармоқлари корхоналари қошида филиал сифатида ташкил этиб, ишга тушириладиган темир-бетон таянчлари ишлаб чиқариш ва қурилиш цехларининг рўйҳати

 

 

т/р

Ҳудудий электр тармоқлари корхоналар номи

  1.  

“Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти

  1.  

“Жиззах  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Бухоро  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Навоий  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Самарқанд  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Сирдарё  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Сурхондарё  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Хоразм  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Тошкент  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Тошкент шаҳар  электр тармоқлари корхонаси ”  акциядорлик жамияти

  1.  

“Қорақалпоқ  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти*

  1.  

“Фарғона  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти*

  1.  

“Наманган  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти*

  1.  

“Қашқадарё  ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”  акциядорлик жамияти*

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

*) Ушбу корхоналарда темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “    ”  декабрдаги

       - сон қарорига

3-илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

 

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 31 мартдаги 256-сон қарорида:

а) 1-иловада:

16-банди қуйидаги таҳрирдаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

“ҲЭТК сўровномада кўрсатилган бўлса, талаб этилган қуввати 140 кВт
 (160 кВА)гача бўлган истеъмолчиларга ҲЭТК ҳисобидан (бир йил давомида барча харажатларни қайтариш шарти билан) ташқи электр таъминотини қуриш бўйича наъмунавий шартнома лойиҳасини тақдим этади.” (Ушбу норма 2020 йил
1 октябрдан кучга киради);  

19-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Қуввати 20 кВтдан ошмаган электр энергияси истеъмолчилари қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш бўйича ҲЭТК ёки бошқа қурилиш-монтаж ташкилотлари, шу жумладан ушбу ишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ва “фойдаланишга тайёр ҳолда” амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар билан шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.”;

21-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“21. Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр тармоқларига улаш бўйича электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш учун истеъмолчилар ҲЭТК ёки бошқа лойиҳалаш ташкилотлари, шу жумладан ушбу ишларни “фойдаланишга тайёр ҳолда” амалга оширувчи ихтисослашган хусусий ташкилотлар билан лойиҳалаш ишларини ўтказиш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Бунда электр энергияси истеъмолчиларининг хохишига кўра, электр таъминоти лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширишга рухсатномаси бўлган ихтисослашган хусусий ташкилотлар тузилган шартномага мувофиқ ишларни “фойдаланишга тайёр ҳолда” амалга оширишлари мумкин.”;

25-банднинг бешинчи хатбошисидаги “етти” сўзи “беш” сўзи билан алмаштирилсин;

33-банд иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“уч иш кунида — кучланиши 1000 Вгача (1 кВ) ва 6-10 кВ бўлган электр қурилмалари учун”;

учинчи хатбошидаги “етти” сўзи “беш” сўзи билан алмаштирилсин;

34-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Қоидабузарликлар тўғрисидаги билдиришнома Ўзэнергоинспекция томонидан қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ташкилотларига ЯИДХП орқали рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда юборилади.”;

б) Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 1-иловада:

3-босқичи “Тадбирлар” устуни қуйидаги таҳрирдаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

ҲЭТК ҳисобидан (бир йил давомида барча харажатларни қайтариш шарти билан) ташқи электр таъминотини қуриш бўйича наъмунавий шартнома лойиҳасини тақдим этади”;

“Истеъмолчиларни қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр тармоқларига улаш” III-бўлимнинг 5-босқичи “Бажариш муддатлари” устунидаги “7” сони “5” сонига алмаштирилсин;

“Қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр энергияси истеъмолчиларининг электр қурилмаларини ишга туширишга рухсат бериш” IV-бўлимнинг 3-босқичи “Бажариш муддлатлари” устунидаги “7” сони “5” сонига алмаштирилсин;

в) Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига 2-иловада II-бўлим қуйидаги таҳрирдаги тўртинчи қатор билан тўлдирилсин:

“4. ҲЭТК ҳисобидан бир йил муддатда барча харажатларни қайтариш шарти билан ташқи электр таъмнотини қуриш шартномаси (140 кВт (160 кВА)гача)”.

г) 3-иловада:

30-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Қоидабузарликлар тўғрисидаги билдиришнома Ўзэнергоинспекция томонидан қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ташкилотларига ЯИДХП орқали рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда юборилади.”;

4-хатбоши чиқариб ташлансин;

бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилар мос равишда тўртинчи, бешинчи ва олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”
2019 йил 20 августдаги 698-сон қарорида:

а) 1-бандида “электр энергияси,” сўзлари чиқариб ташлансин;

б) 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

в) 1-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига 1-иловада:

51-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Истеъмолчиларнинг (маиший истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларидан ташқари) электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари, шунингдек электр энергиясини ҳисобга олишнинг бошқа воситалари истеъмолчиларнинг маблағлари ҳисобига сотиб олинади, давлат қиёсловидан ўтказилади, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан бепул ўрнатилади, пломбаланади ва рўйхатдан ўтказилади.”;

55-банднинг:

бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

олтинчи хатбошида “Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини ва” сўзлари чиқариб ташлансин;

153-банднинг иккинчи хатбошида “ётоқхоналари” сўзидан кейин “диний ташкилотлар”  сўзлари билан тўлдирилсин.

Umumiy takliflar

709