ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
10756 Министерство юстиции Республики Узбекистан 03/12/2019 18/12/2019 105

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasining qonuni
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ
ID-10756

ЛОЙИҲА

 

 

 

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ТЎҒРИСИДАГИ КОДЕКСИ

 

 

БИРИНЧИ БЎЛИМ.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

I боб. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонунчилик,
унинг вазифалари ва принциплари

 

1-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Мазкур Кодекс Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига асосланади.

Агар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида кўрсатилган қоидалардан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартномалар қоидалари қўлланилади.

 

2-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазкур Кодексда кўрсатилган ижтимоий муносабатларни тажовузлардан ҳимоя қилиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида
ва объектив кўриб чиқилишини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларни қонун ҳужжатларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди.

Бу вазифаларни амалга ошириш учун ушбу Кодекс қандай ҳаракат
ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган (мансабдор шахс) томонидан қай тартибда қанақа маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилишини белгилайди.

 

3-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид қонун ҳужжатларининг принциплари

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид қонун ҳужжатлари қонунийлик, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, одиллик, текшириш, айб
учун жавобгарликнинг муқаррарлиги, шахсий дахлсизлик ва мулк дахлсизлиги принципларига асосланади.

 

4-модда. Қонунийлик принципи

Ушбу Кодексда белгиланган тартиб ва асосларда кўрсатилганидан бошқача тарзда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида иш юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиш, таъсир чораларини қўллаш мумкин эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органлар (мансабдор шахслар) мазкур Кодекс талабларига амал қилиши шарт. Ушбу органлар (мансабдор шахслар)нинг маъмурий таъсир чораларини қўллаши уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

 

5-модда. Қонун олдида тенглик принципи

Жисмоний шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка жинси, ирқи, миллати, тили, келиб чиқиши, мулкий ёки мансабдорлик ҳолати, яшаш жойи, динга муносабати, нодавлат нотижорат ташкилотларига мансублигидан қатъи назар тортиладилар.

Юридик шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилганлик учун мулк шакли, жойлашган жойи, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

 

6-модда. Инсонпарварлик принципи

Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўришда шахснинг шаънини ерга урадиган ва қадр-қимматини камситадиган қарорлар ва ҳаракатлар қилиш тақиқланади, шахсий ҳаёт тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, қўллаш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

 

7-модда. Одиллик принципи

Маъмурий жазо чораси одилона бўлиши, яъни маъмурий ҳуқуқбузарликнинг оғир-енгиллигига, айбнинг ва шахснинг қонунга хилоф ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Ҳеч қайси шахс битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

 

8-модда. Текшириш принципи

Ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга
эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириши шарт.

Зарурат бўлганда, ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган далиллар билан чекланмасдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз ташаббуси билан қўшимча далиллар йиғишга ҳақли.

 

9-модда. Айб учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи

Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан шахс айби исботланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учунгина жавобгар бўлади.

Қилмишида маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши шарт.

 

10-модда. Шахсий дахлсизлик

Ҳеч ким асоссиз равишда маъмурий йўл билан ушлаб турилиши, шахсни ва нарсаларни кўздан кечириш учун ваколатли органга келтирилиши мумкин эмас.

Маъмурий қамоққа олиш жазоси мазкур Кодексда белгиланган ҳолларда ва тартибда фақатгина суд қарори билан қўлланилиши мумкин.

 

11-модда. Мулк дахлсизлиги

Ҳеч ким ўз мол-мулкидан суд қарорисиз маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Ашёларни  кўздан кечириш, ашёлар ва ҳужжатларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини бошқаришдан маҳрум қилиш,  транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш фақат ушбу Кодекс ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўрсатилган ҳолларда ва тартибда ўтказилиши мумкин.

 

12-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш

Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг содир этилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга, фуқароларни онгли, интизомли бўлиш, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган тадбирлар ишлаб чиқадилар ва уларни амалга оширадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида
эса Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳам мувофиқ қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриб, ўз ҳудудларида барча давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларини мувофиқлаштириб турадилар, ички ишлар органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар ҳамда уларга ҳисобдор маъмурий ҳуқуқбузарлик билан кураш олиб борувчи бошқа органлар фаолиятига раҳбарлик қиладилар.

 

13-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг амал қилиши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс бу ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойда амал қилиб турувчи қонун ҳужжатлари асосида жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг байроғи остидаги ёки Ўзбекистон Республикасининг портида рўйхатга олинган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида очиқ ҳаво ёки сув бўшлиғида бўлган кемада маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки бекор қилувчи ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эгадир, яъни ушбу ҳужжатлар чиққунга қадар содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолларига
ҳам тааллуқлидир. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи ёки жавобгарликни кучайтирувчи ҳужжатлар эса орқага қайтиш кучига эга бўлмайди.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўрилаётган вақт амал қилиб турган қонун ҳужжатлари асосида юритилади.

 

ИККИНЧИ БЎЛИМ.

МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ВА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ЮЗАСИДАН ЖАВОБГАРЛИК

 

УМУМИЙ ҚИСМ

 

II боб. Маъмурий ҳуқуқбузарлик

 

14-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тушунчаси

Маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган жисмоний ва юридик шахсларнинг шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи қонунга хилоф, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик) ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги тушунилади.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик, башарти бу ҳуқуқбузарлик
ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмаган тақдирда, амалга оширилади.

 

15-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг
 айблилиги

Ушбу Кодекс ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан содир этган шахс ҳуқуқбузарлик содир этилишида айбдор деб топилиши мумкин.

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги қонунга хилоф эканлигини билган бўлса, унинг зарарли оқибатларига кўзи етган, юз беришини истаган бўлса ёки бу оқибатларнинг келиб чиқишига онгли равишда йўл қўйган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик қасддан содир этилган деб ҳисобланади.

Башарти маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати
ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса ҳам, лекин эҳтиёткорлик чора-тадбирларига онгли равишда риоя этмаган ҳолда уларнинг олдини олиш мумкин
деб ўйлаган бўлса, ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигини олдиндан кўриши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган деб ҳисобланади.

 

III боб. Маъмурий жавобгарлик

 

16-модда. Маъмурий жавобгарликка тортилиш ёши

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган, ақли расо жисмоний шахслар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилади.

 

17-модда. Ақли расолик

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) ижтимоий зарарли хусусиятини англаган ва уларни бошқара олган шахс ақли расо шахсдир.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракат ёки ҳаракатсизлик содир этган вақтида ақли норасолик ҳолатида бўлган шахс, яъни руҳий ҳолатининг сурункали ёки вақтинча бузилганлиги, ақли заифлиги ёхуд бошқа
хил касаллик оқибатида ўз ҳаракатининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини идрок эта олмаган ёки бошқара олмаган шахс маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

 

18-модда. Юридик шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан
  жавобгарлиги

Юридик шахслар ушбу Кодексда белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиладилар.

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик юридик шахснинг бошқарув органлари қарорига биноан эмас, балки унинг мансабдор шахси ёки ходимининг ташаббуси билан содир этилса ва бу ҳаракатлар ташкилот учун бирон-бир имтиёз ёки афзалликларни олиб келмаса, юридик шахс эмас, балки
ушбу ҳуқуқбузарликни содир қилган шахснинг ўзи маъмурий жавобгарликка тортилади.

Битта ҳуқуқбузарлик юзасидан юридик шахс ёки унинг мансабдори тортилиши мумкин.

Юридик шахслар қайта ташкил этилганда қонунда белгиланган тартибда унинг ҳуқуқий вориси маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

 

19-модда. Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик учун
   жавобгарлиги

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Ана шу шахслар мазкур Кодекснинг 94, 159, 160, 161, 169, 170, 171, 172, 173, 174, 175, 176, 177, 178, 179, 180, 181, 182, 183, 184, 185, 187, 246, 250, 269, 300, 314, 317, 318-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган тақдирда, улар умумий асосларда маъмурий жавобгарликка тортилади.

 

20-модда. Мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Мансабдор шахслар уларнинг хизмат мажбуриятига кирувчи вазифаларни бажармаганлик ва белгиланган қоидаларга риоя қилмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

 

21-модда. Ҳарбий хизматчилар ва интизом уставлари татбиқ этиладиган бошқа шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Ҳарбий хизматчилар ва йиғинга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек ички ишлар органларининг оддий аскарлар
ва бошлиқлар таркибига мансуб шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик учун интизом уставларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Мазкур шахслар
йўл ҳаракати қоидаларини, ов қилиш, балиқ тутиш ва балиқ захираларини сақлаш қоидаларини, божхона қоидаларини бузганликлари учун умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар. Юқорида кўрсатилган шахсларга нисбатан маъмурий қамоққа олиш чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларига жарима солиниши мумкин эмас.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жумласига кирмайдиган, интизом уставлари ёки интизом тўғрисидаги махсус қоидалар татбиқ этиладиган бошқа шахслар, ана шу устав ёки қоидаларда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликлари учун интизомий жавобгар бўладилар, бошқа ҳолларда
эса умумий асосларда маъмурий жавобгар бўладилар.

 

22-модда. Чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар,
чет эл юридик шахсларининг маъмурий жавобгарлиги

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл юридик шахслари умумий асосларда маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортиладилар.

Иммунитетга эга бўлган шахсларга нисбатан улар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ҳолларда уларнинг жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига кўра ҳал қилинади.

 

23-модда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка транспорт воситасининг мулкдори тортилади.

Юридик шахсга тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка юридик шахснинг транспорт воситасидан фойдаланиш учун масъул бўлган шахси тортилади.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган тақдирда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 502-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Агар маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш жараёнида тегишли транспорт воситасига ҳуқуқбузарлик қайд этилган пайтда эгалик қилган шахс аниқланса
ёхуд мазкур транспорт воситаси бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлари натижасида транспорт воситаси мулкдорининг эгалигидан чиқиб кетганлиги аниқланса, транспорт воситасининг мулкдори ўзига тегишли транспорт воситасидан фойдаланиб содир этилган, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун маъмурий жавобгарликдан озод этилади.

Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото- ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий
иш ушбу Кодекснинг 421-моддасига мувофиқ тугатилади.

 

24-модда. Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаш-тирилган ахборот тизими орқали қайд этилган божхона қонунчилигини бузганлик учун шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги

Ушбу Кодекс 333-моддасининг иккинчи қисмида, 344-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка декларант, яъни товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс тортилади.

Ушбу Кодекс 329-моддасининг тўртинчи қисмида, 338-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, маъмурий жавобгарликка божхона органи олдида мажбурият олган шахс тортилади.

Давлат божхона қўмитасининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали қайд этилган ҳамда божхона қонунчилиги бузилганлиги тўғрисидаги ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиладиган ҳолларда, ҳуқуқбузарликнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди, ушбу Кодекс 502-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

 

25-модда. Такрорий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик

Агар шахс томонидан ушбу Кодекс Махсус қисмининг айнан
бир моддасида ёки модда қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик худди шундай маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда такрорий деб топилади, бундан жиноят аломатларига эга ҳуқуқбузарликлар мустасно.

Такрорий маъмурий ҳуқуқбузарлик учун белгиланадиган жарима миқдори аввалги ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган жарима миқдорининг икки бараварини ташкил этади.

Бунда жарима миқдори такрорий ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган жариманинг максимал миқдоридан ошиб кетмаслиги лозим.

Такрорий ҳуқуқбузарлик учун белгиланган муддат ушбу Кодекс Махсус қисмининг айнан бир моддасида ёки модда қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг дастлабки аниқланган ҳолатига нисбатан ҳисобланади. Агар маъмурий жазога тортилган шахс жазо ижро этилган кундан бошлаб бир йил мобайнида янги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, мазкур шахс маъмурий жазога тортилмаган деб ҳисобланади.

Агар шахс илгари содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарликдан озод қилинган бўлса, ҳуқуқбузарлик такроран содир этилган деб топилмайди.

Мазкур модда қоидалари такрорий содир этилиши жиноят таркибини ташкил этадиган ҳуқуқбузарликлар ҳамда кодекснинг махсус қисми моддаларида такрорийлик учун жавобгарлик назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

IV боб. Маъмурий ҳуқуқбузарликни истисно қилувчи ҳолатлар

 

26-модда. Зарурий мудофаа

Ушбу Кодексда назарда тутилган, лекин зарурий мудофаа ҳолатида, яъни шахсни, унинг мол-мулкини ёки мудофааланувчининг ёхуд бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, жамият ёки давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан шундай тажовуз қилаётган шахсга зарар етказиш йўли билан ҳимоя қилиш вақтида, башарти бунда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб кетилишига
йўл қўйилмаган бўлса, содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисобланмайди.

Тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига мувофиқ келмайдиган мудофаа, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш
деб топилади.

Бошқа шахсларга ёки ҳокимият органларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёхуд тажовуздан ўзга йўсинда қутулиш имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, зарурий мудофаа ҳуқуқи шахсга тегишлидир.

Зарар етказиш мақсадида қасддан ҳуқуқбузарлик содир этиш истагини қўзғатиш зарурий мудофаа деб топилмайди.

 

27-модда. Охирги зарурат

Ушбу Кодексда назарда тутилган, ҳуқуқларга ҳамда қонун билан ҳимоя этиладиган манфаатларга зарар етказилишига сабаб бўлган, охирги зарурат ҳолатида, яъни шахсга ёки мазкур шахснинг ёхуд бошқа шахснинг ҳуқуқларига, жамият ёки давлат манфаатларига таҳдид этаётган хавфни, башарти бу хавфни бошқача чоралар билан бартараф этиб бўлмаса ҳамда етказилган зарар олди олинган зарарга қараганда камроқ бўлса, бартараф этиш учун содир этилган ҳаракатлар маъмурий ҳуқуқбузарлик
деб ҳисобланмайди.

Шахснинг охирги зарурат ҳолатида содир этган қилмиши, башарти, охирги зарурат чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, қонуний деб топилади.

Агар бошқа воситалар орқали хавфнинг олдини олиш мумкин бўлса ёки келтирилган зарар олди олинган зарардан ошиб кетса, қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга бундай зарар етказиш охирги зарурат чегарасидан четга чиқиш деб топилади.

Охирги зарурат ҳолатида содир этилган қилмишнинг қонунийлигини баҳолашда олди олиниши лозим бўлган хавфнинг хусусияти ва хавфлилик даражаси, шундай хавфнинг ҳақиқатан мавжуд ёки мавжуд эмаслиги
ва юз бериш вақтининг яқинлиги, хавфни қайтарувчи шахснинг мавжуд имкониятлари, вужудга келган вазиятдаги руҳий ҳолати ва ишнинг бошқа ҳолатлари ҳисобга олинади.

 

28-модда. Жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд қўрқитиш

Жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида ушбу Кодекс билан қўриқланадиган ҳуқуқ
ва манфаатларга зарар етказган шахс, агар бундай мажбурлаш ёки қўрқитиш натижасида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқара олмаган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликка тортилмайди.

Ушбу Кодекс билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларга жисмоний ёки руҳий мажбурлаш ёхуд шундай мажбурлашни қўллаш билан қўрқитиш натижасида зарар етказганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик тўғрисидаги масала, агар бундай мажбурлаш ёки қўрқитиш оқибатида шахс ўз ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) бошқариш имкониятини сақлаб қолган бўлса, ушбу Кодекс 27-моддасининг қоидалари инобатга олинган ҳолда ҳал этилади.

 

V боб. Маъмурий жазо

 

29-модда. Маъмурий жазонинг тушунчаси ва мақсади

Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик чораси бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан қўлланилади.

Маъмурий жазо маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган жисмоний
ва юридик шахслар, мансабдор шахсларни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

 

30-модда. Маъмурий жазо турлари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жисмоний шахсларга қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

1) жарима

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган
ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш;

3) муайян ҳуқуқдан (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан,
ов қилиш ҳуқуқидан) маҳрум қилиш;

4) мажбурий жамоат ишлари;

5) маъмурий қамоққа олиш;

6) чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш;

Юридик шахсларга қуйидаги маъмурий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

1) жарима;

2) маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган
ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш.

 

31-модда. Асосий ва қўшимча маъмурий жазо чоралари

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган
ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилиш ва муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш ҳам асосий, ҳам қўшимча маъмурий жазо тариқасида қўлланилиши мумкин.

Ушбу Кодекснинг 30-моддасида назарда тутилган бошқа маъмурий жазо чоралари эса фақат асосий жазо тариқасида қўлланилади.

Битта маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ё асосий ёки ҳам асосий,
ҳам қўшимча маъмурий жазо чораси қўлланилиши мумкин.

 

32-модда. Жарима

Жарима маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда айбдор шахсдан давлат ҳисобига пул ундиришдир.

Жариманинг миқдори маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги, давом этаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун эса
бу ҳуқуқбузарлик аниқланган вақтдаги белгилаб қўйилган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Маъмурий жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва тайинланади ҳамда:

а) жисмоний шахсларга - базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан
бир қисмидан кам ва эллик бараваридан кўп;

б) мансабдор шахсларга - базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан кам ва юз бараваридан кўп;

в) юридик шахсларга - базавий ҳисоблаш миқдорининг
беш бараваридан кам ва икки юз бараваридан кўп бўлмаслиги лозим.

Агар ҳуқуқбузар жазо тариқасида тайинланган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кам бўлмаган миқдордаги жаримани мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатларда тўлашдан бўйин товласа
ёхуд қарздорда ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулк мавжуд эмаслиги туфайли мажбурий ижро этиш учун белгиланган муддатлар мобайнида жаримани ундиришнинг имкони бўлмаса, худди шунингдек кечиктириш муддати тугаганидан кейин жарима тўланмаган ёки жаримани бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари бузилган тақдирда, суд жариманинг тўланмаган миқдорини мажбурий жамоат ишлари ёки маъмурий қамоқ тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Бундай ҳолда мажбурий жамоат ишларининг икки ярим соати базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилиб, бир юз йигирма соатдан
кўп бўлмаган муддатга, маъмурий қамоқнинг бир куни базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилиб,
ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатга тайинланади.

 

33-модда. Мусодара қилиш

Маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни
ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш мазкур ашёни ҳақ тўламасдан мажбурий тарзда давлат даромадига ўтказишдан иборат бўлиб, ушбу жазо тури маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан қўлланилади.

Ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаган ашё мусодара қилиниши мумкин эмас, муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно.

Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни, бошқа ов қуролларини мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

Мусодара қилиш чорасини қўлланиш тартиби ушбу Кодекс
ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

 

34-модда. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш

Шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан тайинланган муддат давомида қонунда назарда тутилган тартибда транспорт воситаларини бошқариш ёки ов қилиш ҳуқуқидан фойдаланишни тақиқлашдан иборат.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан уч йилгача муддатга қўлланилади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати уч ойдан
кам бўлмаслиги керак.

Ногиронлиги бўлганлиги сабабли транспорт воситаларидан фойдаланадиган шахсларга нисбатан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси қўлланилиши мумкин эмас, ушбу Кодекс 177-моддасининг учинчи қисмида ва 182-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳоллар бундан мустасно.

Асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан
ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этиш чораси қўлланилиши мумкин эмас.

 

35-модда. Мажбурий жамоат ишлари

Мажбурий жамоат ишлари ҳуқуқбузарни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилишдан иборатдир. Ҳуқуқбузар ишлаётган ёки ўқиётган бўлса, мажбурий жамоат ишлари ишдан ёки ўқишдан бўш вақтда ўталади. Мажбурий жамоат ишлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан белгиланади.

Ҳуқуқбузарлар мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг тури мазкур жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар томонидан белгиланади.

Мажбурий жамоат ишлари йигирма соатдан бир юз йигирма соатгача бўлган муддатга тайинланади ва икки ой давомида кунига тўрт соатдан
кўп бўлмаган вақтда, ҳуқуқбузарга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда эса, тўрт ойгача бўлган муҳлатда кунига икки соатдан кўп бўлмаган вақтда ўталади.

Мажбурий жамоат ишлари пенсия ёшига етган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, ҳарбий хизматчиларга ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Ҳуқуқбузар жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд мажбурий жамоат ишларининг ўталмаган муддатини мажбурий жамоат ишларининг тўрт соатини маъмурий қамоқнинг бир суткасига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, маъмурий қамоқ тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони алмаштириш тарзида тайинланадиган маъмурий қамок мазкур жазо турининг максимал муддатиданошмаслиги лозим.

Жазони ўташдан бўйин товланилган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

 

36-модда. Маъмурий қамоққа олиш

Маъмурий қамоққа олиш уч суткадан ўн беш суткагача муддатга, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида эса, жамоат тартибига тажовуз қилганлиги учун — ўттиз суткагача муддатга қўлланилади. Маъмурий қамоққа олиш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан ҳам белгиланиши мумкин.

Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка
ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек 60 ёшга тўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас. Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, шунингдек 60 ёшга тўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.

 

37-модда. Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган
шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқи кейинчалик бир йилдан
уч йилгача муддатга чекланган ҳолда, мажбурий ёки назорат остида мустақил равишда чиқиб кетишидан иборат. Маъмурий тарзда чиқариб юбориш маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи судлар томонидан қўлланилади.

Чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик бўлиб турган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи ва яшаш жойига эга бўлган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ушбу жазо чораси қўлланилмайди.

 

VI боб. Маъмурий жазоларнинг қўлланилиши

 

38-модда. Маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидалари

Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо ушбу Кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади.

Маъмурий жазони жисмоний шахсга нисбатан қўллаш чоғида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик хусусияти, унинг содир этилиш ҳолати, етказилган зарар миқдори ва характери, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи
ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.

Юридик шахсга ва якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан маъмурий жазо қўллашда маъмурий ҳуқуқбузарлик хусусияти, етказилган зарар миқдори ва характери, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорнинг молиявий аҳволи, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.

 

39-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликни
енгиллаштирувчи ҳолатлар

Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) айбдорнинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиши;

2) айбдорнинг ҳуқуқбузарликнинг зарарли оқибатлари олдини олиши;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг кучли руҳий ҳаяжон таъсири остида ёки оғир шахсий, оилавий, молиявий ёхуд бошқа шароитлар юзага келганлиги оқибатида содир этилиши;

4) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг таҳдид ёки мажбурлов таъсирида ёхуд хизмат юзасидан, моддий ёки бошқа жиҳатдан қарамлиги таъсири остида содир этилиши;

5) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган шахс томонидан содир этилиши;

6) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ҳомиладор аёл ёки ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахс томонидан содир этилиши;

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) бошқа ҳолатларни ҳам жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин.

 

40-модда. Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликни
оғирлаштирувчи ҳолатлар

Маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:

1) қонунга ҳилоф ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;

2) маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна шу хилдаги маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;

3) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;

4) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;

5) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг шахс ақлий-руҳий фаолиятига таъсир қилувчи алкогол ёки наркотик воситалар, психотроп ёки бошқа моддалар таъсирида содир этилиши.

6) вояга етмаган ёки руҳий касаллиги айбдорга аён бўлган шахсдан фойдаланган ҳолда содир этилиши;

7) маъмурий ҳуқуқбузарликнинг вояга етмаган, қария ёки ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан содир этилиши.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилмаган ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топиши мумкин эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) маъмурий ҳуқуқбузарлик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳолатларни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.

Агар мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар ушбу Кодексда маъмурий ҳуқуқбузарликни квалификация қилиш белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланиши мумкин эмас.

 

41-модда. Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши

Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта кўрсатиб, ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни ушбу Кодекснинг 489-моддасида белгиланган тартибда судга юборади.

 

42-модда. Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланилиши

Битта шахс икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган тақдирда, маъмурий жазо ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида-алоҳида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекс Махсус қисмининг бир нечта моддаси ёки модданинг бир нечта қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик назарда тутилган бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган (мансабдор шахс) ёки суд томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги бир неча модда ёки модданинг бир нечта қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик белгиланган ва улар тўғрисидаги ишларни ҳар хил орган (мансабдор шахс) кўрадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган бўлса, унга нисбатан жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.

Башарти шахс ушбу Кодекснинг Махсус қисмидаги тегишли модда билан маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик назарда тутилган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилган ҳолда (ушбу Кодекснинг 257-моддаси) содир этган бўлса, иш материаллари кўриб чиқиш учун судга топширилади.

Ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда асосий жазога содир этилган ҳуқуқбузарликлардан исталган биттаси учун жавобгарлик тўғрисидаги моддаларда назарда тутилган қўшимча жазо чораларидан бири қўшилиши мумкин.

 

43-модда. Маъмурий қамоқ ва муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш муддатларини ҳисоблаш

Маъмурий қамоқ муддати суткалар билан, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш муддати эса — ойлар ва йиллар билан ҳисобланади.

 

44-модда. Ҳуқуқбузарликнинг кам аҳамиятлилиги сабабли маъмурий жавобгарликдан озод қилиш

Содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифояланиши мумкин.

Қилмишнинг кам аҳамиятлилиги сабабли жавобгарликдан озод қилишда маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишининг ҳақиқий ҳолатлари, хусусан, ҳуқуқбузарнинг шахси, тажовуз объекти, ҳуқуқбузарлик туфайли зарар етказилган ҳолларда зарар миқдори ҳисобга олиниши лозим.

 

45-модда. Маъмурий жазони қўллаш муддатлари

Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатлар ашёларни божхона муносабатларини тартибга соладиган қонун ҳужжатлари асосида мусодара қилиш ҳолларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

46-модда. Етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклаш

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида келтирилган зарарни қоплаши шарт.

Ваколатли органлар (мансабдор шахслар) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда, агар ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган мулкий зарарни қоплаш бўйича низо мавжуд бўлмаса, маъмурий жазони тайинлаш билан бирга, зарарни қоплаш масаласини ҳал этади.

Бошқа ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида етказилган мулкий зарарни қоплаш фуқаролик-ҳуқуқий тартибда ҳал қилинади.

 

47-модда. Бажарилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган вазифани ижро этиш

Маъмурий жазонинг қўлланиши маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни бажарилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган вазифани бажаришдан озод этмайди.

 

 

 

МАХСУС ҚИСМ

 

VII боб. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик

 

48-модда. Туҳмат

Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

49-модда. Ҳақорат қилиш

Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

50-модда. Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш, ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

51-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш
ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

52-модда. Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш

Турар жойга унда истиқомат қилувчиларнинг хоҳиш-иродасига хилоф равишда ноқонуний тарзда кириш, мансабдор бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

53-модда. Фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш

Тиббий ёки тижорат сирларини, ёзишма ва бошқа хабарлар, нотариал ҳаракатлар, банк операциялари ва жамғармалар сирларини, худди шунингдек фуқарога, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига маънавий ёхуд моддий зарар етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни ошкор этиш, башарти ушбу Кодекснинг 54-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан
бир қисми, мансабдор шахсларга эса — икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

54-модда. Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш

Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки тўқсон олти соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

55-модда. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

56-модда. Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишига олиб келиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус таълим олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига
ёҳуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

57-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни шундай болалар турган муассаса раҳбари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахси томонидан васийлик
ва ҳомийлик органига хабар қилмаслик, худди шунингдек улар томонидан ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳақида атайин нотўғри маълумотлар бериш —

мансабдор шахсга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

58-модда. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузиш

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат), фарзандликка беришда, уларга васийлик (ҳомийлик) белгилашда ёхуд уларни етим болалар ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун тайинланган тегишли давлат муассасасига жойлаштиришда қонун ҳужжатлари талабларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

59-модда. Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

Ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

60-модда. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича нотўғри маълумотларни бериш

Никоҳдан ўтувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича била туриб уларнинг соғлиғи ҳақида нотўғри маълумотларни
акс эттирувчи маълумотномаларни бериш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

61-модда. Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш

Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, —

ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 

62-модда. Ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш

Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, —

ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 

63-модда. Васийлик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш

Васийликка олинганнинг зарарига ғаразли мақсадларни кўзлаб васийликдан ёки ҳомийликдан фойдаланиш ёки уни назоратсиз ва зарур моддий ёрдамсиз қолдириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

64-модда. Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузиш

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши —

 

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

65-модда. Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга
йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабларни бузиш

Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига
ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга ўн беш баравари, юридик шахсларга эса йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

66-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

67-модда. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга ўн баравари, юридик шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

68-модда. Ишга қабул қилишни расмийлаштириш тартибини
бузиш

Ишга қабул қилишни ва меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ва (ёки) меҳнат дафтарчасини, шу жумладан уларни электрон шаклда юритиш тартибини бузиш, ҳудди шунингдек меҳнат шартномасини тузишдан бўйин товлаш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

69-модда. Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига
жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш

Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш
ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

70-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун
ҳужжатларини бузиш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун
иш ўринларининг энг кам сонини яратишга доир қарорларини
бажармаслик, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар
ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш
иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этиш, шунингдек иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш, худди шунингдек аввал талабнома берилган, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

71-модда. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш

Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

72-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги
қонун ҳужжатларини бузиш

Ногиронлар ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши учун, шунингдек темир йўл, ҳаво, сув, шаҳарлараро автомобиль транспортидан, шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчилар транспортининг барча турларидан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланишдаги алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш бўйича талабларни бажармаслик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

VIII боб. Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жавобгарлик

 

73-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек уларнинг ишига тўсиқларни юзага
келтириш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

74-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаслик, худди шунингдек уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

75-модда. Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг, сиёсий партия ваколатли вакилининг, шунингдек сайловчининг ҳуқуқларини бузиш

Номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг, сиёсий партия ваколатли вакилининг, шунингдек сайловчининг ҳуқуқларини бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

76-модда. Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш

Сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, фуқаролар, мансабдор шахслар томонидан бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

77-модда. Номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатиш

Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида била туриб ёлғон маълумотлар тарқатиш ёки депутатликка номзодларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган бошқа ҳаракатлар содир этиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

78-модда. Сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш

Биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга қонунга мувофиқ жойлаштирилган сайлов ёки референдум билан боғлиқ ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

79-модда. Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш

Сайловни ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

80-модда. Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш

Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов
ёки референдум натижалари таҳминларини, шунингдек сайлов
ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

IX боб. Аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

81-модда. Енгил тан жароҳати етказиш

Эҳтиётсизлик орқасида енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча
кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қасддан енгил тан жароҳати етказиш, бу ҳаракат соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига
ёҳуд ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

82-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш соҳасида амалдаги санитария қонун ҳужжатлари, санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларини ҳамда эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш,—

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

83-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга тўрт баравари, юридик шахсларга эса — олти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

84-модда. Хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлашга доир санитария-эпидемиологик талабларни бузиш

Хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар томонидан сув етказиб беришда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек давлат стандартларига риоя этмаслик, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

85-модда. Радиацион хавфсизликка доир қоидалар, нормалар, йўриқномалар ва бошқа талабларни бузиш

Радиацион хавфсизликка доир қоидалар, нормалар, йўриқномалар
ва бошқа талабларни бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

86-модда. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш —

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга ёхуд гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни мусодара қилиб, ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

 

87-модда. Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида ва тамаки чекишни тақиқлаш белгиси ўрнатилган бошқа жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар мустасно, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

88-модда. Таносил касаллиги, туберклёз (сил) ёки ОИВ касаллиги/ОИТС юқадиган манбани яшириш

Таносил касаллигига ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраган беморнинг касаллик юқтирилган манбани, шунингдек ўзи билан алоқа қилиб таносил касаллиги ва ОИВ касаллиги/ОИТС юқиши хавфини туғдирган шахсларни яшириши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

89-модда. Таносил касаллиги, туберклёз (сил) ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраган шахсларнинг текшириш ёки даволанишдан бўйин товлаши

Таносил касаллиги, туберклёз (сил) ёки ОИВ касаллиги/ОИТСга учраганлиги ҳақида етарли маълумотлар бўлган шахсларнинг соғлиқни сақлаш органлари томонидан огоҳлантирилганидан кейин ҳам текшириш
ёки даволанишдан бўйин товлаши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

90-модда. ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказишда, шунингдек тиббий
ва косметик муолажаларни ўтказишда хавфсизликни етарли даражада таъминламаганлик

ОИВ касаллиги/ОИТС юққан-юқмаганлигини аниқлаш учун тиббий кўрикдан ўтказишда, шунингдек ОИВ касаллиги/ОИТСни юқтиришга олиб келадиган тиббий ва косметик муолажа ўтказишда хавфсизликни етарли даражада таъминламаганлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

91-модда. Ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга шошилинч ва (ёки) кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этиш

Ҳаёти ёки соғлиғи учун хавфли ҳолатда бўлган шахсга тиббиёт ташкилотларида қонунга ёки махсус қоидаларга мувофиқ шошилинч ва (ёки) кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиши керак бўлган шахс томонидан шундай ёрдам кўрсатишни асоссиз равишда рад этиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

X боб. Мулкка тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

92-модда. Табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш

Ердан, ер ости бойликларидан, сувдан, ўсимлик ёки ҳайвонот дунёсидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ёхуд ерга ва бошқа табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бевосита ёки яширин шаклда бузувчи битимлар тузиш ёки бошқа ҳаракатлар содир этиш, табиатдан махсус фойдаланиш ҳуқуқини ўзбошимчалик билан бошқаларга бериш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида, мансабдор шахсларга эса — йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг  иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.

 

93-модда. Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик

Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга
йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари, юридик шахсларга эса — йигирма баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

94-модда. Оз миқдорда талон-торож қилиш

Ўзгалар мол-мулкини ўғирлаш, ўзлаштириш, растрата қилиш, мансаб лавозимини суиистеъмол қилиш ёки фирибгарлик йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш –

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

95-модда. Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш, мулк, хизмат, манфаат ёки фойдани ваъда қилиш, таклиф этиш ёки тақдим этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисининг ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши, мулк, мулкий ҳуқуқлар, хизмат, манфаат ёки фойдани қабул қилиши , —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчиси деганда меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида меҳнат фаолиятини амалга оширувчи, мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган шахс тушунилади.

 

96-модда. Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш,
оз миқдорни ташкил этса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш
кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

97-модда. Топиб олинган мол-мулкни яшириш

Топиб олинган ёки тасодифан қўлига тушиб қолган қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ортиқ бўлган ўзганинг мол-мулкини яшириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

98-модда. Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш

Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини тайёрлаш ёки қайта ишлаш ташкилотининг, савдо ёхуд умумий овқатланиш ташкилоти томонидан қабул қилиб олиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

99-модда. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эса — эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари, мансабдор шахсларга эса — юз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

XI боб. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

100-модда. Ерлардан белгиланган мақсадда фойдаланмаганлик ёки уларни яроқсиз ҳолга тушириш

Ерлардан белгиланган мақсадда фойдаланмаганлик, ерларнинг ҳолатига таъсир кўрсатадиган объектларни қонун хужжатларида белгиланадиган тартибда давлат органлари билан келишмасдан туриб жойлаштириш ва қуриш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ерлардан фойдаланишнинг табиатни муҳофаза қилишга оид талабларини бажармаслик, ерларни белгиланган мақсадда фойдаланишга яроқли ҳолатга келтиришга оид мажбуриятларни бажармаганлик, шунингдек таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектаргача майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ерга эгалик қилувчилар, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан бир гектардан ортиқ майдонга эга ер участкасида суғориладиган ерларни яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш, шу жумладан ерлардан мақсадли, оқилона фойдаланилишини, тупроқнинг қайта тикланишини ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлаш бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, -

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари,  юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга тушириш, уларни ишлаб чиқариш чиқитлари ва бошқа чиқиндилар, кимёвий ва радиоактив моддалар ҳамда оқова сувлар билан ифлослантириш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса —етти баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

101-модда. Ер бериш тартибини бузиш

Ер бериш тартибини бузиш, худди шунингдек фермер ёки деҳқон хўжалиги юритиш учун, якка тартибда уй-жой қуриш ва турар-жой биносига хизмат кўрсатиш, жамоа боғдорчилиги ва полизчилиги учун фуқароларга
ер берилишига тўсқинлик қилиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

102-модда. Вақтинча эгаллаб турилган ерларни ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки улардан мақсадли фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтириш мажбуриятини бажармаслик

Вақтинча эгаллаб турилган ерларни ўз вақтида қайтариб бермаслик ёки ерларни белгиланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтиришга оид мажбуриятларни бажармаслик -

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

103-модда. Хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш

Тасдиқланган ер тузилиши лойиҳа ҳужжатларидан тегишли рухсат бўлмай туриб четга чиқиш, худди шунингдек тегишли органлар билан келишмай туриб объектларни жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва уларни фойдаланишга топшириш, давлат ер кадастри юритиш қоидаларини бузиш, ерлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларни бузиб кўрсатиш, ахборотларни беришдан бўйин товлаш ёки нотўғри ахборот бериш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга икки баравари, юридик шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

104-модда. Ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга икки баравари, юридик шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

105-модда. Чегара, чеклов ҳамда махсус белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш

Ер участкаларининг чегара белгиларини, ўрмонлардаги чеклов ҳамда махсус белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, — 

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

106-модда. Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш

Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш, фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кон назорати органлари билан келишмай туриб ишга солиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш, ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги талабларини бузиш, ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик, ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш
ёки шикастлантириш, худди шунингдек умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларини ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга йигирма баравари, юридик шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Конларнинг бой участкаларини танлаб ишлатиш, минерал хом ашёни қазиб олаётганда ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларни нормативдан ортиқ нобуд қилиш, фойдали қазилма конларини яроқсиз ҳолга келтириш
ва фойдали қазилма захираларидан оқилона фойдаланиш талабларини бошқача тарзда бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Маркшейдерлик ҳужжатларини йўқотиш, тугатилаётган
ёки консервация қилинаётган конларни ва бурғиланган қудуқларни аҳолининг хавфсизлигини таъминловчи ҳолатга келтириб қўйиш талабларини, шунингдек консервация вақтида конларни, қазилаётган жойларни ва бурғиланган қудуқларни муҳофаза этиш талабларини бажармаслик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

107-модда. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш

Ер ости сувларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш, жумладан ер ости сувларига қудуқ бурғулаш учун рухсатнома олмасдан, ер ости сувлари қудуқларининг кузатиш тармоғи кўрсаткичларини, сувни муҳофаза қилиш ёки сувни бошқариш кўрсаткичларини, шунингдек суви фойдаланиш учун яроқсиз бўлган қудуқлар сувини бошқариш ускуналарини йўқ қилиш
ёки шикастлантириш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидаларини
ва технологиясини бузиш (бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун ер ости сувларини якка тартибга олишга мўлжалланган қудуқлар мустасно) ишлатилаётган ва кузатув қудуқларини йўқ қилиб юбориш
ёки шикастлантириш, сув ўзи чиқадиган қудуқларни уларни тартибга соладиган қурилмалар билан жиҳозлашга, шунингдек ишлатишга яроқсиз қудуқларни консервациялашга ёки йўқ қилишга доир чораларни кўрмаслик, сифатли ер ости сувлари ҳосил бўладиган теграда ер ости сувлари ифлосланишининг ёки сифати ёмонлашишининг манбаи бўлиб қолиши мумкин бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги иншоотларини ва бошқа объектларни жойлаштириш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса - беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

108-модда. Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш

Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга ўн баравари, юридик шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

109-модда. Ер ости бойликларини геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини олиб бориш қоидалари ва талабларини бузиш

Ер ости бойликларини геологик жиҳатдан ўрганиш ишларини олиб бориш қоидалари ва талабларини топилган фойдали қазилмалар захираларига ёки фойдали қазилмалар қазиб олиш корхоналари, шунингдек фойдали қазилмалар қазиб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш шароитларига нотўғри баҳо берилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган тарзда бузиш, ер ости бойликларини кейинги геологик жиҳатдан ўрганишда ва конларни ишга солишда зарур бўлган геологик ҳужжатларни, фойдали қазилма намуналари дубликатларини
ва кернларини йўқотиб қўйиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

110-модда. Сув объектларини ва сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Сув объектларини, сувни муҳофаза қилиш зоналари ва қирғоқбўйи минтақаларини фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш бўйича мажбуриятларни бажармаслик ёки муддатида бажармаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга эса — тўрт баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Сувларни ифлослантириш, шунингдек саноат чиқитлари, маиший ва бошқа хил чиқиндиларни сув объектларига ташлаш, ер усти ва ер ости сувларнинг сифатини ёмонлаштириб юборадиган нефть ва кимёвий маҳсулотлар билан булғатиш, сув тўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш тартибини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Корхоналар, коммунал ва бошқа объектларни сувларнинг ифлосланишининг зарарли оқибатлари олдини олувчи иншоотлар
ва қурилмаларсиз фойдаланишга топшириш, оқинди сувларни сув объектларига оқизиш тартибига риоя қилмаслик, шунингдек сув объектларининг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатларни қилиш, —

мансабдор шахсларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

111-модда. Зарарли моддалар ва қоришмаларга оид операцияларни кема ҳужжатларида қайд этиш мажбуриятларини бажармаслик

Кема ёки бошқа сузиш воситаси капитани ёки бошлиқлар таркибига мансуб бошқа шахслар томонидан зарарли моддалар ёки қоришмаларга оид операцияларни кема ҳужжатларида қайд этиш юзасидан амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

112-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш

Табиий сув оқимлари (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар),
сув ҳавзалари (кўллар, денгизлар) ва бошқа табиий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, сув олиш лимитларини бузиш, шунингдек лойиҳада назарда тутилган балиқларни муҳофаза қилиш иншоотлари ва қурилмалари бўлмаган ҳолда улардан
сув олишни амалга ошириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Сунъий сув оқимлари (очиқ ва ёпиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари), сув ҳавзалари (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) ҳамда бошқа сунъий сув объектларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш, яъни сувдан хўжасизларча фойдаланиш, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи гидротехника ишларини ва бошқа ишларни ўзбошимчалик билан бажариш, сув объектларидан белгиланган сув олиш лимитлари, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли режаларини бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ер ости сувли қатламларидан олинадиган сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини, ер ости сувли қатламларидан сув олиш лимитларини бузиш, ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан сув олиш, бундан жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари, шу жумладан томорқа ер участкаларини суғориш учун сувдан умумий фойдаланиши мустасно, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

113-модда. Фуқароларнинг умумий фойдаланишдаги сув объектлардан фойдаланишига тўсқинлик қилиш

Фуқароларнинг умумий фойдаланишдаги сув объектлардан фойдаланишига тўсқинлик қилиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса — уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

114-модда. Сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш

Сув объектларидан олинадиган ва уларга қуйиладиган сув миқдорининг дастлабки ҳисобини юритиш ва оқиб келиб қўшилаётган сувлар сифатини аниқлаш қоидаларини бузиш, шунингдек давлат сув кадастри юритишнинг белгиланган тартибини бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

115-модда. Лойиҳа хужжатларини бузиб мелиоратив ишларни бажариш

Лойиҳа хужжатларини бузиб мелиоратив ишларни бажариш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

116-модда. Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, шунингдек, уларга ҳар қандай усулда зарар етказиш

Гидротехника иншоотларига ҳар қандай усулда зарар етказиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

117-модда. Ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Ўрмондан махсус фойдаланиш тартибига риоя этмаслик, тегишли рухсат олмай туриб иморатлар, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иншоотлар қуриш мақсадида ўрмон фонди ерларидаги пичанзорлар
ва яйловларни шикастлантириш, дарахтлар ва буталарни синдириш, кесиш, ўрмон экинларига шикаст етказиш, мавжуд кўчатхоналарни пайхон қилиш, ўрмон фондининг яйлов ерларида чорва молларини рухсатсиз ўтлатиш, ёввойи ўсимликларни рухсатномасиз ғамлаш (тўплаш) ҳамда рухсатномасиз ов қилиш, ўрмонларнинг маиший ҳамда бошқа чиқиндилар билан ифлосланишига йўл қўйиш, ўзбошимчалик билан пичан ўриш, дренаж тизимларини ва йўлларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўрмон фонди ерларида чорва молларини ўтлатиш қоидаларини
бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

118-модда. Кесиладиган ўрмон фондидан фойдаланиш тартибини бузиш

Кесиладиган ўрмон фондидан фойдаланиш, ёғоч тайёрлаш ва ташиб олиб кетиш тартибини, шунингдек ўрмон кесиш чиптаси (ордери)да
ёки ўрмон чиптасида белгиланган бошқа талабларни бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

119-модда. Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари
ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш

Дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

120-модда. Ўрмонларни тиклаш қоидаларини бузиш

Ўрмонларни тиклаш, уларнинг ҳолатини ва тури таркибини яхшилашга, уларнинг маҳсулдорлигини оширишга, ўрмонларнинг генетик фонди ва биологик хилма-хиллигини сақлаб қолишга, етилган ёғоч захираларидан фойдаланишга оид қоидаларни бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

121-модда. Қизил китобга киритилган ўсимликларни йиғиш, сақлаш, ташиш, сотиб олиш ёки сотиш

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимликларни ёки уларнинг яшаш фаолияти натижасида ҳосил бўлган илдизлари, пиёзбошлари, таналари, поялари, новдалари, пўстлоғи, барглари, ғунчалари, гуллари, уруғлари, мевалари, шарбатини (елимини) ва бошқа маҳсулотларини ўзбошимчалик билан йиғиш, сақлаш, ташиш, сотиб олиш ёки сотиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

122-модда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш

Давлат қўриқхонаси режимини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналари, табиат боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, айрим табиий объектлар ҳамда мажмуаларни сақлаб қолиш, такрор кўпайтириш ва тиклаш учун мўлжалланган ҳудудлар, табиий питомниклар, муҳофаза этиладиган ландшафтлар шу жумладан сувни муҳофаза қилиш зоналари, балиқ хўжалиги зоналари, соҳил бўйи минтақалари, айрим табиий ресурсларни бошқариш учун мўлжалланган ҳудудлар, давлат биосфера резерватлари ҳамда давлатлараро муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса ўн беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

123-модда. Ўрмон учун фойдали фаунани йўқ қилиб юбориш

Ўрмон учун фойдали фаунани йўқ қилиб юбориш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

124-модда. Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш

Ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

125-модда. Ифлослантирувчи моддаларни атмосферага нормативдан ортиқ даражада ёки рухсатсиз чиқариб ташлаш, шунингдек атмосфера ҳавосига зарарли физик таъсир кўрсатиш

Ифлослантирувчи моддаларни атмосферага йўл қўйиладиган нормативдан ортиқ даражада чиқариб ташлаш; атмосфера ҳавосига йўл қўйиладиган энг юқори нормативдан ортиқ даражада зарарли физик таъсир ўтказиш; махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатисиз атмосферага ифлослантирувчи моддалар чиқариб ташлаш; қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур бўлган тақдирда махсус ваколат берилган давлат органларининг рухсатини олиш лозим бўлган ҳолларда бундай рухсатни олмай туриб атмосфера ҳавосига зарарли физик таъсир кўрсатиш, худди шунингдек ноқулай метеорологик шароит даврида атмосферанинг ифлосланганлик даражаси ортиб кетишига сабаб бўлувчи ифлослантирувчи моддаларни чиқаришни қисқартириш чора-тадбирларини тўлиқ ҳажмда бажармаганлик; бундай моддаларни бир йўла чиқариб ташлашнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширмаслик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

126-модда. Атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш иншоотидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, шунингдек ундан фойдаланмаслик

Атмосферага чиқариладиган зарарли моддаларни тозалаш учун ўрнатилган иншоотлар, ускуналар, аппаратуралардан, шунингдек чиқариб ташланадиган зарарли моддалар миқдори ва тартибини назорат қилувчи воситалардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ёки улардан
фойдаланмаслик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

127-модда. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик

Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги стандартларга риоя қилмаслик, атмосфера ҳавосига бир йўла ва авария туфайли ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг, яширин хавфли вазиятлар юзага келишига йўл қўйиш, шунингдек атмосфера ҳавосининг трансчегаравий ифлосланишини камайтириш юзасидан чоралар кўрмаслик, атмосфера ҳавосига кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларни ҳамда буғланувчи бирикмаларни сақлаш, ташиш шартларига, улардан фойдаланиш ва улардан бўшаган идишларни зарарсизлантириш қоидаларига риоя этмаслик, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғининг, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларнинг ёки моддалар аралашмасининг ёқилишига йўл қўйиш,—

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

128-модда. Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа дориларни ташиш, сақлаш ва қўлланиш қоидаларини бузиш

Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини, уларнинг ўсишини тезлаштирувчи воситаларни, минерал ўғитлар ва бошқа дориларни ташиш, сақлаш ва қўлланиш қоидаларини тупроқ, сув, атмосфера ҳавосининг ифлосланишига ёки ўсимликлар, ҳайвонот дунёсини йўқ қилиб юборилишига олиб келиши мумкин бўлган тарзда бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

129-модда. Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш

Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —

шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси икки марта қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —

шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, мансабдор шахсларга эса — йигирма баравари миқдорда жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллар ёки воситалар билан
ов қилиш ёки балиқ овлаш, —

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

130-модда. Ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш

Ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини
ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш, —

ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —

ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

131-модда. Саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш

Саноат, рўзғор чиқиндилари ва ўзга чиқиндиларни ташиш, жойлаштириш, утиллаштириш, кўмиб ташлаш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса —  етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар натижасида табиий муҳитга зарар етказилган бўлса, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса —  ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

132-модда. Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш

Белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

133-модда. Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш

Санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш
ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

134-модда. Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида дастлабки ҳисобга олиш ва назорат қилиш, шунингдек чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари бўйича кадастр ахборотларини тақдим этиш тартибини бузиш

Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида дастлабки ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартибини бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Чиқиндиларни кўмиш ва утилизация қилиш жойлари бўйича кадастр ахборотларини тақдим этиш тартибини бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

135-модда. Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа жойга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш

Ҳайвонлар яшайдиган муҳитни ва уларнинг кўчиш йўлларини муҳофаза қилиш қоидаларини, зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш, тўлдириш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни ҳисобга олиш қоидаларни, шунингдек ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини, зоологик ва ботаник коллекцияларини бошқа жойга жўнатиш ва чет элга олиб кетиш қоидаларини бузиш, худди шунингдек ҳайвонларни ўзбошимчалик билан бошқа ерга кўчириш, иқлимлаштириш ёки чатиштириш -

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шу каби ҳаракатлар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда содир этилган бўлса, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

136-модда. Қизил китобга киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтиради деб топилган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф равишда олиб келиш

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвонлар ва ўсимликлар турларини сақлашга зарар келтиради деб топилган ҳайвонлар ёки ўсимликларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

137-модда. Ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, соғи камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатлар содир этиш

Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ҳайвон турларига мансуб ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфида турган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа қилиш ёхуд уларнинг тухум, увилдир қўядиган инларини, бошпаналарини йўқ қилиш, инларини, уяларини ва бошқа яшаш жойларини бузиш ёхуд шундай ҳайвонларнинг қирилиб кетишига, сони камайиб кетишига ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўладиган бошқа ҳаракатлар содир этиш ёхуд бундай ҳайвонларни овлаш рухсатномасида кўрсатилган шартларни бузган ҳолда ўлжа қилиш —

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилгандан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли бўлган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

138-модда. Табиий муҳитни тиклаш, табиий захираларни қайта ҳосил қилиш ва табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиш оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаганлик

Табиий муҳитни тиклаш, табиий захираларни қайта ҳосил қилиш
ва табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатиш оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаганлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

139-модда. Лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз рўёбга чиқариш

Лойиҳаларни давлат экологик (санитария-экологик) экспертизасининг ижобий хулосасисиз ёхуд унга риоя қилмаган ҳолда рўёбга чиқариш, шунингдек бундай хулосаси бўлмай туриб объектларни маблағ билан таъминлаш

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХII боб. Саноатдаги, қурилишдаги ва иссиқлик ҳамда электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

140-модда. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органлари назорати остидаги объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузиш

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси органлари назорати остидаги объектларда саноат хавфсизлиги талабларини бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

141-модда. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ишлари бажарилаётганда талабларни бузиш, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармаслик (бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиш объектлари мустасно), —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга ўн баравари, юридик шахсларга ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бинокорлик материалларини, конструкцияларини ва буюмларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар талабларини бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш қоидаларини, аҳоли пунктларининг ва аҳоли пунктлариаро ҳудуднинг бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини, маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларни реконструкция қилиш режаларини бузиш, даҳаларни, мавзеларни ва шаҳарларнинг саноат зоналарини, қишлоқ аҳоли пунктларини қуриш ва ободонлаштириш сифатини, шунингдек бинолар ва иншоотларнинг архитектура ечимларини бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга йигирма баравари, юридик шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Объектларни давлат экспертизасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига, шу жумладан иш ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, мансабдор шахсларга йигирма баравари, юридик шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуришга, реконструкция қилишга ва капитал таъмирлашга тақиқлар (чекловлар) белгиланган зоналарда шундай ишларни амалга ошириш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, мансабдор шахсларга йигирма баравари, юридик шахсларга эса — ўттиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ўз ҳудудига туташ ва туташ бўлмаган ер майдонларида қурилиш ишларини амалга ошириш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари, мансабдор шахсларга эллик баравари, юридик шахсларга эса — етмиш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

142-модда. Электр, иссиқлик энергияси, табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёки бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқи таъсир кўрсатиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — йигирма баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

143-модда. Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналарини ўрнатиш, шунингдек, муҳофаза зоналари доирасида жойлашган
ер участкаларидан фойдаланишни, ушбу объектларнинг хавфсиз ишлашини ва эксплуатация қилинишини таъминлайдиган алоҳида шартларни бузиш, башарти бу ҳол истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда узилишга, электр тармоқларининг шикастланишига ёки халқ хўжалигига бошқа хил зиён етишига олиб келса ёки олиб келиши мумкин бўлса, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХIII боб. Қишлоқ хўжалигидаги ҳуқуқбузарлик, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик

 

144-модда. Экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш

Чорва моллар ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Экинзорларни ёки кўчатзорларни ҳамма турдаги ҳаракатланувчи техника воситаларида босиб ўтиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

145-модда. Тракторчи-машинистлар томонидан қишлоқ хўжалик машиналаридан техник жиҳатдан фойдаланиш
ва техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш

Тракторчи-машинистлар томонидан тракторлар, комбайнлар, бошқа ўзиюрар қишлоқ хўжалик, мелиорация, йўл-қурилиш машиналаридан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидаларини ва техника хавфсизлиги қоидаларини қўпол равишда бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга ёки механизаторларни ушбу машиналарни бошқариш ҳуқуқидан бир йилгача муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 

146-модда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва уруғликларни, қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва уруғликларни, қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини, шунингдек агросаноат мажмуи соҳасида технологик жараёнлар талабларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

147-модда. Қишлоқ хўжалиги ўсимликларига доир ҳужжатларни юритиш қоидаларини бузиш

Қишлоқ хўжалиги ўсимликларига доир ҳужжатларни юритиш қоидаларини бузиш ёхуд ушбу ҳужжатларга уруғликларнинг навлари ва экилиш сифатлари тўғрисидаги нотўғри маълумотларни киритиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

148-модда. Таркибида гиёванд моддалар бўлган экинларни қўриқлашни таъминлаш чораларини кўрмаганлик

Таркибида гиёванд моддалар бўлган наша ва мойли кўкнор экинларини, мазкур экинлар ҳосилини сақлаш ва қайта ишлаш жойларини қўриқлаш юзасидан белгиланган тартибни таъминлаш чораларини кўрмаганлик, шунингдек таркибида гиёванд моддалар бўлган шундай экинларнинг анғизлари ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини йўқ қилиб ташлаш чораларини кўрмаганлик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

149-модда. Таркибида гиёванд моддалар бўлган ёввойи экинларни йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик

Тасарруфида ер майдонлари бўлган шахслар томонидан таркибида гиёванд моддалар бўлган ёввойи экинларни йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

150-модда. Карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликлари ва бегона ўтларга қарши кураш қоидаларини бузиш

Карантин эълон қилинган зараркунандаларга, ўсимликлар касалликларига ва бегона ўтларга қарши курашнинг санитария қоидаларини ва бошқа хил қоидаларни бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар томонидан заҳарли бегона ўтларга қарши кураш чораларини кўрмаганлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

151-модда. Карантин текширувидан ва тегишли тартибда ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни ташиб чиқиб кетиш

Чет мамлакатлардан келтирилиб, карантин текширувидан ва тегишли ишлов беришдан ўтказилмаган материалларни чегарадаги дарё портларидан (пристанларидан), темир йўл станцияларидан, автовокзаллардан (автостанциялардан), аэропортлардан ва бошқа чегара пунктларидан ташиб чиқиб кетиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

152-модда. Эпизоотияларга йўл қўймаслик ва эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик борасидаги ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари
ва нормаларини бузиш

Эпизоотияларга йўл қўймаслик ва эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик борасидаги ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик,—

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

153-модда. Уй ҳайвонларини сақлаш қоидаларини бузиш
ва эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик

Ит, мушук ва бошқа уй ҳайвонларини сақлаш қоидаларини бузиш, яъни:

уларни таъқиқланган жойларда кўпайтириш, сақлаш, овқатлантириш, сайр қилдириш;

тегишли тартибда бериладиган рухсатномасиз улар ўртасида (иштирокида) турли мусобақалар (жанглар) ўтказиш;

ит ва мушукларни маҳаллий ҳокимият органлари томонидан белгиланган сонидан кўп миқдорда сақлаш;

уй ҳайвонларини сотиш ва транспортда олиб юриш шартларини бузиш;

жамоат жойларида итларни боғичсиз, катта итларни оғзини эса махсус боғич билан боғламасдан сайр қилдириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш чораларини кўрмаганлик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

154-модда. Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш

Ҳайвонларга нисбатан қасддан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХIV боб. Транспортдаги, йўл хўжалиги ва алоқа соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

155-модда. Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш

Темир йўл изларига поездлар қатновининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ашёларни қўйиш, шунингдек темир йўлни, иҳота дарахтларини ва қор тўсиш ғовларини, тўсиқлар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича панжараларни ҳамда бошқа йўл объектларини, сигнал бериш, алоқа ва электр таъминоти иншоотлари ҳамда қурилмаларини шикастлантириш ёки олиб ташлаш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлдан от-арава ҳайдаб ўтиш ва чорва молларни ҳайдаб ўтиш, чорва молларни темир йўл яқинида боқиш қоидаларини бузиш, шунингдек от-арава ва чорва молларини темир йўл йўналишида қаровсиз қолдириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўл транспортига юк ортиш вақтида белгиланган габаритларга риоя қилмаслик —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Темир йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан темир йўл изини белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

156-модда. Темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Зарурат бўлмай туриб, ўзбошимчалик билан поездни тўхтатиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Юк поездларида ўзбошимчалик билан юриш, поезд юриб кетаётганда поездга чиқиш ва поезддан тушиш, вагонларнинг зинапояларида
ва томларида кетиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн суткачага маъмурий қамоқ жазосига сабаб бўлади.

 

157-модда. Метрополитендан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Метрополитендан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини
бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

158-модда. Учиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш

Аэродром ҳудудида аэродромларни таниб олиш учун қабул қилинган маркировка белгиларига ва қурилмаларга ўхшаш бирор-бир белги ва қурилма ўрнатиш ёки аэропорт, аэродром маъмурияти рухсатисиз пиротехника воситаларини ёқиш ёки ҳаво кемалари учиши учун хавфли бўлган қушларнинг ёки бошқа ҳайвонларнинг  оммавий тўпланишига сабаб бўлувчи объектларни қуриш -

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бинолар ва иншоотларда тунги ва кундузги маркировка белгиларини ёки қурилмаларини ўрнатиш қоидаларини бажармаганлик, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Аэродром ускуналарини, аэродром белгиларини, ҳаво кемаларини
ва уларнинг ускуналарини шикастлантириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб аэропортлар (аэровокзаллардан ташқари), аэродромлар, учишни радио ва ёруғлик билан таъминлаб турувчи объектлар ҳудудида пиёда ёки транспортда юриш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсирида ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахс томонидан ҳаво кемасини бошқариш, худди шунингдек бундай ҳолатда бўлган экипаж аъзоларининг ҳаво кемасини бошқаришига ижозат бериш ёхуд ҳаво кемасини бошқарувчи шахснинг алкоголли ичимлик, гиёҳвандлик моддаси таъсиридаги ёки ўзгача тарздаги мастлик ҳолатини аниқлаш учун белгиланган тартибга мувофиқ текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бахтсиз авиация ҳодисаси деб топилган ҳодисани, у ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириш, худди шунингдек ушбу ҳодиса тўғрисидаги ахборотни қасддан бузиб кўрсатиш, бортдаги ва ердаги объектив назорат воситаларининг маълумотларига ҳамда бахтсиз авиация ҳодисаси билан боғлиқ бошқа далилий материалларга қасддан шикаст етказиш ёки уларни қасддан йўқ қилиб юбориш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

159-модда. Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш

Ҳаво кемасидан фойдаланиш вақтида ҳаво кемасига лазер нурини йўналтириш орқали халақит бериш —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоқ олиш ёхуд бир юз йигирма соатгача мажбурий жамоат ишларига жалб қилишга сабаб бўлади.

 

160-модда. Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш

Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, (бундан самовий ҳудудда учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланиш ҳоллари мустасно), —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

161-модда. Авиация хавфсизлигини таъминлашга доир талабларни бузиш

Авиация хавфсизлиги бўйича текширувдан ўтмаган шахсларни, қўл юкини ёки багажни, юкни, почтани, борт захираларини ёхуд ҳаво кемаларида ташиш тақиқланган моддаларни ёки предметларни ҳаво кемаси бортига етказиб бериш ёки етказиб беришга кўмаклашиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

162-модда. Ҳаво кемаси бортида юриш-туриш қоидаларини бузиш

Ҳаво кемаси бортида юриш-туришнинг қоидаларини бузиш, шунингдек ҳаво кемаси командирининг ёки ҳаво кемаси командири номидан берилган экипаж аъзосининг фармойишларини бажармаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемасининг юриш, кўтарилиш ва қўниш вақтида бортида туриб фотосуратга, видеога олиш, шунингдек электрон ва алоқа воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

163-модда. Сув транспортида ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш

Сув транспорти соҳасида кемаларнинг портга кириши ва портдан чиқиши, порт сувларида кемаларнинг ҳаракати ва туриши ҳамда шатакка олиниши қоидаларини ёхуд сигнал чироқлари бериш, товуш сигналлар, шунингдек кўрилма ва кундузги сигналлар алмашинишнинг белгиланган тартибини бузиш ёки кема йўлига балиқ тутиш қурилмаларини ўрнатиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Порт сувларида тегишли рухсати бўлмай туриб ғаввослик ишларини бажариш, шундай ишларни олиб борган чоғда сигналлар бериш қоидаларига риоя қилмаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Сув транспортида хавфсизликни таъминловчи сигнал ва алоқа иншоотлари ҳамда қурилмаларини шикастлантириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мажбурий кўрикдан ўтмаган сув транспорти воситасидан фойдаланиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

164-модда. Кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, шунингдек кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузиш

Кемаларни, шу жумладан кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини бузиш -

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш қоидаларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса — икки баравари миқдорида жарима солиш ёки кема ҳайдовчиларини кемаларни бошқариш ҳуқуқидан уч ойгача маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 

165-модда. Портларда юкларни ортиш, тушириш ва тахлаш қоидаларини бузиш

Портларда юкларни ортиш, тушириш ва тахлаш қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

166-модда. Транспорт воситаларининг ички жиҳозларига шикаст етказиш

Локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари, худди шунингдек ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари, ички ва ташқи жиҳозларига шикаст етказиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Автобусларнинг, таксиларнинг, маршрут таксиларининг, шаҳар электр транспортининг ва метрополитен вагонларининг ойналари, ички ва ташқи жиҳозларига шикаст етказиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

167-модда. Транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш

Поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари, шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

168-модда. Транспортда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш

Темирйўл, ҳаво, сув, шаҳар йўловчи, шаҳарлараро автомобил транспорти, электртранспорт, метрополитен ва уларнинг объектларида белгиланган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

169-модда. Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариш ва йўловчилар ташишда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига, худди шунингдек мотоцикл ва мопедлар ҳайдовчиларининг мотошлемлардан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган
ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ёхуд фойдаланиш ман этиладиган даражада носозлиги бўлган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фавқулодда вазиятда ойнани синдириш учун фойдаланиладиган болғача билан жиҳозланмаган, ўт ўчиргич, тиббиёт қутичаси, авария ҳолатида тўхтаганлигини билдирувчи белги ва нур қайтаргичли камзул билан бутланмаган, худди шунингдек ишлаётганида ташқарига чиқараётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори, шунингдек шовқин даражаси белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларини бошқариши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини бошқариши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишни амалга оширадиган автобусларни назорат асбобларисиз (тахографларсиз) ёки тахографларни ўчирган ҳолда бошқариши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Юридик шахсларнинг транспорт воситаларини ишдан ташқари вақтда улардан фойдаланиш шартларига мувофиқ келадиган тарзда махсус жиҳозланмаган жойда сақлаш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу Кодекснинг 169 (мопедлардан ташқари), 170, 171, 172, 173, 174, 175, 176, 177, 178, 179, 180, 181, 182, 183, 184, 185, 188, 189-моддаларида транспорт воситалари дейилганда барча турдаги автомобиллар ва машина-трактор агрегатлари, комбайнлар, экскаваторлар, йўл қурилиш, мелиоратив техникалар ва бошқа турдаги ўзиюрар машиналар, трамвай ва троллейбуслар, шунингдек мотоцикллар ва бошқа механик транспорт воситаларини тушунмоқ керак.

 

170-модда. Юк ташиш қоидаларини, шатакка олиш қоидаларини бузиш

Юк ташиш қоидаларини, худди шунингдек шатакка олиш қоидаларини бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш, худди шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этишга, юк ташиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга эса — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

171-модда. Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш

Техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланиш, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

172-модда. Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш

Товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш —

ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

173-модда. Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги (ушбу  Кодекснинг 176, 177-моддасининг биринчи қисмида, 178, 179 ва 181-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш, чорраҳада ҳаракатланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчиларга лойқа сачратиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

174-модда. Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши

Транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан ёки бошқа алоқа қурилмаларидан фойдаланиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

175-модда. Транспорт воситасини бошқариш пайтида монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш

Транспорт воситасини бошқариш пайтида транспорт воситаси салонининг олд қисмига ишлаб чиқарувчи корхона томонидан ўрнатилган монитордан (дисплейдан) теле-, видеодастурларни томоша қилиш учун фойдаланиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

176-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан
кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн тўрт баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум қилишга сабаб бўлади.

 

 

177-модда.Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши

Светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқлари ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўтиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ўша ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо икки марта қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

178-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўсқинликсиз ҳаракат қилиш ҳуқуқидан фойдаланадиган транспорт воситаларининг ўтиб кетишига халақит бериши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

179-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

180-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши

Мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,-

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Кичик ҳажмли кемалар ҳайдовчиларининг сув ҳавзаларида ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

181-модда. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик икки марта маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса,-

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

182-модда. Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш

Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши —

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ой муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш —

транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима сабаб бўлади.

 

183-модда. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки оз миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ўша ҳаракатлар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

 

184-модда. Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, шунингдек транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси (ушбу Кодекс 185-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно), қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса лицензия карточкаси ёки йўл варақаси, юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно) ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши, худди шунингдек ишончномаларни, транспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) транспорт воситаларини бошқариш -

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши, худди шунингдек бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг бундай воситаларни бошқариши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

185-модда. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузиш

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларида назарда тутилмаган фойдаланиш даврида транспорт воситаларини бошқариш, худди шунингдек фақат мазкур суғурта полисларида кўрсатилган ҳайдовчилар айни шу транспорт воситаларини бошқариши тўғрисида мазкур суғурта полисларида назарда тутилган шартларни бузган ҳолда транспорт воситаларини бошқариш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қонунда белгиланган мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари томонидан бажарилмаслиги, худди шунингдек, агар бундай мажбурий суғурта қилинмаганлиги олдиндан аён бўлса, транспорт воситаларини бошқариш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, юридик шахсларга уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

186-модда. Йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаслик

Йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан ўзи иштирокчи бўлган йўл-транспорт ҳодисасида йўл ҳаракати соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ўн суткагача бўлган муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ўзи иштирокчи бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки етмиш икки соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Мазкур модданинг иккинчи қисмида кўзда тутилган ҳаракатлар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бундай ҳуқуқдан маҳрум этилган шахслар томонидан содир этилиши, -

базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга ёки тўқсон олти соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

187-модда. Пиёдалар ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши

Пиёдаларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, уларнинг йўлнинг ҳаракат қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмида, шу жумладан пиёдалар ўтиш жойида ҳаракатланаётганда телефондан фойдаланиши, китобларни ёки даврий нашрларни ўқиши, видеоматериалларни томоша қилиши ҳамда аудиоматериалларни эшитиши, шунингдек эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиши, шунингдек мопед ва велосипед ҳайдовчиларининг, уловли аравани бошқариб борувчи ва йўлдан фойдаланувчи бошқа шахсларнинг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги —

базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларга ҳар хил хизмат кўрсатиш мақсадида йўлнинг қатнов қисмида фуқароларнинг туриши, йўлларга ажратилган минтақа атрофида мол боқиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши авария ҳолатини вужудга келтирса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мопед, велосипед ҳайдовчининг, уловли аравани бошқариб борувчи шахснинг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

188-модда. Носоз транспорт воситаларини йўлга чиқариш
ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш

Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини йўлга чиқариш, —

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланилиши учун масъул бўлган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг
уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Носозлиги бўлган ёки муайян шартлар туфайли транспорт воситасидан фойдаланиш тақиқланган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситаларини йўлга чиқариш, —

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланилиши учун масъул бўлган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

189-модда. Маст ҳолдаги ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйиш

Алкоголли ичимликдан, гиёванд ёки бошқа моддалар таъсиридан маст бўлган ҳайдовчиларнинг ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришига йўл қўйиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

190-модда. Хавфли моддалар ва ашёларни транспортда ташиш қоидаларини бузиш

Темир йўл, ҳаво ва сув транспортида қўл юки сифатида ёнувчан, заҳарловчи, тез алангаланувчи, портловчи ҳамда заҳарли моддалар
ва ашёларни олиб юриш қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Юк сақлаш камерасига портловчи, тез алангаланувчи, заҳарли
ва бадбўй моддалар ва ашёларни топшириш —

ана шу моддалар ва ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Троллейбусда, трамвайда, метрополитенда, автобусда, маршрут таксисида портловчи, тез алангаланувчи, заҳарловчи ҳамда заҳарли моддалар ва ашёларни олиб юриш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

191-модда. Транспортда чиптасиз юриш

Йўловчининг транспортда чиптасиз юриши, ўн ёшдан ўн олти ёшгача бўлган болаларни чиптасиз олиб юриш:

а) шаҳар атрофига қатнайдиган поездларда, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади,

б) маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳар атрофига қатнайдиган поездларда, маҳаллий ва узоқ масофага қатнайдиган поездларда беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларни чиптасиз олиб юриш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўловчиларнинг самолётда чиптасиз юриши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳарлараро қатнайдиган автобусда чиптасиз юриш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

192-модда. Йўловчиларни чиптасиз ташиш

Ҳаво, темир йўл транспортида йўловчиларни чиптасиз ташиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шаҳар ва шаҳарлараро жамоат транспортида йўловчиларни чиптасиз ташиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

193-модда. Ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспортида юкларнинг сақланишини таъминлаш қоидаларини бузиш

Темир йўлнинг юк ташиш учун мўлжалланган қатнов таркибига, контейнерларга, сузувчи ва бошқа транспорт воситаларига, шунингдек юк ташувчи мосламаларга шикаст етказиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво кемалари, юк вагонлари, юк автомобиллари, автомобиль тиркамалари, контейнерларнинг, сузувчи воситалар трюмлари ва бошқа юкхоналарининг пломбаларига ва бекиткич қурилмаларига шикаст етказиш, уларнинг пломбаларини бузиш, айрим юк ўринларига ва юк ўрамаларига, пакетларига, юк қўраларининг, темир йўл станцияларининг,
юк автомобиллари станцияларининг, контейнер пунктларининг (майдончаларининг), портларнинг (пристанларнинг) ва юк ташиш билан боғлиқ бўлган операцияларни бажариш учун фойдаланиладиган омборларнинг тўсиқларига шикаст етказиш, шунингдек тегишли рухсати бўлмай туриб юк қўраларига, контейнер пунктларига (майдончаларига), портлар (пристанлар), шлюзларнинг юк турган ҳудудларига (жойларига)
ва юқорида зикр этилган омборларга кириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспортида юкларнинг
бут сақланишини таъминлаш қоидаларини бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

194-модда. Ташувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги

Ташувчининг йўловчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун қонунда белгиланган ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслиги, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

195-модда. Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш

Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан ҳалал бериш, шу жумладан, автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар
ва тўсиқлар яратиш, ишлар олиб бориш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик ҳамда сақлаш қоидаларини бузиш, йўл қопламасини ифлослантириш, йўл белгиларини кўришни қийинлаштирувчи дарахт ва бошқа ўсимликларни экиш ёки ўз вақтида шакл бермаслик (кесмаслик) йўли билан халал бериш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари, юридик шахсларга йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўл белгиларини ўрнатиш, йўлларни, темир йўлдан ўтиш жойлари
ва бошқа йўл иншоотларини ҳаракат учун хавфсиз ҳолда сақлаш қоидаларини бузиш ёки йўлнинг айрим қисмларидан фойдаланиш ҳаракат хавфсизлигига таҳдид этадиган пайтда уларда ҳаракатни ўз вақтида тақиқлаш ёки чеклаш чораларини кўрмаслик —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари, юридик шахсларга йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

196-модда. Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Темир йўллар ва автомобиль йўллари учун ажратилган минтақаларда темир йўл органлари ва йўл органлари билан келишмай туриб ерни ҳайдаш, ўт ўриш, дарахт кесиш ва уларга шикаст етказиш, чимларни олиб ташлаш
ва тупроқ олиш, канализация, саноат, мелиорация сувларини ва оқова сувларни сув қочириш иншоотларига ва резервларига оқизиш, шунингдек ажратилган минтақаларда ва ёғоч кўприклардан 100 метргача бўлган масофада олов ёқиш, ёғоч кўприклар ва тахта тўшамали кўприкларда чекиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг тўртдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

197-модда. Ер эгалари ёки ердан фойдаланувчиларнинг автомобиль йўлларини ва йўл иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиши

Автомобиль йўлларига ажратилган минтақага туташ жойлардаги ер эгалари ёки ердан фойдаланувчиларнинг умум фойдаланишдаги йўллардаги аҳоли пунктлари доирасида, ўзларига бириктириб қўйилган ер майдони чегарасида пиёдалар юрадиган йўлкалар ва улар ўтадиган кўприкчалар қуриш, уларни таъмирлаш ва мунтазам тозалаб туриш мажбуриятларини, шунингдек ўзларига бириктирилган ер майдонидан чиқиш йўлларини
ёки умум фойдаланишдаги автомобиль йўлларига келиб туташадиган йўлларни, шу жумладан кесиб ўтиладиган кўприкларни техник жиҳатдан соз ҳолда ва озода сақлаш мажбуриятларини бажармаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

198-модда. Магистрал қувурларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Магистрал қувурларни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

199-модда. Рухсатсиз радиоузаткич шохобчаси ўрнатиш ва (ёки) ундан фойдаланиш, шунингдек абонентлик қурилмасини телекоммуникация тармоқларига улаш

Қувватидан қатъи назар радиоузаткич шохобчасини рухсатсиз ўрнатиш ва (ёки) ундан фойдаланиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Абонентлик қурилмасини рўйхатдан ўтказмай ёки рухсатсиз алоқа тармоқларига улаш —

абонентлик қурилмасини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

200-модда. Радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш тартибини бузиш

Радиоэлектрон воситалар ёки юқори частотали қурилмаларни лойиҳалаш, қуриш (ўрнатиш) ва улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини, радиоайирбошлаш ва радиочастоталардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, радионурланишнинг техник регламентлари ёки давлат стандартлари, нормалари ва белгиланган тартибда ўрнатилган параметрларига риоя этмаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Радиоэлектрон воситалари ёки юқори частотали қурилмаларни тайёрлаш, олиш, сотиш ёки ўзгага доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш учун бериш тартибини бузиш —

радиоэлектрон воситаларни ёки юқори частотали қурилмаларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан биринчи маротаба содир этилиб, етказилган зарар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб ўттиз кун ичида қопланган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади.

 

 

201-модда. Алоқа, ахборотлаштириш, телекоммуникациялар
ва даврий матбуот нашрларини тарқатиш соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартларни бузиш.

Алоқа, ахборотлаштириш, телекоммуникациялар ва даврий матбуот нашрларини тарқатиш соҳасига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар, техник регламентлар талаблари, нормалар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар сифатини бузиш –

мансабдор шахсларга базавий хисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

202-модда. Алоқа йўллари ва иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш

Алоқа йўллари ва иншоотларини, шунингдек алоқа йўли ва кабель иншоотларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

203-модда. Ахборотдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Ҳимояланган ахборот тизимига ўз мақсадлари йўлида рухсатсиз кириб олиш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ахборот тизимларининг ишини бузишга олиб келган худди шундай ҳуқуқбузарлик, худди шунингдек кириш чекланган ахборот тизимларини ахборот-ҳисоблаш тармоқларига улаш чоғида тегишли ҳимоя чораларини кўрмаганлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига қонунга хилоф равишда улаш, бу тармоқларга тегишли ҳимоя чораларини кўрмасдан уланиш, худди шунингдек улардан маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ўз қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳолда, ўз хоҳишига кўра ваколатли органга ёки судга мурожаат этиб, айбига иқрор бўлса ва ҳуқуқбузарлик фош қилинишига ёрдам берса, жавобгарликдан озод этилади.

 

204-модда. Компьютер тизимидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Компьютер тизимидан фойдаланишга рухсати бўлган шахснинг ушбу тизимдан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузиши компьютер ахборотининг йўқ қилиб юборилишига, тўсиб қўйилишига, модификациялаштирилишига, компьютер ускунаси ишлашининг бузилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик ўта муҳим ахборот мавжуд бўлган компьютер тизимидан фойдаланиш вақтида содир этилса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

205-модда. Телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш

Телекоммуникация тармоғидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда —

ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

206-модда. Ахборот технология воситаларининг айнанлигини тасдиқловчи маълумотларни қонунга хилоф равишда ўчириш, ўзгартириш ёки бошқа маълумотлар киритиш

Ахборот технология воситалари бўлган компьютер ва бошқа Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш учун қўлланиладиган қурилмаларнинг тармоққа уланган вақтидаги ягона таққословчи  маълумотларини ёки мобил қурилмаларнинг ўзига хос идентификация кодларини қонунга хилоф равишда ўчириш, ўзгартириш ёки бошқа маълумотлар киритиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

207-модда. Автомат телефонлари ва фавқулодда хабар бериш воситаларини шикастлантириш

Автомат телефонлари ва фавқулодда хабар бериш воситаларини шикастлантириш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХV боб. Фуқароларнинг турар жой ҳуқуқларига тааллуқли, коммунал хизмат ва ободонлаштириш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

208-модда. Кўп квартирали уй-жойлардаги умумий мулк бўлган жойларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш
ва фойдаланиш

Кўп квартирали уй-жойлардаги уй-жой мулкдорларининг умумий мулк бўлган уй олди майдонлари, ертўла, подьездлар, зинапоялар ва лифтларнинг ёнбошлари, кир қуритиш жойлари, том ости ва том қисмлари каби жойларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиши ва фойдаланиши —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, юридик шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Кўп квартирали уй-жойлардаги болалар ўйин майдончаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, шу жумладан, улардан автотураргоҳ сифатида ёки шахсий манфаатларда фойдаланиш -

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

 

209-модда. Турар жойлардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари
ва нормаларини бузиш

Кўп квартирали уй ва унинг атрофидаги ерларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, умум фойдаланадиган жойларни санитария ҳолатида сақлаш қоидаларини бузиш, мухандислик қурилмаларини сақлаш қоидаларини бузиш, уларни техник сақлаб туриш
ва таъмирлаш юзасидан ўз вақтида ишларни амалга оширмаслик, кўп квартирали уйларда хоналарни таъмирлаш, ўзгартириш ва қайта ускуналаш бўйича бинолар хавфсизлигини таъминлаш тартиби қоидаларини бузиш, кўп квартирали уйлардаги чорва молларни, худди шунингдек одамларнинг саломатлигига хавф солувчи ҳайвонларни боқиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади

 

210-модда. Давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик

Давлат солиқ органларида ижарага бериш шартномасининг мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этмаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

211-модда. Уй-жойларни қуриш қоидаларини бузиш ёки
уй-жойларга доир мулк ҳуқуқларини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаслик

Фуқароларнинг уй-жойларни, хўжалик ва рўзғор биноларини қуриш қоидаларини бузиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда
ўз вақтида расмийлаштирмаслиги, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

 

212-модда. Шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш, шунингдек тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

213-модда. Белгиланмаган жойларга ахлат ташлаш ёки уларни ёқиш

Белгиланмаган жойларга ахлат ташлаш ёки уларни ёқиш,—

базавий ҳисоблаш миқдорининг бешдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Аҳоли турар жойларида дарахт баргларини ёқиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг учдан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

214-модда. Шаҳарлардаги, давлат ер фондидаги дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш

Қурилиш, реконструкция, ободонлаштириш ишларини амалга оширилиши муносабати билан шаҳарлардаги, давлат ер фондидаги ўсиб турган дов-дарахтларни ўзбошимчалик билан кесиб ташлаш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

215-модда. Водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

216-модда. Канализация тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш

Уй-жойларни, жамоат, ишлаб чиқариш объектлари ва бошқа объектларни, шунингдек ер участкаларини канализация тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб олиш, таркибидаги ифлослантирувчи моддалар йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган оқова сувларни канализацияга оқизиш ҳамда канализациядан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда канализация тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса, —

 жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

217-модда. Сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш қоидаларини бузиш

Сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш қоидаларини бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХVI боб. Савдо, тадбиркорлик ва молия соҳаларидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

218-модда. Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, юридик шахсларга эса — қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ёнилғи-мойлаш материаллари билан, қўлда савдо қилиш ёхуд шаҳарларда белгиланмаган жойларда қўлда савдо қилиш —

сотилаётган ашёларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ёнилғи-мойлаш материаллари сотиш қоидаларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Энергетик ичимликларни ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

219-модда. Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш

Лицензия олиниши ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиниши шарт бўлган фаолият билан лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

 

 

 

220-модда. Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш

Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, —

мазкур ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроллари ва ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

221-модда. Товарларни уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз ҳамда маълумотларсиз ёхуд ёлғон маълумотлар кўрсатган ҳолда реализация қилиш

Хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари
ва саноат молларини уларнинг сифатини ва ишлаб чиқариш маркасини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз сотиши, худди шунингдек сотиш мақсадида олиши, —

товарларни мусодара қилиб, — жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

товарларни мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг олти баравари, юридик шахсларга эса - ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ишлаб чиқариш маркасида ёки товар белгисида ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган ери тўғрисида ахборот бўлмаган ёхуд ёлғон маълумотлар кўрсатган ҳолда товарларни реализация қилиш, шунингдек реализация қилиш мақсадида сотиб олиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

222-модда. Бозорларда савдо қилиш қоидаларини бузиш

Бозорларда савдо қилиш ҳамда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисми, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисми, юридик шахсларга эса — икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

223-модда. Таркибида кимёвий моддаларнинг қолдиғи йўл қўйиладиган даражадан ортиқ бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш

Таркибида одамлар ва ҳайвонлар саломатлиги учун зарарли бўлган пестицидлар, минерал ўғитлар ва бошқа кимёвий моддаларнинг қолдиқ миқдори йўл қўйилиши мумкин деб белгиланган даражадан ортиқ эканлигини била туриб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, худди шунингдек заҳарли ёввойи ўсимликларни, уларнинг ҳосилини, меваларини, уруғларини, барглари ва илдизларини бозорларда сотиш —

маҳсулотларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

маҳсулотларни мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

224-модда. Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олди-сотдиси билан шуғулланиш

Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олди-сотдиси билан шуғулланиш —

валюта бойликларини мусодара қилиб, ўн беш суткага маъмурий қамоққа олишга ёки қирқ саккиз соат мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоқ ёки мажбурий жамоат ишлари қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

225-модда. Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битим тузиш

Наф келтирмаслиги аён бўлган битимни тузиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига илгари фойдаланилган, жисман ишлатиб бўлинган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускунани ёхуд технологияларни олиб киришга, шунингдек уларни ўрнатиш ва жорий этишга олиб келган битимни тузиш, республика манфаатларига анча миқдорда зарар етказган бўлса, худди шунингдек бундай битим тузилишига сабаб бўлган эксперт хулосасини ёки бошқа ҳужжатни ваколатли давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси томонидан бериш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

226-модда. Ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, олиш қоидаларини бузиш

Ёнилғи-мойлаш материалларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, олиш қоидаларини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

227-модда. Техник регламентларга жавоб бермайдиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш

Техник регламентларга жавоб бермайдиган ва кўплаб заҳарли моддалар чиқишига олиб келадиган ёнилғи-мойлаш материалларини реализация қилиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

228-модда. Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш

Солиқ олинадиган фойдани (даромадни) ёки бошқа объектларни қасддан яшириш (камайтириб кўрсатиш) ёхуд солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлашдан қасддан бўйин товлаш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик анча миқдорда содир этилган бўлса, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Даромадлар тўғрисида декларация тақдим этишдан бўйин товлаш, декларацияни ўз вақтида тақдим этмаслик ёки унда атайин нотўғри маълумотларни тақдим этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

229-модда. Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Эмитентлар ва қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборотни, ҳисоботларни эълон қилмаслик ёки ўз вақтида эълон қилмаслик, шунингдек давлат назорати органларига ҳисоботлар ёхуд ахборотни топширмаслик ёки ўз вақтида топширмаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Инвесторлар, қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операциялар бўйича ҳисоб ва ҳисоботнинг белгиланган тартибини бузиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан инвесторлар ва давлат назорати органларини атайин нотўғри маълумотлар тарқатиш (тақдим этиш) орқали чалғитиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

230-модда. Солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини бузиш

Фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқнинг ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, шунингдек бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни, дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларнинг асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим
этмаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, юридик шахсларга икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Касса операцияларини юритиш тартибини бузиш, шу жумладан, қарздор корхоналардан тўловларни ундириш бўйича солиқ органларининг инкассо топшириқларини бажармаслик, шунингдек дебиторлик
ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш, шунингдек пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатини бузиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Солиқ тўловчи томонидан бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка тақдим этмаслик
ёки ўз вақтида тақдим этмаслик, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, юридик шахсларга етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

 

231-модда. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузиш, —

юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

232-модда. Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш

Молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини бузиш кўп бўлмаган миқдорда содир этилган бўлса, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

233-модда. Солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузиш

Солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини қўлланиш тартибини бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга эса — уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

234-модда. Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш

Иш ҳақини тақиқланган шаклларда тўлаш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

235-модда. Ходимлар сонини яшириш

Ходимлар сонини яшириш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга эса — олти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

 

 

236-модда. Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш

Бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузиш —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

237-модда. Ноқонуний тадбиркорлик фаолияти

Тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга ошириш, —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни анча миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир
этиш, —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни кўп миқдордаги назорат қилинмайдиган даромад олган ҳолда содир этиш, —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жисмоний шахс ўз фаолиятини расман тўхтатиб турган давр мобайнида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтказилишини таъминлаган ва зарур бўлган рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирган бўлса, жавобгарликдан озод этилади, контрабанда, контрафакт товарлари ва мажбурий тартибда йўқ қилиш белгиланган мол-мулк бундан мустасно.

 

 

238-модда. Таксиларни ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга доир талабларни бузиш

Ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талаблар бузилган ҳолда жиҳозланган таксиларни йўлга чиқариш, —

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Белгиланган тартибда ягона таниш белгилари билан тўлиқ жиҳозланган таксиларнинг ҳайдовчилари томонидан мазкур белгилардан қасддан фойдаланмаслик ёки улар шикастланганлигига қарамай йўловчиларни ташиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

239-модда. Рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини, табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини
ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Монополияга қарши органга ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ахборот тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд уларга била туриб ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этиш, —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга уч баравари, юридик шахсларга эса — беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Монополияга қарши орган ёки истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларнинг қоидабузарликларни тугатиш тўғрисидаги, дастлабки ҳолатни тиклаш ҳақидаги, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаш, ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Тайёрловчининг товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг кўрсатмаларини бажаришдан бўйин товлаши, уларни ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслиги —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юборишда, қўшиб олишда ҳамда акцияларни (улушларни) ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олиш бўйича битимлар тузишда монополияга қарши талабларни бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Рақобатни чеклашга олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларни келишиб олинган ҳолда содир этиш ва келишувлар тузиш,

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга беш баравари, юридик шахсларга эса — етти баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Товар ёки молия бозорида устун мавқени суиистеъмол қилиш, худди шунингдек танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш —

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларининг рақобатни чеклайдиган ҳужжатлари ҳамда ҳаракатларини амалга ошириш, шу жумладан юридик шахслар бирлашмаларининг хўжалик юритувчи субъектлар иқтисодий фаолиятига рақобатни чеклаб қўядиган ёки чеклаб қўйиши мумкин бўлган тарзда аралашиши, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг  ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Инсофсиз рақобатга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан рақобатчини обрўсизлантириш

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга ўн баравари, юридик шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Табиий монополиялар субъектларига оид қонун ҳужжатлари талабларини бузиш

жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга ўн баравари, юридик шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш, шунингдек истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик, шу жумладан товарни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш, маҳсулотнинг хусусиятлари ва сифатини қасддан ўзгартириш, худди шунингдек қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн  баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган товарларни ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, мансабдор шахсларга етти баравари, юридик шахсларга эса — ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

240-модда. Мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиш

Хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

 

 

 

 

241-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

Ички назоратни, мижозларни лозим даражада текшириш натижаларини ҳужжатлаштириш ва сақлашни, таваккалчиликларни аниқлаш, баҳолаш ва ҳужжатлар билан қайд этишни ташкил қилиш ва амалга оширишга доир талабларни бузиш, операцияни амалга оширишни рад этиш, худди шунингдек махсус ваколатли давлат органига шубҳали операциялар ҳақидаги ахборотни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки нотўғри ахборот тақдим этганлик, қонун ҳужжатлари талабларининг пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкни ишга солмай тўхтатиб қўйишга ёки операцияларни тўхтатиб туришга оид қисмини ижро этмаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ички назорат қоидаларига риоя этилиши устидан мониторинг ва назоратни амалга оширишнинг белгиланган тартибини тегишли назорат қилувчи, лицензияловчи ва рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан бузиш, худди шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш муносабати билан тижорат, банк сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ғайриқонуний равишда талаб қилиш, олиш ёхуд ошкор этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

242-модда. Қасддан банкротликка олиб келиш

Якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга зарар етказилишига сабаб бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХVII боб. Одил судловга тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

243-модда. Судга ҳурматсизлик қилиш

Гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

244-модда. Суднинг хусусий ажрими (қарори) бўйича чоралар кўрмаслик

Мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

245-модда. Халқ маслаҳатчисининг судга боришига тўсқинлик қилиш

Мансабдор шахснинг халқ маслаҳатчиси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун судга боришига тўсқинлик қилиши —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХVIII боб. Жамоат тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

246-модда. Майда безорилик

Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

247-модда. Фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юриши

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (диний ташкилотларнинг хизматидагилар бундан мустасно) жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

248-модда. Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш

Диний мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки тарқатиш, —

материалларни ва уларни тайёрлаш ҳамда тарқатиш учун тегишли воситаларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки бир юз йигирма соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

249-модда. Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш

Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, —

материалларни ва уларни тайёрлаш ҳамда тарқатиш учун тегишли воситаларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки бир юз йигирма соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

250-модда. Ўқотар қуроллардан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш

Ўқотар қуроллардан белгиланган тартибни бузган ҳолда
фойдаланиш —

қурол ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

251-модда. Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи

Пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

252-модда. Фуқароларнинг хонаки усулда ҳозирланадиган ўткир спиртли ичимликларни сотиш мақсадида тайёрлаши ёки сотиши

Фуқароларнинг хонаки усулда ҳозирланадиган ўткир спиртли ичимликларни сотиш мақсадида тайёрлаши ёки сотиши —

сотишга мўлжалланган ашёларни ва тайёрлаш воситаларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

253-модда. Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш

Этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш —

ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг еллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

254-модда. Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш

Иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш, бундан тўйлар, юбилейлар ҳамда бошқа тантаналар ва маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари мустасно, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга ёҳуд мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

255-модда. Жамоат жойларида чилим ёки электрон сигареталар чекиш

Жамоат жойларида чилим ёки электрон сигареталар чекиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклашга доир чора-тадбирларни кўрмаслик ёхуд бундай чора-тадбирларни кўришга тўсқинлик қилиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

256-модда. Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш

Вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар истеъмол қилишга, гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп ҳисобланмаган, лекин кишининг ақл-идрокига, иродасига таъсир қиладиган моддалар ёки воситаларни истеъмол этишга жалб қилиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

257-модда. Вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш

Вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдорида жарима солишга ёки ёки етмиш икки соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

258-модда. Вояга етмаган шахснинг кўнгил очиш (дам олиш) жойларида тунги вақтда бўлишига йўл қўйиш

Ресторанлар, кафелар, барлар, клублар, дискотекалар, кинотеатрлар, компьютер заллари, Интернет тармоғидан фойдаланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёки бошқа кўнгил очиш (дам олиш) жойларининг раҳбарлари ёхуд бошқа масъул шахслари томонидан вояга етмаган шахснинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўрсатилган муассасаларда бўлишига йўл қўйиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга қирқ саккиз соатгача бўлган муддатга мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

259-модда. Тиланчилик қилиш

Аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга ёҳуд йигирма тўрт соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

260-модда. Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш

Порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, —

порнографик маҳсулотни, шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдорида жарима солишга ёки бир юз йигирма соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

 

261-модда. Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш

Зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, худди шунингдек уни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш, —

зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни, шунингдек уни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш воситаларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг еллик баравари миқдорида жарима солишга ёки бир юз йигирма соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига солишга сабаб бўлади.

 

262-модда. Фоҳишалик билан шуғулланиш

Фоҳишалик билан шуғулланиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

 

263-модда. Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш —

ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш —

ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга ёки қирқ саккиз соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига сабаб бўлади.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш —

компьютер ва бошқа ёрдамчи воситаларни, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жарима солишга ёки ўттиз икки соатгача мажбурий жамоат ишлари қўлланишига, юридик шахсларга эса ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

264-модда. Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш

Тунги вақтда — соат 23.00 дан 06.00 гача — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузиш, яъни баланд овоз билан қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, товуш сигналлари бериш, хонадонларда, турар жойларнинг йўлаклари ва эшикларида, кўчаларда овози баланд қилиб қўйилган телевизорлар, радиоприёмниклар, магнитофонлар ва овоз чиқарувчи бошқа аппаратуралардан фойдаланиш, турар жой биноларида ва улардан ташқарида жуда зарур бўлмагани ҳолда шовқин чиқарувчи ишлар қилиш, шунингдек маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузувчи бошқа ҳаракатларни содир этиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

ХIX боб. Бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик

 

265-модда. Депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш

Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар
ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик
ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш, —

мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

266-модда. Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш

Давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг
ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисига мазкур хизматчининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

267-модда. Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот
ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши

Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда бажариши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни уни пора эвазига ўзига оғдириб олаётган шахс манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

268-модда. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этиш

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни қонунга хилоф равишда рад этиш —

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

 

269-модда. Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик

Ички ишлар органлари ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, ички ишлар органларига бориш ёки кўрсатилган муддатда ички ишлар органларида бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, худди шунингдек жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш вазифаларини амалга ошираётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

270-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларини бажармаслик

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, кўрсатилган муддатда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларига (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга) бориш ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларида (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда) ҳозир бўлиш тўғрисидаги қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, —