ID Muallif Muhokamaga chiqarish sanasi Yakunlanish sanasi Takliflar soni
10069 Республиканский научно-практический центр "Оила" 11/11/2019 26/11/2019 88

Muhokama yakunlandi

O'zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qarori
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини ташкил этиш тўғрисида
ID-10069

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини

ташкил этиш тўғрисида

Республикада оила институтининг мустаҳкамланиши ва ривожланишини таъминлаш, “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этиш, унинг маънавий-аҳлоқий пойдевори ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда – “Оила” маркази деб аталади), Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман (шаҳар)ларида Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Марказлар юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида ташкил этилсин.

2. Марказларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

замонавий оиланинг намунали шаклини хамда “Оила жамият ва давлат химоясида” конституциявий принципини, “Фаровон оила - жамият равнақининг асоси” концептуал ғоясини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш;

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этган ҳолда ташкил этиш;

ёш оила ҳолати ва ривожланишини ҳар томонлама ўрганиш, жумладан мониторинг тадқиқотини ташкил этиш.

3. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. “Оила” марказининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча биттадан штат бирлиги - ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилсин.

5.  Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини молиялаштириш манбаи этиб қуйидагилар белгилансин:

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси, маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар ва халқаро ташкилотлар грантлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Марказ фаолиятини тизимли ташкил этиш мақсадида:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хокимликлари:

ФҲДЁ органлари марказларга никоҳни қайд этиш учун ариза берган шахсларнинг розилиги билан шакллантирилган рўйхатини ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин.

б) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:

оила мавзусига бағишланган таъсирчан видеофильм, видеороликлар, инфографик лавҳалар медиатекасини ташкил этсин;

иштирокчиларни никоҳ ва оила муносабатларини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар билан таъминласин.

в) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

марказларда никоҳланувчи ёшларга оиладаги эр-хотин ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид машғулотлар ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатсин;

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини тарғиб этишда қўмаклашсин;

иштирокчиларни оилавий муносабатларни тартибга солувчи қонун хужжатлари билан таъминласин.

г) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда:

марказларда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш жараёнига юқори малакали мутахассислар жалб қилсин;

марказлар фаолиятини илмий-методик қўлланмалар ва тарқатма материаллар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин.

7. “Оила” маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари республика кенгаши билан биргаликда марказлар томонидан белгиланган вазифаларнинг сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва натижалари бўйича фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари:

икки ой муддатда марказларга машғулотлар учун алоҳида хоналар, маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, зарур мебель, маиший ва компьютер техникаси билан таъминласин, интернет тармоғига улаш чораларни кўрсин.

Марказларга яқиндан ёрдам бериш ва фаолиятини самарали ташкиллаштириш масалалари туман, шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси, ҳоким ўринбосарлари зиммасига юклансин.

9. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

10. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 2018 йил 26 мартдаги 229 - сон қарорига 2 - иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.И. Баситханова ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Г.Ташмухамедова зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А.Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___”__________даги

___–сон қарорига

ИЛОВА

 

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари (кейинги ўринларда – марказлар деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Марказларнинг фаолияти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларига (кейинги ўринларда – ФҲДЁ органлари деб аталади) никоҳни қайд этиш бўйича ариза берган шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлашга йўналтирилган.

3. Марказлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг (кейинги ўринларда – “Оила” маркази деб аталади) туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомисиз ташкил этилади.

 

2-боб. Марказларнинг мақсади ва вазифалари

4. Марказларнинг бош мақсади ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, юқори маънавий-аҳлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мустаҳкам, тотув ва бахтли оила яратишга кўмаклашиш, уларга анънавий оилавий қадриятларни сингдириш, шунингдек, оиланинг замонавий моделини шакллантиришдан иборат.

5. Марказларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

замонавий оиланинг намунали шаклини хамда “Оила жамият ва давлат химоясида” конституциявий принципини, “Фаровон оила - жамият равнақининг асоси” концептуал ғояни никоҳланувчиларни онгига сингдириб бориш;  

никоҳланувчи шахсларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлашни йўлга қўйиш;

никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда соғлом маънавий-аҳлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмаклашиш;

машғулотлар, назарий-амалий курслар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, семинар-тренингларни илғор ижобий хорижий тажрибаларни инобатга олиб, ўқув жараёнига энг сўнгги илмий-услубий технологиялар ва реклама-ахборот усулларини жорий этан ҳолда ташкил этиш;

ёш оила ҳолати ва ривожланишини ҳар томонлама ўрганиш, жумладан мониторинг тадқиқотини ташкил этиш.

 

3-боб. Марказлар фаолиятини ташкил этиш  

6. “Оила” маркази:

- марказнинг ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб тасдиқлайди ҳамда уларнинг доимий янгиланишини таъминлайди;

- ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этади;

- ўқув машғулотларини ўтказиш учун малакали мутахассисларни жалб этилишини ташкил этади;

- марказлар томонидан белгиланган вазифаларнинг сифатли ва тўлиқ бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг ўрнатади ва натижалари бўйича фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашади.

7. “Оила” марказининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларида қўшимча биттадан штат бирлиги – ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этади ва унинг зиммасига марказнинг фаолиятини ташкиллаштириш қўйилади.

8. “Оила” марказининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари:

- рўйхат асосида никоҳланувчи шахсларнинг машғулотларда иштирок этишини ташкил этади;

- марказлар фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, ўқишнинг ўқув-услубий асосларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

- марказларда ўқитишни амалга ошириш учун етакчи таълим, тадқиқот ва илмий муассасалардан мутахассислар, шунингдек, амалиётчи мутахассисларни шартнома асосида жалб этади;

- марказларда машғулотлар ўтказилишининг доимий мониторингини амалга оширади ва “Оила” марказига чорак, ярим йиллик, йиллик, ҳокимликларга – йиллик маълумот беради.

 

4-боб. Марказларда машғулотларни ташкил қилиш тартиби

 

9.  ФҲДЁ органи томонидан никоҳга кириш учун ариза берган шахсларга марказларда бепул ва ихтиёрийлик асосида қуйидаги йўналишлар бўйича ўқишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот берилади:

оилавий-ҳуқуқий муносабатлар;

оилавий турмуш психологияси;

репродуктив саломатлик асослари;

ота-оналик ижобий кўникмалари;

иқтисод ва оила бюджети;

маънавий-аҳлоқий қадриятлар.

ФХДЁ органи томонидан хар 10 кунда ўқишга розилик берган шахсларнинг рўйхати шакллантирилади ва Марказга тақдим этилади.

10. Ўқув жараёнининг давомийлиги тўрт кундан ортиқ бўлмаслиги, ўқув юкламаси ҳажми 16 соатдан кам бўлмаслиги керак.

11. Марказларда машғулотлар тегишли йўналишлар бўйича ўқув режалари ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда ташкил қилинади.

12. Машғулотлар “Оила” маркази томонидан ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил қилинади.

13. Марказларда ўқитишнинг замонавий шакллари ва усулларидан, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялардан  фойдаланилган ҳолда ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади: маъруза, тақдимот, интерфаол семинар, амалий машғулот (кейс-стади, “кичик” гуруҳларда ишлаш, “ақлий ҳужум” ва бошқалар).

14. Машғулотнинг давомийлиги 45 дақиқани ташкил этади.

15. Ўқув жараёни никоҳланувчилардан камида 15 жуфт иштирокида ташкил қилинади.

16.Марказлар томонидан ҳар чорак бошида ҳудудий ФҲДЁ бўлимларига ўқувлар ўтказилайтган сана ва ўқув режалари етказиб берилади.

17. Марказлардаги машғулотларнинг доимий мониторинги “Оила” марказининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

18. Марказда қўувларда қатнашган тингловчиларга, ўқув якунида мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ сертификат берилади.

 

5-боб. Марказлар фаолиятини молиялаштириш ва ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби

19. Ўқув машғулотларини ўтказиш учун жалб қилинадиган ўқитувчилар ва мутахассисларни молиялаштириш, канцелярия молларини ва сертификатларни харид қилиш Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, ўқув, тарқатма ва тарғибот материаллар Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.  Ушбу харажатларни молиялаштиришда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, ҳомийлар хайриялари ва халқаро ташкилотлар грант ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари жалб этилиши мумкин.

20. Машғулотларни ўтказишга шартномавий асосда юқори малакали кадрлар, тегишли амалиётчи мутахассислар меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш асосида жалб қилинади.

21. “Оила” марказининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларидаги ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича бош мутахассиснинг фаолияти Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

 

 

                                                                                    Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш

                                                                                     марказлари ҳақидаги Низомга

ИЛОВА

 

“Оила” марказининг, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи логотиплари

 

 

Yoshlarni oilaviy hayotga tayyorlash markazida o`qiganligi haqida

SERTIFIKAT 
IM № 000000


________________________________________________________________________ 
(
Tinglovchining  familiyasi, ismi, otasining ismi)


 

        

20___yil ___________________dan 20 ___________ gacha 


________________________________________________________________________
(viloyat, tuman (shahar) nomi


Yoshlarni oilaviy hayotga tayyorlash markazida o`qidi.

 
 

Muhr o`rni

               

 

Boshqarma boshlig`i ______________ 
 

Sana ________________ Qayd raqami______

           

 

Umumiy takliflar

1697