ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
9469 Министерство народного образования Республики Узбекистан 25/10/2019 08/11/2019 13

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Халқ таълими муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси”ни жорий этиш тўғрисида
ID-9469

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, халқ таълими тизимида ислоҳотларни изчил давом эттириш, умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси”ни жорий этиш ва унинг ижобий натижаларини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб:

Тошкент шаҳридаги барча олий ўқув юртларининг информатика ва ахборот технологиялари, педагогика ва психология ҳамда умумтаълим фанлари (математика, физика, химия, биология ва ўзбек тили каби) кафедраларини умумий ўрта таълим мактабларига (кейинги ўринларда “умумтаълим муассасалари” деб юритилади) бириктирсин ва кафедранинг профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб педагоглари учун ҳафтада камида бир маротаба маҳорат дарсларини ўтиш тизимини йўлга қўйсин;

Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган 3 минг нафарга яқин инглиз тили ўқитувчиларининг барчасини бир йил муддатда C1-CEFR даражасига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий таълим муассасаларининг хорижий тиллар кафедралари биттадан мактабни оталиққа олиб, режа асосида амалий семинарлар, тренинглар, “очиқ дарс”лар, маҳорат дарсларини ташкил этсин;

битирувчи синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини мунтазам ўтказсин;

умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида тизимли равишда маҳаллий фан олимпиадалари, жумладан “Тошкент STEAM фанлари олимпиадаси”ни ўтказилишини йўлга қўйсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган 600 дан ортиқ ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар, истисно тариқасида, Тошкент давлат педагогика университетининг сиртқи бўлимида, мақсадли қабул квоталари ажратилган ҳолда, ишдан ажралмаган тарзда ўқитилишини ташкиллаштирсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Халқ таълими вазирлиги билан  биргаликда 2020 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг ўқиш, математика ва табиий фанлардан саводхонлик даражасини халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, PIRLS, TIMSS) асосида баҳолаб боришни жорий этсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йилдан бошлаб, Тошкент шаҳридаги туман халқ таълими бўлимлари қошида ўқувчиларда фундаментал билимларни амалий тажрибалар асосида мустаҳкамлашга, уларни илмий ижодкорлик ва мустақил тадқиқотларга йўналтиришга қаратилган юридик шахс мақомисиз STEAM лаборатория марказларини босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

STEAM лаборатория марказининг чекланган ходимлар сони 10 нафардан иборат бўлган штатлар жадвали иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки:

марказ раҳбари ва унинг ўринбосарининг базавий тариф ставкалари тегишинча биринчи гуруҳга мансуб бўлган мактаб директори ва унинг ўринбосарининг базавий тариф ставкасига;

лаборатория мудири ва лаборантининг базавий тариф ставкалари тегишинча олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига тенглаштирилади.

STEAM лаборатория марказларига штат бирликлари қўшимча равишда давлат бюджети ҳисобидан ажратилади;

STEAM лаборатория марказлари туманларда мавжуд кам қувватли мактабларнинг фойдаланилмаётган қисмига жойлаштирилади;

STEAM лаборатория марказларини жиҳозлаш меъёрлари Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

6. STEAM лаборатория марказларини қурилиш-таъмирлаш бўйича - Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси;

STEAM лаборатория марказларини замонавий ускуналар, мебель, компьютер техникаси билан жиҳозлаш ва бошқа воситалар билан таъминлаш бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим таъминот” давлат унитар корхонаси - буюртмачи этиб белгилансин;

ўқувчиларнинг STEAM лаборатория марказига бориш ва келишларида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва марказ имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида ҳар бир STEAM лаборатория марказига иккитадан автобус ажратилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида босқичма-босқич ёшларнинг ахборот коммуникация технологиялар соҳаси бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган “IT-Nation” лойиҳасини амалга оширсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда умумий ўрта таълим мактабларида ҳуқуқ соҳасининг етук мутахассислари томонидан ҳар ҳафта “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанидан “очиқ дарс”лар, мактабларда ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ҳамда педагогик жамоалар учун ҳуқуқий мавзуларда суҳбатлар, ўқувчиларда коррупцияга қарши тоқатсизликни намоён эта олиш компетенцияларини шакллантириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари билан мунтазам учрашувлар ўтказсин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бошланғич синфларда ўқувчиларнинг иқтидори ва қобилиятларини янада ривожлантириш, бошланғич таълимнинг сифатини ошириш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб инклюзив таълимга жалб қилинган ўқувчилар мавжуд бўлган барча бошланғич синфларга “ассистент ўқитувчи” лавозимини жорий этсин ва унинг меҳнатига ҳақ тўлаш олий маълумотли ўқитувчининг базавий тариф ставкасининг 0,75 бараварига тенглаштирилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар  ҳокимлигининг:

Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги 68-сонли умумий ўрта таълим мактабини ўқувчиларни халқаро фан олимпиадалари ва мусобақаларига тайёрлашга ихтисослаштирилган «Иқтидорли ёшлар мактаб-интернати» (кейинги ўринларда мактаб-интернат деб аталади) сифатида қайта ташкил этиш ҳамда Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказиш;

Тошкент шаҳар, Сергели тумани, 3-мавзе, 49-уй манзилида жойлашган 68-сонли умумий ўрта таълим мактабининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда мактаб-интернатга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Мактаб-интернат устави ва ташкилий тузилмаси ҳамда ўқувчиларни қабул қилиш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатнинг 7-8-9-синфларига ўқувчилар қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мактаб-интернатнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

мактаб-интернатда ўқувчиларга чуқур билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этишга хориждан ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган тасдиқномаларсиз амалга оширилади.

11. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳар йили 20 майга қадар Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим муассасаларининг микроҳудудларга бириктириш жадвалини ўқувчиларнинг яшаш жойларига яқинлигини инобатга олган ҳолда тасдиқласин ва ҳар йили 20 ноябрга қадар қайта кўриб чиқсин.

12. Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Мирзо Улуғбек номидаги математика, астрономия, информатика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ва Табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини оператив бошқарув ҳуқуқини Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфига ўтказилсин.

13. Тошкент шаҳрининг барча туманларида 4 та сектор раҳбарларига Халқ таълими вазирлигининг тавсиясига кўра 2 тадан мактаб бириктирилсин ҳамда мактабларнинг моддий-техник базасини ва инфратузилмаларини намунали даражага келтириш бўйича истиқбол режаларини ишлаб чиқсин ва уни амалга оширилишини таъминласин.

14. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технология ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда:

2020 йил 1 январга қадар умумий ўрта таълим муассасалари атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёдалар ўтиш йўлакларига йўл ҳаракати белгилари, махсус светофорлар ўрнатиш, пиёдалар ўтиш йўлакларини тартибга келтирилишини таъминласин.

15. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари базавий тариф ставкаларининг:

иккинчи тоифали ўқитувчи учун 1,1 баравар;

биринчи тоифали ўқитувчи учун 1,25 баравар;

олий тоифали ўқитувчи учун 1,5 баравар миқдорларида қўшимча рағбатлантириш ойлик устамаларини тўлаш тартиби жорий этилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январдан бошлаб:

Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги реклама стендлари, жамоат транспорти ва бекатларда ижтимоий рекламалар жойлаштириш жадвалини ишлаб чиқсин;

Тошкент шаҳар жамоат йўл транспортларида ҳаракатланиш учун педагогларга имтиёзли “Ўқитувчи” ойлик йўл чипталарини жорий этсин.

17. Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда, STEAM лаборатория марказларини қурилиш-таъмирлаш, жиҳозлаш ва сақлаш учун ҳар йилги Давлат бюджети параметрларида зарур маблағларни ажратишни назарда тутсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги
Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳар умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш, ошхона
ва буфетларни ижарага бериш, танловларни ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилсин;

Бунда давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдоларни “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.

19. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг қуйидаги таклифларига розирилик берилсин:

давлат-хусусий шериклик асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг ошхона ва буфетларини белгиланган талабларга мос равишда сармоядорларга узоқ муддатга (камида 3 йил) фойдаланишга бериш;

давлат-хусусий шериклик асосида халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларининг ер майдони ёки бўш турган бино иншоотларини фойдаланишга беришда тузилган давлат-хусусий шериклик битими муддати давомида ҳар йили сармоядор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан кам бўлмаган маблағни таълим муассасасининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиб бериш.

20. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

21. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг  мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш бўйича чиқишлар ва тематик кўрсатувлар ташкил этсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш доирасида тегишли маблағларни 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

Общие комментарии

1828