ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
9455 Генеральная прокуратура Республики Узбекистан 24/10/2019 08/11/2019 37

Обсуждение завершено

Указ Президента Республика Узбекистан
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-9455

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари самарали ҳимоясини таъминлашга қодир бўлган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини йўлга қўйиш учун қатор институционал ва ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – Бюро) ташкил этилди, мажбурий ижро тизимида интизом мустаҳкамланди, замонавий АКТ технологияларини жорий этиш даражаси тубдан оширилди, шу жумладан, ижро ҳужжатлари бўйича мол-мулкни реализация қилишда суд қарорлари сўзсиз ижро этилишини таъминлашга дахлдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида самарали электрон ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, тизимда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига олиб келувчи қатор муаммолар ҳамда салбий тенденциялар кузатилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлари тузилмасининг таҳлили ҳам бу ҳақда далолат бермоқда. 2018-2019 йиллардаги аксарият ҳолларда ҳақли деб топилган кўплаб мурожаатлар суд қарорларини ижро этиш ва алиментларни ундириш масалалари билан боғлиқ бўлган.

Суд ҳужжатларини ўз вақтида ижро этмасликнинг асосий сабабларидан бири давлат ижрочиларининг ўсиб бораётган белгиланган нормативлардан 16 мартадан ошадиган иш юкламаси бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда давлат органларининг асосан мажбурлов чораларига йўналтирилганлиги, шунингдек, молиявий мажбуриятларни ихтиёрий ижро этиш инфратузилмасининг ривожланмаганлиги, шу жумладан, фуқаролар учун жарималар, бошқа йғимлар ва тўловларни тўлашда қулай воситаларнинг мавжуд эмаслиги тўлов тизимини мустаҳкамлаш имконини бермайди.

Бюро фаолиятида восита ва ваколатлардан нооқилона фойдаланиш, ишларнинг хусусияти ҳамда қарздорлар хулқига кўра мажбурлов чораларини қўллашда табақалашган ёндашув мавжуд эмаслиги кузатилмоқда.

Қўплаб ҳолларда мажбурий ижро чораларининг номутаносиб қўлланилиши, давлат ижрочиларининг аҳоли билан мулоқот қилиш ва низоли вазиятларни бошқариш юзасидан керакли кўникмалари мавжуд эмаслиги фуқароларнинг агрессив ҳаракат қилиши ва ҳуқуқ-тартиботни бузишига ундайди.

Мажбурий ижро тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ўз вақтида ижро этишни таъминлаш, ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйиш, шунингдек, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларини амалга ошириш мақсадида:

1. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига қуйидагиларни назарда тутувчи соддалаштирилган ижро иши юритиши институтини жорий қилиш:

Жисмоний шахслардан маъмурий жарима, солиқ қарзи ва давлат божларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мажбурий ижроси соддалаштирилган ижро иши юритиши тартибида, унинг ижроси натижасиз бўлганда – умумий белгиланган тартибда амалга оширилади;

соддалаштирилган ижро иши юритиши доирасида ундирув қарздор билан мулоқотга кирмасдан ва унинг яшаш жойига бормаган ҳолда, фақатгина қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақамларини қидириш ва ундан (шу жумладан, пластик карточкадан) қарздорликни сўзсиз ечиб олиш орқали масофавий амалга оширилади, ижро ҳужжати бўйича қарздорлик (ижро йиғими суммасидан ташқари) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган ҳолларда эса, қарздорликни иш ҳақига қаратиш орқали амалга оширилади;

мазкур банднинг учинчи хатбошида кўрсатилган мажбурий ижро чораларини қўллаш қарздорга ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий ижро этиш учун беш календарь куни тақдим этиш ва ижро иши юритишни қўзғатмасдан амалга оширилади, бу ҳақда қарздорга тегишли хабарнома юборилади;

соддалаштирилган ижро иши юритиши тартиб-таомиллари доирасида қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 1981-моддасида назарда тутилган санкция қўлланилмайди;

соддалаштирилган ижро иши юритиши тартиб-таомиллари доирасида амалга оширилган ижро ҳаракатлари вақти қонунда белгиланган мажбурий ижро муддатига кирмайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган тижорат банклари билан биргаликда икки ой муддатда тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 мартдаги ПҚ–3597-сон қарорига мувофиқ Ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизимига уланишини таъминласин;

бир ой муддатда Бюро билан биргаликда Бюро ва тижорат банкларининг қарздор жисмоний шахсларнинг банк ҳисобварақларини ва мазкур банк ҳисобварақларидаги пул маблағларини қидиришда, шунингдек қарздор жисмоний шахсларнинг маблағларини банк ҳисобварақларидан ечиб олишда, шу жумладан банк карталарида мавжуд бўлганларини, ўзаро электрон хамкорлиги тартибини тасдиқласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазрлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

судлар ва маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, шунингдек юридик аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга оширувчи давлат органларининг ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларининг давлат божларини, маъмурий жарималарни ва бошқа тўловларни тўлаш юзасидан интерактив давлат хизматларини кўрсатишга тайёрлиги бўйича жорий ҳолатини хатловдан ўтказсин;

хатлов натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат божларини, судлар ва давлат органлари томонидан солинган жарималарни ва бошқа тўловларни тегишли банк ва бошқа тўлов тизимлари орқали онлайн тарзда тўлаш бўйича давлат хизматларини кўрсатувчи алоҳида платформа яратишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорининг лойиҳасини киритсин, шунингдек 2020 йил 1 ноябрга қадар судларни ҳамда мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган давлат оргаларининг босқичма-босқич мазкур платформага уланишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Марказий банкининг қуйидагиларни назарда тутувчи алимент мажбуриятларининг ягона банк ҳисобварағини ташкил этиш (кейинги ўринларда ягона банк ҳисобварағи) тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:

ижро ҳужжатлари бўйича алментлар суммаларини киритиш ва ечиб олишга, шу жумладан қарздорларнинг ойлик маошларидан ушлаб қолишга мўлжалланган ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ягона банк ҳисоб рақамида илова ҳисобварақларини очиш;

ягона банк ҳисоб рақами бўйича маблағларнинг ҳаракатланишини

ва қарздорнинг алимент мажбуриятларининг бажарилишини мониторинг қилиш учун ягона банк ҳисоб рақамини Бюронинг MIB PORTAL ахборот тизими билан интеграция қилиш.

5. Бюро:

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан биргаликда бир ой муддатда Алимент мажбуриятлари бўйича ягона банк ҳисоб рақамининг фаолият юритиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин ва 2020 йил 1 мартдан бошлаб ягона банк ҳисоб рақамининг ишлашини таъминласин;

икки ой муддатда Бюронинг MIB PORTAL ахборот тизими доирасида қарздорларнинг алимент мажбуриятларининг тўғри ва ўз вақтида бажарилишини онлайн-режимида мониторинг қилинишини таъминлайдиган махсус комплекс дастурини ишлаб чиқсин;

икки ой муддатда давлат ижрочиларининг иш юритувидаги алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларини хатловдан ўтказсин, ҳар бир ижро ҳужжати бўйича ягона банк ҳисоб рақамида илова ҳисобварақлари очилишини таъминласин, бу тўғрисида барча ундирувчилар ва қарздорларни алимент бўйича ягона банк ҳисоб рақамига пул маблағларини киритиш ва ечиб олиш тартибини тушунтирган ҳолда хабардор қилсин, шунингдек қарздорнинг ойлик маошидан ушланган суммалар ўтказиладиган ягона банк ҳисоб рақами ва илова ҳисобварақларининг реквизитларини ўзгартирган ҳолда қарздорга маош ёки бошқа тенглаштирилган тўловларни тўлайдиган ташкилотларга юборилган талабномаларнинг янгиланишини таъминласин.

6. Белгилансинки, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

1) ижро ҳужжатларида мажбурий тартибда карздор-жисмоний шахснинг паспорт рақами ва серияси (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳисобланмаган жисмоний шахс бўйича – шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор-юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами кўрсатилади;

2) маъмурий жарима қўллаш тўғрисида ижро ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-модддасида назарда тутилган жаримани ихтиёрий тўлаш учун муддатлар тугагандан сўнг мажбурий ундириш учун Бюро органларига тақдим этилади, шунингдек соддалаштирилган тартибда ихтиёрий жаримани (жарима суммасининг 70% фоизини ва уни тўлаш муддатларини кўрсатган ҳолда) тўлаш имконияти тўғрисида ҳуқуқбузарни хабардор қилган ҳолда ҳуқуқбузарга маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарорнинг топширилганлигини асословчи ҳужжат мажбурий тартибда илова қилинади.

3) Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтириладиган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмаларга оид талаблари қайд этилган тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ва бошқа органларнинг тегишли қарорлари мажбурий ижро этиш учун тақдим этилгунга қадар қўлланилади. Қайд этилган тўловларни ундириш тўғрисидаги суд ва бошқа органларнинг тегишли қарорлари мажбурий ижро этиш учун тақдим этилгандан сўнг, бюджетдан ташқари жамғармаларга ажратмалар ижро иши юритишлари учун белгиланган тартиб ва миқдорларда амалга оширилади;

4) ижро ҳужжатини мажбурий ижро этиш давомида қарздорнинг хатланган мол-мулки бошланғич нархдан 30 фоизлик чегирма билан нархни ошириб бориш услубида ўтказиладиган дастлабки электрон онлайн-аукционга қўйилади, Давлат бюджетига ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк ҳамда гаровга қўйилган мол-мулк билан таъминланган қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бундан мустасно.

5) мулкий тусга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ундириладиган ижро йиғимининг миқдори:

қарзнинг суммаси 1000 базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 5 фоизи;

қарзнинг суммаси 1000 базавий ҳисоблаш миқдоридан ортиқ бўлган ижро ҳужжатлари бўйича – ундирилаётган сумманинг 2 фоизи мидорида ўрнатилади.

Ижро йиғими қўлланилган ижро ишлари бирлаштирилган тақдирда, қўлланилган ижро йиғимининг миқдори ўзгартирилмайди.

6) ижро иши юритиш бўйича бюджетга ундирилган суммалар, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ҳисобига солиқ қарзини ундириш бундан мустасно, қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:

60 фоиз – Давлат бюджетига;

30 фоиз – Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармасига;

10 фоиз – Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлигининг Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган ажратмалар миқдорларига қуйидаги ўзгартиришлар ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин:

100 фоиз – Бюронинг ходимлари томонидан қўлланиладиган ижро йиғими ва жарималар миқдоридан;

16 фоиз – ваколатли органлар томонидан олиб қўйилган ва давлат даромадига ўтказилган мол-мулкларни сотишдан тушган маблағлардан.

8. 2020 йилнинг 1 январидан:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида умумий штатлар сони 275 нафар давлат ижрочиларидан иборат бўлган Бюронинг 15 та туманлараро бўлимлари ташкил этилиб, уларга соддалаштирилган ижро иши юритиш тартибида ижро ҳужжатларини мажбурий ижро этиш функцияси юклансин;

Бюронинг туман (шаҳар) бўлимларида умумий бошқарув ходимларининг сони 201 нафар бўлган ташкилий назорат ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича секторлар ташкил этилиб, уларга ижрони, мурожаатлар билан ишланишини назорат қилиш, иш юритиш ва архив ишини ташкил этиш функциялари юклансин.

Ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган Бюро органларининг бўлинмалари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилсин:

Бюронинг туман (шаҳар) бўлимларидаги қидирув гуруҳларини (шўъбалари) тугатиш, бўшайдиган штат бирликлари қисмини (65 бирлик) Бюро Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармаларининг ахборот таъминоти ва қидирув шўъбаларига бериш;

Бюронинг туман (шаҳар) бўлимларидаги криминалист штат бирлигини қисқартириш, бўшайдиган штат бирликлари қисмини (28 бирлик) Бюро Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларининг тезкор шўъбаларига бериш;

Бюро туман (шаҳар) бўлимларидаги қарздорликни судгача ундириш шўъбаси инспекторларининг 21 штат бирликлари ва давлат ижрочисининг

67 штат бирликларини қисқартириш.

9. Молия вазирлиги ва Бош прокуратура 2020 йилга Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжалларини шакллантириш доирасида энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати тўловлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши бўйича функциялари билан шуғулланмайдиган Бюро органлари ходимлари қисмини сақлаш харажатларини улар иш ҳақи фондининг амалдаги миқдорларини сақлаб қолган ҳолда Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан босқичма-босқич Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказиш бўйича таклифлар киритсин ва бунда қуйидагиларни бюджетдан молиялаштиришга ўтказилишини назарда тутсин:

2020 йилнинг 1 январидан – 1301 бирлик;

2020 йилнинг 1 июлидан – 4298 бирлик.

10. Бюро:

ходимларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида бошланғич тайёрлов бўйича махсус бир ойлик курсни ўтагандан сўнг давлат ижрочиси лавозимига тайинлаш тартибини жорий қилсин;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси билан биргаликда тингловчиларга касб-одобномаси, психология, конфликтология ва вақтни бошқариш асосларини ўргатиш, шунингдек уларни Бюронинг ахборот тизимлари ва дастурий комплекслари (MIB PORTAL дастурий комплекси ва бошқалар) билан ишлаш кўникмаларига ўқитишни назарда тутувчи махсус бошланғич тайёргарлик курси дастурини тасдиқласин;

янги ташкил этилаётган туманлараро бўлимларни мажбурий ижро чораларини иш жойидан туриб ижро иши юритишнинг соддалаштирилган тартибида амалга ошириш имконини берувчи зарур хоналар (қоида тариқасида хизмат ўринларини “open-space” шаклидаги жамоавий жойлашувини назарда тутган ҳолда) ҳамда керакли мебель жиҳозлари, компьютерлар, оргтехника ва телекоммуникация воситалари билан таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

1) қонун ҳужжатларига қуйидагиларни назарда тутувчи:

маҳкумларга нисбатан мажбурий ижро чораларини қўлламаган ҳолда улар томонидан ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб уч ой муддатда (вояга етмаган шахслар учун – олти ой муддатда) жарима тариқасидаги жиноий жазони ихтиёрий равишда ижро этиш. Маҳкумнинг жиноий жазо тариқасида тайинланган жаримани тўлашдан бўйин товлаши жариманинг тўланмаган қисмини Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида назарда тутилган тартиб ва доирасида мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш каби бошқа жиноий жазо турларига ўзгартирилишига сабаб бўлиши;

ижро ишига муайян ҳуқуқдан (транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи, ов қилиш ҳуқуқи) фойдаланишни вақтинча тўхтатиб туриш институтини жорий этиш. Бунда ушбу ҳуқуқий таъсир чорасини алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари талабларини бажаришдан бўйин товлаётган қарздорларга нисбатан давлат ижрочисининг қарорига асосан қўллашни назарда тутиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил

21 майдаги 379-сонли қарорида кўрсатилган йирик битимлар, айрим турдаги молия-кредит хизматлари, халқаро йўловчи ташиш хизматлари ва давлат хизматларини кўрсатишда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик мавжудлигини текширишни назарда тутувчи ҳуқуқий таъсир чораларини кўрмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик киритиш бўйича таклифлар киритсин.

2) қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 1 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаментининг суд қарорларини ижро этиш, моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-722-сон қарорининг 5-банди, шунингдек унга 1-илованинг III бўлими ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти  Ш.Мирзиёев

Общие комментарии

2153