ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
807 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 02/10/2018 17/10/2018 2

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-807

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Давлат солиқ қўмитаси

раисининг биринчи ўринбосари                                                  Б. Мусаев

 

               Тошкент ш.,

2018 йил “____” ___________,

             ________-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2018 йил “___” __________ даги

_______ -сон қарорига
ИЛОВА

Давлат солиқ хизмати органларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5490-сон Фармонига мувофиқ солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш имкониятини берувчи “Хавфни таҳлил этиш” тизимини жорий этиш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низомга асосан солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил этиш тизими давлат солиқ хизмати органларида амалиётга жорий этилган “Тахлика-таҳлил” дастурий маҳсулоти (кейинги ўринларда дастурий маҳсулот деб юритилади) асосида тадбиркорлик субъектларини автоматик тарзда инсон омили аралашмаган ҳолда таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

2. Дастурий маҳсулот хавфни таҳлил этиш тизимини давлат солиқ идораларидаги мавжуд ички ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1843-сон қарорига асосан вазирлик
ва идоралар томонидан тақдим этилган ташқи маълумотларга ҳамда веб сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан олинган ахборотларга асосан қуйидаги йўналишларда:

а) тадбиркорлик субъектларининг шахсий карточкаларида солиқ қарздорлиги мавжудлигини;

б) солиқ тўловчи юридик шахслар томонидан солиқ мажбуриятларини бажарилишида cолиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тақдим этилган солиқ ҳисоботларига мунтазам равишда қайта ҳисоб-китобларнинг амалга оширилганлигини;

в) солиқ тўловчилар ҳисобот даври мобайнида дастлаб рўйхатга олинган юридик манзилини бир ҳудуддан бошқа бир ҳудудга мунтазам равишда ўзгартириб борилганлигини;

г) тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзларига тегишли бўлмаган тўлов терминаллари билан фойдаланилганлигини;

д) жисмоний ва юридик шахслар томонидан айнан бир тадбиркорлик субъекти фаолияти тўғрисида келиб тушган мурожаатларни;

е) бошқа йўналишларни таҳлил қилади ва ўрганиб чиқади.

3. Дастурий маҳсулот Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган мезонларга асосан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўлиқ ўрганиб чиқади ҳамда якуний натижаларни баллик тизим орқали солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфи даражасини баҳолаб беради.

4. Дастурий маҳсулот орқали баллик тизими таҳлили тадбиркорлик субъектлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси аниқланган камчиликлар суммаси ва ҳолатидан келиб чиқиб амалга оширилади.

5. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан дастурий маҳсулотдан шакллантирилган баллик тизими таҳлили чорак давомида бир маротаба ҳар чоракдан кейинги ойнинг 25 санасида ўтказилади. Банкдан ташқари йирик миқдордаги пул айланмаларни амалга оширган тадбиркорлик субъектларини доимий солиққа оид ҳуқуқбузарлик хавфини таҳлил қилиш муддати бундан мустасно.

6. Аниқланган ҳолатлар юзасидан давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларида солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига ташаббус билан мурожаат қилинади.

7. Дастурий маҳсулот орқали баллик тизими таҳлили натижаларига кўра солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси уч тоифага туркумланади.

а) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари;

б) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари;

в) солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари.

2-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори
бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

8. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантириб олинади.

9. Шакллантирилган рўйхатда келтирилган тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқорилиги тўғрисида корхонани хабардор қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва ички идоравий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширади.

10. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқлаштирилган қайта ҳисоботлар ёхуд асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда ёки такроран солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси юқори деб туркумланганда давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига (тугалланмаган балансга эга бўлган вазирлик, идоралар ҳамда компаниялар тизимига кирувчи барча ташкилотларда) текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкин бўлади.
 

3-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача
бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

11. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантириб олинади.

12. Шакллантирилган рўйхатда келтирилган тадбиркорлик субъектлари бўйича давлат солиқ хизмати органи Солиқ кодекси ва ички идоравий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширади.

13. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорлик субъектлари томонидан аниқлаштирилган қайта ҳисоботлар ёхуд асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда ёки такроран солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи даражаси ўртача деб туркумланганда давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларига (тугалланмаган балансга эга бўлган вазирлик, идоралар ҳамда компаниялар тизимига кирувчи барча ташкилотларда) текшириш ўтказишни келишиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкин бўлади.

4-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст
бўлган тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш

 

14. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектларига Солиқ кодексига ва ички идоравий ҳужжатларга асосан камерал назоратдан ўтказилмайди.

15. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган солиқ тўловчиларга текшириш ўтказиш тўғрисида прокуратура органларига мурожаат қилинмайди. (Мансабдор шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар юзасидан ўтказиладиган ҳужжатли текширишлар бундан мустасно)

 

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

16. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

17. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфни таҳлил этиш натижаларидан норози бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

18. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

   Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори                                                                   О. Муродов

             2018 йил “____” ___________

Савдо-саноат палатаси раиси                                                                                             А. Икрамов

           2018 йил “____” ___________

 

 

 

Общие комментарии

696