ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
722 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 26/09/2018 11/10/2018 7

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламентини тасдиқлаш ҳақида
ID-722

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламентини тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-бобига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилар ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш регламенти 1-иловага мувофиқ;

2. Солиқ тўловчилар томонидан бериладиган солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза шакли 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Раиснинг биринчи ўринбосари

                                   Б. Мусаев

         Тошкент ш.,

     2018 йил “___” ________,

         __________-сон

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2018 йил “__” __________даги
______ - сон қарорига
1-ИЛОВА

 

Солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчилари ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш

РЕГЛАМЕНТИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ солиқ мониторингини амалга оширишда давлат солиқ хизмати органи билан солиқ тўловчи ўртасидаги ўзаро ахборот алмашинувини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Регламентда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

солиқ мониторинги – солиқ назоратининг инсофли солиқ тўловчиларига солиқ солишнинг жорий масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда, давлат солиқ хизмати органлари ва инсофли солиқ тўловчилар ўртасида кенгайтирилган ахборот алмашишни назарда тутувчи шакли;

солиқ назорати – солиқ тўловчиларни, солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишнинг, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилишнинг ягона тизими;

давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикри – солиқ тўловчилар томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши масалалари юзасидан давлат солиқ хизмати органининг фикрини акс эттирувчи ҳужжат.

2. Солиқ мониторингининг предмети солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланишидан иборатдир.

Бунда солиқ мониторингида иштирок этувчи солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларнинг олдини олиш бўйича бепул маслахат ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилади.

3. Солиқ мониторинги ўтган йил якунларига кўра, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра энг кам иш ҳақининг етмиш минг баравари миқдоридан ортиқни ташкил этган солиқ тўловчиларга нисбатан амалга оширилиши мумкин.

4. Солиқ мониторинги солиқ тўловчиларнинг солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризасига асосан мазкур Регламентга мувофиқ амалга оширилади.

5. Солиқ мониторинги солиқ тўловчиларнинг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

2-боб. Солиқ тўловчилар томонидан солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги аризани ташқдим этиш ва уларни

кўриб чиқиш тартиби

 

6. Солиқ тўловчилар томонидан кейинги йилда солиқ мониторингида иштирок этиш тўғрисидаги ариза солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмасдан ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда тақдим этилади.

Мазкур аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи солиқ мониторингини амалга ошириш ёки амалга оширишни рад этиш тўғрисида бир ой ичида қарор қабул қилади.

7. Солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарор асосланган бўлиши керак. Солиқ мониторингини амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун солиқ тўловчи томонидан солиқ мониторингини амалга ошириш тўғрисидаги ариза ўз вақтида тақдим этилмаганлиги ёки белгиланмаган шаклда тақдим этилганлиги, шунингдек мазкур Регламент талабларига риоя этилмаганлиги асос бўлади.

8. Солиқ мониторингини амалга ошириш ёки амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарор у қабул қилинган кунда солиқ тўловчиларга ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилади.

3-боб. Давлат солиқ хизмати органларига ҳужжатлар (ахборот)ни тақдим этиш тартиби

 

9. Давлат солиқ хизмати органлари солиқ мониторингини амалга оширишда солиқ тўловчилардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришларни талаб қилиб олишга ҳақли.

Бунда давлат солиқ хизмати органлари солиқ тўловчилардан солиқ мониторинги билан боғлиқ бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас.

Талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар давлат солиқ хизмати органига ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда тақдим этилади.

10. Солиқ мониторинги жараёнида талаб қилиб олинадиган ҳужжатлар, маълумотлар ва тушунтиришлар солиқ тўловчи томонидан тегишли талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этилиши керак.

11. Талаб қилиб олинадиган ҳужжатларни, маълумотларни ва тушунтиришларни талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, солиқ тўловчи бу ҳақда сабабларини кўрсатган ҳолда тегишли давлат солиқ хизмати органини талабномани олган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ёзма шаклда, шу жумладан электрон шаклда хабардор қилишлари шарт.

12. Солиқ тўловчилар томонидан солиқ мониторингини юритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар (ахборотлар) давлат солиқ хизмати органларига қуйидагича тақдим этилиши мумкин:

солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали;

электрон ҳужжат шаклида телекоммуникация каналлари орқали;

буюртма хат билан почта орқали;

давлат солиқ хизмати органига бевосита ташриф буюриш орқали.

5-боб. Давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш, тўлаш билан боғлиқ асл ҳужжатлар

билан танишиб чиқиш тартиби

 

16. Солиқ тўловчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар билан танишиб чиқишда давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг солиқ ҳисоби, солиқ декларациялари (ҳисоб-китоблари) бузиб кўрсатилишини аниқлаш ва хавфларни ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва (ёки) тўлиқ тўламаслик хавфларини баҳолаш бўйича ёндашувлар (усуллар)ни қўллайди, шу жумладан қуйидагилар ҳисобига:

солиқ тўловчининг солиқ ҳисоби ва ҳисоботлари бузиб кўрсатилишини аниқлаш, ҳужжатлаштириш, идентификациялаш ва баҳолаш тизимлари;

назорат қилинадиган хўжалик операциялари (битимлари)ни белгилаш, одатдагидан ташқари хўжалик операциялари бўйича солиқ ҳисоби методологияси бўйича қарорлар қабул қилиш тартибини тавсифлаш мезонлари, солиқ таваккалчиликларини ҳужжатлаштиришда қўлланадиган жиддийлик мезонлари ва солиқ назоратини ўтказиш доирасида амалга ошириладиган бошқа усуллар.

17. Ҳар бир назорат тадбири бўйича уни ўтказиш юзасидан қабул қилинган тартиб (мавжуд бўлган ҳолатда) тавсифланиши, хусусан, қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

назорат тадбирини ўтказиш тартибининг қисқача тавсифи (назорат тадбирини ўтказишда ва унинг натижаларини таҳлил қилишда ҳаракатлар кетма-кетлиги, натижаларни (мавжуд бўлган ҳолатда) ҳужжатлаштириш тартиби, оғишлар (ёки қоида бузилишлар) аниқланганда ҳаракатлар тартиби;

назорат тадбирини ўтказишда текшириладиган масалалар (солиқ тўловчининг методологик нуқтаи назарни танлаш тартиби, шартномалар ва бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатлари мазмунини текшириш, бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатларини ва шартномалар тўғрисидаги ахборотни ҳисоб тизимларида акс эттириш тўғрилигини текшириш тартиби тўғрисида, дастлабки маълумотларни ишлаш, солиқ кўрсаткичлари ҳисоб-китоблари тўғрилиги тўғрисида);

назорат тадбирини ўтказиш тезлиги (ҳар йили, йилнинг ҳар чорагида, ҳар ой, ҳар кун);

назорат тадбирларини ёки текширувларни ўтказиш усуллари (автоматик равишда, дастлабки).

6-боб. Тақдим этилган ҳужжатлар (ахборот)ни ўрганиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи ва солиқ тўловчининг ўзаро ахборот алмашинуви муносабатлари тартиби

 

18. Солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар (ахборот)ни ўрганиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчи томонидан қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида амалга оширилганлиги бўйича унинг фикрини акс эттирадиган давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикрини тузади.

Солиқ тўловчи томонидан қонун ҳужжатлари бузилиши, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш нотўғрилиги, тўлиқсизлиги ва ўз вақтида амалга оширилмаганлиги аниқланганда, давлат солиқ хизмати органи ташаббуси бўйича давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикри тузилади ва кўриб чиқиш учун солиқ тўловчига юборилади.

19. Солиқ тўловчи ёзма шаклда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали сўровнома олинган санадан эътиборан бир ой муддатда давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикрига розилиги тўғрисида унинг ижросини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда хабардор қилади. Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикрига розилик билдирмаган ҳолатда ўз эътирозларини давлат солиқ хизмати органининг асослантирилган фикрини олган кундан эътиборан бир ой муддат ичида тақдим қилади.

Давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг эътирозлари олинган кундан эътиборан уч кун ичида уларни давлат солиқ хизмати юқори органига биргаликда муҳокама қилиш жараёни ўтказилишини бошлаш ва ўзаро келишув тузиш учун юборади.

20. Давлат солиқ хизмати органи ва солиқ тўловчининг ўзаро ахборот алмашинуви муносабатлари жараёни солиқ тўловчининг ихтиёрига кўра ёзма шаклда ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали, шунингдек интернет бўйича электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.

7-боб. Якуний қоидалар

 

21. Тақдим қилинган маълумотлар ва ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ўз вақтида амалга оширилиши учун солиқ тўловчи жавобгар бўлади.

22. Солиқ мониторингини ўтказиш давомида давлат солиқ хизмати органлари қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

солиқ тўловчига ҳужжатларни ўрганиш бўйича назорат тадбирларини ўтказишда унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида хабар бериш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар сирига риоя қилиш;

солиқ мониторингини ўтказишда қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш.

23. Ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

24. Мазкур Регламент Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

 

 

  Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Раиси                                                   А.Икромов

 

 

2018 йил “___” __________

 

Общие комментарии

576