ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
6265 Министерство юстиции Республики Узбекистан 13/08/2019 28/08/2019 0
Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Самарқанд вилояти туман ва шаҳар секторлари раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ривожлантиришдаги жавобгарлигини ошириш ва юқори натижаларга эришган раҳбарларни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш тўғрисида
ID-6265

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

 

Самарқанд вилояти туман ва шаҳар секторлари раҳбарларининг ҳудудларни комплекс ривожлантиришдаги жавобгарлигини ошириш ва юқори натижаларга эришган раҳбарларни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш тўғрисида

 

 

Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари (бундан буён сектор раҳбарлари деб юритилади) масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб, уларнинг фаолиятини холисона баҳолаш орқали уларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ–3182-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар секторлар раҳбарларининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.

Белгилансанки, секторларга бириктирилган ҳудудларларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишларни сифатли ташкил этиш ва улар самарадорлиги учун тегишли сектор раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ва секторларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотларнинг ҳар бир сектор бўйича масъул ходимлари (бундан буён сектор масъул ходими деб юритилади) камида уч ой муддат ўтгандан кейин фақат асосли сабабларга кўра ҳамда тегишли сектор раҳбари билан келишилган ҳолда алмаштирилиши мумкин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 8 январдаги ПҚ–4102-сон қарорида белгиланган секторлар штаби таркибига киритиладиган идора ва ташкилотларнинг раҳбарлари ўзлари томонидан бириктирилган сектор масъул ходимининг фаолияти учун сектор раҳбарлари билан бирга жавобгар ҳисобланади;

тегишли секторларга сектор масъул ходими сифатида иш фаолиятида етарли тажриба ва малакага эга бўлган, тизимда камида бир йил фаолият юритган шахслар ажратилади;

сектор масъул ходимлари секторларга тегишли идора ва ташкилотларнинг буйруғи асосида бириктириладилар ҳамда асосий иш жойидан ажралган ва ўртача лавозим маоши сақлаб қолинган ҳолда фаолият кўрсатадилар;

секторларда аниқланган муаммоларни ваколат доирасида ҳал этишга (жойида ҳал қилиш мумкин бўлган ва маблағ талаб этмайдиган масалаларни ҳал этмаслик, муаммо юзасидан мурожаатни тегишлилиги бўйича идора ва ташкилотларга юбормаслик) қаратилган чораларни кўрмаслик сектор раҳбарининг қонун ҳужжатларда кўрсатилган жавобгарликка тортишга асос бўлади;

аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан сектор раҳбари томонидан тегишлилиги бўйича идора ва ташкилотларга киритилган мурожаатларга 10 кун муддат ичида муносабат билдирилишига (муаммони қонуний ҳал қилиш ёки мурожаатда кўрсатилган қонуний талаблар ва таклифларни туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаслигини асослантириш) тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

3. Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти 2-бандда жорий этилаётган тартиб доирасида Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари фаолиятини таҳлил қилиб борсин ва 2020 йил 1 мартга қадар ушбу тартибни келгусида бутун республика ҳудудида жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрласин.

4. Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳар ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                        А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” _______даги “___”-сон қарорига

илова

 

Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳар ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарларни рағбатлантириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Самарқанд вилоятининг туман ва шаҳар ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг (бундан буён сектор деб юритилади) ижобий натижаларга эришган раҳбарларини рағбатлантириш тартибини белгилайди.

2. Қуйидагилар ижобий натижаларга эришган секторлар раҳбарларини рағбатлантиришнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

сектор раҳбарларини ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги фаоллигини янада ошириш;

секторлар раҳбарларини сектор штаби таркибига киритиладиган идора ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

секторлар раҳбарларини ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссалари учун муносиб тақдирлаш.

3. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш:

қонунийлик;

адолатлилик;

холислик;

ошкоралик;

тегишли ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларни фикрларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.

 

2-боб. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш асослари

 

4. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш учун уларнинг сектордаги фаолиятини баҳолаш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 декабрдаги 973-сон билан тасдиқланган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳрининг туманлар ва шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизими тўғрисида низомга асосан амалга оширилади.

5. Баҳолаш натижалари сектор раҳбарларини рағбатлантириш учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Самарқанд вилояти ҳокимлигига (бундан буён ҳокимлик деб юритилади) тақдим этилади.

Секторлар раҳбарларини рағбатлантириш ҳар олти ойда бир марта ҳисобот даври якуни бўйича баҳолаш натижаларини умумлаштирган ҳолда амалга оширилади.

6. Баҳолаш натижаларига кўра энг юқори кўрсаткичга эришган сектор раҳбарлари ҳокимлик томонидан рағбатлантирилади.

7. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган баҳолаш натижаларидан ташқари сектор раҳбарлари фаолиятига фуқаролар ва жамоат ташкилотлари томонидан билдирилган ижобий фикрлар ҳам рағбатлантиришда инобатга олиниши мумкин.

8. Муайян бир ҳудуддаги секторнинг паст кўрсаткичларга эришганлиги мазкур ҳудуддаги юқори натижага эга бошқа секторлар раҳбарларини рағбатлантирмасликка асос бўла олмайди.

3-боб. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш турлари

 

9. Баҳолаш натижаларига кўра туман ва шаҳарлар кесимида энг юқори кўрсаткичга эришган 3 та сектор раҳбарлари жамлаган балига тегишинча:

кейинги баҳолаш даврига қадар лавозим маошининг 200 фоизи миқдоридаги шахсий устамалар белгилаш;

республика ҳудудида жойлашган санатория-соғломлаштириш масканларига сектор раҳбари ва унинг оила аъзоларига бепул йўлланмалар бериш;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдоридаги бир марталик пул маблағлари бериш билан рағбатлантирилади.

10. Рағбатлантирилган раҳбарларнинг секторлари штаби аъзолари ташаккурнома ва бошқа эсдалик ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

4-боб. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш тартиби
ва молиялаштириш манбалари

 

11. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш уларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда, кенг жамоатчилик иштирокида ҳокимлик томонидан тантанали равишда амалга оширилади.

Тақдирлаш билан боғлиқ тантанали маросимлар оммавий ахборот воситаларида ёритилиши мумкин.

12. Сектор раҳбарлари ва унинг штаби аъзолари бириктирилган ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшганлиги учун ҳокимлик ёки унинг асосий иш жойи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мукофотларига ҳам тавсия этилиши мумкин.

13. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш ҳамда сектор штаби аъзоларини эсдалик ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш масалаларини молиялаштириш тегишлилиги бўйича Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Сектор штаби аъзоларини эсдалик ва қимматбаҳо совғалар миқдори ҳамда қиймати ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан белгиланади.

14. Рағбатлантирилган сектор раҳбарлари ҳисоби ҳокимлик томонидан олиб борилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

 

15. Сектор раҳбарларини рағбатлантириш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

16. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Общие комментарии

117