ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
480 Министерство культуры Республики Узбекистан 14/09/2018 29/09/2018 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида
ID-480

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Халқимизнинг юксак маънавий қадриятларини асраб-авайлаш ва камол топтириш, асрлар давомида заминимизда шаклланган маънавий-маърифий меросни жаҳон халқлари маданияти билан уйғун ҳолда келажак авлодга етказиш, миллий маданиятимизнинг жаҳон маданиятида тутган бебаҳо ўрнини янада кенгайтириш ва тарғиб этиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;

2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

2. Концепциянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини такомиллаштириш;

тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда қўллаш;

анъанавий ва умуминсоний қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва унга асосланган халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;

аҳоли, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, ижод эркинлигини таъминлашга эришиш;

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, миллий маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш;

маданий ҳаётда фаол иштирок этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан тўлиқ фойдаланишда фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий тенглигини таъминлаш;

бошқа халқлар маданиятлари билан ўзаро очиқ муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни янада ривожлантириш;

қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш;

маданият ва санъат муассасаларини тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ҳамда тизимли мониторинги, уларнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминласин;

Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўрсин;

зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доираларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, миллий маданиятни янада ривожлантириш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб қилсин.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад, вазифалари ва Концепциянинг амалга оширилишини ёритиб бориш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти

 


Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2018 йил ___ сентябрдаги ___–сон қарорига
1-ИЛОВА

 

2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш
КОНЦЕПЦИЯСИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. 2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) мамлакатимизда миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, принциплари, шунингдек, устувор йўналишларини белгилайди. Миллий маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда мазкур Концепция ғояларига эътибор қаратилади.

2. Мазкур Концепцияда миллий маданиятни янада ривожлантиришга мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг узвий ва ажралмас қисми сифатида қаралади, Ўзбекистон Республикасини 2017–2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари асосида ҳамда миллий
ва жаҳондаги илғор тажрибалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда амалга оширилади.

3. Мамлакатнинг тарихий ривожланиш даврида маданият миллатнинг маънавий тажрибасини сақлаб, тўплаб ва авлодларга етказиб келганлиги, халқимизнинг бирдамлигини, ватанпарварлик ва миллий ғурур ҳиссини тарбиялаганлигини эътироф этган ҳолда, маданиятнинг устуворлигига урғу бериш, жамият ҳаёти сифатининг янада юқори даражасини таъминлаш, унда фуқароларнинг ҳамжиҳат бўлишига эришиш, маънавиятли, масъулиятли, мустақил фикрловчи, ижодкор шахсни шакллантириш Концепциянинг асосий мазмунини ташкил этади.

2-боб. Миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг
мақсади, вазифалари ва принциплари

 

4. Маданий ва ижтимоий соҳани такомиллаштириш орқали баркамол ривожланган шахсни шакллантириш ва жамиятнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг асосий мақсади ҳисобланади.

5. Қуйидагилар миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг вазифалари ҳисобланади:

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизимни ва маданият муассасалари фаолиятини такомиллаштириш;

тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда қўллаш;

анъанавий ва умуминсоний қадриятларни ёш авлод онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва унга асосланган халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш;

Ўзбекистонда миллий маданиятни янада ривожлантиришда унинг тарихий босқичларини ўрганиш ва бу борада кенг кўламли илмий-тадқиқотлар олиб бориш;

аҳоли, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, ижод эркинлигини таъминлашга эришиш;

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, миллий маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш;

республика миқёсида миллий маданиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича илмий конференциялар ташкил этиш;

маданий ҳаётда фаол иштирок этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан тўлиқ фойдаланишда фуқароларнинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий тенглигини таъминлаш;

бошқа халқлар маданиятлари билан ўзаро очиқ муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш, миллий маданиятга жаҳон маданиятининг ажралмас қисми сифатида қараш, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлиликни ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни янада ривожлантириш;

қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослигини таъминлаш;

маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш.

6. Қуйидагилар миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг принциплари ҳисобланади:

ижод эркинлиги, маданиятлараро муносабатларда тенг ҳуқуқлилик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш;

маданият ва санъат соҳасида таълим-тарбиянинг тизимлилиги, илмийлиги ва давомийлигини таъминлаш;

миллий маданиятни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг оммавийлиги ва очиқлиги.

3-боб. Миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг
асосий йўналишлари

 

7. Қуйидагилар миллий маданиятни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

а) маданий мерос соҳасида:

аждодлар томонидан тўпланган тарихий ва маданий тажриба жамият аъзоларининг индивидуал ва умумий ривожланиши учун зарурий шарт эканлигини жамоатчилик онгига сингдириш;

маданий меросни аниқлаш, асраш ва оммалаштириш соҳасида жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

жамиятнинг моддий ва номоддий маданий меросни асрашга бўлган ҳуқуқи жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкий манфаатларидан устуворлигини амалда қўллаш;

моддий маданий мерос объектлари, миллий музей фондларини давлат томонидан муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш;

этник маданий анъаналарни асраш ва унга асосланган халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш, этномиллий ўзликни англашнинг асосий таркибий қисми ва аҳамиятли манбалардан бири сифатида этномаданият ҳилма-хиллигини сақлаш;

тарихий ва маданий меросни сақлаш ҳамда уни ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш ва таълим тизимида қўллаш;

шаҳарлар ва аҳоли турар жойларининг тарихий муҳитини
асраб-авайлаш, маданий-маърифий туризмни ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

фуқароларнинг этнографик, ўлкашунослик ва археологик экспедицияларда иштирок этиш, моддий ва номоддий маданий меросни аниқлаш, ўрганиш ва сақлаш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

б) маданий-маърифий соҳада:

жамиятнинг ижтимоий барқарорлаштиришга қаратилган маданий-маърифий сиёсатнинг барча йўналишларини қўллаб-қувватлаш;

халқ бадиий ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, унинг барча шакл, усулларини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

барча турдаги ижрочилик санъатини ривожлантириш ҳамда атоқли санъаткорларнинг Ўзбекистонда ишлаш шарт-шароитини яратиш;

жойларда маданий-маърифий фаолиятнинг самарали усулларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибани умумлаштириш ва ёйишга кўмаклашиш;

фестиваль, гастроль ва кўргазмалар фаолиятини ривожлантириш;

барча турдаги ижтимоий-маданий фаолият ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

халқ амалий санъати анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, халқ ҳунармандчилигини қўллаб-қувватлаш;

бадиий ҳаваскорликни ривожлантириш, бу соҳадаги маҳаллий ва миллий анъаналарни, маҳаллий жамиятлар ва ҳудудларнинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда оммавий ташаббускорликни қўллаб-қувватлаш;

ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган ахборот-кутубхона хизмати сифатини яхшилаш, уларнинг ахборотга бўлган талабини қондириш, кўзи ожизлар кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

нодавлат маданий институтлар фаолияти ва таълимоти учун шарт-шароитлар яратиш, ҳомийликни қўллаб-қувватлаш;

в) музейлар соҳасида:

музейлар ишининг давлат аҳамияти ва жамоатчилик мақомини юксалтириш, уни давлатнинг миллий устувор вазифалари қаторига қўшиш;

Миллий музей фондининг сақланишини таъминлашга қаратилган зарур чоралар кўриш, экспонатларни илмий ўрганиш, фондни тўлдириб бориш ва музей экспонатларидан кенг фойдаланишни таъминлаш;

музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан, «smart»-технологияларни (ахборот дўкончалари,
3-D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказоларни) жорий этиш;

аҳоли, энг аввало, ёш авлод учун мўлжалланган, Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда, музейларнинг фаолиятига инновацион ахборот технологиялари кенг жорий этиш ва музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали музей экспонатларини кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш;

Ўзбекистон музейларини жаҳон маданият майдонига интеграциялаш, республиканинг ҳалқаро миқёсдаги ижобий нуфузини оширишда фаол иштирок этиш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида республикадаги мавжуд барча музейлар фаолиятини тарғиб этувчи ягона махсус веб-сайтни яратиш, шунингдек, музейларда смарт технологиялардан кенг фойдаланиш;

музейлар фаолиятида нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ва музей ишида нодавлат музейларининг иштирокини кенгайтириш;

музей ишида самарали менежмент ва маркетинг технологияларидан фойдаланиш;

музейлар учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни самарали ташкил қилиш;

музейларнинг моддий-техника базасини замон талаблари асосида янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

г) театр соҳасида:

республикадаги мавжуд барча профессионал театр, театр-студия
ва ҳаваскорлик жамоалари фаолиятини тарғиб этувчи театр веб-сайтини яратиш;

театрларнинг замонавий пьесалар, шунингдек, миллий мумтоз, Ғарб ва Шарқ классик асарлари ҳамда болалар ва ўсмир ёшларга мўлжалланган узоқ муддатли репертуарини шакллантириш;

халқимиз, айниқса ёшлар қалбида миллий истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар ва ўзлигимизга чексиз ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, бузғунчи ёт ғояларга қарши иммунитетни янада кучайтиришда театр санъатининг ролини ошириш;

компьютерлаштирилган овоз, чироқ ҳамда кино-видео ускуналарини комплекс ҳолда театрларга татбиқ қилиш;

театр жамоаларида драматург, режиссёр, рассом, композитор, театршунос, адабиётшунос ва бошқа ижодкорларнинг мустаҳкам ҳамкорлигига эришиш;

театрларда томошабин билан мулоқотнинг уйғун, халққа манзур шаклларини яратиш мақсадида театр рассомларининг кўргазмалари, театр костюмлари ва музей экспонатлари намойишларини ташкил қилиш, томошабинлар билан ижодкорлар ўртасида давра суҳбатлари, мулоқотлар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, театр танқидчилигини кучайтириш;

мамлакатда ва хорижий давлатларда театрларнинг гастроль фаолиятини тизимли амалга ошириш;

республика ва халқаро даражада театр фестиваллари ҳамда кўрик-танловлар, илмий-ижодий конференциялар ташкил этиш;

театрлар учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни самарали ташкил қилиш;

театрларнинг моддий-техника базасини замон талаблари асосида янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

д) цирк соҳасида:

циркдаги ижодий жараён ва аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, буюк маънавий меросимиз, бетакрор қадриятларимизни улуғлайдиган томошалар билан бойитиб бориш ва ривожлантириш;

цирк дастурларининг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш, халқаро майдонда ўзбек цирк санъати нуфузини янада ошириш;

цирк соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, фаолиятини баҳолаш ҳамда рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш;

цирк соҳасида илмий изланишларни чуқурлаштириш ва таълим билан узвий интеграцияни таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб бориш;

цирк биносини реконструкция қилиш, кўчма циркларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни замон талабига жавоб берадиган ускуналар билан жиҳозлаш;

е) мусиқа соҳасида:

аждодлардан бебаҳо мерос бўлиб келаётган мусиқа меросини
асраб-авайлаш, янги шароитларда ривожлантириш ва улардан халқимизни баҳраманд қилиш учун кенг имкониятлар яратиш;

ўзбек халқ оғзаки ва мусиқа ижоди намуналарини тўплаш, тадқиқ ва тарғиб қилишга қаратилган махсус дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;

маҳаллий хусусиятга эга мусиқа жанрларининг миллий қадриятлар тизимида тутган ўрнини аниқлаш ҳамда муносиб тарғибини таъминлаш;

халқ орасидан етишиб чиққан ҳаваскор созанда ва хонандалар фаолиятини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловларни ўтказиш;

анъанавий касбий мусиқа жанрларини янги шарт-шароитларда ривожлантириш мақсадида устоз-шогирд таҳсил тизимини атрофлича ўрганган ҳолда ҳаётга татбиқ қилиш, турли даражадаги тадбирлар (фестиваль, кўрик-танлов ва ҳ.к.) ни ўтказиш;

турли тарихий даврларда яшаб ўтган атоқли санъаткорлар хотирасини абадийлаштириш ва уларнинг ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, ҳозирги даврда ижод қилаётган етук санъаткорлар фаолиятини кенг оммага тарғиб қилиш;

бастакорлик ижодий анъаналарини илмий ўрганган ҳолда махсус таълим тизимига жорий қилиш, композиторлик ижодиётини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ёш авлоднинг маданий дам олиш масканлари (дискотека, кафе-бар ва ҳ.к.) да ижро этилаётган мусиқа намуналарининг миллий маданиятимизга мослигини таъминлаш;

Академик йўналишидаги жанрларни (опера, балет, оркестр в.ҳ.з), ансамбл ижрочлиги (симфоник, халқ чолғулари, эстрада, дамли ва камер турлари), композиторлар ижодиётини инсоният интеллектуал ҳазинаси сифатида халқ орасида тарғибот қилиш ва ривожлантириш;

Ўзбекистон давлат филармонияси, унинг таркибидаги жамоалар фаолиятининг бадиий ва тарбиявий аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолиси, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш;

абонемент концерт-суҳбатлар, ижодий учрашувлар ва турли кўрик -танловлар ташкил этиш;

республика миқёсида мусиқа ва санъат соҳасида фаолият юритаётган болалар мусиқа ва санъат мактаблари, лицей ва ихтисослаштирилган дарс бераётган ўқитувчиларнинг педагогик салоҳиятини назоратга олиш ва уни юксалтириш мақсадида доимий тарзда педагогик кадрларни статистикасини ташкил этиш;

барча маданият, мусиқа ва санъат соҳаларида “маданият статистикаси юритишни йўлга қўйиш”

ж) миллий рақс санъати соҳасида:

асрлар давомида ўзбек халқининг маънавий бойлигига айланган миллий рақс санъати, унинг шаклланиш тарихи, ривожланиш босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш ва таҳлил этиш ҳамда унинг янгидан-янги миллий намуналарини яратиш ва халқимизга тақдим этиш орқали уларнинг маънавий оламини янада бойитиш;

республика болалар мусиқа ва санъат мактабларида “Хореография” йўналиши бўйича таълим-тарбия ишларини янада ривожлантириш;

ёш авлодни тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қиладиган ўқув адабиётларининг янги авлодларини яратиш, ушбу жараёнга салоҳиятли профессор - ўқитувчилар ва соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш;

Республикада миллий рақс ва хореография соҳасида кадрларга бўлган реал талаб ва эҳтиёжларни доимий ўрганиш орқали мақсадли кадрлар тайёрлаш. Айниқса, Республикамизнинг чекка ҳудудларида соҳа мутахассислари ва ўқитувчиларининг етишмаслигини инобатга олган ҳолда вилоятлар ва туманлар кесимида мақсадли кадрлаш тайёрлаш тизимини шакллантириш;

ёш авлоднинг қизиқиши ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда “Замонавий эстрада рақси” йўналиши бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

Миллий рақс санъати тарихини чуқур ўзлаштириш ва ўрганиш, истиқболини белгилаш, илмий-ижодий изланишлар олиб бориш, рақс санъати мутахассисларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида миллий рақс санъати тарихи, ёш ва устоз
раққос-раққосаларнинг ҳаёти ва уларнинг бой ижодий фаолияти тўғрисида монография, ўқув-қўлланма ва бошқа адабиётлар яратиш, бу борадаги илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш;

“Устоз ва шогирд” концепсияси асосида миллий рақс соҳасида устоз раққосалар, истеъдодли ҳамда намунали тажрибага эга ижрочиларнинг рақс мактабларини яратиш, уларнинг услубларини тиклаш ва ривожлантириш;

Ўзбек миллий рақс санъати фаолиятини янада мустаҳкамлаш, ёш истеъдодли раққос ва раққосалар, балетмейстерларни кашф этиш;

аҳоли ва ёшлар эҳтиёжларини ўрганган ҳолда умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи жаҳон мусиқаси ва рақс санъати намоёндаларининг гастрол-концертларини ташкил этиш;

миллий рақс санъатининг ноёб меросини, шу жумладан миллий саҳна либосларини тиклаш, ривожлантириш ва тарғиб этиш;

миллий рақс ва хореография санъатининг ўзбек миллий маданияти тараққиётидаги ўрнини янада ошириш, уларнинг ғоявий-бадиий йўналишларини миллий ва умуминсоний қадриятлар билан уйғунликда ривожлантириш;

з) миллий эстрада санъати соҳасида:

миллий эстрада санъатининг миллий қадриятлар асосидаги ривожи ва тарғиботини кучайтириш, эстрада қўшиқчилик санъатини ривожлантириш;

эстрада хонандалари ва ёш истеъдодли хонандаларнинг фаолиятини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ижрочиларни аниқлаш мақсадида турли даражадаги кўрик-танловлар ўтказиш;

аҳолининг маданий эҳтиёжларни қондиришга, ёшларни юқори савиядаги миллий эстрада қўшиқлари намуналари асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастролларни тизимли ташкил этиш;

концерт-томоша тадбирлари орқали ёш эстрада хонанларида Ватанпарварлик ҳиссини сингдириш, уларнинг ўз қобилият ва истеъдодларини тўла намоён этиш, катта саҳналарда ижро этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳузуридаги Ўзбекистон халқ артистлари клуби фаолиятини янада ривожлантириш, эстрада соҳасига оид муаммо ва камчиликларни ўрганиш, мусиқа мактабларида таҳсил олаётган ёшлар орасидан истеъдодли ёшларини топиб, уларга кўмак бериш, мастер класс (маҳорат дарслари) ўтказиш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида устоз-шогирд анъаналарини ривожлантириш ҳамда таниқли санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувларни ташкил этиш;

доимий равишда “Ўзбек эстрада қўшиқчилигида сўз ва унинг аҳамияти, қўшиқларга ишланаётган мусиқа ва клиплар хусусида”, “Эстрада санъатининг ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясидаги ўрни” мавзусида давра суҳбатлари ўтказиш;

эстрада қўшиқларида ўзбек менталитети ва миллий-маънавий қадриятларимизга зид бўлган, ёшлар руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи, ахлоқсизлик, жоҳиллик, зўравонлик, гиёҳвандлик ҳамда “оммавий маданият” ғояларини тарғиб этилишига қарши чоралар кўриш;

ёшларнинг ижодий бирлашмалари, жамоалари ва яккахон ижрочиларнинг фаолияти, репертуари, сценарийлари, дастурларининг юқори ғоявий-бадиий савиясини таъминлашга қаратилган дастурлар яратиш ва амалга ошириш, ушбу жараённи мувофиқлаштириш ва таҳлил қилиб бориш;

и) таълим соҳасида:

миллатлараро мулоқот маданиятини шакллантириш, дунё халқларининг бадиий анъаналарини ўрганиш орқали бир-бирларини ҳурмат қилиш;

санъат таълимини ривожлантиришда шахснинг эркин ривожланиши устуворлиги асосида мусиқа ва санъат таълимининг давлат сиёсатини амалга ошириш;

маданият, мусиқа ва санъат соҳасидаги профессионал фаолият учун малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

шахснинг билимга, ижодкорликка ва санъатга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш орқали санъат таълимини ривожлантириш;

давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган ва инвестицион таъминлаш ҳисобига санъат таълими инфратузилмасини ривожлантириш;

санъат соҳасидаги хорижий ва миллий анъанавий таълим тизимининг энг яхши ютуқларига, шунингдек, санъат соҳасида таълимни ривожлантиришга асосланган таълим технологияларидан кенг фойдаланиш;

санъат таълими мазмунини янгилашда рағбатлантирувчи рақобат муҳитини яратиш;

санъат таълими соҳасининг энг яхши анъаналарини ва дунёдаги илғор амалиётларни қўллаш орқали соҳавий таълим тизимини ривожлантиришнинг инновацион хусусиятини таъминлаш;

санъат таълимини бошқаришда жамият-давлат бошқарувининг самарали механизмларини қўллаш;

санъат таълими инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда уни узвийлигини таъминлаш;

санъат таълими тизимида кадрлар салоҳиятини ошириш;

узлуксиз касбий таълимни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, педагогика ва бошқарув ходимларини санъат таълими муассасаларида ўқитишнинг самарали механизмларини қўллаш;

санъат таълимига иқтидорли ёшларни жалб қилишда ахборот дастурларини кенг қўллаш;

санъат таълим дастурлари мазмунини янгилаш бўйича норматив кўмаклашиш, кадрларнинг малакасини ошириш;

санъат таълими дастурларига замонавий талабларни киритиш ва такомиллаштириш;

давлат буюртмаларини мунтазам ўрганиш, уларнинг мазмунини ва шаклларини такомиллаштириш;

санъат таълими тизимида доимий равишда янги йўналишдаги фестиваллар, кўргазмалар, кўрик-танловлар ва олимпиадаларни ташкил қилиш ва мавжуд тизимни қўллаб-қувватлаш;

касбга йўналтирувчи дастурларни қўллаган ҳолда иқтидорларни аниқлаш;

санъат соҳасидаги бошланғич, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, санъат йўналишидаги таълим дастурларини биргаликда амалга ошириш ҳамда ижодий, маданий-маърифий тадбирларни биргаликда ўтказиш;

санъат таълими тизимига ёш мутаҳассисларни жалб қилиш учун уларнинг ижодий ўсишига шароитлар яратиш;

санъат соҳасидаги хорижий давлатларнинг таълим муассасалари билан тажриба алмашуви бўйича мунтазам равишда ўқитувчилар ва талабалар хамкорлигини ўрнатиш;

санъат таълими муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштириш, шунингдек кутубхоналар фондларини дунёдаги мумтоз ва замонавий адабиётлар ва янги ўқув қўлланмалар билан таъминлаш;

санъат соҳасидаги дунё янгиликларидан хабардор бўлиши учун тизимдаги таълими муассасаларида ёшларнинг чет тилларни ўзлаштиришига шарт-шароитлар яратиш;

санъат таълими муассасаларида ёшларнинг умумий маданият даражасини кўтаришнинг самарали механизмларини қўллаш;

к)кино соҳасида:

ишлаб чиқарилаётган кино маҳсулотларининг мафкуравий-бадиий даражасини янада кўтариш, ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган бадиий образлар яратиш;

киносценарийлар сифат даражасини ошириш;

кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмасини бериш юзасидан шаклланган амалиёт татбиқ қилинадиган тартибларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, кинематография соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш;

кино саноати соҳасига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқилаётган кино маҳсулотларининг ўзини оқлаши ва даромад келтиришига қаратилган замонавий маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, аниқ мақсадли кино ишлаб чиқариш дастурларини ишлаб чиқиш;

кинопрокат ва республика бўйлаб кино маҳсулотларини етказиб бериш тизимини самарали ташкил этиш, кино маҳсулотларини етарли даражада тарғиб қилиш тизимини ишлаб чиқиб, жорий этиш;

кино ишлаб чиқарувчиларни солиққа тортишнинг самарасиз тизимидан воз кечиш, кино саноати соҳасининг рентабеллигини таъминлаш ва кинематографиянинг умумжаҳон ривожланиш тенденцияларига мувофиқ илғор инновацион ва рақамли технологияларини жорий этиш;

кино соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ихтисослаштирилган, шу жумладан, чет давлатларнинг олий ўқув юртларида кино соҳасига талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш, кино санъати вакилларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

миллий киномаҳсулотларимизни халқаро кинофестивалларга тақдим этиш, шу жумладан, уларда иштирок этиш бўйича тизимли ишлар олиб бориш, миллий кинематографияни чет элда фаол тарғиб қилиш ва унинг жаҳон кино майдонида муносиб ўрин эгаллаши учун барча чораларни кўриш;

кинокомпанияларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш ходимларини моддий рағбатлантириш бўйича тизимли дастур ишлаб чиқиб, амалга ошириш;

мамлакатнинг давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг энг муҳим йўналишларида эришилган ютуқлари ёритилган кинофильмларни суратга олиш;

давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган киномаҳсулотларнинг йиллик тематик режасини юзага келаётган вазият, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган янгиланишлар, шунингдек, аҳолининг мазмунли кинофильмларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантириш;

ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларни давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқариладиган бадиий фильмларнинг йиллик ҳажмига нисбатан фоизда жанрлар бўйича квоталаш тизимини жорий этиш;

давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги телерадиоканалларда реклама қилиш, миллий телерадиокомпания телеканалларида намойиш қилишда “Ўзбеккино” МАнинг шахсий кино маҳсулотлари учун муаллифлик ва мулкий ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда, имтиёзли шартларда амалга ошириш.

л) маданият туризми соҳасида:

маданий хордиқнинг сервис функциясини янада яхшилаш, жаҳон андозаларга мос кўнгилочар марказлар, маданият ва истироҳат боғлари барпо этиш, маданиятнинг турли йўналишлари бўйича маданий зиёратгоҳларни тайёрлаш, мамлакатнинг бутунлай янги маданий ландшафтини шакллантириш;

Ўзбекистоннинг тўлиқ топографик имиджи ва тарихий-маданий ландшафти ҳамда мажмуасини ва мамлакатнинг ноёб маданиятини намоён этган ҳолда сайёҳларни оммавий жалб этадиган жозибали кўринишини яратиш;

республикамиз ҳудудларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олиб, туризмни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар доирасида муҳим ўрин тутадиган сайёҳлик кластерларини йўлга қўйиш;

тан олинадиган имидж лойиҳалар – халқаро танлов ва фестивалларни ўтказиш, туристик трансмиллий маршрутлар ва кластерларни ривожлантириш;

м)халқаро алоқалар соҳасида:

халқаро маданият ва санъат ташкилотлари, чет эл маданий, илмий-тадқиқот ва эксперт институтлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш;

етакчи хорижий таълим ва илмий доиралар билан ҳамкорлик қилиш борасида санъат, маданият ва илм-фаннинг турли соҳаларини ривожлантириш бўйича ўзаро ижодий дастурларни, тадқиқот режаларини ишлаб чиқиш;

ЮНЕСКОнинг моддий ва номоддий маданий мерос рўйхатларига Марказий Осиёга хос бўлган умумий намуналарни бошқа давлатлар билан ҳамкорликда киритиш чораларини кўриш;

Ўзбекистонда анъанавий ҳунармандчиликда эришилган катта ютуқларга асосланган ҳолда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг “Тинч океани ва Марказий Осиё давлатларида амалий анъанавий ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш маркази”ни ташкил этиш;

давлат малака ошириш тизими ресурсларидан фойдаланган ҳолда, маданият ходимлари малакасини ошириш, қисқа ва узоқ муддатли таълим, ўқув сафарлари ва тажриба ошириш орқали ижтимоий-маданий соҳалардаги ходимларнинг малакасини ошириш.

4-боб. Концепцияни амалга ошириш механизми

 

8. Концепцияни рўёбга чиқариш 2018–2022 йилларда миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб аталади) ўз вақтида ва сифатли бажариш йўли билан амалга оширилади.

9. “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда Маданият вазирлиги деб аталади) томонидан амалга оширилади.

10. Маданият вазирлиги:

“Йўл харитаси”ни амалга ошириш юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

миллий маданиятни янада ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирларни амалга оширилиши юзасидан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг маълумотларини жамлайди ва ҳар чорак якуни бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;

миллий маданиятни янада ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий базани яратиш ишларида ташаббускорлик қилади;

маданият ва санъат муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш эвазига бюджетдан ташқари тушадиган тушумларини босқичма-босқич ошириб бориш ҳамда бюджет маблағларини ўз даромадлар тушумига нисбатан мутаносиб равишда ажратилишини таъминлайди.

5-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар

11. Концепцияни амалга ошириш орқали қуйидаги натижаларга эришилади:

маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани, ушбу соҳадаги институционал тизим ва маданият муассасалари фаолияти такомиллаштирилади;

анъанавий ва умуминсоний қадрият ёш авлод онгига сингдирилади, этник маданий анъаналарни асраш ва унга асосланган халқ ижодиёти қўллаб-қувватланади;

аҳоли, шу жумладан ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратилади ва кенгайтирилади, ижод эркинлигини таъминлашга эришилади;

маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, миллий маданиятни янада кенг тадқиқ ва тарғиб этиш жараёнида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланилади;

қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатига мослиги таъминланади;

маданият ва санъат муассасаларини тўлақонли фаолият кўрсатиши таъминланади, объектларни сақлаш ҳамда муҳофаза қилишда жамоатчилик назорати йўлга қўйилади;

санъат соҳасида узвий таълим тизими яратилади ҳамда маданият соҳасида фан ва тадқиқот ишлари янада юқори поғонага кўтарилади;

республика музейлари тарих фанини, археология ва бадиий тарихни ривожлантиришнинг асосий марказларига айлантирилади;

театр, концерт фаолияти, музей, цирк, кино соҳалари бўйича кенгашларнинг фаолияти янада такомиллаштирилади;

етакчи халқаро ташкилотлар (ЮНEСКО ва бошқалар) лойиҳаларида иштирок этиш ишлари кучайтирилади;

санъатнинг замонавий тенденцияларини ва унинг янги услуб ва жанрларини қўллаб-қувватлаш учун шароитлар яратилади;

кенг қамровли республика ва халқаро миқёсдаги имидж тадбирлари йўлга қўйилади;

миллий ва халқаро маданий сайёҳлик ва трансмиллий маршрутларни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.

6-боб. Якунловчи қоидалар

12. Мазкур Концепция давлат ва жамият фаолиятининг барча соҳаларини модернизация қилишда маданият соҳасида ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатнинг инновацион ривожланиш йўлига ўтиши, жамиятни ривожлантиришнинг мақсад ва аҳамиятини англашга хизмат қилувчи маданий муҳитда интеллектуал ва маданий ривожланган кадрларни тайёрлаш учун услубий асос бўлиб хизмат қилади.

Общие комментарии

953