ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
4315 Акционерная компания «Узмахсусмонтажкурилиш» 04/07/2019 19/07/2019 12

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Махсус монтаж қурилиш ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4315

Қурилиш соҳаси ривожланиб бораётган иқтисодиётнинг жуда катта, лекин тўлиқ ишга солинмаган муҳим йўналишидир. Ушбу соҳанинг инновацион ривожланиши, қурилиш корхоналарини ривожлантириш, уларни жаҳоннинг илғор қурилиш компаниялари рейтинги даражасига кўтариш мамлакатимизни жадал ва барқарор ривожланишидаги энг муҳим омиллардан биридир.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодиётнинг барча соҳаларидаги қурилиш ишлари ҳажми ошиб бораётган бўлсада, қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар, уни бошқариш ва мувофиқлаштириш механизми етарли даражада бўлмаганлиги сабабли монтаж махсус қурилиш корхоналари ва улардаги малакали мутахассислар сонида ўсиш кузатилмаяпти.

Жумладан, ҳал этилиши лозим бўлган қуйидаги камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиши керак:

Биринчидан, мавжуд махсус монтаж қурилиш корхоналари потенциалини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмаган.

Иккинчидан, қурилиш соҳасини бошқариш ва мувофиқлаштириш бўйича қонунчилик ва меъёрий шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона тартиби такомиллаштирилмаган. Жумладан, монтаж махсус қурилиш ишларини уларнинг турлари ва йўналишлари кесимида махсус ихтисослашган корхоналар томонидан бажарилишини мувофиқлаштирувчи меъёрий ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги бу ишларни касбий даражада ва сифатли бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Учинчидан, махсус монтаж қурилиш корхоналарини доимий равишда иш билан таъминлаш, уларнинг моддий-техника базасини янгилаш, ташқи бозорга чиқиш учун шароитлар яратиш, юқори малакали мутахассисларни рағбатлантириш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар етарли эмас.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада қисқартириш, илғор давлатлар тажрибалари асосида махсус монтаж қурилиш ишларини амалга оширишни ягона механизмини ташкил этиш, махсус монтаж қурилиш корхоналарини ривожлантириш, юқори сифатли импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси ва бошқа тааллуқли қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифаларни ҳал этиш мақсадида:

1. “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Республика миқёсида махсус монтаж қурилиш корхоналарини бирлаштирувчи, уларнинг вертикал тизими ва стратегиясини ташкил этувчи ва мувофиқлаштирувчи “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмасини ташкил этиш;

“Ўзмахсусмонтажкқурилиш” АКнинг бошқарув органлари йиғилишларида унинг хўжалик жамиятлари устав капиталларидаги акциялари (улушлари) пакетларини 1-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали жамиятни тугатиш масалаларини кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиш;

“Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК улуши мавжуд бўлган айрим хўжалик жамиятларини 2-иловага мувофиқ тугатиш ташаббуси билан чиқиш;

тугатилаётган «Ўзмахсусмонтажқурилиш» АКнинг асосий воситалари, акциядорларга берилиши керак бўлган ҳамда тугатиш жараёни якунланганидан сўнг компаниянинг қолган мол-мулкини “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмасига беғараз ўтказиш;

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси қошида Махсус малака ошириш, металл пайвандлаш бирикма назорати ва транспорт хизмати маркази (кейинги ўринларда - “Марказ”) ни ташкил этиш;

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси қошидаги Марказга «Ўзмахсусмонтажқурилиш» АК таркибидаги «Toshkent maxsus montaj mexanizasiya» МЧЖни ҳамда “93-Махсус трест” АЖ нинг пайвандлаш лабораторияси ва ўқув синфларини беғараз ўтказиш;

2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қошида махсус монтаж қурилиш корхоналарини лицензиялаш бўйича Доимий фаолият кўрсатувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда – Лицензиялаш комиссияси) ташкил этиш.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, “Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда:

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси тўғрисидаги низомни;

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси қошидаги Махсус малака ошириш, металл бирикма назорати ва транспорт хизмати маркази тўғрисидаги низомни;

Лицензиялаш комиссияси тўғрисидаги низомни;

махсус монтаж қурилиш ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни;

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмаси таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларни 2019-2029 йилларда ривожлантириш Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқласин.

3. Қуйидагилар “Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмаси таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларни ривожлантириш Стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича чоралар белгилаш ва таклифлар киритиш, уларнинг манфаатларини давлат органлари ва идораларида ҳимоя қилиш;

Уюшма таркибига кирувчи корхона ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, улар томонидан республика иқтисодиёти эҳтиёжларини қурилиш ишлари, хизматлари ҳамда юқори сифатли ва импорт ўрнини босувчи саноат маҳсулотлари билан таъминлаш, қурилиш ишлари ва хизматларини ҳамда саноат маҳсулотларини экспорт қилиш ишларини ривожлантириш чораларини кўриш;

умумқурилиш ва махсус монтаж қурилиш ишларини шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари, шунингдек халқаро талаблар ва стандартлар билан уйғунлаштириш орқали бажарилишини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш;

махсус монтаж қурилиш ишлари технологияларини кенгайтириш, такомиллаштириш, уюшма таркибидаги саноат корхоналарини қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш, ихтисослашган етакчи хорижий компаниялар билан қўшма корхоналар ташкил этиш ва соҳадаги субъектларнинг ҳудудларида кичик саноат корхоналарини ташкил этиш учун инвестицияларни, биринчи навбатда чет эл инвестицияларини кенг жалб этилишида ёрдам кўрсатиш;

республикада умумқурилиш ва махсус монтаж қурилиш ишлари мутахассисларига бўлган ҳақиқий эҳтиёжни аниқлашда ҳамда мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда, тааллуқли ўқув дастурларини такомиллаштиришда ва ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини чуқурлаштиришда иштирок этиш;

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмаси таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг барқарор фаолиятига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, мазкур соҳага доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ихтиёрий равишда махсус монтаж қурилиш ишларини бажаришни истаган корхоналар - лицензиялашга даъвогар юридик шахслар “Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмасига аъзолари ҳисобланадилар. Вазирлик ва давлат идоралари ҳамда йирик саноат корхоналари таркибидаги қурилиш корхоналари бундан мустасно;

2020 йил 1 июлдан бошлаб давлат инвестиция дастурига киритилган қурилиш объектларида махсус монтаж қурилиш ишларини тегишли лицензияларга эга бўлган корхоналар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Республикага инвестиция киритаётган чет давлатлар инвесторлари талаблари ҳамда ISO 9001 “Сифат менежменти тизими” стандартига мувофиқ келувчи Халқаро сертификатларга эга ташкилотлар бундан мустасно.

махсус монтаж қурилиш корхоналари лицензия олган санадан бошлаб 2 йил муддатга юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод этилади. Бунда, бўшайдиган маблағлар ташкилотлар томонидан янги қурилиш техникаси, ускуналар, машина ва механизмлар, кичик механизация воситалари, технологик ускуналар, шунингдек асбоб-анжомлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар харид қилишга мақсадли йўналтирилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосидаги республикада ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуналар, машина ва механизмлар, кичик механизация воситалари, технологик ускуналар, шунингдек асбоб-анжомлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни харид қилишда лицензияга эга бўлган махсус монтаж қурилиш ташкилотлари 2022 йилнинг 31 декабригача божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади;

мазкур солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши натижасида бўшайдиган маблағлар мақсадсиз сарфланган тақдирда жарима санкциялари қўлланилган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ундирилиб олинади.

“Ўзмонтажмахсусқурилиш” Уюшмаси унинг таркибига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг низоли масалалари бўйича даъво аризаларини иқтисодий судларга давлат божини тўламаган ҳолда киритади.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (Зокиров) қурилиш объектларида махсус монтаж қурилиш ишларини тегишли лицензияларга эга бўлган корхоналар томонидан амалга оширилишини қатъий назоратга олсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 27 февралдаги “Монтаж ва махсус қурилиш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-2136-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қурилиш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўрибосари - транспорт вазири О.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.И. Зокиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. МИРЗИЁЕВ

Общие комментарии

363