ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
4266 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 03/07/2019 17/07/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
ID-4266

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

«Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойҳасига

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегияси  ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини рўёбга чиқариш, шунингдек аҳолининг ҳаёт даражасини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантириш мақсадида давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини сифат жиҳатидан янги даражага ўтказиш жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

Бизнес юритишда ортиқча бюрократик жараёнларни тубдан қисқартириш ва давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” ПҚ-4193-сонли қарори тасдиқланди.

Унга кўра Давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормалари мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаган ҳолда қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган. Мазкур қарорда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаш белгилаб қўйилган.

Қарор билан тасдиқланган давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгиловчи нормалари мавжуд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамлаган ҳолда қайта кўриб чиқиш жадвалининг 45-бандида келтирилган, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 15 апрелдаги 5-сонли “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари” (рўйхат рақами 2584, 2014 йил 15 май) буйруғи юқорироқ юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ишлаб чиқиш кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” ПҚ-4193-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланди.

Қарор қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикасида шахсларни одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш бўйича ягона тартиб белгиланади ва аҳолини ОИВга текширишлар билан қамраб олиш кўрсаткичи ошиб, унинг сифати яхшиланади.

Маълумки, ОИВ инфекцияси эпидемиясининг ривожланишида аҳолининг миграция жараёнлари муҳим ўрин эгаллайди. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган фуқаролар кўп ҳолларда ноодатий шароитга тушадилар ҳамда ҳулқ-атворга таъсир этувчи бир қатор омиллар натижасида уларга ОИВ инфекцияси юқиши ҳавфи ортади. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга текширув учун қамраб олишдан мақсад ОИВ инфекциясининг юқтирилгандан кейин яшириш даври (тегишли лаборатория текширувларида хам аниқлмасдан қолиш даври) уч ой бўлганлиги учун ушбу муддатда ичида хорижда бўлган шахсларни мажбурий текширув билан қамраб олиш режалаштирилган.

Меҳнат мигрантлари касалликни юқтириб олгандан сўнг, ўз юртига қайтганида уни оила-аъзоларига юқтириши эҳтимоли мавжуд. Ўз юртига депортация қилинган ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахслар ўзининг ОИВ бўйича мақомини сир тутади, бу билан ўз турмуш ўртоқларини ҳавф остига қўяди. Натижада ОИВ инфекцияли фарзандларнинг туғилиши ва касаллик аҳолининг умумий қатламига ўтишига сабаб бўлади.

Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлган шахслар хавфли хулқ-атворни ўзида синаб кўришга кўпроқ мойил бўлган аҳоли қатламига мунсуб бўлиб, уларнинг жинсий йўл билан ОИВ инфекциясини ўзига юқтириб олиш эҳтимоли муқим(турғун) аҳолига нисбатан юқорироқдир. Бошқа давлатда бўлиш даврида орттирилган хавфли хулқ–атвор ва янги одатлар улар ўз яшаш жойларига қайтиб келганларидан кейин мигрантларни янада хавфли гуруҳга айлантириши мумкин. Меҳнат мигрантларининг ОИВ инфекцияси бўйича билим савиясининг пастлиги эса ОИВни юқтиришига ва инфекцияни доимий яшаш манзилига олиб киришига имкон яратади.

Маълумотларга кўра ўтган 2018 йилни 11 ойи давомида 422471 нафар шахс хорижий давлатларга чиқиб фаолият юритганлигини айтиб ОИВ инфекциясига текширувдан ўтказилган.

Республикада меҳнат мигрантлари орасида ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2018 йилни 11 ойида

571 нафар меҳнат мигрантида ОИВ инфекцияси аниқланган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилни 11 ойида 525 нафарни ташкил этган бўлиб касалланиш кўрсаткичи

8,0 фоизга ортган.

Таҳлилларга кўра, ОИВ инфекцияси аниқланган меҳнат мигрантларининг 94,1 фоизига касаллик жинсий йўл билан юққанлиги аниқланди. Оқибатда касаллик уларнинг турмуш ўртоғига ва оила-аъзоларига юқишига сабаб бўлмоқда.

2017 йилда ўтказилган махсус эпидемиологик тадқиқотлар кўрсатдики, ОИВ инфекциясининг мигрантлар орасида тарқалганлик даражаси Республикада

1,3% фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич Андижон ва Урганч шаҳарларида 2,3% ни, Бухоро шаҳрида 1,3%ни, Китоб ва Самарқанд шаҳарларида 1,0% ни ташкил этган.

Аниқландики, 20,0% мигрантларнинг миграция даврида доимий жинсий шериги бўлмаган, 17,0% мигрантлар рағбатлантириш эвазига жинсий алоқага киришган, 2,8%-мигрантлар бир марта бўлса ҳам гиёҳванд моддаларни қабул қилган (гиёҳванд модда қабул қилганларнинг 79,0% –ушбу моддани томир ичига қабул қилган).

Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар орасида ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши кураш тадбирларини мувофиқлаштириш Республика комиссиясининг 2013 йил 3 июндаги мажлиси қарори билан “Ўзбекистон Республикасидан хорижга кетаётган ва кириб келаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва чет эл фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар орасида ОИВ-инфекцияси билан касалланиш ҳолатини аниқлаш ва касалликнинг олдини олиш бўйича Тартиб” тасдиқланган эди. Тартибга асосан бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Бироқ тартиб кутилган самарани бермаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2018 йил 9 ноябрь куни “Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва истиқболдаги долбзарб вазифалар тўғрисида” кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектр йиғилиши баёнинг 11-банди (узоқ муддат давомида хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган шахсларни “одам иммунитети танқислиги вируси”га мажбурий тест-текширувидан ўтказишнинг қонуний механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этиш) вазифаси юклатилди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларида алоҳида боб билан “Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий текширувдан ўтказиш Тартиби” белгилаб қўйилмоқда.

Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга текширув жуда муҳим ҳисобланади. Чет давлатдан кириб келган шахс тўғрисида маълумот қанча тез тиббиёт муассасига еткизилса, уни ОИВга текшириш шунча самарали ҳисобланади. Чет давлатдан қайтаётган шахс чегарада рўйхатдан ўтгандан кейин уйига 1 соатдан (чегара жойлашган вилоятдан бўлса) 18 соатгача (энг узоқ худудларга етиб боргунча) вақт кетади. Шу муддат ичида бу шахс тўғрисидаги маълумот яшаш жойидаги тиббиёт муассасаси ва маҳалла учаска нозирига етказлиши керак. Маълумотни олган тиббиёт муассасаси ва маҳалла участка нозири шахснинг яқинларини огоҳлантиради ва тегишли тайёргарлик ишларини амалга оширади.

Шахс тўғрисидаги маълумотни белгиланган муддатдан кеч тақдим этилиши касалликни беморнинг турмуш ўртоғига ва яқинларига юқиш хавфини оширади.

Шуни инобатга олиб, тартибда уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатда бўлиб, Ўзбекистонга қайтган ҳар бир шахс тўғрисидаги маълумот шу захоти электрон йўл билан ижрочиларга етказилиши тизимини яратиш чораларини кўриш шартлиги белгилаб қўйилмоқда. Маълумотларни маълум вақт оралиғида

(ҳар 8 соатда, бир кунда бир марта ёки суткада бир марта) етказилиши, тадбирнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади ва касалликни бошқаларга юқтириш хавфини оширади.

Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби ишлаб чиқилди. Мазкур тартиб билан алоқадор вазирлик ва идораларнинг (Ички ишлар вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш Республика Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги) ушбу йўналишдаги аниқ вазифалари, масъулияти белгилаб берилди.

Бунда, Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари томонидан Фуқароларни ягона автоматлаштирилган хисобга олиш тизимига киритилган маълумотлар асосида уч ойдан ортиқ вақт даомида хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар рўйхатини ўн икки соат вақт ичида худудий ички ишлар органлари орқали фуқароларнин ўзини ўзи бошқариш органлари (Махалла қўмиталари)га тақдим этади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (Маҳалла фуқаролар йиғини) Ички ишлар органлари томонидан берилган рўйхат асосида махалла худудидаги манзилларда яшовчи, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар ўртасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширади ва уларни ОИВга мажбурий тиббий текширув учун тиббиёт муассасасига йўналтирилишини амалга оширади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тиббиёт муассасасига йўналтирилган, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга экспресс усулида тиббий текширувдан ўтишларини таъминлайди.

Молия вазирлигига уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш учун тест-системаларни, шприц, скарификатор, реагентлар ва бошқа сарфланувчи материалларни харид қилиш учун давлат бюджетидан зарур маблағ ажратилишини таъминлаш вазифаси юклатилади.

Тартиб ижросини таъминлаш билан уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни қисқа вақтда ОИВ инфекциясига бепул текширувлар билан тўлиқ қамраб олиб, касалланганларни эрта аниқлаш орқали инфекцияни беморнинг яқинларига юқишини олдини олишни таъминлайди.

Қоидаларда белгиланган тартиб қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қўшимча 30,0 млрд сўм маблағ ажратилишини талаб этади.

Маълумот учун: ОИВ инфекциясига бир нафар шахсни тезкор-экспресс усулда текшириш учун тест-системанинг нархи 15 минг сўмни ташкил этади

(2018 йил 20 ноябр ҳолатига биржа маълумоти). Олинган маълумотларга

(Uza.uz сайти 18.11.2018й) кўра, бир йилда узоқ муддат давомида хорижий давлатларда меҳнат қилиб қайтган шахсларнинг сони ўртача 2,0 млн. нафарни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли қарорининг 4 бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди (ID-1584, ID-3952) ва жамоатчилик томонидан Қарор лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар келиб тушмади.

Вазир А.Шадманов

лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 февралдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида” ПҚ-4193-сонли қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидалари  иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шадманов):

      тиббиёт муассасаси фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тиббиёт муассасасига йўналтирилган, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга экспресс усулида тиббий текширувдан ўтишларини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Ж.Қўчқоров):

         уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш учун экспресс
тест-системалар ва бошқа сарфланувчи материалларни харид қилиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган ҳисоб-китоблар асосида ҳар йили етарлича маблағ ажратилишини таъминласин.

         6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-хуқуқий хужжатларни бир ой муддат ичида мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

          7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                 Бош вазири                                                             А.Арипов                                                                      

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил __________даги

____-сон қарорига 
ИЛОВА

 

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига

тиббий текширувдан ўтказиш

ҚОИДАЛАРИ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб шахсларни одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш тартибни белгилайди.

2. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

одамнинг иммунитет танқислиги вируси (бундан буён матнда ОИВ деб юритилади) – одамнинг сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллигини қўзғатувчи вирус ;

ОИВ инфекцияси –  одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган сурункали юқумли иммунитет танқислиги касаллиги;

орттирилган иммунитет танқислиги синдроми (бундан буён матнда ОИТС деб юритилади) – одамнинг иммунитет танқислиги вируси одамнинг иммун тизимининг шикастлаши натижасида касаллик белгилари келиб чиқадиган ОИВ инфекциясининг сўнгги босқичи.

3.  ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг соғлиғи ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ҳисобланади.

4. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

ОИВ инфекциясига барвақт ташхис қўйиш;

ОИВ инфекциясини бошқаларга юқишининг олдини олиш;

ОИВ инфекциясининг тарқалганлик даражасини ҳамда ОИВга қарши кураш тадбирлари самарадорлигини баҳолаш;

эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирларни белгилаш;

эпидемиянинг ривожланишини прогноз қилиш;

донорлар қони ва унинг таркибий қисмларининг хавфсизлигини таъминлаш.

5. Даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар махфийлигини таъминлаши шарт.

 

2-боб. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш

 

6. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш паспорт ёхуд шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асосида амалга оширилади.

Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш аноним бўлиши мумкин.

7. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш барча даволаш-профилактика муассасаларида ихтиёрий, мажбурий ёки ғайриихтиёрий тартибда амалга оширилади.

8. ОИВга тиббий текширувдан ўтказишда шахс билан қайси тартибда текширув ўтказилишидан қатъи назар, дастлабки ва кейинги маслаҳат бериш амалга оширилади.

9. Дастлабки ва кейинги маслаҳат бериш ОИВга тиббий текшириш учун шахсдан қон намунасини олишни таклиф этган даволаш-профилактика муассасаси ходими томонидан амалга оширилади.

10. ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахсга дастлабки маслаҳат беришда:

ОИВ ҳақида зарур маълумотлар берилади;

шахснинг ОИВни юқтириш хавфи баҳоланади;

шахсни ОИВга тиббий текширувдан ўтиш учун қарор қабул қилишига кўмаклашилади.

11. Кейинги маслаҳат беришда:

шахснинг хулқ-атвори билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинади;

шахсни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалга оширилади.

12. Дастлабки ва кейинги маслаҳат бериш амалга оширилганлиги тўғрисидаги маълумотлар шахсга даволаш-профилактика муассасасида очилган тиббий ҳужжатга ёзиб қўйилади.

13.Ўн саккиз ёшга тўлмаган (вояга етмаган)ларни ва муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш уларнинг қонуний вакиллари розилиги билан амалга оширилади.

14. Даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимлари ОИВни юқтириб олган шахсни даволашда ҳамда профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда шифокор сирини сақлаган ҳолда шахсга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиб, унинг ҳуқуқларини поймол қилмасдан зарур тиббий ёрдам кўрсатиши шарт.

15. Даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан ОИВ/ОИТС масалалари бўйича жавобгар шахс ҳамда қон намунасини лабораторияга етказиб бериш учун маъсул тиббиёт ходими белгиланади.  

Даволаш-профилактика муассасаларида ОИВга тиббий текширувдан ўтаётган шахснинг вена қон томиридан бир марта ишлатиладиган шприц билан 5 мл ҳажмда қон олиниб, қуруқ тоза пробиркага солинади.

16.   Олинган қон намунаси иммунофермент усулида (ИФА) текшириш учун мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги йўлланмага асосан 24 соат ичида ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораторияларига (бундан буён матнда лаборатория деб юритилади) етказиб берилади.

17. Қон намунасини лабораторияга етказиб берувчи тиббиёт ходими уни 4ºС дан 8ºС гача бўлган ҳароратда сақланишини таъминлаб берувчи махсус контейнер (термосумкалар) ёки биксларда жамоат транспорти бўлмаган транспорт воситаларида лабораторияга олиб боради.

18. Қон намунаси олинган вақтдан бошлаб 24 соат ичида лабораторияларга етказиб берилмаган тақдирда, қон зардоби ажратиб олинади. Бунда қон зардоби 4ºС дан 8ºС гача бўлган ҳароратда сақланган ҳолда 5 кун ичида лабораторияларга етказиб берилиши лозим.

19. Текширувдан ўтаётган шахсда ОИВ аниқланган тақдирда, у билан кейинги маслаҳат бериш ўтказилади ҳамда у диспансер ҳисобига қўйилади, мазкур шахс ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ёзма равишда огоҳлантирилади.

20. Никоҳланувчи шахслар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
25 августдаги 365-сонли қарори билан тасдиқланган Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ ОИВга тиббий кўрикдан ўтади.

21. ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш натижалари шифокор сири бўлиб, уни шахс ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

22. Ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш текширувдан ўтаётган шахснинг хоҳишига кўра махфийликка риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

23. ОИВнинг юқиш хавфи юқори деб ҳисобланган шахсларга даволаш-профилактика муассасалари тиббиёт ходимлари томонидан ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилиши шарт.

24. Қуйидаги клиник кўрсатмалари мавжуд бўлган шахсларга ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилади:

тана ҳарорати бир ойдан ортиқ вақт давомида меъёридан юқори кўтарилиб турган шахслар;

бир ойдан ортиқ давом этаётган номаълум этиологияли диарея бўлган шахслар;

уч ойдан ортиқ давом этаётган лимфоаденопатия бўлган шахслар;

сурункали ва қайталовчи, даволаниши натижасиз зотилжам бўлган шахслар;

жинсий аъзоларининг сурункали, бачадон ва бачадон найининг оғир яллиғланиши, эндометрит, аднексит касалликлари мавжуд бўлган шахслар;

оғиз бўшлиғининг вирусли ёки замбуруғли касалликлари ва тилнинг тукли чақаланиши (лейкоплакия) билан касалланган шахслар;

иммун тизими бузилган (т-хелперларнинг камайиб кетиши) ва чуқур иммунитет танқислиги ҳолатида бўлган шахслар;

кўп марта қайталанувчи сурункали касалликлар билан касалланаётган шахслар;

қон ва бошқа биологик суюқликлар реципиенти бўлган шахслар;

мазкур Қоидаларнинг 3-иловасидаги рўйхатда назарда тутилган ОИВ инфекциясига хос бўлган оппортунистик касалликлари мавжуд бўлган шахслар.

25. Аноним равишда ИФА усулида таҳлил ўтказилган ва мусбат натижа аниқланганда, шахснинг қон намуналарини лаборатор таҳлил қилиш тўхтатилади. Бунда шахс билан кейинги маслаҳат бериш ўтказилади ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида ихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтиш тавсия этилади.

26. Қуйидагилар мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилиши керак:

қон, биологик суюқликлар донорлари;

эллик ёшгача бўлган никоҳланувчи шахслар;

ҳомиладор аёллар;

инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар;

ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар;

ўз фаолиятида қон, биологик суюқликлар, одам органлари ва тўқималари билан ишловчи тиббиёт ходимлари;

жинсий шеригида ОИВ аниқланган шахслар;

уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар.

27. Бунда қон, биологик суюқликлар донорлари – ҳар қон топширишдан олдин, инъекция орқали гиёҳвандлик воситаларини истеъмол этишда гумон қилинаётган шахслар – бир йилда бир марта, ОИВни юқтириб олган оналардан туғилган болалар – полимераза занжирлик реакция усулида
6 ва 12 ҳафталикда, ИФА усулида эса, 18 ойликда ОИВга тиббий текширувдан ўтказилади.

28. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Одамнинг иммунитет танқислиги вирусини юқтириб олган шахслар ишлаши ман этилган касбий фаолият турлари рўйхатида  кўрсатилган айрим касбларда ишловчи ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ишга кираётганда, дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтаётганда, мажбурий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтади.

29. Текширувдан ўтаётган шахсни ғайриихтиёрий равишда ОИВга тиббий текширувдан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг розилигисиз ёки қонуний вакилининг розилигисиз терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг қарорига ёки суд ажримига кўра амалга оширилади.

 

3-боб. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни одамнинг иммунитет танқислиги вирусига мажбурий равишда тиббий текширувдан ўтказиш тартиби

30. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари томонидан Фуқароларни ягона автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизимига киритилган маълумотлар асосида уч ойдан ортиқ вақт давомида хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар рўйхатини олти соат вақт ичида туман (шаҳар) ички ишлар бўлимига етказади.

31. Туман (шаҳар) ички ишлар бўлими олинган рўйхатни Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман (шаҳар) кенгашига тақдим этади.

32. Туман (шаҳар) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари уч ойдан ортиқ вақт давомида хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахслар рўйхатини ўн икки соат вақт ичида фуқаронинг яшаш манзили бўйича Маҳалла фуқаролар йиғинларига етказиши тавсия этилади.

33. Маҳалла фуқаролар йиғини берилган рўйхат асосида маҳалла ҳудудида яшовчи, уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни йигирма тўрт соат ичида ОИВ инфекциясига тиббий текширувдан ўтишлари учун тиббиёт муассасаси (КТМП, ОП, ҚОП, ҚВП) га йўналтириши тавсия этилади.

34. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахс ОИВга тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортганда Маҳалла фуқаролар йиғини бу тўғрида худудий профилактика инспекторига ёзма маълумот киритиши тавсия этилади.

35. Профилактика инспектори Фуқаролар йиғини томонидан тиббий кўрикдан ўтишдан бош тортган шахслар рўйхатини олгач, унга бириктирилган маъмурий худуддан чиқиб кетмаган холда шахсни ўн икки соат ичида мажбурий тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаш мақсадида тиббиёт муассасаси тиббий ходимларига ёрдам кўрсатади.

36. Тиббиёт муассасаси (КТМП, ОП, ҚОП, ҚВП) Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан юборилган шахсларни ОИВ инфекциясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган текширув алгоритми бўйича экспресс усулида тиббий текширувдан ўтишларини таъминлайди. Шахс бошқа тиббиёт муассасасида  ҳам ОИВ инфекциясига тиббий кўрикдан ўтиши ва тиббий кўрик натижаси бўйича маълумотнома олиш ҳуқуқига эга.

38. Тиббиёт муассасаси турли мақсадларда хорижий давлатларга кетган шахслар уйига қайтганда тиббий кўрикдан ўтиши лозимлиги ва тиббий кўрикнинг муҳим ахамиятга эга эканлигини айтишлари учун уларнинг
оила-аъзоларига тушунтириш ишларини мунтазам олиб боради.

39. Тиббиёт муассасаси жорижий давлатларга кетган шахсларнинг турмуш ўртоғига ОИВ инфекциясини жинсий йўл билан юқишини олдини олиш тадбирлари буйича тушунтириш ишларини олиб боради.

40. Уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга тиббий текширувдан ўтиш ишларининг натижаларини ҳар ой якуни бўйича умумлаштириш туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси томонидан амалга оширилади.

41. Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари,  уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВга мажбурий равишда тиббий текширувдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотни ҳар ой якуни бўйича навбатдаги ойнинг 5 санасигача Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига тақдим этади.

42. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш ош бошқрмаси уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВ инфекциясига мажбурий равишда текширувдан ўтказиш натижалари бўйича маълумотни ҳар ойнинг 7 санасигача Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этади.

43. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уч ойдан ортиқ муддатда хорижий давлатларда бўлиб қайтган шахсларни ОИВ инфекциясига мажбурий равишда текширувдан ўтказиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасидан олинган маълумотларни умумлаштириб, ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

44. Даволаш профилактика муассасаларининг раҳбарлари бюджет маблағлари ҳисобидан сотиб олинадиган дори воситалари ва тиббий воситалардан самарали фойдаланилиши учун жавобгар ҳисобланади.

4-боб. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида

сертификат бериш

 

45. Текширувдан ўтаётган шахснинг илтимосига кўра ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ шаклда сертификат берилиши мумкин.

46. ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фақат ОИТСга қарши курашиш марказларида пуллик асосда амалга оширилади. Бошқа тиббий муассасалар томонидан берилган ОИВ мавжуд эмаслиги тўғрисида сертификат ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

47. Сертификат давлат ва инглиз тилларида тўлдирилади ҳамда маслаҳат бериш ўтказган шифокор ва сертификат бераётган ОИТСга қарши курашиш маркази раҳбари томонидан имзоланиб, марказнинг муҳри билан тасдиқланади.

48. Сертификатнинг амал қилиш муддати – уч ой.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

49. Мазкур қоидаларни бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

 

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

1-илова

 

 

 

Қон намуналарининг ИФА усулида ОИВга текшириш учун

ЙЎЛЛАНМА

 

____________________________________   ____________________    ______________________

(Даволаш-профилактика муассасаси)             (бўлим ёки бўлинма)                (юборилган сана)

 

 

Т/р

Қон намунасининг лабораторияда рўйхатга

олинган сони

Ф.И.Ш. паспорт серияси ва рақами

Жинси

Туғилган йили ва санаси

Яшаш манзили

Иш жойи

Код

Ташхис

Қон олинган сана

Текширув натижаси

Имзо

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Қон намунасини олган тиббиёт ходими ____________________________________                                _____________

                                                       (Ф.И.Ш.)                                                                     (имзо)

 

Қон намунасини етказиб бериш бўйича

маъсул тиббиёт ходими                            ____________________________________                                _____________

                                                       (Ф.И.Ш.)                                                                     (имзо)

 

 

____________________

           (етказиб берилган сана)

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

2-илова

 

Шахсни ўзга шахсларга ОИВ инфекциясини юқтирганлик учун

жиноий жавобгарликка тортилиши тўғрисида огоҳлантириш

ВАРАҚАСИ

 

Мен ____________________________________________________ йилда туғилганман.

Яшаш жойим ______________________________________________________________

Менга кейинги маслаҳатлашув ўтказишда қуйидаги маълумотлар берилди:

1. ОИВ инфекцияси тўғрисида.

2. ОИВ билан зарарланганлигим тўғрисида;

3. Қуйидаги йўллар орқали касаллик ОИВни бошқа шахсга юқтиришим мумкинлиги ҳақида:

жинсий алоқа йўли билан;

донор сифатида қон ва биологик суюқликларни топширганда;

гиёҳвандлик воситаларини игна орқали томир ичига ва мушак орасига қабул қилишда умумий шприц ва игналардан фойдаланганда;

бошқа шахслар билан биргаликда соқол олишда лезвиядан, тери ва шиллиқ қаватларнинг бутунлигини бузадиган муолажаларда, тешадиган ва кесадиган асбоб-анжомлардан умумий фойдаланганда;

маиший ҳаётда алоҳида шахсий гигиена буюмлари: соқол олиш асбоблари, тароқ, маникюр-педикюр анжомлари, ҳуқна (клизма) учун ишлатиладиган асбоблар, аёллар жинсий аъзоларини ювиш учун махсус асбоблар бўлиши, шунингдек, фақат ўзимнинг шприцимдан фойдаланишим шартлиги ва бошқалар тўғрисида.

4. Жинсий алоқа вақтида ҳимоя воситасидан фойдаланишим кераклиги тўғрисида.

5. Менга:

яшаш жойимдаги даволаш-профилактика муассасаси юқумли касалликлар шифокори ёки умумий амалиёт шифокори ёхуд ОИТСга қарши кураш марказида диспансер ҳисобида туришим кераклиги;

доимий равишда диспансер кўригидан ўтишим, тиббий муолажаларни ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси юқумли касалликлар шифокори ёки ОИТСга қарши кураш маркази мутахасисларидан олишим кераклиги;

кутилмаган ҳолларда тез ёрдамга зарурат туғилганда даволаш-профилактика муассасаси тиббиёт ходимига ОИВ билан зарарланганлигим тўғрисида маълум қилишим кераклиги.

6. Жинсий (ёки гиёҳванд) шерикларимни мажбурий равишда ОИВга текширувдан ўтишларини талаб этишим ва текширув натижасини сир сақлашим тушунтирилди.

7. Ўзбекистон Республикасининг “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги  Қонуни билан танишдим ва ОИВ статусимни била туриб, бошқа шахсни ОИВ касаллигини юқтириш хавфи остида қолдирсам ёки унга ОИВ касаллигини юқтирсам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 113-моддасига асосан, жиноий жавобгарликка тортилишим мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилдим.

 

ОИВни юқтириб олган шахс                                    ____________ _______  __________

                                                                                                             (Ф.И.Ш.)           (имзо)                (сана)

Кейинги маслаҳатлашувни

ўтказган шифокорнинг имзоси                                 _____________ _______ _________

                                                                                                             (Ф.И.Ш.)           (имзо)                (сана)

Одамнинг иммунитет танқислиги вирусига тиббий текширувдан ўтказиш қоидаларига

3-илова

 

 

ОИВ инфекциясига хос бўлган оппортунистик касалликлар

РЎЙХАТИ

 

Кандидозлар (кекирдак, қизилўнгач, бронх ва ўпка соҳаси)

Бачадон бўйни инвазив саратони

Ўпка ва ўпкадан ташқари сил

Тарқоқ гистоплазмоз

Пневмоцистли зотилжам

Кокцидомикоз (ўпкадан ташқари ёки тарқоқ)

Ўпкадан ташқари криптококкоз (европача бластомикоз)

Сурункали ичак криптоспоридиози

Цитомегаловирусли ретинит

Жигар, талоқ, лимфа тугунларидан ташқари цитомегаловирусли инфекция

Оддий герпес (учуқ), сурункали яралар 1 ой давомида, эзофагит, бронхит, зотилжам

Сурункали ичак изоспориози

Капоши саркомаси

Бацилляр ангиоматоз

Тери микобактериози

Иммунобласт саркома

Беркит лимфомаси

Бирламчи мия лимфомаси

18 ёшгача бўлган болаларда интерстициал лимфоид зотилжам ёки ўпканинг лимфоидли гиперплазияси

Кучайиб борувчи, кўп ўчоқли лейкоэнцефалопатия

Мия токсоплазмози

Салмонеллали септицемия

Хориоретинит, эндокардит, миокардит, номаълум этиологияли перикардит

Онихомикозлар

Нафас йўлларининг қайталанувчи инфекциялари (6 ой ичида 2 ва ундан ортиқ ҳолатда синусит, бронхит, ўрта қулоқ яллиғланиши)

Общие комментарии

468