ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
4071 Государственный таможенный комитет Республики Узбекистан 26/06/2019 10/07/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-4071

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини

янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб боришни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритишни тубдан соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 2019 йил 1 августдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича маълумотларни электрон шаклда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритиш хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ушбу қарорга

1-иловада кўрсатиб ўтилган маълумотлар юзасидан идентификация рақамларини шакллантириш орқали амалга оширилади.

2. Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Давлат божхона қўмитаси томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига ушбу қарорнинг 1-бандидан келиб чиқадиган тегишли ўзгартиришларни киритишда ҳар томонлама амалий ёрдам берилиши кўрсатиб ўтилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг  2-иловага  мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

5. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ганиев, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б. Азимов ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

“___” _________даги ____-сон қарорига

1-ИЛОВА

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом (кейинги ўринларда матнда Низом деб юритилади) “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими

ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча

чора-тадбирлар тўғрисида
” 2014 йил 7 апрелдаги ПФ-4609-сон фармонига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасининг валютани назорат қилувчи органлари ва банкларида ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартибини белгилаб беради.

2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

бартер контракти – Ўзбекистон Республикасининг резиденти билан норезиденти ўртасида бартер асосида товарларни экспорт қилиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) юзасидан тузилган хўжалик шартномаси;

ташқи савдо контрактлари – хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт, бартер ва импорт ҳамда экспорт биржа (ярмарка) ва импорт биржа (ярмарка) контрактлари, шунингдек қайта ишлаш (республика ҳудудида ёки унинг ташқарисида) бўйича контрактлар;

товарлар импорти – товарларни уларни қайтариб олиб чиқиш мажбуриятисиз Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб кириш;

ишлар (хизматлар) импорти  – хорижий давлатнинг юридик ва жисмоний шахси томонидан хўжалик юритувчи субъектга ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш), улар бажарилиши (кўрсатилиши) жойидан қатъи назар;

импорт қилувчилар – Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар  – товарлар, ишлар ва хизматларни импорт қилишга Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари билан импорт контрактлари тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

импорт контракти – товарлар, ишлар ва хизматлар импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

импорт биржа (ярмарка) контракти – биржа (ярмарка) савдоларида

– товарлар, ишлар ва хизматлар импортига импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

қайта ишлаш (республикадан ташқарида) бўйича контракт – Ўзбекистон товарларини божхона ҳудудидан ташқарига қайта ишлаш ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини кейинчалик божхона ҳудудига олиб кириш назарда тутилган импорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

хўжалик юритувчи субъектлар  – Ўзбекистон Республикасининг экспорт қилувчилари ва импорт қилувчилари;

экспорт қилувчилар  – Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий яшаш жойига эга бўлган ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинган жисмоний шахслар – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига Ўзбекистон Республикаси норезидентлари билан экспорт ва бартер контрактларини тузган Ўзбекистон Республикаси резидентлари;

экспорт контракти  – товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган хўжалик шартномаси, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар (бартер контрактларидан ташқари);

экспорт биржа (ярмарка) контракти – биржа (ярмарка) савдоларида

– товарлар, ишлар ва хизматлар экспортига экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

қайта ишлаш (республика ҳудудида) бўйича контракт – товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш назарда тутилган экспорт қилувчи билан Ўзбекистон Республикасининг норезиденти ўртасида тузилган контракт;

ишлар (хизматлар) экспорти  – хўжалик юритувчи субъект томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахсига ишлар бажарилиши (хизматлар кўрсатилиши), улар бажарилиши (кўрсатилиши) жойидан қатъи назар;

товарлар экспорти – агар қонунчиликда ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, товарларни уларни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан олиб чиқиш;

инвойс  – товарлар (ишлар ва хизматлар) экспортига счёт-фактура.

Ташқи савдо контрактлари ва инвойслар бўйича ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ идентификация рақамлари шакллантирилади.

II. Ташқи савдо контрактларига ва инвойсга

қўйиладиган энг кам талаблар

3. Ташқи савдо контрактларида қуйидаги асосий бўлимлар ва маълумотлар бўлиши керак:

3.1. Муқаддима. Контрактнинг кириш қисмида контрактнинг тартиб рақами, контракт тузилган жой ва сана, юридик шахсларнинг тўлиқ номи, контрактни тузган шахсларнинг лавозими, фамилияси ва исми. Агар шахс контрактни ишончнома асосида тузса, бу контрактнинг муқаддимасида кўрсатилади.

3.2. Контрактнинг мавзуси. Ушбу бўлимда товарлар, ишлар ва хизматларнинг номи, шунингдек битишув тури кўрсатилади. Товарнинг номи билан биргаликда унинг тавсифи ҳамда миқдори ва сифати бўйича ассортименти кўрсатилади.

Бунда товарнинг умумий қабул қилинган халқаро стандартлари, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи ГОСТлари, шунингдек хусусияти бўйича унинг типи, модели, маркаси, нави, тури ҳам кўрсатилиши лозим.

Товарнинг миқдори қабул қилинган ўлчовларнинг метрик тизимида халқаро бирликларда ифодаланади. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган ўлчов

ва оғирликлар тизими миқдорларини белгилаш тартибига мувофиқ ўлчов бирлигини аниқлаш мумкин.

Товарнинг сифат тавсифи товардан фойдаланиш учун унинг яроқлилигини акс эттирувчи хоссалар жамини белгилайди. Шунингдек, ТИФ ТН бўйича товарнинг кодига ҳавола ҳам зарур.

Машиналар, асбоб-ускуналар ва технологик линияларни етказиб бериш учун контрактда уларнинг янгилиги ёки улардан фойдаланганлиги ҳолати

кўрсатилади (фойдаланилганлари учун – эскириш фоизи ёки фойдаланиш муддати).

3.3. Етказиб беришнинг базис шартлари (“Инкотермс” халқаро қоидалари бўйича).

“Инкотермс”дан фойдаланилганда етказиб бериш жойи (темир йўл станцияси, порт, аэропорт ва бошқаларнинг номи) кўрсатилиши керак (қисқартирилган сўзларнинг бош ҳарфлари билан биргаликда).

3.4. Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш муддати ёки санаси кўрсатилади.

Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш санаси дейилганда сотувчи томонидан контрактларда кўрсатилган товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартларига мувофиқ ўз мажбуриятларининг бажарилиши тушунилади.

3.5. Контрактнинг умумий суммаси, товарнинг ўлчов бирлигидаги нархи кўрсатилади.

Товарнинг ўлчов бирлиги ТИФ ТНдаги ўлчов бирлигига мувофиқ белгиланади.

Контрактнинг умумий суммаси сотилаётган товар, ишлар ва хизматларнинг қийматини англатади. Ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга контрактни тузиш пайтида контракт суммасини белгилаш имкони бўлмаган ўзига хос контрактлар тузилган тақдирда контрактнинг умумий суммаси кўрсатилмайди.

Етказиб берувчилар томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилишини, улар томонидан ходимларни ўқитиш хизматлари

ва бошқа хизматлар кўрсатилишини, роялти тўланишини назарда тутувчи

асбоб-ускуналар, қурилмалар, механизмлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга (сотишга) ташқи савдо контрактлари бўйича контрактларда (спецификацияларда) бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва роялти суммаси алоҳида кўрсатилади.

3.6. Тўлов шартлари. Контрактдаги тўлов шартларида валюта, тўлов шакли ва муддати белгиланади. Агар тўлов валютаси контракт валютасидан фарқ қилса,

у ҳолда валютани қайта ҳисоблаб чиқиш курси ва ушбу курсни аниқлаш манбаи кўрсатилади.

Ташқи савдо контрактларида тўлов валютаси хорижий валютада кўрсатилади (қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно).

3.7. Товарнинг келиб чиқиши, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи. Контрактда етказиб берилаётган товар келиб чиққан мамлакат ва ишлаб чиқарувчи, шунингдек ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи (мамлакати) кўрсатилади.

3.8. Томонларнинг реквизитлари. Контракт матни томонларнинг реквизитларини кўрсатиш билан тугалланади. Почта реквизитлари, манзил, банк реквизитлари ва юклаб жўнатиш реквизитлари кўрсатилади. Хўжалик юритувчи субъектларнинг имзолари контрактда муҳр билан тасдиқланади.

3.9. Бартер контрактларида импорт товарларни жадал етказиб беришни ёки муқобил банк кафолатлари тақдим этишни назарда тутувчи шартлар мажбурий тартибда ҳисобга олинади.

3.10. Ташқи савдо контрактининг матни давлат тилида ёки рус тилида баён қилиниши керак. Агар контракт матни бошқа тилда тузилган бўлса, контракт давлат тилига ёки рус тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.

4. Контракт шартларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилиши керак ҳамда контрактлар билан бўлгани сингари тартибда тизимга киритилади.

5. Божхона расмийлаштируви мақсадлари учун инвойсларда қуйидаги асосий маълумотлар бўлиши керак:

экспорт қилувчининг (импорт қилувчининг) номи ва унинг реквизитлари;

инвойс суммаси;

экспорт қилувчининг идентификация рақами (СТИР);

товарлар номи;

товарларнинг ўлчов бирлиги;

товарлар миқдори;

товарлар нархи;

ИНКОТЕРМС бўйича етказиб бериш шартлари;

Инвойслар экспорт қилувчининг (мавжуд бўлганда) имзоси билан тасдиқланиши керак.

6. Ушбу бўлим талабларига риоя этилиши учун масъулият хўжалик юритувчи субъектларга юкланади.

III. Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг

олиб бориш тартиби

7. Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тизими хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузилган ташқи савдо контрактлари бажарилиши устидан зарур назоратни таъминлаш ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар, валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банклари ўртасида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схема бўйича Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда ТСОЯЭАТ деб аталади) орқали ахборот айирбошлаш мақсадида жорий этилади.

Бунда Ягона ғазна ҳисобварағи билан қамраб олинган бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ташқи савдо контрактлари бўйича тўловларнинг амалга оширилиши бўйича тегишли маълумот ТСОЯЭАТга ғазначилик бўлинмалари томонидан киритилади.

8. ТСОЯЭАТ реал вақт режимида ишлайди ва унда ушбу Низомга 

3-иловада келтирилган маълумотлар мавжуд бўлади.

9. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари мониторингини олиб бориш мақсадида тижорат банклари:

аванс тўловлар (олдиндан ҳақ тўлаш) амалга оширилишида ёки импорт контрактлар бўйича аккредитив очишда;

олдиндан тўланган ҳақ (аванс тўлови) тушганлиги, аккредитив очилганлиги, банк кафолати расмийлаштирилганлиги, экспорт контрактини суғурталаш бўйича полис берилганлиги тўғрисидаги белгиланган тартибда берилган ҳисоб-китоб маълумотномаларини ТСОЯЭАТда расмийлаштиришда ТСОЯЭАТдаги маълумотларни (шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли вазирлик

ва идораларнинг хулосаси мавжудлигини) солиштирадилар, ушбу Низомнинг 

14-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда ҳисоб-китоб маълумотномаси фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини

қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада  кўрсатилган хом ашё товарларини, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан мева-сабзавот маҳсулотларини, инвойс асосидаги товарларни (кейинги ўринларда олдиндан тўлов кафолатланган товарлар деб аталади) экспорт қилишда расмийлаштирилади.

Контракт (ёки инвойс) билан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар ўртасида фарқлар мавжуд бўлмаган тақдирда банклар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу контракт

(ёки инвойс) бўйича банк операцияларини амалга оширадилар.

Бунда олдиндан тўлов кафолатланган товарларни экспорт қилиш назарда тутилган контрактлар (ёки инвойслар) бўйича ҳисоб-китоб маълумотномалари ТСОЯЭАТга товарларнинг божхона расмийлаштирувига қадар киритилиши лозим.

10. Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ташқи савдо амалиётлари мониторингини амалга ошириш мақсадида ғазначилик бўлинмалари тўловларни амалга оширишда ёки аккредитив очишда ТСОЯЭАТдаги маълумотларни контракт шартлари билан солиштиришни амалга оширадилар.

Бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар ўртасида фарқлар мавжуд бўлмаган тақдирда ғазначилик бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу контракт бўйича операцияларни амалга оширадилар.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ёки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) томонидан ёки унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарзлар) (тижорат банклари томонидан қайта молиялаштириладигани бундан мустасно), шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил қиладиган хўжалик юритувчи субъектлар ва устав капиталидаги улушнинг 50 фоизидан ортиғи устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли бўлган юридик шахслар маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар якунлари бўйича тузилган ва битта шартнома бўйича суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган импорт шартномалари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ёки Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ёки Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати) томонидан ёхуд унинг кафолати остида жалб этилган кредитлар (қарзлар), шунингдек устав капиталида давлат улуши

50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектлари ва устав капиталидаги улушнинг 50 фоиздан кўпроғи устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган хўжалик субъектларига тегишли бўлган юридик шахслар маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган, битга тендер (танлов) бўйича суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган тендер (танлов) савдолари доирасида тендер (танлов) ҳужжатлари экспертизаси ёки тендер (танлов) таклифларини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилади. Бунда тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг божхона постлари хўжалик юритувчи субъект томонидан ТСОЯЭАТга киритилган контракт (шу жумладан инвойс) маълумотларини “эркин муомалага чиқариш (импорт)”, “экспорт” божхона режимларида расмийлаштирилган божхона юк декларацияси маълумотлари билан, шунингдек тижорат банклар томонидан ТСОЯЭАТга киритилган ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган валюта миқдорини тўлов кафолатланган товарларнинг экспорт қийматига нисбатан мувофиқлиги ёки ортиқлиги билан солиштирадилар ҳамда фарқлар мавжуд бўлмаганда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона юк декларациясини расмийлаштирадилар, ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда экспортга божхона расмийлаштируви, тўлов кафолатланган товарлардан ташқари, ТСОЯЭАТга ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномаларсиз амалга оширилади.

Ҳисоб-китоб маълумотномаси асосида экспорт қилиниши белгиланган товарлар “экспорт” божхона режимига расмийлаштирилаётганда товарларнинг умумий фактура қиймати ҳисоб-китоб маълумотномасида кўрсатилган қийматдан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.

12. Қуйидагиларга:

улар бўйича тўлов импорт қилувчининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилган бир хўжалик юритувчи субъектнинг икки ва ундан ортиқ импорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга;

бир хўжалик юритувчининг икки ва ундан ортиқ экспорт контрактлари доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишга йўл қўйилади.

13. Ташқи савдо контракти бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар хўжалик юритувчи субъект томонидан фақат, агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, контрактда ва ТСОЯЭАТда кўрсатилган унинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкидаги ҳисоб рақами орқали амалга оширилиши мумкин.

14. Экспорт қилувчилар тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисоб рақамларига тушгандан ва ушбу ахборот ТСОЯЭАТга киритилгандан сўнг экспорт контрактларини расмийлаштирмасдан Интернет тармоғидаги он-лайн дўконлар орқали товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда, 5000 (беш минг) АҚШ долларгача бўлган товарлар электрон тижорат орқали ТСОЯЭАТга киритмасдан ва юк божхона деларациясини расмийлаштирмасдан, почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ реализация қилиниши мумкин.

15. Экспорт қилувчилар товарлар (хом ашё товарлари бундан мустасно), ишлар ва хизматлар) экспортини тўлиқ тўлов уларнинг Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига тушгандан ва ушбу ахборот ТСОЯЭАТга киритилгандан кейин экспорт контрактисиз инвойс асосида амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

16. Экспорт қилувчилар товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича айрим товарлардан ташқари, Интернет тармоғининг электрон савдо майдончалари воситасида экспорт контракти тузмасдан ва товарлар, ишлар (хизматлар) экспорти учун банк воситачилик ҳақи олинмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

17. Ташқи савдо операцияларини содир этилиши устидан назорат қилиш ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ тартибда амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташқи савдо операциялари мониторингини амалга ошириш бўйича давлат божхона ва солиқ хизматлари органлари ҳамда тижорат банклари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади

18. Давлат божхона хизмати органлари, тижорат банклари ва ТСОЯЭАТга уланган бошқа идоралар ўз ваколатлари доирасида тизимдаги мавжуд ахборотни рухсат берилмаган фойдаланишдан, маълумотларни бузишдан ёки ташқи савдо операцияларини амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларга ёки давлатга зарар етказиши мумкин бўлган бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ташкилий ва техник чора-тадбирларни кўришлари керак.

Давлат божхона хизмати органлари, тижорат банклари ва ТСОЯЭАТдаги мавжуд маълумотлардан фойдаланадиган бошқа идораларнинг раҳбарлари

ва бошқа ходимлари мазкур маълумотларни ошкор қилиш, улардан шахсий мақсадларда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиш, шунингдек шу жумладан ахборотни ҳимоя қилишнинг белгиланган қоидаларини бузиш оқибатида учинчи шахсларнинг маълумотларни олишига имконият яратиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар.

ТСОЯЭАТдаги мавжуд ахборотни ҳимоя қилишнинг белгиланган қоидалари бузилганлиги, улардан ташқи савдо операцияларини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектларга ёки давлатга зарар етказилишига олиб келган шахсий мақсадларда ёки учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланганлиги учун идораларнинг айбдор раҳбарлари ёки бошқа ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

ТСОЯЭАТдан фойдаланувчининг ташаббуси ёки таклифи билан ТСОЯЭАТни дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритиш зарур бўлган тақдирда ТСОЯЭАТни дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритишни молиялаштириш дастурий таъминлашга ўзгартиришлар киритишнинг ташаббускори бўлган идоранинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил

“___” _________даги ____-сон қарорига

2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2014 йил 21 июлдаги 199-сон қарорида:

а) 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

б) 31-банддаги “уч” сўзи “беш” сўзи билан алмаштирилсин;

в) иловада:

1 ва 5-бандларда “б” кичик бандлар ўз кучини йўқотган деб топилсин;

8-банднинг “а” кичик бандидаги 18-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда хорижий валютадаги маблағлардан фойдаланиш устидан назоратни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 1996 йил 13 мартдаги 95-сон қарорининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг “Экспорт-импорт операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2003 йил 30 сентябрдаги 416-сон қарорида:

а) 1-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин;

б) 2-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;

в) 4-бандда:

иккинчи хатбошидаги “Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва” сўзлари “Инвестициялар ва ташқи” сўзлари билан алмаштирилсин;

учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.

г) 5-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 

1-ИЛОВА

Ташқи савдо келишувига оид ҳужжатларга идентификация

рақамларини бериш

ТАРТИБИ

Ушбу Тартиб ташқи савдо келишувига оид ҳужжатларга (контракт, инвойс

ва бошқалар) идентификация рақамлари бериш қоидаларини белгилайди.

1. Ташқи савдо келишувига оид ҳужжатларга идентификация рақамлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (кейинги ўринларда матнда ТСОЯЭАТ деб юритилади) орқали ушбу Низом талабларига мувофиқ берилади.

2. ТСОЯЭАТда идентификация рақамлари қуйидаги тартибда берилади:

1

2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

12

13

14

15

16

17

18

19

20

21

22

23

24

25

26

27

А

Б

В

Г

Д

A қисми 9 та рақамдан иборат бўлиб, ташқи савдо келишувига оид ҳужжат бўйича банк операцияларини амалга ошираётган тижорат банкининг СТИР кўрсатилади. Ташқи савдо контракти биржа (ярмарка)да тузилса, А қисмида ушбу биржа (ярмарка)нинг СТИР кўрсатилади.

Б қисми 9 та рақамдан иборат бўлиб, СТИР (импорт қилувчи/экспорт қилувчи – Ўзбекистон Республикасининг резиденти) кўрсатилади.

В қисми 2 та рақамдан иборат бўлиб, йил кўрсатилади (масалан: 04, 05 ва ҳ. к.з.).

Г қисми 2 та рақамдан иборат бўлиб, қуйидаги контракт турлари кўрсатилади:

“01” – экспорт контракти;

“02” – импорт контракти;

“03” – бартер контракти;

“04” – марказлаштирилган экспорт контракти;

“05” – марказлаштирилган импорт контракти;

“06” – импорт биржа (ярмарка) контракти;

“07” – экспорт биржа (ярмарка) контракти;

“08” – экспорт-консигнация контракти;

“09” – республика ҳудудида экспорт контракти;

“10” – интернет орқали дастурий таъминот экспорти;

“11” – қайта ишлаш (республика ҳудудида) бўйича экспорт контракти;

“12” – қайта ишлаш (республикадан ташқарида) бўйича импорт контракти;

“13” – интернет тармоғидаги савдо майдонлари орқали экспорт контракти;

“14” – инвойс асосида экспорт.

Д қисми 5 та рақамдан иборат бўлиб, ташқи савдо келишувига оид ҳужжатнинг ТСОЯЭАТ томонидан рақамланадиган тартиб рақами кўрсатилади.

3. ТСОЯЭАТда ташқи савдо келишувига оид ҳужжатларнинг тартиб рақамлари ҳар йилнинг бошида 00001 рақами билан бошланади. Бунда рақамлаш ТСОЯЭАТда ҳар бир хўжалик юритувчи субъект бўйича алоҳида юритилади. Ташқи савдо контракти биржа (ярмарка)да тузилса, рақамлаш уни биржада (ярмаркада) рўйхатга олиш журнали (реестри) бўйича юритилади.

4. Ташқи савдо келишувига оид ҳужжатнинг идентификация рақамида ушбу Низомда назарда тутилмаган ажратиш белгиларига (“каср”, “тире”, “нуқта”, “вергул” ва ҳ к з) йўл қўйилмайди.

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 

2-ИЛОВА

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш

СХЕМАСИ

1-босқич

Хўжалик юритувчи субъект, Инвестициялар

ва ташқи савдо вазирлиги

Импорт контрактларини қонун ҳужжатларга мувофиқ экспертизадан ўтказиш

қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда

2-босқич

Хўжалик юритувчи субъект

Ташқи савдо контрактлари ва инвойс бўйича маълумотларни (умумий ахборот) Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритиш

контракт ёки инвойс бўйича ташқи савдо операциялари (маблағларнинг ҳаракати ва божхона юк декларациясини рўйхатга олиш) бошлангунга қадар, тегишли импорт контрактлари бўйича қонун ҳужжатларга мувофиқ экспертизадан ўтказилганидан кейин

3-босқич

Тижорат банклари, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағлари олувчилар, ғазначилик бўлинмалари

Контракт ёки инвойс бўйича маълумотларни (маблағларнинг ҳаракати тўғрисида ахборот) ТСОЯЭАТ га киритиш.

ҳисоб-китобларни

амалга оширишда:

доимо

Давлат божхона хизмати органлари

Контракт бўйича божхона юк декларацияси маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш.

товарлар тушганда ёки юклаб жўнатилганда:

доимо

4-босқич

Давлат божхона хизмати органлари ва тижорат банклари

Божхона ва валюта қонунчилиги, ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби, бузилиши ҳолатлари аниқланганда ахборотни солиқ органларига тақдим этиш

ҳолатлар аниқланганда

ҳар ой якуни бўйича

5-босқич

Валютани назорат қилувчи органлар

ва тижорат банклари

Мониторинг олиб бориш

доимо

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 

3-ИЛОВА

Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига

киритиладиган маълумотлар тўғрисидаги

АХБОРОТ

а) Ташқи савдо келишувига оид ҳужжатлар (контракт, инвойс ва бошқалар) бўйича умумий ахборот*:

импорт қилувчи (экспорт қилувчи)нинг номи ва реквизитлари, шу жумладан СТИР;

хорижий шерикнинг номи ва унинг реквизитлари;

ҳужжатнинг санаси ва тартиб рақами;

ҳужжатнинг ушбу Низомга 4-иловасига мувофиқ тури;

ҳужжатнинг предмети (товар ёки ишлар ва хизматлар);

ҳужжатнинг умумий суммаси;

ҳужжатнинг валютаси;

қўшимча битимларнинг санаси ва тартиб рақами;

бажарилган ишлар ва/ёки кўрсатилган хизматларнинг далолатномалари;

ҳужжатни тугаллаш.

б) Маблағлар ҳаракати тўғрисидаги ахборот**:

тўлов санаси ва суммаси;

тўлов топшириғининг санаси ва тартиб рақами;

мажбурий сотиш амалга оширилганлиги санаси;

мажбурий сотув суммаси;

аккредитив очиш санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати ҳамда унинг бажарилиши тўғрисидаги ахборот;

берилган кафолатнинг санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати, кафилнинг номи ва кафолат бажарилганлиги тўғрисидаги ахборот;

берилган суғурта полисининг санаси, тартиб рақами, суммаси ва муддати, суғурта компаниясининг номи;

контрактлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар;

дебиторлик ва кредиторлик қарзларни ҳисобдан чиқариш;

жазо жарималари ва норезидентнинг даромадига солиқ тўлаш;

хорижий банкнинг воситачилик ҳақи.

в) Товарлар юклаб жўнатилганлиги ва тушганлиги тўғрисидаги ахборот***:

товарнинг номи ва ТИФ ТН бўйича код;

товарнинг миқдори;

товар келиб чиққан мамлакат;

божхона юк декларацияси расмийлаштирилган сана ва унинг тартиб рақами;

тушган товарнинг фактура, божхона ва статистика қиймати;

юклаб жўнатилган ёки тушган товарнинг божхона режими;

ўлчашнинг қўшимча бирлиги, коди (зарурат бўлганда);

товарнинг оғирлиги.

Изоҳ:

* Маълумотлар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан киритилади.

** Тижорат банклари томонидан киритилади.

*** Давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона юк декларациялари расмийлаштирилгандан сўнг киритилади.

ТСОЯЭАТда тижорат банклари ва давлат божхона хизмати органлари томонидан ташқи савдо келишувларига оид ҳужжатларни ижро этиш билан боғлиқ тўлдириладиган бошқа маълумотлар ҳам бўлиши мумкин.

Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомга 

4-ИЛОВА

Ташқи савдо операцияларини содир этилиши устидан назорат қилиш ТАРТИБИ

Мазкур тартиб валютани назорат қилувчи органлар ва тижорат банкларида ташқи савдо операцияларини содир этилиши устидан назорат қилиш тартибини белгилайди.

1. Товарларни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида тузилган контрактлар бўйича ёки контрактлар Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларни амалга ошириш доирасида Бошқарувчи қўмита томонидан тасдиқланган тақдирда – импорт контрактларида белгиланган муддатлардан;

электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун технологик ускуналарга тузилган импорт контрактлари бўйича – тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 270 календарь кундан;

бошқа импорт контрактлари бўйича – тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 180 календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.иши мумкин.

2. Экспорт операциялари бўйича тушум тушиши ёки товарларни қайта олиб кириш муддати:

муассислар – Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан чет элдаги ташкилотларга (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналар, фирма дўконлар, дилерлик шохобчалари ва консигнация омборлари), шунингдек

– Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзолари – хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Палатанинг савдо-инвестиция уйлари номига олиб чиқилаётган товарлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан;

электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан ўзлари ишлаб чиқарган электротехника электромаиший маҳсулотлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кундан;

қолган товарлар бўйича божхона юк декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб, хизматлар (ишлар) бўйича бажарилган ишларни қабул қилиш далолатномаси имзоланган санадан бошлаб 120 кундан ошиб кетмаслиги керак.

Бунда енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсири юзага келган ҳолатда хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддати ушбу таъсир юз берган давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган, енгиб бўлмайдиган кучнинг амал қилиши даврига узайтирилади.

3. Экспорт контрактлари бўйича тўловлар вакил банклар орқали амалга оширилган ва вакил банкнинг банк воситачилик ҳақи экспорт қилувчининг ҳисоб рақамига тушувчи маблағлар ҳисобига тўланадиган ҳолларда, у дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмаслиги, балки экспорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олиниши керак.

Шунингдек, аванс тўловлар бўйича маблағлар қайтариб берилганда ёки вакил банкнинг банк воситачилик ҳақи импорт қилувчининг маблағлари ҳисобига тўланганда импорт контрактлари бўйича товарлар тўлиқ етказиб берилмаган ҳолларда, у дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмаслиги, балки импорт қилувчи балансининг харажат қисмида ҳисобга олиниши керак.

4. Хизматлар экспортини амалга оширувчи ва импорт қилувчининг мамлакатида кўрсатилган хизматлар учун олинган даромадлардан (фойдадан) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар тўлаган экспорт қилувчилар ўзининг тижорат банкига ушбу солиқлар чет элда тўланганлиги тўғрисидаги тасдиқномани тақдим этадилар. Бунда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланган сумма контракт бўйича дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмайди.

Ушбу солиқлар асоссиз тўланганлиги, уларнинг камайтирилганлиги ёки қайтарилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда контракт бўйича дебиторлик қарз тикланиши керак.

5. Чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар, шунингдек, «эркин муомала учун чиқариш» режимида товарларни республикага олиб кириш ва расмийлаштиришни, ишларни бажариш

ва хизматлар кўрсатишни 30 банк кунидан ортиқ таъминламаган импорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин:

белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомала учун чиқариш» режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг

10 фоизига тенг миқдорда;

белгиланган муддатлардан 180 кундан 365 кунгача кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомала учун чиқариш» режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг 20 фоизига тенг миқдорда қўшимча;

белгиланган муддатлардан 365 кундан ортиқ кечикканда – тушмаган валюта маблағлари ёки «эркин муомала учун чиқариш» режимида расмийлаштирилмаган товарлар (бажарилмаган ишлар, кўрсатилмаган хизматлар) суммасининг

70 фоизига тенг миқдорда республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўлайдилар.

Ушбу Низомда белгиланган жарима санкциялари қўлланилган тақдирда, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ундирилиши муддатларидан қатъи назар, айни бир қарздорлик предмети

ва товарлар (ишлар, хизматлар)нинг амалдаги экспорти ҳажми бўйича экспорт қилувчига такрорий санкциялар қўлланилмайди.

Экспорт контрактининг суғурта полиси бўйича суғурта қопламаси суммаси (миллий ва (ёки) хорижий валюталарда) экспорт қилувчининг ҳисоб рақамига тушганда, ушбу экспорт контракти бўйича дебитор қарздорлик суммаси молиявий санкцияларни қўллаш мақсадлари учун тушган суғурта қопламаси суммасига камайтирилади.

6. Хўжалик юритувчи субъектлар, тижорат банклари, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағлари олувчилар, ғазначилик бўлинмалари ва давлат божхона хизмати органлари тегишли ахборот ТСОЯЭАТга ўз вақтида ва тўғри киритилиши учун жавоб берадилар.

7. Давлат божхона хизмати органлари:

товарларнинг келиб тушиши ёки юклаб жўнатилиши тўғрисидаги божхона юк декларациялари маълумотларини ТСОЯЭАТга ўз вақтида ва тўғри киритилиши учун жавоб берадилар, товарларни олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича маълумотларни ҳамда улар бўйича амалга оширилган божхона тўловларини таҳлил этадилар, шунингдек божхона юк декларациялари маълумотларининг электрон базаси ТСОЯЭАТга ўз вақтида қўшилишини таъминлайдилар;

ҳуфёна ташқи савдо операциялари амалга оширилиши йўллари

ва механизмларини аниқлаш, товарлар ва бошқа моддий бойликларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши ҳолларига барҳам бериш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги бошқа жиноятларни очиш бўйича тезкор-таҳлилий ва қидирув чора-тадбирлари ўтказилишини таъминлайдилар.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларга нарх белгиланиши устидан доимий мониторинг олиб борадилар. Мониторинг натижалари бўйича муқобил манбалардан олинган маълумотлар асосида импорт қилинадиган товарларга нарх маълумотлари бюллетени тузилади ва электрон шаклда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилади.

Импорт товарларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотларнинг муқобил манбалари сифатида ишлаб чиқарувчи корхоналар ёки етказиб берувчиларнинг расмий эълон қилинадиган маълумотномалари, бюллетенлари, биржа котировкалари, прайс-варақлардан, улар уюшмалари ёки бирлашмаларининг йиғма нарх маълумотномаларидан, товарларни ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар ваколатхоналарининг, уларнинг расмий рўйхатдан ўтказилган дилерлари ёки дистрибьюторларининг маълумотларидан, шунингдек нархлар конъюнктурасини холис шакллантирадиган умумий фойдаланиладиган нарх тўғрисидаги маълумотларнинг бошқа ишончли манбаларидан фойдаланиш мумкин.

9. Бюллетень ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан импорт қилинадиган товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-қоидаларини самаралироқ ва холисона амалга ошириш учун хизмат қилади.

Бюллетень маълумотлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси билан келишилиши керак.

Бюллетендан божхона органлари баҳолашда ва божхона қийматини назорат қилишда Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексида  назарда тутилган ҳолларда фойдаланади.

10. Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушум қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тушмаганлиги ёки тўлиқ тушмаганлиги ёхуд импорт бўйича товарлар тўлиқ тушмаганлиги (ишлар ва хизматлар бажарилмаганлиги) (аванс тўлови қайтарилганлиги) ҳолатлари тўғрисидаги ахборот ТСОЯЭАТда шакллантирилади. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ ва божхона хизматлари органлари тегишли чора-тадбирлар кўриш учун ТСОЯЭАТ маълумотларидан фойдаланади.

Общие комментарии

234