ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3873 Национальная гвардия Республики Узбекистан 12/06/2019 27/06/2019 55

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида
ID-3873

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг (бундан буён матнда Миллий гвардия деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.

2-модда. Миллий гвардиянинг мўлжалланиши

 

Миллий гвардия жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек Миллий гвардиянинг ваколатига киритилган давлат аҳамиятидаги махсус вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.

Миллий гвардияда ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган махсус ваколатли давлат органидир.

3-модда. Миллий гвардия тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Миллий гвардия тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

4-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Миллий гвардиядаги ҳарбий хизмат – бу чақириқ
ёки контракт бўйича оддий аскар, сержант, офицер ва генераллик таркиби лавозимларида ўталадиган ҳақиқий ҳарбий хизмат;

Миллий гвардиядаги хизмат – сафдор, сержант, офицер
ва генераллик таркиби лавозимларидаги давлат хизматининг тури.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси – ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган, ҳарбий унвондаги Ўзбекистон Республикаси фуқароси;

Миллий гвардия ходими – Миллий гвардияда хизмат қилаётган, махсус унвон берилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси.

5-модда. Миллий гвардия фаолиятининг асосий йўналишлари

 

Миллий гвардия ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият олиб боради:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажариш, шу жумладан жамоат тартибини, жисмоний ва юридик шахсларнинг хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қуролланган жиноятчилар ҳамда террорчилик гуруҳларини қўлга олиш ва йўқ қилиш, тезкор-қидирув ва бошқа махсус тадбирларни жанговар таъминлаш;

қўриқлаш фаолияти соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ва таъминлаш  соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек давлат қўриқлаш органлари фаолиятини назорат қилиш;

фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш;

фуқаровий ва хизмат қуроллари муомаласи соҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;

қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирувни ўтказиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни юритиш, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;

Миллий гвардия кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини, шунингдек ҳарбий хизматчилари ва ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил қилиш;

расмий учрашувларда ва чет давлатлар расмий вакиллари, хорижий делегацияларни кузатишда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган юқори даражадаги байрам ва тантанали маросимларда расмий тантанали тадбирларни ўтказиш;

жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий тадбирларни ўтказишда ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда давлат органларига бевосита кўмаклашиш;

қўриқланадиган шахслар хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан фавқулодда вазиятлар шароитида, алоҳида даврларда ҳуқуқий режимни таъминлаш ва террорчиликка қарши операциялар ўтказишда иштирок этиш;

Қуролли Кучларнинг жанговар қўллаш режаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофаасида, шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан юклатилиши мумкин бўлган бошқа вазифаларни бажариш.

6-модда. Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари

 

Миллий гвардия фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш, ягоналик, мустақиллик, конспирация, фаолиятнинг мобиллиги ва тезкорлиги, зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришида бошқарув органлари ва бўлинмаларнинг доимий жанговар шайлигидан иборатдир.

7-модда. Миллий гвардиянинг бошқа органлар, ташкилотлар
ва фуқаролар билан ҳамкорлиги

 

Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамкорлик қилади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши шарт. 

8-модда. Миллий гвардиянинг қонуний талаблари бажарилишининг мажбурийлиги

 

Миллий гвардиянинг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари, шу жумладан қонунга риоя этиш, ҳужжатларни, текширувлар материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассис ажратиш, Миллий гвардияга келиш ҳамда аниқланган қонунбузарликлар хусусида тушунтиришлар бериш тўғрисидаги, шунингдек қоидабузарликларни, уларнинг сабабларини ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақидаги қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Мазкур модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотлар бепул тақдим этилади.

Миллий гвардиянинг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.

9-модда. Фан ютуқларидан, замонавий технологиялар ва ахборот тизимларидан фойдаланиш

 

Миллий гвардия ўз фаолиятида фан ютуқлари, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмалар, шунингдек ахборот тизимларидан фойдаланади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш, криптография воситаларидан ҳамда бошқа махсус воситалардан фойдаланиши мумкин.

2-боб. Миллий гвардия таркиби ва фаолиятини
ташкиллаштириш

 

10-модда. Миллий гвардия таркиби

 

Миллий гвардия таркибига Миллий гвардия марказий девони, махсус бўлинмалар, минтақавий бошқарув органлари ва ҳарбий қисмлар, қўриқлаш, фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш бўйича бўлинмалари ва суриштирув органлари, шунингдек таълим, тиббий, спорт муассасалари ва Миллий гвардияга юклатилган вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган бошқа ташкилотлар (бундан буён матнда – Миллий гвардия бўлинмалари деб юритилади) киради.

Миллий гвардия таркибида қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзини ўзи маблағ билан таъминловчи бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.

11-модда. Миллий гвардияга раҳбарлик қилиш ва бошқариш

 

Миллий гвардия бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади.

Миллий гвардия фаолиятига раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ва озод этиладиган Миллий гвардия қўмондони томонидан амалга оширилади.

Миллий гвардия қўмондони лавозими мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси вазири лавозимига тенглаштирилади.

Миллий гвардия қўмондонининг Миллий гвардияни жанговар қўллашга доир қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Алоҳида даврларда, фавқулодда вазият ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинганда Миллий гвардия бўлинмаларини ҳарбий округлардаги қўшинлардаги кучайтирилган гуруҳларга бирлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ амалга оширилади.

12-модда. Миллий гвардия ҳайъати

 

Миллий гвардияда Миллий гвардия қўмондони (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), шунингдек Миллий гвардия фаолиятининг асосий йўналишларини олиб борувчи бўлинмалар раҳбарлари таркибида ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг шахсий таркиби ва сони Миллий гвардия қўмондонининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ушбу қонун билан белгиланадиган асосий вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни қўриб чиқади.

3-боб. Миллий гвардияда ҳарбий хизматни (хизматни) ўташ тартиби ва шартлари

 

13-модда. Миллий гвардияда ҳарбий хизматни (хизматни) ўташ

 

Миллий гвардияда ҳарбий хизмат (хизмат) назарда тутилади.

Миллий гвардиянинг шахсий таркиби шартнома асосидаги, муддатли ҳарбий хизматчиларни (кейинги ўринларда – ҳарбий хизматчилар), ходимларни ўз ичига қамраб олади.

Ходимлар ҳарбий лавозимларга ҳарбий унвон берилиб ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида контракт тузилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда тайинланиши мумкин.

Ҳарбий хизматчилар ходимлар лавозимига махсус унвон берилиб ва ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги контрактни тугатган ҳолда тайинланиши мумкин.

Миллий гвардия олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари ходимлар лавозимига махсус унвон берилган ҳолда тайинланиши мумкин.

Миллий гвардияда ҳарбий хизматни ўташ тартиби умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари бажараётган мажбуриятларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ушбу Қонун ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Миллий гвардия ходимлари давлат хизматида бўлади.

Миллий гвардияда хизматни ўташнинг ушбу Қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари тартиби Миллий гвардияда хизмат ўташ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳафталик хизмат вақтининг умумий давомийлиги, қонун ҳужжатларида белгиланган нормал ҳафталик иш вақти давомийлигидан ошиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардия  ходимлари хизматни ўташга кучайтирилган ёки суткалик режимда жалб қилиниши мумкин.

Кучайтирилган режим Миллий гвардия ходимлари учун кунига иш вақтидан ташқари давомийлиги тўрт соатдан ошмайдиган иш белгиланишини назарда тутади.

Суткалик режим Миллий гвардия ходимлари учун хизматни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига умумқўшин паёги нормалари доирасида белгиланадиган озиқ-овқат паёгини компенсация қилиш ўрнига хизматни ўташ жойида уч маҳал бепул овқатланган ҳолда суткалик ўташ белгиланишини назарда тутади, хизмат вазифаларини суткалик навбатчилик тартибида доимий бажарадиган ходимлар бундан мустасно.

Кучайтирилган ва суткалик режимни жорий этиш ҳамда бекор қилиш Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан амалга оширилади.

Миллий гвардиянинг ходимларига таътилни ўтказиш жойига бориш ва қайтиш учун зарур бўлган, бироқ уч кундан ошмайдиган вақт қўшилган ҳолда давомийлиги ўттиз календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътил берилади.

Миллий гвардиянинг ходимларига қуйидаги календарь ҳисобдаги хизмат даври учун:

ўн йиллик хизматдан сўнг давомийлиги беш кун;

ўн беш йиллик хизматдан сўнг давомийлиги ўн кун;

йигирма йиллик хизматдан сўнг давомийлиги ўн беш кун бўлган,
ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Миллий гвардия ходимларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа турдаги таътиллар ҳам берилиши мумкин.

Миллий гвардиянинг ходимларига илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.

Сафдорлар ва сержантлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган Миллий гвардия ходимлари эллик ёшгача Миллий гвардияда хизматда бўлади.

Офицерлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган Миллий гвардия ходимлари уларга берилган махсус унвонларга қараб, қуйидаги ёшга:

подполковникка қадар, шу жумладан подполковник ҳам – эллик ёшга;

полковниклар – эллик беш ёшга;

генераллар – олтмиш ёшга тўлгунига қадар Миллий гвардияда хизматда бўлади.

Миллий гвардиянинг сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркибининг махсус унвонларига эга бўлган, белгиланган чегарадаги ёшга тўлган ходимлари резервга ёки истеъфога чиқарилади.

Миллий гвардиянинг юксак касбий тайёргарликка, эгаллаб турган лавозимида иш тажрибасига эга бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра хизматни ўташга яроқли ходимларига уларнинг хизмат муддати ўзининг розилиги билан, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда беш йилгача, Миллий гвардиянинг таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилик лавозимларини эгаллаб турган ва илмий даражага ёки илмий унвонга эга бўлган бошлиқлар таркибидаги шахсларга
эса ўн йилгача бўлган муддатга узайтирилиши мумкин.

Хизматда қолдириш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ходимни ушбу Қонунда назарда тутилган асослар бўйича Миллий гвардия органларидан бўшатиш имкониятини истисно этмайди.

Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришганлик, мажбуриятларини намунали тарзда бажарганлик, бенуқсон хизмат қилганлик ва Миллий гвардия органлари тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришга катта ҳисса қўшганлик, хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик ва жасорат кўрсатганлик, илмий-тадқиқот ишларини амалга оширган, шунингдек бошқа алоҳида хизматлари учун ходимлар Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Миллий гвардия қўмондони томонидан таъсис этиладиган фарқловчи идоравий белгилар билан тақдирланишга тақдим этилиши мумкин.

Миллий гвардия ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли Миллий гвардия бўлинмаси (ҳарбий қисми, муассасаси) ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;

йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;

асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш – ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари)га Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган намунага мувофиқ хизмат гувоҳномаси берилади. Хизмат гувоҳномасидан фойдаланиш тартиби Миллий гвардиянинг ички идоравий ҳужжатлари билан белгиланади. Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) шахсий рақамли жетонга эга бўлади.

14-модда. Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга)
қабул қилиш

 

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) ихтиёрий тартибда, танлов асосида, белгиланган талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қабул қилинади:

хизматни контракт асосида ўтайдиган ҳарбий хизматчи лавозимига:

а) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган оддий аскар, сержант ва офицерлик таркибидаги контракт асосидаги ҳарбий хизматчилар;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари;

в) муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаган қирқ ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ва ўттиз ёшгача бўлган аёллар, шунингдек  муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлар – оддий аскарлар
ва сержантлар таркиби лавозимларига;

г) ўн етти ёшдан йигирма уч ёшгача бўлган фуқаролар, шу жумладан ўқишга қабул қилинган йили 17 ёшга тўладиган фуқаролар, шунингдек ҳарбий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган, офицерлар таркиби ҳарбий унвонларига эга бўлмаган, ўн саккиз ёшдан йигирма беш ёшгача бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий хизматга мажбурлар – ҳарбий-таълим муассасаларининг курсантлари лавозимларига (бунда талабгорнинг ёши ўқишга қабул амалга оширилаётган календарь йил якуни бўйича ҳисобланади);

д) қирқ ёшгача бўлган резервдаги ва захирадаги офицерлар, шунингдек Миллий гвардия талабларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича олий маълумотга эга  фуқаролар – офицерлар таркиби лавозимларига.

махсус унвонга эга ходимлар лавозимига:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ходимлари ва олий таълим муассасалари битирувчилари;

б) ўттиз ёшгача бўлган ҳарбий хизматга мажбурлар ва аёллар сафдорлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларига.

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинадиган фуқаролар ўрта, ўрта-махсус ёки олий маълумотга эга бўлиши, соғлиғининг ҳолати ва жисмоний тайёргарлиги бўйича хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлиши лозим.

Зарур бўлган ҳолларда, Миллий гвардиянинг айрим бўлинмалари
ва ташкилотларига хизматда бўлишнинг энг юқори ёшига тўлган пайтида
кўп йиллик хизмати учун пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладиган ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилиниши мумкин.

Миллий гвардиянинг ўттиз ёшдан катта фуқаролар қабул қилинадиган айрим бўлинмалари, ташкилотлари ва лавозимларининг рўйхати Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) кираётган фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтадилар, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бундан мустасно.

Эркаклар Миллий гвардиядаги хизматга киргунига қадар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларидаги муддатли ҳарбий хизматни
ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташи ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак.

Алоҳида ҳолларда, бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ходимлар ушбу моддада белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда Миллий гвардияга хизматга Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланган тартибда қабул қилиниши мумкин.

Сиёсий партияларнинг аъзолари бўлган, Миллий гвардияга хизматга қабул қилинган фуқаролар хизматни ўташ даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Миллий гвардиянинг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тегишли маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Миллий гвардия органларининг ҳарбий хизматчилари
ва ходимлари қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг таълим муассасаларида чет эл фуқаролари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаролар, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган, Миллий гвардияда ҳарбий хизматни (хизматни) ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги
ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилиниши мумкин эмас.

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинаётган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ташкиллаштириш тартиби, шунингдек уларнинг соғлиғига бўлган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланади.

Ҳарбий хизматга (хизматга) номзодларга қўйиладиган махсус талаблар Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.

Миллий гвардиядаги ҳарбий хизмат (хизматга) қабул қилинган шахслар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинган ҳарбий хизматга мажбур Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ҳарбий-таълим муассасаларининг ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган тингловчилари ва курсантлари ҳарбий ҳисобдан чиқарилади ва Миллий гвардиянинг махсус ҳисобида туради.

Миллий гвардиянинг олий таълим муассасалари тингловчилари
ва курсантлари биринчи босқичдаги ўқув муддатини тугаллаганидан кейин муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳисобланади ва уларга олий ўқув муассасаси жойлашган
ҳудудий мудофаа ишлари бўлими томонидан ҳарбий гувоҳнома берилади.

15-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (хизматчиларининг) қасамёди

 

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) биринчи марта қабул қилинган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қиладилар:

«Мен (фамилияси, исми, отасининг исми), Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ҳарбий хизматга (хизматга) кирар эканман, Ўзбекистон халқи ва Президентига садоқатли бўлишга, ҳарбий қасамёдга (қасамёдга), Жанговар Байроққа содиқ қолишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини ва хизмат бурчимни сўзсиз ва виждонан бажаришга, ҳар қандай шароитда хиёнат ва сотқинлик қилмасликка, жанговар шайлик учун шахсан жавобгар бўлишга, мардлик ва фидокорлик билан ўз ҳаётимни аямасдан халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан».

16-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

 

Миллий гвардиядаги ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мажбурий тартибда махсус касбий тайёргарликдан ёки қайта тайёргарликдан ўтади.

Миллий гвардия учун профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Миллий гвардиянинг таълим муассасалари, ҳарбий-таълим муассасалари, шунингдек бошқа таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Миллий гвардия таълим муассасаларининг тингловчилари ва курсантлари Миллий гвардияда ҳарбий хизматда (хизматда) деб ҳисобланади, чет эл фуқаролари бундан мустасно.

17-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисини (ходимини) хизматдан бўшатиш

 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисини ҳарбий хизматдан бўшатиш – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади, Миллий гвардия ходимларини хизматдан бўшатиш эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган Миллий гвардияда хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.

18-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳарбий ва махсус унвонлари

 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига ҳарбий унвонлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Миллий гвардия ходимларига қуйидаги махсус унвонлар берилади:

сафдорлар таркиби – «сафдор»;

сержантлар таркиби «кичик сержант», «сержант», «катта сержант»;

кичик офицерлар таркиби – «лейтенант», «катта лейтенант», «капитан»;

катта офицерлар таркиби – «майор», «подполковник», «полковник»;

генераллар таркиби – «генерал-майор», «генерал-лейтенант», «генерал-полковник».

Махсус унвонларни бериш ва улардан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Мардлик ва қаҳрамонлик, юқори профессионаллик ва ватанпарварлик сифатларини кўрсатган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) навбатдаги ҳарбий (махсус) унвонлар мавжуд унвонидаги хизмат муддатидан қатъий назар муддатидан олдин берилиши, шунингдек штат бўйича эгаллаб турган лавозимидаги ҳарбий (махсус) унвонидан бир поғона юқори унвон берилиши мумкин. 

Миллий гвардия қўмондонига Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) полковникка қадар бўлган ва полковник ҳарбий (махсус) унвонларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериш ҳуқуқи берилади.

4-боб. Миллий гвардиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

19-модда Миллий гвардиянинг ҳуқуқлари

 

Миллий гвардия  зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳужжатларини, шу жумладан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларни шахсий кўрикдан ўтказиш, ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда ташилаётган юкларни кўздан кечириш, бунда назоратнинг техник ва бошқа воситалари қўлланилиши мумкин;

мансабдор шахслар ва фуқаролардан тезкор-қидирув, қидирув тадбирлари, терговга қадар текширишлар ва тергов ҳаракатлари ўтказиладиган жойларни тарк этишни талаб қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг турар жойларига ва бошқа объектларига тўсқинликсиз, зарурат бўлганда қулфлаш мосламалари
ва бошқа ашёларни бузган ҳолда кириш, бу жойларни жиноятлар содир этганликда гумон қилинаётган шахслар таъқиб қилинаётганда ёхуд у ерда жиноят содир этилаётган ёки содир этилган ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан яширинган шахс бор деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд бўлганда ёхуд кечиктириш фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини хавф остида қолдирадиган бўлса, йигирма тўрт соат ичида прокурорга бу ҳақда хабар берган ҳолда, шунингдек етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплаган ҳолда кўздан кечириш;

жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёки қидирувда бўлган шахсларни топиш ва ушлаш мақсадида жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг турар жойларида ва бошқа объектларида уларнинг розилиги билан вақтинча бўлиш;

давлат органларига ва бошқа ташкилотларга кириш, зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, фуқаролардан маълумотларни ҳамда бошқа зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш;

Миллий гвардиянинг иш юритувида бўлган ишлар ва материаллар юзасидан фуқароларни, мансабдор шахсларни чақириш, зарур ҳужжатларни, маълумотларни ва уларнинг кўчирма нусхаларини бепул олиш;

фуқароларни уларнинг розилиги билан кўмаклашишга жалб этиш, Миллий гвардияга кўмаклашган фуқароларни тақдирлаш;

жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар асосида уларга тегишли мулкларни қўриқлаш;

фуқаролик ва хизмат қуроллари ва унинг ўқ дорилари муомаласи соҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини текширишни амалга ошириш;

давлат органларига ва бошқа ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

жиноятларнинг ҳолатларини аниқлаш ҳамда суриштирув, дастлабки тергов органларидан, суддан яшириниб юрган ва жиноий жазони ўташдан бўйин товлаётган шахсларни қидириш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга кириш жойларида замонавий техник воситалар, шунингдек психологик-визуал кузатув усуллари ёрдамида шахслар ҳамда автотранспортларни ва уларнинг қўриқланадиган объектларга кириши ва чиқишини кўздан кечиришни ташкил этиш;

қўриқланадиган объектлар ишчилари, мансабдор шахслари ва бошқа фуқаролардан рухсатнома билан кириш ва ички режимга риоя қилишини талаб қилиш; 

қўриқланадиган объектларда шахсларнинг уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини, шу жумладан фуқароларнинг киришга (чиқишга) қўриқланадиган объектларга  (қўриқланадиган объектлардан) транспорт воситаларининг киришига (чиқишига), мулкларни олиб киришига (олиб чиқишга) ҳуқуқ берувчи ҳужжатларини текшириш;

қўриқланаётган объектларда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган, шунингдек террорчилик фаолиятини ёки бошқа ҳуқуқбузарликларни амалга оширишда гумон қилинаётган шахсларни маъмурий тартибда ушлаш ва қўриқлаш бўлинмалари хизмат хоналарига
ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб боришни амалга ошириш, шунингдек шахсий кўрикдан ўтказиш, буюмларни кўздан кечириш, бевосита ҳуқуқбузарлик қуроли ёки объекти ҳисобланувчи буюм ва ҳужжатларни олиб қўйиш. Ҳодиса содир бўлган жойнинг қўриқланиши ҳамда кўрсатилган буюм ва ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган шахслар таъқиб қилинаётганда, шунингдек жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш учун қўриқланадиган объектлар иншоотларига тўсқинликсиз кириш ва уларни кўздан кечириш;

қўриқланаётган объектларда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва уларни  қўриқлаш бўлинмаларига ёки ички ишлар органларига олиб бориш учун корхона ва қўриқланаётган объектнинг мулкдорига тегишли транспорт воситаларидан фойдаланиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан бошқарув қарорларини қабул қилиш учун, ахборот-таҳлил ва ҳисобот маълумотларини тайёрлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни (уларнинг нусхаларини) маълумот берувчи ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

Миллий гвардияга юклатилган вазифаларни бажариш учун ички ишлар органлари, шунингдек бошқа вазирлик ва идораларнинг ахборотлар тизими ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш;

назорат ўтказиш жойларида ва терроризмга қарши кураш ёки бошқа махсус тезкор-жанговар операциялар ўтказиладиган объектларда
ўз ваколатлари доирасида зарурий муҳандислик-техник воситаларидан фойдаланган ҳолда автотранспорт воситалари ва шахсларнинг текширувини амалга ошириш;

давлат органлари махсус бўлинмаларининг давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус террорчиликка қарши ва бошқа тезкор-жанговар махсус тадбирларни ўтказишдаги куч ишлатиш босқичида жанговар ҳимоя қилиш жараёнида, агар уларни террорчилик фаолиятига ёки бошқа ҳуқуқбузарликларни амалга оширишга дахлдор деб гумон қилишга етарли асослар мавжуд бўлса, фуқароларга нисбатан шахсий тинтув ўтказиш;

фуқаролардан жамоат тартибига риоя этишни, ғайриқонуний ҳаракатларини тўхтатишни, террорчиликка қарши ёки бошқа махсус тезкор-жанговар операциялар ўтказиладиган, оммавий тартибсизликлар ва жамоат тартиби гуруҳ бўлиб бузилаётган ҳудудда жойлашган, ўраб олинган кўчалар ва йўллардаги транспорт воситалари ҳамда йўловчиларнинг ҳаракатланишини вақтинчалик тақиқлаш ёки чеклаш;

террорчиликка қарши кураш ёки бошқа махсус тезкор-жанговар операциялар ўтказиладиган, оммавий тартибсизликлар ва жамоат тартиби гуруҳ бўлиб бузилаётган вақтда табиий жой майдонлари, турар жой, иморат, иншоот ва бошқа объектларни ўраб (қуршаб) олиш;

Миллий гвардиянинг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

Миллий гвардия бўлинмаларида давлат санитар ва ёнғин назоратини, шунингдек транспорт воситаларининг техник назоратини мустақил амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат сирларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;

Миллий гвардияда ахборотларни криптографик ҳимоялаш, махсус алоқалар, давлат сирларини ҳимоя қилиш, шу жумладан ҳисоблаш техника воситаларида ишлов бериш (ахборотлаштириш воситалари), ахборотлаштириш объектларини аттестация қилиш, давлат сирлари мавжуд бўлган ахборотларни техник ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлиги, махфий ахборотлар хавфсизлиги соҳаларида Миллий гвардияда мустақил фаолиятни амалга ошириш ва назорат қилиш, шунингдек кўрсатилган фаолият соҳаларида таркибий бўлинмаларнинг фаолиятини текширишни амалга ошириш;

давлат сирлари мавжуд бўлган ахборотларни, маълумотларни ишлов беришда ва фойдаланишда қўлланиладиган, шунингдек ахборот объектларини аттестация қилишда, ахборот хавфсизлиги талабларига асосланган ҳолда техника воситаларини сертификатлаш ва маълумотларни техник ҳимоя қилиш бўйича мустақил фаолиятни амалга ошириш.

ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда қўриқлаш фаолияти, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар муомаласи назорати, жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бошқа соҳаларда илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолиятни амалга ошириш, фан ва технологияларнинг ютуқларини ривожлантириш ҳамда улардан фойдаланиш, янги усулларни, техник ва бошқа воситаларни жорий этиш;

ўз ваколат доирасида ахборот-маълумот фондларини шакллантириш, ҳисоб-ахборот тизимини яратиш, давлат статистика ҳисоботини ва бошқа статистика ҳисоботини юритиши;

Миллий гвардия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

20-модда. Миллий гвардиянинг мажбуриятлари

 

Миллий гвардия зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда:

объектларни ва мулкларни қўриқлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўриши;

қўриқланадиган шахснинг ҳаракатланиш маршрутида ва бўлиш жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши ва чек қўйиши;

ўта муҳим ва тоифаланган объектларни, чет эл давлатларининг ваколатхоналарини, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини ва бошқа шунга тенглаштирилган чет элнинг Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхоналарини, шунингдек Миллий гвардия қўриқловига тааллуқли бошқа объектларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланишини таъминлаши;

ҳуқуқбузарлик ва қонунга хилоф хатти-ҳаракатларига чек қўйиш, тергов ва суриштирув органларининг вакиллари етиб келгунга қадар жиноят изларининг сақланганлигини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриш;

террорчиликка қарши ёки бошқа махсус тезкор-жанговар операциялар ўтказиладиган объект бўсағаларида санкция берилмаган киришларга чек қўйиш, назорат ўтказиш тартибини ўрнатиш;

ўз ваколатлари доирасида жиноят фактлари бўйича жиноят ишларини қўзғатиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиши;

жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, чек қўйиш ва фош этиш чораларини кўриши, шунингдек уларни содир этишга тайёргарлик кўришга ва содир этилишига алоқадор бўлган шахсларни аниқлаш;

ўз ваколати доирасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриши;

давлат сирлари ва хизматга доир ахборотларни, шунингдек хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг сақланишини таъминлаши;

ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида аҳоли пунктларидаги жамоат жойларини патруллик қилишда иштирок этиши;

жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашда, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказишда иштирок этиши;

Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Ўзбекистон Республикаси чегараларида қуролли провокацияларни ва оммавий тартибсизликларини тўхтатиш бўйича тадбирларда иштирок этиши;

диверсия, террорчилик ва бошқа қонунга хилоф қуролланган тузилмаларга қарши курашишда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига кўмаклашиши;

тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда террорчиликка қарши ва бошқа тезкор-жанговар махсус операцияларни  режалаштириш ва амалга оширишда иштирок этиши;

табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларда иштирок этиши шарт.

Миллий гвардия зиммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.

5-боб. Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус куч ва воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш, улар томонидан ташкилотлар ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш

 

21-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда ўқотар қуролни қўллаш шартлари ва чегаралари

 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ҳамда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундан ушбу огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёки уларнинг қўлланилишидаги сусткашлик фуқароларнинг ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ҳамда соғлиғига бевосита хавф соладиган ва бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун даврий текширувдан ўтиши шарт. Махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбий хизматчига (ходимга) тегишли сертификат берилади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитлардаги ҳаракатларга касбий яроқлилигини аниқлаш бўйича текширувдан ўта олмаган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) эгаллаб турган лавозимга мувофиқлигини аниқлаш учун аттестациядан ўтади.

Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилиши юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими), агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун мазкур моддада ҳамда ушбу Қонуннинг 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган асослар юзага келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ва жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.

Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши ёки ташкил этилиши керак.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида бевосита командирига (бошлиғига) дарҳол ахборот бериши шарт.

Миллий гвардия жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида тегишли прокурорга дарҳол хабар беради

22-модда. Жисмоний куч ишлатиш

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, улар қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва бошқа ҳуқуқбузарликларга барҳам беришда;

жиноятлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни олиб бориш ва ушлаб туришда;

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этишда.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

23-модда. Махсус воситаларни қўллаш

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қуйидаги ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга:

фуқарога ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига (ходимига) қилинган ҳужумни қайтариш учун;

жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйишда;

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига (ходимига) қаршилик кўрсатилишига чек қўйишда;

жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

ушлаб турилган шахсларни олиб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш мақсадида;

зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйишда;

ҳайдовчиси Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатишда;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлашда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилишда, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйишда.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қуйидаги махсус воситаларни:

а) резина таёқларни, шикастлантирувчи қуролни, қўлкишанларни ёки бошқа боғлаш воситаларини, электрошок қурилмаларини, таъсирлантириш хусусиятига эга бўлган воситаларни, хизмат ҳайвонларини қуйидаги ҳолларда:

фуқарога ёки Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қилинган ҳужумни қайтаришда; 

жиноятга барҳам беришда;

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчисига (ходимига) қаршилик кўрсатилишига барҳам беришда;

жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ёки уни содир этганидан кейин дарҳол яширинишга уринаётган шахсни ушлашда;

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

б) махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар, муҳофаза қилинадиган объектларни (ҳудудларни) ҳимоя қилиш ҳамда ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиш воситаларини қуйидаги ҳолларда:

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

в) чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламаларини қуйидаги ҳолларда:

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

муҳофаза қилинадиган объектларни ва шахсларни ҳимоя қилишда;

ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсишда;

г) зирҳли машиналар, махсус ва сув отувчи машиналарни ҳамда катерларни қуйидаги ҳолларда:

қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлашда;

зўрлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилишда;

давлат ҳокимияти ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига нисбатан куч ишлатиш билан боғлиқ оммавий тартибсизликлар ва рухсат этилмаган митингларга чек қўйишда қўллаш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу Қонунда ўқотар қуролни қўллашга рухсат этилган барча ҳолларда махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга ва ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан махсус воситаларни,
шу жумладан шикастлантирувчи қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари
нинг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади, бундан одам қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

24-модда. Ўқотар қуролни қўллаш

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) қуйидаги ҳолларда ўқотар қуролни қўллаш ҳуқуқига эга:

ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган, зўрлик ишлатиш билан қилинган ҳужумдан фуқароларни ёхуд ўзини ҳимоя қилишда;

гаровдагиларни озод қилишда;

ўта оғир жиноятни содир этиш чоғида кўриб қолинган ва яширинишга уринаётган шахсни ушлашда, агар бошқа воситалар билан бу шахсни ушлаш имкони бўлмаса;

ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, транспорт воситасини, махсус ва жанговар техникани эгаллаб олишга бўлган уринишларга чек қўйишда;

фуқароларнинг уй-жойларига, қўриқланадиган объектларга ва шахсларга қуролли ҳужумни қайтаришда;

қуролли қаршилик кўрсатаётган шахсни, шунингдек ўзидаги қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни, портлатиш қурилмаларини, заҳарли ёки радиоактив моддаларни топшириш тўғрисидаги қонуний талабни бажаришни рад этаётган шахсни ушлашда;

қурол ишлатиш нияти ҳақида огоҳлантириш зарурати туғилганда, шунингдек юқорига қарата ёки бошқа хавфсиз йўналишда ўқ отиш орқали хавф-хатар сигнали беришда ёки ёрдам чақиришда.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ўқотар қуролни қўллашдан олдин огоҳлантириши шарт, бундан унинг ҳаётига ёки фуқароларнинг ҳаётига бевосита хавф таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

Аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан ўқотар қуролни қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли ҳужум қилганлиги, қуролли қаршилик кўрсатганлиги ёки фуқароларнинг ёхуд Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаёти ва соғлиғига ҳақиқатда таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Агар ўқотар қурол қўлланилиши натижасида тасодифий шахслар жабрланиши мумкин бўлса, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) кўп фуқаролар тўпланганда уни қўллаш ҳуқуқига эга эмас, бундан террорчилик ҳаракатининг олдини олиш, гаровдагиларни озод қилиш, қуролли ҳужумни қайтариш ҳоллари мустасно.

25-модда. Давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни тиббиёт муассасаларига етказиш, жиноят содир этган шахсларни таъқиб қилиш ва уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга олиб бориш, ҳодиса жойига етиб олиш учун давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан, бундан чет давлатларнинг дипломатик, консуллик ва бошқа ваколатхоналарига, халқаро ташкилотларга тегишли транспорт воситалари ҳамда махсус мўлжалланган транспорт воситалари мустасно, мажбурий тартибда фойдаланиши мумкин бўлиб, бунда транспорт воситасидан фойдаланилганлиги фактини тасдиқловчи ва ундан фойдаланган  Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) идентификацияловчи ҳужжати берилади.

Транспорт воситаларидан мажбурий тарзда фойдаланиш натижасида етказилган мулкий зарарнинг ўрни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Миллий гвардия томонидан қопланади.

6-боб. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини)

ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш

 

26-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ҳуқуқий ҳимоя қилиш 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа (командирга) бўйсунади.

Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) қонуний фаолиятига аралашиш, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)ни қонун билан Миллий гвардия зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас.

Ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ўзига нисбатан қабул қилинган қарорлар ва ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

27-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилиш 

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилиш қуйидагилар орқали таъминланади:

соғлиғини сақлаш;

пул таъминоти тўлаш;

уй-жой майдони билан таъминлаш;

мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан имтиёзли фойдаланиш;

давлат пенсия таъминоти;

давлат суғуртаси;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш.

Қонун ҳужжатларида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ижтимоий ҳимоя қилишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

28-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) соғлиғини сақлаш

Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчилари, катта офицерлар таркибининг оила аъзолари, олий-ҳарбий таълим муассасалари тингловчи ва курсантларига Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида бепул тиббий таъминот тақдим этилади.

Миллий гвардия ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан қонун ҳужжатларида ички ишлар органлари ходимлари учун белгиланган тартибда бепул тиббий-санитария таъминот берилади.

Бепул тиббий-санитар таъминот:

умумий хизмат муддати йигирма йилдан кам бўлмаган катта офицерлар таркибида хизмат қилган пенсионерларга (собиқ контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга), чегараланган ёшга етганлиги, контракт  тугаганлиги муносабати билан, соғлиги ёки ташкилий-штат тадбирларига асосан ҳарбий хизматдан бўшатилганларга, бунда ҳарбий хизматининг умумий давомийлиги йигирма беш йилдан кам бўлмаганларнинг оила аъзоларига, шунингдек ҳарбий хизмат (хизмат) мажбуриятларини бажариш вақтида касалланиш, майиб бўлиш, яраланиш, жароҳатланиш, контузия олиш оқибатида 1 ёки 2 гуруҳ ногиронлигини олган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга)Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасалари томонидан;

умумий хизмат муддати йигирма йилдан кам бўлмаган катта офицерлар таркибидаги пенсионерлар (собиқ ходимлар), шунингдек хизмат мажбуриятларини бажараётганда шикастланган, яраланган, жароҳатланган, контузияланган, касалланганлиги туфайли 1 ёки 2 гуруҳ ногирони бўлган ходимларга – Ички ишлар вазирлигининг даволаш-профилактика муассасалари томонидан тақдим этилади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ходимлари, пенсионерлари йилда бир марта имтиёзли шартларда санаторий-курорт шароитида даволаниш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий хизматчилар, ходимлар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларининг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш учун дори воситалар, буюмлар ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олинади.

Алоҳида ҳолларда, тиббий кўрсатмалар бўйича ҳарбий хизматчиларни ва ходимларни тиббий ёрдам олиши учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига юбориш Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Махсус комиссияси хулосаси асосида амалга оширилади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) тиббий-санитар ва санатария-курорт таъминоти, шунингдек ходимларни тиббий кўрикдан ва ҳарбий-тиббий комиссиядан ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ҳарбий хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

29-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) таъминоти

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) пул, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда таъминланади.

Ҳарбий хизматчиларни (ходимларни) кўрсатилган таъминот турлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалар ходимлари бундан мустасно. 

30-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) уй-жой майдони билан таъминлаш

Уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) белгиланган тартибда уй-жой майдони ва ер участкалари олиш ҳуқуқига эга.

Миллий гвардия хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) турар жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) қонунчиликда белгиланган тартибда узоқ муддатли, имтиёзли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда квартиралар олиш ва якка тартибда уйлар қуриш учун ер участкалари олиш ҳуқуқи берилади.

Жанговар ва махсус вазифаларни бажаришда бевосита иштирок этиши оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотган ҳарбий хизматчилар (ходимлар), шунингдек жанговор вазифаларни бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар берилади, бунда ҳарбий хизмат (хизмат) ўташ жойи бўйича берилган хизмат уй-жой майдони уларнинг оила аъзоларида мулкка эгалик ҳуқуқи билан қолади.

31-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.

32-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) давлат пенсия таъминоти

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари), боқувчисини йўқотган тақдирда эса уларнинг оила аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда давлат пенсия таъминотини олиш ҳуқуқига эга.

33-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) давлат суғуртаси

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан давлат томонидан мажбурий суғурта қилинади.

34-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этган  Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига), шунингдек  жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг оила аъзоларига уруш қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига тааллуқли имтиёзлар татбиқ этилади.

Миллий гвардия қўмондони хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида тан жароҳати олган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига), шунингдек ҳалок бўлганларнинг оилаларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда бир марталик нафақа тайинлашга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) фарзандларига уларни Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилишда ва Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда афзалликлар берилиши мумкин.

35-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида транспорт воситаларидан фойдаланиши тартиби

Миллий гвардия  махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан Миллий гвардияга тегишлиликни билдирувчи махсус ёруғлик ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади.

Хизмат сафарига юборилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) транспортнинг барча турларига йўл ҳужжатларини сафар гувоҳномасини кўрсатиб навбатсиз олиш ҳуқуқи берилади.

Шахсий транспортдан хизмат мақсадлари учун (хизмат сафарларидан ташқари) фойдаланадиган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорларда пуллик компенсация тўланади.

36-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) дахлсизлик кафолатлари

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) хизматни ўташ вақтида дахлсизликка эга бўлади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тегишинча Миллий гвардия қўмондони, Миллий гвардия ҳарбий қисм (муассаса) командирлари (бошлиқлари) розилиги билан тортилиши мумкин.

37-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) бошқа органлар ва ташкилотларга сайланишидаги (тайинланишидаги, юборилишидаги) кафолатлар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолигига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига, қарорига, фармойишига, шунингдек розилигига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бошқа давлат органларига
ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга тайинланган, худди шунингдек Миллий гвардия қўмондонининг буйруғи билан бошқа давлат органларининг таълим муассасаларига ўқишга юборилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даврида Миллий гвардия кадрларининг амалдаги захирасига киритиб қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатлигига сайланган Миллий гвардия ходими мажбуриятларни бажариш даврида Миллий гвардия кадрларининг амалдаги захирасига киритиб қўйилиши мумкин.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) тугатилганидан кейин Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими) илгариги иши (лавозими), ушбу иш (лавозим) йўқлигида эса унга тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида санаб ўтилган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига (ходимларига) махсус унвонлар охирги эгаллаган лавозимидан қатъий назар, белгиланган тартибда берилади.

Мажбуриятларни бажариш (ўқиш) даври Миллий гвардия ҳарбий хизматчисига (ходимига) хизмат қилган йиллари учун устамани тўлаш, навбатдаги ҳарбий (махсус) унвонни олиш ва пенсия тайинлаш учун Миллий гвардиядаги ҳарбий хизмат (хизмат) стажига қўшиб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилганда, шунингдек уларнинг оила аъзолари Миллий гвардиядан бўшатилган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) билан тенг ҳуқуқлар, имтиёзлар ва афзалликлардан фойдаланади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан тегишли вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, божхона органларининг қўшинлари ва органларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ ташкил этиладиган ҳарбий тузилмаларга, шунингдек, ички ишлар органларига ўтказилиши ҳамда Миллий гвардияда кейинги хизматни давом эттириш ёки ҳақиқий ҳарбий хизматга уларни якка тартибда белгиланиши муносабати билан қайтариб олиниши мумкин.

38-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари)ни ишга жойлаштириш кафолатлари

Миллий гвардияга ҳарбий хизматга (хизматга) қабул қилинган ҳарбий хизматчи (ходим) ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилган кунидан бошлаб узоғи билан уч ой ичида ишга жойлашиш масаласида иш берувчига мурожаат этган бўлса, аввалги иш жойида ишга жойлашиш ҳуқуқига эгадир.

Ҳарбий хизматдан (хизматдан) бўшатилган ҳарбий хизматчи (хизматчи) агарда ташкилотнинг тугатилиши муносабати билан аввалги иш жойига жойлашиш имкони бўлмаса меҳнат органларининг тавсияномасига мувофиқ бепул касбий тайёргарликдан (қайта тайёргарликдан, малака оширишдан) ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

39-модда. Миллий гвардиянинг молиялаштирилиши ва моддий-техника таъминоти

Миллий гвардиянинг молиялаштирилиши ва моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, юридик ва жисмоний шахслар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган бўлинмалар бундан мустасно.

Миллий гвардиянинг жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган бўлинмалари ушбу шахслар ҳисобидан таъминланади.

Миллий гвардия бўлинмаларининг молиявий, моддий-техник, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий ва бошқа таъминот турлари Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланадиган меъёр ва тегишли табел бўйича амалга оширилади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Формали кийим-бошнинг намунаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади. Формали кийим-бошни кийиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан белгиланади.

Миллий гвардияда бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилади,
уни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Миллий гвардия учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

40-модда. Миллий гвардиянинг рамзлари

Миллий гвардия байроққа, эмблемага, вимпелга ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.

Миллий гвардиянинг рамзлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

41-модда. Халқаро ҳамкорлик

Миллий гвардия чет эл давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва бошқа ташкилотлари билан халқаро ва ҳарбий-техник ҳамкорликни амалга оширади, шунингдек белгиланган тартибда халқаро ташкилотлар билан халқаро шартномаларни тузади ва ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг бажарилишини таъминлайди.

42-модда. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) жавобгарлиги

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларини (ходимларини) ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни Миллий гвардия томонидан бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахсдан ундириб олинади.

Хизмат интизомини бузганлик учун – Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий низомларига, Миллий гвардия ходимлари Интизом уставига мувофиқ жавобгар бўлади.

Қайси жисмоний ёки юридик шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари камситилишига Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг (ходимларининг) ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги сабаб бўлди деб ҳисобласа, ўша жисмоний ёки юридик шахс ушбу ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, прокурорга ёхуд судга шикоят қилишга ҳақли.

43-модда. Миллий гвардия тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Миллий гвардия тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

44-модда. Миллий гвардиянинг фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назорат

Миллий гвардиянинг фаолиятида қонунларнинг аниқ ҳамда бир хилда ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

Прокурорлар Миллий гвардиянинг жанговар-хизмат фаолияти тўғрисида ўзига тақдим этилган ҳужжатлар ва материалларда кўрсатилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.

45-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

46-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                    Ш. МИРЗИЁЕВ

Общие комментарии

10358