ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3838 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 10/06/2019 25/06/2019 3

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3838

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

 

Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти

фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

 

 

Республикамиз учун архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳалари бўйича юқори малакали, халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада кучайтириш, ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ҳамда Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ёджу технология институти (Корея Республикаси) ҳамда “Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасининг Тошкент шаҳридаги Ёджу техника институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олиб, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси белгиланган вазифаларга мувофиқ, архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш;

кадрлар тайёрлашда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган  корхона ва ташкилотларда талабалар амалиётини доимий ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда замонавий хорижий тажрибани, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқув жараёнига малакали хорижий, хорижда таҳсил олган ва малака оширган маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;

илмий изланишларга эхтиёжни инобатга олган ҳолда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича инновацион ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш;

архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, интеграцияни кучайтириб бориш.

3. Институт ўз фаолиятини 2018 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензия асосида бошлаганлиги инобатга олинсин.

4. Белгилансинки:

Институт масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Институт ректори Таъсисчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Институтнинг ташкилий тузилмаси Таъсисчилар томонидан тасдиқланади;

Институт таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда Ёджу технология институтининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширади;

Институтда ўқув жараёни Ўзбекистон Республикасининг олий таълим талаблари ва стандартларини ҳисобга олган ҳолда, Ёджу технология институтининг (Корея Республикаси) ўқув режалари ва дастурлари асосида, ўзбек, рус ва инглиз тилларида ташкил этилади;

Институт битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган, белгиланган намунадаги диплом берилади;

Институтга талабалар қабули умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга шахслар ўртасида кириш имтиҳонларини Ёджу технология институти (Корея Республикаси) томонидан (ёки иштирокида) ўтказиш орқали амалга оширилади;

абитуриентларни қабул қилиш квоталари ва тартиби, битирувчиларни якуний аттестацияси тартиби ва шартлари Институт томонидан Ёджу технология институти (Корея Республикаси) билан келишилган ҳолда аниқланади;

ўқиш тўлов-контракт асосида, кундузги ва кечки шаклда амалга оширилади, талабалар ўқиши учун тўлов-контракт миқдори Таъсисчилар томонидан белгиланади.

5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат-хусусий шерикчилигини ташкил этиш учун киритиладиган давлат улуши бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, Институтнинг бино ва объектларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, ўқув ва лаборатория жиҳозлари, мебел, компьютер техникаси, ўқув ва услубий адабиётлар, шунингдек, бошқа моддий-техника жиҳозлар билан таъминлаш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Институтнинг таъсисчилари маблағлари;

тўлов-контракт шартномаларидан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ҳайрия маблағлари;

халқаро молия институтлари ва халқаро ташкилотларнинг, шунингдек, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

7. Институтга Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёджу технология институти (Корея Республикаси) билан келишилган ҳолда, меҳнат бозори талабларидан ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларидан келиб чиқиб, келгусида янги бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш ҳуқуқи берилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Институт буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикасига кириш визаларини консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Институт буюртмаларига биноан Институт хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Институт буюртмаларига асосан белгиланган тартибда (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида мавжуд бўлмаган) хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатномалар берилиши (амал қилиш муддатини узайтирилиши)ни, шунингдек хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (амал қилиш муддатини узайтирилиши)ни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

                                                                            Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                             Бош вазири                                                 А. Арипов

 

Общие комментарии

606