ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
373 Центральный банк Республики Узбекистан 30/08/2018 14/09/2018 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Постановление Правления Центрального банка
ID-373

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тижорат банклари билан депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш хақида

 

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида” ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тижорат банклари билан депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

   Марказий банки Раиси                                                           М.Б. Нурмуратов

 

 Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Бошқарувининг
2018 йил
____ августдаги
____
-сон қарорига

ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тижорат банклари билан депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида

НиЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида” ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан тижорат банкларининг пул маблағларини жалб қилиш ва уларни қайтариш борасидаги депозит операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

депозит операциялари – Марказий банк томонидан тижорат банкларининг вақтинчалик бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилиш операциялари;

валюта биржаси – белгиланган қоидалар асосида электрон савдо платформаси орқали депозит операцияларини ташкил этувчи “Ўзбекистон республика валюта биржаси” акциядорлик жамияти;

электрон савдо платформаси – банклараро пул бозорида электрон шаклда депозит операцияларини амалга оширишни таъминловчи ва уларнинг ҳисобини юритувчи валюта биржасининг автоматлаштирилган тизими;

рақобатли ариза – депозит аукционда иштирок этиш учун тижорат банклари томонидан фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолда тақдим этиладиган ариза;

рақобатсиз ариза – депозит аукционда иштирок этиш учун тижорат банклари томонидан фоиз ставкаси кўрсатилмаган ҳолда тақдим этиладиган ариза.

ўзгармас фоиз ставкаси – пул-кредит сиёсати мақсадларидан келиб чиққан ҳолда тижорат банкларининг депозит маблағларини жалб қилиш бўйича Марказий банк Кредит қўмитаси томонидан ўрнатиладиган фоиз ставкаси;

чегириш фоиз ставкаси – депозит аукциони натижаларига кўра тижорат банкларининг қондириладиган рақобатли аризалари бўйича таклиф этилган максимал фоиз ставкаси.

2. Депозит операциялари Марказий банк томонидан банк тизими ликвидлигини тартибга солиш орқали банклараро пул бозоридаги фоизларнинг пул-кредит сиёсати мақсадларидан келиб чиқиб, белгиланган фоиз кўрсаткичлари доирасида бўлишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

3. Депозит операциялари Марказий банк ҳамда тижорат банклари ўртасида тузилган Бош битимга асосан, Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида амалга оширилади.

4. Бош битимда тижорат банкларининг вақтинчалик бўш пул маблағларини Марказий банкка жойлаштириш ва қайтаришнинг умумий тартиблари белгиланади.

5. Депозитлар бўйича фоиз ставкалари уларнинг муддатидан келиб чиққан ҳолда Марказий банкнинг Кредит қўмитаси томонидан ўрнатилади.

6. Депозит операцияларини амалга оширишда тижорат банклари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

Марказий банкнинг мажбурий резерв талабларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарганлиги;

Марказий банк олдида муддати ўтказиб юборилган қарз мажбуриятлари, жумладан, Марказий банкнинг кредитлари ва уларнинг фоизлари бўйича қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги.

7. Марказий банк депозит операциялари бўйича тижорат банклари томонидан жойлаштириладиган депозитлар миқдорига ва ҳар бир тижорат банкидан депозит аукционига қабул қилинадиган аризалар сонига лимитлар ўрнатиши мумкин.

8. Депозит операцияларини амалга оширишда аризалар алмашинуви валюта биржасининг электрон савдо платформаси орқали электрон шаклда, шунингдек Бош битимда кўрсатилган бошқа усулларда амалга оширилади.

9. Депозит операциялари амалга оширилганда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

депозитга қўйилган пул маблағларини талаб қилиш ҳуқуқини учинчи томонга бериш;

жойлаштирилган депозитлар муддатини узайтириш.

II. Депозит операцияларининг турлари ва ўтказиш тартиби

10. Марказий банк томонидан қуйидаги турдаги депозит операциялари амалга оширилади:

а) депозит аукциони (фоизли ва миқдорий);

б) ўзгармас фоиз ставкаси бўйича депозит операциялари.

11. Марказий банк депозит аукционини ўтказиш шартлари тўғрисида ўзининг расмий сайтида эълон беради, ушбу эълон қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

депозит аукциони ўтказиш санаси;

депозит аукциони тури (фоизли ёки миқдорий);

депозит муддати;

аукцион ўтказиш усули;

маблағларни депозитга ўтказиш санаси;

маблағларни қайтариш ва депозит бўйича фоизларни тўлаш санаси;

рақобатсиз аризаларнинг максимал улуши (фоизли депозит аукциони амалга оширилганда);

депозит аукциони фоиз ставкаси (агарда ўрнатилган ҳолларда);

депозит аукционига жалб қилинадиган маблағларнинг максимал миқдори (агарда ўрнатилган ҳолларда);

ҳар бир ариза бўйича таклиф этиладиган минимал ва максимал миқдор (агарда ўрнатилган ҳолларда);

битта тижорат банкидан депозит аукционига қабул қилинадиган аризалар сони (агарда ўрнатилган ҳолларда);

депозит аукциони бўйича аризаларни қабул қилиш вақти;

депозит аукциони натижалари ёки ўтказилиши бекор қилинганлиги ҳақида маълумотларни эълон қилиш вақти.

12. Депозит аукционини ўтказиш тўғрисидаги эълон валюта биржасининг электрон савдо платформаси орқали тижорат банкларига етказилади.

13. Депозит операциялари ўтказиладиган кунда тижорат банклари томонидан депозит операцияларида иштирок этиш учун аризалар электрон савдо платформасида шакллантирилади.

14. Тижорат банклари томонидан депозит операцияларида қатнашиш учун тақдим этилаётган аризаларда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

ариза тартиб рақами ва санаси;

тижорат банки номи;

депозит операцияси тури (депозит аукциони ёки ўзгармас фоиз ставкаси бўйича депозит операцияси);

депозит операцияси ўтказиш санаси;

депозит муддати (стандарт шартлар асосида);

депозит ҳажми;

таклиф этилаётган фоиз миқдори;

депозит жойлаштириш санаси;

депозит қайтарилиш санаси.

15. Марказий банк томонидан фоизли депозит аукциони (тижорат банкларининг аризаларида таклиф этилган фоиз ставкаларидан келиб чиққан ҳолда) ҳамда миқдорий депозит аукциони (тижорат банкларининг аризаларида таклиф этилган депозит ҳажмидан келиб чиққан ҳолда) ўтказилади.

16. Депозит аукциони икки ёки ундан ортиқ тижорат банклари томонидан аризалар тақдим этилган ҳолда амалга оширилади.

17. Депозит аукциони қуйидаги стандарт шартлар асосида ўтказилади:

“1 ҳафта” – муддати етти календарь кунидан иборат бўлган депозит операцияси;

“2 ҳафта” – муддати ўн тўрт календарь кунидан иборат депозит операцияси;

“1 ой” – муддати 1 ойдан иборат депозит операцияси;

“3 ой” – муддати уч ойдан иборат депозит операцияси;

бошқа шартлар асосида – бунда депозит муддати Марказий банкнинг депозит аукциони ўтказилиши ҳақидаги маълумотида кўрсатилади.

18. Фоизли депозит аукционлари Марказий банк томонидан депозит аукционида жалб қилинадиган пул маблағларининг максимал миқдори ўрнатилган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, фоизли депозит аукционларида депозитлар бўйича максимал фоиз ставкаси ҳам ўрнатилиши мумкин.

19. Тижорат банклари фоизли депозит аукционларида иштирок этиш учун рақобатли ҳамда рақобатсиз аризалар бериши мумкин.

20. Тижорат банкларининг рақобатли аризаларидаги таклиф этилган фоиз ставкалари Марказий банк томонидан ўрнатилган максимал фоиз ставкасидан юқори бўлган ҳолларда ушбу аризалар фоизли депозит аукционига қабул қилинмайди.

21. Рақобатсиз аризалар фоизли депозит аукциони натижалари бўйича аниқланган ўртача тортилган фоиз ставкасида қондирилади.

22. Тижорат банкларининг рақобатсиз аризалари бўйича таклиф этилган жами депозит маблағлари миқдори Марказий банк томонидан ўрнатилган депозит аукционига жалб қилинадиган маблағларнинг максимал миқдорига тенг бўлган ёки ошган ҳолларда ушбу фоизли депозит аукциони бекор қилинади.

23. Ўртача тортилган фоиз ставкаси депозит аукциони якунлари бўйича тўлиқ ёки қисман қондирилган рақобатли аризалар фоиз ставкаси ҳамда жалб қилинган миқдорларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

24. Марказий банк тижорат банклари томонидан фоизли депозит аукционида иштирок этиш учун тақдим қилинган рақобатли ва рақобатсиз аризалар рўйхатини шакллантиради ва рақобатли аризаларни таклиф этилган фоиз ставкаларига кўра ўсиб бориш тартибида таснифлайди. Ушбу таснифланган аризалардан келиб чиқиб, Марказий банк чегириш фоиз ставкасини белгилайди.

25. Фоизли депозит аукциони натижалари бўйича чегириш фоиз ставкаси Марказий банк томонидан фоизли депозит аукциони бўйича максимал фоиз ставкасига (агар ўрнатилган бўлса) тенг бўлмаслиги мумкин.

26. Марказий банк томонидан фоизли депозит аукциони натижалари бўйича аввал тижорат банкларининг рақобатсиз аризалари тўлиқ, шунингдек таклиф этилган фоиз ставкаси чегириш ставкасидан юқори бўлмаган рақобатли аризалари қондирилади. Рақобатли аризалар таклиф қилинган минимал фоиз ставкаларидан чегириш фоиз ставкасигача бўлган тартибда қондирилади.

27. Фоизли депозит аукционлари икки хил усулда ўтказилиши мумкин:

“америкача” усул – тижорат банкларининг рақобатли аризалари улар таклиф этилган фоиз ставкалари бўйича;

“голландча” усул – тижорат банкларининг рақобатли аризалари чегириш ставкаси бўйича қондирилади.

28. Фоизли депозит аукциони натижаларига кўра қондирилиши лозим бўлган аризаларнинг жами миқдори Марказий банк томонидан белгиланган максимал миқдордан ошган ҳолларда таклиф этилган фоиз ставкаси чегириш ставкасига тенг бўлган рақобатли аризалар уларда кўрсатилган ҳажмлардан келиб чиқиб мутаносиб равишда қисман қондирилади. Бунда тижорат банкларининг аризалари миқдори сўмгача яхлитланади.

29. Миқдорий депозит аукционлари Марказий банк томонидан депозитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасини ўрнатган ҳолда амалга оширилади. Шунингдек, миқдорий депозит аукционида жалб қилинадиган пул маблағларининг максимал миқдори ҳам ўрнатилиши мумкин.

30. Тижорат банклари миқдорий депозит аукционида иштирок этиш учун Марказий банк томонидан белгиланган фоиз ставкасида аризалар тақдим этади.

31. Марказий банк тижорат банклари томонидан миқдорий депозит аукционида иштирок этиш учун тақдим қилинган аризалар рўйхатини унда таклиф этилган ҳажмлар бўйича пасайиб бориш тартибида шакллантиради ва уларнинг жами ҳажми аниқланади. Аниқланган жами миқдор Марказий банк томонидан ўрнатилган максимал миқдорга (агар ўрнатилган бўлса) тенг келмаслиги мумкин.

32. Миқдорий депозит аукциони натижаларига кўра тижорат банкларининг аризалари Марказий банк томонидан белгиланган фоиз ставкасида қондирилади.

33. Миқдорий депозит аукциони натижаларига кўра қондирилиши лозим бўлган аризалардаги жами миқдор Марказий банк томонидан ўрнатилган максимал миқдордан ошган ҳолларда (агар ўрнатилган бўлса) аризалар уларда кўрсатилган ҳажмлар улушидан келиб чиқиб мутаносиб равишда қисман қондирилади. Бунда тижорат банкларининг аризалари миқдори сўмгача яхлитланади.

34. Депозит аукционлари бўйича тижорат банкларидан етарлича аризалар қабул қилинмаган тақдирда ёки Марказий банк Кредит қўмитасининг қарорига кўра депозит аукционларини ўтказиш бекор қилиниши мумкин.

35. Ўтказилган депозит аукцион натижалари ёки ўтказилиши бекор қилинганлиги ҳақида маълумотлар Марказий банк ва валюта биржасининг расмий веб-сайтларида эьлон қилинади.

36. Марказий банк томонидан ўзгармас фоиз ставкаси бўйича депозит операциялари қуйидаги стандарт шартлари асосида амалга оширилади:

“овернайт” – муддати бир иш кунидан иборат депозит операцияси (бунда депозит операцияси жума куни амалга оширилганда – жума кунидан душанба кунигача бўлган муддат бир иш куни ҳисобланади);

“1 ҳафта” – муддати етти календарь кунидан иборат бўлган депозит операцияси;

“2 ҳафта” – муддати ўн тўрт календарь кунидан иборат депозит операцияси;

“1 ой” – муддати бир ойдан иборат депозит операцияси;

“3 ой” – муддати уч ойдан иборат депозит операцияси.

37. Марказий банк ўзгармас фоиз ставкалари бўйича депозит операцияларини ўтказиш шартлари тўғрисида ўзининг расмий сайтида эълон беради.

38. Депозит операцияларининг бухгалтерия ҳисоби амалдаги тегишли норматив-хуқуқий хужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

III. Марказий банк томонидан жалб қилинган депозитларга
фоизлар ҳисоблаш тартиби

39. Марказий банк томонидан жалб қилинган депозитлар бўйича фоизлар Марказий банкка пул маблағлари келиб тушган кундан бошлаб депозит қайтариб берилган кунгача (бунда депозит қайтарилган кун ҳисобга олинмайди), йиллик 365 календарь кунидан келиб чиқиб, қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

I = D * R * (T / 365),

бу ерда: I – депозит бўйича ҳисобланган фоизлар миқдори; D – депозит миқдори; R – депозит бўйича фоиз ставкаси; T – депозит жалб қилинган кунлар сони.

40. Фоизлар ҳисобланиши Марказий банкнинг депозит ҳисобварақларидаги маблағлар қолдиғидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

IV. Депозит операциялари бўйича ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши

41. Тижорат банкларининг депозит операциялари бўйича мажбуриятлари тегишли депозит ҳисобварақларидан Марказий банкнинг депозит ҳисобварағига аризада белгиланган миқдорларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши ҳисобланади.

42. Марказий банкдаги тегишли депозит ҳисобварақдан кўчирма, тижорат банкларининг депозит операциялари бўйича мажбуриятлари бажарилганлиги тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

43. Марказий банкнинг депозит операцияларини амалга ошириш бўйича мажбурияти тижорат банкларининг аризаларида кўрсатилган тегишли ҳисобварақларига депозит маблағлари ва жалб қилинган депозитларга ҳисобланган фоизларини ўз вақтида ва тўлиқ ўтказиб берилиши билан амалга оширилади.

44. Марказий банкнинг депозит операцияларини амалга ошириш бўйича мажбуриятларининг бажарилиши тижорат банкларига депозит маблағлари ва уларга ҳисобланган фоизларнинг ўтказилганлиги бўйича тегишли ҳисобварақлардан олинган кўчирмалар билан тасдиқланади.

45. Тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг депозит ҳисобварағига аризада кўрсатилган миқдордан кўпроқ маблағ ўтказилган бўлса, Марказий банк кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банкнинг депозит ҳисобварағига депозит миқдоридан ортиқча маблағни қайтаради ва ушбу ортиқча миқдор учун фоизлар ҳисобланмайди.

46. Агар тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг депозит ҳисобварағига аризада кўрсатилган миқдордан кам маблағ ўтказилган бўлса, ушбу депозит операцияси бекор қилинади ҳамда Марказий банк кейинги иш кунидан кечикмаган ҳолда банкнинг депозит ҳисобварағига депозитга қўйилган миқдорни қайтаради ва ушбу кўрсатилган миқдор учун фоиз ҳисобланмайди.

V. Марказий банкда жойлаштирилган депозитни муддатдан олдин қайтарилиши

47. Тижорат банки Марказий банк депозит ҳисобварағига жойлаштирилган депозит маблағларини муддатидан олдин қайтарилиши бўйича Марказий банкга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Ушбу ариза Марказий банк томонидан бир иш куни давомида кўриб чиқилади.

48. Тижорат банклари томонидан жойлаштирилган депозитлар, у жойлаштирилган кунда ҳамда қисман қайтарилишига йўл қўйилмайди.

49. Депозит операциялари бўйича пул маблағлари муддатидан аввал қайтарилган ҳолларда улар бўйича фоиз тўловлари амалга оширилмайди.

VI. Якуний қоидалар

50. Депозит операциялари бўйича хисоб-китоблар тартиби ушбу Низом, Марказий банк ва тижорат банклари ўртаси тузилган Бош битим шартларига мувофиқ тартибга солинади.

51. Депозит операциялари бўйича тижорат банкларининг мажбуриятлари бажарилмаган ҳолларда, уларга нисбатан Бош битимда белгиланган тартибда жарима санкциялари қўлланилади.

52. Мазкур Низомда белгиланган қоидалар бўйича низолар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.

Общие комментарии

550