ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3700 Министерство народного образования Республики Узбекистан 01/06/2019 16/06/2019 2

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг ягона электрон дастурий тизимини жорий этиш тўғрисида
ID-3700

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини чеклашга қаратилган ташқи чекловларнинг олдини олиш, уларнинг мактаб ҳудудида хавфсизлигини таъминлаш, ўқувчилар давоматини масофавий назорат қилишнинг янги механизмини жорий этиш орқали сабабсиз дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг ягона электрон дастурий тизимини (кейинги ўринларда “Электрон давомат” тизими деб аталади) жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминловчи “Электрон давомат” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар “Электрон давомат” тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумтаълим мактаблари ўқувчилари дарсга ўз вақтида қатнашишини биометрик идентификация тизимлари ва бошқа усуллар ёрдамида мониторинг қилиб бориш;

ўқувчиларнинг таълим олишига кўмаклашиш ва таълим олиш жараёнига ўз вақтида иштирок этишини масофавий тарзда назорат қилиб бориш;

умумтаълим мактабларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш, улар орқали умумтаълим мактабларида таълим жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни олдини олиш;

вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси ва таълим олишлари учун жавобгарлиги бўйича қонунларда белгиланган нормаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга амалий асос яратиш;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ихтиёрий равишда фарзандларининг умумтаълим мактабларидаги давомати ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориш имкониятини яратиш.

4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази “Электрон давомат” ахборот тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва доимий равишда техник қўллаб-қувватлаш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади;

“Электрон давомат” тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш бўйича харажатлар Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

уч ой муддатда давлат-хусусий шериклик асосида умумтаълим мактабларида “Электрон давомат” тизимини жорий этишни назарда тутувчи  тартибни ишлаб чиқсин;

2020 йил 1 сентябрга қадар «Электрон давомат» тизимини ишлаб чиқиб, Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларига давлат-хусусий шериклиги асосида синов тариқасида жорий этсин;

2021 йил 1 сентябридан бошлаб «Электрон давомат» тизимини республикамиздаги барча умумтаълим мактабларида босқичма-босқич жорий этилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўқувчиларни дарсда фаол иштирок этиш ҳамда уларнинг дарсга бўлган қизиқишларини янада орттириш мақсадида ўқувчиларнинг қизиқиш доирасидан келиб чиққан ҳолда қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этсин.  

7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ёш авлоднинг эртанги куни ва тарбияси билан боғлиқ масалалар ва бунга масъул бўлган шахслар ҳамда ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишларни телерадиоканалларда кенг ёритиш ва ижтимоий видеороликларни жойлаштириш тавсия этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган номатив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин. 

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил ______________ даги

___-сон қарорига

илова

 

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини назорат қилишни таъминловчи “Электрон давомат” тизимини
жорий этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда), Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 9, 343-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 18 апрелдаги ПҚ-2896-сон (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 17-сон, 288-модда) ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон қарорлари (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 12-сон, 184-модда) талабларидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларида ўқувчилар давоматини “Электрон давомат” тизими орқали назорат қилиш учун вазирлик ва идораларнинг ахборот ҳамкорлигини амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:

электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;

электрон ҳужжат — электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;

“Электрон давомат” тизими –– умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилиш учун тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида ахборот ҳамкорлигини амалга оширишни, жумладан, зарур бўлган ахборотни алмашишни таъминловчи дастурий воситалар мажмуи;

«Электрон давомат» тизими иштирокчилари (кейинги ўринларда иштирокчилар деб аталади) – умумий ўрта таълим муассасаси томонидан “Электрон давомат” тизимини юритиш учун масъул этиб белгиланган мутахассис, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) комиссиялари (кейинги ўринларда туман (шаҳар) комиссиялари деб аталади), тегишли ҳудудлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, профилактика (катта) инспекторлари;

«Электрон давомат» тизимининг операториЎзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази;

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг электрон маълумотлар базаси – умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилишни самарали ва оператив амалга оширишни таъминлаш учун ҳар бир умумий ўрта таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчилар тўғрисида тегишли маълумотларни, шу жумладан уларнинг биометрик маълумотларини ўз ичига оладиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган, эркин фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот ресурси;

эркин фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборот ресурслари – давлат сирлари тўғрисидаги ахборотни ва махфий ахборотни ёки эркин фойдаланилиши ахборот ресурсларининг мулкдорлари томонидан чеклаб қўйилган ахборотни ўз ичига олган ахборот ресурслари.

3. “Электрон давомат” тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилиш учун ахборот ҳамкорлигини амалга оширишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумтаълим мактаблари ўқувчилари дарсга ўз вақтида қатнашишини биометрик идентификация тизимлари ва бошқа усуллар ёрдамида мониторинг қилиб бориш;

ўқувчиларнинг таълим олишига кўмаклашиш ва таълим олиш жараёнига ўз вақтида иштирок этишини масофавий тарзда назорат қилиб бориш;

умумтаълим мактабларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш, улар орқали умумтаълим мактабларида таълим жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва коррупцияни олдини олиш;

вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси ва таълими олишлар учун жавобгарлиги бўйича қонунларда белгиланган нормаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга амалий асос яратиш;

ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ихтиёрий равишда фарзандларининг умумтаълим мактабларидаги давомати ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориш имкониятини яратиш.

4. «Электрон давомат» тизими орқали умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар давоматини назорат қилиш тегишли идоралар ўртасида ягона электрон ҳужжатлар формати асосида ҳамда жисмоний шахсларнинг (ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ягона идентификаторларидан фойдаланиш йўли билан амалга оширилади.

5. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг электрон маълумотлар базасидаги маълумотларнинг махфийлик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, умумий ўрта таълим муассасалари томонидан ушбу маълумотларнинг ахборот хавфсизлиги таъминланиши юзасидан ташкилий-техник чоралар кўрилиши шарт.

 

2-боб. «Электрон давомат» тизими учун масъуллар

 

6. «Электрон давомат» тизимида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг давоматини назорат қилиш учун ахборот ҳамкорлигини амалга ошириш ва ушбу тизимнинг дастурий қисмларини тўғри ишлашини мониторинг қилиш ва тизимнинг оператори билан ўзаро фаолият олиб бориш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаси томонидан мазкур вазифаларни бажариш учун масъул мутахассис (кейинги ўринларда масъул мутахассис деб аталади) тайинланади. Тайинланадиган масъул мутахассис, қоида тариқасида, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тажриба ва кўникмаларига эга бўлиши лозим.

7. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг электрон маълумотлар базасидаги маълумотларининг махфийлик хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, ушбу маълумотларнинг ахборот хавфсизлиги таъминланиши юзасидан ташкилий-техник чоралар кўрилиши жавобгарлиги умумий ўрта таълим муассасаси директори буйруғи билан тайинланадиган масъул мутахассис зиммасига юкланади.

 

 

3-боб. «Электрон давомат» тизимини юритиш

 

8. Масъул мутахассислар профилактика (катта) инспекторлари, туман (шаҳар) комиссиялари масъул котиблари, тегишли ҳудудлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъул котиблари ҳамда оператор билан ушбу Низомда белгиланган талаб ва вазифаларни бажариш мақсадида ахборот ҳамкорлигини амалга оширади.

9. “Электрон давомат” тизими оператори:

иштирокчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;

ушбу тизимдан фойдаланишда пайдо бўладиган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатади;

иштирокчилар тизимдан белгиланган тартибда фойдаланилиши устидан мониторингни амалга оширади;

зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тегишли умумий ўрта таълим муассасаларининг директорларига ҳамда масъул мутахассисларига нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи юзасидан тақдимномалар киритади.

10. Масъул мутахассислар, профилактика (катта) инспекторлари, туман (шаҳар) комиссиялари масъул котиблари, тегишли ҳудудлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъул котиблари оператор сўровига мувофиқ ахборот ва барча зарур маълумотларни етказиб бериш учун масъулдирлар.

 

4-боб. «Электрон давомат» тизими орқали ахборот алмашиш соҳасида ҳамкорлик қилиш

 

11. Умумий ўрта таълим муассасалари кириш жойларига ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фойдаланиладиган ҳамда биометрик жиҳатдан уларни идентификация қилиш имконини берувчи турникетлар ўрнатилади. Ушбу ўрнатиладиган аппаратлар “Электрон давомат” тизимининг қисми ҳисобланади.

12. Иштирокчиларга “Электрон давомат” тизимига кириш имконияти қуйидаги тартибда тақдим этилади:

фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтиш орқали;

тизимда ўз шахсий кабинетларига, уларни тизимда идентификация қилиш имконини берувчи логин ва паролларига эга бўлиш орқали.

13. Масъул мутахассислар тегишли умумий ўрта таълим муассасасида таҳсил олаётган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан уларнинг биометрик маълумотларини, уларнинг она-оналари тўғрисидаги маълумотларни умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларнинг электрон маълумотлар базасига жойлаштирадилар.

14. “Электрон давомат” тизимининг “Ўқувчилар реестри” бўлимида сабабсиз дарс қолдирган ўқувчиларнинг фамилия, исми ва шарифи, таҳсил олаётган синфи, мактаби, яшаш манзили ва ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тўғрисидаги маълумотлар муайян рангда иштирокчиларга кўринади.

15. Сабабли равишда дарс қолдириш (соат, кун, ҳафта давомида) таълим муассасаси раҳбариятининг (директор, маънавий–маърифий ишлар ёки ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари), синф раҳбарининг ёзма рухсати билан, ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма мурожаатига кўра ёки соғлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида), фавқулодда ҳолатларда дарсларга сабабли дарс қолдириш ёки дарсларда тўлиқ қатнашмасликни англатади.

16. Сабабсиз равишда дарслар қолдириш (соат, кун, ҳафта давомида) ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлмаган ҳолларда дарсларга тўлиқ қатнашмаслик ҳисобланади.

Мунтазам дарс қолдириш сабабсиз равишда бир ўқув ҳафтасида 3 кун ва ундан ортиқ, бир ой мобайнида 10 кун ва ундан ортиқ дарс машғулотларига узлуксиз қатнашмаслик ҳисобланади.

17. “Электрон давомат” тизимининг “Ўқувчилар реестри” бўлимида сабабли равишда дарс қолдирган ўқувчининг синф раҳбарининг ёзма рухсати, ота-онасининг (уларнинг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма мурожаати, тиббий маълумотномасининг сканер қилинган нусхаси электрон шаклда илова қилинади.

18. Ўқувчи ушбу Низомнинг 16-бандига мувофиқ мунтазам дарс қолдирган бўлса, тегишли умумий ўрта таълим муассасасининг масъул мутахассиси томонидан масалага аниқлик киритилади ҳамда ушбу ҳолат мунтазам дарс қолдириш деб топилса, тегишли синф раҳбари томонидан директорга ёзма маълумот тақдим этилади.

19. Ўқувчининг мунтазам дарс қолдирганлиги тўғрисида электрон ҳужжат шаклида маълумотнома тайёрланади ҳамда умумий ўрта таълим муассасасининг директорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

20. Электрон ҳужжат шаклида тайёрланган ҳамда умумий ўрта таълим муассасаси директорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган маълумотнома “Электрон давомат” тизими орқали тегишли профилактика (катта) инспекторига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари масъул котибига юборилади.

21. Тегишли профилактика инспектори ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан электрон ҳужжат шаклида юборилган маълумотномада келтирилган ахборотларга хеч қандай эътироз ва қўшимчалар бўлмаганда, профилактика (катта) инспектори ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи фуқаролар йиғини раисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

22. Тегишли электрон рақамли имзолар билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклидаги маълумотнома масъул мутахассис томонидан “Электрон давомат” тизими орқали вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссия масъул котибига юборилади. Ушбу масала умумлаштирилган ҳолда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссия муҳокамасига қўйилади.

23. Мазкур масала юзасидан вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий комиссия томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда қарор қабул қилинади.

 

5-боб. Якуний қоидалар

 

23. “Электрон давомат” тизими оператори унинг узлуксиз ишлаши ва унинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга жавобгар ҳисобланади.

24. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

 

Общие комментарии

460